Маҳмуд Ражаб. Устун (ҳикоя)

Ака-ука болалар ҳеч чиқишолмай, жиққамушт бўлаверганидан сўнг бобо укани аяб, акани устунга боғлаб қўйди.

Ҳавонинг иссиғи, оёқ-қўлларнинг толиқиши ва зерикишдан болакай устундан сирғалиб ерга ўтириб олди. У ҳар ҳар замонда эшик томонга бесаранжом қараб қўярди.

Бобо ўзини қўярга жой тополмай, ҳовлининг атрофини айланиб юриб, орқа томондан ичкарига кирди ва деразадан қаради.

Ука аканинг қаршисида ноилождек турарди. Ака сув сўради. Ука қумғонни кран тумшуғи остига қўйиб, бор кучи билан дастакни босди. Кучи етмаганидан дастакка солланиб олди. Кўп машаққатлар билан бир пиёлача сув олишга эришди. Қумғоннинг жўмрагини аканинг оғзига тўғрилаб, сув ичкизди.

Бобонинг юзига табассум югурди. У нималар ҳақдадир ўйлаб қолди.

Эртаси куни акаси мактаб ки­йим­ла­рини кияётганда ука югуриб бориб унинг ботинкасини тоза­лашга киришди. Устун воқеасидан кейин қирпичоқ ака-укалар ўртасида қандайдир меҳр уйғонгандек бўлганини кўрган бобо қачонлардир онасидан эшитган бир воқеани эслади.

– Катта опанг ҳали ёш эди, – деганди онаси. – Бир куни тинмай йиғлаб турганида отангнинг акаси келиб қолиб, эркалаш ўрнига унга қаттиқ-қаттиқ гапириб чиқиб кетди. Мен нима қилишимни билмай, тўнкарилган яшик устида индамай папирос чекиб ўтирган отангга: “Нега у бизнинг боламизни уришади, сиз эса индамадингиз” дедим.

– Акамиз, ахир, нима қилса ҳаққи бор, – деди у.

Онасидан бу гапни эшитиб, катта опасининг ёшлигида йиғлаб ўтирганини тасаввур этиб:

– Отамнинг акаси ёмон экан-да, – деган эди у.

– Йўқ болам, – бош чайқаганди онаси. – Аслида у меҳрли, ғамхўр эди.

У онаси ўшанда бу гапни беҳуда айтмаганини энди фаҳмлагандек бўлди.

Устун воқеасидан кейин қиш­лоқда миш-миш тарқалди.

– Нима эмиш, фалончи жимитдек неварасини устунга боғ­лаб савалабди, нонсиз, сувсиз қўйибди, – одамлар орасида шивир-шивир кўпайди. – Қариганда мияси кетибди чоғи.

– Маҳаллага айтиб, жазосини бериш керак.

– Болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида қонун бор.

– Мелисанинг қўлига тушса биларди устунга боғлаш қанақалигини.

Бу гаплар қулоғига етиб келса-да, у ўзини босди. Эшитиб, эшитмасликка олди.

Бир кун ўтиб у туш кўрди. Тушида ер бир томонга оға бош­лабди. Пастлаётган то­монда ернинг охири ўпирилиб тубсиз жарликка қулаётган эмиш. Осмондаги шафақ жар­ликдаги оловнинг ёлқини эмиш. Қизилликка қараб юраклари ҳап­риққан болалар оталарининг қўлларидан тортиб ўша томонга кетаётган эмиш. У ҳам ўша томонга интилаётган невараларини тутиб олиб юқорига ҳаракат қилар, оёғи то­йиб йўли унмас, одамлар унинг устидан гоҳ кулиб, гоҳ заҳрини сочар, ер эса тобора оғиб борарди. Одамлар сирғалиб пастга кета бошлади. У бор кучи билан юқорига интилди. Бир маҳал қараса ўчоқ ёнидаги устунга яқин жойда экан. Чиранавериб баданидаги ҳамма томирлари бўртиб кетди. Бир маҳал қўллари устунга етди. Устунни қучоқлаб бирпас нафас ростлади ва катта неварасини унга маҳкам боғлади. Бошқа ип йўқ экан. Қумғоннинг жўмрагидан оққан сув арқонга айланиб илондай ака-укани ўраб олди. Ясси Ер аста ўз ўрнига қайта бош­лади. Келин қаёқда қолди экан деб атрофга аланглади. Қараса, шундоқ ёнгинасида ўчоқ бошида кир ювиб ўтирган эмиш.

Устун воқеасидан сўнг болалар ёқалашмай овқатланадиган бўлишди. Ҳеч ким ўргатмаса ҳам дастурхондаги нарсаларни бир-бирига узатишни ўрганишди.

Устун воқеасидан сўнг…

Ака-ука бир-бирига меҳр қўйиш­ди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 41-сон