Исажон Султон. Отамга нимадир бўлди… (ҳикоя)

Мен жудаям кичкина боламан. Бўйим эндигина отамнинг тиззасига етган.

Отам жуда қувватли, кафтлари улкан-улкан. Йўғон бармоқларидан тутиб, отамга бошимни буриб қарайман.

Мевалар пишса, елкасига чиқиб оламан, дарахтнинг ҳўв учидагиларгаям қўлим етадиган бўпқолади.

Тунги юлдузлар бодроқдай сочилган. Отамнинг елкасига чиқиб олсаму ўзим яна пича ўссам, уларниям тўплаб олавераман.

Худо юлдузларнинг ортида. У жуда меҳрибон, ер юзини ўша жойлардан туриб кузатади.

У отамгаям, онамгаям меҳрибон. Шу туфайли бизни уларга фарзанд қилиб берган.

Отам ҳам меҳрибон. Лекин, олисларга ишлагани кетмоқчи.

“Отам кетмасин” дейман онамга.

Онам айтадики, кетмаса бўлмайди-да, тойим. Сенларни боқиб қатта қилиш керак, шунча ташвишни қандай эпласин?

Отам ўша олисдаги ўлкалар ҳақида ҳикоя қилиб беради. Йўл юрармиш, йўл юрсаям мўл юрармиш. У ёқларда роса қорлар ёғар экан. Оқ айиқлар бўкириб юрармиш… Одамлари муздан кулба қуриб яшар эмишлар.

Айиқлари ёққан қорлари туфайли оқ бўлса, унда девлариям оқдир? Оқ дев дегани ўша ёқларда яшаса-чи? Муз баъзан оч-кўкиш тусда бўлади, балки кўк дев ҳам бордир?

Бир неча кундирки, хаёлимда шу ўйлар. Уйимизга кимлардир келишади, маслаҳатлашишади, кейин отам онам билан узоқ-узоқ гаплашади, мен қулоқ солиб ётаман. Печкада ўтин чирсиллайди, баъзан нам новда вишиллаган овоз чиқаради, шунда хивичдан отилиб чиқаётган ингичка буғ оқими кўз олдимга келади. Кўпинча узум новдаси шунақа сас чиқаради, бошқа ўтинлар гурилламайди, аммо ёнганидаги товуши ҳар хил бўлади. Ўша турфа товушларгаям қулоқ солиб ётавераману ухлаб қоламан.

Туш кўраман.

Сигиримизнинг бири оч, бири тўқмиш. Оч сигиримиз тўқ сигиримизни ер эмиш.

Еримиз тап-тақир, биттагина бошоқ ўсиб чиққанмиш, холос.

Уйимиздан отлар чиқиб кетишаётганмиш, ҳаммаси баланд бўйли, ёллари ҳилпираган, аммо эгарлари бўм-бўш отлар…

* * *

Ниҳоят, отамнинг кетар куни бўлди. Ерларни қиров босди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ йиғилди. Ерқозонда овқат пиширдик. Мен эски ўтинларнинг иссиғида исиниб ўтирдим. Ёғлари қалқиб-қалқиб шўрва пишди, кишилар нон ботириб, мақтаб-мақтаб ейишди, кейин дуо қилиб кетишди.

Онам катта халтага нон, талқон, тутмайиз солди. Отам айвонда ўтирар эди.

– Ота, – дедим. – Бўйноқни бостирмага бойлаб қўяйлик, қачонки олдидаги сув айниб қолса, кучук ер тишлаб ириллайверса, сизга бир нима бўлганини шундан билиб оламиз. Кейин ўзим бориб сизни қутқариб келаман.

Отам кулди, катта кафти билан бошимни силади, қучоқлади:

– Майли, айтганингдек бўлақолсин, аммо кучук шўрликни қийнаб нима қиласан? – деди. – Кечқурунлари бойлаб қўяқол, кундузлари ўйнасин.

Мен кўндим.

Бўйноқни чақирдим, думини ликиллатиб келди. Бу – яхши кучук, овқат сўрамайди, дастурхон қоққанимизда ўша ерда ўралашиб увоқларни териб ейди. Бегона бировни уйимизга яқинлаштирмайди. Опам мактабга жўнаса, ортидан обориб ташлаб келади, ўқишидан чиқишига ҳам бориб кутиб туради.

Мен Бўйноқнинг ақлли эканини биламан.

Отам тўғри айтди. Кундузи занжирлаб қўйсам, опамни ким мактабга оборади?

Бўйноқни бостирмага бойладим, олдига эски чатноқ косада сув қўйдим. “Шу сувга энди ўзинг қараб тургин” деб тайинладим.

Кеч туша бошлагач, гуриллаб қўшнимизнинг эски аробаси келди. Отам хайр-хўшлашиб аробага минди, у ортидан кўк тутун чиқариб жўнаб кетди.

Қўлимни силкитиб туравердим, аммо отам ортига қайрилиб қарамади.

Шу тариқа, уйимиз ҳувиллаб қолди.

* * *

Эртасига яна қировлар тушди. Индинига ҳам. Ҳар куни тушаверди.

Ўша кундан бошлаб уйимиз иссиқ бўлмай қолди. Отам борлигида ҳароратли бўларди. Тўнига ўраниб чой ичиб, телевизор кўриб ўтирар, гоҳ тиззасига уриб, бақириб-бақириб кулар ҳам эди. Мен бағрига кириб олардим. Гоҳо туриб печкадаги оловга ўтин ташлаб қўярди. Қутидаги нонларни печка устига қўйиб илитса, иси ҳаммаёқни тутиб кетарди.

Отам кетгач, кучукка меҳрим ошди. Олдидаги сувини ҳар куни янгилайман, нон бераман. Беҳи ҳам берган эдим, егиси келмади. Атай сувига диққат билан қарайман: топ-тоза, тиниқ бўлади. Хурсанд бўламану тўкиб ташлаб, ариқдан бошқа сув опкелиб соламан.

Отам ўша олисларга етиб бордимикин, деб ўйлайман.

У ёқларни жуда совуқ дейишади. Отам бир маҳаллар ёшлигида ўша ёқларда аскар бўлган экан. Икки-учта пўстинни устма-уст кийиб юрардик, деганлари эсимда. Отам кетган томонларда дев бўлмаса керак. Дев унақа совуқ жойларда яшай олмайди, чунки пўстини йўқ. У ёқларда оқ айиқлар билан узун шохли буғулар яшармиш.

Ҳа, у ёқларда дев нима қилсин? Дев ўзимизни томонларда бўлади. Ишламайди, баҳайбат гавдасини лўкиллатиб, қорни очганида ғоридан чиқиб келади, теваракдаги қишлоқларнинг одамларини қўрқитиб, қорнини тўйғизади. Девнинг кийими ҳам йўқ, белига лунги бойлаб, ялангоёқ юради. Хотини ҳам, болалари ҳам бўлмайди. Бунинг устига анчайин аҳмоқ, еб-ичишдан бошқа дарди йўқ, Бўйноқчалик ҳам фойдаси тегмайди. Қора кунимга яраб қолар деб одам ғамлашиям мумкин. Очқаганида четан ичига қамаб қўйилган одамлардан биронтасини егани энкайиб келади, шунда одамлар “Мен ориқ, у семиз” деб ҳар томонга қочишади.

Отам у ёқларда нима қилар экан? Қўллари совқотиб дарахт кесар? Ҳар қанча уринсам ҳам тасаввурим у манзараларни жонлантиролмайди. Унда-бунда эшитганларим бирлашиб, тушунарсиз манзаралар ҳосил қилади. Ўрмонлари бепоён эмиш. Юз йил юрсанг ҳам тугамасмиш. Қизиқ, отам нима учун уларга уй қуриб берар экан, ўзлари қуролмайдими? Йўқ, бизларникидай уй қуришни билишмасмиш, ўшан-чун музни ўйиб, ичига кириб яшашармиш. Отам уларга уй қуришни ўргатиб, кейин қайтиб келса бўлмасмикин?

Бўйноқ ҳар оқшом думини ликиллатиб олдимга келади. Отам кетганидан бери у билан ўйнамайман. Менга ҳайрон бўлиб қарайди, ўйнагиси келади-да. Айтдим-ку роса ақлли деб. Бостирмага оборсам, ерда ётган занжирини тишлаб кўтариб, бошини тиқмоқчи бўлади. Билади-да эрталабгача тутқунда ётишини. Кейин олдидаги сувига қарайман – йўқ, айнимабди. Суюниб, сакраб-сакраб чопаман.

* * *
Орадан кунлар ўтди.

Бир кеча Бўйноқ дуёни бузгудай бўлиб ғингшиб чиқди.

Осмонда ой сузар эди. Майда тарам булутларни ёритиб, совуқ самода танҳо сузаверди.

Бўйноқ сира тинчимади.

Югуриб бориб, саҳар ёруғида қарасам, ялоқдаги сув айниб қолибди!

Энди нима қилдим? Отамга бир нима бўлдими?

Бўйноқни бўшатсам, ер тимдалаб ғингшийверди. Отамни изини искаб томорқаларни айланиб қур чопиб чиқар, дарвоза олдига бориб кўчага, дала-тузга мўралар, қайтиб келиб, шимимдан тишлаб тортқилайверарди шўрлик.

Уйга кирсам, косадаги сув ҳам айниб қолибди.

– Ака, – дедим. – Отамга нимадир бўлди.

– Йўғ-э, – деди акам. – Эсинг жойидами?

– Йўқ, ака. Отамга ростдан ҳам бир нима бўлди, чунки Бўйноқнинг олдидаги сув айниб қолди.

– Бўлмағур гапни қўйсанг-чи.

– Ака, эътибор берсанг-чи. Уйдаги бор тартиб отам туфайли эди. Ўзи узоқда бўлсаям бегона қушлар экинга келмас эди. Энди эса, кўряпсанми, жухориларни ёввойи қушлар босди. Менимча, отамга бир нима бўлди.

Разм солдингми, бир кечада этакдаги бурган билан шўра ўсиб кетди. Мевали дарахтларга қарадингми? Беҳи мева солган жойида бужмайиб қолди. Шафтоли меваларини тўкиб юборди. Узумлар чириди. Ака, уйимиздан бир нима кетиб қолди. Чунки, отамга нимадир бўлди!

Ахир, разм солсанг-чи! Опам синиқ ойнага қараб, синиқ тароқ билан соч тарайдиган одат чиқарди. Жон ака, сен кучлисан, отамнинг ўрнидасан, ўртоқларинг билан чиқиб кетиб қош қорайганда қайтгунча рўзғорга қарасанг-чи. Ахир, отамга бир нима бўлди!

Қўшни сувни ўзига буриб олди, маккаларимиз сув ичолмай ранги кетди. Кеча келаётсам, эшигимизни тагига кимдир пўчоқ ташлаб ўтибди. Уйнинг сувоғи шўрлашиб кўчиб тушди, биров сидириб-тўплаб, суваб қўймади. Ўша ердан ҳам шўралар ўсиб чиқди.

Яна айтайми, ака? Этакдаги бобом эккан нок қуриб қолганини сезмадингми? Юз йилдан бери бир хилда мева соларди, шу бир-икки кун ичида баргларини тўкиб юборди, пастда, ерга яқин шохида биттагина новдаси қолди, холос.

Онам нон ёпса, нонлари оқиб-қийшайиб кетяпти-ку? Овқат қилса тузи шўр-ку? Туз-намагини тотганида кўзини ёши оқиб қозонга тушганини неча марта кўрдим-ку? Овқатларни таъми ҳам ўзгариб қолди, есам, лаззати йўқ. Ҳар нарсадан таъм кетиб қолди. Кир ювса кўпирмаяпти-ку? Ҳовли супурса яна хас босиб, ёввойи ўтлар ўсяпти. Маккалар пишмади-ку? Ўтлар қуриб қолди-ку?

Иморат ҳам чўкди, пайқаяпсанми?

Ака, яна туш кўрдим, тушимда сигиримизнинг бири оч, бири тўқмиш. Оч сигиримиз тўқ сигиримизни ер эмиш.

Даламиз тап-тақир, биттагина бошоқ ўсиб чиққанмиш, холос.

Уйимиздан отлар чиқиб кетишаётганмиш, ҳаммаси баланд-баланд, ёллари ҳилпираган, аммо эгарлари бўм-бўш отлар.

Қара, ахир, укам тандир бошига бориб, оғзига бошини тиқиб отамни чақиряпти, хавотирланмаяпсанми?

Бўйноғим, нимага бўйнингни ерга ишқаб менга жавдирайсан? Қўлимдан бир нима келармиди? Нимага мени тортқилаб қайларгадир ундайсан, инграниб увиллайсан?

Эй Худо, бу аҳволга бирор чора борми?

* * *

Бу – олти ёшга кириб-кирмаган, ота оиласини сенсирагани боис ҳаммани сенсираб гапирадиган, фақат отасинигина сизлайдиган болакай эди. Сенсираса кишилар аччиқланишмасди, қайтанга жилмайиб қўйишарди.

Энди хаёлан отасига гапирарди.

“Энди келақолинг, жон ота”, дер эди.

“Келмасангиз сира бўлмайди.

Кетганингизга қанча бўлди-ю!

Онам билан ерларни чопиб экин экмоқчи бўлдик, бир сув келса, бир келмади, ҳаммаёқни ўт босди, аммо экин битмади. Сизсиз барака кетиб қолди.

Акам бориб сув очиб келар бўлди, уч-тўрт кун уринди, биров сув бермади. Кап-катта кишилар болани ҳақини еб қўйишди. Сиз бўлганингизда улар ҳайиқар эдилар.

Дов-дарахт мева солмай қўйди. Ҳар ёқни шўр босди.

Сигирларимиз озиб кетди, қарайдиган одам топилмади.

Ота, акам ҳам, онам ҳам билишмайди, аммо мен билиб турибман-ку. Сиз келсангиз, дарахтларимиз дунёни мевасини тугади, бозорга опчиқиб сотаверамиз-сотаверамиз, ахийри бойиб кетамиз.

Сиз келсангиз, еримиз мўл-кўл ҳосил беради, уларни қоплаб босиб қўямиз. Сигиримиз оламжаҳон сут-қаймоқ беради. Уй ҳам қаддини кўтаради, кўкрагини кериб савлат тўкиб туради. Эгам келди деб суюнади-да.

Сиз уйда бўлсангиз, у қаср бўпкетади. Уям бошқа уйларга мақтанади, қара, эгамни савлатини кўр, дея.

Келақолинг, отажон. Елкангизга миниб олай, кўкдаги юлдузларга қўлим етадиган бўлсин, истаганимни бодроқдай қилиб узиб олаверай. Юлдуз нимаси, Ойга ҳам қўлим етар бўлсин.

Ука, кеча тандир олдига бориб отамни чақирдинг-а? Бекор қилдинг, тандирга бош тиқиб чақирсанг, отам эшитмайди. Этакда катта тол бор, ўшани кавагига оғзингни тутиб “Отажон”десанг келади.

Юр, укажон, ўша толни олдига. Иккаламиз бирин-кетин чақирамиз.

Отам яхши кўрадиган тол у. Кавагида шамол ўтиради, биз чақирсак, сасимизни узоқларга олиб кетади. То отамнинг қулоғига етмагунча учаверади. Шамол тандирга киргани қўрқади, чунки унга олов ёқилади-да…

Юрақол, биргалашиб чақирсак, отам албатта эшитади…

* * *

Яна кун ўтди.

Эрталаб она барвақт турди. Бориб мол-ҳолга ўт солди, нонушта тайёрлади. Кейин болаларимни уйғота қолай деб ичкари уйга кириб овоз берди.

Қараса, ўртанчаси жойида йўқ.

“Вой ўлай, – деди. – Ҳой, уканг қани?”

“Билмадим” деди каттаси, кўзларини ишқалаб.

Ҳовлига чиқиб аланглаб атрофга қаради, нигоҳи ҳар тарафни тентираб кезиб чиқди. Бола кўринмас, бостирма остидаги занжир бўм-бўш, кучук ҳам йўқ эди.

“Вой, ўлибгина қўяқолай, – деди ўтакаси ёрилгудай бўлиб. – Ҳой болам, қайдасан?”

Биров сас бермас эди.

“Жон болам, қайлардасан?”

* * *

У маҳалда ота, қора совуқларда тиришиб меҳнат қила-қила, ниҳоят, мадори қуриб, қаттиқ иситмалаб ётиб қолган эди.

Иситма олган одам ўзини устида юзлаб зил-замбил тошлар бордай ҳис қилади. Суяклари қақшаб оғрийди. Қарайдиган одам йўқ, шериклари уни қолдириб, ишга кетишган. Роса бўралаб қор ёққан эди, шу иситма аро деразага қор зарраларининг шитирлаб урилишигача эшитиб турибди.

Бир маҳал ғувиллаб шамол эсаверди. Деразанинг кўзи синган, ўрнига қалин сувқоғоз тутиб қўйилган эди, ўша ердан кириб келди. Толбаргларининг тўкилган сасларини олиб келиб қулоғига урди, маккапоялар шитирини, мол-қўйларнинг баърашини, ўша саслар аро кичкинасининг овозини ҳам олиб келди у.

“Отажо-о-н” деган заиф, ингичка, ёлвориш тўла сас!

Овозда ҳам кўз ёшлари бўлар экан-да? У сас тўла кўз ёши эди.

Кўз ёшининг иси ҳам бўлар экан-да? У ис боласинингҳўл сочидан келадиган исга ўхшарди.

Турай дейдию туролмайди, сира мадори йўқ.

Бир маҳал қараса, эшик очилиб ўртанчаси кириб келяпти. Шу совуқда, юпқа кўйлакда! Қўлидаги дўпписида бир нималар бор. Ёнида эса Бўйноқ.

– Ота, туринг, кетдик уйга, – деяпти хўмрайиб.

– Ия, сен нима қилиб юрибсан бу ёқларда?

– Ота, Бўйноқни олдидаги сув айниб қолди, – деяпти. – Занжирдан бўшатдиму ортидан келавердим.

Дўпписининг ичида бир ҳовуч йилтироқ нарсалар кўринади.

– Ота, уйда эканингизда елкангизга чиқиб юлдузларни териб олиб, бостирмага яшириб қўйган эдим, ўшаларни олиб келдим, – деяпти.

– Турсангиз-чи ахир, жон ота, – дейди.

– Ота, сизсиз қийналиб қолдик.

Гапиради – ўксинади. Гапиради – термилади. Гапиради – кўзининг ёши дув-дув оқади.

 – Ҳозир тураман, болам, – дейдию туролмайди. – Ҳозир, болам…

– Йўқ, турмасангиз бўлмайди, – дейди ўртанчаси.

– Юринг биз билан, ота, – дея эшикка қараб йўналади.

“Эй Худо”, деди ота шунда. “Эсон-омон оёққа туриб олсам, ўша заҳоти уйимга кетаман!

Бу ерларни елкамни чуқури кўрсин!

Менга нима бор эди бегона юртларда, бировларга мўлтираб нон топиб?

Мен нодон, болаларимни ўзимга интизор қилиб қўйибман-ку?

Уларга орзу-ҳавас қилган нарсаларимдан ҳам кўра, ўзим керак эканман-ку?

Етти авлодим умри бўйи тупроқдан ризқини чиқариб бола-чақасини боққан, ота-бувам “Ер етти пуштингга етади”, деган эди. Нима қилиб юрибман еримдан, элимдан, жигарларимдан айрилиб?”

* * *

Бу маҳалда болакай билан Бўйноқ қишлоқдан чиқиб олишган, тақир аро кетмоқда эдилар.

– Бўйноқ, – дерди болакай, кучукка. – Сен йўлни биласан. Отамнинг изини искаб-искаб топиб бораверасан.

Отам жуда олисда, аммо яхшилаб югурсак, албатта етиб оламиз.

Теваракда чиябўриларнинг улиши эшитиляпти, юрагим орқага тортиб кетяпти. Лекин ёнимда сен борсан-ку, улардан қўрқмаслигингни биламан.

Бўйноғим, сув бекорга айнимади. Яхшиям айнибди, агар қонга айланиб қолганида уйимиз куярди.

Қара, юлдузларни живирлашини… Уларнинг ортида Худо бор. У жуда меҳрибон, ўша жойлардан туриб ер юзини кузатади. Ҳозир отамни излаб чиққанимни ҳам кўриб турибди, йўлимизни кўрсатсаям ажабмас…

Шу тариқа, кеча қоронғисида деярли югуриб борарди болакай, итини эргаштириб, узоқларга, отаси кетган олис-олисларга…

* * *

Топиб бора олармикин? Ёки қишлоқнинг олди эркаклари излаб чиқишиб, ортидан келиб қайтариб олиб кетишармикин? Бундан хабаримиз йўқ.

Ажабмаски, ота ҳам қадрдонлари сари йўлга чиққан бўлса… Бир авлоднинг каттасию кичиги шу тариқа бир-бирининг дийдорига тўйишларини тилашдан ўзга тилагимиз йўқ.

Ахир, яқинларнинг ҳасрати оғир бўлади. Жигар уқубати ундан ҳам оғир эмасми? Икковини тонг ғира-ширасида кузатиб қолар эканмиз, бизнинг ҳам бир илтижомиз бор, у илтижомиз шундайдир:

“Эй Парвардигор, ҳеч кимни яқинлари ва севганлари дардига дучор қилмагин. Бизларни севганларимиз билан имтиҳон қилмагин. Яқинларимиздан, улуғларимиздан айирмагин, сафимизни бут, ризқимизни кенг айлагин!”

Бошқа нима ҳам дея олардик?

2014