Каримберди Тўрамурод. Ойрўзи (ҳикоя)

1.

− Отни мунча қичаб ҳайдамасин, қаерга шошади? − деди қишлоғидан чиққандан бери овозини чиқаришга-да, ҳайиқиб келаётган Ойрўзи.
− Шом тушмай, қишлоққа етиб олишимиз керак, − деди Хуррам. − Чарчадингми? Отда юрмаганмимсан?
− Сўраган нарсасини қарасин! − қиқирлаб кулди Ойрўзи. − Мен чавандозмидим, отда юрсам?
− Отанг, аканг отга миндирмаганмиди ҳеч? − ажабланди Хуррам. − Чарчаган бўлсанг, тушиб, бироз дам ол!
− Тўхтамасин! Шомга оз қолибди, ҳайдайверсин? − деди Ойрўзи. − Қишлоғига етай деб қолдикми, ўзи?
− Манови, кўринаётган Баҳрин, кейингиси Манғитобод, − қамчи билан имлаб кўрсатди Хуррам. − Шундан ўтсак, Жаласой-да. Оз қолди.
− Ундай бўлса, қичаб-қичаб ҳайдайверсин!

2.

− Билса, айтсин! Бу қишлоқнинг оти нимага Манғитобод? − сўради Ойрўзи Манғитободдан ўтишаётганда.
− Манғит уруғидан бўлган бир киши шу ерни макон қилиб, обод қилган экан, − билганича тушунтирган бўлди Хуррам. − Ҳозир бу қишлоқда яшайдиганларнинг ҳаммаси ўша одамдан тарқалган, дейишади. Шунга отиям Манғитобод.
− Бу кишининг уруғи нима? − қизиқди Ойрўзи.
− Бизнинг уруғимиз минг, энг катта уруғлардан.
− Нимага қишлоғининг оти Жаласой? Мингобод эмас?
− Қишлоғимизнинг ёнгинасидан сой оқиб ўтади, оти Жаласой. Қишлоғимиз сойнинг ёнида жойлашганидан оти Жаласой бўлиб кетган, − деди Хуррам. − Ким билади, фақат минглар яшаганда, балки оти, сен айтгандек, Мингобод бўлармиди? Аммо Жаласойда фақат минглар яшамайди. Қишлоғимизда найманлар ҳам, манғитлар ҳам, кенагаслар ҳам, барлослар ҳам бор.  

3.

− Шу ерда бир тўхтасин! Сувсадим! − деди Ойрўзи Қозонариқдан ўтаётганларида.
Хуррам отнинг жиловини тортди. От бир пишқириб, тўхтади. Хуррам Ойрўзининг тушишини кутди.
− Тушириб қўймайдими? − деди Ойрўзи. − Мен тушолмайман, мунча баланд от экан?
Хуррам сакраб отдан тушди ва Ойрўзини кўтариб, ерга туширди.
Ойрўзи ариқ четига ўзини таппа ташлаб, ариқдаги сувдан ича бошлади. Хуррам унинг соддагиналигидан кулиб, қараб турарди. Сув ичиб бўлган Ойрўзи енгига лабини арта туриб, Хуррамга қаради:
− Сув ичсин! Сувсамадими?
Хуррам ҳам энгашиб, ҳовучлаб-ҳовучлаб, сув ичди. Бир ҳовучини Ойрўзига сепиб юборди.
− Э-э, манов кишини қарасин! − атлас кўйлагининг сув теккан ерларини қоқди, Ойрўзи, кейин отга минмай кета бошлади.
− Аразлама, отга мин! − деди унга етиб олган Хуррам.
− Ўзи кетаверсин! Минмайман!
− Мин дедим! Йўл узоқ.
Ойрўзи қўрқиб, Хуррамга бир қаради-ю, бошини сарак-сарак қилди.
Хуррам энгашиб, Ойрўзининг қўлтиғидан шарт кўтариб олди-ю, орқасига ўтқазиб қўйди.
Шу билан Ойрўзи Жаласойга етгунларича қайтиб гапирмади.

4.

Ойрўзини отдан унинг қайнонаси, полвонсифат Омонгул момо тушириб олди. Ўзи эргаштириб, дарвоза олдида ёнаётган гулханни уч марта айлантирди. Шундан кейин чимилдиқ тортилган уйга олиб кирди.
Ташқарида ўйин-кулгу авжига чиқди. Йигитлар челакни тарақлатиб, “Воҳ-ай, бола”ни олишди:

Томда товуқ жотади, воҳ-ай, бола,
Оёғи совқотади, воҳ-ай, бола!
Уйланмаган жигитлар, воҳ-ай, бола,
Ўзи ялғиз жотади, воҳ-ай, бола!

Ойрўзи қизиқиб, чимилдиқдан чиқди. Деразага яқин борди. Бахмал парданинг четини кўтариб, ташқарига мўралади.
Айтувчиси бир қаторини айтса, “воҳ-ай, бола”сига қўшилаётган йигирма чоғли йигитлар тинмай қийқиришар, ўртага тушиб олган иккитаси эса беқасам тўнларининг бир этагини қайириб, белбоғига қистириб, енгларини шимариб олган, кўкракларига муштлаб, рақсга тушишар эди.
Ойрўзи кўзлари билан Хуррамни ахтарди. Тополмади. Бир маҳал Хуррам бир қўлида дутор кўтарган бир йигитни бошлаб, келиб қолди. Уни кўрган бошқа йигитларнинг қийқириғи осмонга етди. Дутор кўтарган йигит боя йигитлар чалаётган челакни тўнкариб, устига ўтирди. Дуторининг қулоқларини бураб олиб, ашула бошлади:

Яллама ёрим ялла, куйдим нозингдан, куйдим нозингдан,
Куйдириб ўтма, ёндириб ўт, қуралай кўзингдан!
Яллама ёрим ялла, яллолашайлик, яллолашайлик,
Учтами, тўртта бўлволишиб, ҳасратлашайлик!

Йигитлар бу қўшиққа ҳам жўр бўлишиб, рақсга тушишди. Хуррамни ҳам рақсга тортишди. Аввалига унамаган Хуррам кейин тўнининг этагини белбоғига қистириб, хром этигининг ялтираб турган қўнжига шаппатилабуриб, ўйнай бошлади. Уни чор тарафдан йигитлар олқишлаб туришди:
− Ўлма, Хуррам!
− Яша, ота ули!
− Э, кам бўлма-е!

4.

− Чиқиб кетсин! Мен қўрқаман! − ерни тепди, Ойрўзи.
− Мен сенга нима қилдим? − деди Хуррам. − Сенга бир нима деяпманми?
− Нимага кирди, бўлмаса?
− Ўз уйим бўлгач, кираман-да. Уйқум келди.
− Бошқа уйда ухласин!
− Бошқа уйда отам, энам, укаларим ётибди. Сен ўша, чимилдиғингнинг ичида ухлайвер! Мен манави ерда ухлайман, − деб пойгароқдаги кўрпача устига ёнбошлади, Хуррам. − Битта ёстиқ узатиб юборсанг, бўлди.
− Алдайди! Ухлаб қолсам, … ёмон иш қилади.
− Ҳеч қандай ёмон иш қилмайман, − кулди Хуррам. − Тинчгина ухлайман!
− Ухласин! − деди Ойрўзи. − Мен, … мен кетаман!
− Э, э, э! Қаерга кетасан? − ҳайрон бўлди Хуррам.
− Энамникига.
− Энанг қаерда-ю, сен қаерда? Пиёда бир кунда ҳам боролмайсан.
− Бораман! Бир ойда бўлсаям, энамнинг олдига бораман. Мен энам билан ётар эдим.
− Ундай бўлса, менинг энам билан ёта қол! − деб чиқиб кетди, Хуррам.
Сал ўтиб, Омонгул момо кириб келди.
− Ҳа, энанг айналсин, нима бўлди? − сўради Омонгул момо.
− Доим энам билан ётардим, − йиғлаб юборди Ойрўзи.
− Хафа бўлма, менам энанг-ку? Энди икковимиз ётамиз. Кел, қани! Ҳа, яша! Айналай!
Омонгул момо қучоқлабгина ётди, Ойрўзини…

5.

Чилласи чиқди, Ойрўзининг.
Чақирдига боришди, яна отга мингашиб.
Ҳаммасини сўради, Ойрўзининг энаси.
Ҳеч гап қолмади, энаси сўрамаган.
− Нима егинг келяпти? − охирида сўради, энаси.
− Туз егим келади, − деди Ойрўзи. − Капалаб-капалаб туз есам, дейман.
− Худойимдан айланай, − деди энаси. − Бўйингда бўпти.
− У нима дегани? − сўради Ойрўзи.
− Боланг бўпти, дегани, − деди кулиб, энаси. − Мен момо бўламан, сен эна бўласан.
− Туғаманми? − сўради Ойрўзи.
− Ҳа, туғасан-да, − яна кулди энаси.
− Қандай, … туғаман? − кўзлари катта-катта бўлди Ойрўзининг.
− Қўрқма! − деди энаси. − Мен сени қандай туққан бўлсам, сен ҳам шундай туғасан!
− Кетмайман, у одам билан! У ёмон одам экан!
− Кетасан! − деди энаси. − Биз, аёлларнинг пешонамизга шу битилган.
− Жон, эна, кетмай! − ялинди, Ойрўзи.
− Жон, қизим, кўн, энди сен ҳам! Кетмасанг, отанг мени ўлдиради.

4.

Жаласойгача уруш қилиб келди, Ойрўзи.
Қарғаб-қарғаб келди, Ойрўзи.
Хуррамнинг орқасига муштлаб-муштлаб келди, Ойрўзи.
− Ўзига бошқа хотин олсин!
− Сени яхши кўраман-да, Ойрўзи!
− Алдайди!
− Алдамайман, чин!
− Бўлмаса нега, … унда, … ундай қилади? − пиққиллайди, Ойрўзи.
− Йиғламай гапир, нима қилибман, Ойрўзи? − ҳеч нарсани билмайди, Хуррам.
− Энам айтди, мен ҳам, … туғармишман!
− Э, э, э! Зўр-ку? − хурсанд бўлиб кетди, Хуррам. − Чинингми, Ойрўзи?
− Қилғиликни қилиб қилиб қўйиб, нимага мунча хурсанд бўлади? − қовоғини солди, Ойрўзи.
− Хурсанд бўлади-да, Ойрўзи, хурсанд бўлади! − қийқирди Хуррам. − Аканг қарағай хурсанд бўлмай, ким хурсанд бўлсин?! Ўғил туғиб берасан, хўпми? Ўғил туғиб берсанг, яна битта атлас куйлак олиб бераман! Қора атлас! Марғилонникидан! Яшасин, акангнинг Ойрўзиси!
Хуррам отига қамчи босди. От бир сапчиб, шамолдай елди. Қўрқиб кетган Ойрўзи Хуррамни маҳкам қучоқлаб олди.

5.

Ойрўзининг Жаласойда орттирган дугоналари, қўшни қизлар келишди.
Ойрўзи уларга “ёрилди”.
Дугоналари ҳам қўрқиб кетишди.
− Энди нима қиласан? − сўради Чучук.
Елкасини қисди, Ойрўзи.
− Туғади, − деди Мисқол.
− Қандай қилиб, … туғади? − сўради Қизмон.
− Туғмайман! − деди Ойрўзи. − Нима қилсам туғмайман? Ана шуни айтинглар!
Қизлар бари билганини айтаверди. Охири бир қарорга келишди.
Ҳовли тўридаги зардолининг шохига арқон боғлаб, ҳалинчак солишди. Навбат билан ҳалинчак учишди. Кўрган одам “Ҳа, қизлар ҳалинчак учишяпти экан-да”, дерди. Навбат Ойрўзига келганида, ҳар сафар ҳалинчак уча-уча, энг тепага келганда у ўзини қорни билан ерга ташлаётганини биров билмасди. Кўрсаям, сабабини билмасди.
Қизлар ҳар куни келиб, Ойрўзиникида ҳалинчак учаётгани уйдагиларга малол келмади, аммо ҳар куни Ойрўзи ҳалинчакдан “йиқилиб”, гоҳ юзи шилиниб, гоҳ қўли, гоҳ оёғи чиқиб қолаётгани туфайли, ҳалинчакка чек қўйишди.
Ойрўзининг дугоналари навбат билан келиб, унинг дўппайиб қолган қорнини эзғилай бошладилар.
Бир сафар Чучук хотинининг қорнига чиқиб, ўтириб олганини кўриб қолган Хуррам дугоналарнинг “қадамини қуритди”.

6.

− Вой, энажон! Ўлиб қоламан!
Ярим кечаси дод солаётган хотинининг овозидан уйғониб кетди, Хуррам.
− Нима қилди, Ойрўзи? Соғмисан?
− Энамни чақирсин! Тезроқ борсин! − қорнини чангаллаб бақирди, Ойрўзи.
Ҳовлиқиб чиқиб кетди, Хуррам.
Бирпасда етиб келди, Омонгул момо.
− Сен чиқиб тур! Адолга айт, ўчоққа тезак қаласин! Бир қозон сув иситсин!
Адолатни уйғотиб, ўзи ўчоққа ўт ёқди, Хуррам.
Сув исиганда энаси чақирди:
− Хуррамбой! Ўғилчалик бўлдингиз! − ота бўлган ўғлини сизлади, Омонгул момо. − Отангизни уйғотиб, суюнчи олинг! Бобо бўлдингиз, денг!

7.

Э, айтиб бераверсам, Жаласойда, бунақа ҳангомалар бир дунё.
Бугун сизларга Амирқул аканинг онаси, Ойрўзи момо ҳақида озгина айтиб бердим, холос.
Ана шу Амирқул ака онасидан … ўн икки ёш кичик эди.

Тамом