Не-не шонли, шавкатли, зафарли ҳарбу зарбларидан кўра никоҳида биргина аёл бўлганлиги боис тарихда ёруғ ном қолдирган салжуқлар султони Селем иккинчи суронли кунларнинг бирида галдаги жангу жадалга отлана туриб суюли рафиқаси Дуйгу бегимга қадим момоларидан мерос қолган , айтишларича, сирли бир тарзда жуфтларнинг муҳаббатига муҳаббат, садоқатига садоқат қўшадиган муқаддас туморни тақдим этган, аммо ўша муҳоробадан ўзи омон қайтмаган, бутун мамлакат буюк ҳукмдорга мотам тутган, Дуйгу бегим эса эрининг қурбон бўлганига ишонмай не – не аслзодалар юборган шилқим совчиларни рад этиб, охир – оқибат саройдан бош олиб чиқиб кетган, мамлакат сарҳадларида қўним топиб, шу жойда момолардан мерос ўша муқаддас туморни кўсига маҳкам босганича эрини гирёна кутган, шу алфозда ўн икки йил, умрининг сўнгги нафасигача овлоқ адирларда саросар кезиниб йўл қараган, жони чиқар пайти ҳам эрининг номини оҳиста пичирлаб, чеҳраси алланечук нурланиб, бутун вужудидан хушбўй ҳидлар таралиб турган, ривоятларга кўра, қавму қариндошлар, оқсочу хизматкорлар марҳума малика кўксида маҳкам тутган ўша муқаддас туморни уч кун урина – урина аранг бармоқлари орасидан ажратиб олишган, ва эъзозу эҳтиром ила пойтахтга жўнатишган, ўша жажжигина табаррук тумор султон саройининг энг бебаҳо мулки, илоҳий муҳаббатнинг тимсоли сифатида йиллар, асрлар бўйи кўз қорачиғидек сақланган экан.
Маҳобатли, муҳташам музейнинг озғин – ориқ, сап –сариқ, сийрак сочлари силлиқ таралган, бет, бўйин терилари буришган кекса ходимаси султон ва малика муҳаббати ҳақида шу тахлит ҳикоя қиларкан товуши алланечук титраб чиқар, тевараги ойнабанд,ичи митти чироқлар ёғдусидан чарағон токчада куйиб қовжираган юракдек тиришибгина ётган экспонатга тез – тез ишора қилар, гоҳо,ўз айтганларини пайдар – пай таржима қилаётган толхивичдек йигитга, гоҳо ҳазин ҳикоятдан ҳаяжонланиб сомеъ қотган, кўргазмадаги қоп қора тумор томон ихлос ва эҳтиром ила интилаётган сайёҳларга сарғиш гардишли кўзойнаги остидан саволчан – синовчан тикилар эди. Томоша талаблар тўпида тойранглаб турган кенгсойлик Тўлқин фермер ачинганнамо бош чайқаб, устма -уст уфф тортиб, эҳ, аттанг деб юборди. Ходиманинг титроқ тўла товушиданми ё ўн икки кундан бери олисларда юриб, юртни қумсаганиданми, ишқилиб, не – не севги саҳналари, ишқ можаролари акс этган ҳинд киноларини кўравериб дийдаси қотиб кетган бўлишига қарамай, маҳзун муҳаббат ҳақидги ҳикоядан у хийла таъсирланган эди . Ҳатто, қирма – қир гирёна чарх уриб юрган бева малика хаёлида икки – уч жонланиб, кўзларига беихтиёр ёш қалқиб чиққандай бўлди, узоқ бу мамлакатга бир гуруҳ тадбиркорлар билан пишлоқ ишлаб чиқариш сир – асрорларини ўрганиш мақсадида келганини ҳам, серҳашам бу музейга ҳамроҳларининг қутқусига учиб, чала – ярим кийинган сатангларни томоша қилиш илинжида кириб қолганини ҳам унутди. Эсу дарди чарағон ойна остида маҳкам тугилган муштдек бўлиб ётган буюк муҳаббат, чексиз садоқат тимсолида бўлиб қолди.
“ Мен шу туморни сотиб олмоқчиман”,- деди у бир пайт таржимонга юзланиб.
Таржимон Тўлқинга бир зум тажжубланиб тикилиб турдида, сўнг унинг сўзларини ходимага етказди. Қари ходима мулойим жилмайиб, вазмин бош чайқади. Чиял бозорида савдолашавериб кўзи пишиб кетган Тўлқин фермер кампирнинг табассумини,бўшашибгина бош чайқашини ўзича тушиниб баттар қизишди.
“ Икки баробар ҳақ тўлайман!”- деб гувранди.
Гап нима ҳақда бораётганини англаган баъзи бир чет сайёҳлар Тўлқин фермерга таажжубланиб тикилишар, ҳойнаҳой, юксак инсоний туйғуларни қадрлай билувчи шундай танти бойваччани кўрибтуришганидан ҳайратланишар,ўзаро хайрихоҳ пичирлашар эди. Ҳатто, унда – мунда фотоанжомлар кенгсойлик меҳмон томон тўғирланиб бир икки ёғду сочиб олди. Шу пайт бошқа бир музей экспонати қошида гангиб турган пишлоқпарвар гуруҳ раҳбари эс – ҳушини йиғиб олдию Тўлқин фермернинг қўлидан тортқилаб уни ташқарига олиб чиқди.
“ Маст – паст эмасмисиз, ака, – деб ғазабини сочди раҳбар, -нима қилганингиз бу? Бутун дунёга шарманда қилдингиз – ку?”
Тўлқин ширакайф одамдай сузилди.
“Хотинимга совға қилмоқчи эдим”.
“ Ўша матоҳнинг нархини биласизми ўзи? Лўли аёллар тўп – тўп сотиб юрадиган туморлардан деб ўйлаяпсиз, шекилли.”
Тўлқин фермер саросималаниб қолди. У чинданҳам зиёратгоҳлар теварагида хотин – халаж сотиб юрадиган, ҳар хил бало қазодан сақлашга кафолат берувчи тақинчоқларни эслаб, ойнабанд токчадаги тумор баҳоси ҳам худди ўшаларникидай деб чамалаган эди.
“ Ҳа, шундай”, – деб ғудранди Тўлқин.
Раҳбарнинг фиғони фалакка чиқди.
“Камида уч – тўрт миллион дўллур туради у! Анови аёл каттаконлари билан маслаҳатлашиб, бўпти, сотамиз деб қолганида нима қилардингиз, а, нима қилардингиз? Ҳазиллашдим дермидингиз. Бу ерда унақа ҳазиллар кетмайди, ака. Ё сўзингизда турасиз ё… майнавозчилик қилганингиз учун мўмайгина жарима тўлайсиз, жаримаси ҳам юз минг, икки юз минг дўллурдан кам эмас…”
Гуруҳ раҳбарининг лаб – даҳанидан учаётган бу иддаолар бошқа пайт балки қоқ қаншарга тушган муштдай Тўлқиннинг кўзлардан кўкиш- яшил учқунлар сачратиб юборар, сафарга отланишган куни ташкилотчилар майда- чуйда харажатларга деб улашган кенгсойлик тадбиркор емай- ичмай чўнтагида асраб юрган уч – тўрт тангани маҳкам чангаллаган кўйи орқасига қарамай қочиб қоларди. Аммо айни чоғда Тўлқин фермер худди жодулангандай кўзлари чақнаб, мийиғида илжайиб, жунунваш тебранибтурар, кўз ўнгида сершовқин, серҳашам шаҳар, маҳобатли, муаззам музей эмас, бир бирига елка тутиб кетган беҳудуд қир- адирлар, бийдай дала- дашт ястаниб кўринар, оппоқ юзига ҳасрат соя солган, қуралай кўзлари мунгли, жингил сочлари тўзғин, мотамсаро малика у томон талпинаётгандек туюлар, юрагида соғинчга, интиқ –интизорликка ўхшаш ҳислар чарх уриб айланар, тинимсиз танбеҳ бераётган раҳбарнинг, қўлларидан тортқилаб уни автобус томон етаклаётган ҳамроҳларининг гап – сўзлари ҳам қулоғига бамисли олис – олислардан, элас –элас, узук – юлуқ эшитилар эди. Не тонгки, сафар муддати тугаб, кечки пайт баҳайбат Боинг ўриндиқларига ястаниб ортга қайтишар экан ҳали – ҳануз ўша тилсимли,тотли туйғулар талошида тебраниб, ичу таши сержило ранглар жилвасидан ёришиб, гўёки учоқ ичида эмас, ўзи қанот чиқариб, укпар булутлар билан ўйнашиб, юлдузлар билан бўйлашиб парвоз этиб борарди.
Тун тимқора чодирини шоша пиша йиғиб теварак тиниқ тортаётган бир пайтда Тошкентга келиб қўнишди.Аэропорт ҳамишагидек гавжум. Баланд бино биқинидаги панжара ортида кутувчилар, хира киракашлар ғира – шира кўзга ташланади.
Тўлқин учоқда тузукроқ мизғий олмаган бўлса-да, ўзини тетик, бардам ҳис қилар, кўринган билан кўришгиси, қучиб ўпкиси келарди.
Кимдир уйқусираган товушда минғирлади:
“ Бола –чақага арзигулик совға –салом ҳам олалмадик. Юринглар, ҳозир тўппа тўғри Отчопар бозорига бориб у – бу нарса сотиб оламиз.”
“ Яхши таклиф бўлди -ку – я, – деди кимдир қитмирларча томоқ қириб, – амолекин Тўлқинбойни олиб бормаймиз. Худди музуйдагидай кўтара савдо қилсалар бизга ҳеч нарса қолмайди.”
Ўнгу сўлда пиқ пиқ кулгу саслари эшитилди.
Тўлқин ҳазил – ҳузулларга парво қилмади. У айни пайтда чиндан ҳам ўзини бой – бадавлат, қўли узун, тили узун ҳис этар, юриш – туришида, нигоҳларида алланечук виқор ва салобат шарпалари кезинарди. Шу сабабдан бўлса керак ҳамроҳлари билан Отчопар бозоридан совға –саломлик харид қилганида сотувчилар, тиқилинч автобусга ўтириб ўз туманига жўнаганида ҳайдовчилар, бошқа йўловчилар унга ажабсиниб, қизиқсиниб қараб –қараб қўйишарди.
“ Тўлқин ака, сафар сизга жуда ёқибди,- деди таниш киракаш уни туман марказидан қишлоғига элтиб қўяркан, – ўн икки кун ичида анча ўзгариб кетибсиз. Тўғриси, таниёлмай қолдим.”
Жаҳонгашта фермер эътирофларга илжайибгина бош ирғаб қўяр, кўрган кечирганлари ҳақида одатдагидек овозини баралла қўйиб гапирса, баралла кулса, гўё шундоққина кўз ўнгида товланиб, ораланиб турган ғоят нозик, ғоят нафис бир хилқатни чўчитиб юборадигандек, ўзи тубсиз зулмат қаърига қулайдигандек, бор бисотидан ажралиб қоладигандек т уюларди.
Кўп ўтмай Кенгсой дала дашти, баланд –паст қир – тепаликлар кўзга ташланиб қолди. Туйқус хаёлотида тағин тоғу тошлар оралаб гирёна юрган мотамсаро малика жонландию Тўлқиннинг тану жонига тотли титроқ таралди. Юраги гурс – гурс ура кетди.
“Шу ерда тўхтатиб юборинг,”- деди у ғудраниб.
“Нега?- ажабланди ҳайдовчи, – ҳали уйингизга анча бор –ку?”
“Сал пиёда юрмоқчиман, оёқнинг томири тортиб қолди.”
“Уйингизгача олиб бориб янгамдан суюнчи сўрайман дегандим-да.”
“Мен қир ошиб боргунча, бемалол хабар етказишга улгурасиз.”
“Келишдик,”- деб кулди ҳайдовчи.
Тўлқин фермер ғайри ихтиёрий бир тарзда, шоша –пиша машинадан тушиб қолди. Назарида ерга эмас бир парча булут устига оёқ босгандай ҳануз ҳаволаниб, боши андаккина айланиб турарди.
“Тўғри қилдим, – хаёлан ўз қилимишини ўзи оқлашга уриниди у, – анови тепаликдан липпа ошиб ўтсам, уйимнинг устидан тушиб бораман. Йўл- йўлакай лалмидаги экинимга кўз ташлайман.”
Кун асрдан оққан эди. Қиш қаҳридан эндигина қутилган қир – адирлар қуёшнинг илиқ тафтига яланғоч яғринларини топлаб ётарди. Нам тупорқ иси, кўклаб қолган майсалар ифори димоқларга хуш урилади.
Тўлқин сафар тўрвасини елкасига осиб, сон- саноқсиз мол –ҳол изи бўйлаб тепаликка кўтарила бошлади. Димоғи чоғ, кўнгли кундай равшан эди. Нагоҳ шундоққина қаршисида, қирнинг қиясида, қайларгадир интиқ – интизор тикилиб жонсарак турган аёлга кўзи тушдию таққа тўхтади. Тўхтадию ўз хотинини таниб хаёллари алғов -далғов бўлиб кетди.
“Ия, Матлуба – ку?! Бу ерда нима қилиб юрибди? Ё бирор мол –пол житириб қўйдимикан?”
Балки бошқа пайт бўлганида кўз ўнгида бадар кетган жонивори жонланиб жаҳонгашта фермер жаҳл отига миниб, жундор бармоқлари беихтиёр муштга айланарди. Аммо айни чоғда… гўё қуввати қуриб қўналғасига қўнаётган қуёш Матлубанинг сарғиш –қизғиш либосидан қайта чўғланаётгандек, чўғлар бир парча алангага айланиб унинг юрагига ҳарорат, ҳаловат индираётгандек туюлди. Беихтиёр қийқириб хотини томон имо- ишора қилишга чоғланди. Бироқ аёл шартта ортига бурилдию қияликдан пилдираганича эниб кетди. Тўлқин қичқириб уни тўхтатмоқчи бўлди, лекин ҳаяжондан қурқшаб қолган бўғзидан бор- йўғи заифгина ҳирқироқ ситилиб чиқди. У сафар халтасини орқалаганича жон ҳолатда қир устига интилди. Бироқ улгурмади. Тўлқин тепалик устидан ҳансираган кўйи кўз ташлаганда хотини аллақачон ҳовлисида куймаланиб турганини кўрди.
Балки бошқа пайт бўлганида хотинининг бефаросатлигидан фиғони фалакка чиқиб, тишлари ғазабдан қайралиб, ортидан тошлар отиб қоларди. Аммо айни чоғда… пастга пилдирабгина Матлуба эмас, неча кунки кўз ўнгида жилоланиб, жилваланиб турган хилқат сарғиш – қизғиш этакларини силкитиб гўёки нозу истиғно билан ортидан чорлаб уйи томон эниб кетгандай туюлди. Юз – кўзига табассум қалқди. Юраги завқ – шавқдан ҳаприқди. Худди шу завқ – шавқ мавжида ҳовлисига қандай кириб борганини сезмай қолди.
– Ассалам…
Матлуба иккала қўлини ҳам кўксига қўйиб, негадир эрига эмас, унинг оёлари остига тикилган кўйи пешвоз чиқди. Тўлқин фермер бош ирғаб алик олган бўлди. Негадир илк марта қаллиғи билан учрашувга чиққан йигитдай довдиради. Хотини илдам интилиб эрининг қўлидаги тўрва – халтани олаётган пайт ногоҳ кўзлар тўқнашдилар. Шундагина Тўлқин Матлубанинг қароғлари қувончданми, йиғиданми намиқиб, хира йилтиллаб турганини пайқади.
– Яхши ўтирибсиларми, – деб қўйди у пайабзалини ечиб ичкарига кираркан.
– Тузук…
– Боллар кўринмайди.
– Салимингиз қўзиларни ҳайдаб кетган, Сардор ҳали мактабдан қайтмади, йўл – йўлакай тоғамникига ҳам кириб чиқаман деганди.
Ахборот Тўлқиннинг қулоғига деярли кирмади. Ўз хонадонининг таниш, жуда таниш ҳидларидан боши айланиб кўзи тиниб кетди. Шоша -пиша уст кийимларини еча бошлади. Шу лаҳза хона тўридаги, бир пайтлар Матлуба сепига қўшиб олиб келган, олди ойнабанд сервантга кўзи тушди. Кўзи тушдию ўша музейда кўргани, ёп – ёруғ ойнабанд токча туйқус хаёлида жонланди. Беихтиёр сервант томон юрди у. Қизиқсиниб ойина ортига қаради. Қарадию бир қалқиб тушди. Ахир ойина ортидаги сервант токчасида худди ўша музейда кўргани каби, олачипор боғичли, қоп – қора қопламали тумор эшилиб ётарди! Тўлқин кўзларига ишонмагандек қароғларини катта – катта очди. Тани жонига титроқ иниб ойина ортига яна диққат билан қаради. Рост! Худди ўша туморга ўхшайди!
– Матлуба!- беихтиёр қичқириб юборди Тўлқин.
Эрининг оёқ кийимини артиб даҳлизга қўйётган хотини чопқиллаб кириб келди.
– Лаббай.
Тўлқин ботинмайгина сервант токчасига ишора қилди.
– Анови нима?
– Ҳа, уми, – деди Матлуба ўша томон ажабсиниб кўз ташларкан, – тумор-ку.
– Тумор?! Қанақа тумор?
Матлуба оҳиста пичирлади.
-Раҳматли қойнанам берганди… момолардан қолган мерос экан.
-Нега у бу ерда ётибди? Тумор тақиб юрилмайдими?
– Тақиб юрардим, – деб пичирлади Матлуба, – ўзингиз… бунингдан тер иси келаркан, ечиб ташла, дегандингиз- ку, шунинг учун … шу ерда ётибди.
– Йўғ-е…
Тўлқин сервант ойинасини очиб туморни қўлига олди. Бироз иккиланиб тургач, уни секин ҳидлаб кўрди.
– Чин, – деди бурнини жийириб, – бунингдан тер иси келаркан. Майли, ҳозирча шу ерда тура турсин.
– Ихтиёрингиз, – деб пичирлади Матлуба.
Тўлқин ер остидан секин хотинига қараб жилмайди. Айни чоғда… қаршисида нозланиб, солланиб турган аёл неча кундан бери хаёлида жонланиб, орому тинчини ўғрилаган маликанинг ўзгинаси эканлигига сўзсиз иқрор бўлди.