Темир йўл вокзали. Кийинишидан ўзига тўқлиги сезилиб турган бўйчан йигит навбатда турибди. Унинг олдида дилбаргина аёл пайдо бўлди.
– Тошкентга кетяпсизми, ака? Йўқ демасангиз, бир купега чипта олсак. Яхши одамга ўхшайсиз. Бехавотирроқ кетардим, – ҳокисорлик билан деди у.
– Ишқилиб, ҳамроҳим бирор кампир ёки чол бўлмасин деб, менинг ҳам ичимни ит тирнаётган эди, – деди йигит ҳам ичидагини сиртига чиқариб. –Ўтган гал денг, бир эмас, икки момоқаймоқ эзма-чурик кампир билан бирга кетсам бўладими…
Поезд юришига ярим соат қолганида, Қосим ва Мухлиса аллақачон ўз жойларини эгаллашганди. Улар ўзларини бир-бирларига яқин кишидек тутардилар. Айниқса, жувоннинг ҳар икки гапи орасида “азизим” деганини эшитганлар уларни эр-хотин деб ўйлашарди. Шунинг учун бўлса керак:
– Кечирасизлар, сизлардан бир нарсани сўрамоқчи эдим, – деди боягина келиб қўшилган учинчи ҳамроҳ уларга мурожаат қилиб. – Эр-хотин бўлсангиз керак. Менинг жойим пастда экан. Майли десангизлар, мен тепага чиқсам…
– Биринчидан, – деди Мухлиса Қосимга кўз қисиб. – Мен ғирт беваман. Иккинчидан эса тўғри қиласиз!
Купеда шўх кулги кўтарилди. Учинчи ҳамроҳ – Акром ака ҳам гапга чечан экан.
– Қосимжон, бизга тўртинчи ҳамроҳ керакмасга ўхшайди. Келинг, вагон кузатувчисига айтиб, бу ёғини ўзим текисласам, – деди у.
– Ҳо, бизнинг йигитлар чаққон чиқиб қолди-ку, – деди Мухлиса ноз-карашма билан.
– Ҳа, энди, тўртинчи ҳамроҳ қанақа одам бўлади, билмаймиз-ку. Шунинг учун боридан йўғи афзал, нима дедингиз?
– Қойил, Акром ака! Аслида фирмачи эмас, файласуф бўлишингиз керак экан.
Купега тўртинчи киши ортиқчалик қилишини эркаклар қатори Мухлиса ҳам яхши тушунарди. Шунинг учун қаршилик қилмади. Акром ака вагон кузатувчисини “рози қилиб” келди. Ҳамкупеларнинг бемалол гаплашиб кетишига қулай шароит яратилди. Бир зумда дастурхон тузашди. Қосим вагон-ресторанга бориб, шампан виноси, ароқ, колбаса олиб келди.
Икки эркак ароқни майдалашди. Аммо Мухлиса на шампан виносидан ҳўплади, на ароқ ичди. Қанча манзират қилишмасин, фойдаси бўлмади.
Қосимнинг кайфи ошгани сайин жувонга тегажоғлиқ қила бошлади. Бироқ Мухлиса ҳеч рўйхушлик бермасди. Эркаклар чеккани тамбурга чиқиб кетишди. Мухлиса пайтдан фойдаланиб, сумкасидан бир шиша ароқ чиқариб, ичига уйқу дори кукунини қўшиб юборди. Ҳамроҳлари қайтиб купега киришганида эса:
– Тошкентлик жиянимга деб тозасидан икки шиша олувдим. Қани, бундан ҳам ичиб кўринглар-чи, – дея уларга қуйиб узатди. Ўзи эса шампан виносидан жиндаккина ҳўплаган бўлди.
Эркаклар қадаҳ кўтаришди. Тез орада “заҳарланган” ароқ ўз ишини қилди: “шер йигитлар” тарракдек қотишди. “Шўрлик бева” жуда аҳволи танг эканми, Қосимнинг ҳам, Акром аканинг ҳам бор-будини шилиб, поезд Самарқандга етгач, вагондан тушиб қолди…