— Абдужаббор, анжир ейдиган йўлбарсларни кўрганмисан?
— Қорни очқаса ейверса керак.
— Шу боғларингда юраверсак, ҳеч ким “ғинг” демаса…
* * *
Боғлар ҳам ўз томирдошларини йўқлайдилар. Бир туп чўп унган майдон боғни тусаб ўтармиш. Боғ ўрнида бино бўлган ҳар дарахтнинг илдизи хотираларга туташ бўлади. Одамнинг тийнатида дарахтлар яшайди асли. Бўлмаса, бу иккиси бунчалик қадрдон бўлиб ёки ёвлашиб юрмас эди. Бугун соқоли селкиллаб қолган ўша болалар саратоннинг тиғидан паналаб тангадек кун тушмайдиган сўрида чойлашиб турганларида ул хотиралар баайни эртакдек туюлади кишига. Асл исми Фармон, аммо ёшу қари баравар Амаки деб атайдиган, дарахтлар билан неварасидек сўйлашиб, одамга бекин боқувчи кекса боғ қоровули айтиб бераётганга ўхшайди бу эртакни. Аммо кошки эртак бўлса…
Боғ қанчалик ғаройиб бўлса, унинг қоровули Фармон бобо, яъни Амаки шунчалик ажойиб одам эди. Боғ идорага туташ, эртаю кеч катта-кичик вакиллар, текширувчию тафтишчилар билан гавжум, улардан безор бўлган раис, ҳосилот ва ҳисобчи кўпинча бекиниб юришар, раҳбарларни сўраб жуда тиқилинч қилганларни котиб амаллаб алдарди.
Табиийки, тушга томон раисни излаб келганларнинг қорни очқар ва улар сўлим боққа ўғринча назар ташлаб қўярдилар. Ана шунда табиатан сахий ва очиқкўнгил Амакига жон кирарди. Чунки раиснинг ошпази жуда хасис бўлиб, хўжайин айтмагунча бировга текинга бир бурда нон бермасди. Туман марказидан олти чақирим олисда бўлган бу қўрғонда бирорта ошхона йўқ, яккаю-ягона дўконда ароқ, консерва ва шўр бодрингдан бўлак егулик топилмасди. Кейин, текширувчи деганингиз ҳеч замонда ўз чўнтагидан овқатланармиди? Бояқишлар қовоқ-тумшуқ қилиб, савлат тўкканча уёқ-буёққа юришар, лекин қулдираётган қоринлари уларни фош қилиб турарди.
Амаки шундоқ яқингинадаги уйига югуриб бориб, хотинининг ҳай-ҳайлашига қарамай, қўлига нима тушса, товуқми-хўрозми, шартта сўярди. Сўнгра боғ адоғидаги ҳужрасида қозон осиб, бирор таом пиширар, магазиндан қарзга бир жуфтгина ароқ олишни ҳам унутмасди. Гўёки бу меҳмонларга ўзи жавобгардай туюларди. Қарабсизки, меҳмон хурсанд, негадир Амаки ҳам яйрабгина юрарди.
Бизни эса Амакининг деҳқончилиги ҳам, меҳмондорчилиги ҳам сира қизиқтирмас, унинг кўзини шамғалат қилиб, боққа “шўнғиш”, қўйнимизни мева-чевага тўлдириб, жуфтакни ростлаб қолиш тўғрисида хаёл сурардик, холос. Боққа “шўнғиш” эса хийла мураккаб ва хавфли эди.
Бу ерда одам доим гавжум, устига-устак Амакининг хўтикдек келадиган Ҳайбар деган ити бор. Шу боис биз ўзига хос усуллардан фойдаланардик. Амакининг кенжа ўғли Абдужаббор биздан икки ёш кичик бўлиб, уни “йўлбарс-йўлбарс” ўйнаймиз”, дея аврардик. Ҳайбар Абдужабборни кўргач бизга кўз юмарди. Хонаки “йўлбарслар” боғнинг олис бурчагида, ариқ ёқалаган баланд пахса девор ёнида тўпланардик. Бироз ўйнаганимиздан сўнг жўрабошимиз Ҳамид бизга кўз қисиб қўйиб, Абдужабборга юзланарди.
— Шу, биласанми, жўражон, йўлбарсларнинг қорни жуда очқади-да…
Абдужаббор, бироз соддароқ болакай, жўрабошимизни жуда ҳурмат қилармиди, ё ундан чўчирмиди, ҳар қалай, дарҳол:
— Ҳай, нима қилиш керак?
— Ҳеч нима, фақат йўлбарслар энди қорнини тўйдириши керак…
— Ҳай, йўлбарсларга анжир ҳам бўладими?
— Э-э, бўлганда қандоқ! Ахир, йўлбарслар анжирни жуда яхши кўришади! Йўлбарс қанча кўп анжир еса шунча зўр бўлади!
Абдужаббор биринчи бўлиб ўзини ариққа отар, биз унга эргашиб, девордан ўтгач, ҳар биримиз бир улкан анжир остига кириб олардик-да, қоринни роса тўйғазардик.
Кунларнинг бирида “йўлбарслар” нокка тўйиб олишгач, қўйни-қўнжимизни мевага тўлдириб турган пайтимизда бирдан таҳдидли товуш янгради.
— Ҳой, бадбахтлар, тўхта, ким бу?!
Буни қарангки, “йўлбарс”ларнинг бири адашиб, шийпонга яқин борган, уни кўриб қолишган экан. Аксарият шерикларимиз қочиб қолишди. Лекин дарахтдан тушиб улгурмаганимиздан мен, Ҳамид ва Абдужаббор ўша қурумсоқ ошпазнинг қўлига тушдик.
Ҳовуз устига қурилган сўлим шийпонда зиёфат авжида, қўрада хушбўй кабоб пишар, столда ҳам ул-бул… Тўрда мовий кўзли, ғоят кўҳлик жувон ўтирар, сипо кийинган бир каттакон ҳар замон-ҳар замонда унинг белига қўл юбориб шилқимлик қиларди. Раис эса уларга ялтоқланиб ҳали қошиқ, ҳали сочиқ тутар, зир югуриб, кабоб ва яна аллақандай таомлар таширди.
Ошпаз Ҳамиднинг биқинига бир туртиб, бизни шийпонга етаклади. Абдужаббор ҳам негадир ёнимиздан кетмас, олазарак бўлиб отасини изларди. Ниҳоят, ошпаз раисга юзланди.
— Раис бобо, бу ўғрибаччаларни нима қилай? Нокларни шундай пайҳон қилишибдики…
Раис қизариб-бўзариб турган Абдужабборга ҳайрон бўлиб тикилди-ю, сўнг дағдаға қилди:
— Нима қилардинг, колхоз мулкини ўғирлашгани учун милисага топширасан-да!
Раиснинг дағдағасидан жуда қўрқиб кетиб, учаламиз бараварига йиғлаб юбордик. Шунда мовий кўз жувон қўлидаги пиёлани қўйиб, раисга чимирилди.
— Тинчликми? Нима бўлди?
— Э-э, нок ўғирлашибди…
Жувон каттаконга норози нигоҳ ташлади. Мовий кўз жувон кўзимизга бирам яхши кўриниб кетдики…
Каттакон раисга ўқрайди. Қора юзлари бўғриқиб, ҳансираётган раис илтижо қилди.
— Энди, каттакон, биздан ўтти. Ман ҳозир буларни ота-онасига топшираман…
— Қўйинг, ўзлари кетаверишади! — каттаконнинг бу гапидан сўнг йиғидан тўхтадик.
Раис ва ошпаз бараварига қўл силташди. Боғ дарвозаси қолиб, ўзимизни яна девор томон урдик-да, кўздан ғойиб бўлдик. Абдужаббор ҳам ҳаллослаганича ортимиздан келарди.
Ноклар ёнга қолди, шарманда бўлмадик. Кайфимиз чоғ эди. Ҳамид Абдужабборнинг елкасига қўл ташлаб мақтади.
— Маладес, дўстим! Сен бугун ҳақиқий йўлбарснинг ишини қилдинг!
Жўрабошининг мақтовидан қоровулнинг эрка ўғли севиниб кетди. Болаларни анчайин ўз-ўзича саралайдиган ҳар турли ўйинларда кўп ҳам омади югуравермайдиган нимжонроқ Абдужаббор кўпинча кулги бўларди. Шу боис Ҳамиднинг мақтови унга жуда ёқди.
Аммо бу боғдаги ҳар бир дарахт қаерда, қандай жойлашгани, қайси мева, қачон пишишини яхши билганимиз боис боққа киришнинг янги йўлларини ахтарардик. Бўйимиз хийла чўзилиб қолганидан, энди бачкана ўйинларни ишга солишга ҳам уялардик.
Амакининг Жамила исмли бўй етган, ғоят кўҳлик қизи бўлиб, унга жисмоний тарбия ўқитувчимиз Камол оға ошиғу беқарор эди. Буни бутун қишлоқ билардию, чамаси Жамила билмасди. Ўқитувчи йигит жуда тортинчоқ, юрак ютиб айтолмасди. Шу ўқитувчимиз бир куни идора ёнида мени имлаб чақирди-да қўлимга тўрт букланган қоғоз тутқазиб, илтижо қилди.
— Шу хатни Жамилага элтиб бер. Илтимос, ўзинг очиб ўқима. Сенга “5” қўяман!
Мен ўқитувчининг сўзларини эшитмасдим, кўзимга Жамила ҳам кўринмасди, фақат боққа очиқчасига кириб бориш имкони пайдо бўлаётганидан хурсанд эдим. Энди менга Абдужабборнинг ҳам кераги йўқ! Тўппа-тўғри боравераман. Амаки сўраб-нетиб қолса, “Жамила опамда ишим бор эди, китоб сўрамоқчийдим”, дейман. Хатни эса, кўрсатмайман… Кейин эгасига етказаман.
Жамила опа хат билан овора бўлиб, мени унутади. Ана ўшанда секингина анжир тагига ўтиб…
Хуллас, боғ дарвозаси томон одимладим. Оёқ учида юриб, шийпонга яқинлашганимда, рўпарамдан Жамила опанинг ўзи чиқиб қолса бўладими?!
Унга бир зум тикилиб турдим. Мактабимизнинг гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай юрадиган бу кутубхоначиси ҳақиқатан ҳам жуда гўзал эди. У менга савол назари билан қараб, майин қошларини чимирди. Мендан садо чиқавермагач, қизнинг ўзи тилга кирди.
— Ҳа, мевахўр, кимда ишинг бор? Ёки яна “йўлбарс-йўлбарс” ўйнамоқчимисан? Укам таъзирини еди, энди ўйнамайди.
Тамомила ўзимни йўқотдим.
— Ҳе, шу, сизга… Бир киши… бир хат… — пойинтар-сойинтар гапларимдан Жамила кулиб юборди.
— Қанақа бир киши? Сен ўзи нималар деяпсан?
“Нима бўлса бўлар, ахир, хатни мен ёзганим йўқ-ку”, дедим ўзимча ва тилга кирдим.
— Мана бу хат сизга, опажон! Уни муаллимимиз Камол ака ёзганлар. Сизга элтиб бер деди. Лекин ўзиям, жуда зўр хат! Ўқисангиз, оғзингиз очилиб қолади, — билмадим бу гаплар қаёқдан хаёлимга келди, ўзим ҳам ҳайрон қолдим.
Бундан Жамихон опанинг ўймоқдеккина оғизи ланг очилиб қолди. Аммо кутилмаганда қизиқ воқеа содир бўлди. Жамила опа қўлимдаги мактубга калхатдек чанг солди-да, уни очиб ҳам ўтирмай йиртиб ташлади.
Унинг чиройли кўзларидан ўт чақнар, важоҳати қўрқинчли эди.
— Ҳе, хати бошидан қолсин! Мен унинг хатига зор эмасман!
Ҳали ўзимни ўнглаб олмасимдан у қулоғимдан маҳкам ушлаб, бурай бошлади. Кўзларимдан ўт чақнади, амаллаб қўлидан чиқиб, нари қочдим. У мени таъқиб этишдан тўхтаб, шанғиллади:
— Бировларнинг ўртасига тушиш қандай бўлишини сен тирмизакка кўрсатиб қўяман! Бориб айт муаллимингга, ўша ландовурга кўзим учиб тургани йўқ!
Бу ёғи қандоқ бўлди энди? Хат баҳона анжирга тўяман, деб қулоқдан ажрашимга оз қолди! Лекин ҳозирги важоҳати бўлса бечора муаллимим ҳам қуруқ қолмаса керагов.
Очиғи, мен Жамиладан бунчалик бедодлик кутмагандим. Аксинча, у хатни ўқигач, қўйни-қўнжимни мевага тўлдиради, бутунлай ийиб кетса борми, ҳатто пешонамдан ўпиб эркалайди, дея хомтама бўлгандим.
Жамила қурмағур эса ҳамон муаллим икковимизнинг гўримизга ғишт қаларди. “Агар ошиқ-маъшуқлик шунақа бўлса, қуриб кетсин!”, дедим ичимда ва боғ дарвозаси томон қочдим. Дарвозадан чиққач, жон ҳолатда у ёқ-бу ёққа қарадим-да, уйимизга қараб зинғилладим. Бир маҳал муаллим ҳаллослаганича мени қувиб етди. Унинг чеҳрасида хавотир, умид ва аллақандай бетоқатлик аломатлари зоҳир эди. Бечорага раҳмим келаётган бўлса-да, сиртимга чиқармай тумтайдим.
— Хўш, қани гапирчи, хатни олдими? Жавобини қачон бераркан? — Муаллимнинг кўзлари жовдирарди.
— Жавоб эмиш, — тўнғилладим мен, — ҳеч қанақа жавоб йўқ. У хатни йиртиб ташлади. Яна қулоғимни ҳам боплаб чўзди.
Камол бўзариб кетди, олазарак бўлганича мени юпатишга тушди.
— Майли, йиртса йиртаверсин. Биз ҳам кўчада ётганлардан эмасмиз… Фақат хатни йиртганини ҳеч кимга айтма. Сенга албатта “5” қўяман!
Орадан кўп ўтмай Жамила хатни хўжакўрсинга йиртгани, қулоғимни эса бекордан-бекорга чўзгани маълум бўлиб қолди. Пахта терими олдидан Камол ва Жамиланинг тўйлари бўлди. Биз бу тўйда маза қилиб, бекинмачоқ ўйнадик ва сермайиз ошдан тўйиб едик. Бошқалар ҳам боғдаги мактуб воқеасини шу куни билишди.
* * *
Бу дунёи дунда ҳеч бир мавжудот вақтнинг кескир ва шафқатсиз шамширига дош беролмас экан. Қиш адоғидаги изғирин тонгларнинг бирида қишлоқ кўчасида чор-атрофни ларзага солиб, катта булдозер пайдо бўлди. Булдозер белкурагини шундоқ боғ деворига тақаб, сўнгра тўхтади. Хотин-халаж, болалар, катталар — ҳамма боғ дарвозаси томон ошиқди.
Кўп ўтмай юк машинасида бизга нотаниш одамлар келишди.
Раис, партком, ҳосилот, ҳисобчи ҳам шу ерда эди. Шивир-шивирлардан маълум бўлдики, юк машинасида келганлар йўл қурилиш идорасидан, улар булдозер ёрдамида боғни бузмоқчи эканлар. Боғ ўрнида янги йўл тушармиш. Конга элтадиган йўл… қишлоқ ўртасидан, боғларни оралаб… Айланиб ўтказишса харжи ортиб кетар экан. Бу кондан чиқадиган рудаларни тўғри марказга элтишар эмиш. Хуллас, шундай гаплар… Суюкли боғчамиз эса мунғайиб қолгандек эди.
Юқоридан келганлар раис билан гаплашиб, бироз тараддудланишгач, уларнинг ишораси билан баҳайбат булдозер боғ деворига ҳамла қилди ва неча йиллик пахса деворнинг каттагина қисми гурсиллаб оғир қулади.
Худди шу аснода булдозер қаршисида қўшоғиз милтиқ кўтарган Амаки пайдо бўлди. Унинг ҳайқириғи девор гурсиллашию, трактор овозини ҳам босиб юборгандек бўлди…
— Ўчир тракторингни! Бўлмаса ҳаммангни отиб ташлайман! — деди Амаки ваҳшатли товушда.
Чолнинг оқ яктаги ҳилпирар, кўкраги очиқ, салласининг печи чувалиб кетган, пайлари бўртиб турган қўллари қалтирарди. Иш бундай тус олишини кутмаган катталар ҳам, раис ҳам гангиб қолишди.
Улар ўзаро пичирлашиб олишгач, иш тўхтатилди.
— Бу боғни бузаман деган одам, аввал ўлигим устидан ўтиши керак! — деди Амаки милтиқни елкасига осар экан.
— Бўлди, бўлди, Амаки, — деди раис муроса қилиб, — энди бу боғни ҳеч ким бузолмайди, мана, мен кафил!
Жимгина тарқалаётган оломонни кузатар эканмиз, боғ бўғзига қадалган пичоқнинг дами қайтганига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасдик.
Хавотиримиз бекор эмас экан. Орадан бирор ҳафталар ўтгач, тонгда уйғониб, идора ёнига келганимизда алданганимизни англаб етдик. Тонг қоронғусида уйқудаги боғ маҳв этилганди.
Илдизи билан қўпорилган кўп йиллик дарахтлар, қулаган пахса деворлар жуда аянчли манзара касб этган, шўппайиб турган ёлғизгина темир дарвоза юракларга андуҳ соларди. Юзлари қорайиб кетган Амаки савдойидек бўлиб қолди. У ҳеч ким билан гаплашмас, ўша қўшоғиз милтиғини елкасига осганича, боғ вайронасида айланиб юрар, биз ҳам шу ердан нари кетолмасдик.
Ана шу илдизлар ўрнида барпо бўлган манов янги боғни ўша бизнинг бўш-баёвгина Абдужаббор жўрамиз тиклади. Унинг отамерос боғда қалбида ниҳолдай унган меҳр уни бугун миришкор боғбонга айлантирди. Худди кўҳна илдизлардан боғлар кўклагандек. Истиқболи шубҳали саналиб ишга тушмай қолган ўша кон ҳам ҳеч қачон бўлмагандек ҳеч кимса эламайди. Аммо боғни эслашади. Бир тўп беғам болаларнинг шовқинидек шовуллаб турган бу боғнинг саси эркин қўшиқдек туюлади одамга.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 27-сон