Севган йигити томонидан навбатдаги ишқий мактуби ҳам жавобсиз қолган дугонам чуқур оҳ тортиб столга бошини қўяди:
— Уф-ф… Нақадар бахтсизман-а…
Демак бахт муҳаббатда экан-да? — ўйлаб қоламан мен. Наҳотки бахт деганлари фақатгина севишдан иборат бўлса? Астагина ёнимда ўтирган “ғамбода”ни туртаман:
— Нилу, бахт нима ўзи?
— А?!
— Бахт…
— Сен севган одам сени ҳам севса, шу бахт-да…
Наҳот? Бахт тушунчаси шунчалар жўнми?
Уйда қўғирчоғининг сочларини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа тараб ўтирган беш яшар жиянчамни гапга солдим.
— Лола, бахт нима ўзи?
Жиянчам аввал менга ҳайрон бўлиб қаради, кейин бурро-бурро тилда гапира бошлади.
— Кеча адамла ичмий келдила, кейин манга ко-отта ўйинчоқ опкелдила! Ҳаммамиз уришмий, хуйсанд бўйиб ўтийдик. Агар бугун манга ваъда қилган шоколадларини опкесала, ман бахтли бўлайди-им…
О-о, ана сизга бахт… Демак гўдак учун бахт тушунчаси шундай. Эътирозга ҳожат йўқ.
Оғилхонада минғирлаб қўшиқ айтганча сигир соғаётган янгамнинг қошига бордим. Бечора янгам… Олти йил аввал келин бўлиб тушганларида қанчалар сулув, қанчалар гўзал эдилар-а… Оппоқ, нозиккина қўлларида қўш-қўш тилло узуклар ёғду сочарди. Лабларида табассум, кўзларида муҳаббат бор эди. Бугун-чи? Эҳ-ҳе, сал нобопроқ чиқиб қолган акамнинг хурмача қилиқларига чидайвериб не аҳволга тушиб қолибдилар-а… Юзларига ажин ҳам оралагандай бўлибди…
— Ҳа, Саодатой, нега тикилиб қолдингиз?
— Янга, бахт дегани нима ўзи?
— И-э, тинчликми? — янгам маҳзунгина жилмайдилар. Уларнинг жилмайиши кулгудан кўра йиғига кўпроқ ўхшаб кетди.
— Ўзим…
— Жа-а одамидан сўрадингиз-ку… — янгам чуқур хўрсинганча сут тўла челакни олиб ҳовлига чиқдилар. — Яхшими, ёмонми бошимда эрим, қўйнимда фарзандим бор. Аёл учун бахт оиласининг тинчлиги, фарзандларининг камолида, Саодатой… Акангиз бир кунгина ичмай келса, тинчгина бир дастурхон атрофида ўтирсак, бир оғиз ширин сўз…
Янгам сўзини охирига етказа олмади, дарвоза куч билан тепилганидан даранглаб кетди.
— Ноди-и! Онангни… қаттасан!!!
Янгам ранглари бўзарганча сут челакни шоша-пиша кўтариб дарвозахонага югурдилар. О-о, пастки қовоқлари салгина кўкариб қолганини энди пайқадим… Бечора янгам…
Демак бахт сўзининг маъносига яна ета олмадик…
Кеч тушгач, хумори чиққунча янгамни бўралаб сўккан акам, охири чарчади чоғи, ҳовлидаги сўрига чўзилиб қолди. Чиқмаган жондан умид, балки бахт нелигини мана шу нодонгина акам билар?
— Ака, чой ичинг.
— Опке!
Акам пиёлани ютиб юборгудай чойни симиради.
— Тинч юрибсанми? Ану қассобни ўғли ортингдан юрибди деб эшитдим?!
— Йўғ-э, ака…
— Ўзингга қара, саниям, униям сўйиб ташийман…
— Ака-а…
— Нима?!
— Бахт нима ўзи?
— Томинг жойидами? — акам беўхшов ҳиринглади. Оғзидан гупиллаб ароқ ҳиди келди. — Шуниям билмайсанми? Чўнтагингда яримтага етарлик пулинг бўлса, уйга келганингда шаллақи хотининг “қаттейдиз, қатта юрибсиз, у йўқ-бу йўқ” деб бошингни қотирмаса… Бахт дегани шу-да! Менда бахт нима қилсин?! Бахт бойларда бўлади, тушундингми? Аҳволимга қара! Тенгдошларим алламбало машиналарда юрибди, қасрларда яшашяпти! Чунки отаси босиб қўйган! Мени-чи? Нимам бор? На пулим, на обрўйим… Э, онасини…
Акамнинг бахт ҳақида кайф аралаш сўқиган фалсафасидан кўнглим айниди. Билолмадим, унинг оғзидан келаётган бадбўй ҳиддан кўнглим айнадими, ёки сўзларидан?
Ҳозиргина янгам билан акамнинг орасига тушиб ажратиб қўйган, жанжал тинчигач кўнгли бир оз тинчиб хонасига кириб кетган онамнинг қошига бордим.
— Ҳа, болам, тузукмисан? Қани бу ёққа ўтир-чи?
Мен онамнинг меҳр анқиб турган тиззаларига бош қўйдим.
Онам-а… Бир ёруғ кун кўрмай ўтаяптилар бу дунёдан. Онани яратмасин экан. Болаларини катта қилиб, уй-жойли қилгунча ярим жонини адо қилади. Болаларининг оиласини тинчлигини ўйлаб қолган жонининг ҳам бошига етади. Бу-ку майли-я, набираларининг тўйига атаб сандиқ тўлатиб юришларига нима дейсиз.
Юздаги ҳар бир ажин ҳар бир дардан нишона дейишади. Онамнинг юзига термулганча ундаги сон-саноқсиз ажинларни санамоқчи бўламан. Йўқ, санаб адоғига етолмайман. Наҳот шунча дардлари бўлса?!
— Она, бахт дегани нима?
Онам “қўй, болам!” дегандек қўл силкийдилар. Қистайвергач, аранг тил ёрадилар:
— Ҳа, болам-а… Сенларнинг камолингни, ўзларингдан тиниб-тинчиб кетганларингни кўрсам бахтлиман-да… Опанг ўғил тўйи қилиб беринг, қайнонам олақараш қилаяпти дейди. Унгаям қийин, икки овсиннинг олдида тили қисиқ бўлиб қолишини истамайди. Атаганим бор, учма-уч етиб қолади…
Кеча катта аканг келиб ўғлимнинг контракт пулини тўлай олмаяпман, уч кун ичида топиб бериш керак, деб дардини ёрди. Тишимни кавагида асраб юрганларимни бериб юбордим. Майли, ўғли ўқимишли, ўқишни ташлаб юборса бўлмайди.
Кенжа аканг-ку, адо қилди мени… Ичмаган куни йўқ, унинг дастидан кўчада бош кўтариб юролмай қолдим. Янганг бечора бор дардини ичига ютади. Акангнинг бу юришидан сенинг ҳам бахтинг очила қолмади, қизим… Ёшинг йигирма бешга чиқди. Сениям тиниб-тинчиганингни кўрсам-у, бу дунёдан армонсиз кетардим…
Бўғзимга соққадай тош тиқилиб қолди. Сирғалибгина хонамга чиқиб кетдим…
Тонгда ишга кетаётиб кўчамиздаги Шермат жиннини кўриб қолдим. Шермат жинни ёши қирқларга бориб қолган киши. Айтишларича, уйига қўшилиб ёшгина хотини, икки боласи ёниб кетгач телбага айланиб қолган экан. Шермат жиннининг ҳеч кимга зарари тегмайди. Узун толҳивични от қилиб миниб олади-да, кўчаларни чангитиб югуриб юраверади. Болаларнинг эрмаги у…
Мана, югуриб ёнимга келиб, қизғиш тилини чиқариб мени майна қилди.
— Қалайсан, Содат-подат?
Кирланиб, соқоллари тиканакдек ўсиб кетган юзларига ачиниб қарадим. Шу рапидадек қорайиб кетган юзида кишини ҳайратга солар даражада тоза кўзлари порлаб турарди. Худди гўдакларникидек беғубор кўзлар…
— Шермат ака, бахт дегани нима?
— Шермат бир зум “от”идан тушди-да, осмонда арғимчоқ солиб учаётган турналарга ишора қилди.
— Ҳув-в, ана бахт! Учи-иб кетди… Бала-андга! У узо-оқда! Унга ҳеч ким етолмайди! Етолмайди!!!
— Шермат жинни яна “от”ига минди-да, турналарнинг ортидан бақирганча елиб кетди…
Бахт ҳақида мен эшитган энг тузук жавоб шу бўлди.
Чинакам бахтга ҳеч ким етолмайди…
У узо-оқда…