Баҳодир атак-чечак юриб, “ая”, “ада” деганда, ўзи ҳам, ота-онаси ҳам қувончдан ўзларига сиғмасди.
Беш ёшга тўлди. Пиёла синдирди. Онасининг жаҳлдан лаблари пирпиради. Қоши чимирилди.
– Ҳой, аҳмоқ, нега пиёлани синдирдинг? – деб онаси бир тарсаки туширди. Баҳодир роса йиғлаб, охири чарчаб тўхтади.
Мактабга қадам қўйди. Ёзишни, санашни ўргана бошлади. Мактаб ҳаёти бошланди. Бир куни уй вазифасини бажармай борди.
– Нега уй вазифасини қилмай келдинг? – деб уришди муаллим.
Гоҳо бажариб борганда “баҳойинг беш”, – деди, қувонтирди. Шу алфозда кунлар ўтди. Улғаяверди. Отаси ҳам илгаригидек эркалаб осмонларга отмади. Қучоқлаб бағрига босмайдиган бўлди.
Кунлар бир-бирини қувиб ўтарди. Ота ўғлининг кундалигини очди, нигоҳи кундаликдаги “икки” баҳога тушди.
– Нега “икки” олдинг, – дея тарсаки туширди.
Қанчадан-қанча эркалатишлардан кейин бу тарсаки унга ёқмади. Отасидан хафа бўлди. Бир неча кун аразлаб юрди. Кунларнинг бирида отаси яна кундаликка назар ташлади. Ота “беш”ни кўриб эркалади. Бошини силади:
– Ҳа, ота ўғил, одам бўлай десанг, шундай ўқигин.
Мактабни битирди. Ўзи орзу қилган олий ўқув юртига ўқишга киролмади. Таниш-билишларидан, дўстларидан уялди. Кўчага чиқолмай, уйда диққинафас бўлиб юрди. Кўчага чиқди. Ҳеч кимнинг иши бўлмади. Ҳамма ўз ташвиши билан банд. Нега киролмадинг, ҳам дейишмади.
Ишга кирди. Ишлади. Университет анчагача қалбида ўкинч бўлиб қолди. Улғайди. Йигитмисан йигитдек қатъиятли бўлди. Соқол, мўйловини олдирадиган, бир рўзғорни эплайдиган бўлди.
Севди, севилди, турмуш қурди.
Ота ўғлини ёнига чақирди:
– Ўғлим, мана мен вазифамни бажардим. Бир бошингни иккита қилдим. Мустақилсан. Қарзим йўқ, болам, – деди.
Баҳодир мустақил бўлди. Фақат турмушнинг қулига айланди. Уйининг ёнидаги оқар сувда чархпалак гоҳ айланади, гоҳ ариққа сув келишини кутиб ётаверади. Баҳодир ҳам гоҳ қувончга, гоҳ ғамга ботиб, яхши кунларни кутиб яшайверди. Яхши кунлари ҳам, озроқ ичиккан кунлари ҳам етарли бўлганча қаторлашиб ўтиб борарди.
Баҳодир ота бўлди. Озми-кўпми қўни-қўшни, қавм-қариндошни йиғиб, оталик мақомини нишонлади. Олдинма-кетин уч фарзанд кўрди. Оталик гаштини ўтказди. Болаларининг йиғисига, шўхликларига кўникди. Кечани кеча, кундузни кундуз демасдан йиғинди. Икки қизни, бир ўғилни уйли-жойли қилди. Қариликни бўйнига олиб, ниманидир кутгандай осмонга қараганча, бир пайтлар отаси ётгандек ёнбошлаб ётаверди. Отасининг меҳнатларини, оталикни тушунди. Набираси ёнига келди:
– Бобо, нега сизнинг сочларингиз оппоқ?
– Қарилик, – деди бобо.
– Бобо, нега бизлардек бекинмачоқ ўйнамайсиз? – деди бобосининг оппоқ сочларини силаб.
– Қариб қолдик, болам.
– Нега қаридингиз, бобо, мендек бола бўлсангиз бўлмайдими? Иккаламиз ўртоқ бўлиб ўйнардик. Нима қиласиз бобо бўлиб? Ёш бўлинг!
– Қани эди, лекин қаридим. Бу йўлдан қайтиб бўлмайди.
– Ҳадеб қаридим, деяверманг.
Осон эмас экан бу саволларга жавоб бериш. Бир пайтлар Баҳодир ҳам отасига шу саволни берганди. Шуларни эслаб отасининг қадрига етмаганидан ўкинди.
– Болам, бу саволга ҳали ҳеч ким жавоб топмаган экан. Ушалмас орзу ҳам шу, болам. Ҳамма йигит бўлиб қолсайдим, дейди. Бўлолмайди-да, – деб оғир тин олди.
Кунботар томонга қаради. Қуёш ботиб борарди. Фақат қуёш қайтиб чиқаверади, ой-юлдузлар қайтиб чиқади. Йиллар саналиб, ойлар, кунлар ўтаверади. Фақат сонлар, рақамлар ўзгаради. Одам эса қайта туғилмайди.
Йиллар ўтди. Баҳодирнинг боласи Алибек ҳам отаси босиб ўтган йилларни, ой, кунларни босиб ўтди. Сочига оқ, юзига ажин тушди. Белидан қувват кетди. “Кексалик гаштини суряпман”, дейди-ю, ич-ичидан қани эди ёш бўлиб қолсайдим, деб хаёл суради.
Набираси ёнига келди. Алибек бир пайтлар бобоси ва отасига берган саволни энди набираси қайтарди.
– Бобо, нега сочингиз оқ, юзингиз ғижим, нега мендай бола эмассиз?
– Қарилик, – деди.
– Нега қаридингиз?
– Ўзим ҳам билмайман. Бирпасда қариб, бобо бўлиб қолибман.
– Мен ҳам сиздек бўламанми?
– Бўласан, болам. Сен каби набираларинг ҳам бу саволни бераверади. Мендек саволга жавоб излаб ўтираверасан. Чунки бу тўхтамас оқим. Оқим ўз қонун-қоидасидан ажрамайди.
Набира жим бўлиб қолди.
– Бу оқим қаердан бошланади, қаерда тўхтайди?
– Сенинг ёшингдан. Шу саволни берган кунингдан.
Бир кун келди, йиллар, кунлар, ойлар ўтиб, Алибекнинг набирасига ҳам шу савол берилди…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 1-сон