…Қуёш айни тиккага келган. Ундан таралаётган нурлар қум зарраларини аёвсиз қизитарди. Қум барханлари орасида ҳорғин ўрмалаётган туялар устида чайқалиб кетаётган аҳли карвон юзларини оқ сурп матолар билан ёпиб олишган бўлсалар ҳам ўзларини тандир ичида тургандек ҳис қилмоқда эдилар. Айниқса, бугун қилт этган шабадани ҳам ютган қуёш забтига олиб, гўё карвоннинг бардошини синамоқчидай, пастга қараб ҳеч оғай демас, бунинг устига, карвоннинг юриши ҳам унмаётганди.
Кўзини очиб юришдан кўра, юмиб юришни афзал билган Карвонбоши туйқусдан сергак тортдию, бир силкиниб қаддини ростлади. Бундай қалтис ҳаракатни кутмаган туя бошини кўтариб, узоқларга қараган бўлди-да, қадамини тезлатди. Йўлбошловчининг туясига етиб олган Карвонбошининг туяси худди буйруқ берилганидай баравар қадам ташлаб, гўё Карвонбошига ана энди бемалол гаплашиб олаверинг, дегандек кавшанаверди.
Карвонбоши Йўлбошловчига аҳвол қандай, дегандай назар ташлади. Йўлбошловчи бошини қуйи эгди. Карвонбоши аҳволнинг ўзи ўйлаганидан ҳам жиддийроқ эканлигини дарҳол англади ва орқага қайрилиб, туя карвонини кўздан кечирди. Туялар гўё ўзларининг қадам ташлашларини ўзлари кузатаётгандек, бўйинларини пастга осилтиришиб, олдинга судралишардилар. Туя ўркачлари пуччайиб, унинг устига қўйилган жабдуқлар туя танасига ёпишиб қолган. Туяларнинг ҳеч бири кавшанишмас, оғиз бурчакларида кўпикдан мутлақо дарак йўқ, бурун катакларини кенгайтириб-кенгайтириб нафас олишардилар, холос.
“Чанқашибди, бечоралар, агар уларнинг чанқовини бироз бўлса ҳам қондирмасак, яна икки довон ошгандан сўнг ётиб қолишади. Кейин туяларни турғазиш жуда қийин”, деган ўйга борган Карвонбоши Йўлбошловчига яна саволомуз қаради. Йўлбошловчи, жуда оз қолган, атиги икки мешда, деб ишора қилди ва индамай йўлида давом этаверди. Карвонбоши Йўлбошловчини сўзсиз тушунди. Демак, Йўлбошловчининг етаклаб келаётган туяси устига ортилган икки мешда сув бор, холос. Фақат ўта чорасиз ҳолларда бу мешлар очилади. Йўқ, ҳали уларни очишга эрта, яна икки кун чидамоқ керак. Чўлнинг ярмидан энди ўтдик. Агар икки кунлик йўлга адашмаганимизда ҳаммаси мўлжалдагидек бўларди. Шаҳзоданинг гапига кўнмаслик керак эди. Ана энди ётибди ўзи, туянинг соябони остида лаблари ёрилиб, аранг кўзини очиб…
Йўлбошловчи: “Бу сароб, Шаҳзодам”, деганида, “Сен ўзингнинг қадрингни оширмоқ илинжида фақат ўзингнинг сўзингни маъқуллаяпсан! Қара, қари тентак, қум барханининг шундоққина ортида яшил дарахтларни кўраяпман! Карвонбоши, туянгнинг бошини ана шу ёққа бур! Мана шу кўриниб турган қум барханидан ўтсак, яшил водийга кирурмиз”, деб қатъий айтди, наъра тортди. Унинг хос қўриқчилари ҳам қилич қинларининг устини силаб-силаб қўйишди. Яхши ҳамки, Карвонбоши вазиятни юмшатиб, Йўлбошловчига бирон кори-ҳол бўлишдан сақлаб қолди, йўқса қон тўкилиши аниқ эди. Шаҳзода ҳали ёш, ғўр, қум чўлида юришнинг хавфли тарафларини билмайди. Аммо буни ким унга юрак ютиб айта оларди… Ана энди Карвонбоши шу ғўрлик азобини тортаяпти. Бийдай чўлда ким ҳам сенга бир меш сув берарди? Унинг ҳар бир қултуми тилла танганинг мингтасидан қиммат бўлса…
Карвонбоши хос соқчилар бошлиғини чақириб, унга вазиятни обдон тушунтирди, йўқса Шаҳзода охирги мешдаги сувни ҳам аллақачон ичиб тамом қиларди. Ахир карвоннинг ҳаёт-мамоти худди шу мешлардаги, атиги икки мешдаги сувга боғлиқ. Худога минг қатла шукрлар бўлсинким, карвонда саводи анча пишиқ, фикри тийрак йигит бор экан. Агар шу йигит бўлмаганда карвон ҳали-бери тўғри йўлга тушиб ололмасдан, ҳалок бўлиши ҳам мумкин эди. Карвонбоши эслади…
…Қуёш ботиб, юлдузлар чарақлаган. Офтоб тиғидан роса қизиган атроф-борлиққа илиқ, аммо кишига хуш ёқувчи шабада энди эсаётган маҳалда шу йигит Карвонбошига учрашди.
— Тақсир, ҳув анави қум бархани устига чиқсак. Сизга айтадурғон муҳим гапларим бор эрди.
Карвонбоши унинг миқти гавдасига, ярим табассум билан, аммо унга жиддий боқиб турган юзига, қирра бурнига мос ажиб ярашган текис қора мўйловига, тийрак кўзларига қаради-да, қуюқ қошлари туташиб кетишига озгина қолганига, бироқ кўзларининг зийраклик билан қаттиқ тикилиб боқаётганига эътибор берди. Иродаси мустаҳкам йигит экан, деб ўйлади Карвонбоши ва унинг орқасидан бироз қорайиб кўринаётган қум бархани тарафга юрганини ўзи ҳам сезмай қолди. Бу йигитнинг нияти ҳали менга маълум эрмас. Гумоним бор. Эҳтиёткорлик яхши. Карвонбоши шуларни хаёлидан ўтказа туриб, ички белбоғида осилган қиндан ханжарини чиқариб, қалин яктагининг ички чўнтагига солиб қўйди. Иккаласи бир-бирларига сўз қотмасдан, индамайгина қум барханининг энг тепасига чиқиб олишди.
Карвонбоши эътибор билан атрофга боқди: диққатни жалб қиладиган бирон нарса кўзга ташланмас, фақат қум барханлари ястаниб ётарди, холос. Карвонбоши энди сал олисда қолган карвон туяларига қаради — улар ой ёруғида яққол кўзга ташланарди. Олдинма-кетин қаторлашиб келаётган туяларнинг энг орқасида Хазорасп ҳокимининг туялари қадам ташлар, улар устига ҳали тикилмаган ва ичига келин-куёв кириши мумкину, лекин ҳали кирмаган ўтовнинг керага, ўқлари, чангғароқ ва кигизлари, тизмалари юкланган, улар оғир бўлмаса ҳам бироқ туяларни анча ҳоритгани билиниб турарди. Карвонбошининг худди аввалгидек яна жаҳли чиқди: карвонга ҳоким туялари келиб қўшилганда айтганди, ахир шунақа ўтов Бухорода ҳам топилади-ку! Сиз туяларга жабр этмасдан савдога кераклиларини юкласангизчи, деганида, Ҳоким қўрслик қилди:
— Қизимнинг сўзини ерда қолдиргим келмас. Қўнғиротнинг донғи кетган усталари ясаган. Худди Барчиной ўтовига ўхшайди. Бухороликлар Алпомиш билан Барчиной қандай бежирим ўтовда чиллаларини ўтказганликларини кўриб қўйишсин.
Ҳоким шундай деб, сал чўзинчоқ, оқ-сариқдан келган юзига ярашган маллатоб мўйловининг учларини силаб қўйган эди ўшанда. Ана энди ўзи ҳам ётибди, сулайиб, мўйловини силашга ҳам ҳоли йўқ, лаблари ёрилиб…
Карвонбоши мана шу ўтов юкларини олдирмаслик учун қатъийлик қилмаганига минг пушаймон бўлаётган бўлса ҳам энди фойдаси йўқлигини тушунар, карвоннинг келгуси тақдирини ўйлаб, ич-ичидан зил кетарди. Ҳали ҳам карвоннинг бахти бор экан, карвон ичида Аллоҳнинг яхши кўрган бандалари кўп эканми, ҳарқалай биронта ҳам ўсимлик унмаган фақат қум ҳукмронлигидан ҳансираган чўлда қум бўрони кўтарилмаяпти.
Карвонбоши шуларни хаёлидан ўтказа туриб, туя устига ярашиб ўтирган йигитга қаради. Йигитнинг эътибори эса осмонда эди.
— Қаранг, биз кунботардан кунчиқарга юрмоғимиз лозим эди. Йўлимиз аввал сал Шимол томонга оғишиб, Карманага етганимиздан сўнг йўлимиз жануброққа энмоғи даркор, яъни бошимизни тикка тутиб, сўнгра елка ярмига келгандагига мос бурилган йўналишда юрмоғимиз шарт эди. Эътибор беринг: Етти Оғайни юлдузи карвон йўналишининг нисбатан ўнг ва орқароқ тарафинда, олтин қозиқ юлдуз эса чап ва орқароқ тарафдадур. Тахминимча, карвонимиз Кармана тўғрисидадур. Агар шундоқ бўлса, тўғри мўлжал шул эрур: Олтин қозиқ юлдузи карвонимизнинг чап ёнида ҳамда туянинг ўрта белига тўғри келмоғи, лекин барибир чап тарафда қолмоғи зарур. Ана шунда карвон йўли мағрибдан машриққа бўлғай…
— Ушбулар ҳақинда Йўлбошловчи бирлан гаплашдингизму? — оҳиста сўради Карвонбоши.
— Йўлбошловчингиз ҳозир ўзида эмаслар. Шаҳзоданинг номаъқул ва ўринсиз ҳақоратиндин сўнг бу ишларга аралашгуси келмас. Ғурури анча баланд эркан…
Йигит шу сўзларни айта туриб, оёқларини қимирлатмасдан, фақат унинг атрофида айланиб, худди Карвонбошининг хушбўй гуллар ўстирилган боғда, шундоққина катта супанинг ўнг биқинида икки қарич бўлиб ўсиб, энди гулламоқчи бўлган нозбўйларнинг анвойи бўйларини ҳидлаётган каби калта-калта нафас ола бошлади. Карвонбоши, ие, нима қилаяпсиз, деб сўрамоқчи эди ҳамки, йигит оҳиста гапирди:
— Яқин 8-10 чақирим масофада ҳеч қандай ўсимлик йўқ. Ҳатто саксовул ҳам. Фақат қум…
Карвонбоши буни қайдан билдингиз демоқчи эди-ю, аммо йигитнинг карвон томонга бурилганини кўриб, индамай қўя қолди.
Карвонбошининг бу йигитга меҳри илингандек бўлди. Унинг ўзини эркин тутиши, сўзларидаги аниқ далиллар, ўз фикрини айтишдан ҳайиқмаслик Карвонбоши дилида сафар аввалида пайдо бўлган ғубор ва гумонни йўқотгандек бўлди, аммо яктаги ички чўнтагидаги ханжарни яна бир бор силаб қўйди. Энди шу ғубор ва гумоннинг кўнглида пайдо қилган туманини бутунлай тарқатиб, қалбини чироқ ёқилганидан равшан тортган қўрғон каби ёритмоқчи бўлиб, шу қалб қўрғоннинг айни бўғзида тиқилиб турган гапларни шошмасдан гапирди:
— Хвайразамдан икки кунлик йўл юрганимиздан сўнг, туя карвонидан орқада қолиб, туянгизни йўртиллатиб аранг бизга етиб олдингиз. Ҳалигача сабабини ўйлармен…
— Тўғри англабсиз, — оҳиста жавоб берди йигит: — Алҳамдулулло мусулмонмен. Улуғ ҳаким Ибн Синонинг таъкидлашича, Ҳазораспга айни икки кунлик йўл қолиб, шундоқ тикка турганида қуёш ботишига айни икки қарич масофа бўлса ҳам кун иссиғи унинг пешонасига тушиб, кўзини қамаштирган маҳали устози аллома Масиҳий жон таслим қилган эканлар. Аллоҳнинг яратган неъмати чексиз йиллар давомида қум зарраларининг қуёш нурини эмган қувватиндин Устозини барча таомили бирлан баҳраманд этгач,роса қийналиб, Раҳматнинг Олий ҳадясидин айрилиб, ўзи ҳам боқийлик тарафга юз буришига уч кунлик ҳилолнинг ботишигача вақт қолганини англагач, иложсизликдин Устоз миниб келган туянинг катта бўйин томирини кесиб, идишга тўплабдилар. Яхши ҳамки, ёнида қонни ивишдан сақлайдиган гиёҳ толқони бор эркан. Шу толқонни қонга қўшиб, то совугинича кутибдилар ва сўнгра чанқоғини қондириб эсон-омон манзилга етиб борганлар. Мен тахмин билан Устоз Масиҳий замин бағрида меҳмон бўлаётган жойларини топдим. Энг
аввало 19 яшар навқирон Ибн Сино тарафиндин, сўнгра ўз номимдин табаррук оятлардан ўқуб, у кишининг руҳларининг тинчини Аллоҳдин сўрадим. Сўнгра Сизларга етиб олдим. Энди,Карвонбоши жаноблари, яктагингизнинг ички чўнтагига тиқилган қўлингизни бемалол у ердан олаверинг. Ханжарни тинч қўйинг…
Карвонбоши бу сўзларни эшитиб, пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди, аммо тезда ўзини ўнглаб олиб, йигитга кулиб қаради. Карвонбошининг бу йигитга меҳри яна ҳам ошиб кетди. Унинг қорачадан келган юз ифодасида оддий инсонлар ҳали тушуниб ета олмайдиган илиқлик, майинлик бор эса-да, лекин ўзи айтган сўзини доимо ва ҳар қандай вазиятда исботлай олиш бардоши борлиги ва бу масалада анча қатъий эканлиги равшан сезилиб турарди. У ҳар бир сўзни айтишдан олдин бироз ўйланар, сўнгра ҳар бир гапни чертиб-чертиб, аниқ ва лўнда ифодалар эдики, мулоҳазага ҳеч ўрин қолмасди. Айниқса, унинг Устоз Масиҳий тўғрисида гапираётганида “Алҳамдилулло, мусулмонмен” дейиши Масиҳийнинг бошқа дин вакили эканлигини билгани ва шуни таъкидлаб бошқа саволга ўрин қолдирмаганлиги Карвонбошининг унга ҳурматини янада орттирди.
Йигит туяси жабдуғи тагидан бир халта олди-да, Карвонбошига узатди.
— Карвон аҳлига тарқатинг. Тайинлангки, шу ўрик донагидек тошни оғзига солиб, тиллари билан бетўхтов айлантирсинлар. Озгина бўлса ҳам сўлак ажралиб, оғизлари намлангач сўлакни ютгайлар. Бу ташналик азобини бир қадар босгай. Шу боис яна икки кун сув ичиш истагини хаёлдан ҳайдаб, мешдаги эҳтиёт сувига балким тегмассиз.
Йигит бир пас хаёл суриб, бироз жимликдан сўнг яна гап бошлади:
— Наҳшаб Малик чўли бирлан Марв ораси анча йўлдур, сувсиз, қақраган чўл. Шу чўлдин икки марта ўтганмен. Йўлбошловчини, Худо раҳмат қилгур, Эломон сариқ дердилар. Чўлда юрмоқнинг сир-асрорларини шул инсондин ўрганганмен. Ул табаррук Аллоҳ бандаси шул тадбирни ўргатганким, доим менга уқтирардиким — шояд унутмағайсен, деб.
Икки кун давомида фақат кечаси йўл юриб толиққан ҳорғин карвон қуёш сал тиккага келгач, дам олишга шайланди. Барча туялар чўккан, уларнинг ҳам туриб юришга мажоли қолмаган. Қилт этган шабада йўқ. Қаёққа қараманг, қаддини баланд тутган, аммо сал шамол эсса букчайган ҳўкизни эслатувчи, бироқ шамол эсаверган сари унинг букчаси ҳам ер билан бир текис бўладиган қум барханлари юракларга ваҳима солар, уларга тикилган саринг юракдаги ваҳима танага тарқалаверар, оқибатда энди ўзинг нуқул ваҳимадан иборат бўлаётганингни сезмай ҳам қолар эдинг. Туяларнинг қумда қолдирган излари ҳам бир пасда йўқолиб, туя карвонининг қаёқдан келганию, энди қайси тарафга бормоқчи эканлигини ҳам билиш амри маҳол эди.
Карвонбоши шуларни ўйлар экан, қуёш нурлари тиғининг қалин яктагидан, унинг тагидан кийилган чопонидан ўтиб қиздираётганини ҳис қилди. Сувсизликдан дармонини йўқотиб сулайган гавдасини аранг кўтариб, атрофни кузатди. Қуёшнинг шундоққина чап тарафидаги қум бархани салобати билан карвонни босиб қолмоқчидай савлат тўкиб турарди. Карвонбоши юрагини босиб турган ваҳимани йўқотмоқчи бўлиб, бор кучини оёғига жамлаб, ўзидан сал наридаги текисликдан одам бўйи баравар баландлашган қум бархани устига чиқди. Бироқ ваҳима йўқолиш ўрнига гавдасининг барча қисмига, ҳатто бармоқ учию, қулоғи солинчағигача тарқалди. Бошида гувиллаган товуш пайдо бўлди-да, Карвонбошининг юраги уришдан тўхтагандек, уришдан тўхтагандек эмас, балки кўкрагини ёриб чиқиб, ҳавога учиб кетгандек бўлди. Гавдасини аранг ушлаб турган куч ҳам йўқолиб, тиззалари ўз-ўзидан букилиб, қум устига ўтириб қолди. Кўзлари ваҳиманинг зўридан косасидан отилиб чиққудек чақчайди, бир нуқтага тикилганича
бақрайиб қотиб қолди. У тикилган нуқтада тобора осмону фалакка кўтарилаётган, чап тарафдан ўнгга шитоб билан силжиётган қора-сариқ кўланка карвон турган жойга жадал яқинлашиб келарди.
Ҳали бу маконда қиладиган юмушлари ва уларни уддалаш, булардан ҳам кўра муҳим — карвоннинг ҳаётига масъуллик ҳисси барча гавда кучини оёқларига йиғиб келди-да, Карвонбоши ирода кучи билан юрагига ваҳима солган қаршисидаги қум бархани устига чиқди. Чиқди-ю, унинг бутун борлиғини аввалгисидан ҳам баттар — шу қумлар орасида ўлигимиз қоладиган бўлди, деган сўзларни хаёлига келтирган, шунча йиллар давомида орттирган руҳий кучининг мустаҳкамлигини синдириб юборадиган ваҳима чўлғаб олди. Бироқ ваҳимага тобе бўлиб, ҳаракатсиз туриш ўлим билан баравар эканлигини яхши тушунган Карвонбоши орқасига кескин бурилганди, йиқилди ва юлдузлар саноғидан ҳам кўпроқ қум зарралари устидан сирғалиб пастга тараф ўқдай учиб кетди. Қум зарралари унинг танасини кўмишига озгина қолганда ўзини ўнглаб олди, оёқларини тираб ўзини тўхтатмоқчи бўлди. Бироқ унинг оёқларига тиргак бўлиб, ҳаётда яшаб қолиш умидини сақлаб қоладиган таянчни топа олмади. Ва қум орасига кириб кетди. Нафас о
лмоқчи бўлди, аммо бурун катаклари қумга тўлганидан бунинг уддасидан чиқа олмади. ” Хайр, болаларим, хайр, хотиним, қариндош-уруғларим! Алвидо! Эй, Аллоҳ!” деган сўзлар хаёлидан яшин чақмоғи каби ўтди ва айни шу тобда товони қаттиқ нарсага урилиб, қорни юмшоқроқ буюмнинг устида қолиб, боши пастга осилиб тушганини пайқади. Аллақандай куч уни яна бир марта юмалатган эди, Карвонбоши қаттиқ нарсага урилди ва кўкрагидаги бор нафас ташқарига шиддат билан отилди, ҳалқумида, ютқунида, оғзи-бурнида тиқилган қум зарралари ҳам ташқарига чиқиб, у эркин нафас ола бошлади.
У карахт холда қанча вақт ётганини билмайди, аммо кўзини очиб тирсаклари билан қумга суянаб, қуёшнинг чап тарафига қаради: қора-сариқ кўланка қуёш юзини қоплаб олган, кўланканинг қалин пардаси орқасида унинг нури базўр кўринар, аммо энди шовуллаган ҳайбатли товуш қулоқни қоматга келтирмоқда эди. Карвонбоши ҳаётига хавф солаётган катта хатарни сезгач сакраб ўрнидан турди, аввал чуқур нафас олиб, бор қуввати билан қўлларини икки ёнга ёзганича “а-а-а-а!” дея қичқирди, сўнгра “Туринглар!” деб ҳайқирди ва ўзига ярашмаган чаққонлик билан туя сафининг бошида чўккалаган икки ўркачли туянинг жулдири остидаги таёқчани суғуриб, туя ёнида осилиб турган ноғорага зарб билан ура бошлади. Туячилар гумбурлаган товушдан уйғонишиб шу заҳоти ўринларидан туришиб, туянинг чўзилган сафини айлана қилишиб, туяларнинг бошини айлана марказига қаратишиб, уларнинг бошига қалин ва пишиқ матонинг махсус тешигидан ўтказишиб кийғизиб қўйишди. Шаҳзоданинг туя кажавасини
икки туя орасига жойлаштиришиб, устидан туя жунидан тўқилган пишиқ наматни ёпишиб, туяларнинг нўхтасини белларига боғлашиб, ўзлари ҳам доира ичига юз тубан бўлишиб ётиб олишди. Улар бу юмушларни бажариб бўлган ҳам эдиларки, карвонни қуюн босди. Осмону фалакка кўтарилган қум тўзони қуёш юзини қоплаб, одамларнинг кўзини очирмай қўйди. Агар кўзларини очганларида ҳам атрофда ҳеч нарсани кўра олмасдилар. Энди чўлда қум бўронию ҳамда қоронғулик тўлиқ ҳукмронлик қилаётганди. Бўроннинг шовуллаган, баъзан кучайиб қулоқ пардасини йиртгудек чинқириқ товуши қулоқларни қўл кафти билан бекитишга мажбур қилар, бироқ бу ҳам ёрдам бермас, одамлар қум бўрони эсаётган тарафга оёқларини чўзиб ётиб олишар, бошларини қум тагига тиқишиб, бу ваҳимали товушни бироз бўлса-да пасайтиришга ҳаракат қилишарди…
…Қум бўрони қанча давом этганини ҳеч ким билмайди, аммо бир нарса аниқ: у қандай тўсатдан бошланган бўлса, худди шундай тугади. Қуёш анча пастга эниб, чўлнинг қоқ ўртасида қумга кўмилиб ётган одамлар ва туяларга раҳми келгандек, нур тиғи ўткирлигини анча пасайтирган. Карвонбоши ўнг қўлини қумга тираб, қум бархани юзасига уни анча куч билан босиб турган қумни устидан ағдарди-да, туриб ўтирди, атрофни кўздан кечирди. Устида чўккан туялар ва одамлар бўлганлигидан бўрон қумни учириб кета олмаган, шу туфайли энди ўзлари баланд қум тепаси устида қолишганди. Атроф пастликда эса майда-майда қум барханлари денгиз тўлқинидек, аммо чайқалмасдан ястаниб ётибди.
Карвонбоши карвонни ҳалокат ёқасига олиб келган сабабларни қидириб, беихтиёр хаёлга берилди, бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир эслади. Сафар оғир бўлишини аниқ билганидан туяларни ўзи танлади, неча меш сув сарф бўлишини ҳисоблаб, ортиқча беш меш сув олди. Айниқса, одамларни синчиклаб кўздан кечирди, ҳар бири билан алоҳида гаплашди. Иродаси бўш, авваллари қийинчилик кўрмаган, сафар машаққатларини тасаввур ҳам қилолмаган одамларни карвонга яқин ҳам йўлатмади.
Карвон энди йўлга тушай деб турганда, хонликдан вакил келиб, Карвонбошига йўлиқди:
— Сиз бахтли одамсиз, Шаҳзодамиз ҳам Сиз бирла Бухорога бормоқни ният қилдилар. Жуда масъул юмушни бажармоқ мақсадинда хонимиз раҳнамологида сафарни ихтиёр этдилар. Мана бу туяларни ҳам туялар сафига қўшингиз. Уларга ортилганлар фақат шаҳзодага аталган. Эҳтиётлик чораларини кўрурсиз. Бу сизга ишонч, оқларсиз… Бу борада анча пишиқсиз. Билурмиз…
— Ташаккур, тақсир. Худди айтганингиздек бўлур. Бунга ишончингиз комил бўлғай…
Карвонбоши ўша пайти хурсанд бўлган эди. Чунки хон арзандасининг қўрқмас ботир эканини эшитганди. Бироқ унинг феълини билмаслиги, ҳатто бирон-бир арзирли гап қулоққа чалинмаганлиги кўнглининг бир четига соя солганлиги айни ҳақиқат. Шаҳзода учун махсус егулик ва ичмоқ учун сув тайёрланиб, туяларга юклангани ҳам анча тинчлантирди—бир ташвишдан қутилибди.
Карвонбоши диққат билан яна эслади: хон тарафиндин келган вакил энди қайрилиб кетишга ҳозирлик кўраётганида ўнг ёноғи усти пир-пир учди, кўзлари алланечук тарзда ялтиради.
Карвонбоши унга яна қайта тикиламан дегунича, вакил отига қамчи урди. Карвонбоши воқеалар тизгинини бирма-бир хаёлдан ўтказаркан, бундан бир ҳафта илгари бўлиб ўтган воқеани эслади. Карвонбошига содиқ туякашлардан бири югуриб келганди ўшанда.
— Тақсирим! Шаҳзода чанқоғини ҳеч қондира олмаяптилар! Ўзларига аталган сувни тамом ичиб бўлдилар. Биздан ҳам икки меш кетмиш. Учинчи мешдаги сувнинг тугашига озгина қолди. Не қилурмиз?!
Карвонбошининг ранги оқариб кетди, пешонасини совуқ тер босди. Ўзини тамомила йўқотиб қўйишдан аранг сақлаб, оҳиста сўзлади:
— Шаҳзодага аталган мешдаги сувдан озгина бўлса ҳам борми?
— Мешда ярми қолганда, ниманидир гумон қилдимда, яшириб қўйдим.
— Баракалла! Аммо гумон тўғрисида бировга ҳам чурқ эта кўрма! Тезда менга олиб кел, аммо буни ҳеч ким билмасин…
Карвонбоши олдига содиқ туякаш ярим кечадан ўтганда, карвонни юрмоққа ҳозирлашдан сал олдин келди.
— Намунча кеч?
Карвонбоши жавобни кутмасдан дарҳол яна қайта сўради:
— Олиб келдингми?!
— Ҳа!
Карвонбоши мешдаги сувдан бир қултум ютинди. Чап тарафига бурилиб, қаттиқ тупурди-да, жаҳл билан гапирди:
— Ноинсофлар! Аблаҳлар! Сотқинлар!
Карвонбоши бир пас жим турди-да, туякашга гапирди:
— Бу тўғрида оғиз очма! Чурқ этма! Мешни аввалги жойига қўй. Ичидаги сувни ҳозироқ тўкиб ташла…
Карвонбоши бу қизиган қумлар ҳукмронлиги карвонни ўзининг тобелигига тамомила бўйсундирганда бир қултум сув ҳам жонга тенг азиз бўлишини билган расвонинг иши эканлигини, бу атайлаб қилинганини тушунди. Шаҳзоданинг масъулликни сезмасдан, чанқоғини қондира олмай, сароб кўрганининг сабабини англади.
Эҳ, Карвонбоши! Йиллар давомида ҳаётда олган тажрибаларингдан бирини эҳтиётсизлик қилиб, шу сафар унутибсанда! Хаёлинг нега паришон бўлди ўшанда?.. Наҳотки бу охирги сафарим бўлса… Эй, Аллоҳ, ўзинг қўлла… Барча мешдаги сувларни ўзим татиб кўрдим-ку! Шаҳзодага аталган сувни ҳам татиб кўрганимда ичига қора дори солинганини англаган бўлардим-ку! Қора дори ичган одамга сув бардош берадими? Ахир у чанқаш азобига бардош бера олмайдику! Мешларни бошқасига алмаштириш қийин эмасди-ку! Ландовур! Эй тавба, Шаҳзода ва карвоннинг ўлими кимга керак бўлди экан… Эй, худо, марҳаматингни кўрсат…
Карвонбоши хаёлини банд қилган фикрлардан қутулиб, аниқ ҳаракат қилмаса карвон сувсизликдан ҳалок бўлишини яхши англаб турар, бироқ бу ҳаракат нимадан иборат бўлишини топа олмай тобора боши қотаётганди. Ҳа, кўп умрнинг завол топиши учун бир одамнинг хатоси етарли экан! Энди боқий дунёда мен бунга қандай жавоб қиламан, деб ўйлайверди, ўйлайверди. Қанча ўйлаганини билмасдан, устидаги қумни қоқиб, кун ботиш тарафга қараганди, ўзи ёқтириб қолган зуваласи пишиқ йигитнинг Каъбага қараб намоз ўқиётганига кўзи тушди. Унинг қум остидан ўзидан олдин туриб, Аллоҳга ибодат қилаётганига ичида таҳсинлар ўқиди.
Карвонбоши мабодо гавдаси ихчам, аммо зийрак бу йигитнинг Нахшабнинг Малик чўли яқинидаги Жейнов қишлоғида туғилиб, саводини тоблаш учун Марв, Боғдод, Куфа, Мадина шаҳарларида бўлиб, катта алломалардан дарс олганини, унинг зеҳнига қойил қолишиб, Ҳазрати Имом Бухорийнинг зоҳирий шогирди, деб атаганларини, Ҳазрати Аҳмад Яссавийнинг тариқати йўлида жуда кўп илм қилганини билганида эди, Ҳазрати Баҳовуддин Нақшбанд ўз шогирди Муҳаммад Порсонинг товонларини ўпганидек, Карвонбоши ҳам минг таъзим ила унинг пойига чўккан бўларди. Афсуски, бу йигит билан яқиндан танишмоқ Карвонбошига ҳозирча насиб бўлмаётганди.
Карвонбоши йигитнинг чап ёнбоши тарафидан жой олиб, билинар-билинмас, аммо анча ёқимли шабададан енгил нафас олганича унинг билан биргаликда Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, юзига фотиҳа тортди.
Йигит Аллоҳга яна шукроналар айтиб, юзига фотиҳа тортди ва бирдан нафасини тўхтатиб, диққат билан бир нуқтага тикилди. Сўнгра, йигит Карвонбошини ҳайратга солган, аммо бунинг нима эканини сўрай олмаган пайтидаги каби тез-тез, лекин нафасини тўхтатиб-тўхтатиб, бироздан кейин чуқур-чуқур нафас ола бошлади. Ие, яна Сизга нима бўлди, деб сўрашга улгура олмаган Карвонбошининг ёнидан ирғиб туриб, ёқимли шабада эсиб келаётган тарафга ўттиз-қирқ қадамлар чамаси чопиб кетган йигит тезда чўккалаб ўтирди-да, қўли билан қумни икки ёнга тўзғитиб ерни кавлай бошлади. Унинг бу ҳаракати жаҳлдан ўта ғазабланиб, тирноқлари билан ер кавлаётган шерни эслатарди. Карвонбоши унинг нотабиий бу ҳаракатини тушунишдан ожиз, фақат ҳайрат билан йигитни кузатарди. Йигит бирданига қум тўзғитишни тўхтатди ва осмонга бошини кўтариб, “Эй, Аллоҳ” дея наъра тортди. Карвонбоши мажолсиз бўлса-да, кучининг борича ҳаракат қилиб Йигитнинг ёнига етиб борди ва йиллар давомида туянинг жиловини уш
лайвериб қадоқ бўлиб кетган қўлларини унинг елкасига қўйди. Йигитнинг ёноқлари устига ҳали етиб бормаган, деярли оқишдан тўхтаган кўз томчисига, сўнгра йигитнинг қум тўзғитган жойига аввал ҳайрон бўлиб қаради. У ерда ярим қарич бўлиб, янтоқнинг сариқ, ҳали яшил бўлишга улгурмаган нимжонгина новдаси тебранарди. Йигитнинг кўкимтир ва нозик новданинг топилганига, “Эй, Аллоҳ!” деганича ҳатто кўз ёшини ҳам ямлаб ютадиган ташналикнинг оғир юкини парчалаб ташлаб, дил туғёнини қувончга айлантирганлик иродасига ҳайрат билан нима демоқни билмасдан турганида йигитнинг деярли шивирлаётганини эшитди:
— Эй, Аллоҳ! Ўзингга беадад шукр!
Йигит ўзига ярашган чаққонлик билан ўрнидан турди-да Карвонбошини қучоқлаб олди:
— Эй ҳазрати Инсон! Биз қутулдик! Биз қутулдик!
Карвонбоши йигитнинг қучоғидан чиқмасдан туриб, танасидаги барча диққат-эътибори билан кўзлари нурининг кучини бир нуқтага жамлаб чор атрофга тикилди. Бироқ ҳорғин ва мажолсиз карвонни бу даҳшатли қум ўпқонидан чиқариб, ҳаётнинг завқини қайтадан бағишлашга қодир сувни, ҳатто бир кичкина кўлмакчани ҳам кўрмади ёки кўра олмади. Кўзларини юмиб-очиб, яна бир бор тикилди, бироқ аввалги манзара такрорланди.
Карвонбоши энди йигитни қучоқлаб олиб пиқиллаб йиғлай бошлади. Унинг кўнглидан шундай ажойиб йигит ҳам талвасага тушиб, ваҳиманинг зўридан сароб кўраяпти, жинни бўлиб қолиб, ақлдан тамоман озиб қолса-я, деган фикр ўта бошлади.
Йигит эса Карвонбошининг қучоғидан чиқиб, уни бир-икки марта қаттиқ-қаттиқ силтади ва буйруқ оҳангида гапирди:
— Одамларни чақиринг!
Карвонбоши унинг гапириш оҳангидан норози бўлган бўлса ҳам, аммо бу оҳангнинг тўлқин зарбаси ғайрат суви аллақачон томиридан оқмай қўйганлиги туфайли дармонсизланган гавдасини аранг кўтариб турган бошига зарб билан урилиб куч берганидан қақраб ёрилган лабларини аранг қимирлатиб, нима учун, деб сўради.
Йигит тўлқинланиб, шошиб гапирди:
— Карвонбоши, қаранг! Бу янтоқ! Янтоқ сув бор жойда кўкаради. Унинг томири 15-20 қулочгача ер тагига бориб, сувни шимиб олади. Агар шу ердан қудуқ қазилса, сувга албатта етамиз!
Карвонбоши бу айтилган гаплардан бир пас гаранг бўлиб туриб қолди, сўнгра айтилган гапнинг мағзини чақди-да, йигитни қайтадан қучоқлаб олди.
Қудуқ қазиш доираси чизилиб, одамлар ишга киришдилар. Кимдир камзулида, кимдир чопонида, кимдир кўйлагида қумни узоқроққа олиб бориб ташлайвердилар. Сув дарагини эшитган одамлар ташналикни унутишга бор ирода кучларини жамлаб ҳаракат қилаётган ва шу пайтгача дилларини вайрон қилаётган хуфтонликни қалбларидан аста-секин чиқараётганларида, икки қулоч чуқурликка етган қудуқнинг бир чети ўпирилиб кетди, бошқа тарафи ҳам ўпирилаётганди. Қазилаётган қудуқ тубига ағдарилиб тушган қум одамларнинг ҳам умидини кўмган, анчасининг орзусини чил-парчин қилганидан “Оҳ!” деб юборишди. Карвонбоши нима қиларини билмай каловланиб қолди, ҳатто йиғлаб юборишдан ўзини аранг тия олди. Чунки унинг кўз ёшларини кўрган бошқаларнинг руҳий кучи батамом синиши аниқ эканлигини сезиб, ўзини қўлга олди. Шу пайти у йигитнинг ўктам товушини эшитди:
— Туялар устидаги ўтовнинг кигизи, тизма, керага ва ўқларини олиб келингизлар! Тезроқ!
Одамлар йигитнинг айтганларини тезда бажаришди. Ўтовнинг кигизларини узун тасма қилиб кесишиб, ўқларини унинг устидан куч билан тешиб киритишиб, сўнгра қудуқ девори ичкарисига суқиб киритавердилар. Энди қудуқ девори ичкарига юмаламас, ўпирилиб тушмас, айниқса, керага таёқлари ва ўтов тизим ҳамда тизимчалари худди шу мақсад учун қилингандек эди. Бу ҳол одамлар қалбидаги умидни қайтадан уйғотди, ҳаётдан лаззатланиш ҳисларини қитиқлаб, уларнинг адо бўлган кўнглини қайтадан тиклади. Бу эса сўнган ғайратни жонлантирди. Қудуқ чуқурлашган сари қумнинг намлиги ортиб борар, энди қум туяни боғлайдиган арқонларга маҳкамланган, қум бўрони пайтида туянинг бошини қум зарраларидан сақлаган пишиқ матода олиб чиқилаётганди. Қудуқ чуқурлиги ўн одам бўйи бўлганида ўтовнинг чанғароғини ишга солишди. Устига мато тўшалиб, қудуқ тубидаги қум солиниб, тўрт тарафига маҳкам боғланган арқон тортилганидан қудуқ деворларига арқонлар ва чангароқ зиён етказмас, қудуқ девори ҳам энди ўпир
илмайдиган бўлган эди.
Бу ишларнинг бориши ва бажарилишини кузатаётган Карвонбоши Йигитнинг ақл ва фаросати ўзи тушуниб турган макондан ташқарида эканлигини, фонийда бундай билим эгаси камдан-кам эканлигини тушуниб, англаб турарди.
Ўзи тушуниб ва англаб етмаган хаёллар оғушидаги, лекин қудуқ тубида кўринаётган тиниқ сувга менгзар, аммо қалбида сўнишга улгурмаган орзуларнинг қайта ғалаёнидан туғилган қувонч асирлигидаги Карвонбоши аста бориб, Йигитни қучоқлаб бағрига босди:
— Каромат эгасисиз, Сардор!
Йигит Карвонбошининг чап елкасига иягини босиб, секин, лекин рад қилиб бўлмайдиган тарзда пичирлади:
— Йўқ! Бу илм заҳматларининг маҳсулидир!
Қудуқдан сувга тўлдирилиб кўтарилган меш ташналикдан қийналган, унинг азобидан тобелик туйғуларига кўникиб келаётган одамларга ўлимга қул бўлиб қуллуқ қилишдек поймолланган ғурурни яна аввалги ҳолига келтириб қайтариб берди. Энди улар қанот боғлаб, ўз эркларининг ҳукмрони бўлиб учишга тайёр эдилар…
…Карвон дадил қадам ташлар, одамлар яшаш илинжида эмас, балки яратувчанликнинг кенг йўлига тушиб олишиб, фаровонликнинг баланд супасига чиқиш учун узоқ марраларни кўзлаб, келажакни мўлжаллаб, мақсад сари юрмоқда эдилар. Карвон сафининг охирида Карвонбоши ва Йигит бир пас қучоқлашиб турдилар.
— Қачон кўришурмиз?!
— Аллоҳ хоҳлаган пайтда!