Маъруфжон Йўлдошев. Мамдуҳ (ҳикоя)

Касалхонага келганимга бир ҳафта бўлганига қарамай, палатада ёлғиз ётардим. Бу ерда вақт жуда секин ўтарди. Газета варақлашдан ҳам, шифтга термилиб ётишдан ҳам зерикдим. Хонага биронта бемор келтиришларини кутардим. Ва ниҳоят ўша кутилган бемор ҳам келди. Бироқ кекса одам экан. Ҳафсалам пир бўлганидан яна шифтдаги нақшларга термулиб ётишда давом этдим…
Айтишларича, бу касалхона олдин француз санъат мактабининг биноси бўлган экан. Урушдан кейин бу мактаб ёпилиб, вилоят ҳарбий касалхонасига айлантирилибди. Хона унча кенг бўлмаса-да шифти баланд эди. Дераза ва эшикларининг юксаклиги ҳам менга ғайритабиийдек туюлди. Ганчкори кошинларидаги япроқсимон қабариқ нақшлар устидан бўёқ тортилган бўлса ҳам эски ҳашаматини йўқотмаган эди. Бир қаторда 72 дона дафна япроғи, 28 дона гулғунча ишланган эди. Зерикканда уларни бирма-бир санаб чиққандим. Ҳатто кўрсаткич бармоғимни ҳар бир япроқ ва гулғунча устидан хаёлан бир неча бор юргазиб чиққандим. Дераза ромларининг кўчган жойларидан эски бўёқлари ҳам қатма-қат бўлиб кўриниб турарди. Бир жойидаги бўёқ кўчиги инсон юзи шаклини пайдо қилганди. Кенг пешонаси, сочи, узун чанаси ва беўхшов қулоқлари билан бир ҳамқишлоғимни, капитан Турғут Тунчқояўғлини эслатарди. Ҳар куни ўша кўчикка бир неча бор қарайман, уни эслайман. Унинг қўл остида маълум муддат ҳарбий хизматни ўтадим. Бир қишлоқдан бўлсак ҳам менга ғирт бегонадек муомала қиларди. Бир куни ёнига топшириқ олгани кирдим. Ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб ўзимизнинг қишлоқ тилида мурожаат қилдим: “Мамдуааа, қишлоқни эслаб турасанми?” Саволим оғзимдан чиқиб улгурмасдан капитан кескин оҳангда: “Мамдуҳ қишлоқда қолган! “Ўртоқ капитан” деб мурожаат қиласан, ўргатишмадими?!” деди. Қулоғим тагига шапалоқ егандек бўлдим. Бирдан ўзимга келиб: “Ўртоқ, капитан! Узр сўрайман!” дедим ҳайратдан нима дейишни билолмай.
Бирга тўп ўйнаб, қувлашмачоғу бекинмачоқ ўйнаганимиз Мамдуҳ биздан бир синф юқорида ўқир эди. Лекин доим бирга эдик, мол-ҳолни ўтлатгани ҳам, лойқа ариқда чўмилгани ҳам бирга борардик. Токи тўртинчи синфга ўтгунимизча. Мамдуҳлар оиласи Истанбулга кўчиб кетишди-ю, қайтиб кўришиш насиб қилмади. Ҳамма ҳаёт уммонига ўзича шўнғиб кетди. Баъзан болаликни қўмсаганда ҳаммаси бирданига қайта жонланар, мақомлар, маконлар, касблар, имконлар ўртадан бирданига кўтарилиб ғойиб бўлади. Ва ўша тоғ этагидаги дўппидек қишлоқнинг чегаралари ҳам кўринмай кетади… Яна иссиқдан кўпчиб оёқларимизни куйдирадиган тупроқ йўллар, дарвозасиз оқсувоқ уйлар, четларида тизза бўйи ажриқлар ўсган лой ариқ, қаттиқроқ шамолда ағанаб тушадигандек майишиб турадиган симёғочлар… Англадимки, болалик ҳаётимнинг энг гўзал палласи, менга туҳфа қилинган энг гўзал совға… Буни қачон англаб етганимни аниқ эслай олмайман аммо энди ҳар куни яна-да теран ҳис қилиб боряпман. Зеро англаб етган пайтингда болалик аллақачон ўтиб кетган бўлади. Энди буёғига, бир кунга бўлса-ям, ўша беғубор дамларга қайтишни орзулаб яшайсан холос. Баъзан, шамолга қарши шоҳланиб, кўтарилиб бораётган варракларда, баъзан лойқа сувда қалқиб-қалқиб бораётган оқизоқ олмада бўй кўрсатиб қолганида бир он қадар қисқа вақт тилимида бориб келганингга шукроналар айтиб яшайверасан… Ичингда умр бўйи бекинмачоқ ўйнаб юради энди болалик. Энг ёмони нима, биласанми? У бекинган жойни тополмайсан, қидирасан, қидираверасан… “Олма десам чиқ, беҳи десам чиқма…” Дўстларингга олазарак боқиб овора бўлма, ҳеч ким топишингга ёрдам беролмайди…
Ҳали дарднинг, касалликнинг нималигини англаб етмаган аммо касал бўлиб қолишни жуда-жуда орзу қиладиган ғалати дамлар экан болалик… Иссиқлик ўлчагични силтаб даражасини кўтариб ётиб олардик ёлғондакамига. Ота-онамизнинг парвона бўлишига, опа-укаларимизнинг меҳрибон бўлиб қолишига муштоқликданмиди, буларнинг бари ёки мактабдан безганимизданмиди ва ё шунчаки найранг ишлатгимиз келиб қолганиданмиди, билмайман. Лекин мен таниган болаларнинг ҳаммаси бир марта бўлса ҳам бу ҳийлани қўллаб кўрган. Мамдуҳ шу оддий ҳийлани ҳам уддалаб ишлата олмаганидан қишлоқда масҳара бўлганди. Бир куни дадаси унга ўтин ёриб қўйишни буюриб ишга кетибди. Мамдуҳ ўйинга берилиб кетиб топшириқни унутибди. Дадаси келар чоқда каттагина аччиқ қалампирни нонни орасига қўйиб еб олибди. Юзи-кўзи ловуллаб ёна бошлабди. Ҳеч кимга нима еганини айтмай оҳ-воҳлаб қорнини ушлаб ётиб олибди. Онаси ваҳима қилиб отасига айтибди. Отаси тўппа-тўғри докторни олиб келибди. Докторни кўрар-кўрмас нима еганини-ю нимага еганини сайраб кетибди. Ўша куни отасидан яхшигина калтак ҳам еб олган экан.
Болаликда ўртоқларингни муҳим-номуҳимга ажратмайсан. Катталар ажратиб беради ким муҳиму кимнинг номуҳимлигини. Аммо уларнинг барчаси билан қачондир қандайдир сабаблар билан учрашаверасан. Энг камида хаёлан… Эслаганингда ҳам болалик ўз моҳиятига терс иш қилмайди. Кейинроқ душманингга айланган ёки ҳаётингдан бутунлай чиқариб ташлаган кишиларингни ҳам энг соф ҳолида кўз олдингга келтираверади.
Агар имкони бўлса эди… Истамаган кишиларингни болалигингдан ҳам, хотираларингдан ҳам бутунлай чиқариб ташлай олсанг эди… Мен, Мамдуҳни, Мамдуааани биринчи навбатда ўчириб ташлаган бўлардим…
Хуллас, биз икки ғилдиракли велосипедга эга бўлишни ёки туман марказига тушиб косачада музқаймоқ ейишни катта орзу деб биладиган болалар эдик. Аммо Мамдуҳ бошқача эди. Кўп китоб ўқирди. Аълочилар доскасига расмини илиб остига Турғут Тунчқояўғли деб ёзиб қўйишган эди. Ўшанда ажаблангандим. Унинг хужжатдаги исми Турғут экан. Нега уни Мамдуҳ деганимизни билмасдим. Ўйлаб ҳам кўрмагандим. Лекин бу табиий ҳол эди у пайтларда. Қишлоғимиз тоғ этагида жойлашган бўлиб, бор-йўғи 15-20 хонадондан иборат эди. На мактаб на касалхона бор. Қишлоқдаги асосий давлат идораси маҳалла раиси ўтирадиган чойхона олдидаги тахта кулба эди. Кулба яқинидаги темир тиргакда байроқ ҳилпираб турарди. Чойхонада ўтириб ҳам кулба эшигига ёпиштирилган маҳалла раисининг қабул соатлари ёзилган лекин ҳеч ким амал қилмайдиган сарғайиб кетган жадвални, деразадан ичкаридаги алмисоқдан қолган стол-стул ва деворга чорчўпсиз илиб қўйилган Отатурк портретини кўриш мумкин эди. Раис қишлоқдаги энг эътиборли киши саналарди. “Раис айтганмиш”, “Раисимизнинг оғзидан ўзим эшитдим” каби таъкидлар ҳар қандай баҳсга якун ясаш учун асос бўладиган бир нави “ривояти саҳиҳа” ҳукмидаги жумлалар эди. Қишлоқда кимнинг фарзанди туғилса, туман марказига ўзи бориб гувоҳнома олиш ўрнига дастурхон кўтариб раис ҳузурига чопарди. Раис афанди ҳам хабарни олар-олмас тура солиб марказга чопадиганлардан эмасди. Маҳаллада кимнинг уйида қачон фарзанд туғилишини беш қўлдай биларди. Шу боис гувоҳнома учун келганларга шошилмай туришни айтар, навбатда туғилажак болалар рўйхатини санаб берарди. “Туғиш мавсуми” тугагач, ҳаммасини тўплаб рўйхат қилиб, эшагига совға-саломларни жойлаб марказга йўл олар эди. Гувоҳномалар келганида ота-онаси қўйган исм қолиб, бутунлай бошқа исмлар ёзилган бўларди. Оиладагилар Аҳмад деб юрган болага Меҳмед исми ёзилган гувоҳнома келарди ё аксинча. Бунга ҳеч ким эътироз ҳам қилган эмас. Ҳатто Фарди акамга ҳам икки ёшида ўлиб кетган Ҳасан акамнинг гувоҳномасини беришган. “Ол, бу сенга энди” деганларида суюнганини аниқ эслайман. Фардини 16 ёшга тўлганида қўшнимизнинг қизига уйлантириб қўйишди. Бир икки йилдан кейин акам Олмонияга ишлашга кетадиган бўлди. Янгам рози бўлмади. Ажрашишди. Орадан беш йил ўтиб акам қайтиб келди. У билан бирга туман марказига ажрашганлиги ҳақидаги расмий ҳужжатни олишга бордик. Акам кириб кетди. Анча ўтиб мени чақирди. Ичкарига кирсам, мулозим мени сўроққа тутди.
– Исминг нима?
– Аркон
– Манзилингни айт-чи, қани!
– Шу… Тепадаги Хожиётмас қишлоғидан. Махмутлар сулоласидан…
– Оилада неча кишисизлар?
– Саккиз киши.
– Исмларини каттадан бошлаб тартиб билан сана.
Бармоқларимни букиб санай кетдим:
– Сабрия, Санам, Фотма, Омина, Фарди, мен Аркон, Ҳилми, Ногоҳон.
– Оминадан олдин Ҳасан бор, Ҳасан аканг. Фарди дегани йўқ. Ҳасан бор, Оминадан олдин нега уни санамадинг?
– Икки ёшидақ ўлиб кетган.
– Йўқ, мана рўйхатда турибдику! Нимага ўчирилмаган? Ўлганини тасдиқловчи хужжат борми? Йўқ…
– Уни мен қаёқдан билай, афандим. Лекин ўлган акамнинг гувоҳномасини Фарди акамга беришганини биламан.
– Нима? Ким берган?
– Отам.
Мулозимнинг астойдил жаҳли чиқиб, худди мен айбдордек жеркиб гапира бошлади:
– Фардиникини кимга берган унда?
– Унга олишмаган, ўлган акамникини берган дедим-ку.
Мулозим яна ўша асабий оҳангда давом этди:
– Унда Фарди деган кимса йўқ бу оилада, умуман йўқ, яшамайди! Отангиз ҳал қилсин энди бу масалани. Яна, айтиб қўяй, Ҳасан аканг ҳам, сен ҳам опа-акаларингни исмини тўғри айтолмадинг. Ҳозир тўппа-тўғри уйингизга боринг, оила аъзоларингизнинг гувоҳномасини олдингизга қўйиб ёдлаб олинглар. Тартиби билан! Бир марта кечирдим, кейинги сафар кечирмайман.
Қисқаси, биз ўзимизнинг кимлигимизни исбот қилиб беролмадик. У ердан чиқиб, қишлоққа кетар эканмиз, икковимиз ҳам мулозимнинг нима сабабдан жаҳли чиққанини-ю, нимага кечириб-кечирмаслигини ҳам тушунолмай хайрон бўлгандик. Айниқса, “Ҳасан аканг ҳам тўғри айтолмади” деганда юрагим шувиллаб кетди.
Мамдуҳнинг Турғутга айланганини билганимда ҳам ажабланмадим фақат уни “Мамдуааа” деб чақиролмаслигимдан афсуслангандим холос. Ҳарбий хизматимнинг бир ойлик синов муддатини Баликесирда, “Қуруқликдаги пиёда қўшинлари” сафида ўтадим. Бир ойлик синов даври бир йилдек ҳатто минг йилдек узоқ чўзилган эди. Синов муддати тугаб пойтахтдаги пиёда қўшинлари қисмига юборилдим. Мени кутиб олган навбатчи аскар олдин кадрлар бўлимига олиб борди. У ерда ҳужжатларни тўлдириб бўлгач казармага олиб бориш ўрнига капитан Турғут Тунчқояўғли қабулхонасига бошлаб борди. Эшикдаги зарҳал лавҳага ёзилган унвон ва исми-шарифни ҳайратла ўқидим. Фамилияси таниш, бундай фамилия камдан-кам учрайди. “Бу ўзимизнинг Мамдуҳ бўлмасин”, – деб ўйлаб турганимда ичкарига чақиришди. Не кўз билан кўрайки, ўзимизнинг Мамдуҳ, Мамдуааа. Ўзимча “ҳозир мени таниб югуриб келиб қучоқлаб кўришади” – деб ўйладим. Бу икковимиз учун ҳам жуда катта сюрприз бўлди, деган ўй кечди хаёлимдан. Мен ҳам навбатчи аскар ва яна хонадаги аллақандай ҳарбий кишилар олдида мақтаниб кулишимдан тортиб, нималар дейишим-у, нималарни сўрашимгача ҳаммасини бир зумда хаёлимдан ўтказдим. Иложи борича, Истанбул шевасида гапиришга ҳаракат қиламан, деб ўйладим. Ўқимишли одамлар олдида Турғутни уялтириб қўймаслигим керак, ахир. Буларнинг барини капитан Турғут Тунчқояўғли менинг ҳужжатимни олиб кўз югуртиб менга қарагунича хаёлимдан ўтказиб бўлгандим. Ичимдан вулқондек отилиб келаётган қувончни тишларим билан сиқиб турдим. Нима бўлса ҳам бу ер қишлоқ эмас, жиддий жой. Мамдуааа ҳам энди лой ариқда эрта-ю кеч чўмилиб, темираткидан юзлари тиришиб юрган қишлоқи йигит эмас, кимсан капитан Турғут Тунчқояўғли! Буни қара-я… Бирам салобатли, келбатли бўлиб кетибди… Қишлоқда юрганида мендан катта бўлса-ям, мажмағилгина бола эди. Шаҳарга кетиб яхши қилди. Бўлмаса у ҳам биздек ғурбатда “оломончи” бўлиб юрармиди. Ўқиб одам бўлди. Шаҳар одамни ўзгартиради-да! У ҳам мен ҳис қилаётган туйғуларни ичидан ўтказаётгани аниқ, аммо сукунатини сақлаб турибди. Бу-ям осонмас…
Шу пайт, унинг жарангдор овозидан ўзимга келдим:
– Навбатчи, оддий аскар Аркон Йилдиримни казармага олиб боринг! Рухсат!
Навбатчи аскар ҳам шиддаткор овозда жавоб қайтарди:
– Хўп бўлади, ўртоқ капитан!
Ҳужжатларимни навбатчига қайтариб берди. Эшикни ёпаётиб яна бир марта кўз қирим билан қарадим. У креслосига ёнмачасига ўтириб қўлидаги газетасини варақлаётган эди…
Мамдуааа, Мамдуҳ, йўқ, капитан Турғут Тунчқояўғли мени танимади…
Шундай қилиб, ҳарбий хизматимнинг пойтахтдаги учинчи ойида капитан Турғут Тунчқояўғлини шарқий вилоятлардан бирига яна-да баландроқ рутба билан юборишганини эшитдим. Ўша-ўша унинг қаршисида ўзимни эзилгандек ҳис қилишдан қутилдим. “Сўфи теракка ўхшаб на сояси бор, на меваси”, – деб ўйлардим ҳар гал уни кўрганда. Энди шу ва шунга ўхшаш руҳни қақшатгувчи ўйлардан ҳам қутилган эдим. “Менга деса жаҳаннамга кетмайдими, кимки у менга?!” деган сари эсимга тушаверарди. Баъзида унинг исми-шарифи ёзилган зарҳал лавҳага узоқдан кўз учимда қараб қолардим. Гажакдор қилиб жуда чиройли ёзиб қўйилган эди-да… Энди ўша лавҳада бутунлай бегона бир капитаннинг қисқагина исми-шарифи турибди.
Рости, мени танимаса ҳам, заррача фойдаси тегмаса ҳам унинг шу ердалиги менга катта далда экан… Буни у кетгандан кейин, ўзимни ёлғиз, ҳувиллаб қолгандек ҳис қилганимда англадим. У шу ердалигида ҳар куни минг бор нафратлансам-да яна кечириб юбораверар эдим. Нега кечиришимни ўзим ҳам тушунолмасдим… Қишлоқда лойқа ариқда бирга чўмилганларимизни эслаганимдаёқ уни кечира бошлардим. Айниқса, оёғим увишганидан ваҳимада сув ютиб чўкиб кетишимга бир баҳя қолганида у мени қутқарган эди. Битта жон қарзим бор эди унга… Шундай одамни унутиб бўладими? Кейин улар кўчиб кетишаётганида энг яхши кўрган ўйинчоғимни бергандим.
Қизил метал машина эди. Эшиклари очилиб ёпиларди. Битта эшиги тушиб қолган лекин ғилдираклари жойида, босиброқ ортга тортиб қўйиб юборсанг ғизиллаб кетади. Берганимда олдинига “нима қиламан буни?” – деб олгиси келмаганди. Кейин “майли эслаб юраман” дегани ёдимда. Мен битта жон қарзимни узгандек енгиллагандим ўшанда.
Аммо у, ўша Мамдуааа, Мамдуҳ капитан бўлгачми ўзгариб, одамтанимас бўлиб кетибди, ёки Турғут Тунчқояўғли бўлганидан кейинми?..
Агар имкони бўлса эди. Истамаган кишиларингни болалигингдан ҳам, хотираларингдан ҳам бутунлай чиқариб ташлай олсанг эди. Мен, Мамдуҳни, Мамдуааани биринчи навбатда ўчириб ташлаган бўлардим…
Ҳарбий хизматимнинг тугашига бир неча кун қолганди. Дала амалиёти пайти мина портлаши оқибатида чап оёғимдан ажралдим. Орадан олти ой ўтди. Барча исён ва шаккокликларим ортда қолди. Қолган умримни сабру бардош билан ўтказяпман. Физиотерапияга келгандим бу касалхонага…
Деразадан хонага сузилаётган ой шуъласида операциядан янги чиққан, ҳали ўзига келиб улгурмаган қариянинг кўкимтир юзи қўрқинчли кўринарди. Кенг пешонаси ялтираб турарди. Қош-қовоғининг соясидан кўз ўрнида ғалати бўшлиқ ҳосил бўлган эди. Қирра бурни, соқолдор чанаси ўша бўшлиқнинг юзада муаллақ қолган давомидек таассурот уйғотарди. Ҳар нафас олиб-чиқарганида қуруқшаб қаварган лаблари енгилгина титрарди. Ҳали наркоз таъсиридан тўлиқ қутилмаган кўринади. Ёки уйқусида гапириб ётадиганларданми, тинимсиз бир нималар деб пичирлаб ётибди. Агар шунақа бўладиган бўлса аҳвол чатоқ… Орадан бироз вақт ўтди. Ҳалиям пичирлаб алаҳсираяпти. Узуқ-юлуқ жумлалардан англаганим шулар бўлди:
“Сен хотиржам…, ўғлим, хотир… Ортингга қарама, қарама… Омонатинг…”
Демак, рўёсида ўғли билан ниманингдир ҳисоб-китобини қилмоқда. Ўғлини бирон жойга кузатаётгандир, балки…
Энди кўзим илинган экан, қариянинг ҳирқираган овозидан уйғониб кетдим. Кўзларини катта-катта очиб менга қараб нимадир демоқчи бўлди. Унга қарадим-у бирдан сесканиб тушдим, ичимга аллақандай титроқ кирди, танимдан совуқ тер чиқиб кетди. Ўзи дераза тагидаги сим кароватда ётарди-ю, руҳи бурнимнинг учида тургандек совуқ нафасини ҳис қилдим. Бор овозда негадир “ҳамшира!” деб бақирдим. Қария “чақирма, кераги йўқ, мен тузукман” – деди ҳирқираган товушда. Мен қўрққанимдан бақирганимни сезмаганига шукр қилиб ундан ҳол сўраган бўлдим. У эса, сокин овозда: “У кетди” – деди табассум билан. “Энди, қўрқма…” Мен баттар қўрқдим аммо хижолатдан билдирмасликка тиришиб: “Нега қўрқарканман? Ким?… Ким кетди?” – дедим. Қария калта-калта нафас олиб давом этди: “Мамдуааа, Мамдуҳ кетди…”
“Ҳамширааа!!!” бақириб юборганимни сезмай қолдим. Эшик тарақлаб очилиб ҳамшира кириб келди. Чироқни ёқиб сўради: “Тинчликми? Нима бўлди, Аркон афанди?” Нима дейишни билолмай: “тинчлик, фақат чироқни ўчирманг, илтимос, уйқум қочди, китоб ўқимоқчиман” – дедим хижолатомуз. Ҳамшира чиқиб кетгач, қария гап бошлади:
– У кетди, айтадиган гапини сенга ўзи айтмоқчи эди, аммо атрофингга нафратдан шунчалик баланд девор тикибсан-ки, ўтолмади, айтолмади…
– Ким? Қанақа нафрат? Нималар деяпсиз?
– Мамдуҳ келди, капитан Турғут афанди…
– Қачон келди? Мен нега кўрмадим? Сиз уни қаёқдан танийсиз?
– Орангиздан нима гап ўтганини билмайман. У сендан узр сўради. Ишхонасига боришингни тайинлади. Ризолик истади. Ундан қаттиқ хафа бўлганмидинг?
– Ҳа…
– Ўлим барҳақ, ҳаммамизга ҳам навбат келади. Йўлга чиқишдан олдин ортиқча юкларни ташлаб юборган маъқул. Руҳ учун энг оғир юк нафрат бўлади. Нафратдан қутилмаган сироти мустақимдан ўтолмайди, болам. Кечиримли бўлки, сени ҳам яратган эгам кечирсин…
– … Сизга нималар деб шикоят қилди? Нега менга учрамади? Қачон келди ўзи?
– Билмадим, болам, билмадим, туш кўрдим шекилли…
Қария кўзини юмиб чуқур нафас олди. Қайтиб оғиз очмади. Эрталаб капитан Турғут Тунчқояўғли бошчилигидаги бир гуруҳ аскарнинг террористлар билан қилган мардонавор жанги ҳақида хабар кўрсатишди. Не кўз билан кўрайки, қурбон бўлган ҳарбийлар рўйхатининг бошида майор Турғут Тунчқояўғли исми турарди. Ўзимга келолмадим. Бўлиши мумкин эмас, дедим. Бу даҳшатли тушдан тезроқ уйғонишни истадим. Қўлтиқтаёғимни ерга уриб-уриб йиғладим. Аламдан қақшаб-қақшаб йиғладим. Мамдуааа, Мамдуҳ деб йиғладим… Нега йиғладим, билмайман. Нега йиғлашим керак? Ким у менга? – деб йиғладим.
Муолажалар тугаб уйга рухсат беришди. Қария билан ҳам хайрлашдим. У ялинчоқ овозда таъкидлади:
– Уни кечиргин-а, болам! Ишхонасига боришни ҳам унутма. Уни оппоқ нур ичида кўрдим. Рози бўлиб қўйгин…
Касалхонадан чиқиб, уйга эмас, тўппа-тўғри Мамдуҳ хизмат қилган ҳарбий қисмга йўл олдим. Навбатчи аскарга дўстимнинг хизмат хонасига киришим кераклигини айтдим. Мени қисм командири олдига бошлаб борди. Унга бор гапни айтдим. Бирга унинг хонасига кирдик. Фотиҳа ўқиб уни ёдга олдик. Столи устида ёғоч бўлагига қотирилган қизил метал машиначага кўзим тушди-ю, титраб кетдим. Ўша қизил метал машинам. Эшиклари очилиб ёпилади. Битта эшиги тушиб қолган лекин ғилдираклари жойида. Фақат энди босиброқ ортга тортиб қўйиб юборсанг ғизиллаб кетолмайди. Чунки тахта тагликка қотириб қўйибди. Берганимда олдинига “нима қиламан буни?” – деб олгиси келмаганди. Кейин “майли эслаб юраман” деб кулимсирагани ёдимда. Мен битта жон қарзимни узгандек енгиллагандим ўшанда… Машиначани олиб хонадан чиқдим. Эшикни ёпаётиб кўз қирим билан ичкарига қарадим. Креслода ён бурилиб газета ўқиётган Мамдуҳга, ҳа, ҳа, ўша ўзимизнинг Мамдуааага кўзим тушди.
Агар имкони бўлса эди… Истамаган кишиларингни болалигингдан ҳам, хотираларингдан ҳам бутунлай чиқариб ташлай олсанг эди. Мен, бу имкондан бутунлай воз кечган бўлардим. Чунки менинг ҳаётимдан, болалигимдан, хотираларимдан ўчириб ташлайдиган кишим йўқ.

2016. Измир, Туркия