Чори чўпоннинг оғзи қулоғида. Ахир нега хурсанд бўлмасин? Бу йилги баҳорнинг нашъу навоси ўзгача бўлаяпти-да! Кўм-кўк қирларга қараб кўзинг тўймайди. Ишқилиб қурғоқчиликдан асрасин, йил яхши келса… Ана ҳавода ёқимли ҳидлар, осмонда тўрғайлар, сайхонликда турналар, анови сўқмоқ йўлда эса…
Машина сигналидан чўпон сергак тортди. Синчиклаб қараса, директорнинг таниш “УАЗ”и…
Машинадан 3-4 киши тушди. Директор Чори чўпонни чеккага имлади.
— Шаҳри-азимдан меҳмон бор! Катта олим… Экология масалалари билан… Хуллас, бу гаплар сизга ортиқча. Сизнинг қиладиган юмушингиз, ҳар галгидек… Ҳув, анови дўнгликка тўшанчи тўшайсиз, чўпон кабобни ўхшатасиз, қолган майда-чуйдани шофёрдан оласиз.
— Хўп, хўп… — Чори чўпон бош ирғади. — Меҳмонни берган, ризқини ҳам беради. Қани, марҳамат…
… Шаҳри-азимдан келган меҳмон анча сергап чиқиб қолди. Оғзи гўшт чайнаш баробарида гапдан ҳам бўшамасди.
— Оҳ-оҳ-оҳ! — деди у каттакон сўнгакнинг илигини кафтига уриб қоқаркан. — Ана табиату, мана табиат! Ҳавонинг тозалиги… Бай-бай… “Экологический чисто!” деганлари мана шу-да! Мен сизларга айтсам, америкаликми, японияликми олимларнинг айтишича “Табиат гўзалликларидан бебаҳра инсон, она кўкрагидан бенасиб гўдакка” ўхшаркан! Мана биз ҳам ана шундай чақалоқлар сирасига кирамиз. Шу… қани директор бова, “қултимиссин”дан яна бир ўз қўлингиз билан…
Меҳмон оғзидаги луқмани ютиб, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб симиргач, яна фалсафа сўқди.
— Бизнинг шаҳарда тоза ҳаво дефицит! Тўрт томонимизни кўмир завод, цемент завод, асфалт завод ва яна бир-бало заводлар ўраб туради. Яқинда денг, уйқум қочиб, ташқарига чиқиб, катта бир жиноятнинг… шоҳиди бўлдим!
Даврадагиларнинг дами ичига тушди. Директоргина ботинмай сўради:
— Нима бирортасини бўғизлаб…
— Э, йўқ, — қўл силтади меҳмон. — Криминал менинг соҳамга кирмайди. Мен гувоҳ бўлган воқеа ҳам экологияга боғлиқ. Шу нарсани аниқ сездимки, ёнимиздаги завод кундузи билан чанг ва газини йиғиб, тунда ҳамма ухлаганда секин ҳавога қўйвораркан! Ахир бу жиноят эмасми?! Сизларда эса тоза ҳаво! Ажойиб… Ҳиқ-қ!
Тўсатдан кутилмаган ҳодиса рўй берди. Меҳмон икки марта ҳиқиллади-ю, кўзлари сузилганча ёнбошига қийшая бошлади.
— Нима бало, кайфи ошдими?! — директор ҳушёр тортди. — Ичгани икки пиёла-ю…
Даврада ўтирган “молдўхтир” йигит меҳмоннинг томир уриши-ю, авзойига қараб ранги қумдек оқарди.
— Директор бова! Бунингиз нафас олмаяптими?! Сув сепинглар, сув…
Шошиб қолишганидан кимдир “Боноқува”, кимдир “Кока-кола”, ҳатто биттаси “Булунғур” конягидан ҳам сепиб юборди. Лекин бу “сепишлар”нинг фойдаси бўлмади. Меҳмоннинг нафас олиши тобора секинлашиб борарди. Директор “ветврач”га буйруқ қилди.
— Қанақа дўхтирсан! Бир давосини топсанг-чи…
— Ака! — йиғлагудек ҳиқиллади “ветврач”. — Меники мол дўхтир, ахир! Бунингиз қўчқор ёки хўкиз бўлсайкан…
— Қани, шошманглар-чи! — даврага оҳиста одим отганча Чори чўпон кириб келди. — Меҳмон жигит ҳали “зовут-повут”, чанг-газ… девдима?! Демак, тушунарли… Буям, бир гапи-да. Чиқмаган жондан умид… Қани, директор, буйруқ беринг, ҳой анови “УАЗ”ингизни бу ёққа ҳайдасин!
Топшириқ дарҳол бажарилди. Қўмондонликни қўлга олган Чори чўпон галдаги кўрсатмани берди:
— Ҳой, шопир бола… Мошинни ўчирмай тур! Энди меҳмон жигитни кўтарамиз… Бундай женгил, нима бало, фақат манний каша еб ўсганми? Энди, оғайнилар, меҳмоннинг бурнини мошиннинг тутун чиқадиган трубасига яқин олиб борамиз… Ҳа, балли, ана шуннай…
Тўсатдан мўъжиза рўй берди. Машина дудбурунидан ўрлаётган ачқимтил тутундан меҳмон аста-секин ўзига кела бошлади. Ниҳоят, олдин бир кўзини, сўнг иккинчисини оҳиста очди. Танасига жон кирган заҳоти ўрнидан ирғиб турганча ёлворишга тушди:
— Жон акалар! Тезроқ мени шаҳарга элтинглар! Завод-фабрикаси бор жойга… Фақат тезроқ! Ҳе, ўша тоза ҳаволарингдан ўргилдим…
Директор енгил тин олди. Чори чўпоннинг елкасига қоқди.
— Баракалла! Қари билганни… деганларича бор экан. Мушкул аҳволдан қутқазганлигингиз учун сизга мукофот… Биз эса, бу ердан тезроқ жўнадик. Бўлмаса…
Чори чўпон уларнинг ортидан кулганча қолаверди.