Қишлоқнинг эркаси, одамларнинг эрмаги бўлиб қолган Мўммитой мактабга борганида бу йил бешинчи синфда ўқиб юрган бўларди. Тенгқурлари орасида хийла гавдали бўлганидан уни кўрган одам олтинчи ё еттинчи синф ўқувчиси деб ўйлаши шубҳасиз. Лекин ҳамма уни беш-олти яшар бола ўрнида кўрарди. Мўммитой ҳаммага бир хил маъносиз қараб турар, чамаси ҳаммадан бир хилда яхши гап кутарди. Одамлар унинг энг яқин кишиси каби чиройли, ёқимли ва юмшоқ сўзлар айтиб, кўнглини янада хушлар, аслида ҳеч кимнинг у билан дўстлашгиси, ўртоқлашгиси келмасди. Шундай катта қишлоқдан унинг ёнида ўйнайдиган биронта бола топилмайди. Балки Мўммитойнинг ўзи болаларга қўшила олмагандир.
Отаси Нурмамат ака ўғлининг аҳволига кўникиб, тақдирга тан берган бўлса-да, ундаги ҳар бир ўзгаришни диққат билан кузатар, одамларнинг уни эркалатишлари ва унга у-бу нарса ҳадя қилишларидан оғринар, лекин соппа-соғ жигарбандини биронта табиб ёки дўхтирга кўрсатишни ҳам ўзига эп кўрмасди.
Мўммитой ишчан эди. Ҳар куни эрталаб каттакон қозонда молларга ем пиширар, молхонани тозалаб, нишхўрдларни кичик-кичик қилиб боғлаб бостирма-чертак устига тахлаб қўярди. Сўйлаган гаплари ёш болаларникига, қилган ишлари эса катталарникига ўхшарди. Бузоқнинг тумшуғи ва бўйнига мослаб нўхта солиши ёки супургини ихчам, чиройли қилиб боғлаши одамнинг ақлини лол қолдиради. Қайси молнинг қандай хашакни хуш кўришию кучукнинг нималарга иштаҳаси баландлигини яхши биларди.
Мўммитой ёшлигидан келин тўйларни кўришга ишқибоз эди. Пуфаклар ва турли рангдаги ленталар билан безатилган машинани узоқдан таниб, шодлиги ичига сиғмай “Ана келин мошин” деб қичқирар, уйига югуриб кириб, ҳаммани кўчага чиқишга ундаб, келин мошинни кўролмай қолганларга ачинарди.
Тўй бўлаётган хонадонга эрталабдан бориб олар, ҳамма ишларга аралашгиси келар, лекин ҳеч ким унга иш буюрмас, ҳар ким ҳар хил яхши гаплар айтиб тўйхонанинг арзандасига айлантирарди. Ўзи гапирса-да, биров гапирса-да, жиддий гапми, ҳазилми, унга фарқи йўқ, кулишдан бошқасини билмасди. Унинг юрагида тўлиб турган қувонч ҳар қандай гапдан тўлқин ҳосил қилиб лабларидан тўкиларди. Ичидан қайнаб отилаётган кулгуни жиловлашга харакат ҳам қилмасди. У тўйларда ўйнаш учун ўртага чиқиб ҳеч қачон қўлини кўтармаган эса-да, даврани тўлдириб ўйнаётганларга қараб завқланар, ҳаракатлари мусиқа оҳангларига мос тушмаса-да ўзича яйраб-яшнаб товланаётганлардан кўзларини узолмас, оғзи қулоғидан бери келмасди. Каттароқёшдаги шўх-шаддод қизлар уни қўлидан тортиб ўйнашга мажбур қилар, у ҳам ўйнашни истар, лекин ичидаги аллақандай куч бунга йўл бермас, фақат берилиб қарсак чалишдан нарига ўтолмасди.
Тўйларда келин қаерда бўлса Мўммитой шу ерда ҳозиру нозир эди. Машинадан тушганидан бошлаб, то ётоғига кириб кетгунича келиннинг изидан эргашиб юрадиган бир тўда болалар орасидан ҳамманинг кўзи негадир фақат Мўммитойни кўрарди. “Мўммитой, сенга ҳам худди шундай келин олиб берайликми?”, “Эндиги тўй Мўммитойники” дея тегажоқлик қиларди ҳазилкаш аёллар.
Келин-куёвларни ётоғигача кузатиб қўйиб, қайтиб чиқаётган келиннинг дугоналари кўзларини сузган ҳолда:
— Мўммитой, мени оласанми?
— Нари тур-е, унга мен тегмоқчиман!
— Икковинг ҳам йўқол. Мўммитой менга уйланади, — дейишарди бир-бирларини итаришиб кайфиятлари меъёридан ошиб кетганида.
Бундай гаплар Мўммитойга ҳам хуш ёқарди. Қизиқиши ортиб бир неча марта келиннинг этагини босиб ҳам олди. Ҳазилкаш қизларнинг ичида Сарагул исмли бир қиз бор эди. Уни ҳазилкаш деб ҳам бўлмасди. У фақат Мўммитой билан ҳазиллашар, ҳазилларини жиддий қиёфада изҳор этарди. Сарагулнинг ҳазили билан чинини фарқлаш қийин эди.
Синфдош дугоналарининг барчаси турмушга чиқиб кетганидан кейин ёлғизлигини тобора кўпроқ сеза бошлаган Сарагул кўнгилчан ва одамови бўлиб қолди. Навбатдаги тўйда у Мўммитойни бир стакан семичка билан сийлади. Одатда ҳамма тўйларда Мўммитойнинг чўнтаклари совға саломларга тўлиб кетар, қулоқларига қуйилаётган мақтовлар оғзига солиб чайнаётган ширинликдан тотлироқ бўларди. Аммо Сарагулнинг бир оғиз сўз айтмасдан алоҳида бир меҳр билан чўнтагига қўйиб кетган ҳадяси ҳаммасини босиб кетди. Мўммитойга ҳали ҳеч ким индамасдан совға берган эмасди. Чўнтагидаги пистанинг қобиғи ичига яширинган жимлик Сарагулнинг жимлигига ҳамоҳанг эди. Сарагул берган совғада аллақандай сеҳр ва очилмас сир бордай туюлди. Писта қобиғини тезроқ очиб, мағзини егиси келди. Чўнтагига кирган заҳоти қўлида титроқ пайдо бўлди. Ҳозиргина Сарагулнинг қўли худди шу чўнтакка кириб чиққанини ва унинг қўллари нақадар ёқимли ва мулойим эканидан чўнтаги ичида ҳузурбахш бир илиқлик пайдо қилиб кетганини ҳис қилди. Чўнтагига солар экан, Мўммитойнинг қўли ҳам шу илиқликдан баҳраманд бўлди ва ушбу илиқлик аста-секин юқорига ўрлаб бир зумда бутун вужудини қамраб олди. Тасодифан қўлига илинган писта донасини оғзига солиб, тили билан айлантириб тишлари орасига қўйди-да “қирс” этказиб чақди ва тезда туфлаб ташлади. Мағзи пуч экан… йўқ, аслида мағзи тўқ бўлгану қурт еб, ичига чирик тушган экан. Шунақанги аччиқ экан-ки, кўнгли беҳузур бўлиб қайта ва қайта туфлади.
Мўммитой Сарагулга писта сотган хотинни ёмон кўриб қолди. Оёғида елим кавуш, белига алдикча боғлаб олган қорапарангориқ хотин Мўммитойда ёмон таассурот қолдирган одамларнинг биринчиси бўлди.
Ўзнинг иссиғи авжига чиққан кунларнинг бирида Нурмамат аканинг хонадонида қиз фарзанд йўқлигидан йўлга сув сепаётган Мўммитой, сариқ рангли ҳарир кўйлакда ял-ял ёниб келаётган Сарагулга кўзи тушиб, сув тўла челакни ушлаганча турган ерида қотиб қолди. Челакнинг тешигидан сизиб оққан сув болакайнинг оёқларига тушиб, кавушининг тагидаги тупроқни лойга айлантирди.
— Укагинам, нима қилиб турибсан? Қани челакни менга бер. Йўлга сув сепишни ким қўйибди сенга, — деди-да суви яримлаб қолган челакни Мўммитойнинг қўлидан юлиб олиб, эпчиллик билан бир пасдаёқ йўлни буткул шалаббо қилиб ташлади. Ишни тугатиб йўл четидаги ариқдан қўл-оёқларини юваётган Сарагулга эшикдан бошини чиқариб қараган Мўммитойнинг онаси Жамила хола кулимсираб деди:
— Уйимизга сенга ўхшаган биттаси керак бўлиб турганди. Ўз оёғинг билан келибсан. Қани уйга кир. Сенга чой дамлаб бераман. Ў чойни ўзинг менга дамлаб берасанми? Уй ишлари билан ҳозирдан танишиб олсанг, тўйдан сўнг қийналиб юрмасдинг. Мўммитойнинг акаси ҳарбийдан келган куниёқ тўйни бошлаб юборамиз.
— Ўғлингиз ҳарбийдан келаман деганча отам мени аллакимларга узатиб юборади. Ундан кўра манави Мўммитойингизга олиб қўя қолинг. Йўқса мендай қиздан қуруққоласиз.
Сарагул таклиф қилаётган йигитдан чамаси 4-5 ёшлар катта бўлиб, аёлнинг сўзлари унга қаттиқ ботгани сабаб унинг жавобидаги кесатиқни Нурмамат аканинг фаросатсиз хотини тушиниб етмади.
Бир оёғини чала ювиб, иккинчисини ювишга ҳали улгурмаган Сарагул кавушини қўлига олган куйи тез-тез юриб, ушбу ёқимсиз аёлнинг уйидан узоқлашиб кетди.
Мўммитой ишонувчан эди. Шу воқеадан кейин унинг ўй-хаёли буткул Сарагулда бўлиб қолди. У Сарагулни ҳаммадан қизғанар, одамлар у ҳақда бирон нолойиқ гап айтса асабийлашар, энг ёмони, Сарагулларникига совчиликка боришни ҳар куни отасидан илтимос қилиб, уни бошқа биров келин қилиб олиб кетиши хавфи борлигини отасига қайта ва қайта уқтирарди. Нурмамат ака кўнгли ярим ўғлига нима дейишини билолмай ичдан эзилиб, “хўп ўғлим, хўп” дейишдан бошқа гап тополмасди.
Мўммитой ўқишни билмасада тўй давраси тўрига осилган гиламдаги ғаройиб ёзув келин-куёвларнинг исмлари эканлигини яхши англарди. Сарагул билан ўзининг исми гиламда осилиб туришини жуда-жуда хоҳларди. У кейинги пайтларда бошқача бўлиб қолганди. Авваллари доим кулиб юрар, ҳеч кимдан хафа ёки норози эмасди. Энди бўлса салгинага жаҳли чиқар, баъзан ўзи билан ўзи гаплашар ва уни тез-тез ўй босарди. У ким кўринса ўзининг тўйига ўзи айтадиган одат чиқарган эди.
“Нурмамат аканинг уйига Сарагулнинг ўзи борганмиш. Аввал Мўммитойнинг акаси билан гаплашиб юрган экану, у ҳарбийга кетгач, укасига қолганмиш” қабилидаги миш-мишлар ҳамма ёққа тарқалди. Миш-мишлар зарпечакка ўхшаб, илдизи бўлмаса ҳам қишлоқдаги барча одамларнинг фикр дарахтига чирмашиб олди.
…Миш-мишларнинг уяси Жамила холанинг бузиқ оғзи эди. Унинг Сарагул тўғрисида ўйламай-нетмай айтиб юрган барча гапларига қўшни хотинлар яхшилаб ишлов бериб, бир-бирларига тезроқ етказиш учун оёқларини қўлларига олиб югурдилар.
Сарагул энди кўчага чиқа олмасди. Бир ҳафтадан бери уйига қамалиб олган бечора қиз уч кундан бери туз тотмас, кечадан буён иссиғи тушмай, қишлоқ врачи берган дорилар унга сира кор қилмаётганди. Уни тез ёрдам машинасида шаҳар касалхонасига олиб келишди ва у ерда тезда оёққа турган Сарагул эртасигаёқ уйига қайтишга шошилди. Унинг касалхонада узоққолиб кетиши миш-мишларни янада авж олдириши мумкин эди. Сирдош дугонасининг айтган гаплари қулоқларидан асло кетмасди: “Бўй етган қизларнинг касалланишга ҳақлари йўқ. Улар ҳамманинг кўз остида турадилар. Сени кўролмайдиганлар пашша чақса, туя тишлабди, деб гап тарқатишади. Касаллансанг ҳам яширинча даволанишга мажбурсан. Акс ҳолда совчилар эшигингга яқин йўламайди. Ҳозир ҳамма биринчи навбатда бўлғуси келиннинг соғлиғи билан қизиқади.
Уйига келиб олган ва анча ўзига келиб қолган Сарагул ниҳоят остона хатлаб кўчага чиқди.
Бу орада Мўммитойнинг ҳаётида ҳам шундай воқеалар бўлиб ўтди:
…Сумкаларини елкаларига осганча кўчани тўлдириб мактабдан қайтаётган болалар Мўммитойнинг жиғига тегишди:
— Мўммитой, манави Шемми сенинг Сарангни оламан деб юрибди.
— Сара дема, Сарагул де, бўлмаса ҳозир сени… — ҳезланди Мўммитой.
— Мўммитой, ҳали хабаринг йўқми, Сарагулнинг тўйи бўлди. Уни кап-катта семиз киши “Нексия”сига миндириб олиб кетди…
Болалар ҳар куни шу зайлда чуғурлашиб, катталар ўйлаб тополмайдиган бўлмағур гапларни айтиб қочар, ғазабланган Мўммитой эса уларни қувлар, кесак ахтариб атрофга аланглар, қўлига илинган нарсани уларга қараб отарди.
Мўммитой йил ва ойларнинг ҳисобини билмасада фаслларни ва ҳафтада бир марта бозор келишини билар эди. Одамлар ундан “Тўй қачон?” деб сўрасалар, отасидан эшитгани “Бозордан сўнг” деган жавобни айтарди.
Эрталаб ҳамма бозорга ошиқаётган кунларда Мўммитой отасини қистовга оларди. Отаси унга:
— Бугун кичкина бозор, сенинг тўйинг эса катта бозор келгандан сўнг бўлади, — деб таскин берарди. Мўммитой чоршанба бозори билан якшанба бозорининг фарқини билмасди.
Бозор куни эди. Нурмаматнинг уйи олдига қора “Нексия” келиб тўхтади ва ундан семиз бир киши тушиб, қўшниларникига тушиб кетди. Буни кўриб турган Мўммитой ўзи дасталаган болтани олиб чиқиб “Нексия” томон йўналди. У ариқдан хатлаган заҳот қандайдир кучли қўллар уни тутиб қолди ва болтани ундан тортиб олди. Бу Нурмамат ака эди.
Семиз одам қайтиб келиб машинага ўтирди. “Нексия” бир силкинди-ю, шитоб билан олдинга интилди.
— Нима гап, — деб сўради Нурмамат ака ҳалиги семиз кишини кузатиб қолган қўшнисидан.
— Сарагулни сўраб келибди. Уни танийман. Ўзи фермер. Бир ой бурун хотини ўлган эди.
…Сарагулнинг уйига одам сиғмайди. Эртага унинг тўйи. Узатилаётган қизнинг “дугоналар давраси”ни тўйидан бир кун олдин тантанали қилиб кўчада ўтказиш аллақачон қишлоқнинг қонунига айланиб улгурган эди.
Анчадан буён Сарагулнинг соғлиғи жойида эмасди. Тўй куни яқинлашган сайин аҳволи оғирлашаётганди. Кечаси билан алаҳлаб чиқиб, бугун эрталаб ўрнидан тура олмай қолди. Тўйни бошқа кунга қолдиришни отасидан илтимос қилиб кўрди, лекин марҳум онасини тушида кўрганини айта олмади. Отаси тўйнинг ҳаммага эълон қилинганини, энди уни тўхтатишнинг иложи йўқлигини айтиб, қизини бардошли бўлишга чақирди. Даврага чиқиш олдидан қишлоқ врачи Сарагулнинг томирига осма уколдан дори қуйди. Сарагул бор кучини тўплаб, ҳеч кимга суянмасдан, оломоннинг ғала-ғовури орасидан қизлар давраси томон аста юриб чиқди.
Одамлар Сарагулнинг тўйини тўйга ўхшатишга қанча уринмасин, уларнинг ҳар бир гапи тўйни азага айлантириб қўяверди. Қўшиқларнинг ҳаммаси бахтсиз ёки беҳаёқиз ҳақида эканлигига шу пайтгача ҳеч ким эътибор бермаган экан. Ижро қилинаётган қўшиқларнинг сўзлари айнан Сарагул учун ёзилганга ўхшар, ундаги маъносиз сўзлар ҳам тескари маъно касб этиб ҳамманинг юрагини доғлади. Ҳамма тўйларда олқишланиб келинаётган баъзи қўшиқларнинг уятли маъноси негадир бугун аён бўлгандай эди. Бундай қўшиқларга рақс тушмадилар. Сарагул ҳақдаги миш-мишлардан бехабар ашулачи шоввозлар микрафоннинг овозини баланд қўйиб, оғзига келган беҳаё сўзларни қўшиққилиб, Сарагулнинг юрак-бағрини тилка-пора қилиб юборишди. Кечагина Сарагул ҳақдаги миш-мишларни бол томизиб бурро тиллар, бугун унинг шаънига айтиш учун чиройли сўзлар тополмай дудуқландилар. Уларнинг ўз айбларини ёпиш илинжида айтган ҳар бир сўзи эски ярани тирнаб юбораверди. “Сарагул қишлоғимизнинг фахри. Бундай ажойиб покиза қиз ҳеч қаерда йўқ” деб уни кўкларга кўтармоқчи бўлиб айтилган гаплардан Сарагул ерга кириб кетгудек бўлди. Сўзга чиққанларнинг ҳеч бири равон гапира олмади. Ҳатто биттаси ҳовлиқиб: “Сарагул билан Мўммитойга бахт тилайман” деб бахосдан айтиб юборди. Бундай тилакларнинг барчаси мангуликнинг элчиси бўлган видеотасмага муҳрланди.
Сарагул кўзларидан сизиб чиқаётган ёшни бир зум ҳам тўхтата олмай, рўмолчаси билан тез-тез артар, унинг қайноқёши юз-кўзларидаги бўёқларни ивитиб, чаплаштириб юборганди.
Бу ёқда бундан ҳам аянчли воқеалар юз бермоқда эди. Мўммитойнинг кўзлари йиғидан шишиб кетган, қизариб-қизариб адо бўлган юзлари жигарранг-қорамтир тусга кирган, еру-заминни титратиб ўкираверганидан томоқлари хириллаб қолганди. Шунда ҳам Сарагулнинг уйи томон талпинишни бас қилмас, билакларини қўйиб юбормаётган бақувват қўлларни аямай тишлар, атрофини ўраб олиб ерга маҳкам тиралиб турган оёқларини туфлисининг учи билан қаттиқ тепарди. Эркаклар шу ёш гавдага бунча куч қаердан келаётганини билолмай гаранг, аёллар эса ҳайратдан тинмай ёқаларини ушлаб қўярдилар.
Сарагулникига бориш ниятида дастурхонларини тайёрлаб йўлга отланган қўшни аёллар Нурмамат аканинг уйи олдида тўпланишиб турар, ёр-ёр саси келаётган қизлар давраси биронтаси ҳам тўй бўлаётган ёққа қараб юришни хаёлига келтирмасди. Уларнинг пушаймонлари ичларига сиғмай, бир кундаёқ Мўммитойнинг энг яқин дўстларига айланиб қолишганди.
Тўйнинг ғала-ғовури босилиб, қишлоқ тинчиб қолди. Қишлоқда ҳаёт яна аввалгидай давом этарди. Ҳар ким ўз тирикчилиги билан оввора бўлиб кетди. Бир куни қишлоқ болалари қора “Нексия”ни икки марта кесаклар бўрони билан “сийлагани”ҳақида гап тарқалди. Бу гапда жон борга ўхшарди. Негаки, шу гапдан кейин қора “Нексия” қишлоқда қорасини кўрсатмай қўйди. Қора “Нексия” Сарагулни ўз бағрига олиб қаёққа ғойиб бўлгани қишлоқдагиларга қоронғу эди. Сарагул эри билан чет элга кетгани ва у ерда хонимча бўлиб яшаётгани тўғрисида кимдандир эшитганларини Нурмамат аканинг қўшниси анча вақтгача оғиз кўпиртириб айтиб юрди.
Кейинги йиллар шамолдан ҳам тез ўтди. Бу орада қишлоқда қанча одам туғилиб, қанчаси қишлоқни ва қанчаси дунёни тарк этди. Неча “Нексия”лар неча қизларни турли томонларга келин қилиб олиб кетдилар.
…Онасидан эрта ажралган Сарагулнинг иккита синглиси бўлиб, биттасини ўзидан олдин турмушга узатганди. Сарагулнинг тўйидан сўнг кенжа қизини ҳам оилалик қилиб хотиржам бўлган отаси битта аёлга уйланиб, уйини сотди-да, хотинчасининг юртига кўчиб кетди…
…Тақдир ҳукмига кўра эридан ажралиб, ўн бир яшар ўғли билан қишлоққа кириб келган Сарагулни бир кўришдаёқҳамма таниди. Сарагул буни кутмаганди. Аммо уйида яшаётган бегона кишиларни кўриб сира ҳайрон бўлмади. У отаси ва сингиллари тақдиридан хабардор эди. Фақат ўзи яшаган уйни бир кўриш ниятида соғиниб келганди. Эртага синглисиникига жўнаб кетмоқчи ва у билан қаерда яшашни маслаҳатлашиб олмоқчи эди.
Унга қишлоқда кўп ўзгаришла содир бўлганини айтиб беришди. Ўлим деганлари одамнинг ёшига қараб ўтирмас экан. Дунёдан ўтганларни бир-бир санаб ўтдилар. Улар орасида Мўммитой ҳам бор эди. Унинг қандай ўлим топгани тўғрисида гап очишга на Сарагул ботина олди, на қишлоқдошлари сўзлай олдилар. Чунки бу ердагиларнинг ҳеч бири осмоннинг узилиб ерга тушишини истамас эди. Сарагул ўғилчасини етаклаб, эски ва қадрдон қўшнилари билан Нурмамат аканинг уйига кириб борганида, аввал содир бўлган қизил қиёмат яна бир марта қойим бўлди…
Қий-чувлар пасайиб, аста-секин йиғи саслари ҳам тинчиб, Сарагул ушбу хонадоннинг ички аҳволи билан яқиндан танишгандан сўнг, шу уйда қолишини айтганида ҳамма бирдан қалқиб тушди.
Юзларида кексалик аломатлари муддатидан олдинроқ пайдо бўлиб, ғам адо қилган Нурмамат ака билан Жамила хола Сарагулнинг ўғлини галма-галдан бағрига босар, “ўзимнинг Мўммитойим, қайтиб келган Мўммитойим” дея йиғлар эдилар. Сарагулнинг ўғли Мўммитойга унчалик ўхшамаса-да, нимаси биландир Мўммитойни эслатарди.
…Ўғлининг ўлимидан сўнг Жамила хола дилозорлигидан асар ҳам қолмаганди. Фаросатсизлиги ўша-ўша эди-ю, бироқ энди у руҳи синиқ, ҳокисор бир аёл эди.
Ўғли билан бирга қайтиб келган Сарагул ҳувиллаб қолган хонадонни қувончга тўлдириб юборди.
“Нурмамат аканинг уйига Сарагулнинг ўзи келибди” деган гап ҳамма ёққа тарқалди.
Қишлоқда янги келган болани ҳамма Мўммитой деб чақирар, унинг асл исми ким эканлиги мутлақо аҳамиятсиз эди.
…Мўммитой ҳар куни эрта туриб катта қозонда молларга ем пиширар, молхонани тозалар, нишхўрдларни кичик-кичик қилиб боғлаб, бостирма-чертакка тахлаб қўярди…
Эрталабдан тешик пақирда йўлларга сув сепган Сарагул оёғининг лойини ариқдан ювиб ўтирганида, Жамила хола эшикдан бошини чиқариб:
— Уйга кир қизим, чой дамламоқчиман, — деди.
— Қўяверинг ойи, чойни сизга ўзим дамлаб бераман, — дея Сарагул иккала оёғини ҳам яхшилаб ювиб, узоқ юртларни кезиб келган кавушини кийди-да тез-тез юриб уйига кириб кетди.