— Кеча ўйин зўр бўлди-да! Умрим бино бўлиб ҳали бунақасини кўрмагандим.
— Ҳа-ҳа, мен ҳам. Ҳақиқатдан зўр бўлди!
— Зўр-р… Бундан чиқди, биродар, сиз ҳам ишқибозмисиз дейман?!
— Ишқибозингиз нимаси?! Одамни хафа қилаяпсиз. Ўйин деса ўрдан, тўппи деса тепадан ташлаб юборадиганлар хилиданмиз. Аммо тўғри айтдингиз, кеча ўйин зўр бўлди!
— Зўр бўлди! Раҳмат сизга! Футболда фикрдош эканмиз. Аммо, кеча катта кўчада биттасига «Ўйин зўр бўлди!» десам тўсатдан тутқаноғи тутиб қолса бўладими?!
— Ҳа, энди ўйин зўр бўлгач… Бечора қаттиқ ҳаяжон туфайли ўзини йўқотиб қўйгандир-да?!
— Бе, қаёқда. «Ўйиннинг зўрини кўрмоқчи бўлсанг, бозиллаган бозорга борда, боди!» деб ўдағайлаб қолса бўладими?!
— Ўйин зўр-р… Ие, ўйинга бозорнинг нима дахли бор экан?
— Унинг учун дахли бор экан. Бояқиш, юриб турган мошинасини неча тоннадир пиёзга «бартер» қилиб, кўп қаватли уйининг балконига босган экан…
—Хўш-ш, хўш… Кейин пуллаб, ақчани белига бойлаб жаҳон чемпионатига-а?!
— Афсуски, йўқ. Унақа «ўйин»дан ўқ чиқади-да! Пиёзи жойида кўкариб, селитраси сув бўлиб оқиб, роса чув тушибди. Футболга қизиққанда-ку?! Мана, масалан, кечаги ўйин…
— Зўр бўлди! Ҳа, унақаларга қолса, стадионга сабзи эктиришдан ҳам тап тортишмайди. Бизнинг ишхонада ҳам денг, битта шунақаси бор. Чакаги чақа, танглайи танга билан танғилган. «Спорт» десанг «сўм» дейди, «Футбол» десанг «Пул бор?!» дейди. Ўшанга кеча «Ўйин зўр бўлди!» десам, нима дейди денг?!
— Ҳа, энди ўйин зўр бўлгач…
— Э-э, қаёкда! Афтимга узоқ термулиб тургач, «Ўйинга мен ҳам ишқибозлик қилсам, неча пул беришаркан-а?!» дейди! Кўрдингиз?! Аччигим чиқиб ўзимни очиқ турган деразадан отиб юборай дедиму, яхшиям кечаги ўйин…
— Зўр бўлди! Бу дейман биродар, ҳақиқий ишқибозмисиз дейман? Сир бўлмаса айтингчи, неча ёшдан бу ўйинга…
— Кечаги «зўр ўйин» ҳаққи қасам ичиб айтаманки, менинг киндигим стадионда кесилган! Очиқроқ айтсам, отам ўйингоҳда қоровул, онам эса фаррош бўлишган. Ўзим ҳам болалигимдан стадионда сигарет, семичка, «минералка» сотганман. «Спортлото»дан «футболка» ютганимда ақлим оғиб қолаёзган. Шу-шу йилдан-йилга ўйинга меҳрим жўш уриб… Айниқса, кечаги ўйин…
— Зўр бўлди! Буни қаранг, ҳатто ишқибозлигимиз ҳам бир-бирига эгизак экан!
— Йўғ-е? Наҳотки сиз ҳам стадионда… Лекин, олдин айтинг, кечаги ўйин…
— Зўр бўлди! Зўр бўлгач, «Зўр бўлди!» дейиш керак-да, ахир. Аммо менинг ишқи-бозлик тақдирим сал бошқачароқ кечган. Болалигим денг, шаҳарнинг энг шовқин-суронли маҳалласида ўтган. Тасаввур қилинг! Бир томонда — «Темир қушлар» туну кун кўкка парвоз қилишади. Иккинчи томонда эса поездларнинг бир маромдаги тинимсиз тақир-туқури… Сал нарида «Шоҳбекат»… Хуллас, автобуслар «алласи-ю», сут ўрнида самолётларнинг «ўкириги»ни эмиб…
— Шошманг, шошманг, биродар. Ахир, ўйинга автобус «алласи-ю», самолёту паровозлар чинқириқ-ўкиригининг нима алоқаси бор? Ундан кўра, айтинг-чи, кечаги ўйин…
— Зўр бўлди! Аммо «алоқаси борлиги» шундаки, энди суягим қотиб, оғзим ошга етганда бу тарздаги «ҳузур-ҳаловатимга» кўз тегди. Бизга шаҳарнинг чумоли юрса ҳам оёғи «тақаланадиган» хилват ва сокин гўшасидан янги ҳовли-жой беришди. Бошқаларни билмадиму ўша кундан бошлаб, менинг оромим йўқолди. Уйқу ўчди. Карахтлик ўз оғушига олди. Сездимки, шовқин-суронли муҳитга кўнгил кўникиб қолган экан. Дўхтирлар ҳам бу «дардим»ни тасдиқлашди. Хўш, энди нима қилмоқ керак? Эски жойимга кўчиб борай десам, бошпанам таг-туги билан бузилган. Вокзал-бекатларда ётиб турай десам, уйи бор, бола-чақали одамга тўғри келмайди. Айтинг-чи, бундай пайтда сиз нима маслаҳат берардингиз?
— Албатта, ҳеч ўйлаб ўтирмасдан стадионга қараб йўл олардим! Мана, масалан, кечаги ўйин…
— Зўр бўлди! Ақлингизга балли, ақлдош… Худди сиз айтгандек, мана, неча йилдирки, стадион менинг ҳам иккинчи ошёнимга айланган. Фақат шу жойдагина қалбим таскин топади. Яхши ўйин бўлган кун — менинг учун энг оромли тун. Мана, масалан, кечаги ўйин…
— Зўр бўлди! Яна бир бор ташаккур сизга! Чунки дарди ҳасратингиздан маълум бўлдики, бу борада ҳам иккаламиз ҳақиқий ишқибоз, ҳатто «қариндош» эканмиз…
— Ҳа, энди ўйин зўр бўлгач! Айниқса, кечагиси… Бу биродар, кеча қизиқ уcтида эътибор бермабман. Ўйин охирида қанақа ҳисоб билан тугаганди?
— Ўйин зўр-р… Нима дедингиз? Буни қаранг, мен ҳам қаттиқ ҳаяжонда… Э, шошманг, ўзи кеча ким билан ким ўйнаганди?!.