Исажон Султон. Мени ҳам туртиб қўй,эрта уйғонсанг… (ҳикоя)

Дунёда бир ўргимчак бор эди.

Тонг элас-элас отиб, қизғимтир қуёшнинг илк илиқ нурлари оламга ёйилиб, шудринг остидаги турли-туман ўтларнинг ҳидлари сезилар-сезилмас тарала бошлагани ондан у янги тўр тўқишга тушарди. Тўри ҳавойи, юмшоқ, нозик эди. Ўргимчак ўз вужудининг қаерида, қай тарзда тўр ҳосил бўлаётганидан бехабар бўлса-да, унга тўрни ҳосил қилиш жараёнининг ўзиёқ лаззат бахш этар эди гўё. Ғоят инжа ипакка ўхшаб кетадиган тўрнинг юзаси ёпишқоқ, йилтироқ бўлиб, илк учини бир япроққа маҳкамлаб, тебрана-тебрана тўқий бошлар эди у.

Аввалига узун ўқ ипини тизиб оларди. Кейин у ўқдан бошқа томонларга янги ўқлар тортар, марказдан турли тарафларга чўзилиб кетган иплар ҳосил бўлгач эса, ораларини бир-бирига туташтириб, катакчалар ҳосил қилишга тушарди. Катакчаларнинг кенглиги аниқ эди, қаерда ва қай тарзда катакча ясаш лозимлигини билар эди у.

Шу тариқа, бир катакдан иккинчисига ўта-ўта, ажиб бир моҳирлик ва қунт билан шу ғалати ишида давом этар эди.

У тўқий бошлаган тўр ғоят нозик гиламчага-да ўхшаб кетарди. Ҳар банди гиламнинг бир бойлами, ҳар ипи бир ипак қатими каби товланувчану йилтироқ эди.

Бу – ранги оч сариқ, бошчаси ва оёқ учлари қизғиш-қорамтир митти ўргимчак эди. Шуниси қизиқки, у ўлжа овлаш учун тўр қурмасди – оддий, чиройли, санъаткорона тўрини тўқир эди, холос.

Тўрнинг учлари ўн битта эди. Ўргимчак баъзан кичикроқ – тўққизта ёки еттита учли гилам ҳам тўқирди. Доимо типпа-тик жойлаштирарди тўрини. Лекин тўр бойланган япроқлар гоҳо вазиятини ўзгартирар, шунда тўрнинг ҳолати ҳам ўзгарар, бундан ўргимчак азият чекарди. Шакли бузилган тўр унинг завқини қондиролмас, шу сабабли қайтадан янги тўр тўқий бошларди.

Қуёш ҳаволаб кетиб, теваракни бирдай қиздира бошлаганида у сўнгги бандни ҳам бойлаб бўлди. Сўнг тўрининг ўртасига илдам борди-да, ҳамма бандлар бирлашган жойда тек қотди. Шу ердан ҳар томонга чўзилиб кетган иплар ва оралари кенгайиб борувчи катакчалар аниқ кўриниб турарди. Бу жуда чиройли манзара бўлиб, шу кичик “ҳудудча”нинг ҳамма томонини энлаб-чўзилиб кетган тўрнинг қоқ марказида туриб, ўз санъатидан завқланиш ўргимчакка хуш ёқди.

У тин олиб, тўр марказида туриб қолди.

Бир оздан кейин шабада яна эсди.

Тўр, бойланган япроқлари билан биргаликда, чайқалди.

Баҳорий ел оҳиста эсар, атрофдаги турли-туман исларни олиб келар эди. У исларни ўргимчак сезармиди-йўқми, номаълум.

Шунингдек, ел ўз қанотида турли-туман овозларни ҳам олиб келди. Бу элас-элас шовқин ичида ўтларнинг шитирлашидан тортиб қўй-қўзиларнинг маъраши, кучукларнинг вовуллаши, кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир овозлари ҳам бор эди.

Ёқимли эпкин ичра тўр марказида чайқалаётган ўргимчак қуёш қаттиқ қиздирганида ўқ ипларнинг биридан ўрмалаб бориб япроқ остига кириб жон сақлаши ҳам мумкин эди. Бироқ қуёшнинг тиккага келишига анча бор, қуёш нурлари ҳам тўр каби нозик, бу ҳам ўргимчакка хуш ёқмоқда эди.

Бадиий асар ҳам тўр каби тўқилади, дер эди мураббийларимиз. Хаёлотни ўшандай ўраб-чирмаб оладиган асарлар ҳақида ўйлаганимда, бирданига жуда кўп исмлар ёдга келди. Улар орасидан бир нечтасини танлаб-саралаб олиб, адибларнинг воқеа-манзараларни тавсиф этишдаги маҳорати ҳақида сўзлаш камлик қиладигандай, шу боис саноқли китоблар устида эмас, инсон тафаккурида бир умр из қолдириши мумкин бўлган турфа асарлар ҳақида мулоҳаза юритиш маъқулдай туюлди.

Ўйлаб қарасам, олти-етти ёшларгача китоб ўқиш айтарли қизиқарли машғулот бўлмаган экан. Балки китобга эҳтиёж сезмагандирмиз. Ҳар ҳолда, теварак-атроф уйғотаётган тасаввурларнинг ўзи етарли эди. Ҳозир тўла ишонч билан айта оламанки, бола тасаввури манаман деган ёзувчи хаёлотидан устун ва кучли, шу сабаб ҳам теварагида ота-онасию бир-икки ўртоғидан бошқа яқини бўлмаган бола учун китоб унча қизиқ эмас, устига устак, китоб ўқиш чўчитар ҳам эди. Одам боласи надоматларга ва ҳатто хасталикларга етакловчи жуда кўп гуноҳларини сўз воситасида содир этади, аммо тазарруси ҳам сўз билан бўлади. Эндигина ўса бошлаган ниҳолдай тасаввурга ўзга ва ёт фикрлар худди тажовуздек кўринган, сўзнинг тафаккурда бирон бир маъно ҳосил этиш жараёни ҳали тоза руҳга оғир келган бўлиши мумкин. “Балоғатга етмаган болалар фариштадирлар”, деган гап бор-ку. Шу сабаб, ҳаётининг болалик палласида кимдир китоб ўқиган бўлса-да, эслолмаслиги табиий. Чунки болалар бу даврда табиат ва ота-она “китоб”ини ўқиб улғаяди. Ҳақиқий китоб ўқиш, фикрга, тасаввурга, ташбеҳга чанқоқлик ўсмирлик чоғида балоғат бўронлари билан бирга ёпирилиб келади. Бизларда ҳам шу ҳол рўй берди. Ўсмирлик ва йигитлик даврида учқур хаёл шиддат-ла ҳар нарсани ўзига сингдириб олар, яна ва яна талаб қилаверар эди. Теварак билимларга ва таассуротларга тўла бўлса-да, руҳ ақл ва тасаввурдан ташқаридаги яна нималаргадир интиларди. Бола тасаввури билан ўзимиз кўниккан-билган манзаралар ортидаги кўникилмаган-билинмаган манзараларни излар эдик. Кутубхоналарда китоб кўп, қай бири дуч келса ўқийверар, лекин тобора куч йиғиб бораётган тасаввурни ҳатто фантастик ва саргузашт асарлар ҳам қондиролмасди. Ёзувчилар ўз қувваи хаёлотига таяниб минг бир манзара ва ҳодисаларни содир қилар эди-ю, бироқ руҳ яна нималарнидир излайверарди. Болалар адабиёти деган дунёнинг мағзини жуда қисқа вақт ичида чақиб улгурган ва аллақачон ундан ўзиб кетган идрокимиз янада залворлироқ маъноларни хоҳлар эди. Бу изланишни тафаккурнинг ўсиш ва сингдириш даври деб номладим, ўзимча.

Мазкур паллага етиб келишимизда, аввало, бир томондан Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”ию Анвар Обиджоннинг “Аламазон”и, Эркин Воҳидовнинг ҳароратли шеърлари, бошқа томондан эса, бегонадай туюлган дунё болалар адабиётининг (Памела Траверснинг “Мэри Поппинс”, Астрид Линдгреннинг “Томда яшовчи Карлсон”, Жек Лондоннинг турли ҳикоялари ва ҳатто норвег сайёҳи Тур Хейердалнинг “Кон-Тикида сафар” ёдномаси ва жанубий қутбга илк бор қадам қўйган саёҳатчи Руал Амундсен хотираларигача – ҳамма-ҳаммасининг) катта таъсири бор, албатта. (“Бегона” дейишимдан мурод – бола зеҳнидаги жуда кучли, аммо идрок этилмаган миллий ватанпарварлик туйғусига эътибор қаратишдир. Баъзи тенгдошларимиз чет эл болалар адабиётига мансуб асарларни, “исмлари бегона экан” деб ўқимагани бор гап.)

Инсон боласининг изланишлар дунёси шу қадар ранг-баранг ва турли-туман экани ақлни шоширар, бошқа томондан эса, шеърият дунёси ўзининг изтироблари, ғамларию ғуссалари, шодликларию жилвалари билан ром этарди.

Лекин барибир, шу кўрилгану ўқилган асарлардан янаям бошқачароқ, кучлироқ, бир силтаниш билан фикр тўсиқларини чилпарчин қилиб юборадиган ва одамни ром айлаб, ичига олиб кириб кетадиган олам – қошу қабоқ орасидаги ғоят муҳим ва ҳайбатли бир сезги, ҳис, манзара, ташбеҳ, ўй изланар эди яхлит фикрловчи борлиқда. Ижтимоиёт бонг урар, ташвиқий асарлар ёзилар, лекин миянинг фикрловчи ғўддалари устидан енгилгина сидирилиб ўтиб кетаверар, ҳаёт енгил-елпиликка тўлиб-тошиб кетгандай туюлган бир маҳалда… жиддий адабиётни излар эдик. Ана шу паллада дунё адабиёти билан юзма-юз келгандаги иккиланиш ва ҳайратларга ҳам тўхталиш керак деб ўйлайман.

Олий даргоҳда таълим олар эканмиз, дунёнинг “учинчи (яъни басират) кўзи” очилиб кетган кишилари дея таърифланган ёзувчилари асарлари ўша чанқоқни қондира оладигандай туюлганидан сўйлай. Киши тасаввурини биттагина қалб устида чирпирак қилиб айлантирган Достоевскийдан Толстойгача, Камюдан Кьеркегоргача, Ницшедан Шопенгауэргача… Даҳшатли ва залворли ўйлар билан ўша фикр ва туйғу ташналигини қондириш мумкинлигини ҳис қилишнинг илк ҳайратли онлари ўтгач, у асарлар мавзуси бегонадай туюла бошлагани, ботиний истак бу оламни қабул қилолмагани, фикр тарзига маҳлиё бўлган ҳолда улардаги қиёфалар бегоналигини илғаганидан бино бўлган аросатлар даври… Дунё – бегонадир, деб бонг урар эди Камю. Очун – англанмаган ғалати билимларга тўла, дер эди Борхес. Олам – балчиқдан иборат, дер эди Достоевский. Инсоннинг жавҳари – илоҳийдир, дерди Юнг. Ҳаёт – майллардан иборат ва инсон – ҳайвонийдир, дер эди Фрейд… “Тафаккурга қўшилиб имон ҳам ўлмоқда, қайта бошдан фикрлаб боқинг”, демоқда эди Айтматов. Сальвадор Дали истак ва изтироблар суратини чизар, Иероним Босх қиёмат манзаралари билан қўрқитар, Рюноскэ Акутагава “Ўргимчак уясининг толаси” ҳикоясида адолатнинг бешафқат тасвири билан одамни ҳайиқтирар эди… Адабиёт – улкан ҳодиса, у илон каби сеҳрлаб домига торта бошлайди, дер эди Камю. Бу нуқтаи назарлар аро дафъатан она адабиёт, она тасаввурлар майда, ҳавойи туюла бошлаган эди. Сабабини билолмасдик. Нега унақа фикрлай олмаймиз, деган ғалати иштибоҳлар уйғонган эди юрак тубида.

Шабада қаттиқроқ эсди-да, тўсатдан тўр бандларини новдалардан узиб олиб, тўр эгаси билан қўшиб ҳавода айлантира-айлантира учириб кетди.

Ўргимчак мана шу учишни кутаётган эди. Унга бу учиш жуда ёқди. Шу тариқа ўтлар, ариқлару майсалар, буталару яшил майдонлар узра ҳаволана-ҳаволана учаверди у.

Шу маҳал ўзининг сайёд эмаслигини, шамол қаёққа учирса ўша ёққа учиб кетаверадиган сайд эканини англаб қолди. Ва ўзи тўқиган ҳафиф ипга маҳкам ёпишганича шамол қаерга учириб олиб кетишини кута бошлади. Бу парвоздан энтикар, озод-озод учишнинг ҳаяжонлари уни маст қилган эди.

Баҳорнинг ўйноқи шабадаси у тўқиган ижодни банд-бандидан узиб, тамомила ўз ихтиёрига олди. Узилгани ҳамоноқ бу чиройли гиламнинг шакли бузилиб, бошқа кўринишга кирди. Митти ва ҳарир учар гиламни эслатувчи тўрга маҳкам ёпишганча у энди илиқ ҳаволарда мавжлана-мавжлана учар, бу парвоз ғоят файзли ва завқиёб эди.

Жўнроқ қилиб айтсам, мана шу санаб ўтилган ва шошилиш эсга келмаган яна бошқа фалсафалару образларнинг барини навқирон руҳ ўзига сингдириб бўлган, энди воқеаларга Буэндиа, Мерсо, Фрейд бўлиб қарай олаётган ва тахминан ўша қаҳрамонларга яқин фикр ҳам юритаётган эди. Бироқ бу ҳолатимиз тафаккур ривожига айтарли ҳеч нарса бермади, олам ҳануз саволларга тўлалигича қолмоқда, ижод моҳияти у ёқда турсин, яшаш маъносини ҳам очиб бера олмаётган эди. Хўп, инсон ҳаёти ҳайвоний нафсни қондиришдан иборат дейилди, кейин-чи? Инсон бу оламга бегона дейилди, кейин-чи? Адолатсиз жамият одам боласини жиноятга мажбурлайди дейилди, кейин-чи? Энг ажабтовури Альбер Камю – унинг “Калигула”си эди Римнинг телба императори савдойи фалсафаси билан ақлларни лол қолдирса-да, бироқ яшаш ва умр моҳияти ҳақида ҳеч билим бермас, мантиқий фикрлашнинг ранг-баранглигини ифода этар эди, холос. Чақалоқнинг туғилиши нурли ва сирли ҳодиса саналса, ўсиб-улғайиши ва қартайиб ўлиши одамни ваҳимага соладиган, сочларини тиккайтириб юборадиган чўнг моҳиятга ишора қилиб турса-да, бутун инсоният тақдирини қўятурайлик, ҳатто оддий талаба ҳаётининг моҳиятини ҳам очиб беролмаётгани қизиқ эди. Бошқачароқ айтсам, бир инжунинг турли қирраларини кўрсатгани билан, ҳаётга ярайдиган ва азалий саволларга жавоб топишга ёрдам берадиган жўялироқ фикр уйғотолмас эди.

Муаммо ёғдудами, инжудами?

Шундай бўлса-да, у асарлар фикр ҳудудини кенгайтиришга хизмат қилганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу ёғдули тошлар ёруғида ўз ўқиб-билган адабиётимизга назар ташлаганимизда, баъзан жўнроқ ва одмироқ манзараларни кўриб, ўсмирлик ва ёшлик шиддати аро шууримизда сезилар-сезилмас иштибоҳлар уйғона бошлаган эди. Нимагадир миллий адабиётимизда одамийлик, меҳр-оқибат, айниқса, яхшилик ва ёмонликнинг ғоят қалтис зиддияти содда ва оддий ифода қилинганига ақл шошар эди. Масалан, икки қўшни ўртасидаги муносабатлар қаламга олинган бир ҳикоянинг хулосаси ўлароқ, бу қўшниларнинг бири яхшию бошқаси ёмон бўлиб чиқар, бир одам икки ўғлини уйлантирса, келинларнинг ҳам бири инсофли, иккинчиси жоҳил экани бошданоқ аён бўларди-қоларди ва ҳоказо.

Худбин фикрлару хулосаларни бир четга қўятурайлик-да, некбин қараб кўрсак, ичимиздаги ташна руҳни нега қондиролмади деб ўйлаганимиз юзлаб асарлардаги моҳиятни энди англаётгандайман. Ҳар ҳолда, ўсмирликдан талабаликкача ва ундан расмона фикрловчи киши бўлиб етиша бошлаганимиз ўн-ўн беш йил ичида англаб етиш душвор, аммо ҳис қилиш мумкин бўлган бир қаттол фожиа аллақачон рўй бериб бўлган, шу сабаб ўзбекчилик руҳи асарларга кўчган ва саҳифалар қатида жон сақламоқда эди. “Мени ҳам туртиб қўй, эрта уйғонсанг [1] ”, дер эди дўстига ҳали жуда ёш бир шоир. Шом қўнган пайт нон ёпган бир аёл ўша нондан иккитасини қўшнисига чиқаргани тасвирланган энг оддий, энг ғариб ҳикояда ҳам миллийликнинг бир қирраси ниҳон эди. Ҳар жиҳатдан ҳурлик, озодликка интилаётган олам ичра, ҳатто энг ғарибона битилган муҳаббат воқеасида ҳам, ўзбекнинг йигит-қизи образи орқали миллий одобнинг бир қирраси енгил ифодалаб ўтиб кетилган эди. Ваҳоланки, шу билан ёнма-ён ўз ғояси йўлида отасини ўлдирган йигит ҳақидаги асар ҳам тарғиб қилинарди. Миллатимнинг энг ночор ҳикоясида ҳам ота дастурхон бошига келиб ўтирмагунча таомга қўл урилмас эди. “Увоқни исроф қилма, у қушларнинг ризқи” деган ўгит муштдайлигимиздан қулоғимизга қуйилган, улғайгач эса ўша ўгитни олис Дания қироллигида яшаб ўтган адиб Андерсен асарларида ҳам кўриб ҳайрон қолган эдик. Бироқ улар биз улғаяётган даврнинг эмас, ортда қолган юз йилликнинг адиблари-ку? Ҳа, зиддиятлар ғоят кучли эди. Мустабид тузумнинг баҳайбат ташвиқот дастгоҳи онгларни қайта ишлаб, маҳсулот ҳолида ўрамлаб чиқариб ташлаётган, озод ўлкаларнинг даҳо-ю истеъдодлари эса “дунё – бемаънидир” деган хулосага келган, турли минтақаларда кескин зиддиятлар, пўртаналар, қалқишлар рўй бераётган бир даврда ёпирилиб келаётган технологик келажак қаршисида олам кишилари ўз руҳига таянч ва таскин бўла оладиган ниманидир худди ўсмир каби талпиниб излар экан, саволлар янада кўпаярди. Ваҳоланки, инсон ҳар ерда ҳам инсон эди – дунёнинг қаерига борманг, бир йигит-қизнинг ўртасида севги-муҳаббат куртак ёзар, қовушган жуфтлар фарзанд истагида орзуманд яшар, дунёга келган чақалоқнинг атак-чечагига қараб севиниш дунёнинг ҳар ерида бирдай завқиёб ва таскинли экан, катта ёшли кишилар орасида зиддиятларнинг пайдо бўлиши ақлни шоширарди… Миллатимнинг қаҳрамонлари – эзгин, ўксик, камтар, аммо олижаноб оддий кишилар ўша довдирашларга ҳайрат ва содда нигоҳ билан боқиб турар эди… худди ўзимиз ҳам ўсмирона тафаккур юксалиши даврида билгисиз ҳайратлар ичра термилганимиздай. Яна ўша ҳодиса такрор рўй бермоқда эди – ижтимоий асарлар миянинг ғўддалари устидан сидирилиб ўтар, сингмас, аммо миллий руҳиятнинг биргина жилваси пинҳон асарларни кишилар талашиб ўқирди. Буларнинг барини – Худойим ато этган ўсмирона соф ва оч, аммо аллақачон кенгайишга улгурган тасаввурларни ақл сарҳисоб қилмоқда ва ўзича хулосаламоқда эди.

“Мени ҳам туртиб қўй, эрта уйғонсанг…” демоқда эдик бир-биримизга.

“Тун шамоли эсаётган кўчалар асабимни тинчлантирди, меъдамдаги оғриқ пасайди… Ичимда тазарру истаги пайдо бўлди. Лекин менинг тавбам нафақат ўзим учун, балки оилам учун ҳам фожиали якунланиши мумкин эди. Бундан ташқари, ўша истагимнинг самимийлигига ҳам шубҳам бор эди. Қанийди, асабларим ҳар бир соғлом кишиники каби бўлса… Лекин, бунинг учун Мадридгами, Рио-де-Жанейрогами, Самарқандгами жўнашим керак…”, деб ёзади буюк япон ёзувчиси, Нобель мукофоти соҳиби Рюноскэ Акутагава умр шомида ёзган ҳикояларидан бирида. У Ғоя излаган эди! Бутун умри бўйи ҳақиқатан ҳам ичидаги ташна истакни қондириш учун турли-туман усулларни қўллаб, турли руҳ вазиятларини таҳлил қилиб кўргач… дунёнинг икки улкан бешиги – ё Андалусияга, ё Самарқандга кетсам… таскин топа олармикинман, демоқда эди.

Сабаб? Самарқандда тафаккур, ғоя ва Акутагава умр бўйи излаган саволларга Жавоб бор эди!

Дунёнинг терслигини кўрингки, ўша кезларда Самарқанд, кейинроқ биз ўсмир ёшимизда ҳис қилганимиз мубҳам фожиага юз тута бошлаган, тафаккур ёғдуси зулмат қаърида сўнаётган, адиб бориш ва таскин топишни орзулаган улуғ ва азим шаҳар мустамлака ботқоғига бота бошлаган эди…

Тафаккур қилиш учун хомашёнинг кўплигидан ақл шошишини кўряпсизми? Дунёнинг улкан адиблари Йўлни тахмин қилган ва кўрсатган, тафаккури йўл излаётган саноқсиз кишилар селдай бўлиб у тахминлар сари оқа бошлаган эди.

Ваҳоланки, хаста Акутагава излаган йўл бизга болаликданоқ таниш эди!

Болаларга хос идрок этилмаган ватанпарварлик ҳақида сўз юритганимиздай, у йўл ҳам қошу қабоғимиз орасида бўлса-да, англаб етилмаган эди. Орадан юз йилга яқин вақт ўтгач, япон мутафаккири боришни орзулаган икки шаҳарнинг бирида – Рио-де-Жанейрода туғилиб вояга етган яна бир машҳур адиб – ҳозир олтмиш беш ёшни қоралаган Пауло Коэльо умрининг шомида “Нажот – Шарқдадир”, деган тўхтамга келди. Бизлар улғайдик, ёшликнинг асов шиддатлари сусайди, тамкин ва ҳикмат истар ақл тўлишди. Талаба эканимизда, “Инсоният тарихи Бодлернинг бир мисра шеърига арзимайди”, деган гап кўп тилга олинар эди. У бир мисранинг қайси шеърдан экани номаълум. Улуғ бобомиз ҳaзрат Алишер Навоий эса сокин ўйчанлик ила айтадилар:

Тухм ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму,
Ипак қуртича ҳимматинг йўқму?

Шу тариқа, инсониятнинг бутун тарихи улуғларимизнинг битта мисрасидаги ҳикмат ила хулосаланганини сезиб қоламиз. “Бодлернинг бир мисрасига арзимайди” деган иддаога қарама-қарши ўлароқ, ҳазрат мисрасида иддао сезилмайди. Дунё ясаниб безак тақди, гуллар очилди. Сен ҳам дунё даласида шундай очилдинг. Дарахт мева тугди, гул ифор таратди. Саноғи йўқ шу турфаликлар ичида ҳатто ер тубида ўрмалаб юрадиган, емиши тут баргидан бошқа нарса бўлмаган кўр қурт ҳам жонидан кечиб ипак бўлди, хўш, сен нима қилдинг?!

Инсон ҳаёти ёки маънавиятида чуқур из қолдирган китоблар ҳақида яхлит фикр айтиш шу сабабдан ҳам қийин. Асарлар ўқилиб, вазифасини адо этиб бўлди. Китоблар эскириб, титилди. Шундан кейин хотирада тўсатдан… китоб қолмаганини, балки унинг яратувчиси билан у бунёд этган маъно қолганини сезиш мумкин. Жисмлар ғойиб бўлади, адиб исми муқовага, фикри эса саҳифаларга айланганидай.

Яна шуни айтган бўлардимки, ҳар бир ижодкорнинг адабий умрида ҳеч бўлмаса битта ярқ этган мисра ёки образ албатта топилади. Истеъдоднинг қувватига қараб, бундай мисралар кўп ёки кам бўлиши мумкин. Умуман, асарнинг яратилиши – ғалати ҳодиса. Бадиий асар ўқувчини бошқа дунёга етаклаб киради, оламнинг мазмун-моҳиятини кўрсатиб беради, деганлари – жўн гаплар. Чунки асардаги сўз, мисра, ташбеҳ, ҳолат, манзара турли кишилар онгида уларнинг билими ва ҳассосиятига ярашагина маъно ҳосил қилади. Энди… Қодирийнинг “Жинлар базми” ҳикоясидаги мусиқанинг сира мусиқа эмаслигини, Ойбекнинг наъматаги оддий бута эмаслигини яхши биламиз. Фикр нурида кўп қиррали инжунинг бошқа жилваларини кўра бошлаймиз.

Тафаккур шамоллари тепамиздан, ён-веримиздан ҳайбат солиб эсиб ўтаётир. Сочларимиздан юлқилаб, кўзларимизга қум мисол тиқилиб ачиштирмоқда. Шамолда ҳар нарса ўз ҳолича товуш чиқара бошлайди. Бу шамоллар забтида ҳар биримиз ўзимизча овоз чиқарган бўлсак, не тонг! Турли фалсафий оқимларнинг ғояларини акс эттирган турфа қаҳрамонларнинг бари ҳозир ақлнинг узоқроқ бир бурчагига супурилиб, ўша ердан ғарибона, музтар боқиб тургандай.

Эндиликда… “дунёга бегоналиги” боис беҳуда қатл этилган Мерсодан то Буэндиагача бир вақтлар ўзгача фикр юритиши билан бизни ҳайратга солган турли-туман ғалати образларга бошқача қарашимиз ҳам бор гап.

Сабаби, бизлар ҳам Алишер Навоийнинг ёхуд бошқа азиз ва жонажон салафларимизнинг бор-йўғи биргина мисрасидаги ҳаётбахш маънони англаб қолган бўлсак, не ажаб? Эгоцентризм ва имонсизлик талвасалари аро ҳар турли шаккокона тахминини асар қилиб ақлларга рўпара этган турли адиблардан фарқли ўлароқ, бизнинг истеъдодларимиз инсоннинг дунёдаги ўрнию вазифаси ҳақида очиқ-яққол ва соғлом ўгитлар бера олган, Йўлнинг нима эканини аллақачон кўрсатиб улгурганидан бир севинсам, бир ҳайратга тушаман.

Дурдоналар эса жилвасини қўймайди. “Хоккўзанинг даласидан анқиётган янги соғилган сут ва беда иси” тўсатдан димоққа урилгандай бўлади. Тонг саҳарда янги кесилган ва дасталанган тут баргларининг исини ҳам туйгандай бўламиз. Фикр ғаввоси тафаккур теранликларига шўнғиб, қай дурни олиб чиқишини билмай ҳайратга тушади. Ҳа, марварид доналари кўп қиррали, ҳар қирраси ўзгача жилваланади. “Девони луғотит-турк”дан то тенгдош-руҳдош адибларимизнинг асарларигача – бари, барчасини кўз қорачиғидай асраб-авайлашимиз кераклигини тушунгандай бўламиз. “Мени ҳам туртиб қўй, эрта уйғонсанг”, дейди уйқуга кетаётган икки ўсмирдан бири шеригига. У икки ўсмир фикр ғорининг зулмати ичра балки орадан бир неча аср ўтгачгина уйғониши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмай уйқуга чўмади.. .

Ҳақиқатан ҳам, ҳар киши ўзи учун йўл кашф этади. Алвон булутлар томонга узаниб кетган, икки чети, уруғларини сочиб юборган ва кучли ислар таратаётган, майсаларга тўла тафаккур сўқмоғидан шу тариқа қуёш ботаётган тарафларга равона бўлмоқдамиз. Ва бир қур аланглаганимизда кўрамизки, ўзимиз билан олиб кетаётганимиз – фақат маънолар экан, холос.

Салдан кейин дайди шамол у санъат асарини яна қайгадир элтади. Бўй чўзган дарахтзору экинзорлар узра шом қўна бошлайди. Тўрнинг иплари қай бир яшил бута ёки оғочнинг шохчаларига илашиб қолади. Ўргимчак ип илашиб қолган япроққа жуда секинлик билан, ўрмалаб чиқиб боради. Ўша ерда бир озгина тин олади.

Сўнг япроқ остига жойлашиб олиб, сабру тоқат билан яна тонг отишини кута бошлайди.

Тун ўтиб, тўқ кўк тусли осмон аста-секин ёришиб, қайлардандир елиб келаётган оловранг нурларнинг шафақи кўрина бошлаганида… ўша қунт ва тиришқоқлик ила нозик ва ҳафиф ажойиб санъатини – тўрини қайтадан тўқишга тушади…

Ёдингизда бўлса, номи тилга олинган буюк япон адиби дунёга машҳур ҳикоясини “Жаннатда тонг маҳали эди” деб бошлаган эди.

Ким билсин, не-не оғир гуноҳларни содир этган осий банда – Кандата босишга журъат этолмаган ва инсониятга ҳукми адолатнинг инжа тасвирини ҳадя этган ўргимчак балки мана шудир!

« Tafakkur » журнали, 3-сон, 2012.