Еттинчи синфда ўқийман. Ўзимча, Бахтиёр Ихтиёров, Юрий Никулинман. Мактаб саҳнасида телевизорда кўрганларимни қайта-қайта ўйнайман. Ҳаммани кулдираман.
Кунлардан бир куни, биринчи соат дарси кетяпти. Тасаввур қилинг. Вжантималага ўхшаб кетадиган, кетворганидан нафақат ўқитувчиларни, балки ўқувчиларни ҳам ўзига мафтун қилиб қўйган геометрия муаллимамиз дарс ўтяпти. Кишибилмас мен уни севиб қолганман. Ҳурлиқо унча-мунча одамнинг қўли етмайдиган юлдуз қиз эди. Унинг доска олдида юришлари, шаҳло кўзларини тикиб, осмонлардан нигоҳ ташлаб қўйишлари мендек бўлғуси шилқим ёзувчини «ўлдирар», боз устига бу орзунинг ушалмаслиги бепичоқ сўярди. Буниси камдай, пари мактаб директорининг қизи, директор эса шафқат нималигини билмайдиган, нимаси биландир девга ўхшаб кетадиган одам эди.
Хуллас, дарс қизғин кетяпти. Севгилим доскага айлана чизиб, унинг марказидаги нуқтадан айлана чизиққа қадар кесма чизди. Биласиз, бу кесманинг номи радиус, лотинча r (эр) ҳарфи билан белгиланади. Муаллима шу ҳарфни ёзиб, ундан сўнг сўроқ аломатини қўйди. Айлана узунлигининг қиймати ҳам доскага ёзилди. Айлананинг узунлиги L, диаметрнинг( яъни, 2R) «пи»га кўпайтмасига тенг; «пи»нинг қиймати барча айланалар учун бир хил ўзгармас катталик бўлиб 3,1416 ни ташкил қилишини ҳисобга олиб, радиус узунлигини топиш талаб қилиняпти; яъни биз «эр»ни топишимиз керак. Опа сўради:
— Қани, болалар, айтинглар-чи, менга нима керак? Мана, менга ҳамма шартлар берилган. Энди мен нимани топишим керак?
Ҳамма жим. Атрофга қарайман. Негадир аълочилар ҳам мудраб ўтиришарди. Нима бало, ҳамманг кечаси билан мол боқиб чиққанмисанлар… дегандек уларга кўз ташладим. Опага нима кераклиги шундоғам кўриниб турибди-ку… Кулимсирадим. Буни севгилим кўриб қолди, денг. Шишадек йилтироқ, мушукникига ўхшаш кўзларидан нур порлаб сўради:
— Қани «Никулин», ўзинг шумтака бўлсанг ҳам, баъзан калланг ишлаб туради. Хўш, менда ҳамма нарса етарли. Менга нима керак? Аълочиларни бир шарманда қил-чи!
Дўстона ҳазил қилгим келди. Бутун синфни ноқулай аҳволдан қутқариш мақсадим ҳам йўқ эмасди. Ҳатто ўзим учун ҳам кутилмаган даҳшатли гапни айтиб юбордим.
— Бунинг ҳеч бош қотириб ўтирадиган жойи йўқ. Бу каллаварамлар шуниям билмай ўтиришибди. Шундоқ ҳам кўриниб турибди. Сизга табиат томонидан барча нарсалар керагидан зиёда берилган. Сизга эр керак!
Тарбияси ва даражаси ўзимдан қолишмайдиган бутун синф гапимнинг тагида қанақа «эр» яширинганини тушуниб, гуриллаб кулишсами денг!..
Ўзига қанақа эр кераклигини тушунган гўзаллик соҳибаси қўлига катта, дермантин муқовага солинган синф журналини олиб, ёнимга шошмай келди. Опанинг важоҳатини кўрган синфнинг нафаси ичига тушиб кетди. Мен бўлсам, ҳар ҳолда отасичалик урмас деган хаёлга бордим… Аммо мактабимиз «клеопатра»си журнални қулочкашлаб бошим узра кўтарди… Қанақа эр топиш кераклигини ўйлаб топган миям чайқалиб кетди. Ўзим партага ўтириб қолдим.
Шу воқеадан сўнг негадир муаллиманинг тўйини тезлатиб юборишди. Ва уни қўшни қишлоққа олиб кетадиган бўлишди. Тўй куни сузилиб турган келин-куёвнинг олдига икки жўрам билан бордим-да, келинга секингина:
— Бундан маълум бўлдики, сизга унақа эмас, бунақа эр керак экан! — дедим.
Албатта мен бу жумлани роса ўйлаб, ёдлаб олган эдим. Келин еб қўйгудай ўқрайди. Куёв тушунмади. Мен жўраларим билан жуфтакни ростладим.
Тўйдан кейин мактабда ноҳақ жазоланган башоратчи ва адолатпарвар сифатида обрўйим ошиб кетди. Албатта, бутун мактаб жамоаси «Никулин»нинг нима учун жазоланганини билиб бўлган эди.