Жавлон Жовлиев. Лобар, Лобар, Лобарим менинг (ҳикоя)

I

“– Келинг, кўришайлик. Негадир, бугун… ким биландир дардлашгим келаяпти.
– Соат нечида?
– Ишдан чиққан пайтизда-да…
Қўлимда телефон тутганча, ўтирғичга суянаман. Лобар бетоқат яна нималардир дейди. Деразадан кўзим қуёшга тушади. Қуёш қизғиш ранглар билан хайрлашиш тасвирини чизарди.
– Келишдик.
– Эй… Фақат, ўтган сафаргидагидай кечикманг.
– Хўп.
– Аниқ! Кечикманг, кутаман”.
Телефонни қўйиб, ўтирган жойимда тошдек қотаман. Танам титраб кетади. Бурним ачишиб, кўзим негадир намланади. Бу на андуҳ, на армон, на ҳайрат кўз ёшлари… Бу менинг хотирам, бу умримнинг ажиб ва нурли ёшларидир. Мен орзум осмонига сочилган юлдуздек ёшларимни излаб йўлга тушаман…
– Лобар, Лобар, Лобаржонгинам…

II

У фариштали, оппоққина қиз. Бу оқликка қасдланган қош-кўзлар тим қора. Чеҳрасида файз, силлиқ юзларида нафис кулгичи бор. На-да яноқлар, қавоқлар ҳам табассум қилади, бунга шайдо киприк­лари ҳам унга қўшилиб бирдек тўлқинланади. Жигарранг кўзлар туби чексизликка туташгандай сирли, тароватли, оҳангли ва яна алламбало.
Мен уни илк бор кўрганимда оқ кўйлакда, серқатнов йўлда онасининг қўлини маҳкам ушлаб турарди. У имтиҳони ҳақида тинмай гапирар, онаси фақат савол беришга, тез-тез тасдиқлашгагина фурсат топарди. Мен бўлса унга телбаларча тикилиб қолгандим. Бунга аввали эътибор бермаган она-бола бироз вақт ўтиб савол назарида менга қарашди. Кейин Лобар онасини қўйиб юбормай юриб кетди. Ва менга бошини бироз эгганча, чап қўли билан қуёш нуридан юзини пана қилиб сўз қотди.
– Сиз ҳам менинг йўналишимга топширгансиз-а?! Боя имтиҳонда кўргандай бўлдим!
У менга бироз яқинлашди. Ўша онда унинг кўзлари бор хазинасини очди. Бу кўзга тикилиб бор дунёни унутиб қўйдим. Ҳозиргина ўқишга кириш учун муҳим синовдан ўтганимни, бунинг учун қаердан, қандай қийинчиликлар билан келганимни ҳам бир дам эсдан чиқаргандим. Қуёш тиғида куйган юз, узун ориқ қўллар, аллақачон шаҳар урфидан чиқиб кетган ва кеча йўлга чиқаётиб онам едирган қовун ҳиди анқиб турган уст-бошим билан оқ, ҳарир кўйлак кийган шаҳарлик сулув ёнида лол қолгандим. Қиз эса бепарво сўзлар, кескин курашлар билан ўтган имтиҳон таҳлилига тушиб кетганди. Ундан ўшанда таралган хушбўй ифор ҳали ҳамон мени маст қилади.
Унинг нигоҳлари ўткир эди. Бирдан хаёлимга бу шаҳарлик қиз қайда-ю, мен қайда деган ўй келди ва кўзларимни олиб қочдим. Юрагимда қўрқув пайдо бўлди. У сепган хушбўй атирлар қайда-ю, менинг чала-чулпа қайчиланган сочларимда ялтиллаётган тер қайда. Унинг кўнгли қайда-ю, менинг хаёлпарастлигим қайда… Лекин ғўрлик хаёллари мени бу сирли ва ажойиб муҳаббат оламига қандайдир катта куч билан итарарди. Қизнинг хаёлидан бундай манзаралар ўтмаётганлиги, у бошқа оламдан келиб қолган қизга айланишини жуда истардим. Ўша онда диққатим унинг гапларида эмас, жигарранг кўзлари сеҳрига мағлуб эди, бир нотавон маҳбус эди.
– Сизни билмадим-у, мен кўпгина саволларнинг жавобини кўнглимга қўйиб бердим. Кўнглимга ёққанини белгиладим. Юрагим шуни буюрди, мен шуни қилдим. Нега индамай турасиз? Нима, хато қилибманми?
– Йўқ!
– Сиз ҳам ўқишга киринг. Сизларни Худо қўлласин! – деди унинг ёнида ҳайрат билан боқиб турган аёл.
Онаси борлиги ёдимга келди. Бўйи етган қизи бор барча оналар каби жигарбандини жуда нозик ва қимматли яратиқдек асраши шундоқ кўзларидан билиниб турарди.
– Биз, албатта, курсдош бўламиз? Негадир имтиҳон топшираётганларнинг ҳаммаси менга бадқавоқ кўринди. Ахир, ҳаммага насиб қилгани бўлади-ку!
Унинг саволларига жавоб беришда ҳам ўзимни ночор ҳис қилардим. Ҳа, мен қайда-ю, у қайда…
Онанинг дуоси ижобат бўлди. Иккимиз курсдош бўлдик. Ўшанда у ҳақдаги фикрларим бекор эмаслигини, Лобарнинг ўзига хос ва гўзал дунёси борлигини англадим. Лобар доим тўлқинланувчи қирғоққа ўхшарди. Тўлқинланиб сўзлар, тез ҳайратланар, ўта таъсирчан эди. Овози ҳам аниқ ва ширали… Тўғри, у қизнинг чидаш мушкул томонлари ҳам бор эди. Бу унинг ҳаддан ташқари эҳтиёткорлигида эди. Сабаби кейинчалик маълум бўлди. Онаси уни ёлғиз катта қилган экан. Ўзи ёлғон қурбони бўлган бу жафокаш аёл ёлғиз фарзандини гўдакликдан ҳар нарсага шубҳаланиб боқишга ўргатганди. Шунинг учун яқинлар билан чегараланган доира ичида ўсди, улар билангина сирлашди, улар билангина ўйнади. Шунинг учун бегона одамларга тез қўшилиб кета олмас, ҳаммага ўз сирларини очавермасди. Лекин унинг шундай тўлқинланган пайтлари бўлардики, денгиздек қирғоғидан тошар, ўша онда ҳар кимни яқин олар, у билан сирлашиб, йиғлаб олиши ҳам мумкин эди.
Биз тўрт йиллик таълим давомида фақат дўст бўлдик. Фақат дўстми?! Аммо мендаги туйғуларни дўстлик десам, бу шарафли сўзга хиёнат қилган бўламан. Рости…
Бир кун унга дил дафтаримни очишим учун қулай имконият бўлди. Бу кун сира ёдимдан чиқмаса керак. Театр томошасидан сўнг уни кузатиб қўймоқчи бўлдим. Қалбимни қийнаётган барча ҳисларни очиқ-ойдин айтишнинг, оғир ва азобли юкдан қутулишнинг айни пайти эканлигини ҳис қилиб турардим. Лекин шу ҳис оёғимга тушов солгандай бўлиб, қадамларимни оғирлаштириб қўйди. Юрагим эса бетоқат, кўкрагимни ёришга тайёр азаматдек тепага сапчирди. Лобар эса театрдаги чол образи ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Унинг айтишича, актёр жуда бўрттириб юборибди. Қулоғимга ҳеч нима кирмас, унинг тўсатдан берган саволларига ҳам гарангга ўхшаб жавоб қайтармай қўяқолардим. Мен журъатсизларча қадам ташлар, борган сари бутун вужудим титроққа айланаётганини ҳис қилиб турардим. Ҳатто олаётган нафасим ҳам вужудимга юк бўлаётгандай қадамим секинлашарди. Шунда Тангримга ёлвордим, умид билан кўкка боқдим. Болалик чоғларимдаги каби кўкдаги дўстларимни, яъни юлдузларни қидирдим. Хира бўлса-да, битта бўлса-да. Улар менинг болаликдаги “жимитдай” дўстларим эди. Дадам маст бўлиб, ухлаб қолган тунлари дала қоравуллигига онам мени юборарди. Ўшандай пайтлари чайла устида қўрқувни енгиш учун юлдузлардай порловчи келажак ҳақида ўй сурардим. Шунда юлдузлар билан ўртамиздаги масофа яқинлашгандай туюлар, худди осмон бироз эгилиб ўзида бўлаётган томошаларни улкан экранда менга намойиш этаётгандек бўларди.
Ҳозир эса менда қўрқув бор эди. Аммо мен энди қоронғиликдан эмас, кўзларида юлдуз беркинган қиздан, унинг менга берадиган жавобидан қўрқардим. Турли аччиқ тутунлар, турмуш чиқиндиларининг иркит увадаларига тўлиб кетган осмон бағридан юлдуз қидирардим. Шунда орқа тарафда бир хира юлдузга кўзим тушди. Кейин унинг олдида яна биттаси кўринди. Улар менга куч бергандай бўлди. Тангрига ёлвордим. Жойимда бирдан тўхтаб қолдим. Лобар ҳам ҳайрон.
– Нима бўлди, юринг, юринг, ойим кутвотти…
– Лобар!
– Бунақа қараманг, илтимос сиздан, вой буни. Нима «севиб қолдим» деб айтмоқчимисиз, жиннивой. Э, ўртамизда севги бўлиши мумкин эмас. Сиздай дўстимни йўқотмоқчимасман.
– …
– Жиннилик қилманг, сиз менинг идеалимдаги йигит эмассиз.
– Ким сизни севаман демоқчи, ўзингизни хурсанд қиляпсизми…
– Ҳа, қарашингиз ғалати-да. Кечирасиз… Ҳа, тўхтанг севсангиз нима бўпти?
– Қурибдими бошқа қиз… Қишлоқ тўла қиз.
– Эй, мен ҳам қишлоқ ишларини уддалайман. Фақат мен севган одам бўлса бўлди.
– Яхши…
Сониялик зулмат қаъридан, кўз олдимда минглаб юлдузлар пайдо бўлди. Улар жуда ёруғ, лекин жуда кичкина эди. Йўлимизни ёритаётган тунгги чироқлар билан бирга менинг кўзларимда чарақларди. Лекин булар менинг юлдузларим, улар кўзларимдан оқиб, милт-милт ёнаётган юрагим тубига ёмғир бўлиб томчиларди.

III

Шу воқеадан сўнг мен на Лобарга дўст, на ошиқ бўлдим. Лекин у мени жуда яқин дўст деб билар, менга эса бу мақомни кўтариб юриш жуда оғир эди. Йиллар ўтди. У ҳеч ўзгармади. Тинмай ўқир, изланарди. Бу унинг курсда ажралиб қолишига олиб келди. Қизлар уни ёқтирмас, йигитлар сергап ва эрта қариган соҳибжамолга чиқариб қўйишди. Бунинг устига, боши тез-тез оғриб турар, бир ойлаб ўқишга келмай қўярди. Шунда мен уни кўргани шифохонага бориб турардим. У билан ўша жойда қилган суҳбатларимизнинг ўзи бир жаҳон эди. Лобар қалбида ётган ва жавоҳирдек сақлаётган ниятларини дўстона ўртоқлашарди.
У орзусидаги ёрни интиқлик билан, кутиш йиллари қанча чўзилишини билмай умид ва ишонч билан кутарди. Орзу қилган ўша номаълум йигит унинг энг ёруғ юлдузи эди. Аммо Лобар жуда содда, ишонувчан, таъсирчан қиз эди. Унинг орзусидаги ўша йигит сифатларини сценарийга туширсам-у, кимдир бу ролни ўйнаса, Лобар унинг қўлида қўғирчоқ бўлиб рақс тушадигандай туюларди. Шунинг учун ундан хавотирланардим.
Лобар ўқишни тугатиб, тезда муваффақият қозона бошлади. Илк ёзган сценарийси суратга олиниб, унга кутилмаган шуҳрат олиб келди. Унинг кийимлари, гап-сўзлари бироз ўзгарди. Шундан сўнг қатор фильмлари шуҳратига яна шуҳрат қўшди. Унинг атрофида турли режиссёрлар, операторлар парвона бўларди. Мен буларни эшитиб хурсанд эдим. Чунки у билан муомалага киришиб, ҳамма ҳам ишлай олмасди. У ишига жуда талабчан, иш битмагунча неча кунлаб мижжа қоқмайдиган, шерикларини ҳам тиндирмайдиган куюнчак санъаткор эди. Бундан ташқари, зиғирча адолатсизлик, озгина манфаатпарастлигу ноҳақликка ҳам чидаб туролмас, ўша инсон билан барча ҳамкорликни тўхтатиб қўярди. Мен бундай одамларга доим қийин бўлишини англардим. Шунинг учун унинг эришган муваффақиятларидан, ўзини тушунадиган одамлар даврасида эканлигидан чексиз бахтиёр эдим. Бироқ у ҳамон қалбан ёлғиз эди. Йиллар унинг асабларига, сабрига таъсир ўтказмай қолмасди. Аммо ҳамон садоқат билан қалбидаги ўша, энг ёруғ юлдузни кутарди. Юрагидаги энг нурли инсонни… Бироқ у ким эди? У қачон келади?
Бу орада менинг ҳаётимда янгилик бўлди. Қишлоғимизда бир қиз билан унаштирилдим. Синфдош дўстимнинг тўйига борганда кўриб қолгандим. Жуда чиройли, қуралай кўзли қиз эди. У менинг, балки ота-онамнинг ҳам орзусидаги меҳнаткаш ва, энг муҳими, тагли-тугли хонадондан эди.
Бу хабардан Лобарнинг хурсанд бўлишини кутгандим. Аммо у унаштирилганимни эшитганда кўзларини олиб қочди. Бемаъно жилмайди. У ҳеч қачон бунақа қуруқ жилмаймасди. Сўнгра мендан бўлғуси рафиқамнинг расмини сўради. Мен телефондаги қизил палто кийиб тушган расмини кўрсатдим. У тикилиб қараб қолди ва “Нурли қиз экан, юзида фариштаси бор-а! Уни эҳтиёт қилинг”, деди-да, бошқа бу ҳақда оғиз очмади.

IV

Белгиланган вақтда у айтган жойга етиб бордим. Лобар анча озибди, кўзлари киртайиб қолганини кўриб, юрагим зил кетди. У мен боришим билан ўрнидан турди ва жилмайганча салом берди. Ресторан гавжум эди. Шовқин-сурон авжида. Асосан болалар бақир-чақир қилишарди. Рўпарамизда бир оила ўтирар, аёл бугун кечки овқат қилишдан қутулиб, ресторанга келиш нияти амалга ошганидан хурсанд, эри эса олайган кўзлари билан хотининг гапларини беэъ­тибор эшитар, тез-тез телефонига қараб қўяр, аллақачон бундай ўтиришлардан безган, тезроқ бориб ухлашни мақсад қилган одамга ўхшарди.
Лобар билан сўрашгандай бўлдик. Гўё ҳар кун кўришиб тургандек, унга қандай гап топишга қийналардим. Шундоқ олдимизда кичкина аквариум ҳам бор экан. Унда миттигина, каттаси бармоқдай келадиган қизил, қора, оқ, яшил, сариқ, бинафша рангли балиқчалар сузиб юрарди. Лобар атайлаб шу ерга ўтирганлигини айтди. Лекин ўзи бирор марта балиқлар томонга қараб қўймади. У ҳам рўпарадаги оилани кузатарди.
Мен музқаймоқ ялаб, унинг нозик бармоқлари асабий титраётганини сездим. Лобарни бир дард эзаётганди. У жиддий бўлиб кўринишга ҳаракат қилмас, боласини ёлғондан юмшоқ жойига ураётган бояги уй бекасига маъносиз қараб турарди. Тўсатдан менга ўткир нигоҳ билан тикилиб, ҳозир айтмаса ёрилиб кетадигандек гапира кетди.
– Жинни деб ўйлашингиз мумкин. Лекин сизга бир нималарни айтмасам бўлмайди.
– Айтинг, бемалол. Ўзи сизни эшитгани келдим.
– Менга нима муҳим эканлигини билолмай ҳалакман. Биласиз, мен узоқ йиллардан бери кимнидир, “оқ отли шаҳзода”мни кутаман. Худди ўсмир қизалоқлардай.
– Ўзи ёшсиз-да.
– У келишига ишонаман. «У! У! У!» дейишдан чарчадим! Қачон унинг номи маълум бўлади, билмадим. Қаердадир юргандир-да… Сандирағлаб… Лекин қай бири муҳимлигини эртароқ аниқлашим керак. Нима муҳим? Биз кўпинча шу биргина саволга жавоб бера олмай, уни танимай туриб, турли жойларга бош уриб кўрамиз. Натижада биз ҳақиқий бахтдан маҳрум бўламиз. Масалан, мана бу эркак, боятдан бери менга бир-икки марта ёмон қараб қўйди. Эътибор қилмадингиз-а? Кўзлари булоқ сувидек тиниқ қизчалари олдида-а! Меҳрибон хотинини қаранг, қанчалик бахтга ташна, бу кун тугашини у сира ҳам хоҳламаяпти. Эр эса муҳим нарса нималигини ҳали ҳам билмайди. Буни у ўйлаб кўрмагандир ҳам. Балки унақамасдир. Жуда яхши одамдир. Наҳот фақат қора рангларни кўзим кўраётган бўлса…
– Йўқ, Лобар!
– Мен кутган йигит ёнимдан, шундоқ бурнимнинг тагидан ўтиб кетган бўлса, мен нима қиламан-а! Бутун умрим уни кутиш ва ўйлаш билан ўтса-ю, у аллақачон эътиборсиз қолиб, кибр ошган бирор манзилимда қолиб кетган бўлса. Худо қайтариб берармикан уни!
– Лобар…
– Нималар деяпман. Чалкаштириб ташлаяпман…
У менга тикилиб турар экан, киприклари учар, сониялар алмашган сайин кўзларига маъюслик ва умидсизлик руҳи чўкарди.
– Ҳаммаси тушунарли. Уни мабодо таний олмай қолган бўлсангиз, бир кун келиб, албатта, қайта учратасиз.
– Лекин унга бу кўзлар билан боқишнинг асло иложи бўлмай қолса-чи? Доим инсон бир хил яшайвермайди-ку! Ахир, умр ҳам қисқа, қум зарралари каби чексиз эмас, аслида, улар ҳам чекланган. Инсон ўйу орзулари, армонлари олдида-ку, қумлар ҳам жуда қашшоқланиб қолади. Айтмоқчи, менинг фильмимни кўрдингизми, яқинда суратга олинди. Куни кеча премьераси бўлди.
– Йўқ.
– Режиссёр Аҳмедов, биздан бир-икки йил олдин драма режиссёрлиги йўналишини тугатган. Танийсиз!
– Ҳа, бўлди, уни яхши танийман.
– Ўша фильмда бир қиз образи бор. Шу қизнинг пешонасидаги тақдир чизиғи менинг ҳаётимга жуда яқин. Балки ўша қиз мендирман. Ахир, фильм сценарийсини ўзим ёздим-ку. Ўша қаҳрамон қизнинг дўсти йўқ, муҳаббати йўқ, яқинлари ташлаб кетган, аммо орзулари ва армонлари чексиз. Худди менинг ўзим каби. Унинг шундай гаплари бор: “Соғлиғим кўтарганда спортчи бўлардим. Энг кучли спортчи, энг кучли. Шунда бундай кўнгил йўлларида айнимаган бўлармидим”. Ҳа…
– …
– Бошимда қадрдон касал бор. Эй, майли, биласизми, менинг исмимни ойим, аввалига Паризод қўймоқчи бўлган экан, кейин нимадир бўлиб Лобар қўйган. Буни аввал ҳам сизга айтмаганмидим?
– …
– Айтганмидим. Нега жим турасиз?
– Йўқ.
– Буни онам менга биринчи марта гап орасида шунчаки айтганда кўзимдан ёш чиқиб кетай деган. Ўзимни зўрға ушлаб турганман. Худонинг қудратини қаранг, мен гўдаклигимдан шу номни орзу қилардим, шу сўзнинг мафтуни эдим. Паризод, пари…
– Париларга ўхшайсиз.
– О!.. Тўғрисини айтсам, мен фильмни кўрмаганизни билардим. Ўзим учун яна бир ишонч ҳосил қилиб олдим-да. Демак, ҳаммаси тўғри кетяпти. Хуллас, бир муҳаббат тарихи ҳақида гап кетади. Ишончсиздек туюлиши мумкин. Лекин бунинг бари ҳақиқат. Одамлар муҳаббатни маълум сўзгагина сингдирмоқчи бўлади. Муҳаббат бу чарағон манзара, табиатнинг чексиз ва қайтарилмас куйи, дунёнинг энг ёқимли ифоридир… У осмондаги булутлардан эркинроқ. Инсон кимнидир севиши эмас, ўзи севги деган туйғуга айланиши керак. Инсон туйғуга айланишига ишонасизми? Унда шакл йўқолиб кетиши мумкин деб ўйлайсизми? Ўша ўз туйғуси унинг ўзи, яъни исми, борлиғи, тақдир ва ўлими бўлиши лозим.
– Нима бўлди сизга, Лобар?
– Аслида, мен ҳам муҳаббатнинг мевасиман. Бу ҳис шу қадар ёруғ, шу қадар кенг ва шу қадар залворлики, кўп ҳолларда бу туйғуни пок сақламоқ учун кучимиз етмай қолади. Ўзимиз билмаган ҳолда шу юк билан сийланамиз ва бекор ортилган оғирликдан вақти келиб қутулишни истаб қоламиз. Бизга берилган бу нодир туйғуни биз тош сингари оғир юкка айлантириб қўямиз. Муҳаббатни ерга ётқизиб судрадик ва яна бўйнимизга олдик, яна ерга отдик ва яна судрадик, балчиққа отдик. Натижада туйғуларимиз қора балчиқ тубига мангу сингиб кетди…
– Лобар кимнидир ниҳоят севиб қолибди!? Ким у бахтли йигит? Расми борми телефонизда?
– Муҳаббат энг ширин таом, энг ширин мева … Масалан, мен шафтолини яхши кўраман, шафтолидан минг баробар ширин таъмни биласизми? Лекин мен муҳаббатни ҳеч қачон таний олмаганман, у қандай ўзи? Муҳаббат дунёдаги ягона реал мўъжизадир балки, а?!
– Ўзингизни гўлликка солманг! Ким у бахтли, шунча куттирган йигит, фотосурати борми? Мен танийманми?
– Негадир сиз билан кўришгим келди. Бугун…
– Нега? Қарашингиз ғалати? Мени севиб қолган бўлманг тағин. Ахир, сиз менинг дўстимсиз? Сизни йўқотишни истамайман.
– Сиз ҳам менинг дўстимсиз.
Лобар узр сўраганча ўрнидан туриб, қаергадир кетди. Шунда яна кўзим балиқларга тушди-ю, улар кўзимга сохта махлуқлардек кўриниб кетди. Ундаги ҳамма нарса, дарҳақиқат, сохта? Овқатлари, ташқи дунё билан боғловчилари, тошлари, уйлари, балки ўзлари ҳам сунъий урчитилгандир. Қизиқ ва даҳшатли ҳаёт! Аквариум ичида битта сополдан ясалган кичкина кема ағнаб ётарди. Улкан кеманинг жуда майда шакли. Балиқлар унинг палубаларида гўёки улкан балиқдай сузиб юрарди. Шунда аквариумда бир оқ балиқ ўлиб ётганига кўзим тушди. Уни сариқ рангга бўялгандек товланувчи, ўзи жимитдек бўлса-да, кўзлари билан олайиб қарайдиган балиқча тумшуғи билан саргардон қилиб, у ёқдан бу ёққа коптокдек ўйнатарди. Оқ балиқнинг думи аллақачон тушиб кетган, танасининг ранги ҳам бироз ўзгарганди. Демак, ўлганига кўп бўлган.
Лобар келиши билан менга “Илтимос, кетайлик”, деди. Мен официантни чақирдим ва ҳисоб-китоб қилдим. Чиқаётиб аквариумга қараб қўйдим. Жонсиз оқ балиқчани ҳамон сап-сариқ малъун тумшуғи билан судраб юрарди.
Ташқари анча салқин экан. Мен костюмни Лобарнинг очиқ елкаларига ташлаб қўйганимда, у менга мамнун кўзлари билан шундай дилбар қарадики, ўша онда уни мен ҳамон жонимдан ортиқ кўришимни ҳис қилдим. Кейин ресторандаги эркакдан фарқим йўқлигини ўйлаб, ўзимдан жаҳлим чиқиб кетди.
Йўқ, муҳаббат мўъжиза эмас, буюк қўрқувдир.
Ўша куни юлдузлар осмонда порларди. Майин эсаётган шабада Лобарнинг тарқоқ сочларини сийпалар, уларни сочиб, турли томонга етаклаб ўйнатар, намланган лабларини нозиклик билан қуритарди. У узун пошнали туфлиси билан, тик қадам ташлаб юрар, елкасига ташланган костюм енглари ҳам у билан бирга олға қадам босаётгандек ҳавода ликилларди. Узун пошналардан чиқаётган тақ-туқ овоз менга бир мусиқадек эшитилар, бизга ҳамдам ёқимли муздек ҳаво бу сирли таронага рақсга тушарди..
– Пиёда кетгим келди. Сизни ҳам ўзимнинг ортиқча инжиқликларим билан жуда қийнаб қўйдим.
– Нимага, сиз билан пиёда юриб мазза қиляпман, кўпдан бери бундай юрмагандик.
– Яхшиям, сиз борсиз!
– Нима бўлди…
– Ҳаммаси яхши…
– Ўхшамийди-ку? Яхши дам олиб чиқдингизми?
– Ҳа, даволандим. Эркалик қилдим-да онамга.хозир эса нима қилишни билмай қолганман? Мен онамни жуда қийнаб қўйдим.
– Нимага?
– Мен онам ўйлаганидек бахтимни топа олмаяпман!
– Бир куни келиб, албатта, топасиз! Мен бунга ишонаман.
– Мен севмай ўтиб кетишим мумкинми? Сиз севгансиз-ку! Қанча қизлар шу муҳаббат оғусидан телбага айланишади-ку! Нега мен сева олмаяпман? Жуда оғир дард бу, жуда оғир… Лекин энг ёмони, севган одамингни ўзинг босиб ўтган йўлингдан анча йиллар ўтиб топиб олишингдир! Ҳа..
Биз ўша кун худди севишганлардек, манзилга элтувчи қадамларни қизғаниб секин юриб борардик. Унинг ширин бўйларидан мен маст эдим, дардларининг устунлиги олдида эса паст эдим.
Лобар мен билан хайрлашар экан, яна ўша мамнунлик ва меҳр кўзлари билан боқди. Костюм ичида ўзини жуда эркин ва кучли ҳис қилганини айтганда қўллари титраб кетди.
Биз хайрлашдик. Шунда у ҳаммаси жуда ўхшайди, дегандек гап қилди. Мен унинг нега унақа деганини сўраганимда, шунчаки, деб жилмайиб қўя қолди.

V

Орадан сўнг икки ой ўтиб тасодифан Лобар айтган фильм афишасига кўзим тушиб қолди ва ўзимдан уялиб кетдим. Ахир, у шу фильмга тушишимни қанчалик хоҳлаганди. Ишларга шўнғиб, унутиб қўйибман.
Фильм афишаси зангори рангда безатилган бўлиб, унда бир қиз кўкка боққанча турар, кўзларидан дурдек ёш томчилари ерга юмаларди. Афишанинг ўзи бир санъат асари эди. Фильм номи ҳам ажойиб, ҳам мунгли: “Юлдузини йўқотган Паризод”
Мен кинозалда эдим. Гўё Лобар билан бирга ўтирардим, у билан кино кўрдим. Йўқ! Йўқ! Биз роль ижро этар этдик.
Фильм, ҳақиқатан, унинг ҳаёти, Лобар оламининг образли тасвири эди. Аммо фильмда мен ҳам бор эдим. Биз ўтган йўл, илк танишувимиз, илк қарашларим, ҳатто ҳозирги ҳолатим ҳам бор эди. Мен ўтирган жойимда унсиз йиғлардим, мени ўйнаётган актёр ҳам йиғларди. Актёр куларди, мен ҳам алам-ла кулардим. У қизни севиб, умидсиз қийналарди, мен эса куярдим. Сўнгра қаерда ўтирганимни ҳам билмай қолдим. Кўз олдимда Лобар мен билан ёруғ нур остида бирга эди. Нур кўрсатаётган тасвирлар бизнинг тақдир ойнамиз эди. Бизнинг томирларимиздан нур – қон олиб, кўзларимизга армон ҳисларини қуярди.
Лобар худди сеҳргардек фильм ишлаган экан. У умуман адашмаган, мен у кўрган ва ҳис қилган аҳволда эдим. Фақат актёр бироз бўрттирарди, холос.
Кўпчилик фильм ҳаётдан олинади, баъзилар шундоқ ҳаётдан кўчирилади, дейишади. Бунда эса фильмдан ҳаёт қурилади. Фильмдаги қиз ўз бахтини узоқлардан излайди. Ҳаётини идеаллаштириб ташлагани учун бирор инсон унинг зирҳланган кўнгил деворига яқинлаша олмайди. Самимий туйғулар қиз инжиқликлари остида ҳалок бўлади. Қиз қаттиқ адашганди. Қиз турфа азоблар исканжасида телбага айланишдан олдин бир фильм ишлайди. Унда ўзининг қисматини башорат қилади. Йигит эса қизнинг севгисини у оғир азоблар исканжасида жон берган куни, қиз ишлаган фильм орқалигина билади. Аммо йигит жуда кечикиб чипта сотиб олганди.
Мен титрардим. Ўша экран очилса-ю, мени ютиб кетса дердим.
Йўқ! Муҳаббат буюк қўрқув эмас, дунёдаги энг катта жасоратдир. Фақат бу жасоратга ҳамма ҳам ҳақли эмас!

VI

Кўчага отилдим…
Ҳайқиргим келар, аммо овозим чиқмасди. Фақат Лобарнинг ширин товушинигина эшитардим.
– Сиз юлдузларни яхши кўрасиз-а?
– Мен сенинг кўзларингни яхши кўраман
– Бунинг учун мен катта, энг ёруғ, энг сирли, энг жилвакор юлдузга қараб туришим керак экан-да, шунда кўзларимда ажиб юлдузлар томошасини кўрасиз. Энг ёруғ юлдуз! Ўша юлдуз бормикан-а? Келинг, қидириб кўрайлик, топмагунча қидирамиз. Мен энг ёруғ, энг катта, энг жилвакор юлдузни излаб кетаяпман. Мен уни топаман ва сиз, албатта, менинг кўзларимда ўша юлдузларни кўрасиз!
Кинотеатр йўлагида одамларга урилиб-сурилиб илдамлаб кетар эканман, кимдир орқамдан чопиб келиб тўхтатди.
– Нима бўлди сизга, ука? Шунча чақирсам ҳам эшитмайсиз? Телефонингиз қолиб кетибди. Ўтирган жойингизда. Тинмай жиринглаяпти. Фильм кўраётганларга халал бердингиз. Ана, яна қўнғироқ қилишяпти? Олинг! Эй… қанақа одамлар бор-а?.. – деб тинмай гапираётган Аҳмедов мени таниб қолди. Бирпас гапини йўқотган боладай каловланди. Ва бирдан тилга кирди:
– Эшитдингизми?
– Нимани?
– Лобар қазо қилибди…
Кейин нима бўлди, у яна нималар ҳақида гапирди – буни эслай олмайман. Очиғи, бошқа бирор гапини эшитмаганман. Йўлакда қанча ўтирганлигимни билмайман, фильм томошасидан чиқаётган одамларнинг шовқин-суронидан ўзимга келдим. Қаердандир қулоғимга бир қизнинг ҳаяжонли сўзалари чалинди. “Фильм ҳаётийликдан узоқ экан, бўрттиришибди”. Ҳа, ҳақиқатан, бўрттиришибди. У шунчаки пари эди, Паризод эди…
Ташқарига чиққанимда осмон тўла юлдузлар порларди. Олдга қадам ташлагандим, бир митти юлдузчани босиб олай дедим. Замин тўла юлдузлар эди. Улар шундай ёруғ, улар шундай чароғон эдики, мен энди қадам босолмай қолдим.

VII

“– Келинг, кўришайлик. Негадир, бугун… ким биландир дардлашгим келаяпти.
– Соат нечида?
– Ишдан чиққанда-да…
Компьютернинг соатига қарайман, иш тугашига ярим соат бор. Қўлимда телефон тутганча, ўтирғичга суянаман. Лобар бетоқат яна нималардир дейди. Деразадан кўзим қуёшга тушади. Қуёш қизғиш ранг­лар билан хайрлашиш тасвирини чизарди”.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 7-сон