Султон кампирнинг кенжаси бозорда юк ташийди. Унинг араваси бозордаги энг озода, кўркам арава, ўзи ҳам ҳеч қачон одамлар билан ҳақ талашмайди, ким қанча берса, шуни индамай олиб кетаверади, бозорлигини ким қаерга деса, шаҳарнинг нариги четидаги уйига бўлса ҳам олиб бориб бераверади. Ҳар куни бозор четидаги энг гавжум ошхонадан бир коса ош, битта кулча олиб, тушлик қилади, устидан бир донагина музқаймоқ ялашни ҳам унутмайди. Қолган пулларининг бир сўмини ҳам камайтмасдан онасига келтириб беради. Султон кампир кечки пайтлар бозордан ранглари ўчинқираб қайтган ўғлининг елкаларидан қучиб, “Бой болам, бойвачча болам-а”, деб эркалайди. Акалар эса кўпинча ижирғанади:
– Йўқ қилинг шу овсарингизни. Шунинг топган пулини!..
У ҳақиқатан ҳам соддами, овсарми, ишқилиб, бироз ғалатироқ. Гаплашсангиз, гаплари ҳам тўқмоқдай, кўриниши ҳам бинойидек, бир айби – баъзан катта кўчаларда ҳам қўшиқ айтиб юраверади, бир хаёлга берилса, манглайида турган қирқ йиллик қадрдонини ҳам танимайди, баъзан етти ёт бегонага етти букилиб салом бериб, ҳол-аҳвол сўраб қолади.
Бу йил тирамоҳда Султон кампир ёмон оғриди. Ҳар оқшом ётишдан аввал “Шу боламнинг насибаси учун эртага соғ-саломат турайин-да”, деб Оллоҳга илтижо қиладиган бўлиб қолди. Бўлмаса, тўққиз болани уйли-жойли қилган бойбичча, бу ёқда келинларнинг, у ёқда куёвларнинг ҳурматига сазовор бўлиб ўтирган аёл. Аммо гўё жони шу кенжасининг ичида. Келинлари-ю қизларига тинчлик бермай қўйди:
– Шунга биттагина қиз топинглар, ўлиб-нетиб кетсам, кир-чири, ўрин-тўшаги қаровсиз қолмасин.
Келинлар индамай қўйишарди. Қизлар бўлса: “Жим ўтиринг, шу тентагингизга ким ҳам тегаман деб, ўлиб бораяпти”, деб силтаб ташлашарди. Момонинг кўзларида “ғилт-ғилт” ёш айланарди: “Сенларга қолган куним қурсин”.
– Бунингиз бир синф ўқиган бўлмаса, бир ҳарф танимаса, умрида бирон қиз билан гаплашиб кўрган бўлмаса! Буни қандай уйлантирасиз? – жовиллашарди бешафқат қизлар онани баттар ранжитиб. – Бўлмайди. Агар ўлиб кетсангиз, ўзимиз қараймиз, сиз ҳеч хавотирланманг.
Момо ўзига етгунча қайсармиди ёки ўғлидан шунчалар хавотирландими, аҳволи сал ўнглангач, ўзи келин ахтаришга тушиб кетди. Излаб-излаб, ўзи орзулаганидан ҳам зиёда бир қиз топди. Олис тоғли қишлоқда яшовчи бу қиз эртаклардаги маликалар билан ҳусн талашган чўпон қизидек эди. Бир айби – оёғи туғма оқсоқ, шу айб билан ёши ўттизга етган, шу кунларга етгунча ота-она ҳам ўлиб кетган, янгаларнинг хизматида турткихўрда бўлиб юрган бир ҳокисор парирўй эди.
Момони бошлаб келган овсин – асли шу қишлоқнинг одами, гап мақсад-муддаога кўчгач, бўлажак куёв йигитни қиёмига етказиб мақтади.
– Шундай кўнгилгинаси очиқ. Шундай меҳрибон, меҳнаткаш, саломини канда қилмайди. Бозорда ишлаб, ака-опаларидан кўпроқ пул топади. Агар хўп десаларингиз, овсиним билан қайноғам ҳам шу қизнинг хизматкори бўлишади.
Ака билан янга қиздан сўраб ҳам ўтиришмади: “Битта оғизнинг ками кам, атаган-бойлаганларингиз бўлса, олиб келаверинглар”.
Султон кампир борини тўкди. Бошқа ўғил-қизларини ҳам тинч қўймади. Ака-опалар ҳар қанча чимирилиб, ғижинишмасин, Султон кампир кенжасининг тўйини ҳеч кимникидан кам бўлишига йўл қўймади.
Оппоқ кўйлак билан тим қора костюм-шим кийиб, бўйинбоғ тақиб олгач, бўлар-бўлмасга илжайиб тураверишини айтмаса, Кенжа ҳам нақ шаҳзодага айланди-қолди, ёнида турган сулув келинчак ҳам маликанинг худди ўзи, тўйга келганлар уларга қараб тўймас эди.
Тўй тарқагач, Кенжа қариндош-уруғлар етовида келинни чимилдиққача кузатиб қўйди. Бир вақт қараса, чимилдиқ ортида қунишиб ўтирган келин билан иккисидан бошқа ҳеч ким йўқ. У қўрқиб кетди, эшик ортида турган янгаларнинг “ҳай-ҳай”лашига қарамай, қочиб чиқиб кетди. Бир дастурхонга қолган-қутган егуликларни йиғиб, тўйни якунлаётган йигитлар уни кўриб, қийқириб юборишди.
– Хўр-роз! Бўлдими?
– Ҳей, мен сенга нима дегандим? Бизнинг Кенжа билан ҳазиллашма, демаганмидим? Кенжа, бу ёққа кел! Қани, куёвга қуйинглар!
Уни ҳам ўз давраларига қўшишиб, бири қўйиб, бири унга куёвлик “вазифа”ларини тушунтира кетишди…
Кенжа анча сархуш, толиққан ҳолатда чимилдиқли уйга кирганда келиннинг ёнида ўтирган янга оҳиста томоқ қириб, ташқарига чиқиб кетди. Келин одоб билан ўрнидан туриб, чимилдиқнинг бир четига ўтди. Кенжани чимилдиққа бошлаб келган мардона сархушлик тарқаб, унинг ўрнини ҳаяжон эгаллаб олди:
– Ассалому алайкум.
Унга жавобан келин расамаддисини келтириб, уч марта таъзим қилди.
– Э-э, яша-а-нг, раҳма-а-т, – у юрак ютиб, келиннинг ёнига бориб, қўлларидан тутди. – Нега тик турибсиз, ўтирсангиз-чи?
Келин итоаткорлик билан ўтирди.
– Исмингиз нима?
– Ойгул…
– Ой?.. Ҳа-а, кечадан буён бу қизни қаерда кўрганман деб ҳайрон бўламан-а. Сиз осмондан тушиб келдингизми? Яна осмонга қайтиб кетиб қолмайсизми?
Келин бош чайқади: “Йўқ, кетмайман”.
– Раҳмат сизга! Келинг, энди ухлаймиз, мен сизни ечинтириб қўйишим керак экан…
Шу кундан бошлаб, Кенжа бозорга чиқмай қўйди. Эрта-ю кеч келиннинг изидан соядек эргашиб юрарди:
– Ой! Оймомо, Оймомом менинг! – унинг юзига термилиб ҳеч тўймас, завқи келганда атрофдагилардан ҳеч тортиниб ўтирмасдан, кўрсаткич бармоқлари билан келиннинг биқинига нуқиб, қитиқлаб қўяверарди. Бундан келин шўрлик ерга кириб кетгудек хижолат бўлар, шолғомдек қизарган кўйи уйига кириб кетар, изидан келган Кенжани жеркиб ташларди:
– Одамни шарманда қилдингиз!
– Жонингдан!..
У аччиқланган сари Кенжанинг завқи ошиб, келинга ёпишиб кетаверарди.
– Боринг-э нарёққа, куппа-кундузи уялмайсизми?
– Нега уялишим керак? Ахир сиз менинг закунний хотиниммисиз? Ҳа, унда мен сиз билан истаган пайтим истаган ишимни қилишим мумкин… Ҳа, шундай!
Келин… чилласи чиқар-чиқмас кетиб қолди. Султон момо не-не орзу-ҳаваслар билан қилган зебу зийнатлар, ялтир-юлтур кийим-кечаклар, оёқларига йиқилгудек бўлиб ялинган қайнона ва дилафгор эрнинг илтижо билан жавдираган кўзлари – ҳеч нарса уни олиб қололмади.
Орадан бир ҳафта ўтгач, тоғдан қудалар келишиб, ўзлари қилган уч-тўрт кийим-кечак, кўрпа-тўшакни олиб кетишди:
– Ўзимни осаман, деяпти жувормарг, уволига қолиб кетмайлик.
Келиннинг аҳволи ҳақиқатан ҳам яхши эмасга ўхшарди, бу нарса уларнинг қўрқув соя ташлаб турган кўзларидан англашилиб турарди:
– Бир ўқитиб ҳам ташладик, ҳеч фойдаси бўлмади.
Шу куни Кенжа роса йиғлади. Кўчага чиқиб кетиб, аллақаердан ичиб келиб, ҳовлини бошига кўтариб, тўполон қилди:
– Оймомомни топиб беринглар! Топиб беринглар Оймомомни!
Уни юпатиш учун баҳона ҳам излаб кўришди:
– Ҳей, Кенжа, тентакмисан? Оймомо кечаси, ухлаб қолганингдан сўнг келади. Кундузи қуёш бўлади. Сен кечгача сабр қил, Оймомонг ўзи келади.
Аммо Кенжа муроса қилишни истамас эди:
– Йўқ, йўқ, ҳозир келсин менинг Оймомом! Ҳозироқ олиб келиб беринглар!
У ёш болалардек ерга ўтириб олиб, тепсиниб-тепсиниб йиғларди. Сўнг шу аҳволда йиғлаб-йиғлаб кўчага чиқиб кетарди.
– Оймомо-о! Оймомогинам! – ҳувуллаб ётган бўм-бўш даштларга қараб бақирарди Кенжа. – Қанисан? Нега мени ташлаб кетдинг? Сенсиз менга жуда қийин, энамгаям қийин, кел, кела қол, Оймомо, бизни қийнама! Йўлга тушдингми? Раҳмат, билардим қайтиб келишингни, мен сени ўзим кутиб оламан, ҳозир, мана, бораяпман, ҳозир етиб бораман.
У ҳар куни ўзига ўзи шундай гапириниб, йўлга тушади. Сўнг катта йўлни ёқалаб кетаверади, кетаверади… Бир жойларга етиб боргач:
– Э-э, сен бу томондан келар эдинг-ку, эсимдан чиқибди. Шошмай тур, ҳозир олдингда бўламан, – дейди.
Ва яна йўлини янгилайди.
Ҳаммадан ҳам Султон момога қийин бўлди. Боласининг аравакашлик қилиб топган пулларини санаб олиб ўтирган кунлари ҳам бир даврон экан. Нонуштадан сўнг ўз-ўзига гапириниб, мунғайибгина чиқиб кетаётган ўғлига “ҳай-ҳай”лагани билан ортига қайтара олмаса, унинг қаёққа кетаётганини билмаса, бод чалган оёқларини судраб унга эргашиб юра олмаса, ҳувуллаган ҳовлида ёлғиз ётиб, хаста боласининг дардига малҳам бўла олмаса!
– Онанг бўлмай, менгина ўлайин-а, болам!.. Қўлимдан бир иш келмаса… Қаерлардан сени уйлантирдим-а! Соғларни девона қилган ишқ савдоси қуриб кетсин-а, менинг девона боламни дайди қилди, адойи тамом қилди! Энди қандайлар чора топаман-а!
Султон момо бир кун белига катта шол рўмолни қаттиқ боғлаб, ёнига ўғлини олди-да, йўлга тушди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб… Оймомонинг қишлоғига етиб келди.
– Шу Ойгул келин билан ўзим бир гаплашайин.
Уларнинг келаётганини кўриб, Ойгул энг ичкари уйга кириб олган экан, ҳовлига чиқмади. Султон момо кўзлари жавдираб турган кенжасини мезбонларнинг олдида қолдириб, ўзи ичкарига кирди.
– Ўғлим, сен шу ерда ўтириб тур, мен намозимни ўқиб чиқай.
Ойгул ҳам ранги ўчиб, озиб-тўзиб кетган эди, Султон кампирни кўриб, гарчи бу учрашувга ўзини тайёрлаб ўтирган бўлса ҳам, каловланиб қолди. Кампир қизни бағрига босиб, узоқ йиғлади:
– Ўғлим икковимизни тириклайин ерга кўмиб келганингни биласанми? Одам ит билан ҳам, мушук билан ҳам дўст бўлиб яшайди. Бева бефарзанд қўшнимизнинг бир мушуги бор эди, шу мушук болалаб-болалаб бир уй мушук бўлди, бева шуларга қараб, шуларнинг ташвиши билан ўтиб кетди боёқиш. Наҳот менинг ўғлим мушукдан ҳам ёмон бўлса?!
Ойгул индамади.
– Жон болам, уйга юр, уйингга юр. Сен кетгандан буён болам бир кун ҳам уйда ўтиргани йўқ. Кун бўйи сени излаб кўчаларда тентираб юради. У ўзи яхши йигит эди, уйлангунича бозорда ишлаб, дунё-дунё пул топиб келгич эди. Ичмайди-чекмайди. Сенга қизиқиб, беш-олти кун бозорга чиқмай қўйди-да. Сал кунда қизиқиши ҳам сўнади, яна аввалги ҳолига қайтади. Унга озгина вақт керак, жон болам, жоним болам, йўқ дема, уйга қайт.
Ойгулнинг қуралай кўзлари ёшга тўлди, бир ютиниб, бош чайқади: “Йўқ”.
– Йўқ, дема, болам. Кенжам ўлиб қолади. Савоб учун, Худонинг розилиги учун қайтгин. Майли, уни эр деб билма, бир мушукка қарагандек қарасанг ҳам майли, фақат уни бу аҳволда ташлаб кетма. Бир одамни бир парча этдан боқиб-бовлаб, кўпга қўшиш қанча савоб бўлса, бировнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳам шунча савоб бўлади. Ҳеч иш қилма, қўлингни совуқ сувга урмасанг ҳам майли, фақат уйимда ўтирсанг бўлди. Хўп дегин, жон болам, майлими?
Онаизорнинг юраги эриб, сув бўлиб оқиб кетди. Ойгул ҳиқиллаб йиғлай бошлади, шундай бир меҳрибон онаси йўқлигини армон қилди…
Лекин барибир бош чайқади.
– Момо, ҳеч иложим йўқ. Бер десангиз, юрагимни суғуриб, қўлингизга берайин. Аммо мен энди у уйга қайтиб бора олмайман. Ўғлингиз… мушук бўлса, бош бурмай қараган бўлар эдим, аммо у одам, сиз билан мен ўйлагандан ҳам содда одам. Уни йўлдан уриб, ёмон ишларга ўргатувчилар, шундан ҳузур қиладиганлар кўп. Одамлар жуда бешафқат. Мени қийнаманг, мен бора олмайман.
– Ким, нимани ўргатибди боламга, айт, ўзим гаплашаман.
Ойгул айтмади.
Султон кампир зўрға судралиб ташқарига чиқди. “Намозимни ўқиб чиқай”, деганда индамай супада қолган ўғли унга қараб:
– Оймомо йўқмикин, – деб сўради.
Султон кампир қизариб кетган кўзларини ўғлининг умидвор нигоҳидан олиб қочди. Кенжанинг ранги ўзгарди. Бир онасига, бир уй эгаларига қаради:
– Эна, мен шу ерда қолай. Шуларнинг ишларини қилиб, шу ерда юрай, эна, майлими? Оймомо ҳам бир кун барибир шу ерга келади. Хўп денг, эна…
Султон кампирнинг султонлигидан асар ҳам қолмаган эди. У умид билан жавдирабгина мезбонларга қаради:
– Майли эди… Худо йўлига… Ҳамма ишларингизни қилади…
Мезбонлар ерга қарашди:
– Ойгулнинг ўзи зиёда. Арвоҳлар рўйи хотири учун сақлаб юрибмиз.
Султон момо оғир хўрсиниб, ўрнидан қўзғалди:
– Болам, энди Оймомонг осмондан туша олмас экан, бу ердан кетамиз.
Кенжа бир онасига, бир хўмрайиб туришган уй эгаларига қарай-қарай йўлга тушди. Аммо унинг кўнглини бирпасда умидсизлик тарк этиб, муҳаббат эгаллади:
– Эна! Эна-а! – ўйдим-чуқур сўқмоқда бир амаллаб илгарилаётган онасининг енгидан тортди илжайиб. – Биз бу ёқда юрибмиз, Оймомо уйга бориб, бизни кутиб ўтирган бўлса-я.
…Ҳар куни, қишин-ёзин, эртадан кечгача соч-соқоллари ўсиқ йигит тентираб юрадиган йўлга келганда машиналар тезликни бироз пасайтиради. Уни таниганлар эса тавба қилишади. Эҳтимол, кимлардир тўйдан кейин унга ўргатган амалларини эслаб кулиб ҳам юрар…
Аммо бир нарса аниқ, муҳаббат оғир дард экан.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 5-сон