Жўра Фозил. Байрамнинг ранги (ҳикоя)

Байрам тонги эди. Унинг ҳаёт талатўпларидан озурда кўнглида қандайдир илиқлик, мўъжазгина бир нур бор эдию, лекин бу болалик, ёшлик пайтларидаги хурсандликларга сира ўхшамас, аллақандай ғам, андуҳга йўғрилганди.
Олдинги байрамлар жуда ғаройиб, бу кунларни у жуда зориқиб кутар, эвазига бир олам шодлик эгаси бўлиб чиқарди. Аслида болалик ва ёшликнинг ўзи ҳам бир байрам эди-да. Энди эса оддий кунлар кўпайиб бораяпти ва шунинг баробарида ёши ҳам етмишни қоралаб қолди.

* * *

Байрам тонгларида онаси анча уриниб қолган бўлса-да, тоза-озода кийимларини кийдирар, отаси қишлоқ ўқитувчисининг саноқли маошидан “ортиб” қолган пулдан 2-3 сўм берар ва болакай учун хурсандчилик бошланарди.
Унинг нигоҳида байрам кунларининг ўзгача ранги бор эди. Ўзи бу қанақа ранг эканини билмас, лекин яхши куннинг жуда ёрқин бўёқда эканини юрак-юракдан ҳис этарди.
У саводи чиқар-чиқмас китобга ошно бўлган, жуда кўп ўқир, эртаклар, хаёлот дунёсида яшарди. Байрам, унинг рангин қувончлари, энг аввало, боланинг кўнглида эди, бир-икки кун эмас, кунлар, ойларга чўзиларди.
Болакай қишлоқдаги яккаю ягона савдо дўконига бориб, ширин кулча, пуфак ва яна алланималар сотиб олар, сўнгра ўртоқларига қўшилиб, хурсандчилик қиларди.
… Шуларни хаёлидан ўтказган чолнинг кўнгли бироз ёришгандек бўлиб, ўрнидан турди.
Деразадан ғира-шира нур тушиб турарди. “Ё, Худо, инсон кўнгли ҳам мудом ана шундай ғира-шира экан-да. Бир умр ўрганганингда ҳам, ёнингдагиларни, ҳатто, энг даҳшатлиси, ўз-ўзингни ҳам англаёлмай бу дунёдан ўтиб кетасан…”
Лекин у кўнглида таскин билан эътироф этардики, ўз-ўзини англашдек улуғ неъмат ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўзини, ўзлигини англаган инсон, бошқаларни ҳам, дунёни ҳам англай олади. Қолгани унчалик муҳим эмас… Аммо инсонлар ўзларини ва бошқаларни англай олганларида ер юзида ёвузликлар, қабоҳат, урушлар содир бўлмасмиди…
Шариф ака хона чироғини ёқди. Шундоқ, рўпарасидаги кўзгуда ўзининг сўлғин чеҳраси намоён бўлди. У салқи ёноқлари, пешонасидаги янада чуқурлашган ажинларга син солиб боқар экан, кўнгли тўлмади. “Ҳа, — чуқур “уф” тортиб ўйлади у, — ўктам чеҳраю, адл қоматлар ўша, байрамларда қолиб кетди…
У кейингги йилларда ўтказаётган ўзига хос “тажрибаларини” эслаб, мийиғида кулиб қўйди. Шариф ака байрамларда “Қани, биринчи бўлиб йўқламасам, мени бошқалар йўқлашармикан?”, деган хаёлга бориб, ҳеч қаерга бормас, ҳеч кимга қўнғироқ ҳам қилмасди. Таассуфки, унга биров “бормисан” демас, “тажриба”лари барбод бўлиб, бола-чақа, дўст-биродарлар билан ўзаро муносабатда тенглик, адолат истаган қаҳрамонимиз ўзи билан ўзи қолаверарди.
“Бўлди, — деди Шариф ака қатъият билан, — энди сира тажриба ўтказмайман! Нима, кимгадир қўнғироқ қилганим ёки қилмаганимда бу дунёсида бирор нима ўзгариб қолармиди? Ахир, бу амалларни мен ёки дўстларим ўйлаб чиқарганимиз йўқ-ку! Шундай ўтираверсам, бутунлай ёлғизланиб қоламан!”
У ҳафсала билан соқолини қиртишлади. Cўнгра хотини, келини, ўғил-неваралари билан нонушта қилар экан, уларни қутлади, болакайларга “байрам пули” улашди. Неваралар пулни олгач, қий-чув билан кўчага отилдилар. Уларни кузатиб ўтирган бобонинг кўнгли тоғдай кўтарилиб кетди, болалигини эслади.
Нонуштадан сўнг хотинини ҳайрон қолдириб, кўчага отланди.
— Бахайр, отаси, — деди хотини жилмайиб, — мен сизни “чилла” ўтирганмисиз десам, кўнглингиз сайру саёҳатни тусаб қолибдими?
— Ҳа, — деди Шариф ака, — ўйлаб қарасам, уйдан чиқмаганимга ҳам анча бўлибди. Ахир, тарки дунё қилганим йўқ-ку!    Эски дўстларимни бир йўқлаб, байрам билан табриклаб келай, дедим…
Эрининг кайфиятидаги бу ўзгаришдан хотини хурсанд бўлди, уни дарвозагача кузатиб чиқиб, яхши бориб келинг, деди. Кўча гавжум, ўтиб-қайтиб турган қўни-қўшни, таниш-билишларнинг салом-алигу хушмуомаласидан чолнинг кўнгли тобора ёришиб борарди. У қаддини ғоз тутиб, шахдам одимлаб борар, лекин ҳали қаерга боришини билмасди.
Худди шу аснода ёнгинасига сут рангли яп-янги “Нексия” келиб тўхтади. Рулда одмигина кийинган, мошгуруч соқоли ўзига ярашган синфдош дўсти Абдураҳим ўтирарди. У машинадан тушиб дўсти билан қучоқлашиб кўришди. Дўсти барваста, ҳамон бақувват эди, кўришаётиб Шариф аканинг суякларини шиқирлатди.
— Об-бо, сен-ей, — деди синфдошининг елкасига шапатилаб, — суякларимни синдираёздинг-ку. Аммо-лекин соқол жуда ярашибди.
— Ҳа, ҳа, — деди Абдураҳим, — йигирмата невара “бобо-бобожон”лаб турса ярашмай ҳам кўрсинчи! Cенинг эса ўша-ўша олифталигинг қолмабди. Ҳатто мўйлов ҳам қўймабсан?
— Э-э, мўйлов қўйиш қийин эмас-ку, лекин “мўйлов оши”нинг харажати ёқмайди-да, — ҳазиллашди Шариф ака.
— Қўрқма, харажати менга тан. Ўстиравер мўйловингни!
Шу тариқа ҳазил-мутоиба билан икковлон машинага ўтиришди.
— Хўш, қани, қаёққа обориб қўяй? — сўради Абдураҳим машинани юргизгач.
— Ҳе, шу ҳали қаёққа боришни билмайман. Шундоқ, байрам баҳона, дўстларни бир йўқлаб қўяй, деб кўчага чиққандим…
— Ундай бўлса, айни муддао экан. Кетдик, сенга янги боғимни кўрсатаман. Шу баҳона мириқиб отамлашамиз.
— Қандоқ бўларкан? — иккиланди Шариф ака, — уйдагиларга айтмагандим…
— Қанддек бўлади! Ахир, учрашмаганимизгаям анча бўлди. Бунақада бегоналашиб кетамиз-ку. “Меҳр кўзда” деб бежиз айтишмаган донолар.
— Бўпти. Ҳайда, ўша янги боғингга!
Чамаси ярим соатлардан кейин улар шаҳарга туташ катта боққа етиб келдилар.
Янги боғ шиғил ҳосил туккан, бир томонда шафтолизор, яна бир томонда олмаю анорлар ястаниб ётар, етилиб пишган мевалар ҳиди димоқни қитиқларди. Cинфдошлар ишкомлар соя солган салқин сарҳовузга ўтдилар.
Дастурхон ёзилиб, нон, қанд-қурс, мева-чева қўйилди. Икки дўст дуога қўл очиб, эл-юртга омонлик, ободлик тиладилар. Дастурхон устида суҳбат авжига чиқди. Болалик, ёшлик йилларини эслашди.
Шундан сўнг Абдураҳим дўстига янги боғини кўрсатди. У узоқ йиллар жамоа хўжалигида агроном бўлиб ишлаб, деҳқончилик илмини пухта эгаллаганди. Нафақага чиққач, фермерлик ҳаракатига қўшилиб, боғ яратишга киришиб кетганди.
Шариф ака унинг ишлари ҳақида эшитиб юрардию, бугун янги мевазорга биринчи келиши эди. Дўсти амалга оширган ишларни кўриб, жуда хурсанд бўлди.
Икковлон ҳосили кўплигидан ерга эгилган дарахатлар оралаб узоқ кездилар. -Абдураҳим боғнинг яратилиш тарихини сўзлаб берди.
Шу тариқа куннинг кеч бўлганини ҳам сезмай қолишди. Абдураҳим боғбон дўстини машинасида уйигача элтиб қўйди. Хайрлашишар экан, машина юкдонини очиб, толхивич саватда олма, шафтолиларни олиб, дўстига узатди.
— Бу невараларинг учун!
Шариф ака ҳай-ҳайлашига қарамай, кекса боғбон улкан саватни ўзи дарвозахонага олиб кириб қўйди ва шундай деди:
— Энди дўстим, манзилим сенга аниқ. Онда-сонда йўқлаб турсанг, хурсанд бўлардим.
— Албатта, шундай қиламан, — деди Шариф ака бугунги кун, бугунги байрам кўнгилдагидек ўтганидан хурсанд бўлиб…

* * *

… Байрам оқшоми эди. Ботаётган Қуёш нурлари уфқни қирмизи рангга бўяди. Қуёшнинг сўниб бораётган нурларидан кўз узолмаётган отанинг юраги ҳаприқиб кетди. Болалигида у байрамнинг қандайдир улуғвор бир рангда эканини ҳис этардию, бу қанақа ранглигини билмасди. Мана энди, етук ёшида, умри шомида у байрам қирмизи — Қуёш рангида эканини юрак-юракдан ҳис этди…
Қуёш рангидаги байрам – Байрам рангидаги қуёш — ғоят гўзал эди…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 40-сонидан олинди.