Ёзувчи Мақсуд Қориевнинг акаси ҳақида ёзган эсдаликларини ўқиб чиқдим. Ҳаётий ва ўқишли қисса бўлибди. Энг муҳими, бу ерда ортиқча, ёлғондаками тўқима гаплар йўқ. Ўша оғир, фожиали уруш йилларидаги одамлар қисмати соддагина қилиб чизиб берилган.
Сиз эсдаликларни ўқий бошлайсизу, воқеалар кетидан эргашиб кетаберасиз ва ниҳоят қисса охирлагач, уни тезроқ тугаб қолганлигидан ачинасиз. Мақсуднинг мазкур эсдалик қиссаси акасига ва менинг қадрдон дўстим Маъруфга яхши ёдгорликдир.
Саид АҲМАД,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
1942 йил январь ойининг охирлари, қаҳратон қиш. Акам армияга жўнайдиган бўлиб қолди. Бутун оиламиз, акамнинг дўстлари билан кузатиш учун вокзалга чиқдик. Тумонат одам. Онам тинмай йиғлар, кўзларидан шашқатор ёш оқарди. Чунки тўнғич ўғли, ишонган боғи, суянган тоғи хатарли сафарга кетмоқда. Ундан умидлари катта эди. Бошимда дўппи, совуқдан жунжикиб қулоқларимни ишқалайман. Шу фожиали, қаҳратон қиш кечасида сен ёш бола нима қилиб юрибсан, дейдиган одам йўқ. Мен бўлсам ғурурим кучли, акам гўё Ватанимизга хужум қилмоқчи бўлган ёвуз душманни даф этиш учун кетаяпти, деган фикр миямдан чиқмасди. Қани энди ёшим катта бўлса-ю, акам билан бирга кетиб, душманларни тирқиратиб қувсам, деб ўйлайман.
— Ҳой бола, сен нима қилиб юрибсан, ундан кўра сўлагингни артиб ол, — дейди бир киши.
Рўмолчам йўқ, енгимнинг учи билан бурнимни артиб, менга дашном берган қўпол одамдан жаҳлим чиқиб, унга ўқрайиб қарайман.
Кўзим акамда. Ажойиб шоир, дилбар йигит. Жингалак сочлари ўзига ярашган. Ёзган қўшиқлари элга манзур. Ҳов анави серсавлат, сочлари ўзига ярашган йигит мусиқачи, акамнинг шеърларига куй басталаган моҳир созанда Мамадазиз Ниёзов деган бастакор. Акамни жон-дилдан яхши кўради. Анови мағрур турган йигит эса акамнинг қадрдон дўсти шоир Туроб Тўла, у ҳам ажойиб ширинсухан йигит. Оппоқдан келган, хушбичим йигит бўлса, раққослар устаси Али Ардобус, акам у билан колхоз-совхоз театрида бирга ишларди. Улар кўпинча бизнинг Себзордаги уйимиз болахонасида йиғилишарди. Ўша ерда ижодий учрашувлар, шеърхонликлар, хонаки мушоира кечалари ўтарди. Анави бурни катта, бўйи баланд, қадди-басти келишган йигит бўлса Саид Аҳмад деган ёзувчи. Шеър ёзмайди. Аммо дўстлар доирасида ҳаммани кулдириб, қизиқ-қизиқ ҳангомалар тўқиб ташлайверади. Мен ҳам унинг ҳазил-ҳузул гапларини ёқтираман. Қизиқ-қизиқ ҳикоялар айтади-ю, ўзи кулмай тураверади. Унинг туриши ҳам, юриши ҳам қизиқ.
Қаранг энди, шу қадрдон, вафодор дўстлар акамни сафарга кузатгани, шу қишли-қировли кечада вокзалга чиқишган. Бир-бирларидан айрилиша олмайди. Буларнинг тақдири не кечаркин? Яна қайтиб учраша олишармикин? Кўнглимни ўкситувчи бир аламни туяман. Ғамгин хаёллар бошимда айланади.
Шу вақт келишган бир қиз қўлида бир даста гул кўтариб, ховлиққанча келиб қолди. Уни кўриб акамнинг чеҳраси очилиб кетди, бехосдан «вой, Юлдуз келди», деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Ҳамманинг кўзи Юлдузда, ҳайрон, шундоқ қаҳратон совуқ, кечада гул кўтариб келган бу ошуфтаҳол қиз ким бўлди экан ўзи? Кузатишга келганларнинг диққат-эътибори Юлдузда. Улар акам билан иккаласи сўзлашмасдан бир-бирларига қараганча сукут сақлашар, гўё шу жимжитлик сўнггида катта бир ички туғён, соғинчли фироқ ётгандек. Кўзлари гирён, юлдуздек милтиллайди, айрилиқ дардига зўрға чидаб учиб кетай, деб турибди, иложи бўлса лип этиб поездга чиқиб олса…
Урушнинг ўша оғир йиллари, бундай ўйлаб қарасам, акамнинг куч-қувватга тўлиб, ижод майдонига дадил кириб келаётган даврлари эди. Қарангки, ўша нозик, халқчил, табиат ва инсон муҳаббати, садоқатини, она Ватан мадҳини куйловчи дилбар қўшиқлари, энди машъум уруш мавзуларига айланиб кетадигандай туюларди менга. Акам кетгандан кейин дастлабки хатлари Бессарабиядан келгани ёдимда. Кўпинча онам номига мактуб йўллар эди. Уларнинг ичига юракни тўлқинлантирувга шеърлар ҳам қўшиб юборарди.
Мана ўша хатлардан бири:
«Азиз онажон, адажон, сиз азизларимга, меҳрибонларимга узоқ ўлкалардан салом йўллайман. Бу ерларга келиб қолишимни сира-сира ўйлаб кўрмаган эканман. Қарангки, қанча азоб-уқубатлар билан бир дашти-биёбондек жойга олиб келиб ташлашди. Совуқ қурғур жонингни олади, ҳартугул келишимиз билан иссиқ кийимлар беришди.
Ҳаво совуқ, келаётган шумхабарлар ундан ҳам совуқ. Ғарбий Украина билан Ғарбий Белорусияни забт этиб, эрта-индин бизга уруш бошлар эмиш, деган нохуш хабарлар юрибди. Нега уруш бўлар экан, у кимга керак? Ахир, бизнинг Ўзбекистонимиз кимга хавф солаётган эмиш, тушунмайман.»
Мактубнинг сўнггида менга ёзилган тўрт энлик хат ва акамнинг «Тўрт томчи кўз ёши» деган ниҳоятда таъсирли шеъри ҳам бор эди. «Уни сен азиз дўстим шоир Туроб Тўлага олиб бориб бер, ҳозир у радиода ишламоқда. Агар иложи бўлса, шеърларимни «Қизил Ўзбекистон» газетасига етказсин. У ерда танишлари кўп», деб ёзган эди.
Мен «Тўрт томчи кўз ёши» шеърини ўқиб чиққанимда, шеърнинг бошланишидаги бир жойига эътибор бердим.
Эсингда бор бўлса нигорим, жоним,
Кузатиш учун деб вокзалга чиқдинг.
Шу дафъа кўзингда севимли ёрим,
Кўп эмас, тўрт томчи ёшингни тўкдинг?..
Бу ўша, вокзалга кузатиш учун чиққан Юлдузга қаратилган сатрлар эди. Кейин анча вақтгача хат келмай қолди.
Хатларим ичида Маъруф акамнинг Донецкдан ёзган бир мактуби сақланиб қолган экан.
«Оғир дамлар, Инсон қулоғи эшитмаган ёвузликлар.
Тинч замонлар қайда қолди, нега мен шу дўзахга тушиб қолдим.
Кўзимнинг нури Онажон. Шундай оғир дамларда Сизларни эслайман, соғинаман, меҳрли қарашларингиз, куйиб-ёниб юришларингиз кўз олдимда намоён бўлади. Уйга келганимда бир коса иссиқ паловни меҳр билан келтириб қўйишларингиз ҳеч ёдимдан чиқармиди! Меҳрибон дадажон, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Опаларим, укаларим, сизлардан илтимос, менинг йўқлигимни билдирмай, ойимга, отамга яхши қараб туринглар. Бу ерда Ўзбекистондан келган ажойиб йигитлар билан танишиб қолдим. Шоир Назармат, Маҳмуд Мусаев деган тахтапуллик йигит, Вали Умаров, яна фронт газетасида Тўғон Эрназар деган шоир билан дўстлашиб қолдик.”
Мактуб билан яна бир даста шеър. Уни мен радиога олиб бориб беришим керак. «Донецкдан хат» деган шеър шундай бошланарди:
Яна кўклам, соғинтирар баҳор онларинг,
Баҳор кўркинг, баҳор завқи армуғонларинг.
Жилваларинг, гулзорларинг муштоқидурмен,
Амал олсин орзуларинг ва армонларинг.
Акам менга ёзган бир хатида ўша Тошкент вокзалида кузатувга чиққан Юлдуз деган қизнинг номига ёзган хатини қизнинг манзили билан қўшиб юборган экан. Маъруф акамнинг топшириғи билан қидириб, қизнинг уйига бордим. Афсуски, Юлдуз аллақачон турмушга чиқиб кетган экан. Кейин мен акамга бу ҳақда ҳеч нарса ёзмадим. Истиҳолага бордим, хафа бўлмасин деб.
Бир сафар акам юборган шеърларни шоир Туроб Тўлага олиб бориб берганимда, бўлган воқеани сўзлаб бердим. Афтидан, Туроб ака фронтга йўллаган хатида Юлдуз ҳақидаги гапларни ёзган бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки акам кейинги хатида бу ҳақда бирор марта ёзмади, эсламади ҳам.
Ушбу мавзуга яна қайтадиган бўлсак, акам уруш тугагач, таътилга келганида, биргалашиб бир қадрдон дўстимизникига меҳмонга бордик. Дўстимнинг туғилган куни бўлгани учун анчагина қадрдонлари йиғилишган экан. Уйнинг тўрида барчанинг эътиборига тушиб ёш, дўндиққина бир аёл эри билан ўтирарди. Аёл кўзимга жуда таниш кўринарди. Кимнидир эслатарди. Хаёлларим тўзғиб, акамга қарадим, у кўзларини бир нуқтага тикканча ўтирибди.
— Ака, овқатлардан олиб ўтиринг, — дейман. Лекин Маъруф акам яна жим, қуйилган ароқдан кетма-кет ичарди, аммо овқат емасди, хаёл дарёсига чўмиб, миқ этмай ўтира берди.
— Ака, анави аёлни қаердадир кўргандайман, аммо эслай олмаяпман, — дедим.
Шу вақт пастроқда ўтирган бир киши қадаҳ кўтариб:
— Азиз дўстлар, шу қадаҳни кечамизнинг азиз меҳмони Содиқ акамиз ва ул кишининг рафиқалари севимли Юлдузхон опамизнинг саломатлиги учун кўтарайлик, — деб қолди.
Эсимга тушди, бу ўша, ҳа, урушнинг ўша оғир дамларида акамни вокзалда кўз ёшлари билан кузатиб қўйган Юлдуз… Бир акамга, бир аёлга қарадим. Тошкент вокзали, ўша қаҳратон қиш, бир-биридан ажралолмай турган, илк муҳаббат лаззатлари билан сармаст қалблар, меҳрли-севгили кўзлар кўз олдимдан ўтди. Акам сукутда, аёлга қарадим, кўзларида ўша тўрт томчи кўз ёши акс этгандек кўринди менга. Тақдир экан, қонли уруш инсон ҳаётига, қисматига қандай таъсир кўрсатганлиги кўриниб турибди. Бунда ҳеч кимни айблаб ҳам бўлмайди.
Ўшанда акам гапдан-гап чиқиб, менга фронтда бирга жанг қилган, неча бор ўлимга тик бориб, бирга қон кечган, худди ака-укадек қадрдонлашиб кетган бир дўсти ҳақида яна бир ҳикояни сўзлаб берди:
— Мен Умарали Воҳидов билан биринчи бор фронт штабида кўришиб қолдим. Кейин у билан бир қисмда жанг қилишга тўғри келди. Жуда ажойиб, хушчақчақ йигит ўзи. Урушнинг оғир дамлари эди. Ўшанда куни-кеча соппа-соғ юрган жангчидан бир зумда ажралиб қолиш ҳеч гап эмас эди. Жанг олдидан икки дўст қучоқлашиб, ўпишиб хайрлашардик, бир-биримизга сиҳатлик, омад, ғалаба тилардик. Бир куни Умарали жангга кетиб, қайтмади. Мен хавотир олиб суриштирсам, ярадор бўлиб, яқиндаги дала госпиталига тушиб қолибди. Ўша куниёқ госпиталга бордим, саломат эканлигини кўриб, ўзимда йўқ қувондим. Кейин ҳар куни бўш вақт топиб, дўстимнинг ҳол-аҳволидан бир бор хабар олиб келардим. Умарали Воҳидов ҳар борганимда кўзига ёш олиб, соғ-омон қолганлиги учун минг-минг шукур қиларди. Икки ҳафтадан кейин Умарали тузалиб чиқди. Дўстимнинг сиҳат-саломат келганлиги учун от гўштидан бир амаллаб ош қилдик.
Жанг тобора кескин тус олар, мамлакат учун ғоят оғир пайт, ҳаёт-мамот жанги бормоқда эди. Қаттиқ жангларнинг бирида Умарали Воҳидов яна оғир ярадор бўлди. Мен уни ўқ ёмғирлари остида жанг майдонидан не-не азоблар билан олиб чиқиб, кейин зудлик билан госпиталга жўнатдим. Шунда ҳам кўнглим бўлмай, орқасидан тезда ўзим ҳам етиб бордим, Умарали жарроҳ хонасида экан. Мени таниб: «Раҳмат, умрбод унутмайман сизни», — деди пичирлаб.
Жарроҳ бир гуржи аёли экан. Дўстимни сақлаб қолишни ундан ёлвориб сўрайман. Аёл: «Кўп хавотир бўлманг, тузалиб кетади», — деди мени ишонтириб.
Бу воқеа 1942 йилнинг авжи қиш чилласида рўй берганди. Душман кўп талофат кўрса ҳам, ҳужумни кучайтирмоқда, биз бир неча шаҳар ва қишлоқларни бўшатиб, вақтинчалик орқага чекинмоқда эдик. Шу тўполон ичида госпитал ҳам бошқа жойга кўчиб, Умарали Воҳидовни йўқотиб қўйдим. Кейин қанча қидирмай, суриштирмай, дўстимни топа олмадим. Фақат 1944 йилнинг бошларида тошкентлик қуролдош ўртоғим гвардия майори Маҳмуд Мусаевдан хат олдим. Умаралини танирди, мен билан қадрдонлигимизни ҳам биларди. У ўз хатида дўстим Умарали Воҳидов Тошкентда министр лавозимида ишлаётганлигини билдирган эди.
— Бўлмаса, ўша министрликка бора қолайлик, — дедим акамга.
Ўша куниёқ акамнинг қадрдон дўстини сўроқлаб министрликка бордик. Йўл-йўлакай икки дўстнинг самимий учрашув дақиқаларини тасаввур қиламан, кўз олдимдан ана шу бўлғуси қувончли дамлар ўта бошлади.
Министрлик қабулхонаси одамлар билан тўла. Мен акамга имо қилиб, қабулхона котибасига мурожаат қилишни айтдим. Акам жуда камтар, содда йигит бўлганлиги учун менинг имо-ишорамга эътибор ҳам қилмай, индамасдан бориб, бўш стулга ўтирди. Мен ҳам акамнинг олдида одоб сақлаб, унинг ёнига чўкдим. Қабулхона котибаси «нимага келдинглар», дегандек қарайверди. Кейин бориб: «Бу киши Умарали Воҳидовнинг қуролдош ўртоғи, агар иложи бўлса министрга кириб айтсангиз», деб акамнинг исми шарифини ёздириб қўйдим.
Котиба ўша заҳотиёқ министрнинг хонасига кириб кетди. Юрагим бетинч, гуп-гуп уради. Хаёлларим тўзғиган… Ўзим ҳам ўлгудек хаёлпарастман-да! Котиба кириб кетгач, шу аснода бўлғуси учрашувни хаёлан шундай тасаввур этаман…
«…Министр хонасининг эшиги очиладию, ичкаридан ховлиққанча Умарали Воҳидов чиқиб келади. Министрни кўриб қабулхонада ўтирганларнинг ҳаммаси оёққа қалққанча, қўлларини кўксига қўйиб тантанавор туришади. Акам ҳам жанговар дўстини кўриб, икковлон қучоқлашиб кўришиб кетишади. Улар энди ҳамма нарсани унутгандай, бир-бирларига тўймай, ҳатто сўзлашишга ҳам ўрин қолмагандай бағирларини бағирларига босишади.
— «Азиз дўстим, қадрдоним, дунёда бор экансан-ку, сени йўқотиб қўйган эдим, ҳартугул сиҳат-саломат экансан. Ўзинг ҳам жонон йигитсан-да, ўртоқ капитан. Қара, нишонлар муборак. Жанговар «Қизил юлдуз»-а, баракалла, қандингни ур! Бутун Оврупони айланиб чиқибсан-а, жаҳонгашта йигит.
Министрнинг сўзларига ҳамма турганлар чапак чалиб юборди. Мен ҳам.»
Шу ерга келганда хаёллар тасмаси узилди.
Беш-ўн дақиқа ўтгач, ичкаридан кўзойнакли басавлат бир киши чиқиб кетди. Қўнғироқ чалинди. Котиба ёндафтарни кўтарганча кирди-ю, орқасига қайтиб чиқиб, «киринглар» деб, бизга ишора қилди. Бўлажак учрашувни ўйлаб, яна юрагим гуп-гуп ура бошлади.
Биз министр ҳузурига кириб бораётирмиз-ку, хонадаги бўлажак учрашув яна ўша кино тасмасининг давомидек, яна кўз ўнгимдан ўта бошлади:
«Акамнинг дўсти хонанинг ўртасида қучоқ очиб қарши олди. Жанговар дўстлар бир-бирларини ўпишиб, ялаб-юлқаб кетишди. «Эсон-омон келдингми, дўстим, қадрдоним, сени жуда соғиниб кетдим-ку!» «Кўринишларинг яхши, туф-туф, кўз тегмасин, тағин жанговар нишонларинг муборак бўлсин, чиройли нишонлар экан, қара-я, Варшава, Бухарест, Белград, Берлин… Энг муҳими соғ-саломат экансан, биз учун ана шуниси муҳим…» Кейин у акамни яна қучоқлади.»
Бу, албатта, менинг фикрим кўзгусидаги ширин хаёлларим. Ўзимча тафаккуримдаги кино десам ҳам бўлади…
Умарали Воҳидовнинг хонасига кирганимизда, у телефонда ким биландир гаплашаётган эди. Кейин бизга юзланиб:
— Эй, дўстим-ей, кетаман дегин-а, яна дийдорингга тўймай қоларканман-да. Мен ғарибни кимларга ташлаб кетасан, раҳмсиз?!
У оғир жудоликка учраётгандек қайғули бир алфозда, хайр азизим, кутаман, сабрсизлик билан кутаман, деди йиғламсирагандай.
Сўнг у хайрлашмоқ учун қўл узатди. Акам совуққина қўлини берди-ю, эшик томон кетди.
Акам уйга боргунча чурқ этмади. Кейин армиядан бўшаб келгандан кейин ҳам қуролдош ўртоғи ҳақида бирор марта ҳам сўз очмади…
Энди ўйлаб қарасам, ўша собиқ тоталитар тузум даврида амалдорликни ўзларига абадий берилган, деб биладиган айрим раҳбарлар дўстлик, қадрдонлик деган нарсани фақат одамларнинг мавқеига, даражасига қараб белгилар эканлар. Ахир, амал кишиларга абадий берилмайди-ю, «Қуш осмонга учгач, албатта ерга қайтиб тушади», дейди бобокалонларимиз.
Биз Тошкентнинг Себзор маҳалласидаги болахонали уйда турардик. Баҳор бўлди дегунча Юнусободдаги дала боғимизга кўчиб, то кеч кузгача ўша ерда яшардик.
1943 йилнинг баҳор ойида бирдан шаҳардаги уйимизга ҳарбий либосдаги бир қиз кириб келди. Хушқомат, чиройли. Мовий кўзлари денгизга ўхшайди. Кўкрагида «Қизил Юлдуз» нишони, бир қанча нишонлари…
Кириб онам билан қучоқлашиб, бағрига босиб кўришди.
— Меня зовут Наташа Архипова. Я от Маъруфа, вашего сына, он вам большой привет передавал, — деди майин жилмайиб.
Онамга унинг гапларини таржима қилиб бердим.
— Вой ўлмасам, боламни олдидан келдингми, ўзи соғми-саломатми, қани ўғлимни кўрган кўзларингдан бир ўпай, деб ойим қизнинг кўзларидан, юзларидан ўпа бошладилар.
Хуллас, шундан сўнг дарҳол дастурхон ёзилган, онаизор эмасми, йўқ ердаги нарсаларни келтириб дастурхонга тўкиб солдилар. Бир пасда чой ҳам қайнаб келақолди. Мен бўлсам таржимон.
— Сени кўриб, «қизимка», ўғлимни кўргандек бўлдим, бўйи-бастингдан ўргулай сени, — деб бироз кўз ёши ҳам қилдилар.
Қиз онамнинг сўзларига унча тушунмас, аммо онаизор нима деяётганини дилидан сезиб турарди.
Онам шўрлик фронтдан хушхабар келтирган қўғирчоқдек бу кўҳлик қизни қайга ўтказишни билмас, нима қилсам шу аёлга ёқар эканман, дегандек уни етаклаб хоналарга олиб кирар, деворда осиғлиқ турган акамнинг расмини кўрсатиб: «Хўп ажойиб ўғлим бор-да, ўзи ҳам йигитмисан йигит, ҳали тўйлар қиламиз, эсон-омон келса уйлантириб қўяман, бир яхши қиз ҳам топиб қўйганман, ҳа, сенга ўхшаган чиройли», деб ҳарбий қизни яна бағирларига босиб қучоқлардилар.
Онам кейин сандиқни очдилар-да, ундан келинига атаб қўйган саруполардан ички кийим ва битта хонатлас кўйлакни олиб Наташага бердилар. «Ма, кийиб ол, мана бу уруш кийимларингни ечиб ташла, тананг бироз дам олсин», дедилар аёлга меҳри яна ҳам товланиб кетиб.
Наташа онам берган кийим-бошларини олди-да, ювиниш хонасига кириб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг ювиниб-тараниб, ҳалиги хонатлас кўйлакни кийиб чиққан эди, онам ҳайратдан лол бўлиб қолди:
— Вой ўлмасам, келин пошшанинг ўзи бўлдинг-ку, атлас кўйлак бирам ярашибдики, ўзинг ҳам укпарга ўхшайсан, оппоқ қизим…
Наташа онамнинг гапларига тушунмас, кулганча кўйлагининг уёқ-буёғини тузатган бўлар, кейин келиб қаршисида завқ билан турган меҳрибон аёлни қучоқлаб юз-кўзларидан ўпа бошлади. Кейин онам менга баъзи бир бозор-ўчар ишларини буюрдилар-да, ўзлари қилган саховатли ишларидан хурсанд бўлиб ўчоқ бошига бориб, кечки овқатга уннадилар.
Кечқурун овқатдан сўнг Наташа жомадонини очиб, майда-чуйдаларни саранжом-саришталай бошлади. Онамга жундан тўқилган иссиқ кўйлак, бошига чиройли шоҳи рўмолча солди. Менга бўлса зобитлар тақадиган соат берди, устидан каноп билан бойланган картон қутини очиб, бир костюм олиб «Дадамга бер» деб тайинлаган, деди. Кейин опаларимга кўйлак, рўмол, турли тақинчоқларни олиб қўйди. Сўнг жомадон чўнтагига эҳтиётлаб солиб қўйилган, онам ва отам номига битилган хатни тутқазди. «Буни акангиз бериб юбордилар. Унда ҳамма гап ёзилган», деб қўйди.
Хатни очиб, овоз чиқариб ўқий бошладим ва йўл-йўлакай таржима қилиб бердим:
«Меҳрибон онажоним, азиз отажоним. Саломдан сўнг сизларга маълум бўлсинки, ушбу хат олиб боргувчи Наташа Архиповани мен учун энг қадрдон, севимли аёл деб билурсизлар. Тўғри гапни айтсам, мен унга уйландим. У мени бир неча бор ўлим ва офатлардан қутқариб қолган. Уни ранжитмай, ўз фарзандингиздек қабул этгайсизлар. Омон-эсон қайтиб борсам, эл-юртга катта тўй қилиб берурман.
Онажон, хафа бўлманг, нега ўғлим берухсат уйланибди деб, Наташа жуда ҳам одобли, меҳнаткаш қиз. Мени қандай кўрсангиз, унга ҳам шундай меҳр билан қаранг. Ўз қизингиздай…
Сизларга ҳурмат-эҳтиром билан соғиниб қолгувчи ўғлингиз Маъруф, 1943 йил, октябр.”
Онам хатни бошдан-оёқ эшитдилару, ранглари докадек оқариб кетди. Киприклари пир-пир учар, лаблари гапга келмай титрарди. Тиллари сўзга келмас, йиғлашни ҳам, қувонишни ҳам билмасдилар.
Онамнинг нафаслари ичларига тушиб кетгандай эди. Бошларига ўраб олган совға рўмолни ечиб, ёстиқ устига ташладилар. Кейин жазавалари тутди:
— Бу нима қилгани, сўрамай-нетмай. Энди куним шунга қолибдими? Эси йўқ аканг нима иш қилиб қўйди-а? Қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар олдида не деган одам бўлдим. Мен уни тилини тушунмасам, зотини билмасам. Астофурулло, астофурулло! Энди менга шу ташвиш ҳам бор эканми?
Онам кўзларига ёш олдилар.
Онамнинг сўзларига уялиб кетдим. Яхшиям Наташа ўзбекчани билмайди, гапларини тушунмайди. «Нима бўлди ўзи, ойим нега йиғлаяпти», деб уларга яқинлашиб кўнгилларини кўтармоқчи бўлар, онам бўлса унга қараб: «Нари тур, суйкалма менга, бор ўша ўғлимнинг ёнига», деб тескари ўгирилиб олдилар. Наташа ўнғайсиз аҳволда эди, не қиларини билмай бир ойимга, бир менга қарар, кейин пешайвон чеккасидаги қозиққа илиб қўйилган шинелини кийиб, бир чеккада очиқ турган жомадонига майда-чуйдаларини пала-партиш сола бошлади. Асаби бузилганлигидан қўллари титрарди. Шўрлик, шунчалик бўлишини кўз олдига келтирмаган бўлса керак. Кейин менга қараб:
— Майли, онамга тушунтиринг, кўп хафа бўлмасинлар, мен кетаман, — деди-да эшик томон юрабошлади.
Энди менинг ҳам жаҳлим чиқиб, ўзимни тутолмадим:
— Оййи, нима қилиб қўйдингиз, ахир, энди бутунлай кетиб қолади-ку! Акамга нима деймиз?
Энди ойим ҳам қизиқ бир ҳолатда, нима қилишларини билмай аросатда турар эдилар.
Менга юзланиб:
— Бўлмаса нима қилай, ахир! Агар хотини бўлса, анави тепадаги акангнинг ўзи ётадиган уйга кириб тураверсин, — дедилар бироз жаҳлдан тушгандай.
Хурсанд бўлиб кетдим, чопа бориб: «Ҳеч қаерга кетмайсиз, онам шундай дедилар, шу ерда турасиз”, — деб, қўлидаги жомадонини олиб, акам турадиган уйга қўйиб чиқдим.
Наташа ҳам онамнинг ҳолатини тушундию, ўзи гап бошлади:
— Ойижон, асло хафа бўлманг, Маъруф эсон-омон қайтиб келса… унгача бирга тураверамиз, ҳаммаси яхши бўлади, агар қачон кет десангиз, кетавераман, — деди кулимсираб.
— Яна иршаяди-я, биров ўлай деса, биров кулай дермиш, ана ўша болахонага кириб туравер, — дедилар онам яна хонани кўрсатиб.
Шундан кейин бир неча кун ўтди. Ҳаммаёқ жойига тушгандай. Наташа келгач, хонадонимизга гўё файз киргандай эди. Қаровсиз бўлиб қолган уй-ҳовлилар анча тартибга тушди. Наташа бозордан оҳак олиб келиб ҳаммаёқни оқлади, деворларни сувоқ қилди. Ўзи ҳарбий Комиссариатга бориб, вақтинчалик ишга ҳам жойлашди.
Ўша йили кузда мен ҳам Тошкент давлат ҳуқуқшунослик институтига ўқишга кириб олган эдим. Бир куни ўқишдан қайтиб келсам, ойим уйда бир ўзлари ўтирган эканлар. Салом бериб ёнларига чўккаладим. Қани келинлари ҳақида нима дер эканлар деб, оғизларини пойладим, лекин ойим анчагача бу ҳақда оғиз очмади. Охири ўзим гап бошлашга мажбур бўлдим:
— Қалай энди, келинингиздан хурсандмисиз?
— Айланай болам, яна келинингиз дейсан-а, мен сенга айтсам, барибир бўлмайди, аканг қайтиб келганда нақ онаси ўпмаганни олиб бераман.
— Ахир, Наташанинг нимаси сизга ёқмаяпти?
— Сен менга ҳадеб бунақа савол бераверма, бу қизни ёмон деяпганим йўқ. Оёқ-қўли чаққон, ўзи жуда меҳрибон, вақти келса устимда ўлиб қолади. Ишдан чарчаб келса ҳам кечаси билан уй тозалайди, кир ювади. «Ҳай, қизимка, ухла энди», десам ҳам қаёқда дейсан…
— Ана, кўрдингизми, сиз бўлсангиз…
— Эй, барибир охири вой, бўлмайди, — дедию, онам ер остидан менга қараб қўйдилар.
— Тушунолмадим, ўзингиз мақтайсиз-ку, кейин яна бўлмайди, дейсиз? Бу қанақаси?
— Эй болам, нега ҳадеб менга унақа дейсиз, бунақа дейсиз, деяверасан! Ахир, мен уни ёмон, деяпганим йўқ-ку! Мана, куни кеча ишхонасидан маош олибди, ҳаммасини қўлимга олиб келиб тутқазди, — дедилар ва рўмолчага тугиб қўйган бир даста пулни олиб менга кўрсатдилар.
— Ана, кўрдингизми, бунақа келинни қаердан топасиз?
Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтди. Бир куни Наташа ишдалик вақтида Маъруф акамдан хат келган экан, ойим мени чақириб қолдилар.
— Ўқиб бер-чи, нима деб ёзибди. Ҳаммасини ўқи. Анави Наташага ёзганини ҳам ўқи, нима деган экан?..
Наташага аталган жойини ўқиб бермадим. Хатнинг сўнггида: «Онажон, Наташа сиздан жуда хурсанд, худди ўз қизингиздек меҳрибонлик кўрсатибсиз, бунинг учун катта раҳмат», дейилганди.
— Ҳа, хурсанд ҳам бўлмасинми? Ахир, суқсурдек ўғлимни бериб қўйганимдан кейин…
Шундан бир ойча вақт ўтгач, бир куни ҳовлида майда-чуйда ишлар қилиб юрган эдим, онам келиб:
— Ҳой, болам, анавига бир бало бўлдими? Икки кундан бери ишга бормайди, ётоқчилагани ётоқчилаган. Касалга ўхшайди. Доктор чақириб берсангмикан, — дедилар.
Наташанинг хонасига кирдим. Унинг ранги анча кетиб қолган. Катга ёнбошлаб, оёғига иссиқ грелка қўйиб, китоб ўқиб ўтирарди.
— Нима бўлди, ишга ҳам бормабсиз?
— Таътилга чиқдим, — деди хиёл кулимсираб.
— Ишга кирганингизга бир йил бўлгани йўқ-ку, дарров таътил беришдими?
— Ҳа, беришди, гапнинг ростини айтсам, декрет таътилига чиқдим, — деди уялибгина.
Мен Наташанинг ёнидан чиқиб, ҳамма гапни онамга ётиғи билан тушунтирдим.
Онам бу хабарни эшитдилару, чопганча Наташанинг хонасига кириб кетдилар. Жуда ҳам қўрқиб кетдим, онам яна жанжал бошласалар нима бўлади, деб ҳадиксирадим. Кейин онамнинг орқасидан юриб, эшикка яқинлашган эдим, ичкаридан ҳаяжон билан гапираётган овозлари эшитилди:
— Вой болам тушмагур-ей, шундоқ экан, бир оғиз айтсанг бўлмайдими? Ахир, мен бегона эмас, онангман-ку! Худога шукр, невара ҳам кўрадиган бўлибман! Боламнинг боласи…
Баҳор бўлиши билан биз Себзордаги шаҳар ҳовлимиздан Юнусободдаги дала боғимизга кўчиб кетдик. Отам жамоа хўжалигида ферма мудири бўлиб ишлар эдилар. Мен, онам, Наташа дала боғимизда яшай бошладик. Ўшанда Наташанинг ой-куни яқинлашиб қолган эди. Далага кўчиб борганимиздан кейин келинпошша қўчқордек ўғил туғиб берди. Отам унга Баҳодир деб ном қўйдилар.
Аммо акам урушдан кейин ҳам ҳарбий хизматдан бўшамадилар. Хизмат қилишни давом эттирдилар. Ўғиллари Баҳодир бир ёшга тўлган, жуда ширин, ёқимтой бола бўлган эди.
Бир куни Наташа кечқурун оила даврасида суҳбатлашиб ўтирган чоғимизда:
— Юртимни, ота-онамни соғиндим, Маъруф ҳали келмайдиганга ўхшайди, агар рухсат берсангизлар, ота-онам олдига кетсам, — деб қолди.
Ҳаммамиз бир бўлдик, унинг ўзи бир сўзда туриб олди. Розилик беришдан бошқа иложимиз қолмаган эди.
Акам армиядан қайтиб келгач, дастлаб Юнусободдаги ўрта мактабда муаллим бўлиб ишлади. Замон тақозоси билан ўша мактабнинг муаллимаси Сафурахон Ҳакимовага уйланди. Бу ота-она амри билан бўлди. Кейин Маъруф акам ўқитувчиликдан Ўзбекистон Радио эшиттиришлари давлат қўмитасига ишга кирди. Акамнинг яна ижод майдонига кириши ана шу даврдан бошланди.
Ҳаётнинг ҳеч ким билмас, ўзига хос қонуниятларини қарангки, акам вафотидан бир неча йил ўтгач, Наташалар хонадонидан хушхабар келди. Ўғиллари Баҳодир ўз укаларига совға-саломлар юборибди. Акамнинг фарзандлари — Гўзал, Алишер, Гулнора, Ҳамза, Феруз ва Гулёрани ўз юртига меҳмонга чақирибди. Маълум бўлишича, Баҳодир катта тижоратчи бўлиб кетган эмиш. Учта фарзанди бор экан — Маъруф акамнинг неваралари…
Биз учун қардошлик иплари олис Украинада ҳам томир отаётганлиги, дўстлик ришталари нақадар мустаҳкам боғланаётганлиги яна ҳам қувончли эди.