Луқмон Бўрихон. Сут сотувчи бола (ҳикоя)

— Э-ҳе-е-е, мен келдим! Су-ут, қаймо-оқ!
Бу товушдан чўчиб тураман. Ҳар саҳар шундай. Худди қўмондоннинг “уйғо-о-он!” деган ҳайқириғига шай аскардек,мен ҳам сут сотувчи боланинг чорловидан сўнг беихтиёр ўрнимдан сапчиб тураман.
— Э-ҳе-ҳе, чиқингла-а-ар! Свежи-ий мо-ло-ко-о!
Сут сотувчи боланинг жез жарангидек бу қийқириғи ғира-шира қоронғуликни қўқитиб юборгандек бўлади. Кўп қаватли уйлар гўёки акс-садо қайтаради. Яккам-дуккам хонадон деразаларида бирин-кетин чироқлар милтиллай бошлайди.
— Сут, қаймо-оқ! Тезроқ чиқинг, уйқучилар!
Боланинг ҳар бир сўзи қулоғимга аниқ-тиниқ эшитилади. Ҳар бир сўзи миямга мерган отган ўқдек санчилади. Бутун вужудимни алланечук хавотир, қўрқув қоплайди. Сабабини ўзим ҳам билмайман.Унинг кескир-кескир овози, кўзўнгимда суратдек қотган митти жуссаси, қаттиқ нигоҳлари мени шундай шилимшиқ ҳисларга чулғайди.
Бу дўмга бир ойча аввал кўчиб келганмиз. Ёш оила. Касби-корим тақозасига кўрами ё ўзимни зиёли тўпдан чоғлаганим учунми, ишқилиб, илмий-оммавий нашрларни тез-тез ўқиб тураман.Қай бир кун, ҳали бу ерга кўчиб келмасимиздан андак илгари сиҳат- саломатликка оид журнални варақлай туриб бир қизиқарли мақолага кўзим тушиб қолди. Қайта ва қайта ўқиб чиқдим. Жуда ажойиб! Тиббиёт уламоларидан бири сут ва сутли егуликларнинг нафи ҳақида тўлиб-тошиб ёзган экан. Ҳаммаси илмий исботланган. Демакки,ҳаммаси ишонарли. Домла айниқса ҳомила соғлом ўсиб, соғлом бола туғилишида сутнинг аҳамияти беқиёс эканлигига бот-бот тўхталибди. Тайин гап, бўлажак ота сифатида бу муждалар каминанинг эс-ҳушини ўғрилади. Шу-шу хотинимни сут, сут маҳсулотлари билан боқадиган бўлиб қолдим. Балки шу сабабдир бу янги жойга кўчиб келганимизда сут сотувчи боланинг тонгги қичқириғи менга нақ илоҳий ваҳийдай туюлган.
— Э-ҳе-е, мен келдим! Су-ут, қаймо-оқ!
Ошхонадан шоша-пиша идиш олдиму пастга тушдим.
Чор-атроф ҳали қоп-қоронғу.Кеч кузнинг аччиқ изғирини пайпасланиб юрибди. Баланд бетон симустундаги лампачироқ теваракни хира ёритади.
Мен ўшанда болани илк бора кўрдим. Кўп қаватили уйлар ўртасидаги майдоннинг бир чеккасида, ғадир-будир қари дарахт ёнида турарди у! Ўн тўрт- ўн беш ёшлар чамасидаги ўспирин. Эгнида калта камзул, бошида жун қалпоқ. Жуссаси кичкинагина, аммо димоғи баланд, қуримағурнинг. Қўлларини белига тираб атрофга зингил солиб қарайди. Мисоли ўткир овчи дейсиз.Гала-гала тушиб келаётган мижозларга бидондаги сутдан ғоят эпчиллик ва абжирлик билан қуйиб узатади. Ерга бир томчи ҳам сут тўкилмайди.Мижозлар узатган пулни ҳам санамай,салмоғидан қанчалигини билгандек чўнтагига тиқади. Сут сотувчининг теварагида ивирсиётганларнинг гап-сўзларидан билдимки, боланинг исми Умид.Биров Умиджон дейди,биров Умидчик,тағин кимдир Умиджон дея дўриллайди.
Сут сотувчи бола ўша куни кечга довур кўз ўнгимдан кетмади. Исми жуда чиройли экан: Умид. Ишда ҳам, уйда ҳам у ҳақида ўйладим.Кейинги кун атай эртачи тушиб болани қизиқсиниб кузатдим.
Умиднинг ҳатти-ҳаракати, гап-сўзлари худди катталарникидек эди.Гўё бирор донишманд мўйсафид бир думалаб ёш болага айлангану сут тўла бидонларни кўтариб келгандай.
— Ҳа-а, Гули кеннойи,— деб ҳазил қилган бўлди Умид, сочлари тўзғин, юз-кўзидан ҳали уйқу учмаган жувоннинг қўлидаги идишни оларкан,— қалайсиз,жа-а хомушсиз, бу акам тун бўйи уйқу бермаган кўринади-я…
Гули боланинг елкасига ўзича нуқиб қўйган бўлди.
— Умидчик, чалғима, сутинг тўкилиб кетади ҳозир.
Семиз бир рус кампир, афтидан илк бор сут сотиб олиши бўлса керак, болага ишонқирамай кўз ташлади.
— Мальчик…у тебя как…сув қўшилмаганми?
— Э-э, бабуля,— деди Умид узук-юлуқ рус тилида,— ҳозир сув қўшилмаган нима бор? Ҳатто одамнинг ўзи ҳам саксон просент сувдан иборат.
Кампир боланинг дангал гапидан бироз саросималаниб қолди. Аммо ёнидаги шериги алланима дея шивирлаб унга далда берган бўлди. Афтидан, сутнинг сифати тузуккина эканини уқтирди.
Кўп ўтмай Умиднинг теварагига беш-олти қари-ёш, узун-калта, семиз-ориқ мижозлар тўпланиб қолди. Бола галма-галдан уларнинг идишига сут қуйибберар экан,эски қадрдонлардек ҳар бири билан эринмай, астойдил ҳол-аҳвол сўрашар, юз-кўзида гоҳ жиддият, гоҳ нимкулгу пайдо бўларди.
Мен сут сотувчи болани қизиқсиниб кузатиб турарканман,унинг бу атрофдаги одамлар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетганига амин бўлдим.Мижозлар ҳам болани ёқтиришар, унинг ҳалоллигига,тоза савдо қилишига ишонишар эди.
— Рамиз ака, қалай, белоғриқдан қутилдингизми?—деб қолди Умид, юз-бўйин терилари тиришган, уст-бошидан арзон тамаки қўлансаси анқиётган қарияга.
— Э, Умиджон,— деди Рамиз ака худди тенгдоши билан ҳасратлашаётгандек,— нимасини сўрайсиз, қилмаган амалим қолмади, аммо лекин ҳеч фойдаси бўлмаяпти.
Умиджон минг йил яшаб, минг дард кўрган кишидай астойдил маслаҳат беришга тушди.
— Йў-ўқ, окам, сиз соғлиққа аҳамият бермаяпсиз. Ўлда-жўлда даволанаяпсиз. Бир ойча тўшакдан турманг. Туя жунидан тўқиладиган белбоғ бор. Ана ўшандан топиб, белни маҳкам боғлаб юринг, терласангиз ҳам ечманг. Ока, бел оғриқ билан ҳазиллашманг-да,са-ал аҳамият бериб юринг.
Теваракдаги тўрт-беш мижоз ҳам боланинг гапларини қизғин қўллаб-қувватлаган бўлди.
— Умидчик, бугун менг уч литр,— деди пахмоқ халатига бурканиб олган жувон, болага идиш узатаркан.
Бундай анграйиб тураверсам ҳали замон сутсиз қолиб кетишимни англаб, мен ҳам навбатга суқулдим.
— Бу ерга яқинда кўчиб келдингизми?—деб сўради Умид, галим етгач, сут юқи теккан қўлларини бир парча латтага артар экан.
— Ҳа, шундай.
— Квартира сотиб олдингизми?
— Йўқ, ижара.
Одатда, биров эзмаланиб сўроққа тутаверса ғашим келади. Энсам қотиб,мужмал, узук-юулуқ жавоб бераман. Аммо… негадир ҳозир Умиднинг сўровлари менга ҳеч бир малол келмаётганди. Негадир унга батафсил жавоб бераётганимдан завқланардим.
— Бу жуда яхши маҳалла,— деди Умид сут тўла иккинчи бидонни чаққонгина очаркан,— бу ерда зўр одамлар кўп.
— Зўрлар дейсанми?
— Ҳа, ҳалиги…каттакон идорада ишлайдиганлар.Кўпларинг уйларига ўзим сут, қатиқ киритиббераман.
— Мен зўр одам эмасман,— дедим кулиб,— мана бонка кўтариб ўзим тушдим.
Ёнимда навбатини кутиб турган киши ҳам ҳиринглаб қўйди.
Умид и шонмагандай юзимга қизиқсиниб тикилди.
— Сиз қатта ишлайсиз?
— Пединститутда.
— Домламисиз?
— Умуман… шундай деса ҳам бўлаверади… илм қиламиз.
Бола ишонмадими ё гапларимнинг мағзини чақолмадими, бошини сараклатган кўйи димоғида алланима деб минғирлаб қўйди.
Лекин мен рост айтаётгандим. Чиндан ҳам илм билан шуғулланаман. “ Соғлом муҳит-соғлом насл гарови” деган мавзудаги намзодлик ишим ҳимояга тайёр.
Сут-қатиқ, қаймоқ харид қилганлар совуқдан дийдираб, бирин-кетин уй-уйларига йўрғалаб кетишди. Кўп ўтмай,Умид бўм-бўш идишлари ёнида куймаланиб қолди.
Шугина узук-юлуқ суҳбат – танишувимиз бўлди. Кейинчалик Умид билан анча иноқлашиб кетдик. Ҳатто,баъзи пайтлар кеч қолар бўлсам, у мен учун сут олиб қўйишни одат ҳам қилди.
Мана,тунов куни ҳам анча кечикибтушдим.Бироқ ҳали тонг ёришмаган.Қоп-қора чодирдек осмоннинг уер-бу ерида яккам-дуккам юлдузлар дийдирабгина турибди.
Ҳам идиши ҳам кўнгли тўлган мижозлар аллақачон тарқабкетишган экан. Аммо негадир бола кўринмади. Сергакланиб у ён- бу ён алангладим. Алангладиму нагоҳ уни кўриб қолдим.
Умид ғадир-будир дарахтнинг қулайроқ шохига оёқ қўйиб, қаршисидаги уйнинг учинчи ё тўртинчи қаватига жон-жаҳди билан тикиларди. Унинг шу туриши машҳур бир филмдаги, боғ оралаб келиб, севгилиси даричасига зор-интизор термулган ошиқ йигитни эслатиб юборарди.
Мен ҳам ажабсиниб ўша ёққа қарадим. Бироқ интиқ-интизор тикилишга арзигулик ҳеч нарса кўринмади. Ҳамишаги тўрт қаватли уйнинг орқа тарафи, жим-жит, қоп-қоронғу. Фақатгина у-бу жойда тунчироқнинг қизғиш-сариқ ёғдусига чулғанган хобхона деразалари ғира-шира кўзга ташланади.
Шарпамни пайқади шекилли, Умид бир сакраб пастга тушди. Хижолатли бир товушда салом берган бўлди. Мен ҳам ҳеч нарса пайқамагандай алик олиб, қўлимдаги идишни унга узатдим. Шу лаҳза нигоҳларимиз бир лаҳза тўқнашди. Назаримда боланинг кўз қорачиғларида тунчироқнинг қизғиш-сариқ шуълалари жилваланаётгандай туюлди. Умид алланечук паришон ва синиқ жилмайди.
Шу учрашувдан сўнг беш-олти кун шаҳардан қорам ўчди. Туз қуюнлари, уларнинг соғлиққа таҳдиди ҳақида маърузалар қилиш учун Оролбўйи овулларига сафар қилган эдик.Ҳувв, ўша саломатликка доир журналлардан ўқиб-ўрганганларим хўб асқотди. Туз қуюнлари касофатидан келиб чиқар касалликларнинг дамини кесишда сутнинг аҳамияти ҳақида сутдай кўпиртиб гапирдим. Хуллас, хизмат сафаримиз сермазмунгина ўтди. Лекин хонадонимдан хавотирланиб кўнглим безовта эди. Шу сабаб ҳам сафарбўйи таъбим тирриқ юрди. Шаҳарга қайтгач, зарур ҳужжатларни ишхонага топширишга ҳам сабрим чидамай уйга йўрғаладим. Шукурки, ҳадикларим беҳуда экан. Хотиним хушхандон кутиб олди.
— Сут- пут ичиб турибсанми?—деб сўрадим бўсағадаёқ.
Хотиним мамнун бош ирғади.
— Қандай қилиб,— деб сўрадим азбаройи ажабсиниб,— ўзинг тушиб олиб чиқаяпсанми?
— Йў-ўғ, Умиджон яхши бола экан, бу сизнинг насибангиз, кеннойи деб ҳар саҳар ўзи келтириб беряпти.
Бу хабардан қувониб кетдим. Ич-ичимда сут сотувчи болага ташаккурлар айтдим. Эртага албатта бирор совға билан сийлайман деган хаёл миямдан липиллаб ўтди. Сафар чоғи жимжимадор, антиқа бир қўнғироқли соат сотиб олгандим. Жажжигина,лекин қўнғироғи шунақанги қаттиқ чириллайдики,ҳатто ўликлар ҳам сапчиб ўрнидан туриб кетса ажабмас. Умидбекка шуни тортиқ қилишни мўлжалладим.
Қарангки, йўл азоби, гўр азоби деганларича бор экан. Донг қотиб ухлаб қолибман. Чўчиб уйғониб қарасам, тонг хийла оқариб келаяпти.
Апил-тапил кийиниб,тунда тайёрлаб қўйган совғамни қўйнимга тиқдиму, ошхонадан идиш олиб йўлакка отилдим.
“ Ия, нима гап?!”—пастга тушишим биланоқ хаёлимдан шу ўй чақмоқдек чақиб ўтди.
Ўша қийшиқ, қари дарахт теварагида бир тўп мижоз куймаланиб турарди. Асабий ва норизо ғунғур-ғунғурдан билдимки,сут сотувчи бола ҳалигача келмабди!
— Энди кутиш бефойда,— деди Рамиз ака узун бир ҳомуза тортиб,— шу пайтгача дарак йўқ ,значит энди келмайди.
Тўладан келган жувон бетоқат чинқириб юборди.
— Вой, энди ман нима қиламан?! Бугун пишириқ пишириб чарларга боришим керак. Манга уч литр сут, бир бонка қаймоқ жуда зарил эди. Вой, бу бола мани бепичоқ сўйди-я?!
— Ваҳима қилманг, Азизахон, кун ёришса, бозорга чиқиб келарсиз,— деб қўйди аёллардан бири.
— Вой, қўшни бозорга бориб келгунимча кун пешин бўлади-ю…
Бази бировлар катта кўча томон жонсарак қарай-қарай тарқала бошлашди.
— Ё бирор ишкалга аралашиб қолдимикан?—дея минғирлади кимдир.
— Қўйсангиз-чи, нималар деяпсиз, Умидчик жа-а шустрий, ишкал чиқариб юрадиганлардан эмас,—деди ёнидаги шериги ишонч билан.
— Бола ўзи қатлик? Қаттан қатнайди?
Буғиқ бир товушда, калондимоғлик билан берилган бу савол эгаси бир чеккада сигарет тутатган кўйи савлат тўкиб турарди. Эгнида момиқ жундан тўқилган светир, бошида гумбаз бичимли чарм қалпоқ.Мен унинг семиз-силлиқ афт-ангорига қараб,ҳувв,бир гал Умид таърифлаган зўрлардан бири эканини ўзимча тусмолладим.
— Ҳа-я, рост, сутчи бола қаердан келади ўзи?—дея тағин кимдир ўша саволни бийронгина такрорлади.
Мижозлар бир-бирига паришон тикилдилар. Биров елка қисди, биров базўр бошчайқади.Хуллас,Умиднинг манзил-макони қаерда эканини ҳеч ким билмаслиги тайин бўлди.
— Что за безобразие,—дея таниш рус кампир ёнидаги озғин аёлга ёзғира кетди.
Унинг куйинчак гап-сўзларига қараганда, шўрликнинг неваралари ҳар эрталаб сутли қаҳва ичишмаса, оғизларига ушоқ ҳам солишмас эмиш. Мактабга ҳам аразлаб оч-наҳор жўнаб қолишдан тойишмас экан.Бу ҳолда уларнинг бирор касалга чалиниши тайин,кампир ана шундан хавотирда эмиш.
. У узундан-узоқ шикоятлари сўнгида ғазабини ҳеч босолмай, Умидчикка ўхшаш масъулиятсиз, бетайин хизматчилар устидан маъмурият қатъий назорат ўрнатиб, аёвсиз жазолаб туриши зарурлигини чертиб-чертиб таъкидлади.
Бу орада тонг буткул ёришиб кетди.Чор- атроф алланечук сут тусида бўзариб турарди.
Ўша серсавлат акахон майда-чуйда одамларга қўшилиб аллақандай болани кутиб турганидан ўнғайсизланди шекилли, менга яқин келиб ўз-ўзидан гап бошлаб қолди.
— Анчадан бери жигарнинг мазаси йўқ. Духтурлар парҳез тайинлашган. Фақат сутли егуликлардан еб туринг, дейишган.—У туйқус жимиб, теваракка тажанглик билан аланглаб олди.—Бу тирранчани қаранг-а,жа-а девор сутиб кетди-ю…
Шу пайт катта кўча тарафдан эски бир “Москвич”шу ёққа бурлди.Чайқала-чайқала келиб, биздан бироз нарида тўхтади.Тўхтадию ҳар икки олд эшиги баббаравар очилиб,бир томонидан ҳайдовчи, нариги томонидан Умид шоша-пиша тушди.Ҳайдовчи теваракка қиё ҳам боқмай, тунд бир қиёфада машина багажини очиб, бола одатда сут ташийдиган идишлар ортилган аравачани аранг кўтариб ерга қўйди. Афтидан у жуда шошиларди. Умид унга кира ҳақини узатди. Ҳайдовчи пулни чўнтагига тиқдию тағин машинасини шитоб билан жилдириб кетди.
Умид аравачасини судраклаб биз томон юринди.Сўнг туйқус тўхтади. Унинг юз-кўзида алланечук завқ, қувонч балқиб турарди.Бола ял-ял яшнаган куйи биздан кўз узмай, болаларга хос бодилик билан қўлларини белига тиради. Афтидан у ғоят муҳим, ғоят қувончли бир хабарни айтишга чоғланарди. Биз унинг қилиқларидан ҳангу манг қотиб, муқаррар бир мўъжиза рўй беришини кутиб турардик.
Умид ногоҳ қўлларини қанотдай ёйиб тантанавор хитоб қилди:
— Бугун мен ухлаб қолибман!!
Сўнг мастона бир тарзда шарақлаб кулиб юборди. Ҳойнаҳой, у ҳаммамизни ҳайрону лол қолдириб, сўнг ҳафсалаларни пир қилганидан беҳад завқ-шавққа тўлиб-тошарди.
— Нега қотиб қолдиларингиз,— деди Умид кулгуларини ҳануз йиғиштириб ололмай,— қани, тезроқ келингизлар, ҳали мактабга ҳам улгуришим керак.
Ҳангу манг қотиб турган мижозлар тўпи, туйқус сеҳрдан фориғ бўлгандай,дувва бола томон ёпирилди.
— Умиджон, аввал менга бер.
— Эски қадрдонмиз-ку,Умидчик,аввал менинг идишимни тўлдир.
— Умидбой, илтимос…
Мен ҳамон гангиб турардим. Ял-ял яшнаб турган бола қиёфаси ҳали-ҳануз кўз ўнгимда жилваланар, хушхандон хитоби қулоқларим остида ажиб бир мусиқадай жаранглар эди. Бир пайт чап кўксимга нимадир қаттиқ қадалгандай бўлди. Секин пайпасландим.Ҳа, бу сут сотувчи болага мен совға қилмоқчи бўлган ўша қўнғироқли соатча эди.