Каримберди Тўрамурод. Ўлмас Кашшей (ҳикоя)

1.
– Ўлмас бобо уйланармиш! Ўғиллари бобойга мос бирорта хотин ахтаришаётганмиш!
Райҳон акасининг нима демоқчи бўлаётганини фаҳмлашга уриниб, унга бир муддат тикилиб қолди.
– Қари такага хотинни ким қўйибди? Бир оёғи гўрда бўлса. Худо деб, Обло деб ўтирсин энди!
– Ҳа, яша! Аниқ бир оёғи гўрда! – қўлларини ишқалади Кабир. – Аммо Ўлмас бобонгнинг қанча пули борлигини биласанми? Бир умр савдо базасини кемирган. Топганини тиллага айлантириб, сандиққа босган, дейишади. Ҳар замонда, пул керак бўлганда, Мушел жуҳутдан бир-иккита тангасини пулга айлантириб келармиш.
– Нима қилай шунга? Тилласи кўп бўлса, менга нима?
– Тушунмадингми, Райҳон? – ажабланди Кабир. – Ахир биттаси тегиб олса, беш йилга бормай Ўлмас бобонг кетади, қулоғини ушлаб. Шунча мол-дунё, бир сандиқ тилла бировга қолиб кетади-ку? Ўғил-қизларининг барини чиқариб юборган, ҳар бирининг уй-жойини қаср қилиб берган бўлса, ўғиллари тугул қизларига ҳам “шакалат” машиналарни олиб берган бўлса. Ўлмас бобонг ўлса, бирови ҳам мерос талаб қилиб келмайди.
Райҳон акаси нима демоқчи бўлаётганини энди тушунди.
– Ака бўлмай ўлинг! – Райҳон Кабир суяниб ўтирган ёстиқни олиб, акасининг бошига урди. – Отам қатори бобойга тенг кўрдингизми мени?
– Шошма, шошма! – Кабир бошини қўллари билан тўсиб, кулди. – Аввал эшит!
– Эшитиб бўлдим! Мен уйингизда юрганим сизга малол келибди, – ёстиқни акасига улоқтирган Райҳон овозини баралла қўйиб, йиғлаб юборди.
– Э-э, Райҳон, уйимда юз йил юрмайсанми? – Кабир синглисини қучоқлаб олиб, бошини силаб, овутган бўлди. – Ўлай агар, малол келса, Райҳон.
Райҳон елкалари силкиниб-силкиниб, анча вақт пиққиллаб ўтирди.
– Мени эрга бергач, ўлиб кетишса нима қиларди ота-онамиз? Етим деб, биров сўраб келмади, – деди йиғидан тўхтаган Райҳон. – Аширматга берсангиз ҳам бу кун йўқ эди.
– Гапирма-е! – унинг гапини бўлди Кабир. – Аширматга тегиб, итнинг кейинги оёғи бўлиб юрганингдан кўра эрсиз ўтганинг яхши. Ҳалиям келса, бермас эдим.
– Ўлмас бобонинг нимаси яхши?
– Ўлмас бобонинг тилласи яхши, Райҳон, – кўзлари ўйнади Кабирнинг. – Менга қара, Райҳон, бу ёғи ўттизга кириб қўйдинг, барибир бирорта хотин қўйган ё хотини ўлган олади. Ўгай болаларни катта қилгунингча, эсинг кетади. Ўлмас бобога тегсанг, бунақа проблеманг бўлмайди. Болаларидан тинчиган Ўлмас бобо. Иккинчидан, сен Ўлмас бобо билан абадий яшамайсан-ку? Ўзинг айтганингдек, бобойнинг бир оёғи гўрда. Уч йилми тўрт йилми, чидасанг бўлди. Бобой ўлгандан кейин Жаласойда сендан бойвачча хотин бўлмайди. Бобойнинг чўғдек “Жигули”сини ўзинг миниб юрасан. Ана шунда Аширмат тугул ҳали уйланмаган йигитлар ҳам келиб, сенга уйланаман, дейди.
Райҳон астойдил хафа бўлиб, ўрнидан турди ва ўз хонасига кета бошлади.
– Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши.
2.
Райҳон кечки овқатга акаси ва янгасининг олдига чиқмади. Янгаси Холида бир коса овқат билан битта нонни кўтариб кирди. Кўзгуга боқиб, паришон ўтирган Райҳонга қараб, кулиб юборди.
– Ўлмас бобога муносибманми, йўқми, деб ўзингизни ойнага солиб кўраяпсизми? – ҳазил қилди Холида.
Дугонасидек бўлиб кетган Холиданинг ҳазили малол келмади Райҳонга. Ўзи ҳам унга қўшилиб кулди.
– Рост айтасиз, Холида, мен-ку акамнинг гапидан хафа бўлиб ўтирибман, ҳали Ўлмас бобо мени олишга кўнармикан?
Холида коса ва нонни кўзгу олдига қўйиб, ҳазилини давом эттирди:
–  Ўлмас бобо ҳали оладими, йўқми, унгача очдан ўлманг, нақдини кўринг!
Ҳазил-ҳузил билан Райҳон овқатланди.
– Бўлинг, ўзингизга юклатилган миссиянгизни бажаринг, вақт кетмасин, – деди кулиб Райҳон.
– Қанақа миссия? – ҳайрон бўлди Холида.
– Мени Ўлмас бобога тегишга кўндирмайсизми, бошланг!
– Э, менга нима? Ўлмас бобога тегаман, деб ўртага одам қўйиб ётган бевалар сон мингта. Шаҳарда ўқиб келган, ҳали йигирмага кирган Анорхол тегмоқчи бўлганига нима дейсиз?
– Дўм бобонинг қизими? Ўлмас бобо кўнмаптими?
– “Шаҳарда ўқиган экан, олмайман”, дебди. “Ёшиям тўғри келмайди, каттароқ бўлсин”, деганмиш, – деди Холида ва яна қаҳ-қаҳ уриб кулди: – Менинг ёшим тўғри келади-ю, акангиз бор-да.
– Акамга айтаман, жавобингизни беради, Ўлмас бобога ишқингиз бўлса.
– Ўлмас бобога-ку ишқим йўғ-а, аммо пули кўплигини ҳамма билади бобойнинг. Тилласи борлигиям рост. Белбоғида доим беш-олтита танга бўлармиш. “Тилла белни бақувват қилади”, дермиш.
− Тилла ўлсин-а, тилла ўлсин, ҳаммангизнинг дардингиз тилла. Ҳали мен тегдим-у, Ўлмас бобо ҳамма тилласини менга қолдириб, ўлиб кетди-ю, сизлар хомтама бўляпсизлар.
− Ўзингиз биласиз, − косани олиб, ташқарига йўналди Холида. − Уч-тўрт йил чидаб, кейин бойвачча хотин бўлиш ёқмаса, ўтираверинг! Шуни билиб қўйингки, бирорта ёшроғига тегиб, Ўлмас бободагичалик мол-мулкни йиққунча битта эмас, иккита умрингиз ҳам камлик қилади. Мана, ойлардек акангизга тегиб, нима кўрдим? Ҳали ўзига битта велосипед ололмаган акангиз менга “Волга” олиб берармиди? Тошни олади.

3.
− Мен розиман!
Нонуштага чиққан Райҳоннинг бу гапидан кечаси билан шу масалани муҳокама қилиб чиққан, “Бойлик деб хато қиляпмиз, шекилли, ёш қизга жавр қилмайлик, чиқса, узр сўраймиз-у, бу масалага нуқта қўямиз”, деб келишиб олишган Кабир ва Холида бир-бирига қараб қолишди.
− Нимага розисан, Райҳон? − талмовсиради Кабир.
− Ўзингиз яхши биласиз, ака, − деди Райҳон. − Бориб айтинг, “Синглимни кўндирдим”, денг! “Битта шарти бор экан, синглим оқ кўйлак кийиб чиқар экан, “Волга” олиб келар экансиз, ресторанда тўй қилиб берар экансиз”, денг!
− Э, яша, синглим! − ўрнидан туриб кетди Кабир. − Бу ёғини менга қўйиб беравер! Ҳаммаси айтганингдек бўлади. Керак бўлса, Ўлмас бобонг соқолини олдириб, қора костюм кийиб, “Чайка” олиб келади.
− Туринг, тезлаштиринг! Анорхолга ўхшаган битта-яримтаси илиб кетмасин яна! − Райҳон яна қайтиб, хонасига кириб кетди.
− Хафа бўлганидан аччиқ билан айтмадимикан? − сўради Холида.
− Аччиқ билан айтдими, чучук билан айтдими, айтди, − деди Кабир. − У ёғи билан ишинг бўлмасин!
− Ўлмас бобога бориб, қайси юз билан “Синглимни олинг!” дейсиз?
− Э-э, жиннимисан? Бу ишнинг ўз устаси бор. Ҳалима опага айтаман, шундай боплайдики, таклиф биздан чиққанини биров сезмайди.
Кабирнинг кайфияти чоғ бўлиб, шошганча ҳовлидан чиқиб кетди.

4.
Ўлмас бобо соқолини бутунлай олдириб ташлагани то тўйгача одамларнинг оғзидан тушмади.
− Ўлмас бобо ўттиз яшар йигитдай бўлганмиш!
− Ўлмас бобо саллани ташлаб, бош яланг бўлганмиш, сочини орқага қаратиб тараб олганмиш, − деди бошқаси.
− Қора костюм кийиб, маҳсининг ўрнига қора туфли кийганмиш, − деди яна кимдир.
− Ўлмас бобо диндан чиқибди, − деди мулла Сафар бобо.
Ўлмас бобо диндан чиқмади. Нима қилсин, келиннинг шарти шу бўлса?
Соқолни тагидан олдиргани нима бўпти? Қора костюм билан қора туфли кийгани нима бўпти? Энг оғири тўй куни бўлди. Оппоқ “Волга”нинг ўзини юборган эди, келин қайтариб юборибди. “Куёвсиз машинага чиқмайман!” дебди. Ўғилларини, невараларини куёвнавкар қилиб, “Волгас”да тўйхонага борди Ўлмас бобо. Оппоқ кийинган Райҳонни етаклаб, “Волга”га олиб чиқди Ўлмас бобо.
Ҳаммаси майли эди, ҳаммаси гўрларга эди, оппоқ кийинган келиннинг ёнида, ўша  “Волга”да “Бахт” ресторанига борди Ўлмас бобо. Келин билан ёнма-ён ўтирди Ўлмас бобо. Биров сўзга чиқса, келин билан баравар жойидан турди Ўлмас бобо.
− Бир кунлик тўй ўтади-кетади, − деди Ўлмас бобо. − Хотин ёнга қолади. Сизлар кулманглар!
Ўлмас бобонинг жўралари барибир кулишди. Аввалига “Сенинг ёнингда ўтирамиз куёв жўра бўлиб”, деб кулишди. Кейин “Ёр-ёр айтиб, машъла ёқиб борамиз”, деб кулишди. Тўйдан кейин эса “Келинни кўтариб, оловдан айлантирасан”, деб мажбур қилишди. Ўлмас бобо ҳам “Мана бўлмаса”, деб Райҳонни шарт кўтариб, оловдан айлантирди.
− Ўлмас бобо жинни бўлибди, − деди мулла Сафар бобо. Ҳожи бобони Худо урибди!
Ўлмас бобони Худо урмаган эди, нима қилсин, келиннинг шарти шу бўлса?
Ўлмас бобо кампир олгани йўқ-ку?
Салкам етмишга кирган Ўлмас бобо қиз олди!
Ўлмас бобо ўттизга кирган бўлсаям, қиз олди, Райҳонгулни олди!
Қиз болани нозига чидаган олади!
Мулла Сафар бобо буни қаердан билсин?

5.
Ўлмас бобонинг қўлида оловни уч марта айланган вақтдаёқ Райҳоннинг кўнглидан бир гап ўтди: “Бу бобой тўрт-беш йилда ўлмайди!”
− Бобой чатоқ-ку? − мағлуб томоннинг таслим бўлганини билдирувчи байроқни чимилдиққа осган Холида ҳайратга тушди.
Бир ҳафта ўтиб, акаси ва янгасининг гапига кириб, Райҳон катта хато қилганини англаб етди: Ўлмас бобонинг ҳамма иши етмиш ёшли чолга эмас, кийган қора костюмига, қора туфлисига мос эди!
Ялта-ю, Сочиларда дам олишнинг ҳадисини олган Ўлмас бобо ёш келин билан боғлиқ урф-одатлар тугаши билан Райҳонни Анталияга олиб кетди. Бир ой Қора денгиз бўйларида дам олишди. Денгиз сувида чўмилиш Райҳонга ёқди, шекилли, тўй саёҳатидан тўлишиб, очилиб қайтди.
Ўлмас бобо Анталиядан оқ шим, оқ кўйлак, оқ туфлида келди. Камига кўзига ҳам қора кўзойнак таққанини кўрган мулла Сафар бобо у билан кўришишнинг ўрнига тескари бурилиб кетди:
− Ўлмас бобо шайтонга қўл берибди!
Ўлмас бобо шайтонга эмас, Райҳонга қўл берганини, кўнгли ҳам Райҳонга қўшилиб, ёшариб кетганини қаердан тушинсин кампирининг қучоғи совуганига ўттиз йил бўлган мулла Сафар бобо?

6.
Анталияда асал ойини ўтказган Райҳоннинг тўлишиб қайтганига сабаб денгиз суви эмас экан. Асло денгиз суви эмас экан. Сабаб ҳаво алмаштиришганида ҳам эмас экан.
− Очилиб кетибсизми, аяжон? − кулди ўзидан йигирма ёш катта қизи.
− Сал тўлишибсиз ҳамми, ая? − деди “аяси”дан йигирма беш ёш катта ўғли.
− Юзингизга ҳам озгина доғ тушибдими, аяжон? − сўради неваралик кичик қизи.
− Йўғ-е? − Райҳон югуриб бориб, ойнага қаради. Юзида уч-тўртта доғ билиниб-билинмай турарди. Райҳон юзларини қўллари билан беркитди.
− Ана энди менинг ҳам укам бўлади! − тантали оҳангда эълон қилди Райҳондан ўн беш ёш катта бўлган кичик ўғли. − Бир умр укам бўлишини орзу қилганман!
Райҳон “болалари”дан уялиб, хонасига кириб кетди.
Ўлмас бобонинг болалари эса бу янгиликни қизғин муҳокама қилишни бошлаб юбордилар.
− Энди нима қиламиз? − сўради катта ўғил.
− Нима қилиш сизнинг ишингиз эмас, − деди кичкина ўғил. − Аямизнинг иши. Аямиз эса туғади.
− Бола туғилмаслиги керак, − деди қатъий қилиб катта қиз. − Бола туғилса, дадамизнинг бор-йўғи шу болага қолади.
− Ҳовлиям, − деди кичик қиз катта акасига қараб.
− Ҳовлини олиб бўпти, мен “Ҳовлини катта ўғлимга берасиз”, деб айтганман дадамга, дадам хўп, деган.
− Унда вазият бошқача бўлган, энди вазият ўзгарди, − деди кичик ўғил. − Мерос масаласи бошқатдан кун тартибига қўйиладиган бўлди.
− Райҳонни ҳайдаймиз! − гапни чўрт кесди катта опа.
− У билан бирга укамиз ҳам кетади, − деди кичик ўғил. − Барибир у меросхўр бўлиб қолаверади.
Ана шунда ҳовлига кириб келган Ўлмас бобо болалари нима масалада бунчалар қизғин баҳслашишаётганини сўради.
Болалар бир-бирига қарашди. Билганларини айтишга журъатлари етмади. Ниҳоят, катта қиз “ёрилди”:
− Дадажон, муборак бўлсин, етмишингизда болалик бўладиган бўлибсиз!
− Э-э, шунақа бўлибдими, − бир қизариб олди Ўлмас бобо. − Райҳон менга ҳеч нарса демаганди-ку?
− Энди айтади-да, − деди кичик қиз. Аммо шатрмикан, дада? Аяжонимнинг руҳи қақшамасмикан?
− Тўртта туққан аянгнинг руҳи Райҳон битта туғса чирқирар эканми? − ажабланди Ўлмас бобо.
− Энди, етмишга кириб, “Алла” айтиб, йўргак алмаштириб ўтирсангиз, ярашмас, деймиз-да, − деди катта ўғил.
− Сен “Алла” айтиб, йўргак алмаштиргандирсан, аммо мен сизлар гўдаклигингиздаям бунақа ишларни қилмаганман, эндиям қилмоқчи эмасман.
− Унда нимага керак сизга бола? − сўради кичик ўғил.
− Э, сизлар нима учун керак бўлгансизлар? − ҳайрон бўлди Ўлмас бобо.
Болалар Ўлмас бобога гап топиб бера олмасликларини билиб, жим қолдилар.
− Ҳаммасини биламан, тушунаман, − деди Ўлмас бобо. − Сизларни қийнайдиган нарсани ҳам биламан. Ҳаммасини ўйлаб қўйганман. Мендан қоладиган нарсани тенг тўртга эмас, бешга бўласизлар, тамом, вассалом. Ҳар биринг тўртдан бир улушмас, бешдан бир улуш оласизлар, камми?
− Ҳовли-чи? − сўради катта ўғил. − Ҳовли кимга қолади?
− Ҳовли ҳовлида ўтирганга қолади-да.
− Менинг ўғлимга бермоқчи эдингиз-ку?
− Ўғлинг ҳовлингга сиғмаяптими? − сўради Ўлмас бобо. − Хоҳласанг, келиб ҳамманг бу ҳовлида ўтир! Биз, Райҳон билан сенинг ҳовлингга кўчиб ўтамиз, маъқулми?
− Э, йўқ, − ўрнидан туриб кетди катта ўғил. − У ҳовлини ўн йил қурдим. Бировга бермайман!
− Мен бу ҳовлини эллик йил қурдим, − деди Ўлмас бобо. − Мен ҳам бировга бермоқчи эмасман!
Катта ўғилнинг ортидан катта қиз ҳам турди.
− Мен барибир тушунмадим дадамизни, − деди у.
Кичик қиз ҳам қўзғалди:
− Икки ойга бормай дадамизни сеҳрлаб, ўзига мафтун қилибди бу Райҳон ўлгур!
− Менга фарқи йўқ, − деди кичик ўғил ҳам туришга чоғланиб. − Боя айтган гапим гап: мен бир умр укам бўлишини орзу қилганман!
− Сизларга фарқи йўқлиги рост, − бир оғиз сўз билан болаларини турган ерига “михлади” Ўлмас бобо. − Нолимайман, ҳамманг болаларингдан, невараларингдан овқат-повқат чиқариб турасан. Ҳар замон олиб кетиб, кийим-кечагимни ҳам ювиб берасизлар. Аммо бирортанг кўнглимни сўрадингми? Узун кечалари бир ўзим қолиб кетганимда бирортанг келиб, суҳбатлашиб ўтирдингми? Ҳаммангнинг ўз хотининг, эринг бор. Шом бўлганидан ҳамманг ўшаларнинг қўйнига кириб кетасан, “Дадам нима қилаяпти экан, зерикиб қолмадимикан”, демайсан. “Дадамизнинг кўнглида нима гапи бор экан”, демайсан. Энди бу ёғига ҳам бир нима деманглар! Шу Райҳон менга ҳамдард бўлди. Эртага туғса, боласи овунчоғим бўлади. Энди жўнанглар уй-уйларингга!

7.
− Боламни олдириб ташлайман, туғмайман!
− Э, калланг борми, нималар деяпсан? − деди Кабир. − Ундай қилсанг, Ўлмас бобо “думингни тугади”, Райҳон. Қайтанга битта туғсанг ўзингга ҳам яхши. Режаларимиз ҳам осонроқ амалга ошади, Райҳон. Битта туғсанг, тилинг узун бўлади. Ўлмас бобо бор-йўғини ана шу болангга хатлаб беради.
− Сизнинг дардингиз Ўлмас бобонинг давлати. Одамлар нима дейди? Етмишга кирган чолдан туғди, дейишмайдими? − жиғибийрони чиқди Райҳоннинг.
− Гапирадиган одамлар гапириб бўлди, Райҳон, − деди Кабир. − Етмиш ёшли чолга теккан пайтинг гапириб бўлган эди, одамлар, энди нимасини гапиради?
− Мен туғмайман, тамом-вассалом! Олдираман!
− Ўттиз ёшда биринчи ҳомилани олдириш хавфли, − гапга аралашди Холида. − Духтурлар бу ишни қилмайдиям. Аммо биринчи ҳомиласини олдирганлар кейин умуман ҳомиладор бўла олишмас экан. Сизга-ку, бутунлай хавфли. Бу ёшингизда аборт қилдирсангиз, ўзингиз ҳам соғ қолишингиз гумон.
− Ана, эшитдингми? Унақа бўлмағур нарсаларни ўйлама ҳам. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Ҳали бу боланг туғилиб, унга бешик олиб келгунимизча, Ўлмас бобонгга тобут олиб келишса ҳам ажаб эмас.
− Тушингизни сувга айтасиз, шекилли, ака, Ўлмас бобо ҳали ҳаммамиздан ҳам узоқ яшайдиганга ўхшайди.
− Э, Ўлмас бобонинг шарти кетиб, парти қолган, озгина сабр қил, Райҳон!
− Сиз нимани биласиз, ака, − деди Райҳон дўмпайган қорни силаб. − Парти шуми?

8.
− Ўлмас бобонинг ёш хотини қўчқордай ўғил туғибди!
− Гўдак нақд олти кило эмиш!
− Ўлмас бобо “Рустами достондай полвон бўлсин”, деб ўғлига Рустам деб от қўйибди!
− Ўлмас бобо оппоқ “ГАЗ 24”да хотини ва боласини туғруқхонадан олиб келибди.
− Ўлмас бобода уят қолмабди, − деди мулла Сафар бобо. − Ўлмас бобода ҳаё қолмабди.
Ўлмас бобонинг умумий ҳисобда бешинчи боласи туғилганини, мулла Сафар бобонинг еттита боласи борлигини ҳисобга олсак, ҳали Ўлмас бобода уят ҳам, ҳаё ҳам бор эди. Етмиш ёшида фарзандли бўлганига келсак, Худо берса саксонда ҳам, тўқсонда ҳам фарзандли бўлаверади-да, бунинг нимаси уят?
Ўлмас бобо ўғли туғилганини нишонлаб, катта тўй берди. Етти кун Ўлмас бобонинг катта ҳовлисидан одам узилмади. Тошкентдан санъаткорлар келди. Тошкентдан мухбирлар келди. Ўлмас бобонинг қўлига Рустамжонни бериб, суратга олишди. Сурат газетага чиқди. Ўлмас бобо билан Райҳонни телевизордан кўрсатишди. Ўлмас бобо мажлисларда айтадиган гапини айтди:
− Ҳаммаси учун коммунистик партиямизга, доҳиймиз Леонид Ильичга  катта раҳмат!
Райҳон мухбир қизнинг ўргатган гапини айтди:
− Бахтли оилалардан биримиз!

9.
Кабир жиянига бешик олиб келди ҳамки, жияни мактабга борадиган бўлди ҳамки, Ўлмас бобо ўлмади. Синглисиникига боришга юраги ҳам қолмади Кабирнинг. “Узоғи беш йил чидайсан”, дегандингиз етти йил ўтиб кетди, қани “Ўлмас Кашшей”ингизнинг ўлгани?” деявериб, Райҳон ҳам безор қилиб юборди. Охири Кабир қалтис ишга қўл урди.
− Мана, буни олиб қўй, − деди Кабир Райҳонга қоғозга ўралган нарсани узатиб. − Маргимуш. Ҳар куни “Ўлмас Кашшей”нинг овқатига кам-камдан солиб бераверасан. Худо хоҳласа, бир йилга бормайди.
Райҳонннинг кўзлари катта-катта бўлди:
− Гуноҳидан қўрқаман, ака!
− Унда бер бу ёққа, − қўлини чўзди Кабир. − Чидаб юравер, ўз ажали билан ўлгунча!
Райҳон қоғозга ўралган нарсани узатмоқчи бўлди, аммо бироз ўйланиб тургач, нимчасининг чўнтагига солиб қўйди:
− Ўз ажали билан ўлишига менинг сабрим етмайди!

10.
Ўлмас бобонинг тишлари оғриб турар, ҳар ой Самарқанддаги эски таниши, Рушел деган яҳудий тиш дўхтирига қатнар, тишлари ва милкларини даволатар эди.
− Тишларингиз бу гал ҳар доимгидан ҳам яхши, − деди Рушел Ўлмас бобонинг оғзини очиб, тишларини обдон текширгач. − Милкларингиз ҳам тузалай деб қолибди. Бирор бошқа доридан фойдаланаяпсизми?
− Йўқ, ўзингиз берган суртмаларни суртиб, тишларимни юваман, бошқа дори олганим йўқ.
− Қизиқ, жуда қизиқ, − деди Рушел. − Пастки жағингизга қўйган тишларимизнинг остида доимо яллиғланиш бўларди. Ҳозир улар йўқ. Майли, кейинги ой келингчи!
Бир ой кейин Рушел баттар ажабланди. Ўлмас бобонинг милкларидаги яллиғланишлар батамом йўқолган эди. Ҳар замон зирқираб қоладиган жағ тишлари ҳам соппа-соғ эди.
Рушел бирга ишлайдиган хотини Сарани чақирди.
− Сара, ҳеч нарсага тушунмаяпман, ўн йилдан бери Ўлмас бобонинг тишлари ва милкларини даволар эдим, бир-икки ойда тишлари ҳам, милклари ҳам ёшларникидек бўлиб кетди. Аммо мен берган дорилардан бошқа нарса истемол қилмаган.
− Ҳозир аниқлаймиз, − деди Сара. − Бунинг йўли жуда осон.
Сара битта шприцга Ўлмас бобонинг милкидан озгина қон олди ва лабораторияга чиқиб кетди.
Ярим соатдан кейин келиб, эшикдан эрини имлади. Рушел хотини билан коридорда бир нималарни гаплашгач, ичкарига кирди.
− Ўлмас бобо, битта гапни айтаман, фақат хафа бўлмайсиз. Аслида хурсанд бўлсангиз ҳам бўлади, чунки, бундан сиз фойда қилдингиз.
− Рушел, гапни чўзма, шап-шап демай шафтоли де!
− Шафтолиси шуки, душманингиз бор экан.
− А? − жойидан туриб кетди Ўлмас бобо.
− Шошилманг, кимдир сизга маргимуш берган. Икки-уч ойдан бери беряпти, шекилли. Аммо ўзи билмай, сизга яхшилик қилибди. Мана, маргимуш фойда қилиб, тишларингиз, милкингиз яхши бўлди, − деди Рушел ва бироз ўйланиб тургач, давом этди: − Аммо бу иш давом этаверса, маргимуш одамни ўлдиради.
− Ким беради? − ғазабланди Ўлмас бобо. − Қандай қилиб?
− Ким берганини айтолмайман, аммо қандай қилиб берганини айтса бўлади. Овқатингизга кам-камдан қўшиб берган. Овқатни сиз кўпроқ чайнайсиз, чайнаш давомида маргимуш тишлар ва милкка ҳам сўрилган ва уларга ижобий таъсир қилган. Лекин ошқозонга ҳам боргани зиён қилади. Энди эҳтиёт бўлишингиз керак.
− Ҳа, эҳтиёт бўлишим керак, − эшикка йўналди Ўлмас бобо. − Менимча, кимлар қилганини ҳам билганга ўхшайман.

11.
− Райҳон, мени заҳарлашибди, − деди уйга келиб, бир пиёла чой ичганидан сўнг Ўлмас бобо. − Менга маргимуш беришибди!
Райҳоннинг кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди:
− К-ким, қ-қачон?
− Кимлигини билсам, қўлини синдираман!
Райҳон қўлларини орқасига яширди. Тили тутилиб, сўради:
− Қ-қандай қилиб?
− Қарсиллатиб-қарсиллатиб, бураб-бураб, − деди ғазаб билан Ўлмас бобо.
− М-маргимушни сўраяпман, − деди Райҳон титраб-қақшаб.
− Маргимушними? − яна бир пиёла чой ичди Ўлмас бобо. − Овқатимга қўшиб беришибди. Аммо ким қилганини тахмин қилаяпман, Райҳон.
− К-ким, ким бўлиши мумкин? Мендан гумон қилмаяпсизми, ишқилиб?
− Сен ўз болангни етим қилишни истамайсан-ку, шундайми?
− Ҳа, ҳа, шундай, − эри топиб берган важ туфайли енгил тортди Райҳон. − Албатта шундай.
− Ким болангнинг етим қолишини истайди?
− Билмасам? − елка қисди Райҳон.
− Мен биламан, − деди Ўлмас бобо. − Боланг катта бўлмасдан мени бир ёқли қилишни, кейин уй-жойга, бойлигимга эга бўлишни ким исташини мен биланман. Бундан кейин келинлар киритаётган овқатларни олма. Умуман, ташқаридан келадиган бирор егуликни олма.
− Олмасак, хафа бўлишади-да.
− Майли, олиб қолавер, аммо ҳаммасини ахлатга ташла! Бундан кейин жуда эҳтиёт бўл, Райҳон! Улар менигина эмас, сени ҳам, боламизни ҳам заҳарлашга ҳаракат қилишлари мумкин.
Ўлмас бобо шу гапларни айтиб, масжидга чиқиб кетди. Райҳон эса, “Ростдан ҳам энди жуда эҳтиёт бўлишим керак экан”, деб қолган маргимушни ҳожатхонага ташлаб юборди.

12.
− Мана бунисини ҳеч ким билмайди, бу симоб, – деди Райҳонга битта шишачани узатган Кабир. – Ўлмас бобо пешинда боғда ётиб дам оладиган каравотнинг тагига сепиб юборсанг бўлди, буғланиб кетади, изиям қолмайди.
– Қачон сепаман, қанчасини сепаман? – қўрқа-писа сўради, шишачани қўйнига яширган Райҳон.
– Ўлмас бобо бориб ётишидан олдин сеп, – деди Кабир. – Ҳаммасини сепавер! Икки кундан кейин яна олиб келаман.
Ўлмас бобо дам оладиган соатларини яхши билган Райҳон симобларни бўлиб-бўлиб, каравотнинг остига сепиб қўядиган бўлди.
Ўлмас бобода салбий ўзгариш сезилгунча Ургутнинг бирор дорихонасида термометр деган ҳароратни ўлчайдиган асбоб қолмади. Ҳаммасини Кабир сотиб олиб, синдирди. Асбобнинг ичидан чиқадиган симобларни йиғиб, шиша идишларга солиб, Райҳонга олиб келиб берди.
Ўлмас бобо эса ҳар сафар пешиндаги уйқусидан лоҳас бўлиб уйғонадиган, ўзида ҳолсизлик сезадиган бўлди. Бора-бора иштаҳаси йўқолаётганидан нолий бошлаган Ўлмас бобони бош оғриғи, қорин оғриғи, кўнгил айниши безовта қиладиган бўлди. Аъзойи бадани титрайдиган бўлди.
Навбатдаги “доза”ни олган Ўлмас бобо “ичкетти”га чалинди. Тўртинчи ё бешинчи марта бориб келаётганида йўлакка йиқилганини кўрган Райҳон қўрқув ичида пичирлади:
– Тамом бўлди, шекилли?
Рустам катта акасини чақириб келди. Катта ўғил зудлик  билан Ўлмас бобони туман касалхонасига олиб борди.
Уч кун ҳарорати қирқ даражадан тушмай ётган Ўлмас бобони кичик ўғли Самарқандга олиб кетди.
Ўлмас бобони Самарқанднинг энг зўр профессорлари текширди.
– Отахон симобдан заҳарланибдилар, – деди профессорларнинг каттаси.
– Ким заҳарлайди, қандай қилиб?
Икки ўғил, икки қизнинг бирдек берган саволига жавоб бериш учун профессорларнинг каттаси шошилмади.
– Биров атайлаб заҳарлаши шарт эмас, – деди салмоқлаб. – Уйда термометр синиб қолса ҳам ундан тўкилган симоб бирпасда буғланиб кетади. Ўша ерда нафас олган одам албатта заҳарланади. Симобли лампаларингиз бўлиши мумкин, ўшалар синса ҳам шундай бўлади.
– Ҳа, боғимизда шунақа лампали чироқлар ўрнатилган, – деди кичик ўғил. – Аммо улар сингани йўқ.
– Синиши шарт эмас, кўп вақт давомида ишлатилиб, эскирган лампалардан ҳам симоб симоб буғланиб чиқади.
– Ҳа, уларнинг ўрнатилганига кўп йил бўлди, – деди катта ўғил.
– Кимдир овқатгами, чойгами қўшиб бериши ҳам мумкинми? – деди катта қиз, Райҳонга маъноли қараб.
– Йўқ, симоб металл, у дунёдаги энг оғир металл, – деди профессорларнинг каттаси. – Овқатга ё сувга солиб беришса, у идишнинг тубига чўкиб қолган, уни отахон кўрган бўларди.
Райҳондан гумон қилишмади.
Ўлмас бобо шифохонада икки ой қолиб кетди. Симоб Ўлмас бобонинг буйракларига шикаст етказган экан, жарроҳлар битта буйрагини олиб ташлашди. Икки ойдан кейин ҳам Ўлмас бобо бутунлай соғайиб кетмади. Икки йилча беҳол бўлиб, сал кўпроқ юрса ҳансираб қолиб, симобнинг асоратидан азобланиб юрди.
Икки йилдан кейин эса…

13.
Икки йилдан кейин эса мустақиллик бўлди.
Мустақиллик бўлганда Ўлмас бобо саксонга кирди.
Ўлмас бобо саксонга кирганда Райҳон яна битта ўғил туғди. Роса “туғмайман”лаб туғди, лекин туғди.
− Отини Озодбек қўямиз, − деди Ўлмас бобо. − Юртимиз озод бўлди.
− Тўхтасин қўямиз, − деди Райҳон. − Тўхтамаса шарманда бўламиз!
− Саксонбой қўйсин! − деди мулла Сафар бобо. − Кейингилари Тўқсонбой, Юзбой бўлади.
Мулла Сафар бобонинг бирор гапини маъқулламайдиган Ўлмас бобо шу сафар унинг таклифини хурсандчилик билан қабул қилди. “Ўғлимизнинг отини мулла Сафар бобоси қўйиб берган”, деб юрди кейинчалик ҳам.
− Мулла бобо, сизнинг гапингиз биз учун қонун, − деди мулла Сафар бобони кўрганда. − Кейингиларига албатта Тўқсонбой ва Юзбой деб от қўяман.
− Шу чавандозлигингиз бўлса, ҳали Бирюзэлликбой, Иккиюзбой қўясиз сиз, − юзини бурди мулла Сафар бобо. − Қариб қуйилмаган ноинсоф.
Ўлмас бобо мулла Сафар бобонинг ортидан қўлларини ёйиб қолаверди:
− Мен нима қилдим, мулла бобо? Нима ноинсофлик қилдим?

14.
Ўлмас бобо минг ой яшагани шарафига тўй қилди.
Ўлмас бобо саксон уч ёшида ўғил тўй қилди.
Ўлмас бобо саксон уч ёшида кўпкари берди.
Келган полвон дуо қилди:
− Ўлмас бобо юзга кирсин!
− Ўлмас бобога Худо яна ўғил берсин-у, яна кўпкари қилиб бераверсин!
− Ўлмас бобонинг давлати зиёда бўлсин!
Биргина мулла Сафар бобо бу дуоларга қўшилмади.
− Ўлмас бобо ўзига кафан бичсин энди!
Ўлмас бобо ўзига кафан бичмади. Мулла Сафар бобога кафан бичди. Мулла Сафар бобонинг сафари қариди. Ўлмас бобо ўзидан тўрт ёш катта мулла Сафар бобони ўзи ювиб, ўзи кафанлаб, қабрга ҳам ўзи қўйди.
− Мендан рози бўлинг, мулла бобо, − деди Ўлмас бобо қабрдан чиқаётиб. − Тўқсонбойимни, Юзбойларимни кўролмай кетаяпсиз!
Мозордан чиқаётиб, бели бир зирқиради. Ана шундан кейин Ўлмас бобо бир ҳушёр тортди. “Мулла Сафар бобо ўлдими, энди навбат бизга ҳам келиб қолибди-да”, деди. “Гитлерга таслим бўлмаган, арзимаган дардга таслим бўламанми?” деди.
Ўлмас бобо ҳовлини айланасига ўраган девор остидан эни бир метрлик йўлка ясаттирди. Ҳар куни тонгда туриб, ана шу йўлка бўйлаб, битта оқ иштон, битта майкада бир соат лўккиллайдиган, кейинчалик секинроқ бўлса-да, чопадиган бўлди. Яна ярим соат аскарлигида ўрганган машқларини бажарадиган бўлди. Ана шундан кейин совуқ сувда чўмилишни одат қилди.
− Ҳар тонг неча марта айланаяпсиз шу йўлка бўйлаб? − сўради бир куни тонгда келиб қолган катта ўғил.
− Икки марта айланардим бошлаганимда, − деди Ўлмас бобо. − Ҳозир ҳар куни ўн марта айланаяпман.
− Ў-ҳў! − деб юборди катта ўғил. − Бу олти километр дегани-ку?
− Нима бўлибди? Ҳали аста-секин ўн километрга етказаман. Вақтида кунига ўттиз километр ҳам чопганмиз, ўғлим. Сенгаям маслаҳатим, эрталаб югур!
− Дада, мен олтмишдан ошдим, чопиш тугул, кўпроқ юрсам, чарчаб қоламан.
− Бўлмаса, кўрпачани қалин ташлаттириб ёт! Фойдасини кўрасан, − деди Ўлмас бобо ва бориб ўзини бассейндаги муздай сувга отди.
− Ҳа, биз бобойдай бўлолмаймиз, − деди ортига бурилиб кета бошлаган катта ўғил. − Бобой ҳаммамиздан узоқ яшайди.
“Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар омин дейди”, дейдилар ёши улуғлар. Катта ўғилнинг гапига фаришталар омин деган экан, беш йил ўтиб, отадан олдин охират сафарига отланди.
− Сен ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди? − деб йиғлади Ўлмас бобо.
Бўлмас экан-да. Ўлмас бобонинг пешонасида узоқ яшаш ёзилган экан.

15.
− Бу “Ўлмас Кашшей”ингиз ўлмайди, − деди акасиникига келган Райҳон йиғламсираб. − Ўлиш ҳақида ўйламайди ҳам.
− Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Ўлмас бобонинг “Ўлмас Кашшей”лиги ростга ўхшайди, − ўйланиб қолди Кабир. − Шунча воситани синаб кўрдик-а? Маргимуш кор қилмади, симоб кор қилмади, қўрғошин кор қилмади, шунча эскирган дориларни бердинг, кор қилмади, энди билмай ҳам қолдим, нима қилишни.
− Один битта гинеколог топинг! − деди Райҳон.
− Генеколог нима қилади Ўлмас бобони? − тушунмади Кабир.
− Манависини олиб ташласин бу “Ўлмас Кашшей”нинг! − Райҳон қорнига шаппатилади.
− Э-э, муборак бўлсин! − деди Холида кулиб. − Ўзингиз ҳам имога маҳтал турар экансиз-да. Ўлмас бобо ёнингиздан ўтиб кетса, бўлди, қорнингизни дўмпайтириб келаверар экансиз-да?
− Ҳа, ёнимда ўтади, холос, − ғамгин кулди Райҳон. − Ҳали устимга ёшроқ хотин олмаса, деб қўрқаман.
Райҳон Холида билан бориб, Холиданинг таниши бўлган врач билан гаплашиб, ҳомиласини олдириб келди.
− Эссизгина, қиз экан, − деди Холида ачиниб, − Битта қизингиз ҳам бўлса, қандай яхши бўларди.
− Ҳали улгураман, − деди Райҳон синиқ табассум билан. − Саксонбой мактабни битириб олаверсин-чи.
Ўлмас бобо Райҳон билан роппа-роса бир ой гаплашмади.
− Ҳайдайман сендай ношукур хотинни, − деди бир ойдан кейин. − Мулла Сафар бобога берган ваъдам нима бўлади энди?
− Барибир отини Тўқсонбой қўя олмас эдингиз, қиз экан, , − деди Райҳон.
− Тўқсоной қўярдим, − қовоғи осилди Ўлмас бобонинг. − Энди ундай қилма!
− Нима? − кўзлари катта-катта бўлди Райҳоннинг. − Энди жавобимни беринг! Энди сиз ҳайдамасангиз ҳам ўзим кетаман! Уятингиз қолмабди ўзи. Тўқсонга кирдингиз, “Ўлмас Кашшей”!
Ўлмас бобо хотини унинг орқасидан шундай дейишини эшитган эди-ю, ўзидан эшитмаган эди. Аммо ҳозир жаҳли чиқмади. Ҳузур қилиб кулди.
− “Ўлмас Кашшей” эмасман, хотин, − деди кула-кула жиддий тортган Ўлмас бобо. − Ҳаммамиз ҳам бир куни ўламиз. Аммо Худо берган умрни муносиб яшаш керак. Керак бўлганда Ўзи олади, бир кун ҳам қўйиб қўймайди.
Ўлмас бобо шундан сўнг узоқ жим қолди. Индамай ўрнидан турди. Яктагини кийиб, кўчага қараб йўл олди. Кетар экан эшитилар-эшитилмас қилиб гапирди:
− Қанийди, кампиримдан олдин кетган бўлсам. Қанийди, ўғлимдан олдин кетган бўлсам.

16.
Ўлмас бобо тўқсон ёшга кирганини нишонлаб, элга тўй берди.
Тўйдан кейин Кабир елимхалтага солинган, қават-қават целлофан қоғозларга ўралган бир нима кўтариб келди.
– Бунинг ҳаммаси целлофанми ё ичида бошқа нарса ҳам борми? – сўради Райҳон.
– Бор, Райҳон, бор, ичида зўр нарса бор, – деди Кабир у ёқ-бу ёққа аланглаб олиб. – Шу учун махсус Нурободга бориб келдим. Уранли тош. “Ўлмас Кашшей”нинг каравоти остига уч кун қўйиб қўйсанг, бас. Радиация олади.
– Радиацияси нима, ака? – сўради Райҳон.
– “Ўлмас Кашшей”инг нурланади, Райҳон. Бир ҳафтага бормай қутуласан!
Райҳон анча вақт хомуш бўлиб қолди. Ниҳоят, бошини кўтариб, сўз бошлади:
– Ака, “Узоғи билан беш йил бирга яшайсан”, деган эдингиз. Йигирма йил яшадим. Мен ҳам энди ўттиз ёшли синглингиз эмасман. Ёшим элликдан ошди. Энди Ўлмас бобо бор тилласини бошимга ўраб, кўчага чиқариб қўйса ҳам мени биров олмайди. Рустам жиянингиз йигирмага кирди. Саксонбой ўнга кирди. Ўлмас бобо Рустамжонни уйлантираман, деб турибди. Ўлмас бобо ўлиб қолса, болаларимни ким уйлантиради? Қўйинг, энди, тақдиримга тан бердим. Пешонамда шу бобой билан ўтиш ёзилган экан. Энди, очиғи, ўзим ҳам ўрганиб қолдим. Бир кун бир жойга кетса, ҳаловатим бўлмайди.
– Э-э, Райҳон, тўғрисини айт, “Ўлмас Кашшей”ни севиб қолганинг йўқми, мабодо? – кулди Кабир.
– Ким билади? Мен бу дунёда бировни севиб кўрган бўлмасам? Агар сал кўрмасанг соғиниш севги бўлса, мен шу Ўлмас бобони севар эканман-да, ака. Ёнингда бўлиши кўнглингни тоғдек кўтариши севги бўлса, мен шу Ўлмас бобони севар эканман-да. Суянадиган одаминг ким, дейилганда кўзимнинг олдига сиздан ҳам олдин Ўлмас бобо келиши севги бўлса,  мен шу Ўлмас бобони севар эканман-да, ака.
– Э-э-э, Райҳон, сен шу айтганларингни битта қоғозга ёзиб, газетага юбор! – деди Кабир. – Сен туппа-тузук шоир экансан-ку? Ўлмас бобонг сени шоир қилибди, Райҳон!
Райҳон елим халтадаги ўралган тошни акаси томонга суриб қўйди.
– Бунингизни олиб кетинг, ака! Энди бунақа нарсаларни олиб келманг!
Кабир ўрнидан турди.
– Рост айтасан, синглим, – деди Кабир Райҳонни бағрига босиб. – Сен бахтлисан. Ҳеч кимдан каминг йўқ. Бунинг энди кераги йўқ. Энди сенга Ўлмас бобога куч-қувват берадиган нарсаларни олиб келаман.
– Ҳеч нарса олиб келиб ўтирманг, – кулди Райҳон. – Шусиз ҳам Ўлмас бобо “Мулла Сафар бобога берган ваъдамни бажаришим керак”, деб юрибди.
– Мулла Сафар бобога нима деб ваъда берган экан? – сўради Кабир.
– “Кейингиларининг отини Тўқсонбой ва Юзбой қўяман”, деб ваъда берган экан.

17.
Ўлмас бобо Рустамни ҳам уйлантирди, Саксонбойни ҳам уйлантирди.
Ўлмас бобо невара тўйларини ҳам ўтказди.
Ўлмас бобо Райҳонни олиб, Ҳажга ҳам бориб келди.
Ўлмас бобо мулла Сафар бобога берган ваъдасини бажара олмади, аммо юзга кирди.
Ўлмас бобо юзга кирганида яна бир марта элга тўй қилиб берди.
Ўлмас бобонинг аввалги-ю, кейинги хотинидан бўлган болалари, неваралари, эваралари ҳовлига сиғмай кетди.
– Ўлмас бобо ҳалиям эрталаблари ҳовлини айланиб чопадими? – сўради тўйга келган Холида.
Райҳон янгасига ялт этиб ўгирилиб қаради. Янгасининг овозида бирор киноя сезмади.
– Бобонгиз чопишдан тўхтаган эмас. Умуман, Ҳожи бобо бирор ишдан тўхтаган эмас!– деди Райҳон момо, кейин бир табассум қилиб, қўшиб қўйди: – Қачон қарсангиз қўлида кетмонми, белкуракми, ток қайчими, бирор иш билан банд бўлиб юрадилар-да!