Бу воқеа колхозда, бош агроном бўлиб ишлаб юрган пайтимда, пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши арафасида юз берган эди.
Дефолиацияни назорат қилиш учун бош бошқармадан вакил биркитилган. Унинг қовоғидан қор ёғади. Афтидан, умрида тишининг оқини кўрсатмаган. Унга оғзига келган гапни айтиш, кўнгли тусаган пайтда йиғилиш чақириш, истаган хўжалигига бориб текшириш ваколати берилган. Тилидан бош бошқарма бошлиғининг исми-шарифи тушмайди. Худди дамидан ўт пуркаётган аждарҳодай ваҳима қилгани-қилган: “Шахсан бош бош¬қарма бошлиғининг топшириқлари билан келганмиз-а. Қулоқларингни қимирлатсаларинг, мендан хафа бўлмаларинг! Шахсан бош бошқарма бошлиғига айтаман”. “Ишдан кетиб қутуламан”, деб ўйласаларинг, хато қиласанлар. Қаматиб юбораман! Барча ерлар дефолиация қилиниши шарт. Бу йил самолётдан умид қилмаларинг, ОВХларни ишлатларинг. ОВХ топмасаларинг, бочкани елкаларингга осиб, эгатларга пуркайсанлар!”
“Бажарамиз” колхозининг ўзини осмоннинг устунидай санаб юрадиган, бурнига хода етмайдиган раисини йиғилиш бўлаётган залнинг ўзидан бамисоли қулдор ноқобил қулини ҳақоратлагандай роса койиб, ҳайдаб юборди.
– Эртага “Пахтақайнар” колхозига бораман, – деди у йиғилиш охирида бизнинг хўжаликни от тутиб. – Ишни яхши ташкил этган бўлсаларинг – мукофотлаймиз-а, тескариси бўлса, қаттиқ жазолаймиз. Бош бошқарма бошлиғининг топшириқлари шу.
– Ёппасига дефолиация қилайлик, деб мен сизга айтдим-а, – деди раис йиғилишдан чиққанимиз ҳамоно қаттиқ “уф” тортиб. У юз бериши мумкин бўлган кўргуликларни тасаввурига келтириб, ваҳимага тушганди. – Сиз “Ғўза ҳали ишлаяпти. Ҳозир ёппасига дефолиация қилсак, ҳосилни бой берамиз”, дедингиз. Номига иккита картага дори септирдик. Энди нима қиламиз? Сизнинг гапингизга кириб, балога қоладиган бўлдим.
Чиндан ҳам, раиснинг юрагига ғулғула тушганича бор эди. Юқоридан ғўза баргини сунъий тўктириш, барча ерларни ёппасига теримга тайёрлаш борасида топшириқ берилган, ҳатто бош бош¬қарма бошлиғининг шахсан ўзи келиб бу тўғрида барча хўжаликлар фаолларини тўплаб йиғилиш ўтказган, айрим “тили узун” раҳбарларни ўрнидан турғизиб, фикрини маъқуллатган, топшириқни бажаришни пайсалга солган кишининг ким бўлишидан қатъий назар “думи” тугилишини очиқ-ойдин айтган эди. Талафот кўрмаган, биринчи экилган далаларни дефолиация қилиш кутилган самарани берса-да, қайта экилган ерларда бу тадбирни ҳозир ўтказиш кони зарар эди. Хўжалигимиздаги аксарият майдонлар бузиб экилгани сабабли, номига катта йўл ёқасидаги иккита далани дефолиация қилдиргандим.
– Ишингиз бўлмасин, – дедим бутунлай ғамга ботган раисга тасалли бериб. – Вакилга ўзим кўрсатаман. Ишонинг, бирор гап чиқмайди.
Эртасига эрталаб вакил келди.
– Раис сизми? – деди истар-истамас қўлини узатиб.
– Йўқ. Мен бош агрономман. Раис касал, иситмаси чиқиб ётибди.
– Раислар – шу, – башорат қилди вакил. – Сал зўр тушса, ўзларини касалга олишади. Бош бошқармага чақиртирсак, отдай тузалиб кетади.
Идора орқасидаги меҳмонхонага нонушта ҳозирлаб қўйгандик. Ҳарчанд илтимос қилсам ҳам, киришга унамади.
– Дефолиация қилган далаларингизни кўрсатинг, – деди қош-қовоғини уйиб.
“УАЗ”га ўтирар эканмиз, шофёрга:
– “Бузоқбоши”даги 15 гектарликка ҳайда! – дедим қишлоқ номини тутиб.
Кўп ўтмай катта йўл ёқасидаги 15 гектарлик пайкал олдига келиб тўхтадик. Вакил машинадан тушиб, мендан ҳам олдинроқ ариқдан сакраб ўтиб, далага кирди. Ортидан эргашдим. Ғўзаларга бирор ҳафта олдин дори сепилган эди. Вакил у ёқ-бу ёқни оралаган бўлиб, ортига бурилди ва менга юзланиб:
– Тўғрисини айтинг, неча гектар дефолиация қилинган, – деб сўради.
– Ўн беш-йигирма гектарча қилинмагани қолган, – дедим қатъий оҳангда вакилнинг кўзларига тик боқиб. – Уч марта бузиб экилган эди. Қолгани тўлиқ дориланган.
– Да, – менга синовчан тикилди вакил. – Қани, қолганларини ҳам кўрсатинг-чи.
– “Кўсалар”даги 16 гектарликка ҳайда, – дедим шофёрга.
– “Пишактирноққа” борсак бўларди, – деди шофёр аввалдан ўқитиб қўйганим бўйича, бошқа қишлоқнинг номини тилга олиб.
– Сен айтганни қил! Маҳмадона. Бўл, “Кўсалар”га ҳайда!
Шофёр машинага газ берди. Хўжаликни қарийб ярим соат айланиб, энди ҳозиргина кўрган даламизнинг бошқа томонидан келиб, шундоқ пайкал четига тушдик. Вакил далага кириб дефолиация ҳолатини кўздан кечирди.
– ОВХлар қаерда ишлаяпти?
– Ҳозирча зарурият йўқлиги учун гаражга киритиб қўйганмиз.
– Бошқа далаларни ҳам кўрайлик, – таклиф қилди у ортига бурилгач.
– “Хўжалар”даги йигирма уч гектарликка ҳайда, – дея буйруқ бердим шофёрга.
Бу гал бошқа қишлоқлар оралаб айланиб, яна ўша пайкалнинг ён томонидан келдик. Вакил машинадан туша солиб, ўзини пахтазорга урди. Баргларни олиб, синчиклаб кўздан кечирди. Шу тариқа дефолиация қилинган иккита пайкалнинг қарийб тўрт-беш томонидан келиб кўрдик.
– Шофёрингиз таклиф қилган даланиям кўрайлув, – деди у ниҳоят чеҳраси ёришиб. – Йигитнинг сазаси ўлмасин. Номиям ғалатироқ эдими-я?
– “Пишактирноқ”, – деди шофёр орқага бурилиб.
– Нега бундай аталганийкин-а? – ҳайрон бўлиб менга юзланди вакил.
– Қадимда бирорта каттароқ уламони мушук-пушук тирнаган бўлса керак-да!
– Амир ўтган бўлса, “Пишак тирноғича келадиган жой экан”, деб айтган бўлишиям мумкин, – дея башорат қилди вакил. – Ҳар ҳолда, бу тарих. Олимлар ўрганиши керак.
– Колхоздан чиққан бир ёш кадр уч-тўрт йилдан бери шу мавзуда кандидатлик устида ишлаяпти, – дедим ёлғондан вакилнинг фикрини маъқуллаб.
– Замонавий қилиб, адабий тилда “Мушувтирноқ” деб қайта номласаларинг ҳам бўлади, – маслаҳат берди вакил. – Пишак қулоққа ёмон эшитилади. Бундан ташқари, шева.
– Жуда тўғри айтдингиз. Ҳозиргача шу гап хаёлимизга келмаган экан, – дедим мен қиёфамга худди донишманди замоннинг пурмаъно суҳбатидан баҳраманд бўлаётган ғофил бандадек тус бериб. – Бу таклиф қишлоқдагиларга ҳам маъқул тушиши керак. Йиғим-теримни бир ёқлик қилайлик, шу иш билан шуғулланамиз.
Ҳовлилар орасидаги ўнқир-чўнқир йўлдан бир амаллаб ўтиб, бошқа томондан яна аввал кўрган даламизга келдик. Вакил пайкалга киргач дефолиация сифати юқоридан айтилгандайлигига, берилган топшириқ бажарилганлигига тўла ишонч ҳосил қилди, шекилли:
– Ана, қилса бўлар экан-ку, оковси! – деди астойдил мамнун бўлиб.
Хайрият, “Яна битта далангизни кўрсатинг”, демади. Акс ҳолда, шармандам чиқиши ҳеч гап эмасди. Ахир, икки пайкалга ҳам айлантириб-айлантириб бориш мумкин бўлган барча йўлу йўлаклардан ўтиб бўлгандик-да.
Кечқурун катта йиғилишда вакил каминани ўрнидан турғазиб:
– Ана, қилса бўлар экан-ку! Булардан ўрнак олинглар, – дея мақтади ва бош бошқарма бошлиғи номидан мукофотга олтин суви югуртирилган соат топширди.
Колхоз тугаб кетган бўлса-да, вакил берган соат эсдалик бўлиб қолди. Ҳозир ҳам тақиб юрибман. Орадан қанча йил ўтишига қарамай, вақтни дақиқаларигача аниқ кўрсатади.