— Галдингизми, хўжайин!?
— Галдим, Маралим!
— Овқатни солаверайми, ё чой ичасизми?!
— Тайёр бўлса, овқатингни келтиравер. Болалар қани?
— Меҳмонхонада телевизор кўришяпти…
Оводон ширин хўрсиниб қўйди.
* * *
Унинг бўртиб чиққан нимпушти ёноқлари оппоқ чеҳрасига тенгсиз тароват бағишлайди. Сал жилмайса, пешонасида юлдуз балқиб, кулгичларига ой шўнғийди. Табиат бор ҳафсаласини ишга солиб яратган бу соҳибжамолнинг кўркига маҳлиё бўлмасдан илож йўқ. Дуркун вужудини сириб турган понбархат халатга, тимқора бахмалдай майин соч турмагида жилоланиб турган шокилали сочбезакка рашкинг -келади киши. Унинг сирга тўла беозор кўзларига боққан чоғда ҳар қандай йигитнинг ҳам юраги бир жизиллаб кетади.
Бундай чақнаб боқувчи кўзлар, ҳаёли нигоҳ ташлашлар бир шунда бор, сўнг оҳуларда бор холос. Бу қизнинг исми ҳам жисмига монанд: Оводон!
Юмуртовнинг шундоққина биқинида жойлашган бу ўрамда Оводон номли қизлар бир эмас, нақ учта! Оводоннинг кўзлари оҳуникига менгзагани учунми ё гўзаллиги боисми уни “Марал гўзли Оводон”, деб ҳам қўйишади. Баъзилар гап тўғри келганда “Қайси Оводон?” деб сўровчига ихчамгина қилиб “Марал” дея жавоб қайтаришади…
— Томошаёр эгамдан айланай! Сенинг ҳам манглайингга ёзилгани бордир, ахир, болам! Худойим ҳеч кимни тоқ яратмаган. Илон-чаёнларнинг ҳам жуфти бўлади. Қисинма, — дея Дурхи момо қизига кўнгил берган бўлади. Аслида у қизидан кўра ўзига тасалли беради.
— Иби-ей, қўйсангиза шу гапларни! Мен сизга эр, дедимми!? — дея норози оҳангда сўзланади Оводон.
— Ундай дема, қизим! Фаришталар яхши ният қилсанг, дарров ёзиб олади. Ёмон ниятни эса зора бу ниятидан қайтса, деб ёзмасдан турармишлар. Сенга ҳам атагани бордир, ахир!?
Сўнг бирдан Оводоннинг юраги шувуллаб кетади. “Ростданам танҳо ўтсам-а?!” деган хавотир юрак-бағрини зирқиратади. Юмуртовга маъюс тикилади. Гўё ундан кўмак ўтинади, жўяли бир маслаҳат кутади. Тоғ эса жим. Жим тоғларга қараб Кенжа бобонинг гапини эслайди: тоғлар ернинг армони эмиш!
Бу дунёнинг иши ҳам қизиқ, арқоғи ўровига мос келмайди. Чалпакка ўраб ташласанг, ит қарамайдиган қизлар эгалик бўлиб кетишди. Кўпида бир этак бола…
Бугун тиним куни бўлгани учун мириқиб ухлаган Оводон маза қилиб керишди. Ўтган ҳафта ўзаро текширув бўлиши айтилиб касалхонанинг ҳар бир ходими бош кўтармай қаттиқ ишладилар. Бу галгиси пойтахтдан келар экан. Беморларнинг рўйхати, қилинган ишларнинг ҳисоботлари, режалар, хуллас барчаси рисоладагидай бўлиши керак. Шанба куни ҳам ҳамма ишда бўлди.
Оводон деразадан тоғ тарафга тикилиб, узоқ ўйга толди. Бутун борлиққа жон бағишлаётган кўклам шабадаси бир тавақаси қия очиқ деразадан ёпирилиб кириб унинг юзларини майин сийпалаб ўтди. Кўкраги бир кўтарилиб тушиб қалбини аллақандай мастона туйғулар энтиктирди. Тоғ ёнбағрида елиб-югуриб чиллак ўйнаётган болалар, жиянлари билан бозбарак учираётган қўшни қиз, говмушини ўтлатиб ўтирган Кенжа бобо… Эшак аравани қуруқдан-қуруқ чоптириб юрган шумтакалар… Бу манзара Оводонга худди ойнаи-жаҳонда акс этгандай кўриниб турарди.
Қиз бир зум ташқарига тикилиб турди-да, унинг ҳам анови чиллак ўйнаётган беқайғу болаларга қўшилгиси келди. Ҳеч бўлмаса ўтлар устида ўтириб, уларнинг ўйинини томоша қилгиси, «Молда жон, нонда имон!» деган гапни оғзидан қўймайдиган Кенжа бобо билан бирпас офтобрўё ёнбағирда гурунглашгиси келиб кетди. Гўё бир йилдан бери уйдан ташқарига чиқмай ўтирган одамдай юраги сиқилди. Ташқарига чиқаркан, беихтиёр кўзи тошойнадаги аксига тушди. Ўзига суқланиб-суқланиб қаради.
“Ҳуснимдан бўлак не овунчоғим бор!” дея ич-ичидан сўзланиб ўзига тасалли берган бўлди. Тўзғиб кетган сочларини қайтадан тараб, турмаклашга чоғланди. Сочини тараётиб бирдан юраги “шиғ” этиб кетди: бир тола сочига оқ тушибди!
“Наҳотки қариётган бўлсам!? Аёл киши ўттизида ўтин бўлади, деганлари шумикан? Ахир, мен келгуси йили кираман-ку ўттизга! Бу шунинг хабарчисимикан ё? Момом айтганидек, балки давлат оқидир!”
Оводон бир зум маъюсланиб ўйга толди. Ҳаёт қизиқ, инсон руҳий олами ундан-да ғаройиб. Ҳамма узоқ умр кўришни истайди, лекин ҳеч кимнинг қаригиси келмайди. Айниқса, Оводоннинг. Дурхи момонинг суянган тахти, бир йигитнинг бахти у! Аммо қани ўша йигит!?
У ўзининг сўнгсиз ўйларига кўклам ҳавосидан жавоб ахтариб, ташқарига йўналди. Уни кўриб ҳовлида куймаланаётган келинойисининг яна чакаги очилди:
— Ўзим сиғмаган бозорга қозоқ ҳам туяси билан келибди! Кучукни нима қиласизлар!? Дарров олган жойингизга ташлаб келинглар! Эркак кучук бўлса ҳам бир гап эди, буниси кимга ҳам керак. Нима қиласизлар бу кўз куюгини!
Бу гап кўзлари мунчоқдайгина кучук атрофида гиргиттон бўлаётган жиянларига заррача кор қилмади. Аммо Оводонга оғир ботди. Шу дамгача бу аёлнинг гапларига сира парво қилмасди, аччиқроқ гап айтганда ҳам акасини ўйлаб келинойисига кулиб жавоб берарди. Келинойиси эса унинг “сув юқтирмас”лигидан нолиб ортидан гапириниб қоларди, холос. Аммо бу гал оғир ботди. Чунки келинойиси бу гапларни атайлаб унга теккизиб айтаётган эди.
Қизнинг томоғига аччиқ бир нима тиғдай қадалди. Узоқ йили санаторияда танишган қозоқ дугонаси Бахтигулнинг қушлар ҳақидаги мунгли қўшиғи эсига тушди:
Туққан жерга, туққан жерга
Сиғмай кетиб, сиғмай кетиб бора-ди-и…
Келинойиси бугун бу хонадонда ҳокими мутлақ. Тили бир қулоч! Ҳар не бўлса бошида эри бор-да.
Оводон Юмуртов билан дардлашгани, битта-яримта хотин-халажни учратиб, кўнглининг чигилини ёзгани тоғ тарафга кетди. Юмуртов бағрини тилкалаб тош ташиётган машиналарни бир зум томоша қилган бўлди. Холироқ жой топиб ўтлар устига омонатгина ўтирди…
Тунов куни Манғитдан меҳмон бўлиб келган холаси ҳам қизнинг юрагига туз сепиб кетди гўё. Оводон қўлидаги қайроқ тошни юқорига отиб-илиб, отиб-илиб эрмак қиларкан, холасининг гаплари хаёлидан ўтди.
— Қиз дегани хом гўштдай бир гап. Гапимнинг мағзини ўзинг чақиб ол. Оводоннинг гунойига қолмасдан ўраб-чирмаб, эгасига узат, Дурхи!
— Қизимни насибаси шудир-да, нима қилай, опа?! — деди Дурхи момо хўрсиниб.
Опа-сингилларнинг ўзаро суҳбатини эшитган Оводон ўша оқшом тўйиб-тўйиб йиғлаб чиқди…
* * *
Сўнгсиз хаёллар гирдобида ўтирган Оводон “Тўй нони бер, тўй нони!” деган таниш, хирри овоздан чўчиб тушди. Қаршисида гуноҳкорона бош эгиб Толпуш жинни турар эди. Ёши қирқлардан ошган, эси кирди-чиқди бўлиб қолган бу кимсанинг асл оти Тоҳирми, Тўливойми, Оводон аниғини билмайди. Ҳамма уни “Толпуш!” деб аташади. “Тўй нони” деган сўз унинг миясига қачонлардир ўрнашиб қолган. Буни у оч қолганидан эмас, бировга дуч келса гўё саломлашиш маъносида айтади. У Оводонга бирпас тикилиб турди-да, яна лўкиллаб жўнаб кетди.
Баҳор ўз номи билан баҳор-да! Ҳатто, мусичалар ҳам бир-
бирига интизорлик билан “ку-ку”лашади. Тунов куни шўхлиги тутиб, “қани, шу куйлакка сиғармикансан?”, деб жияни Нурҳайдарни куйлаги этагидан киргизганида тани титраб кетди. Эндигина бешга кираётган Нурҳайдар аммасининг бу ишини эркалашга йўйди. Буни ҳозир эсласа Оводон ўзидан уялиб кетади. Оводон шу кунларда бирон йигит билан ҳамсуҳбат бўлишни истаб қолди. Тўғри, унинг қўлини сўраган йигитлар кўп бўлди. Лекин ўқиш деб оила қуришни кейинга сураверди. Тиббиёт институтини имтиёз билан тугатиб, Тошкентда ярим йил ишлагач, қишлоғига қайтиб келди. Ўқишнинг охирги йилида тўрткўллик Даврон исмли йигит унинг атрофида айланиб қолди. Ўзидан бир курс юқорида ўқиб, клиникада ишлаб қолган Даврон Оводон қишлоққа қайтар чоғида кўнглидагини тўкиб солди.
— Овод, бир жойнинг одамимиз, кел, турмуш қурайлик. Ўзингнинг кўнглингга ҳам қулоқ сол, — йигитнинг “бир жойнинг одамимиз”, деган гапи унинг озод кўнглига ўтиришмади. “Нима бўпти, бир жойнинг одами эмиш…” Аммо у йигитга бу истеҳзосини айтиб ўтирмади, шунчаки кулиб қўяқолди. Бу кулгу мойилликдан кўра нописандлик билан қилинган кулгу эди. Ҳар ҳолда, Давронга шундай туюлди. Буни илғаган йигит қайтиб бу мавзуда гап очмади. Қандайдир лойиҳада ғолиб чиқиб хорижга ўқишга кетди. Оводон қишлоқдаги онасини кўз олдига келтираркан, ишни ҳам йиғиштирди. Бироқ келгач, унга муносиб йигитларнинг кўпчилиги аллақачон олахуржунни бўйнига осишганига амин бўлди. Онаси эса унинг ўқишни тугаллаб қайтганидан қувонган бўлса, энди ёлғиз эканидан қайғура бошлади, аммо буни санамрастадай гўзал қизига сира сездирмасликка уринди. Қизга уч-тўрт жойдан совчи келди-ю Оводон хушламади.
Тумандаги марказий шифохонага ишга олингач, келган икки совчини ҳам қизнинг ўзига-да тушуниксиз қайсарлиги рад этган эди. Бунга ҳам ҳадемай уч йил бўлади. Шу-шу уйдан совчиларнинг қадами узила бошлади.
Айрим бойваччалар ҳам унга тирғалиб кўрди, уй, машина ваъда қилганлари ҳам бор эди. Бироқ Оводон ўзининг қизлик шаънини ерга ургиси келмади. Кўпроқ Каримбой акасини ўйлади. Синглиси кимгадир иккинчи хотин бўлса, акаси қандай бош кўтариб юради ўрамда!? У ҳам кимнингдир севикли жуфти ҳалоли бўлиб эмин-эркин бир уйдан кириб чиқишни орзу қилади, ахир! Келинойисининг эрталабки гапи эса, баҳор сабабми, титраб турган кўнглига ёмон тегди.
* * *
Не бир ўйлар гирдобида хаёлга тўлиб ўтирган Оводон шундоқ тепалик адоғидаги сайҳонликда қий-чув қилиб ўйнашаётган болаларнинг овози пасайиб, қандайдир жимлик пайдо бўлганини беихтиёр илғади ва сергакланди. Ёнбағир тарафдаги аҳён-аҳёнда улов ўтувчи тош йўлдан биров юқорилаб чиқиб келарди. Болаларнинг қуршовидаги ҳалиги киши Оводоннинг кўзларига иссиқ кўринди. Оводон уни илкис таниб қолди. Бу Даврон эди. Аммо унга унчалар ўхшамайдиям. Анча улғайган, юзлари тиниқлашиб, шундоғам сийрак сочлари янада сийрак тортиб кетган Даврон энди ҳу, талабаликдаги озғингина, жонсарак йигитча эмас, балки салобат билан қадам босаётган анчайин катта одам эди.
— Салом, яхши қиз, — Даврон бироз ҳансираб гапираркан, кулиб келиб Оводонга қўл чўзди.
— Даврон оға… ассалом-алайкум… — Оводон чиндан ҳам эсанкираб қолгандай ҳаяжонланиб кетди. Ва бу ҳолидан ўзи ҳам ҳайрон бўлди.
— Тоғ кийигини чўчитиб юбормадимми? — йигит шундай деркан энди ўрнидан турган қиз билан қўл бериб кўришди. Унинг бу сўзларидан Оводоннинг юзларига қизиллик югурди ва худди зўр томоша кўраётгандек тикилиб турган болаларга қараб пўписа қилди.
— Сенларга маймун ўйнатяптими, жўна баринг!
Болаларнинг айримлари “Бу ёмон опа, укол қилади”, деб ундан шундоғам ҳайиқишарди. Бир пасда улар ғойиб бўлишди.
— Болаларни ҳалиям ёмон кўрасизми? — кўзларини бироз қисинқираб унга тикилиб турган Давроннинг бу гапи Оводонга тағин истеҳзодек, кўп маънолидек бўлиб туюлди. Ва одам аччиқ истеҳзога ҳам ўрганиб қолар экан-да, дея кўнглида қайд этди, аммо унинг сўзларини эшитмагандек ўз кўнглидаги гапни айтди.
— Нетиб биз томонларга келибсизми? — деди йигитга жиддий тикилиб.
— Ўзаро текширувда эдим. Бир кун аввал чиққандим, ҳали уйга ўтолмадим.
— Ҳмм, бўлмаса, сизга пўш-пўш қилайлик-да, — қизнинг гапидаги қувликни илғаган Даврон кулиб қўйди.
— Энди, Оводон, тўғриси шу ёққа юборганидан ўзим ҳам хурсанд бўлдим. Сизни кўрсам ажабмас, дегандим.
Даврон шундай дея Юмуртов тарафга қаради, тоғнинг жигарранг, яшил ўркачлари баҳор юртнинг норларидек чўкканди. Оводоннинг бир неча муддат аввал кўнглига келган гаплар тили учида турар, аммо ички бир ҳис билан айтиб юборишдан ўзини тиярди. Шундай бўлса-да, кутилмаганда энтикиб чуқур нафас олганини ўзи ҳам билмай қолди. У ҳаяжонда эди. Баланд ялангликда иккисидан бошқа ҳеч кимса бўлмаса-да, у бутун қишлоқ қараб тургандек ўнғайсизланди. Қизнинг жимлиги Давроннинг кўнглидаги не бир ҳисларни тилига чиқарди.
— Овод… мен хорижга бориб келдим, Тошкентда шунча вақт юрдим, лекин сиздай қизни бошқа кўрмадим. Кимни кўрсам сизга қиёслайман, лекин сизга ўхшатолмайман. Мана, сизнинг ҳам бошингиз очиқ экан…
Бу гап Оводонни ғалати аҳволга солди: ўз-ўзидан аччиғи чиқа бошлади. Унинг сўзлари гўё “Сенга мен уйланмасам, нима ҳам қиласан”, деётгандек эшитилиб кетди. Бироқ ўзини босиб, жим қолди.
— Ҳаммасини суриштириб билдим, ишларинг яхши экан, сен шундай яшайверишинг мумкин, лекин мен бундай қилолмайман… уйдагиларинг билан сўзлашиб олсанг… — Бир нуқтага тикилиб сўзлаётган Даврон кутилмаганда қизни сенлай бошлаганини билиб гапдан тўхтади. Оводон эса буни сезса-да эътибор қилмай деди:
— Нимани сўзлашаман?
Бу гап саволми, жавобми маъносини уқиш учун бош кўтариб қараган Даврон унинг тескари ўгирилиб олганини кўрди. Қиз ясси тошга ўтириб олганча худди шу тошнинг бир бўлагидай ўтирарди. Фақат унинг елкаси титрар, йиғлаётганини сезиш қийин эмасди.
Шу пайт бир-бири билан тилсиз сўзлашаётган бу икки кимсани Толпушнинг овози бехос чўчитиб юборди.
— Тўй нони бер, тўй нони! — ўз одатича титрабгина турган Толпуш жинни уларга бир зум қараб турди-да чўнтагини ковлаётган йигитга бир ўқрайиб жўнаб қолди. Унинг ортидан қўлида пулни сиқимлаб, анграйганча қараб турган Даврон бироздан сўнг қиз томонга ўгирилди.
— Оводон! — қизнинг исми йигитнинг бўғзидан жаранглаб чиқди. — Кел, шу Худо суйганнинг айтганини қилайлик! — Даврон қизнинг билагига қўл чўзди.
* * *
Мана, айтган куни бор экан. Бугун Оводоннинг ҳам эгаси чиқди. Чиқон-дугоналари атрофида парвона бўлиб, унга келинлик либосини кийдирмоқдалар. Тошойна ёнида пардоз-андоз бошланди. Шу пайт жиянлари ёпирилиб киришди:
— Амма, чаманчи келди, чаманчи! — дейишди ҳовлиқиб. Оводон майингина жилмайиб қўйди. Чиқонлари:
— Боринглар, яхши, дишонда ўйнайверинглар, — деб жиянларини чиқариб юборишди.
Шу пайт дугоналар орасида шивир-шивир бошланди. Келинойиси Оводонга янга бўлишга кўнмаётган эмиш.
Оводоннинг илтимоси билан келинойисини чақириб келишди.
— Бийи, қўрқманг, сизларни уялтириб қўймайман! — деди келинойисига.
— Яхши, иложимиз қанча! Бу дўхтирларнинг қўлидан ҳар амал келади, — дея келинойиси тўнғиллаб чиқиб кетди.
Бу думбул янганинг сўзларига қизлар кулиб юборишди. Шу пайт қаердандир Толпуш жинни пайдо бўлиб, барчага тўй нони улаша бошлади. Негадир келинойисига нон бермай ўтди.
Деразанинг очиқ кўзидан оқ либосда янада товланиб, сулув бўлиб кетган қизига тикилиб турган Дурхи момонинг киприкларида бир неча томчи ёш осилиб турарди. Кампир Толпуш берган бир синдирим нонни беихтиёр емоққа тутинди…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 16-сон