Исажон Султон. Шамолли кеча (ҳикоя)

“Етим бола, ҳой бола,
Синглинг қани, бой бола?..”

Р. Раҳматдан

Данғаранинг даштида, шамолли кечада ака ва сингил бувилариникига кетиб боришмоқда эди.
Қоронғи туша бошлаган бўлса-да, ҳали теваракни энлаб улгурмаган эди.

Қарама-қаршидан эсаётган шамол шиддати остида оч кулранг тусли нотаниш буталар ёввойи ис таратиб юлқинар, кўтарилган чангу тўзон иси ҳам теваракни тутиб кетган эди. Йўл четидаги оқиш жийдаларнинг шохлари узилгудай бўлиб юлқинарди. Қамишлар синиб кетган пояларини тиклолмай шовулларди, ҳавода тўзон ва қамиш попилтириқлари чирпирак бўлиб учарди.

Ака олдинроқда, бақувват бир таёқ тутганча, ерни ура-ура одимларди. У аввалига синглисининг қўлидан тутиб олди, бироқ эски хазонлар ва майда-хас чўплар қуюн чирпирагида кўзига тиқилиб қаттиқ ачиштирганида қўлчасини қўйиб юборди. Ҳозир қизалоқ акасининг ортидан чопқиллаб борар, шамол гулдор кўйлакчасинию рўмолини юлқиларди. Почасидан ингичка оёқчалари кўриниб турарди, икки ўрим ёввойи сочи кичкинагина гулдор рўмоли остидан чиқиб қолган, акамдан қолиб кетмай деб деярли югуриб бораётганди. Шамол уфуришлари остида олдинга хиёл энкайиб, кўйлаги гоҳо елкан каби шишиб қадам ташлаётган акаси кўзига ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ғоят кучли, юракли ботир бўлиб кўринар эди.

Шамол эса гоҳ ер бетига тушиб, гоҳ юксакларга кўтарилиб ғувиллаб эсарди.

Шамол бу маконларда тўсатдан қўзғалади. Тоғ ораларида етилиб, ўнгирлар орасидан ўкириб-ваҳшат солиб чиқиб келади. Қишлоқларнинг наридан-бери оҳакланган деворларидаги чангларни учириб, томларнинг қумларини сочиб, кўча тупроғини тўзғатиб-тўзғитиб эсаверади. Маккапояларни ағанатади, кир ўраларда ҳуштак чалади, сувларни чайқатади, тепаларда ғувиллайди, пастга тушганида челакларнию чўпчаватларни ағанатиб юмалатиб юборади. Дала-даштдаги юмрон инларини қум билан кўмади, овсарроқ қушлар қурган уяларни тамомила бузиб ташлаганида жажжи полапончалари чирқиллаганча ерга қулаб тушиб, ваҳший ҳайвонларга ем бўлишади.

–     Ака, секинроқ!
–     Тез-тез юр дедим!
–     Ака, жон ака, секинроқ юр, етолмаяпман ахир!

Минглар ортда қолиб кетган, у ёғи Даштқишлоқ. Даштқишлоқда болаларнинг бувиси яшайди. Бу икковлон шу бугун бувиникида ётиб қолиш учун йўлга чиқишган.
Буларнинг онаси йўқ, бир неча йил аввал касал бўлиб оламдан ўтиб кетган. Баланд бўйли, келишимли, ёқимли аёл эди. Болаларига жуда меҳрибон, болалар ҳам уни жуда яхши кўришарди. Қип-қизил, сингиб пишган нонлар ёпарди… Азбаройи аёлининг ҳурмати, ота анчагача уйланмай юрди, ҳар куни эрталаб саҳар чиқиб кетиб, шом қорайганида гандираклай-гандираклай кириб келардию болаларини қучоқлаб, кўзларидан сариқ ёшлари оққанча бир нималарни ғўлдирай-ғўлдирай ахийри ухлаб қоларди. Бир неча ой шу алфозда кечди, шунда бувилари жонга ора кирди, қаровсиз қолган болаларни ўз уйига бот-бот опкетадиган бўлди. Ниҳоят, ота тўнғиллай-тўнғиллай, бировларнинг қистови билан Чомочдан бир бева аёлга уйланди. Бу бева хастаҳол, озғин, кўп жаврайдиган бир хотин эди. Йил ўтмай ингичка, ранги синиққан, озиб-тўзган бир бола туғди.
Ака-сингил у чақалоқдан бегонасирашади, ёзғиришади. Шу сабаб, ҳовлининг ишларини саранжомлагач, кўпинча бувилариникига ётгани кетиб қолишади. Бувининг уйи оддий, кичкина, аммо осойишталикка тўла. Ҳавоси сарин, ёқимли. Кичкина токчада беҳи чой дамланган туради. Сандал устида қурутлар, туршаклар, вассаларга беҳи, олма, анор, узум бошлари осилган. Вассаларнинг сони тўқсон тўққизта. Яна, жийда исиям кептуради.
Бугун шамол қўзғалмасидан аввал болалар уй ишларини бажариб улгуришди. Ота далада, бола мол-ҳолга қараб, ўтинларни ғамлади, қизалоқ эса катта қозонда сув иситиб, тандирдаги кулдан қўшиб кир ювди, дорга қаторлаштириб осди, хоналарни супириб-сидириб, эски шолчаларни ташқарига опчиқиб қоқди. Ўгай ука нимагадир тинмай чириллаб йиғлагани-йиғлаган. Ўгай она эса чақалоғининг бошидан келолмайди, думба ёғини докага ўраб шимдиради, бола чиқариб ташлаб яна чириллайди.
Шамол ана ўша маҳалда қўзғала бошлади. Унинг зўрайиши ўзига хос: аввалига экинзорлару дарахтларни силкитиб-силкитиб гоҳ-гоҳ шиддат уриб турди, пайдар-пай эсиб, тандирнинг кулларини тўзғитди, кир ўраларнинг зангор сувларини чайқатди. Ака-сингил эрталабданоқ бувиникига кетамиз деб аҳд қилиб қўйишган, чунки чақалоқни қарғаб жавранаётган куйинчак бу аёл жонларига теккан. Юмушлар битгунича вақт ҳам кеч бўлди, тоғу тош тепасида қорамтир булутлар тўпланиб, кўкни энлаб кела бошлади. Бирпасда тўзонлар учди, кўчанинг тупроғини тўзғитиб деразаларга олиб келиб урди.
Мана шу маҳалда икковлон қўл ушлашиб уйдан чиқишди-да, бувиникига йўл олишди.

* * *

…Ҳаво булут бўлгани учун шом эртароқ қўнди. Сўқмоқ йўлнинг бир томонида ёввойи дарахтзор, бир томонда тўқай бошланди.
Шамол янада кучлироқ эсаверди.
У осмондаги булутларни ҳам шитоб билан суриб борарди. Булутлар тўда-тўда бўлиб уйилар, гоҳ оралари очилиб, бўзранг ойнинг бир чети ҳам кўринарди. Балки бир оздан кейин ёмғиру жала қуйиб юборар? Гоҳ булут ораларидан ой мўралаганида теварак ёришар, шунда шамолнинг қилмишлари янада яққолроқ кўзга ташланар, атроф эгилиб-букилаёган дов-дарахт, шох-шабба товушларига тўлиб кетган эди.
–        Ака, қўрқиб кетяпман!
–        Қўрқма, нимадан қўрқасан?
–        Ака, сен қўрқмайсан-а?
–        Йўқ, мен ҳеч нарсадан қўрқмайман!

Шу маҳал қизгина оёғи аллақандай илдизга илашиб йиқилиб тушди. “Вой ўлай”, деб ҳадик ва қўрқув аралаш ўша заҳоти акасига қаради. Ака ортига қарамай кетиб бормоқда. Озғин елкасинигина кўради қизалоқ, энсасидаги сочи шамолда юлқинади. Қизгина апил-тапил ўрнидан туриб, кўйлагини икки қўли билан тутганча яна акасининг ортидан чопди. Акаси ҳаммадан кучли, қўрқмас йигит. Ана, қўлида таёғи,  шамолда юлқина-юлқина адл кетиб бораётир.

Бу қизгинани Нозик дейдилар. Икки юзи бўғриққан, қўлчаларию бармоқчалари қадоқли, кафтлари қаварган, лекин қийиққа мойил қора кўзчалари кулиб-кулиб турадиган ёқимтой қизалоқ у. Нозик исмини бувиси қўйган. Онаси эса уни Назокат деб чақирарди. Холалари уни Латофат дейдилар. Дугоналари Нози десалар, аммалари Гўзал дейдилар… Қизгинанинг ёқимтойлиги раҳматли онасига тортган.

Яна, ўзига ўхшаган жамалаксоч қизалоқлар билан тўптош ўйнарди, гоҳо латтадан қўғирчоқ ясаб, боласини овутарди. “Вой жоним болажоним, очқаб кетдингми?” деб ўзича меҳрибончилик кўрсатганида, акаси уни масхара қилиб кулар эди. Қизгиналар кичкина чўпларни бир-бирига бойлаб, бир бўлак матони кийим қилиб кийдириб “меҳмон-меҳмон” ҳам ўйнашарди. Сумалак маҳали тортина-тортина, катта хотинларнинг “бўл ҳа бўл, уялмайгина қол” дейишлари остида улкан капгирни қозонга ботириб, неча тош чиқишиниям кўрарди, беш-олтита тош чиқиб қолса уялганидан қочиб ҳам кетар эди.

Лекин ҳозир у саросимада, гоҳ митти қўлчаларини ёзиб, гоҳ шамол юлқилаётган кўйлагини тутиб, акасининг ортидан чопиб-чопқиллаб бормоқда.

Ака дўқ ургани билан, ўзи қўрқувдан дир-дир титраётганини сингилга сездирмади. Поёнсиз даштда, шамолли кечада мана шундай боришяптию кишилар орасида оғиздан оғизга ўтиб юрадиган ҳамма ваҳимали нарсалар ҳозир шамол қаъридан чиқиб келадигандай туюлмоқда эди. Пастак нотаниш буталар остида ёвуз жинлар бўлиши мумкин, улар шунақа шамолли кечаларда ёлғиз қолиб кетган кишиларни пойлаб изғишади. Шовуллаётган қорамтир дарахтларнинг устидан қилич кўтарган қора киши тушиб келишиям мумкин. Ҳўв анави хароба – кимсасиз эски мачит ичида дев кутиб турган бўлса-чи? Ҳа, аллақандай кишилар йўл устида ҳозиру нозир, бу суронда биров қичқирсаям эшитилмайди, ҳаммаёқни табиатнинг нолалари тутиб кетган маҳалда ўшанақа кишилар йўлларда, дарахтлар остидаю устида мана шунақа бемаҳалда йўлга чиққан кишиларни адаштириб кетишади. Адашганларнинг баъзилари қишлоққа сира қайтишмайди, уларни кейинчалик ҳам биров кўрмайди, гоҳо кимдир қандайдир тасодиф сабаб қайтиб келса ҳам эсдан оғиб, оғиз-бурни қийшайиб қолган бўлади.

Шундай маҳалларда ваҳималар гирдобида адашиб кетганларнинг нималарни кўришганинию нимадан бунча қаттиқ қўрқишганиниям биров билмайди. Ўзлари эса, айтиб беришолмайди.

* * *

…Ой булутлар остига яна кириб кетди. Тўлқин-тўлқин булутлар кўк юзини тамомила қоплаб олди.
–        Ака!
–        Юрсангчи тез-тез, “ака”ламасдан!
–        Ака!..
–        Э, нима дейсан?
–        Акажон!..

Шамол баттар шиддат урарди. Шунда дарахтларнинг кўланкаларига жон киргандай бўлди. Бир бута ўрнидан илкис қўзғалиб йўл устига ташланди. Юм-юмалоқ каттакон бир нарса шундоқ ёнгинасидан юмалаб ўтиб қамишлар орасига кириб кетди. Аканинг эсига бувисининг эртакларидаги даҳшатлар келди, гўё бу аллақайси жодугарнинг кесилган боши-ю “Ҳап саними!” дея кимнидир яний-яний юмалаб бориб чуқурга тушиб кетгандай! Дарахтлар шохларини чўзиб, ёлғизоёқ йўлга яқинлашиб кела бошлашди. Аканинг юзлари музлаб кетди, Аксига олиб узоқларда чироқ ҳам кўринмайди. Чунки қишлоқдаги чироқлар шамолда ўчиб қолади. Ўт чиқиб кетмасин деб шам ҳам ёқмайдилар. Қўй-кўзиларнинг баърашларинию кучукларнинг вовуллашларини шамол учириб кетади.

–        Ака, акажон!..

Йигитча йўқдан бино бўлган қўрқувини енгишга уринардию шу шамол остида чайқала-чайқала, тиззалари дир-дир қалтираб қадам ташлар эди. Жонҳолатда югуриб қочгиси келарди. Лекин, қаёққа? Бувининг қишлоғигача анча бор, теварак юлқинаётган, шитирлаётган, ингранаётган дарахтлару буталарга тўла. Тўқайзорда ваҳший ҳайвонлар ҳам бўлиши мумкин. У таёғини янада маҳкам қисимлаб олди. Озгина юришса, бувининг қишлоғига етиб олишади. Дашту далалар узра ғувиллаётган бу шамол ҳозир, шу паллада қўрқинчли холос. Эртага тонг отса, сира қўрқинчли бўлмай қолади. Ҳозир ўтаётган ерларидан эртага кундузи ўтса, ҳамма нарса тинчланиб-сокинлашган бўлади. Лекин, ҳозир нега бу қадар қўрқув уйғотаётир? Қоронғи бўлгани учунми? Ҳа, қоронғида нарсаларнинг кўринишлари ўзгариб кетади, ваҳима кучаяди. Аслида йўлга чиқишмаса бўлар экан. Нимагаям чиқишди? Ўгай онанинг ёнида, чақалоқнинг биғиллашию отанинг тўнғиллаши остида бўлсаям тинчгина ухлагани яхшимасмиди? Яхшиси айвонда, кўрпага бурканиб олиб шамол овозига қулоқ солиб ухлайверарди. Шамолда теракларнинг қарсиллаб синишини эшитиб ётиш мазза… Бу даштдан ҳам қарсиллаётган овозлар келмоқда, балки қанақадир дарахтларнинг шохлари синаётгандир? Буталар мустаҳкам, бари ер бағирлаб қолган, қайишқоқ, даштнинг буталари шамолга мослашиб кетишган.

Ҳеч бўлмаса ой булутлар остига кириб кетмай турсайди. Лекин ой чиқса, ваҳима яна кучаяди. Ой ёғдусида даштда нималардир ҳаракатланаётгандай туюлади. Юрак яна шувиллаб кетади. Тезроқ, тезроқ юриб бувиникига етиб олиш керак. Адаштирувчилар балки ростдан ҳам бордир? Нега бўлмаса кап-катта одамлар ҳам уларни гапириб юришади?

Йигитча шу тарз қадамини илдамлатиб, деярли югуриб бормоқда эди. Қамишлар орасида бир нималар қаттиқ шитирлар эди. Балки у ерда ҳам қанақадир ваҳший ҳайвонлар қулай пайт пойлаб югуриб боришаётгандир? Тезроқ бувиникига етиб олишсайди…

* * *

…Ниҳоят, қишлоқнинг дарахтзорлари қорайиб кўринди. Шамол янада авжига чиққан, дарахтларнинг қуриган шохлари бу ерда ҳам қарсиллаб синарди. Чапдаги зовурнинг дўнглари устида бўғиқ ҳуштак чала бошлади. Қишлоқда овозлар ўзгача, даштдаги каби ёввойи, ҳуркитувчи эмас. Бу ерда ҳам нималардир тарақлаяпти, кимнингдир эшиги шамолда очилиб-ёпилиб ғийқиллаяпти, кучук вовуллаши эшитиляпти.
Тупроғи тўзғиб ётган кўчадан деярли чопиб борар эди йигитча. Ҳеч қаерда чироқ йўқ, ҳўв наридаги баъзи уйларнинг кичкина деразаларида шам алангаси липилламоқда. У уйдаги кишилар балки ҳозир бамайлихотир гурунглашиб ўтиришгандир? Йигитчанинг юраги қинига сиғмай ура кетди, ич-ичидан ғалати, ёввойи севинч кўтарилиб келди. У қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди, нафаси тиқилиб-тиқилиб куларди у… Ниҳоят, бувининг эски уйига ҳам етиб келди. Ичкари томонидан зулфини илинган эшик ҳам шамолда тақирламоқда эди, елкаси билан қаттиқ урган эди, очилиб кетди.

–     Буви-и! Буви-и! – деб овоз берди у.
–     Вой хайрият-эй! Вой худога шукур-эй! – салдан кейин шамолнинг увиллашлари аро одам товуши келишини ишониб-ишонқирамай кутиб ўтирган буви калишини апил-тапил киясола, чиқиб келди. – Эсон-омон етиб келволдиларингми, болажонларим, қўрқиб кетмадиларингми?
–     Йўғ-э, нима деяпсиз, шамолданам қўрқаманми? – деди йигитча кеккайиб. Юрагидаги ёввойи қувонч  ва хотиржамлик энди унда ўсмирона ғурур уйғотди. Қўрқуви чекинган, бояги ваҳималари кулгилию бемаъни туюла бошлади.
–     Вой, бувинг чўри, ботиримдан ўргилай! – деди буви.

Сўнг, чиқаётган жойида тўсатдан тўхтаб, саросималаниб сўради:
–     Ҳой ўлгур, синглинг қани?

Йигитчанинг юзидаги бахтиёрлик ифодаси бирданига ғойиб бўлди, гўё у ифодани ҳам шамол учириб кетгандай бўлди. У ҳангу манг бўлиб ортига аланглади.

Сингил йўқ эди!

–     Йигит бўлмай ўл, Нозик қани?

Нарироқда, эгилиб-букилаётган дарахтлар остида ҳам, ҳозир ой хира ёритиб турган тупроқ йўлда ҳам қизалоқ кўринмас эди.

Боягина “ака-ака”лаб чопқиллаб ортидан келаётган эди-ку? Кичкина гулдор рўмоли остидан икки ўрим ёввойи сочи тиккайиб чиқиб турган эди-ку? Почаларидан ингичка оёқчалари кўрина-кўрина, гоҳ теваракка “вой ўлмасам” дея аланглаб-аланглаб, гоҳ акасининг кучу қудратидан болаларча мағрурланиб-фахрланиб, кўйлакчасини шамол юлқилай-юлқилай чопиб-чопиб келаётганди-ку? Қани қизалоқ? Қай ерда қолиб кетди у?
Кўчалар, боғлар, юлқиниб-силкинаётган бу маконлар бўм-бўш, фақатгина шамол – одам яшамайдиган узоқ тоғларнинг ёлғиз қоялари орасидан чиқиб келган мана шу ваҳший шамолгина бутун олам узра ёйилиб-сочилиб шиддат урмоқда эди, холос.

* * *

Данғаранинг шамоли – баҳайбат тоғ ораларидан кўзга кўринмас бениҳоя улкан махлуқ сингари чиқиб келган шу шамол ўкириб-пишқириб роса эсди!

Шу туришда у ҳозир Қирқлар, Минглар, Аравон, Жилва, Чомоч, Сойлар, Найман, Беговот каби юзлаб қишлоқлар устида тўзон ва қум сочиб ваҳшат солиб, чунон ўкириб-ўкириб ўтди-ки!

Дарахт ораларини айланиб-айланиб эсишида нола оҳанглари ҳам борга ўхшарди. Куч ва қудратини инсонларнинг омонат маконлари узра намоён қила-қила, гоҳ бўзлай-бўзлай, гоҳ нолон-нолон, гоҳо эса исён ила қичқира-қичқира, шиддати пасайганида эса инграна-инграна эсаверди.

Унинг эсишида бошқа маънолар ҳам борга ўхшарди.
“Етим бола” деб овоз чиқарди у томорқалар устида.
Айқаш-уйқаш бўлиб синиб кетган жухоризорлар узра эса “Ҳой бола” деб дағдаға қилди!
Ва қаҳқаҳа уриб, шўрлик аканинг сочларини узиб олгудай бўлиб юлқилайверди:
“Етим бола, той бола,
Синглинг қайда, бой бола?..”

* * *

Бу – ҳаётда жуда кўп воқеаларни кўравериб дийдаси қотиб кетган кампир эди. Лекин ҳозир саросимага тушиб, ваҳима ва қўрқув ила йигитчанинг сочларидан тортиб, муштлари билан бошига ура-ура йиғлай-йиғлай нидо қиларди:

–     Эркак бўлмай ўл, топ синглингни, қирилиб кетгур! Бор, қайт изингга, тополмасанг ўша ёқларда ўлиб кет!

Ҳа, бутун бу бепоён кенгликларни бирдай энлаб, қутуриб-ваҳшат солиб эсарди шамол.

Йигитча бир томондан ор-номус титроғи, бир томондан яна ўша ваҳималарга рўпара келишнинг қалтироғи ила ортига ўгирилди.

Сал нарида қишлоқ уйлари тугаб, яна кимсасиз дашт, ғалати оқиш буталар, гоҳ яккам-дуккам, гоҳ қалин, айқашиб кетган қамишлар, юлғунлар, тўронғиллар тўла яйдоқ дашт бошланиб кетган, баттар қутуриб эсар эди Данғаранинг тентак шамоли.

Бу йигитча, онасининг ёлғиз ёдгори, ўша қўрқинчлар билан яна юзма-юз келиши керак эди.

Юзма-юз келиши нимаси, орасида санқиб, митти ва ёқимтой сингилни излаши керак эди. Дарахтлар устидан тушиб келадиган қилич кўтарган қора киши, буталар тагида олов ёқиб ўтирган одамчалар, нима учун кимсасиз маконларда кезиб юришларини биров билмайдиган ғалати кишилар, қамишзорлар ичра қулай пайт пойлаб югургилаб бораётган ваҳший ҳайвонлар изғиган дашт аро… нозик-ниҳол сингилчасини топиши керак эди!

Ваҳший шамол энди унинг юз-кўзларига, бошига тупроқ сочар, сочларидан юлқилаб қийнар эди. Унинг шиддатида кампирнинг ёғоч эшиги тарақлаб ёпилди, ёпилдию яна қайтиб ланг очилиб кетди.

Йигитча яна ортига қараб йўлга чиқди.

Ким билсин… ичидаги шиддатли қўрқувларни енгиб у маконларда изғигани тақдирда ҳам, топармикин синглисини? Бу талотўп ва сурон ичра нафис-ниҳол ўн бир яшар қизалоқ қайси пучмоқларда экан ҳозир? Еру кўкни энлаб-бузиб эсаётган ва жонлию жонсизни ҳаракатга келтириб қутураётган бу ёввойи шамол остида, қай бута ёки дарахт тубида, қай чуқурда акасини кутиб дир-дир титраётган экан?

Мабодо топган тақдирда ҳам… қай аҳволда топаркин?

Топа олармикин?