Муҳаббат Туропова. Қайнона (ҳикоя)

Сарви хола хонасида ямоқ қилиб ўтираверди. Олди тўла товони йиртилган пайпоқлар, чокидан сўкилган шим, тугмаси узилган кўйлак, яна алланималар… Сезмай қопти, вақт пешиндан оғипти. Ҳам вақти намоз, ҳам томоғи қақраб чой ичгиси кел­япти. Қўлидаги нинани  ип ғалтакка санчди-да, дераза оша ҳовли саҳнига разм солди. Бир маромда қор ёғмоқда. Дарахтларнинг новдалари эгилган. Совуқ ҳам забтига олган. Уй-уйига кириб олган келинлар совуқдан эриниб ҳовлига чиқишмапти, шекилли. Бир чойнак чой дамлаб келиш иш бўптими? Бунақа ишларни ойдинда оёғи бажаради-ку.

«Ё Имоми аъзам», у тиззасига тиралиб ўрнидан турди. Аммо… Вой! Вой! Тавба-ей, оёқлари увишиб қопти, тиззалари зириллайди. Бели тортишиб оғриб тургани учун букчайганча эмаклаб бориб эшикни очиб ҳовлига чиқди. Қор остонагача кўтарилибди. Атрофга назар солдию ич-ичидан севинчи тошиб баҳри дили ёришиб кетди. Паға-паға ёғиб турган қор парчаларига болаларча завқу эҳтирос билан тикиларкан, кўзлари чақнаб, порлади.

— Ёғ! Ёғавер, ёғишингдан айланай, жуда яхши! Қишнинг зийнати қор-да! Беғуборсан, поксан, кони фойдасан, вақтида ёғсанг, ер тўяди — эл тўяди.

У қўлини чўзиб, кафтини қорга тутди. Кафтига қўнган юлдузчаларни тўймай томоша қилди. Кафтининг ҳароратида эриб бораётган қор зарраларини авайлаб артди. Руҳиятига қордек юмшоқ енгиллик кириб, бироз тетиклашди. Айланиб учиб замин узра бош қўяётган қорнинг оппоқ зарраларига севиниб тикилаверди. Ҳозир чойни дамлаб келади, бир пиёлагина ичади, куракни олиб бирпасда йўлкани очиб кураб ташлайди. Ҳавасга қиладиган иш бу, бир пайтлар томнинг қорини кураганда ҳовли ўртасида қорли тоғ пайдо бўларди. Шу тоғ устидан бемалол томга ўтиб, ундан қорли тоққа тирмашиб сирғанчиқ учмасмиди. У хотираларга берилди. Нариги уйдан келинлару набираларнинг гангир-гунгур овозлари, телевизордан таралаётган ашула оҳанг­лари шундоқ эшитилиб турибди. Бирдан димоғига ёғда қовурилган тухум иси урилди. Қорни ҳам очибди. У бир тамшаниб келинлар хонасига қаради.

— Ёшларга мазза-да. Оҳ, ёшлигим, қани ўша ёшлигим? Э-э! Ўтди-кетди, ғир этиб, эссизгина, умр — ўткинчи, бирпасда қариб қоларкан одамзод, дея ичида ўйлади у…

Сарви хола чойнакни ушлаганча ҳовли адоғига атак-чечак қилиб борди.  Лоақал шу ёлғизоёқ йўлнинг қорини кураб, йўл очмаган келинлардан ранжиб, ошхонага етди-ю, яхлаб ётган зинага оёқ қўйиши билан сирғандию тойиб кетди.

— Ё, тавба! Ё алҳазар! Ўзинг асра! Ўзинг мадад бер, Эгам, — деган илтижолари хаё­лидан ялт этиб ўтди. Боши ерда — қор устида, оёғи зинада, бели зинанинг қиррасида қолди. Қани ўзини ўнглаб, узатилган оёғини йиғиб ололса… Бу не кўргулик? Оёғи тошга айланибдими, нега қўзғата олмаяпти. Куни битган шекилли, наҳотки шу алфозда… У бор кучини йиғиб, келинларни ёрдамга чақирди. Турғизиб қўйишса, бу ёғини ўзи эплайди. Вой тавба-ей, овози ҳам чиқмайди.

— Ҳой, Мавлуда, Ўғилой! Бу ёққа қаранглар, келинлар-уу, вой, жоним, вой-й, ҳозир ўлиб қоламан. Чиқинглар уйдан! Манга қаранглар-ей!

Ҳайриятки уй тўридаги эшик очилди. Ҳа, эшитишди, яхшиямки шулар бор, эшик қайта ёпилдими, у англолмай қолди.

— Ким? — сўради Мавлуда олма чайнаб туриб, — биров чақирдими?

— Э, ўтираверинг, ким бўларди,ойим-да, шу изғиринда ҳам тинч ўтирмайди, бир иш бошлади шекилли, — энсаси қотди Ўғилойнинг.

— Кеча муллакам қовоқ опкелувдилар, ҳозир чиқсангиз қовоқ сомса қилинглар, дейди.

— Шу совуқда ким боради ошхонага?

— Чақиряптилар, эшитяпсизми, ҳой-ҳойлаб чақиряптилар, — Зуҳра келин деразага қулоқ тутди.

— Э! Борсангиз ҳозир иш буюрадилар… Ўтираверинг, эшитмабмиз, деймиз.

Овсинларнинг кулгусидан хона деворлари зириллаб кетди. Эшик ёпилиб ҳангома давом этаверди. Телевизор ҳали кино, ҳали сериаллар, ҳали «Ҳандалак»ни кўрсатиб, уларни чалғитарди.

Сарви хола «Вой, жоним, нима бўлди менга» — деб бир амаллаб кириб олган ошхонада узоқ ётди. На белини, на оёғини ўнглаб ололмади. Зора бирортаси чиқиб қолса. Тагидан зах ўтиб, танаси музлай бошлади. Агар ҳозир қизи бўлганида югуриб олдига келмасмиди? Бир эмас, олти ўғил туғдим, деб керилиб юраверипти. Давраларда сўзини ҳеч кимга бермай ўғилли тўкис бўлиб юрганлари-чи. Шошманг, ўзи ўғил нима каромат кўрсатаркан? Лоақал биттаси қиз бўлмади-я. Ҳозир раҳматли чоли Абдураҳмон бўлганда-ку… У ҳам чойхонадан мақтаниб келарди.

— Онаси, Раҳим кервоз бору, кўчанинг бошида турадиган, косамнинг тагида қолган ошни еб, ялаб қўйди. «Ният қилдим, ака. Сизнинг йўлингизни берсин», — дейди. Эшитдингми?

— Айтмадингизми, ҳаммаси Яратгандан, деб…

Олти ўғилни бошқалардан кам қилмай орзу-ҳавас билан катта қилди, уйлади, жойлади, бари бола-чақали, ишли бўлди. Нима бўлгандаям ўғил хотиним деб, қиз эрим деб кетар экан. Меҳр олмадек икки паллага бўлинар экан.

Совуқ ошхонада инграниб ётаркан, келинлари бир-бир кўз олдидан ўтаверди. Тўнғич ўғлининг хотини Адиба яхши чикди. Келган кунидаёқ туғишган қизидек бўлиб кетди. Тарбиялаган ота-онасига раҳмат. Оғриқ зўрайиб, кўз олди қоронғилашди…

Кўча дарвозаси ғийқиллаб очилди. Совуқдан қўллари кўкариб келини Адиба кўринди. Қалин пўстинга ўралиб олган Адиба тўғри қайнонасининг хонасига бурилди. Қордаги ғачир-ғучур оёқ товушларни эшитиб Сарви хола суюниб кетди.

— Ҳой, — деди заиф овозда. — Кимсиз? Бу ёққа қаранг, ошхонага.

Адиба заифгина бу овозни эшитди. Қадамини шу томонга тезлатди. Ошхонага кирдию кампирнинг ётиш аҳволидан ҳанг-манг бўлиб қолди.

— Ойижон! Вой, бу нима ётиш?! Йиқилдингизми? Овсинларим қани? – Гапира туриб қайнонасининг қўлтиғидан олиб турғизмоқчи бўлди, аммо эплаб бўлмади.

— Тегма, тегма, болам, вой жоним, белим узилиб кетган шекилли, тегма, — деб додларди.

У айвон томон югурди. Бор овози билан бақирди:

— Ўғилой! Мавлу! Ҳой, Зуҳра! Тез! Тез буёққа келинглар! Ойим… Ойим ахир йиқилиб тушибдилар-ку, наҳотки кўрмаган бўлсанглар. Наҳотки эшитмай уйга қамалиб ўтирсанглар.

У уйга кириб «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилди. Иссиқдан юзлари бўғриққан Ўғилой, Мавлуда, катта жун рўмолга ўралиб олган Зуҳра кетма-кет айвонга чиқишди.

— Нима гап? Тинчликми? Намунча ҳовлиқасиз, опа, ўт кетдими? — энсаси қотди Мавлуданинг.

«Шу совуқда тинчгина уйида ўтирмай, етиб келганини-чи» — пичирлади лабини буриб Ўғилой.

— Юринглар, — деди Адиба ошхонага имо қилиб. Тўрт келин холани бир амаллаб кўтариб, уйга олиб киришди. Жойига ётқизиб, юзини силаб, дори ҳидлатишди. У кўзини очди. Ранги докадек эди. «Тез ёрдам» етиб келди. Доктор беморни текшириб  кўргач, касалхонага олиб борамиз, деди.

— Нима гап? Ойим қанилар? Тузукмилар? Сани кўзинг қаёқда эди?

— Вой, ойим, адаси, ойим йиқилибдилар, — у қаттиқроқ йиғлаб юборди.

— Кўз ёшингни арт-э, — бақириб берди Ботирали, — йиғлама, тут ўзингни.

Адиба итоаткорона стулга ўтирди. Ботирали бош шифокор хонасига кириб кетди. Адибани йиғлама, деб ко­йиса ҳам ўзини тутолмай ўз ёшларини яширарди.

Эшик очилиб, даволовчи шифокор кўринди.

— Рентгендан ўтказдик. Бел пастки қисмидан бўкса суяклари дарз кетган, гипсладик. Тўпиқдаги шилинган яралар қўрқинчли эмас, малҳам суртиб боғлаб қўйдик. Мана бу дориларни ичириб туринг, — у дорилар ёзилган рўйхатни узатди, — Бу оғриқ қолдиради, бу суякларни мустаҳкамлайди. Фақат қаттиқ    ўринда қимирламай ётишингиз лозим.

…Мана, шунга ҳам саккиз ой бўлди. Қимирламай ётаверган Сарви хола қоқ суякка айланди. Озиб-тўзиб овқатдан ҳам қолди. Адиба эрини, болаларини ўз ҳолига қолдириб, кампирнинг олдига кўчиб келди. Гоҳ дори, гоҳ чой, гоҳ ҳожат… ҳеч кимни қариган чоғида ётгулик қилмасин. Азобда қолган она аранг пичирлайди: «Кам бўлма, болам, барака топ, меҳнатларингни роҳатини кўргин…»

Эрталаб Ўғилой ишга кетаётганда дераза ортидан сўрайди: — Тузукмилар? Яхши бўлиб қолдиларми? Ишга кетаётувдим.

Мавлуда умуман кўринмайди, ўзини иш билан банд одамдек кўрсатади. Зуҳра эшикни қиягина очиб, — Опа, — деди бурнини жийириб рўмолча билан тўсиб оларкан, — тузукмилар? — у ёв қувгандек зумда ғойиб бўлди.

— Ухлаб қолибман. Ишга кеч қолдим. Кечқурун кирарман, — дейди деразадан мўралаб Баҳром.

«Эрталаб кириб ўтаман, соғлиқларини сўрайман, ҳозир кеч бўлиб қолди» хаёлидан ўтади Баҳодирнинг. — Ойим тузукмилар? — сўрайди хотинидан, — сен хабар олиб тур, яна гап чиқиб юрмасин.

Кунлар ўтаверди. Cоат миллари имиллайди.

— Адиба, — дейди у пичирлаб, — қийналиб кетдинг, болам…

— Қўйинг бу гапларни, ҳали кўрмагандек бўлиб кетасиз, қизингизни тўйига ўзингиз бош бўласиз, сиздан умидларим мўл, ойижон, ҳамиша яхши ният қилиш керак, ўзингиз бизга шунақа деб ўргатгансиз.

—  Бэ-э, гапирасан-да, кўнглим учун шундай дейсан. Сенинг малҳамдек ширин забонинг, меҳринг мени шу кунларгача асраб келди. Йўқса, аллақачон… Ҳаммасига ақлим етади. Ёши катталарнинг синган суяклари битмайди, ўсмайди ҳам. Ёш бўлганимда икки ойда оёққа туриб кетардим. Аҳволим кундан-кунга нарёққа қараб ­кетяпти. Кампир хўрсиниб чуқур «уф» ­тортди. Кўзи ёшланди. Лаби пир-пир учиб қимтинди.

— Ботирим келса айт, мени бу ердан олиб кетинглар. Сандан бошқасига ишонмайман. Ҳаммаси ҳам бола-чақа ўстиряпти. Шунақа дунё экан. У яна хаёл суриб кетди. Сўнг: — Адиба, — деди афсус билан, —- ёшлик шошиб турган меҳмонга ўхшаркан… Кучга тўлган ёшлик йилларим ҳеч кўз олдимдан нари кетмайди. Қадрига етмаган эканман.

Қараб туриб Адибанинг кўнгли вайрон бўлди. Унга раҳми келиб, узоқ термулиб қолди. Қанийди, қўлидан келса-ю, уни оёққа турғазиб олса. Ўксикли кўз ёшларини кўрмаса… Қўша-қўша ўғилларининг тўйларида, никоҳ базмида даврага тушиб «Тановар»га хиром айлаб, бутун тўй аҳлини лолу ҳайрон қолдирган аёл қани?

Ўша куннинг ўзидаёқ Ботирали онасини уйига олиб кетди. Ишдан қайтган Баҳром асло ажабланмади.

—          Қаерда тинч бўлсалар, ўша ерда бўлганлари яхши. Ботир, қўнғироқ қилиб хабарлашиб тургин, — деди. Адибанинг кўз ёшларини кўриб Зуҳра пичинг қилди:

— Ойим ўлмасларидан бурун йиғлаб ўзингизни яхши, фидойи кўрсатмоқчимисиз? Йиғига бало борми? Яхши ният қилинг.

— Фидокор, меҳрибон опамиз бор-да, — Мавлуда жилмайди.

Адиба ичкари уйга жой қилди, оҳори тўкилмаган янги, оппоқ чойшабларни ёзиб берди. Она оёқ-қўлини узатиб, хотиржам нафас олди. Адиба чой дамлаб келди. Бир пиёла асал чой ичириб, ойисининг юз-кўзларини силаб ўтирди. Бемор фақат бир ҳўпламдан чой, нав­бати билан шарбат ичади. Лекин кундан-кунга аҳволи кетиб бораётганини сезган Ботирали ишга бормай, ўз ҳисобидан таътил олди. Адиба кампирнинг бошидан нари кетмайди. Уни бироз чалғитиб, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилади. Нима бўлганда ҳам ҳар куни ғанимат бўлган момонинг дуоларини олиб қолсам, дейди.

Ҳар куни тонгда ўқишга кетар чоғи Алишер билан Лайло бувижони олдига кириб, салом бериб ачомлашади.

— Тузукмисиз, бувижон, қаранг, кечагидан кўра анча яхшисиз, яхши бўлиб қолинг, бувижон, бугун сиз учун «аъло» баҳолар олиб келаман, — дейди Алишер. Бувининг қуруқшаган лаблари ёйилиб, кўзлари порлаб қалбидан меҳр туйғулари тошиб дуо қилади. Буви уларга узоқ термулиб туради. Беҳол лаблари «Ўсиб унинг­лар, бахтингизни берсин, сизлардаи ­розиман…» деб пичирлайди. Ою кунлар шу таҳлит ўтиб турди.

Бугун эрталаб кампир тетиклашиб уйғонди. Гаплари тийраклашди. Хонага, деразага, шифту эшикларга бир-бир разм солиб қаради-да, Ботиралини сўради. Шарбатни охиригача ичиб қўйди-да, кулимсираб Адибага қараб қўйди.

— Яна озгина бергин, вужудимга мойдай ёқди-я, — деди жилмайиб. Адибани бағрига олиб, «Сани қизим деганман, унутма», деди. Адиба суюниб кетди. «Эй Тангрим, ўзингга шукр, ойим ҳадемай яхши бўлиб кетадилар, ҳайрият меҳнатларим зое кетмади».

У қайнонасини қучоқлади. Она ҳам, бола ҳам ўзида йўқ шодон эдилар. Бу ҳолни кузатиб турган Ботиралининг ичи «шув-в» этиб кетди. У суюнмади, борлиғини ғашлик қоплади.

Пешинга бориб момонинг юзида ранг қолмади. Адиба пиёлада сув келтириб лабига томизиб турди. Лекин сўнгги томчилар беморнинг лаби четидан оқиб тушаверди. Юмуқ  кўзларининг четидан дурдек оққан ёшлари яноқларида қолди. Оқшом чоғи Адибанинг қўлларида сўнгги нафасини олиб, боши ўнгга томон бироз оғди. Лаблари табассумга мойил ҳолда кўзларини юмиб ётарди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 47-сон