Каримберди Тўрамурод. Пояндоз (ҳикоя)

Ўв, бовурларим-а. Қандай адатларимиз борийди-я!
Бир хили тубдан жўғалиб кетти. Бир хили жўнлашиб кетди. Бир хили қийинлашиб кетти. Бизар қиған бир хил ўйиннарди ҳазиргилар ўйнаялмайди. Кўбини билмайди-ям. Айтсанг булар куладиям-да.
Ҳай, пояндаз бўлайди. Қизлар бўй жетганнан тикишди бошлайиди. Икки-уч қоват бўлайиди. Пишиқ-пишиқ лотадан бўлайиди. Маккам-маккам жиплар минам тикайитта, қизларам. Бир хили четларига нақш-пақшам тўқийиди. Келин томаннан бир сурув, куёв томоннан бир сурув жигит бойнағи пояндазди ушлаб турайиди.
Куёв «ҳоппа» деп ўтивоса бўлдийди-да. Бағини кўравурингийди. Уч соатлаб, тўр соатлаб «ҳув-ҳув»лашиб пояндаз тортишайдиқ. Бунни қонағани қайси, қўли чиққани қайси. Ҳе, қўли синғаннардиям кўрдиқ. Гайда денг, жигитлар тарап-тарап бўб тевалашиб кетайди. Тевалаш каттариб кетиб  қишлоқ минам қишлок тевалашаб кетганнариниям кўрдиқ.
Сўғин-сўғин журтти оғалари пояндазди уч-тўр жеридан пичақ соб кесиб қўйғич бўлди. Сўғин-сўғин пояндаз бир қават бўлди. Кеб-кеб ҳазил қиб тортсанғам жетти-саккизга титилиб кетаятқан пояндаз чиқди.
Ҳазиргилардики ҳиллайи. Отиға икки жигит толашқандай ушлаб туради. Куёв ўтканнан бир-бир тортади, «тирр» этиб жиртилиб кетади. Шу минам томам пояндазам. Ҳазиргини пояндази пояндазма? Қани «ҳув-ҳув», қани тевалаш? Ҳазиргини кўп иши ҳиллайи.
Битта гапти энасини айтайми?
Хотин оғанча беш-олти марта яхшилаб тевалашмаган жигитам жигитма? Суп ундайча жигитга, хайма!
От тубидан жўғалди. Кўпкариям жўқ бўлди. Иллайлари тўйда олиш бўлайиди. Олишам жўқ бўлди. Полвон қомади. ҳазиргиларди жиллигиям пуч-да. Қўй гўши жемаса булар. Қўйруқди-ку берсангам жиялмайди. Шундай буғаннан кийин қишлақти баччасида жон қаяқтан бўсин.
Азимди мол дўхтурға ўқиған ули шаҳардан хотин опти. Келинди орқасидан кеган тўртовгана меҳмон бачча бутун бошли Жоласойди жигитини барини қийратиб кетипти. Иккитаси тиливизирга чиқаятқан уришқичакан. Кичканам отини айтти, каратисиймиш.

* * *
Ҳай, жигарларим-ай!
Норпошти тўйида зўр тевалашувдим. Меннан зўри бўмаған. «Полвон ушласин, полвон ушласин!» деди бари бизарди қишлоқти жигити. Қўлимға бир ўрадим. Қоғанини Тоғай, яна бир-иккови ушлади. Дўнгсойлиқларди зўри Тўқсанакан. Аввал шу ушлади. Уккағарди қўли ҳар бирови бир куракча келаякан. Қоғанини олтов-жетови ушлади.
Куёв келишини пойлаб силкилашиб туриппиз. Бир маҳал қарасам ўзимди қўлим минам Тўқсанди қўлини ўртасида пояндазди ўзимди отим ёзилған жайи чиқиб қопди-да. Жон-поним чиқиб кетти ўзиям. ҳеч ким кўрмасин деб мен пасга бурасам Тўқсан дўнгга бурайди, мен дўнгга бурасам у пасга бураб отимди кўрсатиб қўяди.
* * *
Нимагаям отимди тикдинг, Норпош!
Саккизда ўқийидим Норпош шуни кўрсатганда.
«Нимайди у Норпош?» сўрадим мен.
«Сени отинг», деди у.
«Нимага тиктинг?» сўрайман.
«Пояндазға» дейди Норпош.
«Пояндазлиғини билдим», дейман мен, «Нимага мени отимди ёздинг?».
«Ҳали қўшув қиламан, сўғин ўзимди отимдиям тикаман», дейди у.
Мен яна сўрайман. Учида айтади:
«Сени отинг яхши-да», дейди.
«Вояй, акангди отидан» дейман. Баданим қалтираблар кетади. «Ўзим-чи?» дейман.
У эшитмайди. Довушим чиқмағандир-да шунда. Яна сўрайман. Калласини кўтармай айтади:
«Ўзингам».
«Нима ўзимам?» дейман.
«Ўзингам яхши» дейди.
Ана шунда кўрингийди-да мени. Жинди бўб қолишимға гаттак қовди-да.
«Ҳа, Норпош, акангди Норпоши! Мени яхши кўрайкансан-а?» дейман.
«Малим келаяпти», дейди.
Уккағарди қизи-ей, калласини кўтармай қандай кўради? Ҳаққаттан малим келди. Сал гапкаям «Кўзингди оловини чиқараман», деп тураятқан малим.
«Қоғаннар қани?» дейди малим.
«Долада» дейман.
«Жугур, довушла! Охирида кеганини кўзидан оловини чиқараман!» дейди.
Дарсда даптарини олдимға суриб қуяди, Норпош. Биринчи бетида ёзуви бўлади:
«Ўзинг-чи?»
«Нима ўзим?» деп ёзиб даптарди сураман.
«Бойнағи гапта?» деб ёзади.
«Қайси гап?» билган нарсамди сўрап ёзаман.
«Ўл сен, шум!» деб ёзади.
Бирам мазза қиламан-ай.
«Ўлай агар, тушунмадим» деб ёзаман.
«Билдинг-ку мени, ўзингчи?» деб ёзади.
«Минг жилдан бери. Нима билмасийдингма?» деб ёзаман.
«Қ+Н» деп ёзади.
Мен давомини ёзаман:
«Қ+Н=Лубоф».  
У  кулади. Менам куламан. Биздики малимга эшитилади. Кеб калламга бўр минам солади:
«Кўзингди оловини чиқараман!»
Мундайчақит воқти каллага муш ўтама, қулоққа гап кирама? Малим чиқармасаям кўзди олови чиқиб жотқан бўса ўзи.
* * *
Бир маҳал қарасам куёв бўлмиш ояғини пояндаздан ошираяпти. Кўзим  жониб кетди-ёв. Малим раҳмалли айткандай кўзимди олови чиқиб кетди-ёв. Жоним борича силтаб торттим. Тўқсанам чайиракан. Уям шу вақти бирдан силтади. Куёвди кўринг. Беқасам тўни парашут бўб овзи минам жерга урди. У минам нима ишим бор, пояндазди тортиб кеттик.
* * *
Тўққиз минам ўнга Каттақишлоққа бордиқ. Уч чақирим жерга бориб ўқиб келамиз. Олти қишлоқди баччаси бир мактапга жийилған.
«Нимагаям мунча чиройли қиб тувған сени энанг, Норпош!».
Қоған бешта мактапти иккитадан баччаси унга ошиқ бўған бўса, ҳар бировини иккитадан тишини синдирған бўсам неччи тиш синған бўлади? Йигирма иккита бўлади. (Иккита биздикиниям қўшинг-да!)
Уч чақирим жерга бориш бир байрам, уч чақирим жердан келиш бир байрам! Тошти тевип мен келавураман, жерди чизип у келавуради. У сўравуради, мен айтавураман. Нимани сўрайиди? Дарсти сўрайиди. Дарсти айтайидим. Ҳазиргиларга ўхшаб кўрганнан ачош қилиш қаяқта? Шунча йил яхши кўриб, битта мўччиламаппанам!
* * *
Барибир полвонниғим боракан-да. Олмаға қараб судраб боравурдим. Олмани икки айлантириб судровдим Тўқсаннан бошқа ҳаммаси учиб кетди. Бошқатдан қўшилиш жўқ бўғанакан-да. Тўқсан икков қоппиз. Биран соат тортиштиқ. Ҳеч қўяғоймайди. Охирғи кучим минам жоним борича торттим-у бетига калла қўйдим. Икки қўли минам бетини чангаллаб қолди. Буннидан шариллаб қон келди-ку.
«Кўзини оловини чиқардимов».
Дўнгсойди жигитлари жар солди:
«Қодир ғиррамниқ қилди. Қодир ғиррам!»    
Ана тевалаш-у мона тевалаш. Бир соатқа жақин тевалашдиқ. Менга таяқ ўтама? Менга тош ўтама? Қўйнимда Норпошти пояндази!
Бир маҳал Мардан қўлимнан тортади.
«Пояндазди оғанинга хурсан бўма. Қара, Норпошинг кетаяпти» дейди.
Қарасам рос. Бизди Норпошти ўрап-чирмап райис бовани «Победа»сига опкираяпти.
«Болқан тутамиз!» деди Мардан.
Бизарди кўча катта кўчага қўшилаятқан жерга чопдик.

* * *
Ўзи нимага ундайча қилдинг, Норпош?
Мен-ку полвонниққа ўқийман деб шаҳарга кетувдим. Жетти кунгана ўқидиқ. Пахтага опкетти. Икки ой пахта териб зихландим. Уйга қочиб кесам, тўйинга кеппан. Мен-ку энамга айталмасийдим, олдимда акам борийди. Сенам мундай энангга айтмаганакансан-да «Қодир полвонди яхши кўраман, эна» деп. Ким билади, энанг жоман аялийди, отангга айтиб урдирайидиям.

* * *
Мардан минам иккита аравани жўлди четига қўйиб, ўртаға бизарди узун нарвонди чиқариб қўйдиқ. Сим минам байлаб тайладиқ.
«Ана энди бердан Норпошти опкетип бўпти, дўнгсойлиқлар».
Олдин райис бовани «Победа»си, орқасидан калхўзди «Политурка» дегич «Мум-мум» мошини кеп тўхтади. Куёвди қариндошлари тушиб бизарга майиз, жанғоқ, туршак берди.
«Очмаймиз» дедим.
Мардан иккавимизға бир сўмнан пул берди. Бизар кўнмадиқ. Битта гапка жетармани тушиб мени олдимға кеп четга тортти-да «Полвон! ҳаммасини биламиз. Пояндазди жонинғизди жабборға бериб тортқанингизди сабабиниям биламиз. Тевалашганингизди нимагалигиниям биламиз. Болқанди тутишдан махсаттиям биламиз» деди.
«Уккағар-ай, бу одам мунча нарсани қандай билайкан?» деп анғрайиб қоппан. Унгача бизарди болқанди Дўнгсойди жигити бузиб бўпти.
«Мана сизди ҳақингиз, Полвон!» деп бойнағи одам каптимга бир ҳовуч танга пул ташлап кетти.
Мардан санади, уч сўм-у саксан тўр тинакан. Мардан менга икки сўм берди. «Сен ўқийсан, сенга пул кўпроқ керак бўлади» деди.
* * *
Ўв, бовурларим-а! Ўзи нима деятувдим. Хаёл қурғур қим-қаяқларға оп кетти. Адатларимизди айтаятувдим, чағимнан. Э-э, кўплари жўғалиб кетти. Бир хили жўннашиб кетди. Бир хили қийиннашиб кетти. Бизар қиған бир хил ўйиннарди ҳазиргилар ўйнаялмайди. Кўбини билмайди-ям. Айтсанг булар ишанмайдиям-да. Ана, силарам ишанмай ҳииринглашди бошладиларинғ.  «Кулсанғ айтмайман, туриб кетаман», демовдимма? Ай, уккағарди болалари-ей. Ана, мен кетдим. Қоғанини Адаш махсимди тўйида «Қулоқ чўзма»дан кейин айтиб бераман.

Ҳикояни ўқишда қийналган ўқувчилар учун Найманча-ўзбекча луғат

1. Қандайчақит – қанақанги
2. Бовур – жигар, қариндош маъносида
3. Адат – одат
4. Жўннашиб – соддалашиб
5. Лотта- латта, мато
6. Жип – ип
7. Минам – билан
8. Бойнағи – бояги, ҳалиги
9. Гайда – гоҳида
10. Бўб – бўлиб
11. Тевалаш – муштлашув
12. Сўғин – кейин
13.Журт  – юрт
14. Жер – ер
15. Соб – солиб
16. Қўйғич – қўядиган
17. Ҳиллайи – Ҳийлакорлик, қалбаки, сохта
18. Тубидан жўғалди – бутунлай йўқолди.
19. Иллай – илгари
20. Олиш – кураш
21. Жиллиги пуч – илиги пуч (кам куч маьносида)
22. Довуш – товуш, овоз. Довушла – чақир.
23. Жинди – жинни
24. Гаттак – гарддек, камгина
25. Қовди – қолган эди.
26. Қоғаннар – қолганлар
27. Долада – ташқарида
28. Мундайчақит – бундай
29. Овзи – оғзи
30. Жийилған – йиғилган
31. Тевиб – тепиб
32. Муччиламаппан- бўса олмаган эканман
33. Рос – рост, чин
34. Бердан – бу ердан
35. Қоппан – қолибман
36. Чағимнан – шекилли