Исажон Султон. Дўст (ҳикоя)

Сену мен тенгдош эдик, дўст.

Ўтлоқларда ўйнар эдик.

Ўшанда… роса чопар эдик-да. Оёғимиз остида қуюн ўралашарди. Қирда шамолдан ўзиб кетардик. Тўкилган ўрик гуллари чопишимиздан пайдо бўлган шиддатларда ердан кўтарилиб, учиб-учиб яна ерга қайта қўнарди.

Дунё биз учун мана шу кичкина макондан иборат эди, холос. Қайлардандир қушлар саф-саф учиб келишарди. Қайдан учиб келаётганларини билмас эдик. Бунча кўп қуш қайга бориб қўнади, униям билмасдик. Билганимиз – мана шу ўтлоқ-дала, мутеъ ҳашаротлар, ақлсиз қушлар ва қайноқ ёз эди, холос.

Ҳориб-чарчаб уйга қайтардик. Узум зангига осиб қўйилган чироқ сариқ нур таратарди. Сўрида отам-онамиз бир нималарни гурунглашиб ўтиришарди. Кичкина синглим катта челакда сув таширди… Этакроққа бир уюм беда тўкиб қўйилган, ундан бошни айлантирадиган ислар анқирди.

Кейин ўша ёқимли чарчоқни ҳис қилганча, осмондаги юлдузларга термилиб узундан-узун хаёллар сурар эдик. Тунги шабада дарахт баргларини шитирлатиб елиб ўтганида, қай бир қушнинг ороми бузилиб ҳавога кўтарилганида… ариқдаги сувнинг жилдирашию чирилдоқлар овози бирданига кучлироқ тарала бошлаганида… ой нури олачалпоқ ёритган шу маконлардан ажина ёки девлар товушсиз чиқиб келишидан қўрқардик, эсингдами?

Ажабки, ажина чиқиб келса… нима қилган бўларди бизларни? Ҳозир бу саволга жавоб тополмайман, ўйласам кулгим келади.

Эслайсанми, сира чарчамас эдик. Сен ҳам мен каби новдадеккина, чаққону илдам, ғайратинг ичингга сиғмаган бола эдинг-да. Бирга бориб ўт ўрардик, сув таширдик, бирга қўшнининг беҳисидан яширинча ўғирлаб ер эдик. Маккажухори пояларини шимир эдик, шафтоли пўкаги ширин бўларди. Дарахтларнинг остидаги зах ерларда қўзиқоринлар ўсарди, уларни хивчин билан ура-ура, бошини танидан жудо қилиб ўтиб кетардик.

Доим сочинг ўсиб кетаверарди. Жуда тез ўсармиди сочинг? Қачон қарама, пахмоқ бўлиб ётарди. Ота-онамиздан “соч-тирноқларинг ўсиб кетибди-ку, олмайсанми” деб кўп дакки эшитардик.

Нарсаларнинг аҳамияти йўқ эди биз учун. “Сенларни боқишим керак”, дер эди отам. Онам рўзғор ишидан бўшамасди. Улар биз каби илдам эмас эдилар. Баҳайбат, куч-қувватга тўла, аммо чаққонликда бизга етадигани йўқ эди. Бизга нима у ташвишлар? Иккаламизнинг ўз ҳудудларимиз борийди, бепоён, сирларга тўла, жозибали ҳудудлар. Апил-тапил бир бурда нонни чайнаб, ариқдан бир ҳовуч сув ичиб кетаверардик-да. Отам иш буюрар эди, у юмушлар кўпинча заҳматли, эзувчи бўлар, масалан, томорқадаги маккаларни ўриб қўйишимни буюриб ўзи юмушига кетар эди. Макканинг пояси қўлни тилиб юборса, онам жонҳолатда келиб кўйлагини этагини йиртиб ўраб боғлаб қўярди. Арзимаган тилинишга онамнинг жон куйдиришидан кулгим қистарди, катталарнинг баъзи тутумлари шунақа кулгили туюларди мен учун.

Кўзлари чақнаб, кулиб-кулиб турадиган ёқимтой бола эдинг-да, дўст.

Ҳар доимо мен билан бирга эканингдан, сени қачон таниганимни эслолмайман. Иккаламининг ҳам исмимиз бир хил эди. Отам ёки онам исмимизни айтиб чақирса, бараварига югуриб борардик. Мен хаёлларга, ўй-фикрларга берилувчанроқ эдим, ҳар нарсанинг тубига етгим келаверарди. Сенинг теваракка қизиқишинг зўр эди, ором берадиган нарсаларни яхши кўрардинг. Олмурутнинг мазаси ширин бўлишини сен айтгандинг, у маза менга ҳам маъқул келувди.

Яна, уйқуни яхши кўрардинг. Ухламасанг, эртасига кўзларинг киртайиб, сўлинқираб қолардинг. Мен эса ухлашни ёқтирмасдим. Шу сабаб, гоҳо сен ухлаган маҳалларинг хаёлан қайларгадир сайрлар қилардим.

У – маконсиз, замонсиз ҳудудлар эди. Ўша ҳудудларда гоҳо дунёдан ўтиб кетган бобомни, ўзим танимайдиган кимларнидир учратар ҳам эдим. Гоҳида эса… учар эдим, дўст! Шунда сени кўрмас эдим, наинки сени, ўзимни ҳам кўрмас эдим. Гўё эшитувчи ва кўрувчи жисмсиз бир шаффоф нарса эдиму маконлар ва замонлар узра учиб кетардим. У маконлар қайда эди? Қанақа замонлар эди улар? Гоҳо ғалати махлуқлар пайдо бўлиб қувлашарди. Гоҳ эса энг қўрқадиганим ҳолат юз берар – отамнинг ёки онамнинг ўлиб қолганини кўрардим. Қаттиқ изтироб ичида қайлардадир кимларгадир бир нималар деб ялиниб-ёлвориб юрардиму… уйғониб ўзимга келгач, бунинг туш экани ақлимга етиб келар эди.

Сендан сўрасам, елка қисардинг. Туш нима эканини билмасдинг ҳам. Мен кўрган у ҳудудлардану маконлардан бехабар эдинг.

Мен-чи? У маконлардан хабар топганим билан, истаганим билан қайтиб бора олармидим? Қизиғи шундаки, кўрганим ўша ерларда ҳеч очқамас, чанқамас, уйқум ҳам келмас, доим тийрак… аммо кўрганларим ҳақиқий эмаслигини, туман каби шуурни ўраб олувчи хаёлотдай бир нарса эканини руҳим танамга қайтиб киргач англаб, гоҳо севинардим, гоҳо қайғурардим.

Сен эса ўша-ўша… кўзлари чақнаб-чақнаб турган чаққон ва ёқимтой, шўх ва садоқатли болакай… доим ёнимда эдинг.

Эҳ-ҳе, қанақа йўллардан ўтмадик сен билан бирга… Кузнинг яйдоқ далаларида, ёмғирлар остида пахта терганларимиз эсингдами? Қўлларинг кўкариб-қизариб кетган, ингичка оёқларингдаги этигингга сув ўтган, дир-дир титраганларинг, кейин икковимиз гулхан ёққанларимиз-чи? Ажабки, мен совуққаям, иссиққаям парво қилмасдиму сен совқотиб қолаверардинг-да. Булдуруқлар қоплаб олган далаларда ушук ургани-чи? Гупиллаб ёғаётган қорлару баҳорий жалаларда, ёз саратонларида меҳнат қилганларимизни-чи, эслайсанми? Ҳа, у меҳнатлар сенгаям, менгаям жуда эриш туюларди, ота буюргани учун бўйин товлай-товлай адо этардик. Ўтин ёрардик, қор устига пайрахалар сочиларди, йиғиб олиб уйга опкириб олов ёқардик, қорда қорайиб кўринаётган ариқдан сув таширдик… қўлларинг яна совқотиб-қизариб кетарди, ичкарига кирганимизда дир-дир титраб печка ёнига қунишиб ўтириб олардинг, дўст. Шунда эсимда қолгани – яна тирноқларинг ўсиб кетган экан. Яна шуки, ингичка бўй-бастингга номутаносиб бармоқларинг ва қадоқли катта кафтинг эсимда қолган.

Қувончларинг ҳам оддий, жўн, майда-чуйда нарсаларга қувонгансан. Ширин анор узиб еганимизда роҳатланганларингни эслайман. Кичкина, майда лаззатларга ҳам суюниб кетаверишингни-чи?

* * *

Орадан йиллар ўтди. Иккимиз ҳам улғайдик.

Кунлар елдайин ўтар, «болам йигит бўлди» деб қувонарди бувим. Мен қуюндан тез, шамолдай елар эдим, чаққонлигим ўзимнинг завқимни келтирарди – зеро ўн беш-ўн олти ёшида шундай бўлмаган ўсмир борми дунёда? Чаман-чаман гуллаган боғлар хам, ўзанларидан тўппа-тўғри юрагимга қараб оққан сойлару сувлар ҳам – ҳаммаси ичимга сиғмас эди.

Бир қичқирсам осмону кўк, бир мушт урсам, ер титраб кетарди*.

Юксаклар нажиб ва ўзига чорлагувчи эди. Юксакларда парвоз қилиб юраркан, гоҳ таниш, гоҳ нотаниш кишиларга рўбарў келардим, танишлар ҳам, нотанишлар ҳам мен кутмаган сўзларни айтардилар. Кўпинча у ерларда сени кўрмас эдим – ҳар ҳолда, ўзингнинг заминий уйқунг аро тош қотиб ухлаётган, менинг қийнашларим ва мажбурлашларим сўнгида бироз тин олиш навбати етганидан шукрлар қилиб салгина бўлса-да ором олаётган бўлсанг не ажаб?

Ҳозир юрагимни ўртаётган яна бир надоматимни ҳам айтиб олай: юксакларда эканимда… у ерларда сенинг керагинг йўқ эканини сезар, ҳис қилар ва ҳатто менга халақит бераётганингни ҳам ўйлар эдим.

* * *

Бир куни сен касал бўлиб қолдинг. Бунга ҳам мен сабабчи бўлдим.

Ишқ оташи ёққан эди дилимни. Ўша кеча совуқ эди – сен юпқа кийинган, дир-дир титрардинг. Муздай ёмғир қуяр эди. Иккаламиз ҳам шилтаю шалаббо бўлиб, оромимни ўғирлаган бир ой юзлининг келишини узоқ кутдик.

Сен менга уч-тўрт маротаба “кетайлик, жудаям совқотдим… бу аҳволда ҳолим ёмон бўлиб қолади” деб ялиндинг, лекин мен қайсарлигу ўжарлик билан аҳдимда қаттиқ туриб олдим. У маҳал қулоққа гап кирармиди? Олам муҳаббат билан тирик, муҳаббатсиз ҳаёт ҳаётми деб юрган, севги билан муҳаббатнинг фарқини англамаган пайтларим эди-ку? Ой юзли барибир келмади, бу орада ёмғир тинди, булутлар тарқаб, фазода бошқа – совуқ, ҳиссиз ой кўринди, булутлар тарқагани учун ҳаво янада совиб кетди. Руҳим тушиб, ахийри қайтишга қарор қилганимда тишларинг такирлаб, ҳаракатларинг беўхшов бўлиб қолганини, зўрға қадам ташлаётганингни сездим. Шундаям сени роса маломат қилганим эсимда.

Бир амаллаб уйимизга етиб келдик. Уй ичи ҳар ҳолда иссиқроқ эди – сенга кайноқ чой дамлашингни буюрдим, шўрлик, тишларинг ҳануз такирлаганича буйруғимни бажардинг, биргалашиб чой ичдик,  у-бу тановул қилдик, сал иссиқ ўтгандай бўлди. Илиқлик уйқу келтирди, ухлаб қолдик… Уйқу аро мени чақираётганингни эшитдим.
Ташвишланиб уйғондим. Қарасам, иситмада аланга бўлиб ёнар эдинг. Нима қилишимни билмай бошим қотди, ичарга на дори-дармон бор, на мен бир нима биламан. “Сабр қил, тонг отсин”, дедим унга. Амримга бўйсундинг. Ана шу ҳолда тонг отишини кута-кута яна кўзим илинди.

Шукрки, тонг отганида иситманг тушган, лекин мажолинг йўқ эди. Ҳар ҳолда менда ҳам инсоф уйғонди – бугун бирор жойга борамиз ёхуд у-бу қиламиз деб сени мажбурламадим. Бироз ётсанг ўзингга келарсан, дедим.
Айтганимдай, ўзингга келдинг. Қилар ишимиз жуда кўп эди. Дарсларга қатнашишимиз, бадантарбияга боришимиз, анави малакнинг кўнглини олишимиз… хуллас бир дунё вазифамиз борийди.

* * *

Сендагидай садоқат дўстлик ҳақида лоф урадиганларнинг етти ухлаб тушларига кирмаган. Мен сени тинимсиз эзар, қийнар, гапларингга қулоқ солмас, ит олдига бир бўлак суяк ташлаган каби гоҳо марҳамат ҳам қилар, яна ўзим билган томонларга сургалаб кетаверар эдим. Сени қийнаш орқали юксак рутбаларга кўтарилишимни билганмидим, ажабо? Турли ноқулайликлар ичига ҳам тиқар, ҳар доимо қулоқ қоқмай бажарардинг, гоҳо жонинг қийноқларда қолганида қичқирар, масалан, оловга кириш керак бўлганида “Воҳ, куйдим” деб қичқирар эдинг, баъзан била туриб яна киришга зўрлар эдим, шу ҳолингда мен учун яна оловга албатта кирардинг – садоқатинг шунчалар эди сенинг.

Кечалари уйғотар эдим – уйқуга тўймадим-ку, яна озгина ором олай деб ялинардинг кўзларингни ишқалаб… “Йўқ” деб қатъий туриб олардим. Шулар натижасида озиб-тўзиб кетдинг, ҳолингга қараб бўлмас даражага келдинг. Шунда теварагимдаги кишиларга разм солиб, сенинг улар каби кўркам, келишган, бақувват эмаслигингдан норози бўлдим.

Ажабо, сен ҳам мендан норозимидинг? Йўқ, норози эканингни сира сезмаганман.

Кунлар-ойлар ўтгани сайин мен ўз мақсадларимга яқинлаша борардим, ўйимда фақат юксак рутбалар эди. Ичимда яна бир ўй ғимирлар ҳам эди: озиб-тўзган бўлсин, мажоли қолмаса қолмасин… бир куни барибир айриламиз, мен юксакларга кўтариламан, ажойиб иззатлар кўраман, сен эса мана шу мажолсизлигу заифликларинг ичида қолиб кетавер… барибир бизлар вақтинчалик дўстмиз… барибир бир куни айриламиз… барибир бир куни сен мени эмас, мен сени тарк этиб кетаман, дер эдим. Бу туйғуларимга кин ва худбинлик аралашганиниям билардим. Аммо ўзимни ўзим алдай олмайман-ку: ич-ичимда худбинлигимни тан олар ва шайтоний бу тан олишдан гоҳо мамнун ҳам бўлар эдим.

Ростини айтмасам бўлмайди: ўзимни алдай олмагач, Худони алдармидим? Кўп жиҳатларда мендан устун эдинг. Масалан, Худо дедик, унга мендан кўра итоатлироқ эдинг. Тангримнинг айтганларини тамомила адо этардинг – фақатгина Тангримнинг буйруқларига келганда менга бўйсунмай қўярдинг – аввал У, кейин сен дердинг. Худо ҳаққи, шак келтириш бўлсаям айтай, ҳали ўзинг ҳам шунга амин бўласан: қошимда Худонинг пайғамбарини ҳам тан олмас эдинг. Аввал Худо, кейин сен, кейин унинг пайғамбари дер эдинг. Эй гумроҳ, мен имон келтирганларданман, Худо бир, расули барҳақ деганман, деб уни гоҳо ибодатларга ҳам йўлласам-да, мени Тангримдан кейин қўйиши юрагимга хуш ёқарди – азбаройи Пайғамбардан қўрққанимдан шунақа дердим-да.
Сен мўмин эдинг. Буни ҳам эндигина англаб ётмоқдаман. Ҳозир ўйлаб қарасам, эътибор бериб-бермаганим чоғларда ҳам у ўз ибодатларингни оғишмай бажарган экан, ҳаммасини қўлингдан келганича адо этган экансан.
Бир томондан умр ўтишию бошқа томондан менинг қилмишларим туфайли  кейинги пайт хасталикларга кўпроқ мубтало бўла бошладинг.

Бир куни қаттиқ касал бўлдинг. Шунда ҳам охиригача чидашингни билардим, турли нарсаларни егиздим, оғир ишларни қилдиравердим. Кучли эдинг, менинг ундай кучим йўқ эди – менинг истакларим туфайли айтганларимнинг ҳаммасини бажо келтирардинг. Оғир бир нимани кўтариш керак эди, “хеч нарса қилмайди, бир марта кўтарсанг кўтарибсан-да”, дедим кин ва қаҳр билан. Индамай бўйин эгдинг, кейин эса “дўст, биқиним оғрияпти”, дединг зорланиб. Овқат тутдим, “буни ея олмайман-ку” деди. “Ейсан” дедим! Ўшанда хато қилган эканман, биқин оғриганда буни еб бўлмас экан – шундаям айтганимни қилдингу ётиб қолдинг. Шукрки кўп ётмадинг, сал ўзингга келгач, яна оёғинг олти, қўлинг етти бўлиб хизматимни қила бошладинг.
Ҳайронман – ҳамма нарсада менга бўйсунар, қулдай эдинг. “Сенинг ақлинг кўпроқ, дўст. Етти ухлаб тушимга кирмайдиган билимларнинг эгасисан, нима десанг ҳам қилавераман, буларнинг ақлга раволигини албатта сен яхшироқ биласан”, дер эдинг.

Бир куни мен сенга ичкилик ҳам ичириб кўрдим.

Бекор қийнабман сен бечорани: аҳволинг жуда кулгили эди. Ўзингча тиржаяр, яйрар, оғиб-оғиб кетар, лой қайдаю қуруқ қайда – билмас ҳолга келган эдинг. Сенинг кайфиятинг менга ҳам кўчди – телбалар каби маъносиз қўшиқ айтар, кулар, йиғлар эдик биргалашиб. Яна амаллаб уйимизга қайтик, эртасига бошинг қаттиқ оғриди, хамр заҳар ҳосил илишини, ўша заҳар боис бош оғришини билардим, кечгача чида, кетади, дедим. Сени бундай гуноҳга бошлаганимдан ўзим хижолат эдим. Шундан кейин сен ичкиликнинг ёқиб қолганини бир-икки марта айтиб кўрдинг, яна истаяпман дединг. Койиб бердим, арзимаган роҳат учун жондан кечасанми, аҳмоқ дея. Ҳаромлигини билатуриб ичасанми, охири азоб-ку бунинг деганимдан кейин бу ҳақда бошқа сўз очмадинг.

* * *

Йиллар ўтди.

Бир куни сенинг қартая бошлаганингни сездим.

Шунча йиллар давомида менга садоқат билан Каҳф ити каби етовимда юрган дўст, энди аввалгидай чаққон, эпчил бўлмай қолдинг. Юзларингга қараганимда ажинларинг кўпайганини, сочларинг оқарганини кўрдим. Нигоҳинг аввалгидай чақнамасди, юришингдан шиддат кетган эди. Гавданг ҳам чўккандай, рангинг заъфар тусга киргандай туюлди менга.

“Наҳотки?” деб сўрадим сендан.

Индамадинг. Тақдирга бўйин эгганингни билдирдинг.

Шунда ичимда яна ўша кинли туйғу бош кўтарди – тўғри, садоқатингга таъриф йўқ, аммо келажагимда ҳеч қанақа нафинг тегмаслиги ҳам бор гап. Чунки, тақдиринг шу – мен эришадиган юксакларга барибир етиб боролмайсан, қисматинг мана шу тупроқлар устига сочилиб кетган. Мен ҳали фазовий юксакларга эришаман, у ерда бундай заминий дўстга жой йўқ! Ҳар ким ўз жойида қолгани маъқул… Барибир бир куни айриламан сендан, деб ўйладим.

Сен бундай ўйларимни хаёлинггаям келтирмас, менга рўй-рост, ишонч ила боқиб турардинг.

Шундан сўнг тез-тез касаллана бошладинг. Нигоҳинг ҳам аввалгидай зийрак эмас, қувватинг озайган, зўрға юрардинг. Шундаям истакларимга рўй-рост бўйин эгар, ҳамма буйруқларимни аввалгидай адо этишга уринардинг – садоқатинг шунчалар самимий эди, аммо кучинг-мадоринг етмаётганини ўзинг ҳам, мен ҳам билиб турардик. Кўпинча тўшакда михланиб ётардинг, шунда норозилигим ортарди: ахир, бошқаларнинг ҳам сен каби дўстлари бор-ку! Уларнинг ҳолига разм сол! Менинг бошимга Худо сени битибди, тўғри, сендан бошқа дўстим йўқ, дўстни ҳам Тангри белгилайди… афсус, бунчалар тез йиқиласан, бунчалар тез кучдан қоласан, шунчалар тез сўнасан… деб ўйламабман, дўст?!

Кизиғи шундаки, мен соппа-соғ эдим. Гоҳо хасталаниб турсам-да, хасталикларим сеникига мутлақо ўхшамасди. Менинг касалликларим изтироблар, қайғулар, ғам-ғуссалардан, афсуслар, армонлар ва пушаймонликлардан бино бўлар эди. Сени дунёвий касаллик иситмаси қалтиратса, мени ўй-хаёллар ва ғуссаю армонларнинг иситмаси титратарди. Касаллик Тангримиздандир десам бас, лом-мим демай бўйсунардинг, дўст.

* * *

Азалдан билганим ва ҳайиққаним воқеалар юз бормоқда эди.

Сен жуда қартайиб қолдинг.

Кўзларингнинг теграларида ажинлар пайдо бўла бошлаганида, сочларингга оқ оралаганида кўпам эътибор бермаган эдим. “Кун келиб ҳамма ҳам кексаяди, ҳамманинг ҳам умри ўтиб бормоқда-ку” деб ўйлаб қўя қолган эдим.

Ўша маҳалларда… тўсатдан ўзимнинг қаримаётганимни идрок қилдим!

Ҳа, тобора билимим ошиб, зеҳним ўткирлашиб борар, жуда кўп нарсаларни билардим, бу билганларим орасида ҳаётимда керак бўладими-йўқми, гумонлилари ҳам кўп эди. Масалан, уммон тубларида яшайдиган, сув юзасига чиқса, териси палахса-палахса бўлиб кўчиб тушадиган бир балиқни билардим. Қайноқ сувларда кун кечирадиган ёхуд заҳарларни еб ризқланадиган жонзотларниям билардим… керакмас билимларим кўп бўлса-да, улар менга сира ортиқчалик қилмас, заковатим шу қадар кенглигидан, яна бемисл билимларни эгаллаб олишим мумкинлигидан ўзим ҳайратланардим.

Ҳа, мен ҳам ўзгармоқдайдим, аммо ўзгаришим яхши томонга эса, дўстимнинг ўзгариши терс тарафга эди.
Ҳам тақдирнинг битиги, ҳам менинг инжиқликларим туфайли анча хароб ҳолга келиб қолган эдинг. Кўп зорланардинг, ўзимча ҳар нарсага мажбурлаб ҳам кўрардим, зорлана-зорлана истагимни адо этардингу бирданига икки букчайиб қолардинг. Суякларинг оғриётганини айтардинг, куч-қувватинг олдингидай эмаслигини айтиб, узр сўрар эди. Сен жуда ростгўй дўст эдинг – ҳеч қачон мени алдамагансан. Сендай дўст дунёда бошқа йўқ эди –кўкларнинг иродаси билан менинг пешонамга битилган ёлғиз дўст эдинг!

Видо они яқинлашаётганини тез-тез касалланишингдан ҳам билса бўларди. Кўзларингнинг нури кетган, тобора ажинларга бурканиб борар, гавданг кичрайиб, эзилган, лекин ҳали-ҳануз истакларимга бўйсунар ва адо этар… бироқ, бир кунмас-бир кун буларнинг бари тўсатдан барҳам топишига ақлим етар эди.

Барҳам топса… унда нима бўлади, деб ўйлар эдим қўрқув ичра.

Ниҳоят, тамомила кучдан қолдинг. Энди уззукун бир ерда ётар, ўзингни ўзинг эплаёлмас ҳолга келган эдинг. Бошингда ўтириб, яна аввалгидек чопиб-чопқиллаб юришларимизни орзулар эдиму у орзуларнинг энди сира амалга ошмаслигини ҳам билардим. Анорни яхши кўрардинг, аммо еёлмас ҳолга келган эдинг. Яқинлашиб келаётган улкан бир хасталик чангалида чуқур-чуқур нафас олар, қийналар, шундаям ҳорғин, хира нигоҳингни мендан узмас, сўнгги сўзинг ҳам “мендан розимисан, дўст?” деган калом бўлишига ақлим етиб турар эди.

* * *

На илож, энди айриламиз, дўст!

Эсимни таниганимдан, болалигимдан бери мисли кўрилмаган бир садоқат билан доим хизматимда бўлдинг.

Сен каби бир дўст яна борми, дўст?

Эсингдами, қирда шамоллардан ўзиб чопганларимиз? Эслайсанми?

Сендагидай садоқат яна кимда бор, дўст? Ҳаётда шунча йил яшадим, дўстларнинг кўпини кўрдим, бари ўзларининг истаклари йўлида бадар кетдилар… фақат сен ҳар доим ёнимда бўлдинг, дўст!

Мен сени жуда қийнадим, ҳар йўсинга солдим – мени деб ўтга-сувга қирдинг, истагимга ҳар доим бўйсундинг, лекин мен сенинг истагингга бўйсунмадим, дўст. Мана шу ҳолга тушишингга сабабчи ҳам менман – эй садоқатли дўст, садоқатсиз дўстингман.

Мени ҳалиям дўст деб биласанми, дўст? Бунчалар фидокорликларинг эвазига биронта фидойилик килмадим, ўзимни деб сени хароб айладим, дўст. Сен учун жуда оз нарса килдим, сен мен учун ўзингни, борлиғингни сарф этдинг.

Энди айриламиз, дўст!

Энди мен ўзим орзулаган мартабаларим томон кетаман. Сенинг умринг эса жуда оз қолди – жуда яқин орада сени тупроққа топширадилар. Сен тупроқларнинг остида қоласан, дўст. Мен эса кетаман ўз юксакликларимга – у ерларда сенинг керагинг бўлмайди менга.

Энди сен билмаган бир сирни очайин. Мен азал эдим. Сен билан танишмасимдан минглаб йиллар аввал бино бўлган эдим. Яъни, иккимиз икки ёндан дунёга келдик, бир-биримизни танидик. Сен ҳам мени танидинг ва амримга итоаткорона бўйин эгдинг!

Икковлон бир вужуд ичра мавжуд бўлдик, дўст.

Мен ҳам сен каби, дунёга бошқа бир йўсинда келдим, кимлигингни илғаб олиш учун жуда оз вақт керак бўлди менга. Ҳарчанд жон-жаҳдинг билан хизматимда бўлишга уринмагин, менга вақтинчалик керак эдинг, холос. Шу орада умринг битди, вужудинг хароб бўлиб қартайди, аъзоларинг бирин-кетин хизматдан тўхтамоқда… бу тақдир қошида қалтирамоқдасан, титрамоқдасан… шам каби сўнмоқдасан.

Лекин… агар сенинг истакларингга бўйсунсам, юксакларга эмас, ерларнинг тубига кетардим! Сен мен учун бир пиллапоя бўлдинг, дўст. Сенга оёқ қўйиб, ўзимнинг рутбаларим сари кетдим, дўст.

Абадиян алвидо, эй дўст!

* * *

Ҳалиям дўстиммисан, эй дўст?..

2011