— Ака, бу охиргиси, шуниям Тўра Жўраевичникига ташлаб келинг, — деб қолди муҳандисимиз Норматжон.
— Бу охиргисими? — дедим унга ишонқирамай.
— Ўғил бола гап, — деди у қатъий.
Йўлда кетяпман, ўз-ўзимга алам қилади. Тўра Жўраевичникига шағал, қум, тахта, ғишт, тсемент ташияпман. Ҳар сафар уй эгаси бўлмагани учун хотини дарвозани очади, юкни ағдариб қайтаман. Пул-мулдан оғиз очиш йўқ. Бундан ташқари муҳандисимиз у-бу сўраб ўтирманг деган. Бу менга қаттиқ ботади, албатта. Чунки машинанинг ёқилғисини ўзим олсам, ремонтини ўзим қилсам. Ҳатто тушлик ҳам киссамдан. Бундай бўлгандан сўнг…
Бу сафар бахтимга Тўра Жўраевичнинг хотини эмас, ўғли дарвозани очди. Олиб келган юкимни бўшатиб бўлгач, хўжайиннинг ўғлидан ҳаққимни талаб қилдим:
— Онангга айт, беш минг сўм берсин, Норматжон тайинлади.
Болакай уйга кириб кетди. Бошдаги дўппини бир айлантиргунча вақт ўтмай орқасига қайтди.
— Тоғойи, отамга бориб айтинг, онамда пул йўқ экан.
Бу гапни эшитиб қотиб қолдим. Ахир бир ҳафтадан бери Тўра Жўраевичникига деб ташиётган нарсам, уникига эмас, муҳандисимиз Норматжон аканикига келаётган экан-да! Вой зулук-эй…