Жуманазар Бекназар. Меҳрнинг аччиқ синови (бадиа)

1

Тоғ чўққиси узра отилиб чиқаётган булоқнинг ҳавасни келтирадиган зилол суви шиддат билан пастга энар, унинг томчилари қуюқ ва бўлиқ майсаларга, баргларига, гулларига осилиб олишарди-да, сўнгра қуёш нурларида ажиб товланиб, хоҳлаганича ўзларини ранглантирмоқда эдилар. Мафтункор гуллар баргининг ўртасига қўнган ¬асалари уларни уруғлантириш эвазига ширасини сўриш билан банд. Ўз «иши»ни моҳирона бажариб, манзили томон зувиллаб учаётган асаларидан миннатдор гул япроқлари гоҳо чапга, гоҳо ўнгга тебранишади. Асалари қўнмаган гуллар эса шабададан куч олишиб, шериклари поясига суйкалишади, уларни табриклашади, қут-барака тилашади.
Табиатнинг бу ғаройиб манзараси хилма-хил тўлқинларга қараб хаёл сураётган икки кишини мутлақо қизиқтирмасди. Улар умрни оқар сувга қиёслашиб, булар ўртасидаги ўхшаш ва ноўхшаш жиҳатлар хусусида фикр юритаётган бўлсалар-да, нимадандир қаттиқ ташвишда эканликлари сезилиб турарди. Иккисининг ҳам кумуш сочлари, бежирим кузалган оппоқ соқоли сал думалоқдан келган юзларига ярашган, энликкина қошлари бир-бирига туташмаган бўлса-да, ёйсимон бўлиб пешонадаги ажинларини бекитиб турар, юз бичими, бўй-бас¬ти бир-бирига ўхшаш бу кишиларнинг кўз қарашлари, ҳар замонда қошларини чимириб қўйишлари, сал қорачадан келган юз терисининг тиниқлиги ва таранглиги уларнинг ҳали анча бардамлигидан дарак берар, ёшлари улуғ бўлса-да, таналари бақувват эканлиги сезиларди. Миқтидан келгани гавдасини сал эгиб, тез-тез уёқ-буёққа қимирлаб, ҳарсанг тош устида омонатгина ўтирар, кўнглидаги ғашлик туфайли лаблари қимтилган акаси олдида қандайдир бир номаълум сабабга кўра ўзини ноқула
й сезмоқда эди. Кўкрагини тўлдириб, тез-тез чуқур нафас оларкан, унинг ниманидир айтмоқчи эканлиги маълум эди.
— Ака! Онамнинг ялиниб менга айтган охирги илтимоси, бу, — дея гап бошлади у ниҳоят.
— Ахир, менинг йўқлигим дарров билинади-ку! Одамлар, мени сўрашмайдими!?
— Сиз бошқа шаҳарга кетсангиз-чи?
— Ҳеч қандай сабабсиз, бошқа шаҳарга кетаманми, ахир! Ўйлаб гапираяпсанми, укажон? Мен ўз виждонимга қандай қилиб қарши бораман? Бу нарсани ақлимга сиғдиролмайман.
— Нима бўлса бўлсин, аммо сиз маъракага бормаслигингиз керак, ака! Тушунсангиз-чи, ахир!
— Менинг бормаслигим наҳотки сенга шунчалик керак бўлди? Ҳеч тушунмадим, ука.
— Ака, акажон! Мен дилимдаги гапларнинг барини сизга ботиниб айта олмаяпман. Бу Онамнинг сўнгги илтимоси деяпман-ку, ахир!
— Тушунгин, укажон! Наҳотки, марҳума онамнинг ҳурматини ўрнига қўя олмасам? Одамлар, қишлоқдошларим, ошна-оғайниларим нима дейди?! Уларнинг олдида нима деган одам бўламан?!
— Акажон! Шу сафар одамлар билан ишингиз бўлмасин, ўзингизни ўйланг. Келишдикми, акажон!
— Ростини айтсам жонга тегдинг-да, росаям жонга тегдинг. Ҳали анча кун бор-ку, ўйлаб кўрармиз.
— Ўйлаб ҳам кўрманг, ака! Мен орқали айтилаётган онамнинг илтимосини бажаринг, ака!
— Буёғи буйруқ бўлди-ю! Хўп, ука, ўйлаб кўрамиз….
Укасининг кўзларидан оқаётган ёшни яқиндагина бошга тушган жудоликдан деб тушунган акаси унинг қўлтиғидан суяб турғазди-да, чўққининг шундоққина биқинидаги қалин дарахтзор томон бошлади. Укасининг ҳозиргина айтган гапларини ўзича мулоҳаза тарозисига солаётган аканинг хаёлидан шу гаплар ўта бошлади: «Укам нега маъракага боришимни тақиқлаяпти? Мутлақо тушунмайман. Ўзимнинг ақлимга яраша дунёни, унда юз бераётган ҳодисаларни, табиат қонунларини жуда яхши тушунаман деб ўзича керилиб, гуррайиб юрган мендек одамни бу талаб билан ҳайратда қолдирса ҳам, онамга нисбатан ҳурматсизлик қилсам, бу менга асло ярашмас. Ахир, мен фарзандлик бурчимни бажаришим шарт-ку! Жарроҳлик муо¬лажалари пайтида бармоқларимда қалтироқ бошланиб, қувватим камайгани аниқ билинаётган, операциядан кейин толиқиб, энди жарроҳлик билан хайрлашув онлари келди, шекилли деб қарорим қатъийлашганда Онажонимнинг бир гапи билан менда яна ўзгача ҳаёт бошланган эди-ку! Буни унутишга ҳаққим борми?! Он
агинам менга: «Ўғлим, сиздан бир сўровим бор, сиз «Фур¬қон» сурасини яхшилаб қироат билан ўқишни ўрганиб олинг. Ҳар куни энг камида бир марта, агар имкон бўлса, икки марта такрорланг, жон болам. Айтганимни бажарсангиз, сиздан жуда миннатдор бўламан!», деганидан сўнг Онамнинг айтганини тўла-тўкис бажардим. Қироатни Зайнуддин қоридан ўрганиб, роса пишитиб олдим. Қироатим келишган сари ўз жисмимда мўъжиза рўй бераётганини сездим. Бармоқларимда қалтираш, танамда толиқиш йўқолиб, фикримда тиниқлик ғолиб келди, ҳам руҳан, ҳам жисмонан бардам бўлаётганимни аниқ ҳис қилдим. Ақлий ва жисмоний куч гўёки ғойибдан берилаётган эди менга! Балки аслида ҳам шундайдир. Кучга тўлаётганимни вақт ўтган сари англайвердим. Ўшанда Онанинг нозик ва буюк қалби фарзанди шууридаги сезимларни англаб, унинг тақдирини яхшилик нурлари билан ёритиш доимо фикри ва зикрида бўлишига чунон ишондим-ку, ахир! Бўлиб ўтган бу мўъжизавий ҳодисани қандай қилиб унута оламан!
Укам эса шундай ажойиб маъсума ва муслима онамизга бўлган беқиёс ҳурматимни ўрнига қўйишдек вазифадан мени мосуво этмоқчи?! Нега?!»
Унинг саволлари жавобсиз қолди.

2

Қуёшнинг заррин нурлари борлиқни хилма-хил рангларга буркади. Ёмғирдан сўнг дарахт барглари ва майсалар қуёшнинг олтин нурларини ўзларига сингдириб, биллурга айланган мунчоқларини бир-бирларига кўз-кўз қилишар, бу жилвалардан янада кўпроқ завқланмоқ ва ўз мафтункорликларини намойиш этмоқ илинжида шаббодани ўзларига чорлашар эди.
Оппоқ кўркам бинонинг қуёшга қараган хоналаридан бирида оппоқ чойшабга бурканиб, бир сиқимгина бўлиб ётган онанинг хонаси жим-жит. Она икки кундирки, нотинч, у касалликдан фориғ бўлиб, ўзига интиқ чевара-эвараларини тезроқ бағрига босгиси, уларнинг юзларидан тўйиб-тўйиб ўпиш илинжида ётибди. Ҳар ярим соатда енгил шиппак кийган ўғли она ҳолидан хабар олиб, оқ чойшабининг бир маромда кўтарилиб тушаётганини бирпас кузатиб, хотиржам нари кетади.
Онага ҳаттоки нафас олиш ҳам малол келар, юраги гоҳо секин, баъзида тез урар, кўзини юмиб интиқлик билан кимнидир кутаётгандек эди. Кутаётгани онанинг ўзига аён, бу тўғрида ҳеч кимга оғиз очмас, айтмоқчи ҳам эмасди. Қани энди кутгани тезроқ кела қолсаю, ундан олдин сўз очиб, отасининг тайинлаганига атиги бир сафар амал қилмай, жон-дили билан баъзи бир нарсаларни сўраб, аниқлаб олса. Шунинг учун «Менга озгина бўлса ҳам муддат бер, дармонга кириб куч олай. Ҳали анча бажарилмаган, яхшиликка йўғрилган юмушларим бор. Аввал сендан ҳеч нарсани илтимос қилмаганман-ку!» — дея ичида илтижо қилмоқда. Ахир, бу илтижо ўзи учун эмас, балки азиз ўғли учун-ку! Ахир ҳаётимнинг мазмуни фарзандларим!
Она шу топда бир вақтлар кимнингдир «Фарзанди тақдири тўғрисида ўйламаган, қай¬ғурмаган онанинг юраги мисли совуқ тош! Иложсиз онларда бундай юрак мўлтираб ёрдам сўрайди. Аммо бу ёрдамни қандай олишнинг уддасидан чиқа олмайди. Бундан эса унинг хуноби баттар ошади. Чунки бу қабилдаги юрак аждодларидан қайсидир бирининг бағрини бир пайтлар содир бўлган гуноҳи Кабир туфайли басир қилиб қўйган» деган гапларини эслади.
Она дилида дам-бадам пайдо бўлаётган тилакнинг аниқ мақсад учун ғойибдан юборилаётганига қаттиқ ишонарди. Истакнинг ҳаётбахш кучи она қувончини тобора оширар, ўғлининг одамларга наф келтирувчи умр соҳиби эканлиги бунга имкон яратмоқда эди. У мана шу имконнинг доимо мавжуд бўлишини таъминлаш учун бунга интилиб яшади, кечаю-кундуз Аллоҳдан сўрарди: «Аллоҳим! Нафсимни жиловла, яхшиликка унда! Мен сендан бойлик, мол-дунё сўрамайман, тан-жонимни соғ қил!»
Икки кун тоби қочди, аввалига тузалиб кетарман, дея унчалик эътибор бермади, аммо кун сайин мадори қурир, кўзи тинар, кўз олди қорон¬ғулашар, ҳеч нарсани кўрмас, боши айланар, ибодат маҳали мувозанатини зўрға сақларди. Бироқ дард ҳали-бери онани ўз тузоғидан бўшатгиси келмасди. Дардни енгиш осонга ўхшамайди, намозни ётиб ўқишга мажбур. Аммо дард уни қийнашда давом этар, хасталик оёқлари учигача етиб, шундай хуруж қилардики, гўёки юраги бармоқлари учидадек роса лўқилларди. Она жон таслим этишдан қўрқмас, ҳатто бунга ўзи ҳам рози эди, аммо ўлими ўғлининг тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканлигини билганлиги учун дард ҳам анча узоқ чўзиляпти, шу боис хавотири ҳам жуда ўринли эди.
Она шуларни ўйлаб: «Мен ҳали яшайман, яшашим керак! Эҳ, Худойим! Бу тилагимнинг амалга ошувига ўзинг мадад бергайсен!» — дея илтижо қилаётган ҳам эдики, оҳиста шивирлаш қулоғига чалинди:
— Қодиржон ака, қон босими тушиб кетяпти. Ҳозир ҳам 100 га 70. Кучли дорилар билан қон босимини кўтаряпмиз.
— Дориларни аяманглар, кераклисининг барчасини топамиз. Онажоним албатта шифо топади !
— Айтганингиз келсин, ака!
— Суриштирдингизларми? Оғриқ сабаби нима экан, нимадан бошланибди?
— Ака, ғилай қассобдан икки кило гўшт сотиб олиб, қайнатма шўрва қилгандик. Шўрвасини ичди, гўштини иштаҳа билан еди. Орадан ярим соат ўтгач, мазам қочаяпти, деди. Шу, холос.
— Қассобдан суриштирдингизларми? Янги сўйилган жонлиқнинг гўшти эканми?
— Ғилай қассоб терговдамиш. Ўғирланган молнинг гўштини сотган экан.
— Майли, ўғирланган бўлса, жазосини тортсин. Аммо онамнинг дарди заҳарланишга ўхшаяпти-ку! Ички аъзоларида айтарли ўзгаришлар йўқ. Фақат қон босими тушяпти.
— Бу гапингизда жон бор, ака!
Она бошқа гапларни эшитмади. Ўткир, аммо совуқ учли бир камон ўқи қулоғидан тешиб кириб, миясининг ўртасигача қадалиб боргандай бўлди. Сочларининг учигача зирқиради: «Ҳаром луқма ютибман-да! Ақалли шу гўштнинг қаердан ва қанақа эканлигини суриштирмабман-а?! Энди шу луқмадан батамом халос бўлмагунимча дарддан қутулмайман. Ҳа, уйинг буғдойга тўлгур ғилай, эварамни танимагансан ёки менга нисбатан ғаразгўйлигинг бормиди…»
Онанинг кўнгли айниди, бир-икки марта ўқчиди.
— Қусгиси келяпти, тез идиш олиб келинглар.
Она бошини чап тарафга бурди, қусгач енгиллашди. Қорнини босиб турган нарса йўқолди, бир текис нафас ола бошлади. «Аллоҳга шукур! Ҳаром луқманинг анчаси кетди. Энди дарддан фориғ бўлишим осон. Фақат Аллоҳдан мадад сўрайман», деб илтижо қилди у. Она ўғлининг безовталанаётганини билди:
— Меъдани обдон ювиш зарур. Организм поклансин.
«Аҳ, ўғлим-а, дардимни топдинг! Ҳаром луқманинг макруҳ зардоблари танамдан чиқса албатта, оёққа тураман». Она бурун тешигидан резина найча киритилаётганини кўрди, тишини тишига қўйди.
— Қодиржон ака, онангизни «Фаришта момо» деб атаганлари ростга ўхшайди! Қаранг, меъдасини юваяпмиз-у, унинг юзидан ним табассум аримайди-я!
— Ҳа, онамнинг чиндан ҳам фариштаси бор!
… Шунда ўғли яна ўйланиб қолди. Қишлоқдаги катта-кичик аёллар «Моможон! Сиз нақ фариштанинг ўзисиз-а, сизга ҳамманинг ҳаваси келади. Роса бахтли аёлсиз-да!» — деганларида мийиғида кулиб қўя қоларди.
… Баҳор анча кеч келди. Ҳали қиш заҳрини қўйиб юборганича йўқ. Икки марта лайлак қор ёғди. Баъзан қор майдалаб учқунлайди, қиш баҳорга ўрин бўшатиб бергиси келмаётгандек, кунлар совуқ. Бироқ баҳор қишнинг қаршилигини синдириб, аста-аста табиат тарозисининг чувоқли палласини ўз томонига оғдирмоқда эди. Қишнинг аччиқ изғиринларидан зада бўлган ¬хиёбон қуёшнинг ёқимли тафтига ўзини тобларди.
Карвоннинг олдида кетаётган туялардан бирига қизалоқ ўтириб олган. Уфққа ёнбошлаётган қуёш ўзгача тусда товлана бошлади. Чумоли ҳам чиқишда сирпаниб кетадиган Бухоро миноралари деворидаги нақшларни умри бино бўлиб кўрмаган қизча бу манзарага мафтункор боқади.
Карвондагиларнинг атрофга бефарқлик билан қараб кетаётганликлари қиз болани ҳайрон қолдирар, ўзи эса осмонга, миноралар ортига, ботаётган қуёшнинг қизғиш нурларига суқланиб боқмоқда эди. Майсалар гиламдек қопланган тепаликнинг айни баланд жойига чиққанида, у туя ўркачи орасидан имкони борича гавдасини кўтариб, бўйини чўзади, аммо тўнтариб қўйилган осмон қозонининг фақат ерга туташган жойини илғайди, бошқа жойларни кўролмайди. Тепаликдан пастга тушаётганда осмон ҳам у билан бирга энаётгандек туюлар, бундан ниҳоятда хурсанд эди. Навбатдаги тепаликка кўтарилаётганида эса худди осмон жойида қотиб қолгандек бўлди, кейинги тепаликдан ўтганда ўзини тобора осмон тубига яқинлашаётгандек ҳис қилди. Қизалоқ тонг отишини орзиқиб кутар, адоқсиз кенгликлар бағрида яна нималарни кўриш мумкинлигини ўйлар, ёрқин порлаётган митти юлдузларга тикиларди.
Қизалоқ йиқилмаслиги учун белидан икки тарафга боғлаб қўйилган арқондан нозик бармоқлари билан ушлаганича «Етти оғайни»ни кузатар, Бухоро осмонида милтираб жимирлаб кўзни олаётган бу юлдузларнинг шакли-шамойили ва жозибаси уни тамоман мафтун этган эдики, иложи топилса, у қанот қоқиб учсаю, уларнинг ёнида бўлиб қолса эди…
Эрталаб йўлга тушган карвоннинг йўли унмасди. Қарши томондан майда ёмғир томчилари аралаш аччиқ ва совуқ шамол қизнинг юзига урилар, қалин пахтали чопони, туя жунидан тўқилган камзули ҳам шалаббо бўлиб кетганди. Унинг аъзойи баданини увишаётганини сезган отаси туясини жадаллатиб, қизига яқинлашди-да, қалин чакмонини боши узра ташлади:
— Қизим, манзилимиз яқин. Ҳув анави саксовулга етиб олайлик, у ёғи бир қадам! Ҳаво ҳам очилиб қолар. Яна озгина сабр қилсанг бўлди.
Ота чор-тарафга диққат билан назар солди-да, карвонга “Тўхтанг!” ишорасини қилди. Сўнгра қум тепалиги устига чиқиб, аллақандай имо-ишоралар қилди, карвони ўнг томонга буришни буюриб, ўзи тепалик ортига ғойиб бўлди. Бирпасдан кейин у яна тепалик устида кўникиб, “Келаверинглар…” ишорасини қилди.
Қиз сал исигач, ҳалиги саксовулни олазарак бўлиб излай бошлади. Отаси айтган, саксовул қани? Умрида саксовулни кўрмаганлиги боис, уни шохлари тарвақайлаб ўсган, чинордан ҳам баҳайбатроқ дарахтга ўхшатар, баргларини эса қозон қопқоғидай катталикда тасаввур қиларди. Саксовулга тирмашиб чиқиш, барглари билан ёмғирдан ўзини ҳимоялагиси келди. Дарахтни қачон кўраркин? Туялар ҳам аксига олиб имиллаб одимлашмоқда. Бетоқат бўла бошлади. Карвон эса ҳамон суст, илгарилайди. Кутилмаганда отаси “Тушамиз! Пешин намозини ўқиймиз!”, — деб қолди. Карвондагилар ибодатга тараддуд кўришар экан, қизнинг лаб-лунжи осилиб кетди. У акаси ёрдамида туядан тушди-да, дарахт ёнига бориб, унинг танасига суянди.” Намозларини манзилга етгач ўқиса ҳам бўларди-ку! Саксовул тагида ўқиш ўнғайлик туғдирарди. Балки озгина олов ёқиб исинармиди? Намоз қазо бўлса ҳам ҳеч ким уришмасди-ку!” — деб ўйлар экан, у суяниб турган дарахт ўз-ўзидан титрай бошлади. Этни яна ҳам жунжиктирадиган аччиқ шамо
л эсиб, қизнинг сочларини тортқилаб ўтди. У беихтиёр шамол эсган тарафга қаради ва тарашадек қотиб қолди: ўрта ёшлардаги оппоқ либосли аёл унга маъноли тикилиб турарди. Аёл қўли билан унга нималарнидир ишора қилди. Аёлга тикилгани сари, қиз бола баданига тарқалаётган жимирлаш кучини ҳис қилмоқда эди. Ўз юрак юришини синиқ эшитди: дук-дук-дук. Лаҳза ўтиб, юрак уриши секинлади, ажабо бу қандай ҳол? У бояги аёлдан кўзини узолмасди, аммо қўрқув ҳам уни бутунлай тарк этгани йўқ. Саксовулни маҳкам қучоқлар экан, кучли туртки туфайли саксовулни қучоқлаган бармоқлари бир-биридан ажралиб кетди. Оёқларидан мадор йўқолди, тиззалари ўз-ўзидан букилиб дарахт тагига йиқилди…
Ўшандан бери кўп йиллар ўтди.
… Бошида ғувуллаган оғриқ турди. Бош бармоғи билан икки кўзи ўртасини босиб турса, оғриқ йўқоларди. Худди шундай қилмоқчи бўлди, бироқ қўлларини кўтариш тугул, бармоқларини ҳам қимирлата олмади. Кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасида силлиқ, бироз майин, қаламга ўхшашроқ нарса ётганини билдию, аммо унинг нималигини аниқлай олмади. Ўнг қўлини ён томонига силжитиб, кафтини юмди, барибир билолмади. “Ие, қимирлатманг, Онажон! Игна чиқиб кетади!”, — дея ҳамшира югуриб ёнига келдию, уни баридан огоҳ этди.
“Ҳа, томиримга осма дори беришаётган экан-да! Яхши ҳамки қўлимни тортиб юбормапман “, — дея хаёлидан ўтказди кампир. Қизнинг ширали товуши қулоғига ёқди. Тузалсам, шу қизни чеварамга келин қиламан, дея ният қилди. Онаизор зийрак кўзларини очиб, ёқимтой товуш соҳибасига, унинг бўй-бастига қарамоқчи бўлди, бироқ кўзларини очолмади.
Ҳа, қарибди, куч-қувватдан қолибди, кундан-кунга орқага кетяпти, нариги дунё бир қадам, ўз ўлимини кўз олдига келтириб, чуқур “уф” тортди. Қулоғига ёқимсиз гаплар чалина бошлади:
— Нафас олиши тезлашаяпти.
— Ҳа, ҳушига келаяпти, шекилли.
— Томир уриши, қон босими яхши.
— Ҳали қорин бўшлиғидан шикоят қилаётганди, яхшилаб қарадингизми?
— Ўғли кўриб, кўричакка ўхшайди, деб айтди.
— Ҳар эҳтимолга қарши операцияга тайёрланглар, бироқ бу ҳақда ўзи зинҳор эшитмасин, деб тайинладилар.
— Ҳа, шунақага ўхшайди. Томирига қанча суюқ дорилар кетди?
— Ҳозиргача икки литрга яқин.
— Яхши! Жим, Қодиржон ака келаяптилар.
Она ўғлининг исмини эшитиб сергак тортди. Ўғли бошида парвонами, дарддан бутунлай фориғ бўлиши аниқ! Энди Онанинг кўнгли тўқ. У ўғли ўнг билагини пайпаслаётганини, унинг тафти бутун вужудига тарқалаётганини сезди. Она танасига тарқалган ёқимли қувват туфайли дармонсизлик жимирлаб товонидан чиқиб кетаётганини илғади. Томири ўғлининг бармоқлари тагида уриб турибди. Гўёки бир-бирларига жисман боғланиб қолгандек эдилар. «Қувватини Онасидан аямаган жон болам, сендай меҳрибон бормикан дунёда, сенга берган меҳримни қайтардинг-а, болам!”, — дея она қалби олам-олам қувончга тўлиб, фикрини бир жойга жамлади, бисотидаги энг яхши сўзларни боласига илинмоқчи бўлган эдики, ўғлининг бармоқлари титраётганини аниқ сезди ва бундан бир неча йиллар олдин содир бўлган воқеа яшин тезлигида бирма-бир хаёлидан ўтди….
…. Баҳор чор тарафга ўз сепини, кўрку жозибасини ёйган кунларнинг бирида отаси уни ёнига чақирди:
— Қизим, сенга анчадан бери муҳим бир гапни айтаман деб юраман. Бугун шу гапни айтиш буюрилган экан. Илк баҳорда сафарга чиққанимиз эсингдами? Сен саксовул тагида ҳушингни йўқотдинг, дарахт танасига суяниб йиқилганингда намоз ўқиётган эдим. сенга Намозни бузиш мумкин эмас. Ўшанда нима бўлганини сен ҳам айтмадинг, мен ҳам сўрамадим. Қизим, ўшанда қандайдир мўъжиза содир бўлди. Чунки саксовулнинг кичкина шохлари қора кўмирдай куйиб қолган, куртаклари ўрнида қора қурум ҳиди келаётган катта-катта нуқталар яққол билинарди. Шу сеҳрнинг оқибати қандай тугашини ёки нима бўлишини билмоқчи бўлиб, катта умид ва сабр-тоқат билан кутдим. Хаёлингдан нохуш фикр ўтган бўлса, ўшанда сен жазо олишинг муқаррар эди. Аммо ундай бўлмади, Худога шукр, иккита ўғлинг бор, ҳаётингда камчилик йўқ.
Кўп йиллар ўтгач, ўша саксовулни бориб кўрдим. У буткул қуриган экан. Шериклари яшнаб туришибди. Доимо ўйлайман: нега бу саксовул қуриб қолган? Сенинг ҳаётингда бир мўъжиза рўй беришини кутиб яшадим. Балки бахтли яшаётганингнинг ўзи мўъжизадир. Қизим! Мен орзу-умидлар билан яшадим. Сен ҳам орзуларинг рўёби учун интилиб яша! Мен кўра олмаган мўъжизани сен, албатта, кўрасан. Қалбингда доимо яхшиликларга, эзгу ишларга умид бўлсин! Сахийлик шиоринг бўлсин!
Ҳеч кимга айтмаган бир сирим бор. Мен Бухорода мадраса таҳлилини тугатиб, Бағдодда билимимни чархладим, субҳидам йўлга тушдим. Қуёшнинг заррин нурлари атрофни ажиб гўзалликка буркаган борлиқ гўзал эдим. Ўрта ёшлардаги оппоқ кийинган аёлга дуч келдим. Унинг оёқлари ерга тегмас, юрмас, балки ҳавода сузарди. Энди англасам, у фаришта экан. Унинг панду насиҳатларига ҳаётим мобайнида тўлиқ амал қилдим, қизим. Ҳалол яшадим, ишимга, рўзғоримга ҳаром луқма аралаштирмадим.
Қизим! Улуғ бир авлиёдан бобом эшитган эканлар: “Агар уч авлод вакиллари ҳалол яшаб, нафсларини жиловлашса, ҳар хил ҳаром луқмалардан ҳазар қилишса, яхшилик билан ўзларига гард юқтирмасалар, улардан охирги биттасига фаришта кўринар эркан. Кейинги авлодларидан бири машҳур аллома бўлиб, эл орасида катта обрўга эга бўларкан. Мен эса қаноат қасрида умргузаронлик қилганларнинг бир вакилиман.
Мен ҳалоллик, сахийлик тариқатига амал қилганлигим учунми, , ёшим тўқсон тўртдан ўтди. Сенга ҳам, қизим, фаришта уч марта кўринур. Лекин ундан ҳеч нарса илтимос қилма, талаб қилма, сўрама! Чунки фариштанинг ўзи сенинг дил сифатларингга яраша жазо ёки мукофатлашни Эгамнинг ўзидан сўрайди.
Қизим, кўнглинг номаъқул ишларга ҳеч мойил бўлмасин. Шунда сен, иншооллоҳ, узоқ умр кўрарсан. Ўғлингнинг ҳаёти ҳам сенга боғлиқ. Билиб қўй, қизим, Аллоҳ назари тушган пок ахлоқ эгалари, беназир инсонларга билиб ё билмай қилган гуноҳлари учун берилажак жазо катта ва оғир бўлур. Бундай гуноҳ учун оми одамларга баъзан жазо ҳам раво кўрилмайди”…
Қиз отасининг ҳикоясини тинглай туриб: “Мен ҳам шу фариштани икки марта кўрдим, отажон!”, — деб юборишига бир баҳя қолган эди ўшанда. Бунга отасининг титраган бармоқлари халақит берди. Ўғлининг титраган бармоқлари ўша дамларни ёдига солди: “Отамнинг невараси-да, эй ҳудойим, мўъжизангдан айланай!”, — дея маҳзун жилмайди Она. Она ўғлидан отасининг яна бошқа хислатларини топмоқчи бўлиб, аста кўзини очди.
— Яхшимисиз, Онажон! Томир уришингиз меъёрида! Насиб этса, ҳаммаси яхши бўлади.
— Яхши бўлишимни биламан, болам. Сен ёнимдасан-ку! Яна қандай ташвишга ҳожат бор, болам? Онанинг ажин босган юзидаги илинж кўзига кўчди, кўнгли ийиб кетди, ич-ичига чўкиб кетган кўзларида ғилтиллаган ёш айланди.
Она ўғлининг пешонасига қўлини қўйганини сезди. Бу кафт нақадар иссиқ, нақадар тафтли. Ўғлининг олис болалиги кўз ўнгидан ўтди. Ўғлини ўқишга жўнатгани, номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлагани шарафига уюштирилган тўйлар, даврада барча ўзига ҳурмат билан тикилиб қарашгани, бундан фахрлангани, ҳамма-ҳаммаси яхлит бир бадиий филмга ўхшаб кетади. Ўғлимни кўришга бораяпман, дея фахрланиб қишлоқдан шаҳарга жўнаганлари-чи? Қандай мароқли дамлар эди.
Ўғли мулойимгина бармоқларини унинг ўнг ёнбошига эҳтиёткорона босди. Кўз олди негадир тиниб кетди. Оғриқнинг зўридан кўзларини юмиб, “иҳ!” деб юборди.
— Онажон, тақдир экан-да. Операция қилмасак бўлмайди!.
— Нега энди, болам!
— Кўричак бўлибсиз, Онажон! Олиб ташламасак, у ёрилиб кетади.
— Операциянгни кўтара олмасам керак..
— Э.э.э., Онажоним-эй! ҳали жуда бақувватсиз, қолаверса, ёнингизда мен борман.
— Ғилай қассобнинг ҳаром луқмаси кўричакка тиқилиб қолибди-да, болам, —     Она шундай дея мийиғида кулиб қўйди ва ҳаёт ташвишларини кўнглида камайтириб, камайтиришга кучи етмаганларини эса бармоқларида қадоққа айлантирган, жарроҳлик муолажалари билан кўпларнинг ҳаётини сақлаб қолган меҳрибон ўғлига бемажол тикилди.
Она ўғлининг беозоргина кафтидаги меҳрни сезди. Кўзларини очиб, ўзига диққат билан тикилиб турган ўғлининг кўзларига тик боқди: ўғлининг нигоҳлари тубида учқунсимон сариқ-қизил ингичка нурни илғади. Она ўша нурдан ҳали умрида сезмаган, пайқамаган ёқимли тўлқин пешонасига урилганини ҳам англагандек бўлди. Ўғлининг кафтидаги жимир-жимир ўша нур унинг танасига ўтиб олгандек бўлди. Она қалбига қулоқ тутди: Бошини чўлғаб олган тўлқинлар кафтидаги сезги билан учрашиб, бир-бирларига сингишиб кетдилар. Бу ҳолат қалбининг мудроқ имконларини рағбатлантириб, ирода қудратини ошириб юборди. Бу ҳолни аниқ пайқаган Она бошини ўғли тарафга сал қийшайтириб, дадилланди:
— Ўғлим, сенга муҳим гапларим бор. Операциядан кейин айтсам майлими, ўғлим?
— Майли ,Онажон, майли.
Она билагини сиқиб ушлаётган ўғлининг бармоқлари титраётганини кўриб хаёлан: «Эҳ, ўғлим-а, мени деб қанча жабр чекдинг! Сенга ортиқча юк бўлмасдан тинчгина нариги дунёга кетсам бўлмасмиди!? Эй, Аллоҳ, болажонимга ортиқча ташвиш туғдирмай, жонимни тезроқ ола қолгин» дея оҳ чекди.
Шифохонада фавқулодда ҳолат!
— Юраги нотинч ураяпти! Тинчлантирувчи доридан укол қилинсин!
— Хўп, ҳозир!
Она бутун танасига ёқимли бир илиқлик таралиб, айниқса бошида ва кўксида роҳатбахш ҳолат рўй бераётганига амин бўлди.
— Болагинам умридан барака топсин! Икки марта операцияда ҳам жонимни сақлаб қолган! Бу сафар ҳам шундай бўлади, ишончим комил. Аллоҳим, ўзингга таваккал қиламан! Илоҳим, дўст -душманлар олдида юзимизни ёруғ қилгин! Ўғлимнинг боши ғамдан эгилмасин. Баҳовуддин Балогардон ҳазратим, мудом ўзингиз балолардан сақлагайсиз! Ўтган сафар ҳам шул ҳазратнинг руҳи бало-қазолардан сақлаган эди.
Хаёл уни олис йилларга бошлаб кетди…
… Гумбази мовий, эшикларига жимжимадор безакли, кунгирадор қоши жилваланувчи нақшлар билан қопланган обида. Бошига оқ, аммо мовийга тоброқ салла ўраган савлатлигина нуроний кумуш ранг ҳассасига суянганича виқор билан обидага ҳайратомуз тикилиб турибди. Нуронийнинг қаттиқ тикилаётгани уни бир тарафдан хижолатга солаётган бўлса, бошқа тарафдан, тикилишнинг боиси нима эканлигини тушунмаётганидан буни сўрамоқчи бўлиб, олд тарафга интилди. Бироқ чол олдида қандайдир бир тўсиқ борлигини сезди ва унинг ўта шаффоф девор эканлигини англади. Она бу девордан ўтмоқчи бўлиб бир неча бор уринди, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмади. Ён-верига ҳайрон бўлиб қаради, лекин уни тутиб турувчи ҳеч нарса йўқлигини билгач, ҳайронлиги яна ошди. Бу деворнинг ҳақиқатан ҳам мавжуд эканлигига у қатъий ишонч ҳосил қилди ва бу мустаҳкам деворни ҳозирги қуввати билан енгиб ўта олмаслигини, ожиз эканлигини тан олиб, ёрдам сўраш илинжида умид билан мўйсафидга тикилди. Нуроний унга яна бир пас қара
б турдию, бошини ён томонга бир неча бор қимирлатиб, “Фикрингни уқдим, муридим. Бироқ сўрашинг бефойда”, дегандек бўлди ва ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи билан осмонга ишора қилди. Сўнгра секин бурилиб, тепаликнинг нариги тарафига шошмасдан туша бошлади. У қўлларини олд тарафга чўзиб, Нуронийга интилди, аммо шаффоф девор унга яна халақит берди. Жаҳл ила шаффоф деворга мушт туширмоққа аҳд қилганида, тепалик орқасида аранг боши кўринган Нуронийнинг “Бундай қилиш ярамас ахлоқдан нишонадур” дегандек бош ирғаганини пайқади ва шу заҳоти бу қароридан қайтди.
“Ахир, мен сизнинг нима демоқчи эканлигингизни билмоғим зарур!” дея бақирмоқчи бўлган эди, юзини кафти билан силаётган неварасининг гапидан уйғониб кетди.
— Моможон! Ётган жойимда мени кўкрагимдан итариб уйғотиб юбордингиз.
— Ҳали мен сени кўкрагингдан итардимми, болагинам?! Шу қўлларим сенга доимо парвона бўлиб, хизматингни қилиб, жазосини тортсин!
Онанинг уйқуси қочди. Неварасининг устига кўрпани ёпиб қўйди. “Ахир, мен ҳазрат Баҳовуддин Балогардон пиримни тушимда кўрибман-ку!”, — дея руҳи ёришди. Онанинг кўрган тушини яна бир бор эслашга уринди. Кўнглининг бир четида хавотир. “Пирим нега тепаликнинг нариги тарафига эниб, мендан узоқлашдилар? Ишоралари маъноси не эркан? Йўқ, мендан Ҳазрат эмас, балки мен Ҳазратдан узоқлашибман. Ул табаррук зотнинг абадий қўним топган жойларини зиёрат қилмаганимга бир йилдан ошди-я! Турмуш ташвишларига ўралашиб иймон-эътиқод бутунлигидан бир қадар чекинибман. Нафсимнинг қулига айланиб қолмадимми? Иймон заифлиги сабаб лоқайдлик иморати ичинда қолибман-а! Ё, Аллоҳ, ўзинг кечиргайсан, катта гуноҳ қилибман! Ўзим ўргилай Сиздан, Баҳовиддин Балогардон пирим, гуноҳлари яна кўпаймасин деб тушимга кирибсиз-а!”
Она ўрнидан турди-да, икки ракаат намоз ўқиди ва улуғ пир Баҳовуддин Балогардоннинг қабрини зиёрат қилмоқ тараддудини кўра бошлади.
“Қанча машаққат чекиб, мақсадингга эришсанг, унинг роҳати шунчалик лаззатли бўлур”. Бу гап не учун хаёлига келди, ўзи билмайди, аммо ҳақиқат эканлигини англаган Она пиёда йўлга тушмоқни ният қилди. Кенжа ўғлининг, «Тайёр улов турганда пиёда юришга не ҳожат, Она! — дея минг тавалло қилмасин, Она шаштидан қайтмади.
Она оппоқ сурп кўйлаги устидан докани кўкрак айланаси бўйлаб ҳафсала билан уч марта айлантириб ўради. Аллоҳнинг қазо қадардаги ҳикматини англаган қалби билан “Фотиҳа” сурасини ихлос билан ўқигач, тоза оқ шоҳига ўралган “Қуръони Карим”ни авайлабгина қўлига олди-да, уч марта ўпиб ва навбатма-навбат уч бора пешонасига текизиб, чап биқинига қўйди, устидан яна оқ дока билан кўкрак айланасига маҳкам боғлади. Устидан оқ ҳарир кўйлагини шошмасдан ва ҳафсала билан кийди. Момо “Қуръони карим”нинг юрагига лаззат бағишлаётганини ҳис қилиб Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи аълайҳининг: “Қуръони Карим кўтарувчи Ислом байроғини кўтарувчидир. У Аллоҳ таолони улуғлаш учун беҳуда сўзловчи билан беҳуда сўзлашмаслиги, унутувчи билан унутмаслиги,бемаза ила бемазалик қилмаслиги керак. Унинг бировда ҳожати бўлмасин. Бировнинг унда ҳожати бўлсин” деган гапларини эслади ва ўзида руҳан инжа шодлик ҳислари югураётганини аниқ ҳис қилди ва бундан жуда яйраб кетди.
Ғайрати жўшган Она йўлда ҳориганини мутлақо сезмади, гўё Ҳазрат қадамжойси сари ҳар одимлаганида танаси покланаётгандек ўзини енгил ва хушҳол сезмоқда эди. Ёнидаги кенжасининг инжиқикларига унчалик парво қилмас, тобора қадам олишини тезлатарди. Она бу ғайрат ўзига пири комили Баҳовиддин Балогардон ҳазратлари тарафидан юборилаётганига ишонар, бунга ишончи ортган сари мадори ортиб, тамоман янгича бир одамга айланиб бораётганга ўхшарди.
Ҳазрат қабрини зиёрат қилаётган чоғда нафаси тезлашиб, юраги безовталанди, танаси қизиб кетди, қалбида енгиллик пайдо бўлиб, юрагининг туб-тубидаги ғашлик тамомила йўқолди. Ана энди раҳмоний руҳнинг ғолиб бўлгани билинаяпти. Иймон заифлиги ҳам чекинди. Ирода қудрати ошганлиги учун Баховиддин Балогардон пирига таҳсинлар айтиб, Аллоҳдан ул зотнинг ботиний қувват берувчи хислатидан барча зиёратчилар баҳраманд бўлишини тилаб, кўзда ёш билан илтижо қилди. Момо Аллоҳнинг ҳайбатини, куч-қудратини бутун шуури билан яққол сезди. Дил истагини мукаммал бажо айлаб, яна пиёда изига қайтди. Зиёрат мақомида қизиган танаси ҳали бери дамини йўқотай демас, ташлаётган қадамлари дадил эди. Йўлнинг ярмини босиб қўяёзди. Она ўзини лоҳас сеза бошлади, оғзи қуриб, чанқаш азоби ҳам қўшилди. қадам олиши ўз-ўзидан йўл четида, дарахтлар соясида тарвуз сотаётганлар тарафга бурилди. Кутилмаганда иссиқ гармсел юзига урилди ва бундан кўнгли беҳузур бўлди. Бундан бир неча йиллар авва
л Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг айтганларини китобда ўқигани ёдига тушди: “Агар уч нарса бўлмаганда бир кун ҳам яшашни истамасдим: кундузи Аллоҳ учун чанқаш, кечаси учун Аллоҳга сажда қилиш, сўзларнинг яхшисини танлаб гапирадиган қавмлар суҳбати”. Она ҳозир жуда чанқаганлиги сабаб Баҳовиддин Балогардон пири ҳазратлари унинг қалбида озми-кўпми иймон заифлиги рўй берганини пайқаганлигида деб билди. «Аллоҳдан юборилажак савобнинг камайиб қолмоғиндан огоҳлантирилдим шекилли, у Пирнинг тушига кирганлиги ҳам бежиз эмас».
Уюм ўртасидаги бир тарвуз Онанинг кўзига чўғдек кўринди. Унинг ранги ҳавас қиларли даражада тиниқ, пўстлоғи тарам-тарам каштаси бошқаларидан нақшинкорлиги билан яққол ажралиб турар, силлиқлигидан қуёшда товланарди. Она уни харид қилмоқ ниятида тарвуз эгасини қидирди. Аммо, уюм четида эгаси кўринмасди.
— Болам, тарвузнинг эгаси ким экан? — дея атрофга кўз ташлади Она.
— Эгаси амакимиз Абдусаттор. У ҳар доим шу жойда тарвуз сотади. Келганидан кейин пулини тўлайверамиз-да, — деди ўғли.
— Чиндан ҳам Абдусаттормикан?
— Кўп марта кўрганман!
— Ундоқ бўлса, ҳув ўртадаги каттаконини ол, болам.
Она тарвуздан энди чанқоғини қондирган ҳам эдики, тарвуз эгаси келиб қолди. Таниди, жаҳлдорлиги ва фаросатсизлиги баробарида андиша билмайдиган қишлоқдоши Каримберди эди.
— Нега, бировнинг тарвузидан рухсатсиз олдингиз?
— Биз Абдусатторникимикан, деб ўйлабмиз! — дея ўғли ҳижолатланди.
— Абдусатторники, ана, ўнг томонда. Сизлар атай менинг жаҳлимни чиқариш учун шундай қилгансизлар. Нафсларингиз оловланибди-да, а, Онажон?!
— Болам, аччиқ қилма, тарвузингнинг нархини айт, сўраганингни берамиз.
— Нархини олдин келишиш керак эди, энди фойдаси йўқ, розимасман.
— Битта тарвузга шунчами, Каримберди ака! Агар битта тарвузингизга ачинаётган бўлсангиз, мен сизга ўнта олиб келиб берай! Аммо бизларни ранжитманг. Қанча бўлса ҳам нархини айтинг, ака!
— Беписанд қилдингизлар! Сўрашларингиз керак эди.
Она Каримбердининг ҳақ эканлигини, ўзлари ҳам шошма-шошарлик қилишганини, эгасини суриштирмай, унинг розилигисиз ножоиз иш қилишганини, нафс балосининг сабр-қаноат устидан ғолиб келганлигини англаган Она афсусланганнамо қиёфада турар экан, Каримберди ўлганнинг устига тепган қилиб шундай деди:
— Ҳаттоки пайғамбаримиз ҳам сўрамоқ фарз, деганлар. Сизлар эса…
Она бу гапни эшитиб жойида бир қалқиб тушди. Ташналик қурсин! Сабр-қаноат қилса бўларди-ку? Беихтиёр тилида шу калималар айланди: “Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка. Лаҳт, лаҳил мулку ва лаҳул ҳамду ҳува алаа кулли шаъин қодийр”.
Жим туриш ҳимматни жамлаш, фикрни созлаш, ғазаб — ақлнинг кушандаси ва кишанловчиси, дейдилар. Аллоҳнинг ҳифзи ва ёрдамига бандасининг доимо ҳожати бор. Ўз иззатини ҳавойи нафсидан устун қўя олмайди. Нега шунга ақли етмади, ғурури, ори қаёқда қолди? Она ўрнидан турди. Каримбердининг олдига бориб, қўлларини ушлади:
— Болам, мени кечир, гуноҳ қилибмиз!
— Ана энди шу гуноҳни умр бўйи кўтариб ўтасиз, моможоним!
— Ундай дема, болам! Болаларингнинг бахтини ва ҳузурини кўргин, болам! Илоҳим, Баҳовуддин Балогардон пиримнинг руҳи у дунёю бу дунёда сени қўлласин!
— Баҳовуддин пирингиз менинг тарвузимни қайтариб берармиди, момо, қани айтинг-чи?!
Онанинг бошига биров тўқмоқ билан зарба бергандек бўлдию, миясида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Қулоқлари аллақандай хуштаксимон дағал товушдан шанғиллади, кўз олди қоронғилашди. Ғазаб ўтини сочмоқчи бўлган ҳам эдики, хаёлига қуйидаги сўзлар қуйилиб келди: “Аллоҳумма, лаа яъти билҳасанати иллаа анта ва лаа ядфаъус Сайяати иллаа анта. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла бика.” Бўғзидаги ғазаб тўлқини бирпасда пасайди.
Она Каримберди билан гап талашиш фойдасизлигини билгач, у билан ади-бади айтишишни бас қилди. Ўғли томонга йиғламоқдан бери бўлиб юзланди:
— Болагинам, нима қилиб бўлса ҳам Каримбердини рози қил. Келишини кутсак бўлар экан.
“Битта тарвуз анқонинг уруғи эмас-ку, Каримберди ака! Онамни ранжитдингиз! Олинг, қанча сўрасангиз берай!”. Бу — ўғли, аммо нурийдасининг бозордаги қаллобга ялиниб-ёлвориши ҳам иш бермаётганлигидан кўнгли баттар ўксиди. Уйга мадорсиз кириб келди-ю, тўшакка ётиб, ёстиққа бошини қўйди. Кўзлари осонгина юмилди. Қанчадир, балки, уч-тўрт соат ўтгач, ўнг қовурғасининг остида қаттиқ санчиқ турганидан уйғониб кетди. Бу санчиқдан барибир халос бўлолмади-да.
… Иккинчи операциянинг бешинчи куни. Энди ўзига келиб, дармонга энаётган маҳали. Кун пешиндан сал оғди. У деразага келиб қўнган оқ каптарни кўрди. Каптар Онага киприк қоқмасдан тикилиб турарди. Мунча чиройли бўлмаса бу жонивор? Оппоқ бўйнидаги қора холи ярашиб турибди. Қуш ичкарига учиб кирди-ю, момони ҳайратда қолдириб улканлаша бошлади. Ғаройиб мўъжиза бемор боши узра нимадир қаттиқ чирсиллади, товуш зарбидан кўзини юмди. Оппоқ ҳарир либос ичида ним табассум қилаётган аёлга кўзи тушди. Болалик даврида, саксовул ёнида кўзига кўринган аёлнинг айнан ўзи! Ё, алҳазар, фаришта деганлари мудом бир хил юраркан-да. Хаял ўтмай, қаршисидаги фаришта тилга кирди!
— Мен Сизнинг фариштангизман. Сиз билан илк учрашувимиз эсингиздами? Кўнглингизга гуноҳга мойил фикр келганда, отангизнинг намозини бузмагани сизни жазодан сақлаб қолганди. Жазо саксовулга тегди. Отангизнинг Сизга айтганларини такрорламайман. ҳали қалбингизда йиғилган раҳмоний куч ирода заифлиги туфайли нафс балосининг қувватини синдира олмабди. Токи юрагингиз нафс балосининг ҳавас ва интиқликни қитиқловчи ёмон сифатларини даф қилишга етарли қувватга эга бўлмас экан, сизнинг иймон кучингиз ожизлигича қолаверади. Исботи шуки, Шайтоннинг тарвуз кўринишида қўйган тузоғига илиниб, ахлоқ поклигини сақлай олмай, эътиқод заифлигини намоён қилдингиз. Яхши ҳамки, Шайтон тарафиндин ёнланган ожиз банданинг қутқусига учмай, эътиқод мустаҳкамлигини ошкор этганингиз инобатга олинди. Бироқ Аллоҳ севган бандаси қалбида дилнинг муслим қуввати ожизлиги намоён бўлганда жазо белгиланиши тайин. Шу сафар ҳам Баҳовуддин Балогардон руҳидан мадад сўраганингиз берилажак оғир жазони енгиллаштирди. Ва
яна сиз Набий Саллаллоҳу алаҳи Вассалламнинг “Яхшиликларни Сендан ўзга келтирмас. Ёмонликларни сендан ўзга қайтармас .Сендан ўзгада куч ҳам йўқ, қувват ҳам йўқ”, деган сўзларини айтганингиз Сизни жазодан бутунлай халос этди. Ва бизга шуни айтиш буюрилдиким, ҳаким ўғлингизнинг фоний дунёдан боқийликка сафар қилиши сизнинг умрингиз поёнига етганидан сўнг яна ўн марта муборак рамазон ойи ўтгандан сўнг рўй беради. Бироқ бунга иймон-эътиқод бутунлиги таъсир қилиши ҳам уқтирилди. Раҳмоний руҳ ғолиб келаверса, орзуга эришмоқ учун интилиш ҳам шунчалик қудратли бўлур…
Шу сўзларни айтган фаришта оқ каптарга айланди-да, уни таажжубда қолдириб осмону фалакка кўтарилиб кетди.
Орадан кўп ўтмай, она қалбида ироданинг ботиний қудрати ўғлининг меҳри туфайли уйғонганига ишонч ҳосил қилди. Ўғлига меҳрини берган сари у руҳий камолотга эришиб, яширин имкониятлари кенгаяётганини сезяпти. Аллоҳга пинҳоний муҳаббати ошганлигидан худди дард кўрмагандай бўлиб, илоҳий бир ғайрат билан уйига қайтди. Тахминан икки ойлар ўтгач, бомдод намозини тугатиб, нонуштага ўтирган ҳам эдики, олдига кенжа ўғли кирди:
— Онажон, сиздан илтимосим бор, йўқ деманг!
— Аҳ, жоним, ўғлим-а! Сен илтимос қиласану, мен йўқ дейманми?
— Каримберди келибди, сизда гапи бор экан.
— Ўшанда рози қилгандинг-а, болам?
— Ҳа, албатта! “Анча қўпол гапларни билмасдан айтиб юборибман. Онахонга айтинг, кечирим сўрайман”, — деб келибди.
Кечиримли бўлиш ҳам Аллоҳнинг бандасига берган яхши сифати, иймоннинг пойдевори мустаҳкам эканлигига далил сифатида узрининг қабул қилишини бир банда сўраб келибди. Йўқ дермиди, рози бўлди.
— Майли, кираверсин, болам.
Онанинг ҳузурига кириб келган Каримбердининг олдинги келбатидан асар ҳам қолмаган, озганиданми ёки бирон азоб берувчи дарди борлигиданми, қадди эгилган, юзи қайғули, кўзлари нимадандир ёки кимдандир умид қилаётгандек боқар эди. “Ассалому алайкум” дея руҳсизгина саломлашди.
— Онажон! — бошини эгиб, секин, шикаста овозда гап бошлади Каримберди. — Мени кечиринг, ўшанда мен сизнинг дилингизни беҳуда оғритдим. Нега шундай бўлди, ўзим ҳам тушунмайман. Сизни хафа қилмоқчи эмасдим. Ана шу аҳмоқона қилиқларим учун бўлса керак, чап кўкрагимнинг териси оқариб кетди. Пес бўлибман, онажон, мен гуноҳкор банданинг айбидан ўтинг. Мени кечиринг,Онажон!
Каримбердининг кўзларида ёш қалқиди. Шўрлик ғафлат уйқусидан уйғонибди-да, Шайтонга қул бўлишнинг азобини кўрибди. Аммо гуноҳлардан димиққан дил маконини эътиқоднинг пок ҳавосига алмаштириб улгурмаган одамнинг кўнглини тергамоқдан не наф?
— Болам! Бу воқеани унутиб юборганимга анча бўлди. Мен ҳам оппоқмасман. Гуноҳимизга яраша танбеҳ олганмиз, Каримберди, ўғлим! ҳеч қанақа ёмон ниятим йўқ. Ёмон ният тиламайман ҳам. Илоҳим дардлардан қутилиб, пок ниятли одам бўл! Аллоҳим сени қувватласин, омин!…
“Ҳа, ҳар гал Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд бало-қазолардан сақлайди. Бу сафар ҳам шундай бўлади». Алломалардан бўлмиш Абу Умома Боҳилий “Қачон покликни ўз жойига қўйсанг, гуноҳинг кечирилган ҳолда ўтирасан” деган экан. Румий ҳазратларининг “қандай бўлсанг шундай кўрин, қандай кўринсанг шундай бўл!” деган гапи ҳамиша юрагимда акс садо бериб туради. Ички покликни ташқи поклик каби сақлаш лозим. Энг яхши ва нодир фазилатларни ўзига мужассамлантиришга ҳаракат қилар экан, яна қандай камчиликларим бор, дея ўзини-ўзи тафтиш қилишдан эринмасди. “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил!” — демиш мавлоно Румий. Она кўзини юмади, кўзи кўнгилга айланади.
Она томиридан дори киритилаётганини сезди. Уйинг буғдойга тўлгур шифокорлар омон бўлсин ишқилиб. Бемор танасининг оғирлиги йўқолиб, ўзини қушдай енгил сезди, ҳавога парвоз қилаётган бўлди. Теварак-атрофнинг гўзаллигини кўрмоқчи бўлармикан? Аммо бундай имкониятдан маҳрум кўринади. Кўзларини очолмаяпти, элас-элас бир товуш эшитилади:
— Яхшилик аломати, қаранг! Беморимизнинг юзига табассум югурди. Дорининг ижобий таъсири …
Она бошқа гапларни эшитмади. У энди ердан икки газ баландликда учар, яшил, қизил, қирмизи, зарғалдоқ ва номини сўрасалар айтиб бера олмайдиган ранглар оғушида қолганди. Бирдан ҳар хил товланувчи гулзор ўртасида оппоқ ҳарир кийимда қўлларини икки ёнга ёзиб, виқор билан турган аёлга кўзи тушди. Унинг кўйлаги этакларини, ихчамгина елка ва енгларини, қоп-қора қайрилма гулпагини шабада ўйноқлар, бош қисмини олтинсимон нур ўраб олганди.
“Э..э, бу аёл менинг фариштам-ку!” — деб шодлигидан баралла бақирмоқчи бўлган эди, аммо улгурмади. Фариштанинг ўзи бийрон-бийрон сўзлай кетди:
— Ҳа, мен Сизнинг фариштангизман. Биламан, мени анча кутдингиз. Менга бугун изн берилди. қалбингизнинг раҳмоний руҳ билан кучланаётганлиги, эътиқодингиз мустаҳкамланаётганлиги ва иймон поклигининг чинлиги азал дафтарига ёзилди. Бироқ, аллома ўғлингиз ўзи билиб-билмай гуноҳ содир қилибдурким, бу ҳол асло кечирилмайди. «Устози қабри зиёрат қилинаётган маҳали шогирди «Фурқон» сурасини айни қироат билан тиловат қилаётган, суранинг асл моҳияти изҳор этилаётганида, «шошаяпман-ку, ахир, қисқароқ қилса бўларди-ку», деган фикр хаёлида айланибдур. Биламиз, ўрталарингиздаги меҳр мутлақо узилмас занжирга айланган. Бироқ хаёлида чарх айланган безарар гуноҳга яраша жазоси ҳам бўлур, яъниким, ўғлингизнинг қанча вақт умр кўрмоқлиги сизга боғлиқ. Фонийдан боқийликка сафари сиз етган ёшда содир бўлур.
Фаришта шу гапни айтди-ю, кўздан ғойиб бўлди. У турган жойда тиллоранг туман кўринди. Салдан сўнг туманлик ўрнини аранг пайқаладиган яшил ғуборли ҳаво қоплади. Бироздан сўнг бу ранг ўрнини алвонранг эгаллади, унинг ичидан кулчаларга ўхшаш, ўртаси ботиқ, ўта қизил рангли соққачалар шитоб билан чиқди. Улар онанинг рўпарасида ҳар хил ҳаракатлар билан жилваланишарди-да, кескин бурилишиб, аллақаёқларга учиб кетардилар. Улар сон-саноқсиз бўлиб, алвонранг муҳит ичида ўзига хос тартибга бўйсунишар эди. Алвонранг ичига кираётган пайтда улар қорамтир қизил, чиқаётганида эса ўта қизил рангда кўриниш касб этардилар. Соққачаларининг ерга яқинлашган сари Она ўзининг ҳам пастлаётганини сезди. Онанинг қувончи танасига сиғмасди, ё тавба, жаннатга тушиб қолдими? Боламнинг умрини зиёда қил! “Эй, Аллоҳ! Ўғлимга ва менга узоқ умр бер! — дея илтижолар қилди. Кумушранг булут қизғимтир тусга кирди-ю, секин-асталик билан осмон тубида йўқолди. Она ҳам оҳиста ерга тушди. “Худ
ога шукр” дея енгил нафас олди у. Зимистон ўрнида ёруғлик қандай бахт!
— Нафаси равонлашаяпти, шекилли?
— Ҳа, энди ҳушига келаяпти.
— Операция ҳам бироз чўзилди-да!
— Йиринг қорин бўшлиғига буткул тарқалиб кетганидан ошқозонни ювишга анча вақт кетди. Чувалчангсимон ўсимтаси ёрилибди.
— 94 ёшидаги одамнинг шундоқ оғир операцияни бошидан ўтказиши осон гапми?!
— Юраги бақувват бўлгани учун!
— Ким операция қилганига ҳам боғлиқ-да…
— Ўғлининг қўли жуда енгил экан, шартта-шартта бажарди. Жуда тез амалларни бажарди. Чокини боғлашга аранг улгурдим.
— Ўғлининг онасига меҳри шунчалик баландлигига тан бердим! Москвада, халқаро конференцияда қатнашаётган экан, телефонда хабар қилинган заҳоти самолётда учиб келибди-я! Қойилман!
— Она меҳри тошни эритади, оғайни! Мен уни операция қилиш фикридан қайтаришга уриндим. Мабодо бирон кор-ҳол рўй берса, бир умр кўкайида пушаймон бўлиб қолмасин дедим-да, ахир!
— Ҳа, бу ёшда шундай операциядан соғ-омон чиқиш, билмадик. Бунинг учун ироданинг ўзи камлик қилади! Ҳаётга муҳаббати юксак бўлмаган одам бундай операцияни енга олмаган бўларди.
— Ҳаётга муҳаббатда буюк ҳикмат ва мўъжиза бор. Бу энг ноёб ва кучли дорилардан ҳам устун туради.
— Тақдир ҳукмига ўзини ташлаб қўйиш эмас, балки ундан талаб қилиш хусусиятини ҳам орттирмоғи керак инсон. Онамизда ана шу нарса бор!
— Жим, Қодиржон ака келаяптилар.
Бироздан кейин Она ўғлининг товушини эшитди:
— Онамнинг аҳволлари яхшими?!
— Яхши, терисига ҳам сал қон югурди. Хавотирга ўрин йўқ.
— Раҳмат! Иншооллоҳ, онамиз оёққа туриб кетар!
— Насиб, насиб…
— Она, кўзингизни очинг! Хавфу хатар сиздан кетди, она!
Онанинг кўзига, энг аввало, сал энгашиб турган ўғлининг гавдасини билинар-билинмас тарзда ўраб турган икки қават нур кўринди. Ўғлининг кўз қорачиғида бир учиб, бир ёнаётган қизғиш-сарғиш нур юзига келиб урилаётганини пайқади. “Бу Меҳр нури бўлса керак! Меҳрингни кўрдим-а, болам”, — дея секин пичирлади ва қўлини кўтариб, ўғлининг бошини силамоқчи бўлди, бироқ бунга мажоли етмади. Бу ҳолини ўғли сезишини истамай яна аста кўзларини юмди.
— Онажон, бардам бўлинг! Хавф-хатарнинг барчаси ортда қолди.
Пешонасини силаётган ўғлининг кафтлари нақадар ёқимли! Бундай тафтни фақат оналаргина сезади. Она чап қўли билан ўғлининг билагини сиқиб ушлади, шикаста оҳангда:
— Борингга шукр, болам, сен бўлмасанг, ҳолим не кечарди!
— Онажон, сиз ҳали кўп яшайсиз! Эвараларингизнинг ҳам бахтини кўрасиз.
— Болам, мен сен учун яшайман. Илоҳим, бошинг тошдан бўлсин, болажоним! Аллоҳдан тилаганим шу!
— Ўғлим, Сиздан бир ўтинчим бор. Сиз «Фурқон» сурасини яхшилаб қироат билан ўқишни ўрганиб олинг. Ҳар куни энг камида бир марта, агар имкон бўлса икки марта такрорланг, жон болам! Айтганимни бажарсангиз, Онангиз Сиздан рози бўлади, болам!
— Онажон, айтганингиздек бўлади. Ўз фарзандингизни сизлаб гапирдингиз. Сизлагангиз — бу Қуръони Каримга нисбатан ҳурмат бу, Онажон, болангиз буни албатта бажаради.
— Умринг узун бўлсин, болам! Аллоҳдан шуни сўрайман.
Она кўзларини оҳиста юмди.
“Фариштам айтганидек, мен болам учун узоқ умр кўришим шарт. Бир чимдим жоним бор экан, яшамоққа доимо интилмоғим зарур. Эй, Аллоҳ, ўзингдан ўзга мададкорим йўқ!.” Она тилаклари ижобат бўлмоғини Аллоҳдан сўради. Чин дилдан ялиниб сўради. Кундан- кунга мадори ва қуввати ошаётганини сезди. Табиийки, бир дақиқа ҳам жилмаган ўғли аҳволи ўнгланаётганидан мамнун эди. Худога беадад шукрлар бўлсин, яна ҳаётга қайтди. Ўлим балоси чекинди. Ўғли ўлим қутқусига ўзини қалқон қилмаганида, ким билсин, аллақачон нариги дунёга равона бўлармиди? Она қўлига кўзгуни олди, рангига алланечук қон югурибди. Аҳволи яхши томонга ўзгара бошлаган кунларнинг бирида она ўғлини ёнига чақириб:
— Болам! Менинг ҳаётим билан сеники бир сандиқда, — деди синиққина товушда.
— Тушунаман, Онажон! Биламан…
Ростдан ҳам тушунармикан? Отамга, менга кўринган фаришта унга ҳам йўлиқдимикан, балки кўнглим учун айтдимикан бу гапларни? Нима қилсанг ҳам, қандай тадбир қўлласанг ҳам, жонимни сақлаб қол, йўқса сендан рози эмасман, қабилида тушунмадимикан бу гапларни! Ахир, охирги марта ўша фаришта кўзимга кўриниб: “Сизнинг руҳингиз осмону фалакда, Аллоҳ жамолини интиқ кутаётганингизда, севимли ўғлингизнинг руҳи ҳам сиз билан бирга бўлишни хоҳлаб қолади. Чунки сизларнинг меҳрларингиз бир-биридан ажралмас ҳолга етишди. «Фурқон» сураси ўқилаётган пайтда айби бўлмаганида, меҳрларингиз занжири янада мустаҳкам бўларди… ” демаганмиди?!
Ҳа, Аллоҳ жамолини кўрмоққа муштоқман, аммо фарзандимнинг бу ёруғ оламда бошқаларга яхшилик қилиб яшаётганини кўриб ва билиб турибман-ку! Ўғлимни бошқалар доимо интиқ бўлиб кутишаётганини, унинг одамларга керак эканлигига ўзим гувоҳман-ку, ахир! Ўғлим — менинг ғурурим. У билан фахрланганман, фахрланаман ҳам. Мана шу ғурур ва фахр узоқ яшашимнинг асосий сабабидир балки?!
— Иккинчи операцияни кўтара олармикан?
— Операция қилмасликнинг иложи йўқ, қорнида йиринг тўпланган.
— Қодиржон аканинг ўзи бош бўларканми?
— Ҳа, операцияга тайёрланмоқда!
“Яна операция бўларканманми?! Биринчиси яхши чиқмабдими-а?! Йўқ, бўлиши мумкинмас! Ўғлимнинг қўли енгил. Аслида ғилай қассобнинг ўғирлаган моли бир ночор бандага тегишли бўлса керакки, шунинг қарғиши менга ҳам урди. Ҳа, Ғилай, уйинг буғдойга тўлгур, тузалиб чиқай, сен билан бошқачасига гаплашаман. Бардошимни синаб кўриш вақти энди келганга ўхшайди. Мен яшамоғим шарт! Ўлишни истамайман. Бутун кучимни шу ният учун сарфлайман.
Она бутун танаси бўйлаб илиқлик югурганини ҳис қилди. югурди. Роҳатбахш илиқлик худди чилвир ипнинг силкинишидан пайдо бўлган тўлқинларга ўхшаб танасига келиб урилар, сўнгра сингишиб ва еп-энгил бўлиб борарди. Алал-оқибат она хона деразасидан учиб чиқиб, осмонга кўтарилди ва муаллақ ҳолда ўз вазнини йўқотди. Ўзи ётган шифохона биноси узоқдан ҳудди гугурт қутисига ўхшар, атрофидаги бинолар ундан ҳам кичкина эди. Қаёққа учаяпти? Ўзи инон-ихтиёрисиз рўй бераётган учиш туфайли юрагига ваҳима оралади. Атрофида оқ каптар айлана бошлади. Қуш қанотларини тез-тез қоқиб, онадан сал узоқлашарди-да, яна қайтиб олдида пайдо бўлар, тумшуғини мунчоқдек кўзларини «лик-лик» ўйнатарди. Она унинг бошини, қанотларини майингина силаркан, бундан фикри тиниқлашиб, руҳан юксалаётганини англарди. Момо қушнинг бўйнида биттагина қора холи борлигини, кўзининг эса қизил-сариқ бўлиб товланаётганини кўрди. Ҳа, бу оқ каптар унинг фариштаси! У билан бир неча бор учрашди. Шу шаҳзода
оқ каптар ер бағирлаб пастлай бошлади. Она унинг ортидан эргашди. Яна қанча вақт ўтди, билмайди, ўз хонаси деразасидан ичкари кирганию, ўрнига ётганини билади. “Худога шукур! Ғаройиб сир-синоатингдан айланай, Оллоҳим! Ўзингга беадад таҳсинлар бўлғай!”, — деб астагина пичирлади.
— Эй, Онажон, таҳсинни бизга эмас, ўғлингизга айтинг! Қўллари жуда енгил экан, тезда ўзингизга келдингиз, — деди кимдир. Кўзини очди-ю, дераза олдида ўзига диққат билан тикилиб турган, бўйнида холи бор оқ каптарни кўрди. Бу — бир бахт, бир мўъжиза эди.

3

Ғилай қассобнинг ўғирланган мол гўштидан тановвул қилган ҳаром луқма туфайли бошидан ўтган машъум кунларни, анча йиллар ўтган бўлса ҳам ҳозиргидай эслайди. Унутиб бўларканми, ахир! Яхши-ёмон кунлардан қочиб қутулолмас экансан. Ҳаётга интилиб яшашнинг ўзи бир бахт, ўзи бир сурур. Бу туйғу ҳаётнинг энг кўримсиз ва хунук нарсаларидан ҳам ажойиб хислат топишга ундайди, одам ҳаётга чанқоқ, ташна бўларкан. Балки мени деганлари ана шу ташналикдан туғилар. Бундан эса кўнгил равшан тортади. Дунёни аслида меҳр деган шу буюк тушунча тутиб турмаганмикан?
— Ёқубжон, кўз тегмасин, ажойиб Онангиз бор-да! Илоҳим умридан барака топсин. Кўринишига қараб ҳеч ким 106 ёшдан ошган демайди. Беозор, юввош, бировга бурнидан баланд гапирганини ҳеч ким эшитмаган. Дили билан тили бир! Шунинг учун сиз фарзандлари ҳам бахтлисиз.
— Тўғри айтасиз. Биз Онамизнинг бахтига шерикмиз. Келган бахтни сахийлик билан ҳожатмандларга улашмоқ катта баракат. Бундан ҳузур олмоқ эса ҳар кимга ҳам берилмаган фазилат.
— Мана шунга қойилман-да, Ёқубжон ака! Бутун қишлоқ аҳли онангизни худди фариштадай ғоятда ҳурмат қилади. Эътибор беринг-а, сал мазаси қочибдики, аҳволини сўраб келганларнинг шифохонадан қадами узилмаяпти.
— Ҳурмат-да, бу, Одилжон! Онамизнинг юз бешдан ошганлиги бизнинг фахримиз. Сизга айтсам, Одилжон, онамнинг менга айтган бир гапи ҳамон қўлоғим тагида жаранглайди: “Ўғилларим! Оллоҳнинг назари тушганлар узоқ умр кўради. Оллоҳнинг сийлабдими, шунга яраша обрў билан яшамоқ лозим. Чунки сен Оллоҳнинг олдида бошқаларга нисбатан кўпроқ масъулсан. Энг аввало гуноҳ ишлардан ўзингни торт, яқинлашма, сени кўпчилик кузатади. Гуноҳ қилдингми, жазоси ҳам шунга яраша бўлади. Болаларим! Ҳаром луқмадан сақланинглар, нафс балосини енгиб, сахийлик қилсанглар, қалбингиз, виждонингиз тозалигидан ҳузур қилиб яшайсизлар”.
— Ҳа, шундай экан-да! Мана сиз ҳам саксонга яқинлашдингиз, акангизнинг ҳам ёши улуғ! Ана, Оллоҳнинг берган баракаси, инояти!
Она азоб бераётган оғриқдан халос бўлди. Бундай эътирофларнинг ҳамду саноларнинг кўпини эшитди. Демак, бекорга яшамабди, яшашдан мақсадни белгилади. Фаравон ҳаёт кечирди, ғайирлик ва хусумат сўқмоқларига бурилиб ҳам қарамади, қалбидаги меҳр билан ҳаммага назар солди. Ҳалоллик шиори бўлди. Отаси ўгитларига амал қилишнинг охирати фақат яхшилик бўлди. Ҳаётингни шу тахлитда яшаб ўтсанг, бунинг нимаси ёмон?
Хаёл уммонининг сокин мавжларида шошилмасдан сузаётган Она ҳаёт йўлининг ифтихорга сабаб нуқталарини кўз ўнгидан бирма-бир ўтказар экан, қувонч тўлқинларида бўлмоқ бир сеҳр эканлиги, шу сеҳр хислатларининг рўёбга чиқмоғи учун инсонда мақсадли ирода бўлмоғи ва шу мақсадга интилиб яшамоғи шарт эканлигига ишончи яна ҳам ортди. Яхши ва мустаҳкам ишонч ҳамда эзгу эътиқод билан яшаган Инсон инсонларга доимо қадрдон бўлиб қолаверади.
Қаршидаги тоғ чўққиларида ёқут нуқталар товланар, баъзи жойларида яшил тошлар вақти-вақти билан зарғалдоқ тусга кирарди. Тоғнинг сал қизғиш жойига ажабланиб қаради. У ерда ҳар хил тусда товланаётган, “Ишонч” деб ёзилган ҳарфларни аниқ пайқади. Ишончга таянмоғинг тоққа суянмоғинг. Тоғ этагида яна унга тикилиб турган ўша фариштага дуч келди.
— Сиз ва ўғлингиз ўртасидаги меҳр жуда чексиз! Сизнинг мустаҳкам эътиқодингиз туфайли бир-бирингизга улкан суянчиқсиз! Ўғлингиз сиздан кўпроқ умр кўради, бунинг учун меҳр айрилмоғи шарт. Шундоқ экан, сизнинг қирқ кунлик маъракангизда ўғлингиз қатнашмасин.
Она эндигина оғиз жуфтлаб, дилидаги гапларни айтмоқчи эди, бироқ фаришта ғойиб бўлди. Ўрнида бўшлиқ қолган эди, холос. Наҳотки шу бўшлиқни мен тўлдирсам, дея кўзини очган эди, дераза дарчасидаги Оқ каптарга кўзи тушди, ўша холли таниш каптар. Қушнинг кўзларидан ёш оқаётганини кўриб, ёқасини ушлади. Каптар уч марта бошини кўкрак тарафига эгиб-эгиб, сўнгра тумшуғини тик осмонга қаратди. Бир пасдан сўнг аста бошини эгиб, токча тахтасига чўкиб қолди. Сўнгра қанотларини кенг ёйиб, аллақандай ишора қилди-ю, фаришта ўрнида пайдо бўлган бўшлиқ томон учиб кетди. Она унинг ишорасидан “Энди бу дунёда кўришмаймиз” деган маънони уқди.
Она шу бўшлиқни тўлдириш вақти келганини англадию, аста кўзини очди. Тепасида ўғли унга илҳақ қараб турибди.
— Онажон, яхши ухладингизми?
— Яхши ухладим, болам. Ўтир ўғлим, ёнимга ўтир! Ёқубжон, болам! Мен сезаяпман. Куним битганга ўхшайди! Яна уч кундан кейин, айни қоқ ярим кечада сизлар билан хайрлашаман. Қариндош-уруғлар билан ҳам хайрлашсам дегандим. Невара, эвара, чевараларимни ҳам чақир. Кўзим тириклигида сенга бир муҳим гапни айтай, болажоним. Оллоҳга шукр,узоқ умр кўрдим, армоним йўқ. Бирдан-бир тилагим–Яратган сизларга узоқ умр берсин. Мендан ҳам кўпроқ умр кечирингизлар. Акангга айтадиган гапни сенга айтаман. Сен кичкинасан.
Она “кичкинасан” сўзларини шунчалик авайлаб, эркалаб, мулойимлик билан айтдики, ўғли ўлим олдидаги васият бўлганлиги учунми, сергак тортди. Она чуқур нафас олиб, кўзларини юмди. Аввал ўғлининг қўлларини бирпас силади, сўнгра ўғлига юзланиб, тутилиб-тутилиб гапирди:
— Сен…, жоним болам, акангга айт, бу — менинг сўнгги илтижойим. Қирқимда аканг маъракага келмасин! Бу гапни акангга айтиш сенга қийин! Аканг кўнмаслиги турган гап! Бироқ, сен уддала, жоним болам! Ялинаман, ёлвораман болам! Бу охирги, оналик илтимосим, болажоним!
Она бошини эгди,ўғлининг ўнг қўлини кафтлари орасига олиб узоқ силади, кўнгли тўлиб кетди, аммо ирода кучи билан кўз ёшларини тийди-да, юзида ним табассум билан сўзлади:
— Мен учун йиғламанглар! Қани энди Аллоҳим ҳаммага менинг ёшимни берса… Шуни тилардим, болам! Охирги оналик илтимосимни бажар! Хўпми, болажоним!
“Болажоним!” сўзларини деярли шивирлаб айтган она ўғлининг кўзларига узоқ тикилиб турди ва ўзи учун юм-юм йиғлаётган ўғлининг “хўп” деган ишорасини англадию, хотиржамгина аста кўзларини юмди…

4

….Табаррук онанинг қирқ кунлик маъракасига келганлар, илоҳим шу ёшга етиб юрайлик, Оллоҳ бизларга ҳам шунча ёш берсин, дея юзига фотиҳа тортдилар. Ҳовлида одатдан ташқари фарёдга ажабланмасликнинг иложи йўқ эди. Ҳовли саҳнида ясатилган тобут.
Маъракага келганлар ҳовли гирдида чарх уриб учаётган учта оқ каптарнинг ўйинини кузатишар, қушлардан бирининг болалар бош атрофида кўпроқ айланиб учаётганига маҳлиё бўлмоқда эдилар. Ёқубжон эса акасини онасининг қирқига келтирмасликнинг иложини топа олмай, волидасининг илтимосини бажара олмаганидан афсусланиб, бошини эгганича ҳар замонда “О,Тақдир!” деб ич-ичидан йиғларди.