Манзура Абдуллаева. Бешик (ҳикоя)

– Исматвой, ҳо-й-й Исматвой!
Субҳи азон кўча томондан келган чақириқ бешиксоз устага одатдагидек ёқимли эшитилмади. Шошиб овоз бериш ўрнига уй ичидаги диванда биқиниб ётганича бошидан чойшабни сидириб, кўзларини аранг-аранг очди. Чуқур “уф”лади. Юраги сиқилди. Яна юзларини ёпиб, ёнбошига ағдарилди. Аксига олгандай тағин кимнингдир товуши қулоғига чалинди. Бу гал эркакники эмас, аёлники эди.
– Келинпоша-ю, ҳу-в-в келинпошша!
“Келинпошша эмиш, қанақасига келинпошша, бизнинг оиламизда шўрпешоналар яшайди, келинпошшаси етти йилки, эрини атиги биттагина бўлсаям гўдакнинг йиғисига зор ўтказиб, ўзиниям қувонтиролмаётган ожиза-ку, – ғўдирлади у эринибгина керишиб. Тоқатим тоқланди, ўзимга бешик насиб қилмадими, бўлди энди бошқагаям сира-сира ясамайман, ўлсам ўламанки, устахонамнинг остонасидан ҳеч кимни ичкарига хатлатмайман”.
Уста эринибгина ташқарига чиқди. Шарпаси сезилдими, кўча дарвозаси ортида кимдир томоқ қириб, йўталиб қўйди. У ноқулай аҳволга тушди. Ахир йўқлаб келганни маҳтал қилиш ҳурматсизлик-да. Шуни ўйлаб шошилди. “Ҳозир” деганча ишком остидаги ариқчада оқаётган сувда апил-тапил юз-кўзини ювди. Айвон устунига илиғлиқ сочиққа артинди. Сўнг илдамлаб бориб, дарвозанинг кичик табақасини ичкарига тортди. Қараса, маҳалладоши – Нурмат домла экан.
– Э-э, келинг устоз, узр-узр, минг бора узр, куттириб қўйдим-а, – деди ҳижолат аҳволдан қутулиш учун.
– Ҳеч қиси йўқ, Исматвой, усталар кундузи қолиб кечасиям қимирлагани қимирлаган-да, чарчаб қолгандирсиз, – деди домла кўнглига олмай. – Аммолайкин биз сизни шошириб қўядиганга ўхшаймиз.
– Ҳа, укажон, энди шунақасиям бўларкан-да, дея эрининг оғзидан гапни олиб кетди Ризвон хола. – Қизимизнинг яқинда кўзи ёриган эди, қудамиз тушмагур суюнганидан бешик тўйини тезлатиб юборибди-я?! – Энди нима қиламиз дегандай устага тикилди аёл.
– Тўй қачон? – деб юборганини сезмай қолди Исмат. Бу унинг буюртмачиларига берадиган, юз марта такрорлайдиган саволи эмасмиди.
– Индинга экан-да, ука, индинга! – деди домла ийманиброқ.
Исмат энди аҳдини дарров бузадими. Ё бирор жўяли баҳона топадими? Виждонли йигитлигига борди. Нима бўлсаям, эшигига бош уриб турадиганларни ноумид қайтара олмасди.
– Ўзимда тайёри йўқ эди-ю, устоз албатта, ҳамкасблардан суриштириб бўлсаям эртагаёқ қўлингизга тутқазаман.
Эр-у хотиннинг юзларида табассум ўйнади.
– Илоҳо ҳаётда сираям камлик кўрманг, ўргилай, – деди Ризвон хола. – Сизниям Аллоҳим тезроқ фарзанд билан сийласин!
– Айтганингиз келсин, айтганингиз, – Исматнинг кўзлари билинар-билинмас намланди. Юраги орзиқди. Тилидан Ойнисанинг кўнглига оғир ботадиган сўзлар чиқарганига бирибир пушаймон чекди. Кимгадир қалбининг қаеридадир соғинч уйғондиё-о-ов. “Кеткизиб юборганимга ҳафта ўтмаёқ, ортидан орсиз итга ўхшаб югуришимга бало борми!” – дилидан ўтган фикрга тилидан секингина шивирлаб рад жавобини берди.
Усталарда лафзи ҳалоллик ориятга айланган. Шу одамлар бешикка ишонишиб, тўй бошлашади. Икки-уч кун илгариёқ ҳамма нарсаси тахт туриши, бир сидра кўздан кечириб қўйилиши хотин-ҳалажга қолган ишлар. Буни Исмат болалигидан яхши билади. Ахир у устазода, кимсан Бадал бешикчининг кенжаси. Домласига берган ваъдасини вақтида ўринлатиши шарт. Уйига кирибоқ Шаҳанддаги шеригининг телефон рақамини терди.
– Намунча барвақт безовта қилиб қолдинг, шерик? – деди уланиши билан ҳамкасби.
– Бешикнинг зўри керак! – деди гапни чўзмасдан.
– Ўзингами? – ҳазиллашди Исоқбек.
– Ўзимга бўлса бекорга берармидинг?! – Аччиғланди Исмат.
– Билмасмидинг совға сотилмайди, – деди атайлаб берио оҳангда у.
– Ҳой, ярамас, сендақаларнинг совғасига асло кўзим учиб тургани йўқ! – ўшқирди Исмат.
– Ҳафа бўлма, оғайни, – деди Исоқбек жиддийлашиб. – Бугун тескари тарафинг билан турганга ўхшайсан-а, – Сабр қил, худойим ҳеч кимни бераридан қисмайди. Ҳали кўрарсан бешик тўйининг каттасиям сеникида ўтади.
Исматнинг лов этиб ёниб, зумда ўчадиган феълининг яхши томони ҳам бор эди. Телефонини ўчириб қўймади. Ўша заҳоти Исоқбек билан устози буюртмасини эртага эмас, бугуннинг ўзидаёқ бирга-бирга уйига олиб бориб беришга келишди. Шундан кейингина енгил нафас олди…

* * *

Аслида ҳунарли одамнинг омади чопаверади. Исмат ҳам ана ўшалардан бири. Мустақилликдан беш йил бурун туғилгани учун балоғат палласи бемалол отаси ёнида бешик ясашни ўрганиб, кўзи пишиди. Ҳунарнинг нозик сир-ассрорларини қунт билан ўзлаштирди. Ҳозир ёлғиз қолган эсада устахонали уйнинг соҳиби. Кеча-кундуз асбоблари қўлида ўйнайди. У ҳафтада бир Тўрақўрғон бозорида бешик сотади. Яна тағин буюртмачидан бешик тўйини қачон ўтказиш муддатини аниқлаб қайтарди. Уйига келибоқ иш кийимини тезда эгнига илади. Тут ва толдан ясалган бешиклар бола организми учун фойдали бўлгани сабаб у бешик ясашда айнан шу ёғочлардан фойдаланади. Аввал бола ётиши учун такбозилар устига юпқа тахтачалар ўрнатади. Ундан тувак учун махсус жой ажратади. Сўнгра, бешикнинг боши ва оёқ томондаги ярим доирасимон йўрғаларига эгмоч ўрнатади. Дастанинг тепасига икки қубба ясайди. Аста-секин қизишиб, ишдан бошқа ҳамма нарсани унутади. Шундай пайтларда у ўзини етти қават осмон устидагидек ҳис этади. Боланинг бош ва оёқларини муҳофаза қилиш учун эгмочларнинг ичига бошлоғи ва бағанак чўплар ўрнатади, нақшлар билан безайди, у айниқса, шунисига ишқибоз. Бу машғулотга шунчалик берилиб кетадики, ён-атрофида куймаланиб юрган хотинини пайқамайди ҳам. Ранг-баранг бўёқлар суртади. Вали тегирмончидан атай сотиб олган шоли тўпонига озроқ тариқ солиб қовус тайёрлайди. Бу тўшак юмшоқлиги боис кичкинтойнинг умуртқа суяклари текис ўсади. Хотини болани белаш учун шойидан тикилган абзаллар: қовуз тўшакча, таглик кўрпача, ётсиқча, қўлбоғ, гаврапўш ва чойшаб билан безаб беради.
У бешик ясашда асосан ёғочга ва бўёққа алоҳида эътибор қаратади. Яхши биладики, бешик мустаҳкам ёғоч ва зарарсиз бўёқлардан тайёрланса, бола саломатлигини мустаҳкамлайди. Нақшларнинг ёрқин рангларда бўлиши чақалоққа рангни танлашда кўмаклашади. Бенуқс пишиқ ишланган бўлса битта бешик ўнлаб болага ярайди. Тайёр бешикни гоҳида ўзи ёлғиз кўтариб, буюртмачининг уйига елкалаб боради. Одамлар ҳурматини жуда ўрнига қўйишади. Бешиктўйини бошлаб юборган бўлишса, олдига ёзилган дастурхонни хуш-хандон қаршилаб, олдига товоқда буғи чиқиб турган палов, паҳлава, норину сомсалар билан тўлғазишади.
Маросим охирида яқин қариндошлар чақалоқ ҳузурига юз кўрарга, совға бериб бешик устига ширинлик сочиб бахт тилашга кирадилар. Исмат ҳам яқинлар қатори чақалоқни кўриш учун кириб, қўйнидан гулдор дўппича чиқазиб яқиндагина бешикка беланган гўдак бошига қўяди. Булар ортда қолди. Куёв бўлиб фарзанд кутган илк йилларини эслайди, оғир хўрсинади. Чақалоқ ҳидини яхши кўради. Ҳозир эса, чақалоқ ёнига боришдан ўзини тияди. Ҳадди сиғмайди… Кетар чоғи уй эгалари белбоғга иккита нон, қанд-қурслар солиб, керакли пулни белбоғ учига тугиб боғлашади-да, кўча дарвозаси олдида уларни устага узатиб кузатишади:
– Ишингизга худо барака берсин!
– Омон бўлинг, уста.
Исматнинг юрак бағри ўкинчга тўлаётгани бу гал юз-кўзидан яққол билиниб туради. Ўкинчи – тирноққа зорлиги. Буни илғаган кексалар “Шу бечорагаям Худо фарзанд беравермади-да” деб қўйишади.
Исмат уйга қайтганда кўзига хотини Ойнисанинг гавдаси чўкиб, мунғайиб қолгандек кўринади, нигоҳларидан ғалати ифодаларни уқади. Исматнинг юраги ториқади. Қаёққадир кетгиси келади. Лекин қаёққаям борарди.
Кунларнинг бирида уйига бир замонлар мактаб чоғларида Ойнисага совчи қўйиб рад жавобини олган тенгқур жўраси Усмон эрталаб қидириб келди. Эшикдан кира солиб овозини баралла қўйиб мақтанди:
– Учинчисиям ўғил бўлди, оғайни, ўғил!
– Қутлуғ бўлсин! Умри билан берган бўлсин! – Жўрасининг севинчини баҳам кўрди у.
– Энди бешикнинг зўридан ясашни бошлайвер, – деди у атрофга олазарак боқиб. – Хотининг кўринмайди, – қандайдир сирни фош қилмоқчи бўлган каби шивирлади.
– Ҳа, ик-уч кундан бери баҳор ҳавоси таъсир қилдими, анчайин ҳолсиз, боши айланиб, кўзи тинадиган бўп қолгани учун Карима дўхтирни уйига қон босимини ўлчатгани чиқиб кетган.
– Эҳ, сенгаям қойилмасман тушунмайман, касалванд хотинни бошингга урасанми ошна. Бунақангиларни талоғини бериб, кавушини тезроқ тўғрилаш керагу, соғломига уйланиш даркор. Умринг ўтиб кетаётганига ачинаман-да. Ахир қачонгача тирноққа зориқиб яшайсан.
Усмонинг гаплари юрагига ўқдек санчилди-ю, индамай қўяқолишни афзал билди шу тобда Исмат.
– Каримбердининг чойхонасида оғайниларни йиғиб ош беряпман. Юр бирга!
– Бошқа сафар… – деди у улфатчилик чоғида баъзи ўртоқлари ҳам мазза-матрасиз гаплари билан қалбини вайрон қилишларини тусмоллаб.
У тол хода келтиргани далага жўнашни афзал билди. Кечки пайт ишдан ҳориб уйга қайтса, Ойниса сўрида ҳомушгина нон кавшаб ўтирибди.
– Тобинг яхшимикан? – сўради у ярим пичинг, ярим чин оҳангида .
– Дўхтир опам уйида йўқ экан. Ишхонасида навбатчиликда қолибди.
– Овора бўлиб қайтибсанда унда.
Хотин эрининг гапларидаги ғамгин оҳангни илғаб олди. “Ҳойнаҳой бирор оиланинг бешик тўйисидан қайтаётган бўлса керак” деб ўйлади ичида.
Исмат яна ўзини тутолмади.
– Хадеб салга дўхтирга чопавермай бироз сабр қилсанг бўларди. Ҳозир илик узилди маҳал. Одамларда бир-бир дармонсизлик авж олиб, касалликлар қўзғаб ўтади.
Ойниса бундай вазиятларда эрига бир гап ҳам ортиқчалигини ўйлаб мум тишлади. Титроқ бармоқларидаги нон бўлагини қатиққа чуқур ботириб, индамайгина оғзига солди.
– Жимгина ўтиравермасдан мундоқ эринг олдига ош-овқатингдан қўйсанг бўларди.
– Бу гал бозордан оп келган ёғингиз бироз айниганга ўхшайди. Хиди ёқмади. Қозонда қизиши билан димоғимга уриб, кўнглимни беҳузур қиляпти. Шунга тўхтатиб қўяқолгандим, агар…
Ойнисанинг гапи оғзида қолди.
– Ўзи зўрға овқат қилиш билан уч тўрт майда-чуйдани тикишдан бошқасига ярамас эдинг. Энди шуниям эплолмадингми?
Исмат ғазаб билан даструхондаги чойнакни ялангликка улоқтирди. У чил-чил синди. Жаҳл оти жиловини узди. Ғазабига ғазаб қўшилди.
– Одамларнинг хотинига ўхшаб уч-тўртталаб бола туғиб, боқмасанг…
Ойниса гап нимадалигини уқди… Ранги ўчиб, шашти сўнди. Пати тўкилган мусичадай мунғайди. Кейин кутилмаганда бирдан портлади.
– Мен уйимга кетаман. Яхшисига, соғломига уйланинг, йўқса…
– …
Исмат аламини хотинидан олаётганини ҳозир сезди-ю, кеч эди – Ахир у бояқишда ҳам нима айб. Аҳволига ўзи эридан кам куядими…
Ойниса имиллаб уни-буни йиғиб туйган бўлди. Исматнинг оғзига қаради. Сукут ризолик аломати билгач, ўрнидан истар-истамас аранг қўзғолди… Исматнинг кўнглидаги умид ҳам кетди. Уйи ҳувиллаб қолди. Навбатдаги якшанбада бозордан қайтиб, зўрға чой дамлаб, уч-тўрт туршак ва бир сиқим майиз билан қуруқ нонни кавшади. Хўрлиги тутди. Ўкраб-ўкраб йиғлагиси келди. Бундан буёғига бешикчиликдан бошқа ҳунарни этагидан тутиши кераклигини англади. Кечгача ҳеч ишга қўли бормай юрди. Кечга бориб устахонасидаги чала битмаган бешикларни ёғочларга қўшиб ўтинхонага айлантирилган эски бостирмага ташиб кўздан нари қилди. Бозордагиларини улгуржи нархлаб барини сотиб тамомлаганини ўйлаб кўнгли жойига тушди. Сўнгра Қўрғончага, Ойнисани олиб келишга жўнади.
У ҳовлига кириб борганида қайнонаси Робинисо ая мўъжазгина олди ром ошхонада кечки овқатга уринаётган эди. Ойинисо эса айвондаги тахта кароватда патниснинг устига ёйилган гуручни майда тошчалардан тозалаш билан оворайкан. Нарироқдаги ранги бироз униққан эски-ю, ювиб-артиб офтобшувоққа қўйилган бешик кўзига чалинди-ю, Исматнинг юраги “шув” этиб кетди. Уни бундан салкам ўттиз йил муқаддам отаси Бадал уста ясаб берганини хотинидан эшитганди. Лекин у дарров бешикдан кўзини олиб қочиб, аввал Робинисо ая билан қуюқ сўрашди. Қайнсинглиси ичкаридан янги кўрпача олиб чиқиб, ўтиргани ёзди-да, яна ортига қайтди. Эру хотин гаплашиб олишлари учун она-бола ёлғиз қўйишди.
Ойниса кўзлари ёшланганди.
– Йиғлаяпсанми? – деди у ачиниб.
– Йиғламасдан кулишим керакмиди? Тўхта, кетма! – деёлмадингиз-ку.
– Гапинг тўғри, аччиқ устида ақл кетишини билмайсанми?
– Мен сизга қаттиқ ўрганиб қолган эканманда нима қилай?!
– Мен ҳам… Лекин, – гапни бошқа ёққа бурди эри, – овқатга ўзинг уринсанг бўлармиди, қара энамиз ошхонада юрибдилар…
Ойниса ўз уйида ҳам ёғ хидини ёқтирмаётганини Робинисо холага айтганди, бу ерда ҳам такрорланаётган ҳолат она-боланинг кўнглида ширин умидлар уйғотган эди-ю, ҳали ҳеч нарса аниқмаслиги учун миқ этмади. Етти йилнинг ичида неча-неча бор умидлари пучга чиқавериб, юрак олдиришиб қўйганди аёл бечора.
– Хотин, мени кечир? – Яна орадаги сукутни бузди Исмат.
– Қайси айбингиз учун? – Таажжубланиб нигоҳ қадади Ойиниса.
– Ортиқ бешик ясовчилик қилолмайман, ҳаммасига шу ҳунарим сабабчи, ҳамиша ярамизни янгилаб тураверади.
Ойиниса юзини тескари бурди. Беихтиёр чеҳрасида лаҳзалик ёйилган табассумга эрининг кўзи тушиб қолмаслигини истамади. Исмат буни кўрмай бошқа маънога йўйди.
– Қўй, юзингни тескари бурма! Кеттик уйга! – деди қатъий оҳангда.
– Сиз мени деб неча йиллардан бери тирноққа зор ўтаётганингиз етмай, ота касбингизниям ташлайсизми? – деди базўр ўзида куч топиб. Қозонимиз сувда қолмайдими. Буям майлигаку-я, бир нави рўзғоримизниям тебратармиз. Одамлар кулмайдими, гулдай ҳунарингиз бўлиб, бошқа ишни бошидан тутсангиз. Отам раҳматли гўрларида тик турмайдиларми?!
Исматнинг боши қотди. Хотининг гапларида чиндан жон бор эди.
– Унда нима қил дейсан?! – Асабийлашга эрнинг овози кўтарилиб кетди.
Қайнонаси ошхонада юрса ҳам қулоғини динг қилиб турганди. Шоша-пиша уларнинг ёнида пайдо бўлди.
– Яна жанжалми, болаларим? – деди мулойимлик билан секингина. – Худойим сабр – тўзим берсин, икковларингаям…
Барибир ёшлар ёш-да, коллеж битирувчиси Дилнозанинг шадодлиги тутди.
– Ие-е, почча, уйимизга яна опамнинг юрагини сиққани келдингизми?
– Ҳа, атайлаб шунга келдим, ўзим жудаям яйраб-яшнаб юрибман бозорма-бозор бешик сотиб! – ўшқирди юраги тўлиб турган Исмат.
Қайинсинглиси тилини тишлади. Аммо узр сўрашига имкон қолмади. Поччаси кутилмаганда тўнини тескари кийди. Ортига шарт қайрилиб, қайнонасининг “ҳай-ҳай, болам”лашига қарамай, ҳовлидан ҳовлиқиб қорасини ўчирди…

* * *

– Жоним қизим, чойингни қайноқ-қайноқ хўпла, она-бола бирга-бирга дўхтирга учраймиз, – деди Робинисо хола эртасига нонушта пайти.
-Вой, ўзимнинг меҳрибонимей, сиз бизни қачонгача кичкина боладай кўрасиз, – деди Ойниса ҳурсанд ҳолда эркаланиб. – овора бўлишингизнинг асло хожати йўқ. Дўхтирдан кўра, дорихонага ўзим ров бориб қайтаман. Ҳомиладорлик “тести”ни сўрасам бас. Уйимизнинг ўзида ўзим гумоним рост ёки ёлғонлигини аниқлаб билишим мумкин. Суюнтирса, суюнчилайдиганим ёнига чопаман. Агар…
– Нафасингни ел учирсин, болам, – деди онаси жеркигандай бўлиб. – Сендан кўра менинг юрагим оқиб кетяпти. Ошхонага киролмаётибсан. Кўнглим хурсандчилик кутаётганини ҳозирдан сезяпти. Оналар адашмайди, ички ҳисимиз кўп нарсага ҳозирдан белги бериб қўяди…
Тушликка бориб, Робинсо холанинг гаплари рост чиқди.
– Ойи, табрикланг! – Қичқирди Ойниса. Икковлари қучоқлашиб бирам йиғлашди. Қани энди юпатиб бўлса…
– Куёвимдан суюнчи оламизми? – деди онаси Ойнисанинг юз-кўзларидаги ёшларини бошидаги оппоқ рўмолининг учларида секин-секин сийпалаб артар экан.
– Сал ўзимга келволай, бу ҳали тушимми ёки ўнгимми ишона олмаяпман, ойижон! – Яна бир-бирларини бағриларига босишди.
Ниҳоят Ойинисо ўзини қўлга олди.
– Эрта тонг ёришиши билан кириб бораман. Исмат акамга катта сюрприз қиламан. Бугун эса она-бола мириқиб дийдоримизга тўйишайлик.
– Бешигингни нима қиласан энди?
– Яхши ният билан боламни белайман, онаси ўсган, бобоси ясаган тахти равонига чиқади худо хоҳласа.
Ойинисо бешикни уй ичига олиб кирди. Онаси кўз қорачиғидай асраб юрган қип-қизил барқут ёпғичини сандиғидан чиқазди. Коллеждан қайтган Дилноза янгиликни эшитиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди.
– Ҳозир шошқалоқ поччамга етказаман хушхабарни.
– Дилноз керакмас! – деди опаси зарда қилгандай сохта тумтайиб. – Аслида поччангдай тоқатли қаерда. Тўйимизга етти йил бўлди-я, етти йил. Бироқ кечаги қилиғини эсимдан чиқаролмаяпман.
– Унда ўзингиз биласиз, опа, мен ҳам сизларнинг орангизга тушолмаслигимни кеча англаб етган эдим…
Онаси ва опа-сингил бешикни созлашди. Ҳатто ўзларича янги чақалоқни белашди гўё. Ойинисо ёнига чўккалаганича тутқичига тирсагини тираб ширин ўйга ботди. Бешик билинар-билинмас тебранди. Бир вақт ёқимли хиргойи бошланди. Ота уйда янги алла овози оҳиста таралди. Чаққон Дилноза сездирмасдан телефонига туширишга киришди. Робинисо хола хона четидаги кўрпачада ўтирганча олам-олам завққа тўларди.
Алла икки-уч такрорланди. Аста кўзини очган Ойинисо онаси ва синглисининг тикилиб туришларидан бироз ўнғайсизланди.
– Ҳа-а, қилиғим сизларга қизиқ туюляптими?
– Асло-асло, ўзимнинг сабрли болам, Аллоҳимнинг алла айтишга етказганига мингдан-минг шукур-а!..
Уччовларининг гаплари бир-бирига қовушиб, ярим кечагача роса яйрашди. Оилавий режалар тузишди. Ота уйни ҳали набираларнинг қийқириқлари тутишини хаёл қилишиб, кўнгиллари энтикди. Икки қизини эрта ташлаб, дунёдан армонли кетган Мўминжон муаллимнинг руҳлари ҳам шодланишини ўйлашиб, ширин хотиралар жонланди.
Дилноза тушмагур шу маҳалда худди топгандек ҳаяжонда эди. Юраги хапқирарди. “Тасвирни поччамга “телеграм” орқали жўнатсам-чи? Унда кечаги феълига афсус чекмасдан туролмай қолаям ажабмас”. Хаёлига келган фикр қизнинг тинчини бутунлай ўғирлади-ю, бу ишга опасидан бесўроқ қўл уришга чўчидими, ўзини зўрға тийиб ёстиққа бош қўйди. Бироқ телефонини ўчиришга ҳали ҳам журъати етмай тураверди.
Исмат уйда ёлғизлик исканжасида қийналарди. Қилар ишини билмасди. Телевизордаги эшиттиришларнинг ҳеч бири таъбига ўтирмасди. Пультни босиб, ўчирди, ҳувиллаган хонасининг чироғини ҳам ёниқ қолдирмади. Зулмат бағрида ўзини диванга ташлади. Кўзларини мажбуран юмиб, ухлашга уринди-ю, яна бўлмади. Ётган жойида телефонини пайпаслаб топди. Ойинисога дарду хасратини тўкиб солай деса вақт алламаҳалга борди. Телеграмга кириб, ўзини чалғита бошлаганди кутилмаганда хабар-сигнал тушди. Ҳеч ким бундай қилмаслиги учун аввалига парвойига келтирмади-ю, беихтиёр нима эканига қизиқди. Қараса, қайнсинглиси Дилнозадан экан. “ Салом, зардакаш поччажон! Сизга янгиликнинг зўрини ташлаяпман. Опамнинг ғалати “Алла”сига бефарқ бўлмасангиз керак деб ўйлайман”.
Исмат “экранча”га боққанча ёқа ушлади. Не кўз билан кўрсинки, Ойинисо бешик тебратарди.

Бешигинг тол ходадан
Алла-ё, алла,
Ёдгор Бадал бободан,
Алла-ё, алла.

Эгаси бўл уйингни
Алла-ё, алла,
Даданг қилар тўйингни
Алла-ё, алла.

Устахона зулфини
Алла-ё, алла,
Занглатмайди қулфини
Алла-ё, алла.

Исмат сапчиб туриб кетди. Шоша-пиша аввал хона, кейин айвон чироғини ёқиб юборди. Шу лаҳзада кўнглидаги зулмат ҳам, ҳовлидаги қоп-қора тун ҳам қаёққадир ғойиб бўлди. Яна тўхтамади. Устахонаси эшиги тепасига қўлини чўзди. Михдан илиғлиқ калитни чиқарди. Қулфга солди. Буради. Зулфини бўшатди. Қаттиқ туртганча шарақлатиб очиб юборди. Ток улагични босди. Ичкарини чароғонлик чулғади. Бир ҳафтадан буён ғиппа-ғип димланган хонада тоза ҳаво ўйнади. Исмат худди хотини ҳозир кўриб қўядигандек бостирма остига уйиб ташланган яримчала бешикларни, унинг ёғоч-юғучларини илдам-илдам устахонага ташиди. Ҳатто ҳафсала билан қайтадан тартибга келтирди. Ниҳоят кўнгли ўрнига тушди-ю, хотининг соғинчи юрак бағрини ўртаб юбораётганини пайқади. Бармоқлари телефондан уни қидирди. Икки-уч сигнал кетди. Уланди.
– Онаси, ўзингмисан?! – Исматнинг овозлари титради.
У ёқдан жавоб ўрнига Ойинисонинг пиқ-пиқ йиғиси эшитилди. Дилноза шошқалоқлик қилганини сезди-ю, аммо зиғирча ҳафа бўлмади.
– Ҳа, дадаси, тинчликми бемаҳалда?!
– Дадаси дедингга, онаси, бу тушимми-ўнгимми, қулоқларимгаям ҳеч ишонолмай турибман.
Ойинисо энди ўзини тутиб олганди. Эрининг ҳаяжони эса пасайиш ўрнига кучайиб борарди.
– Ҳозир устахонадаман, қўлим ҳам асбобларни жуда соғиниб турган экан.
– Ўзингиз ёлғиз қийналманг, тонг ёришиши билан биз етиб борамиз…