Исажон Султон. Соғинч (ҳикоя)

Шафтоли шохидаман,
Онамнинг ёнидаман,
Борай десам йўл узоқ,
Отамни соғинаман…
(Болалар қўшиғи)

Бир неча кундирки совуқ тушди. Эрталаб саҳар ташқарига чиқсангиз, ҳаммаёқни кўз етадиган олис-олисларгача оқиш қиров-булдуруқлар қоплаб ётганини кўрасиз. Кечалари этни ўйиб, суякни зирқиратар даражада совуқ шабада эсади, бу изғиринда яқиндагина иссиқ-иссиқ кўз қисган юлдузлар ҳам олислашиб, тўнғиб қолгандай туюлади. Шийпон атрофидаги толнинг яшил баргларининг четида жигарранг доғлар ва ҳалқачалар ҳосил бўлибди. Хуллас, ҳамма томондан кузнинг нафаси келиб турибди. Шом қўна бошлади. Жунжика-жунжика бурчакда, дераза олдидаги оқма газга уланган печкани ёқдим. Газнинг босими яхши экан, зангори олов бир текисда гуриллаб ёна кетди, хона исий бошлади. Токчадаги кичкина телевизор лип-лип этиб хира бир нималарни кўрсатардию аммо овози чиқмас эди.
Эртага ҳаво қандай бўлар экан, разм солай-чи деб ташқарига чиқдим. Оқланганига анча йиллар бўлган девордан асбест қувур чиқиб турибди, оғзидан ҳовур кўтариляпти. Хира сариқ чироқ нарироқдаги сувини эски хазонлар қоплаб олган ҳовуз четларини аранг ёритмоқда. Анча узоқда, далаю даштни энлаб олган шом қоронғисида бир нечта сарғиш чироқлар милтираб кўзга ташланади. Улар – турли томонлардан шу ёқларга мен каби ишлагани келган кишиларнинг кулбалари. Сўнг поёни йўқ далалар бошланиб кетган. Сирдарё бепоён, даштлари билан одамни ҳайиқтиради. Осмон тўла юлдуз, теварагини хира оқиш ёғдучалар ўраб олган. Дала-дашт осмонида нимагадир юлдузлар кўп учади.
Осмон тиниқ, шабада ўзгармаган, демак, ҳаво эртага очиқ келади. Олис юлдузлар орасида, жуда баландда қизил чироғини милтиллатиб қанақадир учоқ сузиб бормоқда. Учоқдаги кишилар чет элларга йўл олган бўлсалар керак. Учоқ ичи иссиқдир? Ёруғ, шинам салонда бу бахтиёр кишилар мудрашаётгандир балки? Бўлиши мумкин, лекин уларнинг тақдирлари, ҳаётлари бошқача. Бизники шу – деҳқончилик… Тўнимга янада ўраниб, бироз айланиб юрдим. Шабадада деразанинг кўзига ёпиштириб қўйилган сувқоғоз шитир-шитир қилади, ортида, хона ичкарисида телевизор хира оқиш доғ бўлиб кўриниб турибди. Оёғим остида бултурги хазонлар шитирлади. Битта-иккита япроқ эски тўнка устига қўнибди. Ёз кунларида мана шу тўнкага ўтириб дам олардим. Ҳозир у намиқиб қолибди, ич-ичидан чириган бўлса ҳам эҳтимол.
Дераза ёнидан ўтаётганимда чойнакнинг шиғиллаган овози келди. Чой қайнабди. Қайтиб ичкарига кирдим. Эски дўппини буклаб, чойнак дастасини ушлаганимни биламан, бир нима тўсатдан пирр этди, муштдай, қорамтир бир нима потирлаб кўзим олдидан юзимга теккудай бўлиб учиб ўтдию ўзини сувқоғозга урди, кўчириб ташқарига чиқиб кетди.
Юрагим шувиллаб кетди. Дафъатан унинг нималигини билолмадим. Сал ўзимга келгач, чойнакни жойига қўйиб печканинг тепа тарафига қарадиму бирданига кулгим қистади. Ажабки, печка билан девор оралиғида кичкина тирқишда ҳар хил хас-чўплардан айлана шаклида наридан-бери қурилган қуш ини… инда иккита қизғимтир жиш полапон менга бақрайиб қараб туришибди! Мусичанинг болалари! Мунчоқ-мунчоқ кўзлари хира чироқда йилт-йилт қилади, оч жигарранг митти тумшуқчасининг четида ингичка сариқ ҳошияси ҳам бор, бўйинларини чўзиб-чўзиб чийиллашяпти.
Очиб чиққанига бир-икки ҳафта бўлгандир? Полапонлар улғайишганида бу сариқ ҳошия йўқолиб кетади. Патлари сийрак, қизғимтир териси шундоқ кўриниб турибди.
Демак, кундузлари мен далага кетганимда у қуш дераза кўзидан кириб, уй ичини айланиб учган, хавфсизроқ жой ахтарган, ниҳоят шу тирқишни топиб, ташқаридан хас-чўп ташиган, ин қурган, тухум қўйиб, бола очган! Уйимда шунча воқеа рўй берибдию ўзим бехабарман! Тавба, қўрқмаганини қаранг! Кечқурунлари ишдан келганимда, ёнгинасида одам боласи тимирскиланиб юрганида ҳам хавотирини босиб, нафасини чиқармай кўзларини мўлтиратиб ўтиравергандир? Бугун печкани ёққанимда девор қизиган, шундаям то жонидан ўтмагунча чидагану ахийри ҳалокатли иссиққа чидаёлмай потирлаб учиб чиқиб кетган экан. Полапонларини олиб чиқиб кетолмаганининнг сабаби – улар ҳали учирма бўлган эмас.
Бир томондан бу қушнинг кулбамга уя қуриши менга ишонганидан бўлса бошқа томондан полапонларини ташлаб кетгани юрагимни ғаш қилди. Газни дарров ўчирдим, полапонлар чирқиллашаверди. Очмикин? Мен туфайли оч ҳам қолишгандир? Балки сувсашгандир? Қанақадир идишнинг қопқоғида сув тутдим. Нон увоқларини олдига ташладим, йўқ, ейишмади, сув ҳам ичишмади, бўйинларини чўзиб, ингичка қип-қизил тилларини кўрсатиб чийиллашгани чийиллашган. Бирам ожиз, бирам ҳимоясиз… Аввал биттаси хавотирланиб, ожиз чийиллади, салдан кейин иккинчиси қўшилди. Кулба полопон чийиллашларига тўлди.
Қизиғи шундаки, менга қарашмайди ҳам, қаёқларгадир тикилишади. Умуман қушлар одамга камдан-кам тик қарайдилар. Ёки қарашлари шунақа, сезилмайдими?..
Оббо, буларнинг инини қаёққа кўчирсам экан? Печкани-ку ёқиб бўлмайди, аммо совуқда булар ҳам жунжикишлари мумкин. Начора, оловини жуда паст қилиб яна ёқдим.
Она мусича узоққа кетмагандир ҳар ҳолда? Болаларини ташлаб қаёққа кетарди? Шу атрофдаги қай бир дарахт шохида кўзларини мўлтиллатиб қўниб ўтиргандир? Аммо менинг уйдалигимни сезса, қайтиб учиб киргани ҳайиқади албатта.
Биласизми, шу чий-чий товуш уйимни фароғатга тўлдириб юборди. Худди бахтиёр ота сингари думалоқлаб қўйилган ўрин-тўшакка ёнбошладим, мен узоқлашгач, полопонлар чийиллашни бас қилишди. Лекин уясида қимирлашаётгани, хасларнинг шитирини эшитиб турибман. Анчадан кейин яна қарадим, ухлашмайдими булар? Яна ўша манзара: митти жимит кўзчаларини мўлтиратиб ўтиришипти.
…Шу кўйи кўзим илинибди. Саҳар уйғониб, ташқарига чиқдим. Манзара ўша-ўша: тонг ёришган, поёнсиз ястанган далалар узра булдуруқлар йилтирайди. Тупроқ йўл узра ҳам майда учқунчалар ёғилганга ўхшайди. Йўллар, дарахтлар, том бўғотлари – бари намчил, қорайинқираган. Бўғотдан сув томчилаяпти, бу – қировнинг иши. Ҳаво совимасидан аввал шудринг, шабнам тушар эди, хиёл совидими – қировга айланади, янаям совиса, дов-дарахтни булдуруқлар эгаллайди. Кузга тайёрланиб, баргларини тўкиб юборган ёки битта-яримта сарғайган туссиз барги қолган бута шохларию ўт-ўланлар ҳам намланиб-эгилиб қолибди.
Шийпон томи устида қорамтир шарпа сезилди. Қарасам, даштнинг ёввойи мушуги экан. Пахмоқ, кўзини сурбетларча тикиб қинғайиб турипти. Бир кўзи яшил, иккинчиси мовий. “Ҳаҳ, бекор айтибсан!” деб пўписа қилдим. Кейин ердан бир кесак олиб отган эдим, мушук бир сакраб том устида кўздан ғойиб бўлди.
Полопонларни пойлаётган бўлса-я?
Нари-бери нонушта қилгач, аввал полопонларга тутдим. Булар ҳали нон увоқ ейишни билишмаса ҳам керак? Нонни чайнаб оғизларига тиқдим, яна ейишмади. Ташқарига чиқиб пича кутдим, балки онаси мен узоқлашгач қайтиб келар? Атрофда чумчуқлар, қорақушлар, зағчалар кўп эди, лекин ораларида биронта мусича кўринмади. Қайга кетган экан бемеҳр, она бўлмай қолгур! Нима қиларимни билмай бошим қотди. Шундоқ ташлаб кетай десам, кетолмайман, хавотирланаман. Ниҳоят, полопонларни авайлаб жойидан олиб, тўнимнинг ичига – қўйнимга солиб юмушимга жўнадим.
Кулбамдан анча пастда, тупроғи ўйнаб кетган йўл адоғида кичкина тахта дўконча бор, гоҳо у-бу керак бўлиб қолса, шу дўкончадан оламан. Ҳозир дўкон ёнида уч-тўрт киши тўпланиб туришган экан. Булар ҳам мен каби, ёлланма ишчилар. Иккита дала пастдаги ерёнғоқ ва мош экилган ерларда ишлашади.
–    Ҳа, Раҳматжон? – деди бири. – Қўйнингиздаги нима?
–    Мусичанинг боласи, – дедим.
–    Йўғ-э! – кулиб юборди у. – Ҳазиллашмасдингиз-ку?
–    Ростдан ҳам мусичанинг боласи, – деб, тундаги воқеани айтиб бердим.
–    Э, шунақами, – деди нарироқдаги қорачадан келган, соч-соқоли оқара бошлаган киши илжайиб. Тирноқлари ўсган, бармоқлари қавариб-қавариб кетган эди. – Мусичанинг боласининг гўшти ширин бўлади. Хоҳласангиз, дарровгина шашлик қилиб пишириб бераман.
–    Йўғ-э, полапонни еб бўлмайди, – деди бошқаси. – Яхшиси, анави кучукка берақолинг. Қаранг, садоқат билан кўзини мўлтиратиб ўтипти. Биқини ичига кириб кетганини кўряпсизми, қорни оч-да.
–    Шу жиш полапон билан тўярмиди ҳўкиздай итингиз, – дедим мен. – Ўзи, мусичанинг боласи нима ейди, билмайсизларми?
–    Полапонлигида онаси қурту қумурсқа, чувалчанг топиб келиб тутади, – деди у. – Учирма бўлишганидан кейин бизга ўхшаб дала даштдан дон-дун топиб, кўлмаклардан сув ичиб юраверишади. Аммо булар ҳали жиш-ку, дон-дун еёлмаса керак.
–    Ҳа, тушундим, – дедим. Улар билан хайрлашиб, даламга кетдим.

* * *

Далам кенг, поёнсиз, эгаси – ёш тадбиркор йигит. Иши кўп, вақти эса жуда кам, гоҳ-гоҳ келиб туради Ҳозир ҳосил йиғиштириб олинган, ерга сув бериб бўлсам бас, юмушлар тугайди. Дала-туз баҳоргача тин олади, ухлайди. Тинчлик бўптурса, уч-тўрт кунда юртимга, қишлоғимга кетаман.
Ўз юртим бу ерлардан олисда. У ерда бунақа бепоён далалар йўқ. Лекин отамдан қолган эски уйим шинамгина. Ташқаридан қарасангиз, бошқаларникидан кўпам фарқ қилмайди. Ҳовлига кирсангиз, шу паллада мевалар ғарқ пишиб ётганини кўрасиз. Сарғайган япроқлар орасидан сап-сариқ беҳилар, қизил анорлар кўриниб туради. Анорнинг барги камбар бўлади, кучи-қуввати бор маҳалида тўқ яшил, кейин эса сарғиш-қизғимтир тус олади, кузда ўз-ўзидан бирин-кетин чирт-чирт тўкилаверади. Ана шу узилишнинг овозини яхши кўраман. Теварак жимжитлигида битта баргнинг узилиб, шохчаларга урила-урила тушаётган овози ҳам ажойиб эшитилади. Беҳининг барги эса оч-сариқ сарғаяди. Теракники ҳам шунақа, фақат қорамтир-жигарранг нуқтачалари бўлади. Чала-ярим сарғайган ўтларнинг усти олтинранг-қизғиш баргларга тўлиб кетади, юрсангиз ёқимли шитирлайди.
Бир қўлим билан бағримдаги полапонларни тутиб қадам ташлаяпман. Тутмасам, ғимир-ғимир қилиб тушиб кетиши мумкин. Қўйнимдаям чий-чий қилишяпти, қурғурлар. Шундоқ юрагимнинг олдида ғимирлашяпти. Сал ўтмай, жимиб қолишди. Тўн ёқасини очиб қарасам, бири жавдираб турибди, бошқаси эса кўзчаларини юмиб ухлаяпти! Ич-ичимдан севинч кўтарилиб келди. Руҳим ҳам бардамлашди, тез-тез ариқлардан хабар олдим.
Сувлар бир маромда, булдуруқ қоплаган ерларни қорайтириб, сокин жилдираб оқмоқда.
Кулбага қайтгач, яна печкани ёқдим, шўрва ташладим, овози чиқмайдиган телевизорни қўйдим. Кейин ташқарига чиқиб дарахт шохларидан қурт-қумурсқа изладим. Ниҳоят, ҳар куни ўзим ўтирадиган эски тўнка ёриғидан топдим. Тўнканинг ичи аллақачон пўк бўлиб қолибди. Олиб келиб полапонларга тутдим, биттаси бир муддат қараб турди-да, шартта қўлимдаги емишин юлқиб олди, ҳатто тумшуқчаси бармоғимга ботди.
“Мана, қанақа экансан, тўполончи”, дедим кулимсираб. Уларни ўз ҳолига қўйиб, ўзим ҳам ёнбошладим.
Ҳа-а, нимасини айтай? Тирикчилик деб шу ерларда ишлаб юрган бир бандаман-да. Вақтида ўқий олмадим, сабаби – отам-онам касалманд, мен эса ёлғиз ўғил, кейингиларнинг ҳаммаси сингиллар эди… шуларга дармон бўлиб, қанотларига кирай деб деҳқончиликка киришиб кетдим. Йўқса, фанларга жуда қизиқар эдим. Адабиётни яхши кўрардим, инсон изтиробларинию қувончларини акс эттирган китобларни қўлимдан қўймай ўқирдим. Шахматда биров менга бас келолмасди. Йиллар бир-бирини қувалаб ўтиб боряпти, турмуш ҳам бир маромда кетяпти, бировдан кам, бировдан кўп – қимирлаб юрибман-у…
Нимасиниям айтай?! Ахир, менинг ҳам иккита полапоним бор!
Уларни шунчалар соғиндим-ки!
Бири беш яшар, бири уч яшар. Каттаси ўғил, кичиги қизалоқ. Қош-кўзлари худди ўзим, бурнининг ёнидаги кичкина қора холи онамдан ўтган. Кулишлари, гапиришлари, ҳаммаси ўзим. Самимиятини, меҳрини айтмайсизми? Қушчадай бағримга кириб кўзчаларини мўлтиллатиб ётишларини-чи? Баъзан шамоллаб ётиб қолганимда тепамда онамдай меҳрибонлик билан юзларимни силаб ўтиришларини-чи?
Юрак тўлиқиб кетяпти-ку!
Қизалоғим кичкиналигида ўзидай келадиган челакни кўтариб даранглатиб юргани, менинг оёқ кийимимни кийиб олиб ҳаммани кулдиргани, жияним келиб менинг дўппимни кийиб олганида “дадамнинг дўпписини бер!” деб у билан росмана жаҳли чиқиб уришгани… кўз олдимдан лип-лип ўтмоқда.
Меҳрибонларим, ахир сизларни олти ойдан бери кўрмадим-ку?! Пешанангиздан, сочларингиздан анқийдиган жаннат исларини жуда соғиндим-ку! Қўлчаларингни соғиндим-ку, болам! Дафъатан… ич-ичимдан ҳиссиётлар бўрони кўтарилиб келмоқда, мижжаларда соғинч ёшларини пайдо қилмоқда.
Қўрқаман, болам. Тангримнинг жаннатларидан келган райҳонларим менинг! Мен каби бир отанинг фарзанди эканингиздан бир кун келиб ўксимасмикансиз дея қўрқаман. Отам кўп касал бўларди, шу сабаб ўзим хоҳлаганимдай ўқиёлмадим, муштдайлигимдан бошим меҳнатдан чиқмади. Кун келиб катта бўлишганида улар ҳам мен каби, истаганларидай билим ололмасликларидан, истаганлари каби қобилиятларини рўёбга чиқаролмай қолишларидан ҳайиқаман. Комил бўлиб вояга етишлари учун ҳамма шароитини яратиб берай деб шу ерларда юрибман… Балки, паҳлавоним шу маҳал катта папкасини елкасига осиб, кичкина оёқчаларига митти пойафзалчасини кийиб олиб мактабидан қайтаётгандир? Мастон қизим, меҳрибон қизим кичкина қўлчалари қизара-қизара онасининг ёнига кириб кир юваётгандир? Қизим мактабда жуда яхши ўқийди. Фанларга жуда қизиқади. Ўғлон эса ҳали ёш, тўполончироқ.
Оз қолди, ернинг сувини бериб бўлсам бас. Кейин қуш каби уча-уча қошингизга бораман, албатта. Балки, ҳозир анча-мунча қийналаётгандирсизлар? Лекин, мен борганимда уйимиз қут-баракага тўлади. Хумлар тўла ёғ бўлади. Бошқа хумларни эса мўл-кўл гуруч, буғдой билан тўлдирамиз. Ўз қўлларим билан сизларга ҳовлимиздаги эски ўчоқда ажойиб палов дамлаб бераман, гўштлари ҳам мўл-кўл бўлади паловимизнинг. Кейин, албатта янги кийимлар олиб бераман. Қишнинг изғиринларидаю қорларида қаровсиз қушчалардай совқотмаслигингиз, жажжи оёқчаларингизга музламаларнинг совуқлари ўтмаслиги учун энг чиройли, пишиқ, қўркам ва иссиқ кийим-бошлар оламиз. Сизлардан ҳечам пулимни аямайман. Бу дала-даштда сизларни деб юрибманку, ўзимга қолса келармидим иссиқ уй-жойимни ташлаб?..
Полапонлар хира сариқ чироқ ёниб турган ғарибон кулбада, думалоқлаб қўйилган ўринга суяниб, улкан бошини икки кафти орасига олиб ўтирган одам боласига ҳайрон-ҳайрон боқишяпти. Нимаям қилай, болажонларим! Ўзимга қолса юрармидим шу ерларда, сизларниг азиз дийдорингиздан узоқда, далаю даштларда, нотавону етим каби…

* * *

Шу-шу, полопонларни ўзимдан нари қўймас бўлдим. Дашт мушуги еб-нетиб кетмасин деб ҳатто ёнимда олиб ётдим. Печка атрофига уйиб тикан босдим: мабодо мен йўғимда кириб қолса, инга қадар чиқиб боролмасин! Полапонлар ҳам менга ўрганишди, энди емиш тутсам, сурбетларча бармоғимни ҳам чўқишади. Ҳатто талпинадиган ҳам бўлишди.
Эрталаб биргалашиб чой ичамиз. Кейин ишимга кетаман. Туш маҳали шунча йўлдан қайтиб келаман, булар мени кутаётган бўлишади. Яна биргалашиб тушлик қиламиз. Кейин шом қўнади. Овози чиқмайдиган телевизор алланималарни кўрсатади, дастурхонимнинг бир четида полопонлар ҳам ўтиришади. Шу бир неча кун ичида анча тетиклашишган, патлари қорайган, қанотларига қувват кирмоқда, гоҳо учмоқчи ҳам бўлиб қанот ҳам қоқиб қўйишади. Биттаси тетикроқ, шўхроқ, қанот қоққанида хиёл кўтарилади ҳам, кейин “тўп” этиб ерга тушади, шундаям яна учишга уринади.
Гоҳо ён атрофдаги табиат ичидан она мусичани излайман. Йўқ, ҳеч қаерда кўринмайди! Мусича асли беқарор қуш. Полапониниям шунақа қилиб ташлаб кетадими, тавба? Дарахт шохларида, томда бароқ мушукнинг ҳалиям пойлоқчилик қилиб юрганини кўриб қоламан. Ҳар кўрганимда бир нималар отиб ҳайдайманки, ҳайиқсин, қўрқсин, яқин келмасин. Кунлар янада совий боради. Эрта бир кун қишнинг изғиринли музламалари бошланганида бутун бу теварак муз қотади, ҳаракат тўхтайди. Шунда полапонларнинг ҳоли нима бўлар экан деган ташвишим ҳам бор.
Ерларни суғориб бўлдим. Энди кейинги йил баҳоригача ер дам олади. Ариқлардаги сувлар озаяди, тубида озгина тиниқ сув қолади, холос. Бу сувлар баҳорда бўтана тус олади, баҳорнинг жалаларининг ҳаётбахш сувлари кўпира-кўпира оқади.
Ҳозир эса ҳаммаси сокин, жим.
Ернинг эгаси – озғин, бесаранжом йигит тушлик маҳали келиб мен билан ҳисоб-китоб қилди, баҳордан бери қилган хизматимнинг ҳақини олдим. Кўнглим енгил бир туйғу билан тўлди. Тезроқ кулбамга борай, нарсаларимни йиғиштириб, йўлга чиқишим керак.
Ана, кўкларда турналар ҳам қайтишмоқда. Қатор-қатор тизилиб зағчалар қайларгадир кетишмоқда. Булар учбурчак ҳосил қилишиб учишади. Лекин зоғлар унақа эмас, тўп-тўп кетишаверади. Балки турналар жудаям узоқларга учиб кетишар? Зоғлар эса яқинроқда қишлашлари ҳам мумкин.
Йўл ёқасидаги баҳайбат толлар уйқуга кетган. Тераклар ҳам. Остлари тўкилган барглар билан тўла.
Илдам юриб, тезда кулбамга етиб олдим.
Ичкарига кирдиму тўсатдан тўхтаб қолдим.
Нимани кўрдинг денг?
Ерда бузилиб кетган иннинг хас-чўплари сочилиб ётар эди.
Полапонлар қани?
Хаслар орасида битта-иккита нозик болу пар ҳам кўринар эди. Ўша жимитларнинг пари-ку? Шошиб қолдим. Қани, ахир? Дераза қоғози яна йиртилган. Демак, бароқ барибирам кирибди-да? Шитоб ташқарига чиқдим, мушук кўринмайди. Полапончаларни тишлаб олиб қочиб, қай бир пучмоқда паққос туширган бўлса-чи? Юрагимни ғашлик қоплаб олди. Йўқ, шошма. Бароқ кирган бўлса полапончаларнинг патлари ҳаммаёққа тўзғиб кетган бўлиши керак. Аммо ҳеч ерда патлар кўринмайди-ку?
Ёки ниҳоят, учишни ўрганиб, ўзлари учиб кетишдими?
Яна ташқарига чиқиб, тўрт тарафга аланглаб, полапонларни қидирдим. Эски беҳининг шохларига, баргларини тўкиб юборган узум зангларига, тол шохларига бир-бир қараб чиқдим. Шунда… тут шохчасига қўниб ўтирган она мусичага кўзим тушди. Ёнида иккита ёш мусича ҳам бор эди. Полапонлар-ку? Қайсарроғи теваракка аланглаб ўтирар эди. Хайрият, дедим. Воқеани тушундим – бу қуш менинг кетишимни пойлар экану кетганимда тумшуғида бир иккита қурту ҳашарот кўтариб кириб, болаларини боқар экан! Қачон келишимни ҳам билар, шу сабаб келмасимдан учиб чиқиб кетар экан. Орадан шунча кун ўтибдию сездирмаганини қаранг! Бир томондан шу кулбада истиқомат қилаётган одам боласидан ҳайиқса, бошқа томондан полапонларини боқишиям керак. Ахийри вақти-соати келиб, болаларини учирма қилиб кулбамдан олиб чиқиб ҳам кетибди.
Мусичага яқин борсам, учиб кетишидан ҳайиқдим. Аммо шундаям истиқболига бир-икки қадам ташладим. Она мусича бамайлихотир, тумшуғи билан боласининг патларини тозалаяпти.
Ажаб, ота мусича қани?
Ҳеч қаерда ота мусича кўринмас эди.
Юрагим хотиржамликка тўлди. Бориб, нарсаларимни  йиғиштирдим. Дала-даштнинг қиши қаттиқ келади. Ҳа, қиличини кўтариб қиш келмоқда, бу ерларда энди мен қиладиган юмуш йўқ.
Нарсаларим кичкина бир тугун бўлди. Қўлимга олиб, ташқарига чиқдим. Мусичалар ҳалиям тут шохида қўниб ўтирар эдилар. Уларга қўл силкидиму йўлга тушдим.
Сирдарёнинг поёнсиз далалари, сувлари, шийпон шу тарз аста-секин ортда қолиб кетди.
Йўлда нариги далада ишлайдиганлардан яна бир-иккитасини учратдим. Уларнинг ҳам ишлари тугаб қолган бўлса ажабмас. Буларнинг ҳам бола-чақаси бордир ахир, қайси бир қишлоқларда оталарини кутаётгандир?
Бири, новчароғи, шамолларда қорайган юзига табассум қалқиб, номигагина сўради:
–    Ҳа. Раҳматжон, йўл бўлсин?
Жавоб шундай бўлди:
–    Уйга, ака. Бола-чақанинг олдига…
2011