Манзура Абдуллаева. Кулранг автобус (ҳикоя)

Одамларнинг кулгуси унга найзадек санчилди. Йиғидан овунч ахтарди. Бўлмади. Кулгучиларнинг афтида зиғирча ўзгариш сезмади. Юракларининг ўрнида тош бордай оғизларининг жияги йиғилмади. Нигоҳларининг наштари яралагандан яралайверди. Дардига малҳам кутганлари қайтангга туз сепиб севинишди. Наҳот дунёда раҳм-шафқат анқонинг уруғига тенглашиб қолди. Наҳот одамлар бир-бирларининг йўлларига эмас, кўзларига чироқ тутишга ўтишди. Наҳот йиғлаганни юпатишдан кўра устидан кулиш эпга айланди. У ўйлаган сайин ўйининг охири кўринмасди. Бундай пасткашлардан йироқ кетишга уринди.
Тўрт тарафи қиблаю, қаёққа юрмоғи ноаён. Одамларнинг шивир-шивирию, илжайиши уни қутуртириб, ғазабини жиловлашга қўймасди. Охири бефойдалигини анлагач, ичидаги аччиқ-аччиқ аламларини аритишга жўнади. Бир вақт олди ойнаси қирғоғидаги катта картон қоғозга 5 рақами ёзилган кулранг автобус яқинлашиб тўхтади. У тезгина чиқишга улгурди. Айни дам бошига тушган мусибатлардан кўксида тўлиқиб турган изтироб оғриқлари чорасизликдан бутун вужудини тушкунликнинг зулмат қаърига тортарди. Хаёлида гўё автобусда ҳаво камайиб, тобора нафас олишга етмаётгандек туюларди. Ҳозироқ эшик очилиб, тушиб қолмаса, ҳаёт билан видолашадиган аҳволда сезарди ўзини. Лекин ҳайдовчига “Тўхтатинг!” дейишга журъати етмади.
-Салом, ёнингизга ўтирсам бўладими? – Нотаниш қизнинг овози эшитилди.
Илтифотли бош силкишга улгурмасидан ҳамроҳи ёнини эгаллади.
-Бу автобусга биринчи бор чиқишим.
-Мен ҳам, – деди у дераза ойналаридан кўз узмай секингина.
-Қаёққа кетяпсиз? – сўради қизиқиб.
– Онам билан учрашгани. – У “Сенинг ишинг нима?” дегандек ёнидаги етти ёт қизга ғалати қараш қилди-ю, шеригининг фаросати буни тушунишга етмади.
-Мен бўлсам бувимни кўргани шифохонага шошяпман. Оғир касал эканликларини эшитибоқ сабрим чидамади. Аксига олиб енгил машина келавермади.
У “Бунинг менга нима дахли бор” деб ичида ўйладию, бирдан ўзи айнан шу бешинчига чиқиб олгани ғалати туюлди.
-Бувимдан жуда ҳавотирдаман. Ахир болалигимдан бағрига босган, бошимни силаган, оқ ювиб-оқ тараган, емай-едириб, ичмай-ичириб, киймай-кийдириб катта қилган-да.
-Ота-онангиз-чи? – “Йўқми?” дейишга ийманди ҳамроҳи етти ёт бегона бўлса ҳам.
-Ажрашишган, икковлариям бўлак оила қуриб кетишган.
У қандай далда беришни билмай каловланди. Одатда ўзи учраганга дарди дунёсини очиб-сочадиганлар хилидан эмаслиги учун бундайларни жини суймасди. Лекин жим ўтиролмади.
-Тақдирдан ким қочиб қутула олган. Доғи боракан деб тунимизни ёғдуга тўлдирадиган ойдан воз кечолмасак керак. Яқинларимиз узоқда бошқа-бошқа жойда туришсаям уларнинг тирик яшаётгани чиройли давлат эмасми.
-Йўқ! Асло!
У ўзи билмаган ҳолда тутаб, ёнишга чоғланиб турган гулҳанга керосин сочиб, ловиллатиб юборганини пайқаб қолди. Киприклари пирпиради. Айбсиз айбдор аҳволга тушди. Таскин сўзларининг тескари таъсиридан аламзадалиги жунбушга келган ҳамроҳи энди ёнига астойдил ўгрилиб олди. Жағи очилгандан очилди, овозини кўтариб бидиллашидан осонгина тинадиган кўринмасди.
-Сизнингча, фарзандни дунёга келтиришнинг ўзигина ота-оналик саналадими?! Болани туғдириб қўйиб, кейинги ҳаёти, тақдири билан зиғирча қизиқмаган ота отами?! Болани туғиб қўйиб, ўйлаб-нетмай қари бувининг қўлига ташлаб кетган она онами?! Жигаргўшасини серғалва ёруғ оламнинг эшигидан киритиб юбориб, ёлғизликнинг, тирик етимликнинг аро йўлида мунгли кўзларини жавдиратиб, бетакрор болалик бахтидан жудо этиш, умр бўйи оғриқли ўкситиш ота-оналикми?! Мени шу пайтгача қийнаган савол: Нега тенгдошларимнинг туну кун ўйлайдиган, елиб-югуриб ташвишини чекадиган, эртасининг, яхши билим олишининг, яхши тарбияланишининг ғамини ейдиган, муассасама-муассаса, ўқитувчима-ўқитувчи, репититорма-репититор чопиб, нуфузли танлову мусобақаларгача етаклаб борадиган, орқасида тоғдек таянч бўлиб турадиган ота-оналаи бору меники йўқ? Бошқаларда доимо тўғри маслаҳат, керакли йўл-йўриқ, далда берувчи, йиғласа юпатувчи, йиқилса турғизувчилари бору менда йўқ?
Ҳамроҳининг илтижоли нигоҳлари кўнглини беҳад ўртади. Томоғига нимадир тиқилди. Кўзларида марварид томчилар қалқиди. Киприклари намланди. Ўзи етти ёт бегонаю дарду ғамлари таниш қизни шартта бағрига босиб, ўкириб-ўкириб йиғлагиси келди. Аммо атрофидагиларнинг лоқайдлигига, ҳозиргина айтилган сўзларни ҳатто мушоҳадалаш у ёқда қолиб, худди қулоқлари кардек безрайиб қарашига сира-сира тушунолмади. Одамларнинг дийдаси қаттиқлигидан дили озорланди. Дарров ақлу хушини йиғиб яна далдага ўтди.
-Кўпам куйинаверманг, ўртоқжон, худо хоҳласа, болаликда кўролмаган меҳр-муҳаббатнинг ажри бордир. Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғлиги аёнку.
Юрагини бўшатиб бироз енгиллаган қизнинг нигоҳларида умид учқунланди. Бироқ ўксик кўнглидаги эзгинлик таъсиридан барибир қутулолмасди.
-Бошингизга тушмагани учун таскин бериш сизларга шунақа осон, ҳис қилиш, англаш эса бошқа нарса…
У энди миқ этмасликни афзал билди. Аламзада қизни автобуснинг қалқиши хушёр торттирди. Кутилмаган суҳбатлари поёнига етганини фаҳмлади. Ўрнидан аста турди.
-Кечирасиз, кейинги бекатда тушишим лозим. Эшик олдига бориб турайин.
У нотаниш дугонасига хайрлашгани қўл чўзди. Кафтлару бармоқлар бирлашди. Меҳрли нигоҳлар тўқнашди. Бувингизни асранг, сизлар бир-бирингизга жуда кераксизлар. Менинг номимдан салом айтишниям унутманг!
-Хўп.
-Кўришгунча.
Юзларида самимий табассум жилваланди уларнинг. Икковлари ҳам ўзларини ўхшаш дардли ришталар боғлаб турганини сезгандай қўлларини истар-истамай бўшатишди.

* * *

– Ҳайрият, жой бўшади, – дея ўриндиққа чўкди тик кетаётган ёшгина аёл. Сўнг ёнига кўз қирини ташлади. – Менимча, турмушга чиқмаган кўринасиз?
У негадир оғиз очгиси келмади. Ҳозиргина нотаниш ҳамроҳининг қайғуси тушкун кайфиятига айқашиб-уйқашиб, руҳини синдиргандек эди. Бироқ одам деб гапирганга гапирмаслик менсимасликка, кибрга йўйилишини биларди.
-Адашмадингиз, – деди ёлғондан оҳиста оҳангда тўғрига тикилганча.
-Унда ҳозир мазза даврингиз экан, – жон кирди ўша заҳоти янги ҳамроҳга. Вақтида ўйнаб-кулиб, яшаб олинг, орзу-ҳавас қилинг. Эртага эрга текканингиздан кейин афсус чекасиз, буларга кеч бўлади, жуда-жуда кеч.
Ёнидаги аёлнинг бир автобусга ўтириб, тасодифан айтаётган гаплари унинг задаланган қалбида қолган зиғирча ёруғликка тоғча соя ташлаб юборди.
-Сиз чинданам шундай деб ўйлайсизми?
-Ўйламайман. Бу аниқ.
-Ҳаммада ҳам-ми?
Келинчак бир лаҳза “мум” тишлагандай жимиди. Сўнг яна ёрилди, “Йўқ” деди аллақандай ҳорғин, аллақандай эзгин овозда. Менинг ҳаётимда оила қурилиши тузатиш мушкул хатойим бўлди.
-Нега?
-Чунки кўнглимгамас, ақлимга қулоқ солганим учун. Ростиси, эримга севиб тегмаганман. Уям балки шундай…
-Йўқса нима учун никоҳдан ўтгансизлар?
-Бир-биримизни яхши биламиз деб ўйладик, бир-биримизга кўникамиз деб ўйладик, бир-биримиздан ёрдам кутдик, кўмак умид қилдик, бир-биримизга қаттиқ ишониб қўйдик.
-Янглишибсизларми?
-Ҳа. Аслида истарали қиз бўлганим учун бўйим етгач, ҳаридорларим роса кўп эди. Мен уларнинг чиройи, қадди-қомати, эгаллаган мансаби, бой-бадавлатлиги, ширин сўзларига учиб, турмуш қурсам, бир умр пушаймонлик чоҳида азобланишдан чўчирдим.
-Эрингиз-чи?
-У соддайди, унчалик хушрўй ҳам, омадли ҳам эмасди. Худди ўзимга ўхшаб ўрта ҳолгинайди. Бизлар юксак орзуларни кўзлагандик. Бироқ тўйдан кейин…
-Йигитингиз айнидими?
-Айниса бунчалик зорланмасдим. Журъатсиз чиқди. Уйидагиларнинг қўғирчоғи экан. Менинг на ўқишга кириш истагим, на намунали турмуш ўртоқ ҳақидаги ўйларим амалга ошди. Ёнимдагиларнинг худбинлиги, тубанликлари иродамни буткул синдириб юборди. Гўё боши берк кўчага кириб қолганману, чиқиш учун бир қадам боссам, жарга қулаб кетадигандекман. Биласизми, ҳаётингизнинг маъноси бўлмаса, кун ўтказиш ҳам амримаҳол бўлиб қоларкан. Мана шундай ғурбат дунёда ҳар тун ўзимни тобутда ётгандай ҳис қиламан.
-Майли, эртангиз яхши бўлиб кетар, – дея олди бу сафар ҳам у ўзи ҳам ишониб-ишонмай.
-Бошингизга тушмагани учун шундай ўйлайсиз-да, – пичирлади аёл.
Шу дам иккисининг ҳам кўзида ёш милтиллаган эди.
-Асли рухшуноснинг олдига кетаётгандим. Тушадиган бекатим яқин қолди, энди мен турай, – деди келинчак. – Яхши қолинг…

* * *

Ойнадан олисдаги гўзал манзараларга кўз тикканимиз билан ҳеч қачон улар бизникига айланиб қолмайди, – деди рўпарасида пайдо бўлган йўловчи йигит.
У индамасликни афзал билди.
-Ёнингиздаги ўриндиқ бўшга ўхшайди. Ўтирсам, майлими?
Бу сафар илтифот жоизлигини англади.
-Ҳа, марҳамат! – Маҳзун нигоҳларини йигитдан олиб қочиб яна деразага қадади.
-Ҳойна-ҳой шоирами, ёзувчига ўхшайсиз, – гапга сола бошлади у.
-Икковиям эмасман. Ҳеч нарса ёзишни эплолмайман.
-Унда беҳад ҳурсандман.
-Сабаби?
-Сиз ростгўйсиз.
-Улар ёлғончими?
-Ёлғончи бўлгандаям учига чиққани. Ўзларича хаёлларига келган бир чақага қиммат увада гаплар билан тўлдиришади қоғозни. Китобларидаги уйдирмаларини ҳаёт ҳақиқати деб одамларни лаққа туширишади, йўлдан оздиришади, аянчлиси, бу қилиқлари билан ҳаммани жониворлардек ортиларидан эрагаштиришга чиранишади. Шунданми, эртак деса, шеър деса, кўнглим озадиган бўлиб қолган.
-Жуда оширвордингиз. Уйдирма тўқишдан уларга нима фойда?
-Ҳар ким турфа мақсадларда тўқийди. Кимдир душманлари устидан зафар қозониш учун, кимдир мол-дунё, шон-шуҳрат, обрў-мартаба орттириш учун, кимдир ўзини ва бировларни алдаш учун, кимдир барча-барчамизни боплаб лақиллатиб устимиздан кулиш учун тўқийди.
-Бу қадар хунук хулосаларга келишингизнинг бирор сабаби бордир?
-Бор-да, ёзганларини ўқиб, ишониб ўзимни кўп қийнаб яшадим. Улар эзгулик, албатта, ёвузликни енгади, қоронғи тунлар ортида ёруғ тонглар отади, адолат ҳақсизлигу разолат устидан шаксиз ғалаба қозонади, яхшилар бир кун олқишланиб, ёмонлар жазоланади, меҳнат-машаққатлар вақти келиб, ширин мева беради, орзу-истаклар амалга ошади, ҳаётда чекаётган жабру жафоларимизни кўриб, кузатиб тургувчи бор деб ишонтирадилар. Аммо ҳаётда шоирлар тасаввуридаги дунё бошқаю биз кўриб турган дунё бошқа экан.
-Сиз ҳам шоир бўлганмисиз?
-Йўғе, шунчаки уларни эртакнамо шеърларини ўқиб-ёдлаб улғайиш билан кўнглида илоҳий ҳисларни нишлатиб, парваришлаб, парваришлаб яшашга интилган рассом эдим. Энди эса санъатдан ҳам, адабиётдан ҳам қўйингки, моҳияти ижод қилиш бўлган барча-барчасидан юз ўгирган одамман. Негаки, мен шуларни яратиш кўйида умримни, қалбимни, бутун хонумонимни бой бердиму, кўрган-билганим фақат ва фақат адолатсизлигу ноҳақликлар бўлди. Қанчадан-қанча ғояларимни бой бердим, кундузлари тер тўкиб ишлаб, туни билан қаршисида мук тушиб тонгга қадар сайқаллаб дунёга келтирган картиналарим сариқ чақалик ҳам қадр топмади. Таъмагирлик, олчоқлик, таниш-билишччилик авж олган бу заминда чинакам санъатингдан кўра улар билан тил топишиш “санъати”ни ўзлаштирмагунингча, ўзингнинг асл қиёфангни йўқотмагунча ўрни йўқ кимсадай дайдиб юраверар экансан, сени на кўришади, на тинглашади. Аянчлидан аянчлиси, инсонга ҳаёти давомида атги бир мартагина ато этиладиган бетакрор туйғуларимни ана шу ўткинчи саробга совурганим, умр бўйи сиғиниб, байроқ каби кўтарган Ҳақиқат аталмиш эътиқодимнинг аслида пуч ёнғоқлигини беҳад кеч англаганимдир. Бугун санъат майдонида юрган талантсиз, қобилиятсиз лўттибозларни, енгилтак олифталарни кўрсам, тишларим такиллайди, ижирғаниб кетаман, кўксимда қават-қават уюлиб ётган армонлар денгизга айланиб долғаланади.
У аламдор йўловчининг ўкинчларини эшитишга энди ортиқ тоқат тополмади. Қимсатдошини, ўзи ёлғиз эмаслигини, ҳаётида нақадар бешафқат қонунлар илдиз отганини, улар ҳеч бир жойда ёзиб қўйилмаганини англаб баттар эзилаётганди.
-Етар, бас! – деб қичқириб юборди. Юзини қўллари билан беркитиб бошини қуйи солганча жимиб қолди. Бироз сукутдан сўнг ўзига келдими, ё ҳижолатданми бошини астагина кўтарди-да, таскинбахш сўзларни излади, тили учида аранг такрорлай олди.
-Яхши бўлиб кетар ҳали ҳаммаси…
-Айтишга осон. Бошдан ўтказмагунча бу дардларни ҳис қилиш қийин.
-Учинчи маротаба бир хил эътирозни учинчи одамдан эшитгач, ақлу ҳушини жамлашга қийналди.
-Ҳис қиламан, – деди у ниҳоят.
Йигит унинг сўзларига ишонмади. Аммо баҳслашишни кераксиз билди ўзига.
-Айтганча, қаерга кетяпсиз?
-Онамнинг олдига.
-Ҳа-а-а-а, – деб қўйибди чўзибгина. Чамаси, манзилимга етиб қолдим. – базўр жилмайишга уринди рассом йигит.
-Яхши боринг, – деди қиз ҳам мулойимлик билан.
Бир вақт ён-атрофга кўз ташларкан, автобусда ўзидан бўлак ҳеч кимса қолмаганини сезди.
Дераза ойнасидан яна олисларга умидсиз нигоҳ ташлади. Ўзини халос қилувчи кучни кута-кута, ниҳоят таслим бўлган оҳу каби бошини эгиб кўзларини юмди. Айни дам ҳаммасидан ҳам кўнгли бир нарсани оромни, ҳаловатни истарди. Туш кўрди. Тушида онаси кулранг автобусда ёнма-ён ўтирарди.
-Вой, жоним онам, ўтиб кетган эдингиз-ку, – ҳайрат билан ўриндан турди у. Муштипар меҳрибонининг бағрига бош қўйиб йиғлаб юборди.
-Қизим, етар шунча юрганинг. Автобусдан туш, жон болам, тушақол!
-Жудаям чарчадим, жудаям толиқдим, она. Қимирлашга куч-мадор тополмаяпман.
-Топасан. Сен кучли аёлсан. Уйингда эринг, оиланг кутяпти.
-Йўқ, ҳеч ким кутмайди. Ҳеч кимга керагим қолмади.
Шифохонада йўлларингга илҳақ термилиб ётган касал синглингни ўйласанг-чи, ҳеч бўлмаса? Уни сендан бўлак кими бор. Гўдаклигидаёқ мен ва отангни йўқотганни каммиди? Нега бунчалик йиғлайсан. Чорасиз одам шунақа кўз ёш тўкади. Чида. Чидамасанг бўлмайди. Агар кўнглинг малҳам тополмаса, агар кўнглингни бировлар билмаса, тингламаса, уни суратларингга соч. Чизган расмларинг кун келиб, ўзинг каби бир қалби ўксикнинг дарддошига, юпанчига айланади. Тур ўрнингдан. Бу автобусга қайта чиқа кўрма, ҳали яхши кунлар олдинда…олдинда…
У ўриндан турди ва 5 инчи автобус ҳайдовчисига қараб қичқирди:
-Тўхта-а-а-анг!