Тангритоғнинг этагидаги кўкаламзор яйловда Эрхон чол элликларни қоралаб қолган Ойтўлди отлиғ аёли билан фақирона ҳаёт кечирардилар. Улар бир вақтлар тиклаб олган кўримсизгина гўшадан анча нарида хушхўр мевалару турфа ҳайвонотга мўл ўрмон бошла-нарди. У икки қарияни беминнат боқарди. Кўк Тангрининг фарзанди — Қуёш ўрмон тепасида кўтарилган паллада Эрхон чол қора пўлатдан қуйилган кескир болтасини белига қистириб, қўйган тузоқларини кўздан кечириш учун жў-нар, орадан хийла вақт ўтгач, елкасида бир боғ қуруқ қарағай ўтиннию типирчилаётган қуённими, қирғовулни кўтариб, мамнун қиё-фада қайтиб келарди. Уларни пишириш Ойтўлдининг зиммасида эди. Ўчоққа олов ёқиб, эри сўйиб-тозалаб берган этни оловга товлаган пайтда Эрхон ўт-ўлан устига ёнбошлаганча аёлининг ҳаракатларини кузатар, шамолларда қотган чандиқли, қорамағиз юзида Ойтўлдига жуда ёқадиган дағал бир табассум жилва қилиб турарди.
Бир маҳаллар қудратли бўлган Ядғунинг қавми ҳам шу ерларда умргузаронлик қиларди. Кейинча-лик улар пастроққа — водийга кўчишди, сонсиз-саноқсиз музаффар юришлар натижасида кўпайиб кетган эчкию қўйлар, сигиру отларни боқиш учун бу яйловча торлик қилиб қолди. Эрхон ва Ойтўлдининг ўлжалари у қадар кўп эмасди. Яна, бунинг устига, йигирма йилча му-қаддам Эрхон чол кўп уриниб ёғоч, лой ва кигиздан чоққина бир қўналға тиклаган, умрларининг энг лаззатли дамлари шу қўналғада кечганди. Энди уни ташлаб кетиб бўлармиди?! Қишнинг — Кўк Тангри иноятининг узун кечаларидаги, ланғиллаб олов ёнаётган уйда кечган эҳтиросли онлар ҳали ҳам Ойтўлдининг ёдига тушса, юрагини нечуклар жизиллатиб қўяди. Қондошлар, айниқса, Ядғу уларни кўп қистади, аммо ўжар қариялар кетишни исташмади. «Сен ўзинг кетавер, Ядғухон, — дейишди улар. — Бизга шу ер қулай. Водийга — уч-тўрт йиғоч масофага етиб бороламизми-йўқми? Бунинг устига, сен қуриб берадиган қўналғада яшай олишимиз, кўникиб кетишимиз ҳам даргумон. Ахир, бу ерларга жуда ўрганиб қолдик-да! Сен бемалол боравер, хотиринг жам бўлсин. Бир кунимизни кўрармиз, вақти келиб, Кўк Тангрининг олдига кетсак, унинг қаҳрини юмшатиш учун бирор жонлиқ атаб, бизни хотирларсан. Шунгаям жуда хурсандмиз, кўнглимизни роса кўтардинг, Ядғухон…» Ўшанда Ядғухон ҳеч кўнмаганди, аммо бари бир кетди. Сабаби, у айниқса, ханзуларга қарши юришда жуда кўп мол-дунё орттирганди, шуларни кўзи қиймади. Мана ҳозир водийда, бепоён яйловларда қўй-эчкиларини ёйиб юбориб, хун ўғлонларини жакгга тайёрлаб юрибди.
Қабила пастга кўчгач, теварак ҳувиллаб қолди. Албатта, қабиладошлари, айниқса, уруғлари Эрхон чол оиласининг қолишга қарор қилишганини эшитиб жуда хафа бўлишса-да, ўзлари кўчиб кетишди. Анави чоққина ялангликда бир вақтлар музаффар жангчиларнинг ўғиллари тиғ уриш ва найза отиш санъатини, отда жанг қилишни ўрганишарди. Ядғухон ҳар доим «Жангчи эт ейди, бола туғдиради, жанг қилади — эрнинг бундан бошқа қилар иши йўқ, қолган барча юмушлар — хотинларники!» дегани-деган эди. Бироқ, ўзининг болалари бундай бўлишмади. Улар нимжону сояпарвар, қилич чопишдан ҳам кўра уйда ўтириб овқат пиширишга, ҳар хил майда-чуйда ўйинлар билан вақт ўтказишга ишқибозроқ чиқишди. Эрхон чол уларни ёмон кўрар ва шу сабабдан қачон кўрса бўралаб сўкарди. Унинг ўзи бир вақтлар довруғи Тангритоғни тутган жангчи бўлган ва бунинг исботи сифатида уйида унча-мунча йигит ердан узиб ололмайдиган олти тишли, зилзамбил чўқмори турарди. Қабила пастга кўчгач, Эрхон чол ҳатто Ядғунинг ўша нозик-ниҳол ўғилларини ҳам қўмсаб қолди.
Бора-бора ҳаммаси ўз изига тушди. Энди уларга кишиларнинг кетгани қайтанга яхши бўлгандек туюла бошлади. Тан қартайиб, жоннинг Кўк Тангри олдига кетар муддат яқинлашар, уларнинг кўнгиллари тинчлик-осойишталик истар эди. Уларни Ядғухон йўқлаб турар ва ҳар йўқлаганида бир дунё силовсин, айиқ, яна алланималарнинг гўштини келтириб берарди. Чолу кампир баъзан бунчалик кўп этни қаёққа қўйишни ҳам билмай қолишарди.
Ойтўлди Эрхондан нақ ўттиз ёшга кичик эди. У вақтлар Эрхон бақувват, бўйни буқаникидек йўғон, забардаст бир жангчи эди-да. Ойтўлдининг ҳам унга дарров кўнгли суст кетган, шунақа келишган, забардаст эркакка хотин бўлишни орзу қилганди. Ўшанда қиз ўн олтида эдими? Ўн олтида бўлсаям келбати мана ман деган йигитларникидан қолишмас, куч-қувватга тўлиб-тошганди: чоғроқ қўзиларни бир қўли билан бемалол кўтараверарди. Гавдасига яраша оғиргина ҳам эди: отасининг отига минганида, шўрликнинг бели бир майишиб кетарди. Илк танишган кезларида Эрхон уни эгарга ўнгариб олиб, ўрмон томонга қараб от солди, шунда қиз ўғлоннинг нақадар кучлилигини ҳис этди. «Худди хасдай учириб юборди-я!” дея ҳайратланди ўшанда қиз ички бир мамнуният билан. — Довруғи бутун Тангритоғни тутган баҳодир… Мен шунинг хотини бўламан…»
Ҳозир Эрхонга қарасангиз кулгингиз қистайди: қадди камалакдай эгилган, юзи Тангритоғ ирмоқларидай эгри-бугри ажинларга тўла, қўли тинмай қалтирайди. Фақат кўзларигина ўша-ўша, ўткирлигича қолган, қаттиқ эди. Эрхон ҳақиқий жангчи эди—хотинини ҳам қандайдир қўпол эркалар, баъзан қўлига ҳам эрк берар, аммо буларнинг бари Ойтўлдига қайтага хуш ёқарди. Ҳақиқий эркак шундай бўлиши керак, деб ҳисобларди у, эр кўрган баъзи хотинларга ўхшаб ҳадеб суюлаверса, от мингандан, ёй кўтаргандан кўра эчки соғгани афзал эди.
Эндиликда Эрхон қилиши керак бўлган юмушларни ҳам Ойтўлди бажаради: ўрмондан ўтин орқалаб келади, жонлиқ сўяди, бир қисмини Кўк Тангри учун қолдириб, терисини шилади, оловда пиширади, отга қарайди… Отни парваришлаш ва жонлиқ сўйиш аёлларнинг иши эмас, бироқ Эрхон ярамагандан кейин на илож? Кекса жангчининг кескин тўқнашувларда орттирган жароҳатлари бугунга келиб уни нотавон қилиб қўйди. У туни билан мижжа қоқмайди, иҳраб-сиҳраб, чўқмор урган ханзуни лаънатлаб чиқади. Ойтўлди унинг учун ҳамма ишга тайёр. Чунки эри кучи борида барча қилар ишини қилиб бўлган. Фақат ўғилларининг тоғда ҳалок бўлгани чакки бўлди-да. Кўк Тангри улар устига қор кўчкиси юборди. Тангри шуни раво кўрибдими, унга қарши бориб бўлмайди. Тез кунда улар ҳам Кўк Тангрининг ҳузурида, Тангритоғ чўққиларидаги мангу осойишталик масканида ўғиллари билан учрашадилар. Шу сабаб, ҳадеб оҳ чекаверишнинг фойдаси йўқ.
Тангритоғ этагини паноҳ тутган қудратли қабиланинг икки кекса вакили ана шу тарзда, сокин-осойишта умргузаронлик қилар эди.
Бир куни фалокат рўй берди.
Қуёш Кўк Тангри ётоғи томон ёнбошлаганда ёмғир ёғди. Унинг саховатли сувлари дарахтзорлару яйловларни чунон яшнатди. Бир соатлар ўтиб-ўтмай, ёғингарчилик тўхтади. Теварак-атроф селгиб, ҳаво мусаффолашди.
Эрхон йўлбарстери пўстакни ташқарига— пичан устига ёйишни буюриб, ўзи елкасини сийпалаганча иҳраб, оти ёнида турарди. Бундан ўн йилча муқаддам юз берган сўқишда бир сўйлоқ ханзу унинг бошини мўлжаллаб чўқмор отганди, у чап бериб қолди, аммо анча ёши қайтгани сабаб ўз вақтида отини буриб ололмади— кескир тишли чўқмор унинг елкасига келиб урилди. Мана, асорати энди билинаётир. Ҳозир кекса жангчининг томирларида қон секин-аста оқар, оёқ-қўлининг жароҳатланган ерлари ҳам симиллаб оғрирди. Эрхон шу кеч айиқ ёғи суришни ният қилди ва бу ниятини пўстакни кўтариб чиқаётган Ойтўлдига айтиб қўйиш мақсадида ёнига ўгирилди, ўгирилдию Тангритоғнинг сўл ёнбошидан шуёққа қараб елиб келаётган бир тўда отлиқларни кўриб ҳайратдан эси оғиб қолаёзди.
— Ойтўлди! — деб бақирди у беихтиёр, ҳали ҳам елкасини чангаллаганча, — Ойтўлди, анавиларга қара-чи? Танияпсанми, кимлар экан?
Ойтўлди пўстакни ерга ташлаб, қўлини пешонасига соябон қилиб ўша ёққа узоқ термулди-да:
— Ҳечам ажратолмаяпман-а! Аммо Ядғунинг йигитлари эмас, уларнинг туғи бўри каллалик-ку. Ханзулар бўлмасин тағин, —деди хавотир билан.
Кекса жангчининг томирларида қон жўшди. У таассуф билан: «Эссиз, Ядғуга хабар беришнинг иложи йўқ-да», деди ўзига ўзи. Агар келаётганлар ростдан ҳам ханзулар қўшини бўлиб ниқса, у ҳолда чол-кампирнинг умри поёнига етибди деяверинг. Бу ёвуз қавмнинг қўлидан ҳар иш келади. Эрхон Ойтўлдига қараб:
— Тўқмоқни олиб чиқ! — деб буюрди.
— Кўтаролмайсан! —ачиниш билан жавоб қилди Ойтўлди.— Қўй, ўзингни бекорга уринтирма! Кўк Тангри истаса, эҳтимол омон қолармиз. Йўқса, ўғилларимизнинг ёнига жўнаймиз. Икковимизнинг ҳам ёшимиз бир жойга борган бўлса, яшашнинг нима қизиғи бор?..
— Опчиқ дедим!—ўшқирди жангчи. У ёғийни ҳеч қачон қуролсиз кутиб олмаган эди, бундай бўлишини хаёлига ҳам келтиролмасди. Ойтўлди чор-ночор эрининг улкан гурзисини бир амаллаб олиб чиқди. Жангчи уни зўрға кўтарди, оғирлигидан юзи тиришиб кетди, аммо яна тезда ўзини қўлга олди, ёвнинг етиб келишини кута бошлади.
Энди унинг учун бу чоққина яйлов жанг майдонига айланганди. Ёғий яқинлашиб келар, фақат сўқишга чорловчи бурғи садолари етишмасди, холос.
Ниҳоят, улар етиб келишди. Хан-зуларнинг қийиқ кўзларида ғазаб ўти чақнарди. Улар дарров талашга тушиб, қўй-қўзиларни отларига ўнгаришди, биттаси эса Эрхоннинг ҳозирда анча қартайиб, кучдан қолган, не-не жангу жадаллардан эгасини омон олиб чиққан отини етаклашга тушди, уч-тўрттаси эса кулба ичига кириб кетди. Ойтўлди чолининг ёнида туриб, бу беадабгарчиликларни кузатарди. У ханзуларни ҳеч қачон кўрмаганди. Тўғри, бирда Ядғухон ўнтача қўли боғлиқ, афти-башараси қон бандиларни уриб-сўкиб ҳайдаб келганди. Аммо улар ўша пайтда бирам ночор, эзгин кўринган эдики, ҳатто Ойтўлдининг уларга раҳми келиб кетганди. Ҳозир эса буларнинг важоҳатини кўриб ўтакаси ёрилаёзди. Улар тинмай бақиришади, узун сочларини селкиллатиб, у ёқдан-буёққа юришади… Улардан бири, юзида узун чандиғи бори, отини Эрхон томон бурди-да, унга синовчан тикилганча, сўйлоқ тишларини кўрсатиб ҳайқирди:
— А-ҳа, бу Эрхон-ку! Мана ўша енгилмас Эрхон! Аҳволига қаранглар, қалтираб туришини кўринглар!…
— Эрхон? Наҳотки Эрхон бўлса?! — қолганлари ҳам шоша-пиша шу ёққа ёпирилишди. — Ия, қани унинг аввалги важоҳати? Қани унинг ўлим келтирувчи гурзиси? Нега у гурзисини кўтармаяпти, баримизни қириб ташламаяпти? Ахир, юзта ханзу аскари Эрхон учун чўт эмасди-ку?
Ойтўлдй хотиржам турар, фақат эрининг ғазаби қўзғашидангина чўчирди. Аммо ундай бўлмади.
— Эрхон! — деб бўкирди сўйлоқ тишли қари ханзу.—Менинг неча-неча уруғимни кулини кўкка совурдинг-а, қари каламуш. Мана, ўзингнинг ҳам кунинг битди!
Шундай деб у энгашди-да, Эрхоннинг нақ томоғини мўлжаллаб найза санчди. Кекса жангчи шу заҳоти иҳраб, ерга икки букланиб йиқилиб тушди, томоғидан иссиқ қон ҳовур таратиб, тизиллаб оқа бошлади. Ханзулар қий-чув кўтардилар.
— Хотинга тегманг! — бақирди қари брсқинчи шерикларига. — Унга тегманг. Хотинни ўлдириш ханзунинг иши эмас. Қани, кетдик Ядғунинг устига!..
Ханзулар қий-чув кўтарганча жўнаб кетишди. Қуёш Тангритоғ ортига қондай қизариб, баайни ярадор жангчи мисоли ёнбошлади. Энди Эрхоннинг қони оқиб тугаган, қорайиб, қота бошлаган, жангчи ҳаёт билан видолашган эди.
Тунда, яйловдан унча узоқ бўлмаган сайҳонликда босқинчилар ва Ядғу йигитлари ўртасида мисли кўрилмаган жанг бўлди. Теварак-атрофни ўлаётганларнинг ва ўлдираётганларнинг бақириғи тутиб кетди. Унинг сурони ҳатто Тангритоғни ҳам титратиб юборди.
Ойтўлди туни билан мижжа қоқмай чиқди. Мабодо ханзулар қайтиб келгудай бўлса, биринчи кирганининг бошига тушириш мақсадида эри жангда ишлатадиган болтани пойгакка суяб қўйди.
Тонгга яқин жанг тугади. Отлар дупури ва қийқириқлар Тангритоғнинг сўл ёнбағридан узоқлашиб кетганидан Ойтўлди босқинчиларнинг енгилганини, шавкатли Ядғунинг ботирлари уларни қувиб солганини пайқади. Атрофга мудҳиш сукунат чўкди. Тинмай чуғурлашадиган қушлар ҳам бу сафар жим бўлиб қолгандилар.
Аёл ташқарига чиқди.
Ҳаводан қон ва тер иси анқир, пастда, бир йиғоч масофада ўликларнинг қалашиб ётгани кўриниб турарди. Ойтўлди уйига кириб ўткир тиғ олиб чиқди ва жанг майдонига қараб йўл солди. Эрининг тагига етган сўйлоқ тишли ханзуни топмоқчи ва бошини танасидан жудр қилмоқчи эди. Ана шундай қилса, ханзунинг руҳи мангу тентираб, бошини излаб юради, бу ҳолати ҳатто авлодларига ҳам ўтади. Интиқомнинг ўзига хос усули эди бу. Жанг майдонига етиб келгунча у анча чарчади, аммо биринчи ханзунинг ўлигини яқиндан кўриши билан жисмида янги куч-қувват пайдо бўлди ва мурдани ағдариб қаради: найза зарбидан унинг бир бети ўпирилган, оппоқ суяги очилиб, қийиқликка мойил кўзлари косасидан чиқиб кетгудай бўлиб олайганди. Ойтўлди уни танимади, шу сабаб тегмасдан ўтиб кетаверди.
Ўликларни бир-бир кўздан кечириб: «Э, бадфеъл махлуқлар, — дея хаёлидан ўтказиб борарди бу жасур аёл. — Нималарни кўзладингизу нималарга эришдингиз? Келдингиз, топганингиз ўлим бўлди… Ақалли битта ҳам тирик жон қолмабди. Ядғунинг қудратини билмасмидингиз, кунингиз битганига наҳотки ақлингиз етмовди? Мана энди кўзларингизни қузғунлар чўқийди, танангизни қонхўр каламушлар талашиб-тортишиб ғажишади. Кимга жафо, кимга жазо…
У навбатдаги ўликка яқинлашаркан, унинг елкасидаги бир нарсага кўзи тушди. Қизиқсиниб, яхшироқ қаради ва ҳайратдан қўлидаги тиғни тушириб юбораёзди. Ханзу аскари елкасига икки-уч ёшлар чамасидаги бир болани боғлаб олганди. Афтидан, у жангчи эмас, афти-ангорининг ўзи унинг жангчи эмасини ошкор этиб турарди, деҳқон бўлса керак, озиб-тўзиган, кийимлари бир аҳволда, қашшоқ, тиришиб ўлиб ётарди. Бола отасининг ўлимини сезганми-сезмаганми, кўзлари юмуқ, худди ухлаётгандай ётарди. Ойтўлди уларнинг тепасига келиб, диққат билан разм солди: боланинг оқиш чаккасидаги ингичка, қизғиш қон томирлари билинар-билинмас уриб турганини кўрди.
Ойтўлдининг бирдан кўнгли бузилди. Кўк Тўнгри уни разолатдан қайтармоқда эди. Мана исботи: аёл ўлдирмоқни, ўликнинг танини бошидан жудо қилмоқни ва унинг авлодларини бемисл кулфатга дучор этмоқни кўзлаган эди, ҳозир эса акси бўлиб чиқаётир. Боланинг шундай қирғиндан омон қолгани-чи, бу ҳам Кўк Тангри иноятининг исботи эмасмикин? «Бошқа кишиси йўқ шекилли, боласини ўзи билан олиб юрган экан», деган ўй ўтди унинг кўнглидан ва молу дунё йўлида кулфатга рўбарў келган жангчини қарғади. Унинг тепасига чўкка тушиб, болани ечиб олди ва тиғни ҳам унутиб, ортига қайтди.
Бола чиройликкина, дўмбоққина, сочлари қизғиш ва майин, тўгарак юзи нимаси биландир ҳалок бўлган ўғилларини эслатарди. Ойтўлди тезда ҳолдан тойди. Шунда хаёлига: «Уни жарга ташлаб кетсам-чи, бўри-мўри еб кетса, жуда маъқул иш бўларди», деган ўй ўтди. Шу ишни қилса, дилидаги интиқом ўти бироз сусайиши мумкин эди, аммо Ойтўлдининг пок кўнгли бундай қабиҳликни қабул қилолмади. «Ёш боладан хун олиб бўлмайди, — деб ўйлади аёл, йўлида давом этаркан. —Агар вояга етган бўлса бошқа гап эди. Гўдакни ўлдирмоқ бизнинг қавмга ярашмайди. Бундан ҳатто Кўк Тангри ҳам ғазабланади».
Ойтўлди қўналғасига етиб келганида, Ядғухон ўттиз чоғли йигити билан уни кутиб турар, жангчиларнинг бари қаттиқ ҳолдан тойган, кийимлари қонга беланган, аммо ўзлари хурсанд эдилар.
— Улуғ жангчи Эрхон бизни тарк этиб, бу ёруғ дунёдан кўз юмибди. Унинг қондоши мен — Ядғу энди бу ерларда қандай қилиб юраман? — деди Ядғухон сийрак сочли бошини қуйи эгиб. — Улуғ жангчи Эрхон ҳаммамизнинг отамиз эди. Уни душманимиз — манфур ханзу ўлдирибдию бизлар бехабар қолибмиз…
Ядғухоннинг изтироблари жангчиларга ҳам ўтди. Улар ҳалок бўлган қабиладошларининг ҳурмати учун бошларини қуйи эгиб, тек туришарди.
— Эрхоннинг ҳар бир томчи қони учун ўнлаб ханзудан ўч оламан! — давом этарди Ядғухон. -— Хоҳ гўдаги бўлсин, хоҳ чоли — аямайман! Буни мен — Ялду ўғли Ядғу айтаётирман! Агар шундай қилмасам, Кўк Тангри мени оқ шақалларга дуч.қилсин, илонлар чақиб ўлдирсин, кўзимни қузғун чўқисин! Уларнинг қонини Тангритоғ сувлари каби оқизмасам, нрмим абадий ўчсин!
Шундай деб Ядғухон қаттиқ ҳайқирди. Унинг кўзларидан йирик-йирик ёш томчилари думалаб, соқолига тушарди.
— Ойтўлди, сен бу ерда қолмайсан! Ёнимизга борасан, бас, отга мингаш, — деди Ядғухон ва аёлнинг қўлидаги болани эндигина пайқаб, ранги-туси бирдан ўзгарди:
— Ханзу боласи-ку! — деб хитоб қилди у. — Ойтўлди, ортга қоч, мен унинг бошини танидан жудо қилай!
Ойтўлди ортига тисарилди ва:
— Сен ҳеч қачон унга тиғ кўтармайсан, Агар унга қўлингни теккизгудай бўлсанг, ўла-ўлгунимча сени қарғайман, Ядғу. Беванинг қарғиши албатта уришини биласан-ку… Мендан хавотир олма, ханзуларки ўлдирмадими, энди ўз ажалим билан ўламан, — деб жавоб қилди.
Ядғу ўйланиб қолди. Ойтўлди болакайни кўм-кўк майсалар устига қўйди. У осмондаги ойдай бўлиб ётарди. Хунлар соҳибқирони душман зурёдига қараб, кин ва қаҳр билан: «Илоннинг боласи ҳам илон. Унинг бошини янчмоқ керак», деб ўйлади. Бироқ Ойтўлди нинг — ҳалок бўлган шавкатли жангчи хотинининг сўзига қарши боролмади. «Бу хотин нелар қилаётганини яхши англамаяпти чоғи. Наҳотки, у ҳимоя қилаётган гўдакнинг томиридаги қанзу қони бир кун қўзғалиб, мана шу қўлчаларда ўлим топишини тушунмаётган бўлса?..» Улуғ Ядғухоннинг темирдай қизғиш юзида бир ифода лип этиб ўтди — у, агар йўлини қилса, бу болани барибир жонидан жудо қилади. Майли, ҳозирча ўсиб-улғаяверсин, қачонки қўлигатиғ тутиб, ўқ-ёй ота оладиган бўлганда, Ядғу ёйининг кескир ўқи унинг юрагини албатта излаб топади.
Ядғухон шу тариқа боланинг тақдирига ҳукм ўқиди ва яна бир бор:
— Ойтўлди, биз билан юр… У ерда эт мўл, эл хотиржам, хотинлар кўп, — деб мурожаат қилди.
Ойтўлди рад этди. Бу ўжар хотин билан талашиб-тортишиб барака топмаслигини яхши сезган Ядғу кўпам қистаб ўтирмади, ўзинг биласан, қабилида елка қисиб, ўлжаларнинг бир қисмини шу ерда қолдиришни амр этди-да, ўзи пастга томон от чоптириб кетди.
Орадан йиллар ўтди. Тангритоғ этаклари кўп маротаба қор билан қопланиб, кўп маротаба баҳорий яшилликларга бурканди. Ядғу сўзининг устидан чиқди — атрофга ёйилиб кетган хун қабилаларининг бир нечтаси билан иттифоқ тузиб, Катта Дарёгача борган барча ханзуларнинг устига юриш қилди, натижада уларнинг қонини худди Тангритоғ ирмоқлари каби оқизди.
Бу орада Ойтўлди ҳам қариди. Қомати марҳум эри, жангчи Эрхоннинг кўҳна ёйи каби эгилди, ханжардек киприклари тўкилди, жислидан қувват кетди. Унинг жонига энди асранди ўғил оро кираётганди. Қуш овлаш, сув келтириш, қўналғани тартибга солиш, таом пишириш, хуллас, ҳамма-ҳамма юмушлар шу боланинг гарданида эди. Унга, хун ўғлонларидан фарқи ўлароқ, ҳеч ким жанг ҳунарини ўргатмади, бироқ бола яйловда чиниқди, ўрмонда дарахтдан дарахтга сакраб, чаққон ва эпчил бўлиб ўсди. Ойтўлди кампирдан бобоси Эрхон ҳақида кўп сўраб-суриштирар, унингдек шавкатли жангчи бўлишни орзу қиларди.
— Мен хун авлодиданман! — хайқирарди у, хунларникига ўхшаган қийиқ кўзларида ифтихор учуни алангаланиб. — Менинг ажодларим мулки то Катта Дарёгадир! Дарё ортини эса мен бўйсундираман. Худди бобом Эрхондай, оғам Ядғухондай жангчи бўламан!
Қари Ойтўлди унинг бу гапларими таассуф билан тингларди. Бола ўзини хун деб ҳис қилса-да, юз-кўзлари, гавда тузилиши, сержаҳлиги билан барибир аждодларига тортмоқда эди. Эри Эрхоннинг ўлими ёдига тушганда, ҳар сафар Ойтўлдининг дилида ғазаб ва интиқом олови гуриллар ҳамда боланинг тезроқ катта бўлишини Кўк Тангридан тилар эди. У ҳали жудаям ёш, ҳозирча қасос олиш мумкин эмас, аммо катта бўлсин, шунда барча чекловлар барҳам топади. Ўшанда Эрхоннинг нотинч руҳи Ойтўлдидан мамнун бўлади. Ханзулар шўрлик Эрхонни заифлигига ҳам қарамай ўлдирдилар. Шусиз ҳам унинг жони қилтиллаб, эрта-индин ўлиши муқаррар бўяиб турганди. Улар ёвузлик қилдилар, бироқ хунлардаги тартиб-қоидалар Ойтўлдига ҳозир ўч олишни таъқиқлаб турарди. Баъзида у болани ўрмонда йиртқич ҳайвонлар еб кетса ёки дарахтдан қулаб ўлса кошкийди, деб ҳам қўяр, аммо дарҳол бу ўйини нари қуварди: унда, ўч олмоқ-чи? Ойтўлди дилидаги интиқом ўтини ўчирмасдан бу оламдан кета олармикин?
Ханзу ўғлони келишимли йигит бўлиб вояга етаётганди. Унинг ҳаракатларини кузатиб, кампир икки ўт орасида қийналарди: душман боласининг нимасидир ўша, тоғ кўчкиси остида қолиб ҳалок бўлган ўғилларининг тўнғичига ўхшаб кетарди. Йиллар ўтиб, ҳатто душман авлодидан бўлса-да, у кампирнинг кўнглига ёқиб қолган, қани эди ҳозир шу бола менинг ўғлим бўлиб қолса, деб баъзан турли хаёлларга ҳам берилар эди. Лекин шу заҳоти яна ўзига келарди: ахир, Эрхон мана шу яйловлар узра капалак бўлиб учиб, қавмлари, қутлуғ жангчи боболарининг хуни учун нима ишлар қилаётганини кўриб турибди-ку. Ойтўлди нима қилса шавкатли Эрхон хурсанд бўларкин? Кўк Тангрини-чи, қандай рози қилиш мумкин? Ойтўлди кампир ўйлаб ўйига етолмас, аммо шу ҳолатида ўғлонга қарши тиғ кўтаролмасини пайқаб турарди. Қачондир, ҳамма нарсани хотималайдиган ва ё Ойтўлдининг, ё боланинг умрига нуқта қўядиган кун етиб келиши керак эди.
Ботир Ядғухон ҳам Ойтўлдининг ёнига тез-тез ташриф буюриб турар, ҳар сафар турфа ўлжалардан совғалар олиб келарди. У кампир билан суҳбатлашар экан, адоват тўла нигоҳини ханзу ўғлидан узмасди. Ойтўлди унинг ниятини жуда яхши сезарди, албатта. Сезардию ўғлонни Ядғу ёйидан қутқариш йўлларини ўзича чамаларди. Хуллас, ҳар иккови ҳам хун олмоқ истагида ёнишар, аммо бу истакларини бир-бирларидан яширардилар.
Ниҳоят, ханзу ўғлон балоғатга етди -—у хун қизларига узоқ-узоқ кўз тикадиган, негадир қизарадиган, тунлари уйқуси ўчиб, безовталанадиган одат чиқарди. Ойтўлди кампир фурсат етиб келганини туйди — қасос вақти, ниҳоят, юз кўрсатган эди. Кампирнинг ҳам ҳаёти поёнига етаётган бўлиб, унда ортиқ сабр қилмоққа ҳеч тоқат йўқ эди.
Ўша куни, қуёш ботиши олдидан Кўк Тангри вақт етганини англатди — бу маҳалда Ойтўлди болани қандай қилиб ўлдирсам экан, деб майсалар устига ўтириб олиб бош қотирарди. Тангритоғ устида туйқусдан момақалдироқ гумбурлади, кампир ўша ёққа қараб, чўққилар устида қора булутдан асар ҳам йўқлигини, кечки шафақ яллиғи энлаган осмоннинг тип-тиниқлигини кўрди. Ҳа, фурсат етган, Кўк Тангри кампирнинг ниятларини пайқаб, интиқомга розилик берган эди.
Кампир ўрнидан қўзғалди ва ичкарига кириб, яшириб қўйган жойидан эри Эрхон янги танишган кезларида совға қилган кичкинагина тиғни олиб, кўйлаги қатига яширди-да, қайтиб чиқди. Ханзу ўғлони ялангликда Эрхоннинг камонини кўтариб, ёй отишни машқ қилаётган эди. Кампир ўзиникига ўхшамаган овоз билан уни чақирди. Ўғлон дарров Ойтўлдининг қошига келди, унинг қийиқ кўзларида қувонч чақнарди.
— Мен хунларнинг энг баҳодир йигити бўламан! —деди у мағрур. – Бобом, қутлуғ жангчи Эрхоннинг ёйи энди меники. Уни ҳеч кимга бермайман ва ҳеч қачон қўлимдан қўймайман.
— Бас қил! — деб бақирди кампир, сўнгра қўйнидаги тиғни олди. Уни кўриб ўғлон таажжубланди. Кампирнинг қўллари титрар, ияклари қалтирар, ажабки, қандайдир бир куч унинг заиф жисмига қувват бахш этган эди. — Сен бу ёйни тутишга у дунёю бу дунё ҳақли эмассан. Ташла уни!
— Нега? — сўради ханзу ўғли, тўгарак юзида кампирдан ранжиганликни ифодаловчи белги акс этди. — Ҳалиям эр бўлиб етмадимми? Қаранг, билакларимда куч тўлиб оқаётир, ғайратим тошаётир… Ҳали мен Эрхон авлодининг…
— Сен Эрхон авлодидан эмассан, — деди кампир, беадад қаҳру адоват билан. Ўғлон уни бундай аҳволда ҳеч кўрмаган эди, важоҳатидан ҳайиқиб, кетига тисарилди.— Сен хун ҳам эмассан, — ҳайқирди у, кўзларидан дув-дув ёш оқиб. — Сенинг томирингда манфур ханзу қони оқаётир. Улуғ Эрхонни сенинг қондошларинг ўлдирган эди. Мен сени саноқсиз ўликлар ичидан топиб олиб, эр этилгунингча сабр қилдим. Мана, вояга етдинг, сендан ўч олмоқ истайман! Ўзингни олиб қоч, манфур ёғий боласи!..
Ўғлон қулоқларига ишонмай турарди. Кампир ғойибдан келган шиддат ила унинг кўксига тиғ урди, аммо қўллари мўлжални тўғри ололмади, тиғ ўғлоннинг бақувват билагига санчилар-санчилмас, ерга тушди.
Кампир ҳолсизланиб ўтириб қолди, унинг кўзларидан ҳали ҳам ғазаб ва надомат ёшлари дувиллаб тўкиларди. Ханзу ўғлон эса қулоқларига ишонмай, тош қотиб турар, ранги бўздай оқариб кетган, тиғ етказган жароҳатдан аста-секин қон сизиб чиқиб, ерга — қадимий хунлар ерига, Эрхоннинг мулқига томчиларди. Эрхон учун қасос олиниб бўлинганди — мана, ёғий ўғлининг қони унинг ери узра тўкилаётир, буни шавкатли жангчининг руҳи ҳам, Кўк Тангри ҳам кўриб турибди. Эй хунларнинг қутлуғ жангчиси Эрхон, энди Кўк Тангри сенга абадий ором ва роҳат иноят этсин!..
— Мен ростдан ҳам ханзуманми? — бир замон тош қотиб турган ўғлоннинг бўғзидан даҳшатли нидо отилиб чиқди. — Ойтўлди, айт, раҳминг келсин, менинг отам ханзуми?
Ойтўлди унга жавоб қилмади. У бошини қуйи эгганча йиғлашдан тўхтамас, шундай эса-да дилининг бир четида ўғлоннинг тирик қолганидан мамнун ҳам эди. Ахир, хун олинди, душман қони тўкилди, бас, Эрхон учун шунинг ўзи етарли. У улуғ жангчи эди, кечиримли эди, бу иши учун кампирдан ҳеч қачон дили ранжимайди…
Аммо Тангритоғ тепасида яна момақалдироқ гумбурлади. Ханзу ўғлони ортига чекинди.
— Йўқ! Йў-ўқ, мен ханзу эмасман!—ҳайқирди у титраб-қақшаб. Аммо товушини момақалдироқнинг навбатдаги гумбурлаши босиб кетди,— Мен хунман! Хун бўлиб туғилганман, хун бўлиб ўламан!..
Ва у Эрхондан хотира бўлиб қолган ўткир учли ёй ўқини олиб, нақ юрагига ботирди. Негаки, ўғлоннинг томирларида ханзу қони оқаётган эса-да, номусли хунларнинг тарбиясини олган эди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, ўрмон оралаб етиб келган Ядғухон ёғий ўғлонининг ўлимидан хабар топгач, Ойтўлдига таассуф билан деди:
— Эсиз! Ўч олмаганим битта шу ханзу қолувди. Сен жангчи хотини эканлигингни кўрсатдинг. Энди Эрхон абадий тинч бўлсин!
Кампир унга жавоб бермади. Судрала-судрала кулбаси томон йўл олди. Шўрликнинг дили энди батамом таскин топган эди. Кўзидан зса ўкинч ёшлари тўкиларди. Нима қилсин, ханзу ўғлонини у салкам ўн олти йил тарбия қилди, едирди-ичирди. Ханзу боласи шу кечган вақт ичида, гарчи душман бўлса ҳам, ўз фарзандидек бўлиб қолганди. Ҳозир кампирнинг кўз ўнгидан ўғлоннинг кулишлари, сўзлашишлари, ёқимтой одатлари бирма-бир ўтаётганди. Қомати янада букилган, вужуди мадорсизликдан худди шамолда қолган тол новдасидай чайқаларди…
Тангритоғ узра қоронғилик чўка бошлади…
Ядғухон кампирнинг дилидан нелар кечаётганини фаҳмлагани боис, бошқа сўз қотмади. Аммо уруғдошлари ёнига қайтиб кетмади ҳам, отини боғлаб, шу ерда қолди. Негаки, кампирнинг ҳам умр дақиқалари тугаган, қазоси етишига бир ёки икки кунгина қолганди, холос. Бор-йўғи бир ёки икки кун…
1992