Исажон Султон. Туман (ҳикоя)

Иқбол Мирзога

Бу воқеага анча бўлган-да. У совуқлар ўтиб, ёмғирлар ерга сингиб, у қорлар эриб, ўрнида ям-яшил ўтлоқлар кўкариб чиққан.
Ўша куни водийлару воҳаларни қуюқ туман босган эди. Сира тарқамас, булут каби ҳар ёқни бирдай энлаб олган, гоҳ қуюқлашиб, гоҳ сийраклашиб турадиган жонли бир нимага ўхшарди.
Туман ҳамма ёқни намлаб ташлайди. Совуқда баттар дийдиратади. Теварак худди ёмғир ёққандай бўлиб қолади. Ўтинлару ёғочларни, қолган-қутган шох-шаббаларни, айвонларда қолиб кетган тўшагу шолчаларни ҳам жиққа ҳўл қилади. Бунақа маҳалда чорвани очиқда қолдириб бўлмайди дейдилар. Бостирма остида ҳам қолдириб бўлмайди, чунки туман – оқувчи бир нима, бостирма остига булутдай оқиб киради, тандир ичидаги кулларини намлайди, мол-ҳолнинг ўпкасини шамоллатади. Шу сабаб, бостирмада турган сигир-қўйлар устига гоҳо эски шолча ёки йиртиқ-сиртиқ тўшак ташлаб қўйишади.
Уйда ўтин тугаган эди. Она болаларига:
– Болаларим, ёбонга чиқиб ўтин-чўп териб келмасангиз бўлмайди, – деди.
Қишлоқ далалари тугаган жойдан бошланиб, кўз етмас уфқларга қадар ястаниб кетган даштни кишилар “ёбон” дейишади. Пастак қайишқоқ буталар, ҳар ер-ҳар ерида дов-дарахт яккам-дуккам ўсган у яйдоқ ҳудуд турли ёввойи жондорларнинг макони.
Катта ўғил – бўйи чўзилиб, анча эси кириб қолган барваста йигит:
– Хўп, онажон, дарров тўплаб келамиз, – деди.
Укаларига айтган эди, укалар ҳам бири болта, бири арқон олиб, қалинроқ уст-бошларини кийиб тайёр бўлишди.
– Ғўзапоя ёқсак бўлмайдими? – деб сўради ўрта бўйли, кўзларида ғайрати чақнаб турадиган кичкина ука.
Катта ака жавоб қилди:
– Ғўзапоя дарров ўчади, кулини чўғиям қолмайди. Энг яхшиси – тут. Даштдаги қуриган тутлардан каллаклаб келамиз.
Энг кенжаси, акалари сингари шиддатли эмас, қўй кўзлари ўйчанроқ болакай эса қўлидаги бир бурда нонини оловга тутиб, ўчоқ олдида ўтирарди. Билсангиз, у маҳалларнинг ўчоқлари уйларнинг ичида бўларди. Ўчоқда ёнаётган ўтга қўлидаги нонини тутиб иситиб ўтиришни яхши кўрарди шу бола.
Катта ака:
– Юр, сен ҳам эркак бўлиб ўтин кесиб келишини ўрган, – деди. Кейин онасига қарата:
– Она, кичкинангизниям опкетақолайлик, кўзи ўргансин.
– Майли, – деди она. – Фақат оғир кўтартирмагин, ёш бола, чақилиб қолмасин тағин.
– Хўп, – деди катта ака.
Шу тариқа тўртовлон, каттасининг ва ўртанчасининг қўлида болта, кейингисининг қўлида ўрам арқон, уйдан чиқиб даштга йўл олишди.
Кенжатой боягина иситиб ўтирган нон парчасини ҳам қўйнига солволди, “Очқасак, акаларим билан еймиз”, деб ўйлади.
Ҳа, булар тўрт ўғлон эдилар. Ота дунёдан эрта ўтиб кетган, шу сабабли уй-рўзғор ташвиши барвақт елкасига тушган уч паҳлавон ҳамда кичик ука. Кенжатойнинг акаларига меҳру муҳаббати баланд, буни иситилган нонни қўйнига солволишидан ҳам, “ҳаммамиз бирга еймиз” дейишидан ҳам билса бўларди…
Қишлоқ йўлидан бир оз юришгач, зовур устига қачонлардир қурилган омонат кўприкдан ўтиб, ёбонга чиқишди.
Ёбонда туман янада қуюқ, оёқ остида рутубат қоплаган жонсиз ўт-ўланларнинг илвираган танаси кўзга ташланар, чўкиртаклари қорайган, муз тупроғи не учундир оқаринқираган экин ерларининг бир қисми, гоҳо қай бир қушнинг бузилган ини ҳам кўринарди.
Даштда туман янада қуюқлашди. Дўнглари, кесак¬лари катта-катта зовур устида қуюқроқ, йўл устида эса сийракроқ бўлиб сузарди. Туманда қадам товушлари эшитилмай қолар экан. Олдинма-кейин боришаверса, илгарида катта бир нима элас-элас қорайиб кўринаверди. Яқинлашиб қарашса, баҳайбат тол экан. Жиққа ҳўл шохларидан томчилар томчиламоқда.
– Шуни шохидан кесиб кетсак-чи? – деб сўради кичкина ука.
– Тол мўрт бўлади, тезда ёниб тугаб қолади, – деди катта ака, қовоғини солиб. – Оз қолди, яна пича юрсак, жарлик олдида қуриб қолган беш-олтита тут бор, ўшани каллаклаймиз.
– Янаям бораверсанг, дашт ичкарисида саксовуллар ҳам бор, – деди ўртанча ака. – Аммо жуда узоқда-да, адашиб қолиш ҳеч гапмас. Кейин, у томонларда катта-катта эчкемарлар изғиб юришади.
– Чиябўриларни айтмайсанми? – деди катта ака, кўзларини ола-кула қилиб. – Қишда оч қолиб емиш излаб санқишади. Емиш тополмаса, очлигидан осмонга қараб увиллаб, худодан ризқ сўрашади.
Кенжатой эса теваракка ҳуркиб нигоҳ ташлаб борарди-ю “Нимага олдинроқдан ғамлаб қўймадик-а? Аммо ўтин кесиб келмасак ҳам бўлмайди-да. Кечаси аёз кучайса, уй совиб кетади, кейин ҳаммамиз қийналамиз”, деб ўйларди.
Унинг назарида аёз ҳаракатланувчи, силжувчи бир нимадай туюлди. Йўқса, кучайиб ёки заифлашиб қолиши нимадан? Қиш қаттиқ келганида ўтларни қорайтириб илвиратади, очиқ маконларни билдирмай кезади, тирқишлардан уйларнинг ичига кириб, сабзавотларни музлатади, янада кучайса, ўрага кўмилган сабзини ҳам яхлатиб қўяди. Қопдаги яримлаб қолган ун сескантирувчи бўлиб қолади. Ерда ётган барглар устини жуда юпқа муз қоплайди, қўлингизга олсангиз, бўртиқ томирлари ўз-ўзидан қирсиллаб синади. Кўлмаклар туби-ю, оқар сувнинг устини ҳам муз билан қоплаб, нақшлар чизиб қўяди.
Болакайнинг юзи, қўллари совқотарди. Намда аёз таъсири янада ортар экан. Арқонни бағрига босиб, қўлини қўйнига тиққан эди, баттар музлатди. “Пахтали қўлқоп бўлсайди” деб ўйлади. Акалар – тоғ келбатли, бўйчан акалар унга қарамай, тез-тез қадам ташлаб кетиб боришарди.
“Нимага акалар шунақа бўлар экан, – деб ўйлади у, ҳануз арқонини қучиб улар ортидан чопаркан. – Кучли бўлишгани учунми? Катта акамни аччиғи ёмон. Сира аямайди, суякларимни оғритиб-оғритиб уради. Шиддати, ғазаби тез-да. Мана, ҳозир ҳам қарагиси келмаяпти. Болтасини елкасига қўйиб бемалол кетяпти. Болта катта, ўткир, оддий эмас – ойболта. Шох кесишга ярайди-ю тўнка ёришга ярамайди. Тўнка ёргани ингичка, аммо пишиқ оддий болта керак бўлади”.
Бошқа маҳал бўлганида ака қувватини кўз-кўзлаб, йўл ёқасидаги бургану янтоқларни бир уришда кесиб ўтган бўларди. Янтоқ остидаги қумда “кулдиргич” деган ҳашарот яшайди. Туманда қандай жон сақлади экан? Болакай қизиқсиниб, янтоқлардан бирининг олдига борди. Ини турибди, аммо ўзи йўқ. “Совуқда ўлиб қолган бўлса-я”, деб ўйлади. Ин остини ковлаб ҳам кўрмоқчи эди, аммо бармоқлари баттар совқотишини ўйлаб фикридан қайтди. Яна акаларининг ортидан чопди.
Ҳа, дала-тузда ҳар жонзот совуқдан ҳар турли сақланади. Юмронларнинг ини чуқур бўлади, қуруқ хаслардан опкириб солволади. Ўша ерда қиш тугашини кутиб мудрайди. Қушлар узоқларга учиб кетишади. Чиябўрилар, ёввойилашиб кетган кучуклар эса яйлоқларда изғиб юришади. Қишда одамлар эшакларини ҳайдаб юборишади, улар даштда ваҳшийларга ем бўлишади.
Кенжатойнинг тасаввурида заиф бир ҳайвонни талашиб-тортишиб, этларини узиб-узиб ғажиётган катта кучуклар жонланди. Итлар бунақа маҳалда бировни яқинлаштиришмайди. Биров ёвуқ борса, панжаси билан ўлжасини босиб туриб, оғзида қони силқиб турган эти билан таҳдидли ириллайди. Яқин келма, бу мени ўлжам деяётгандай бўлади.
Ана, дунёни босиб турган шу номаълумлик аро бир нима чўзиб-чўзиб увиллади.
– Ака, чиябўрими?
– Бўрини нақ ўзи, – деб жавоб қилди катта ака.
– Йўғ-э, қишда итлар ҳам шунақа увиллайди-ку?
– Ит бошқача увиллайди.
Кенжатой энди акаларига етиб юргиси келарди. “Бекор арқон олибман, – деб афсусланди. – Ойболта олсайдим…” Аммо чиябўри чиқиб қолса, ойболта билан уришни тасаввур қилолмади. Чунки, болта оғир. Уйда, айвондаги тўшак қатида буклама пичоқчаси борийди, шуни олмаганидан афсусланди.
– Тез-тез юрақолинглар, эҳ-ҳе, ҳали қанча иш бор, – деди катта ака. – Қайтгунимизча қоронғи тушиб қолмасин.
Ўрам арқон намдан оғирлашиб, чувалашиб қолган эди. Болакай энгашиб, уни қайта ўрашга уринди. Бу – тарам-тарам ўрилган, пишиқ жун арқон эди. Ўрмоқлари орасига нам тупроқ кириб, янада оғирлашиб қолди. Бир-икки уриниб кўрди-да, эплаёлмагач, акалардан бирига “Арқонимни қайтадан ўраб бер” демоқчи бўлиб бош кўтарди-ю аланглаб қолди.
Чунки, акалар ғойиб бўлишган эди!
Ҳар тараф оқиш туман, баъзи жойлари сийракроқ, паға-паға сузар, ўзгарар, орасида биров кўринмасди.
– Ие? – деб ҳайрон бўлди у.
Кейин пастроқ овозда чақирди:
– Ака-а?!
Ҳеч ким жавоб қилмади.
– Соди-и-иқ! – дея каттасининг исмини айтиб чақириб кўрди ҳуркак сас ила. Уларнинг исмига “ака” қўшмай чақирарди. Акалар ҳам “Кичкина-ку ҳали”, деб индашмасди.
Жавоб келмади.
– Соби-и-р? – дея чақириб кўрди у ўртанчасини.
Жимлик.
– Ноди-и-ир?
Учовлонни гўё туман ямлаб-ютиб юборган, шу оқиш намчиллик аро бирданига ғойиб бўлишган эди.
Болакай саросимага тушиб қолди. Ярим ўралган арқонни қўлига олувди, баттар нам тортгандай туюлди. “Ташлаб юборсаммикин” деб ўйлади, аммо акаларидан ҳайиқди.
Бу сафар учовининг исмини бирдан айтиб чақирди:
– Соди-и-қ? Соби-ир? Ноди-и-ир?
Содиқдан ҳам, Собирдан ҳам, Нодирдан ҳам жавоб келмас эди.
Болакай теварагига аланглаб, “Акаларим илгарилаб кетишдию мен пайқамай қолдим” деб ўйлади. Бу туман аро қай тарафга кетишганини билиб бўлмайди, ўзича изларидан бораверай деса, адашиб қолиши ҳеч гапмас. Акаларим қайтиб келишиб мени опкетишар, деб ўйлади саросима ила.
Вақтни ҳам билиб бўлмасди. Ҳозир пешинми, асрми? Қоронғи тушса нима бўлади? Бир-икки одим отиб, қаршисида ҳўл юлғуннинг оқиш шарпасини кўрди, нима сабабдандир совуқ урмаган, калта баргчалари, қизил танаси йилтираб турарди.
Шу маҳал ёнгинасида ҳаракат сезилди. Қараса, арқон ўрами ўз-ўзидан эшилиб-буралиб, туман орасига кириб кетяпти! Ҳа, нимадир арқонни шитоб билан тортиб кетди. Уч-тўрт қулоч арқон бирпасда туман орасида кўздан ғойиб бўлди.
Болакайнинг юзлари музлаб кетди.
– Соди-и-қ? Соби-ир? Ноди-и-ир?
Садо йўқ.
Сас келармикин деб теварагига қулоқ осар, туман сасларни ҳам ютиб юборгандай эди.
– Эна-а! – деб нидо қилди у чўзиб, она етиб келолмаслигини, кичкинтойининг бошига не иш тушганидан бехабарлигини билса-да. “Эна-а” дея йиғлаб юборди оғзи-бурни совуқда қизариб кетган, дийдираб турган муштдайгина шу болакай…
Йиғласа-да, нигоҳи ҳар тарафга оғар, қайдан жон қутқарувчи нажот ёки хатар келишини билолмасдан аланглар ҳам эди.
Елкалари учиб-учиб йиғларди бояқиш.

* * *

Шу маҳалда шундоққина ёнгинасидан қўрқинчли бир товуш туманни ёриб-кесиб янграб кетди.
Бола ҳам қўрққанидан саросима ила бақириб юборди.
Туман орасидан жуда узун, ҳайбатли бир нима эшилиб-буралиб, ўхшаши йўқ ғалати товуш чиқариб яқинлашиб келаётгандай эди.
Товуш ўткир, ёввойи, бир жойдан эмас, ҳар жойдан келарди. Товушнинг ҳам бош-охири бўлар экан-да? Ҳаракатланадиган номаълум бир нима шундоқ ёнгинасида-ку? Илонми деса, илонлар қишда ер остига кириб кетишади. Ҳайвон деса, товуш оғир, залворли.
Болакай ўша томондан кўзини узмай, серрайганича нам ерга ўтириб қолди. Оёқчалари, қўлчалари титрар, лаблари бир нималарни пичирлар ҳам эди. Тинмасдан “Эна… эна…” дея шивирларди.
Шивирлашининг сабаби қўрқувидан эди. Қаттиқроқ чақирса, ўша ғалати ҳайвон тўсатдан ташланиб қолади деб қўрқарди.
Шу маҳал бояги увиллаган товуш ўзгариб, мудҳиш қаҳқаҳага айланди. Бола ҳануз ўша алфозда ўтирарди. Туман аро кимлардир шарақлаб кула бошлашди. Мудҳиш у ҳайвоннинг кулиши ақлга сиғмасди, бола бешбаттар қўрқди. Ҳа, туман орасидаги ғалати кимсалар нима учундир шодланиб кулмоқда эдилар.
Яна бир сония ўтиб, оқиш парда ортида шарпалар кўринди. Қорнини ушлаб кула-кула келаётган уч шарпа. Уч ака, уч паҳлавон!
– Ҳа-ҳа, қўрқиб кетдингми? – деб куларди каттаси.
– Ўл-а, қўрқоқ! – дер эди ўртанчаси.
– Эна-а, энажо-он… – дея мазахларди кичиги.
Кичик ука мана шунда росманасига йиғлаб юборди. Ўзини ниҳоятда майда, кичик, аҳамиятсиз, ҳеч кимга кераги йўқ ношуд дея ҳис қилиб йиғлади.
Қўрққани ошкор бўлиб қолганидан, акалари масхара қилишганидан алами келиб йиғлади у.
– Бор ҳамманг, йўқол! – деб йиғлади.
– Ака бўлмай ўл ҳамманг! – деб йиғлади.
Сўнг туман орасига чопиб кириб, ғойиб бўлди.

* * *

Туманда бешбаттар қўрқмадимикан? Ахир, оқ юзли, қора кўзлари ўйчан боқадиган, кулганида чеҳраси яшнаб кетадиган болакай эди.
Ҳа, қўрқоқ эди. Ўзи тенги болалар билан уришолмасди. Бўйи ҳам паст, ўзи заифроқ, аммо юраги топ-тоза эди-да. Акалар – бақувват, билагида кучи тошган акалар бири чиллак, бири ошиқ ўйнагани кўчага чиқиб кетишганида ҳам онасининг ёнидан айрилмасди. Катта пақирларни кўтариб сув таширди, она тандирга ўт ёқса ғўзапоя олиб келарди, ўзиям ўт ёқмоқчи бўларди-ю аммо тандирга бўйи етмасди. Онасига бошқача меҳрибон эди-да шу бола.

Катта аканинг ҳикояси

Эҳ… Ўзимизча катта бўпқобмизми? Бизларни ҳаёт катта қилди. Отамдан кейин рўзғорни ҳамма иши бўйнимизга тушиб қолди-ку? Ер чопиш, экинга қараш-ку майли. Сув жанжалларида кап-катта одамлар билан теппа-тенг солишардим. Молбозорга саҳарлаб мол етаклаб бориб, молжаллоблар билан қўлларим узилгудай бўлиб савдолашардим. Ўтин дейсиз, тут ўтини қаттиқ бўлади, болтани бир урсангиз сапчиб қайтганида билагингиз, елкаларингиз зирқираб кетади. Тутларни кесиб келдим, сандаллар қурдим, қишнинг қировларида муздай лойлар қилиб иморатнинг нураган жойларини уриб-сувадим.
Уйда юраверса ойимбилак бўпқолади дедим-да. Билаги кучга тўлсин, кўнгли қаттиқ бўлсин! Бултур ёзда сузишни ўргатганимдаям хафа бўлувди. Удум шунақа-да, катталар кичикларни даст кўтариб сувга отворишади. Жони ширин-ку, индамай чўкиб кетаверармиди? Кўзлари олайиб-олайиб, боши сувдан бир чиқиб-бир кириб ўрганади-да.
Ҳаёт ҳам шунақа. Пишиши учун ҳаёт деган дарёга отвориш керак. Ҳали болалиги бор, кўнгли бўш, аммо вақти келганида турмушнинг ўзи шафқатсиз қилиб қўяди.
Мана, яна аразлаб кетди. Шу кетганича уйга боради, онамизга “Акам мени қўрқитди” деб шикоят қилади. Онамиз кўнгли ранжиб “Супрақоқдимни нимага қўрқитасан?” деб бизларни койийди. Бироқ, шунақа юмшоқфеъл бўлиб ўсса ўзига қийин эмасми? Бир хил ишлар бўлади – зарарга ўхшайди, аммо вақти келиб фойдаси тегади.
Қани, бораверайлик-чи.
Ҳой Собир, кўтар ўтинни!

Ўртанча ака ҳикояси

Аслида катта акам жуда бешафқат.
Бир куни иш буюрган эди, “Бор, ўзинг қил” деб тўнғилладим. Шунда қўлимни қайириб елкамга урувди, ёмон оғриди. Аламим келиб “Нимага урасан?” деб тиккамасига ташландим. Кучим етмаслигини, бир урса учиб кетишимни биламан, аммо аламим шунчалар эдики, ўлсам ҳам ташланавердим. Икки елкамдан ушлаб босганида қўлимни қимирлатолмай қолсам, оёқларим билан тепдим, билагини тишладим. Кўзимнинг ёши оқиб-оқиб, йиғлаб бақиравердим:
– Нимага урасан? Кучинг кичкинага етдими?
Катта акам шундан кейин:
– Ҳа, тузук. Мана энди йигит бўлдинг, – деди қониқиш билан. Елкамдан тутиб бағрига босди:
– Ана, эркак бўлдинг, ука!
Эркак бўлишим учун уришишим керакми? Бақириб сўкинишим керакми?
– Эркак шунақа бўлади, – деди катта акам. – Бир нимага тиш-тирноғинг билан ёпишасан. Кучинг етмаса, чайнаб узиб оласан. Шунда биров сенга теголмайди.
Яхши, ака. Сен айтгандай бўлақолсин.
Бугун ҳам шундай қилдинг. Кичкинамизни атай қўрқитдинг.
Энг кенжамиз шу, вақти келиб бизлар уйдан бирин-кетин чиқиб кетсак, онамизни ёнида қолади. Биз ҳам қараб турмасмиз-у, бироқ, ўзининг рўзғоридан ташқари, онага қараш заҳматиям бўйнига тушади. Эҳ-ҳе, ҳаёт осон эканми? Бўйнига тушади дейман-у, ўйласам этим увишиб кетади. Бир тушса эмаклатиб қўядиган қийинчиликлар бор ҳали олдинда.
Онамизга тушунтирармиз, бизлар атай қилмаяпмиз, кўзи пишсин, довдирамасин, қўрқмасин, туману совуқ не, ҳали шунақа туманларни, шунақа қаҳратонларни кўрадики, ўшанда бегона бировларга жавдираб қолмасин деймиз-да.
Она-ку, боласининг озор чекишини истармиди? Ўғил бола эркак бўлиб улғайиши керак. Катта акам шунинг учун қийнади уни.
Ростини айтсам, ўзим ҳам бир маҳаллар шунақа эдим. Энди эса кўнглим тошдай қаттиқ. Туман тугул, дев олдимга чиқсаям киприк қоқмайман. Олдимдан келганини узиб-ғажиб ўтадиган шаҳдим бор. Ризқимни шунақа қилиб топаман-да. Бўлмаса, бировлар опкетиб қолиши ҳеч гап эмас.
Қани, бораверайлик-чи. Ўтиргандир ҳозир уйда, сандалга тиқилиб. Мендан эса совуқ ўтиб кетди. Қовурғаларимгача, суякларимгача зирқиради.

Кичик аканинг ҳикояси

Иккала акам ҳам бекор қилишди. Укамни бекор қўрқитишди.
Ахир, жуда кичкина-ку? Қўрқар эди-ку? Боя қанақа жавдираб келаётганини сезмадингми? Шоқол чийиллаганида ранги бўзариб кетди. Сену менга қаради, ёнимизга чопиб келаётган эди, арқони чувалашиб қолди. Бизлардан тортинди, йўқса, пинжимизга тиқилиб оларди.
Бу туманда ёнимизда бўлса, ўзини бехавотир ҳис қиларди-да.
Онам уни нимага “Супрақоқдим” дейишини биласанми? Хамир қориб, нон ясаганини кўргансан-ку? Ўзинг ҳам сувлар ташиб берардинг. Нон ясаб бўлганидан кейин супранинг энг тубида қолганларини сидириб, жажжи кулча ясаб қўярди. “Бу майдагинамга” деб алоҳида меҳр билан ёпарди. Қип-қизил сингиб, қисирлайдиган бўлиб пишса, ўшаниям еб қўярдик. Жон ака, “супрақоқди” деган гапни тушунмаяпсанми?
– Фозил?
Жавоб келмас эди
– Ҳой Фози-ил?
Ҳар тараф оппоқ туман эди, холос.
Ҳақиқатан ҳам қайлардадир шоқоллар яна чийиллашди. Билсангиз, уларнинг чийиллаши гоҳо одам овозига ўхшаб кетади. Шоқоллар қишда оч қолишади, дала-дашт бўйлаб изғиб, емиш ахтаришади. Булар гала-гала юришади, адашиб даштга келиб қолган кучукларни ҳам кўплашиб тутиб ейишади.
Учала ака, елкасида ўтини, укаларини шу тариқа излашди.
Кейин “Барибирам уйга боради-да“ деб уйларига жўнайверишди.

Кенжатой ҳикояси

“Ота” дея ўксина-ўксина кетиб борарди кенжа, уйига қараб.
Жон ота, сиз бўлсайдингиз, бунақа бўлмас эди.
Уйда ўтин ғарам бўларди, биз ҳам шунақа туманларда ўтинга чиқмасдик. Катта акам елкалари майишиб, қопда ун олиб келмасди. Ўртанча акам билаклари зирқираб ўтин ёрмасди. Кичкина акам совқотмасди.
Жон ота, сиз борлигингизда акаларим бунақа эмас эдилар. Ёнингизда сиз билан бирга иш қилишса, суюниб кетардим. Тўрт томонимда тўртта тоғ бордай туюларди.
Сиз йўқсиз-да, акаларим мени мазахлашадиган бўлишди. Шунақа маҳалларда доим сизни эслайвераман. Катта акам тўнингизни кийиб юради. Баъзан кириб келса, отажоним келдимикин деб ичим севинчларга тўлади. Кўзимдан ёшим дувиллаб оқиб кетаверади…
Шунақа соғинаман-ки сизни, ота.
Мана, ҳозир уйга етиб бораман. Онам “Майдагинам” деб бағрига босади. Кейин акаларим кириб келишади. Яна устимдан кулишади. Онамга “Шу болангиз қўрқоқ” деб ёмонлашади.
Отажон, ҳеч кимга айтмасам ҳам сизга айтаман. Буларга айтсам, ишонишмайди барибир.
Туманда товушлардан ҳайиққаним рост. Орасида мен билмайдиган ғалати ваҳшийлар изғиганидан саросимага тушдим. Даштда роса катта илон бор дейишарди, ўша келиб қолса-я деб ҳам қўрқдим.
Аммо йиғлашимнинг сабаби бошқа-ку?
Ўзим не, еса еб кетарди-да. Акаларим кўринмай кетганида юрагим зирқиради. Мен ҳам, акаларим ҳам адашиб қолдик деб ўйладим. Ўшанга йиғлаб юбордим.
Номаълум ваҳшийлар баримизни еб кетса, онам шўрлик нима қилади деб йиғладим.
Тоғдай-тоғдай акаларимга бир нима бўлиб қолса-я деб қўрқдим.
Кейин, мени мазах қилишганида ўксиниб кетдим. Хавотир олганимдан, акаларимга бир нима бўлиб қолмасин деган изтиробимдан ўзим оғриндим. Юрагимнинг ичи оғриб қолди-да, отажон.
Энди сира уларни ўйламайман. Хавотир ҳам олмайман.
Ҳали катта бўлволай. Вақт ўтаётир, йил сайин ёшимга ёш қўшилаётир… Бир кун келар ахир, катта бўларман, кучга ҳам тўларман?
Ахир, шундай қолиб кетмасман?

* * *

Болалар бирин-кетин уйга кириб келишди. Елкаларидаги ўтинларни бостирма остига ташлашди.
– Дастёрларимдан ўзим ўргилай, – деб суюнди она. – Бир ғарам ўтин қилиб кепсизлар-а? Энди анчагача ўтимиз ўчмайди, қозонимиз қайнайди.
Кичкина олдинроқ кириб келган эди. Бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпмоқчи бўлди:
– Кап-катта йигит бўпқолган майдагинамдан айланай…
Кичкина хомуш, ўзини четга тортиб турар эди.
– Сенга нима бўлди, болажон? – деб сўради она. – Совқотиб қолдингми? Ё қийналдингми?
– Йўғ-э, она, – деди катта ака, дўриллаб. – Сиз айтгандай, кап-катта йигит бўпти. Ўтинларни ярмини шу болангиз тўплади.
– Айтинглар, ростдан ҳам бир нима бўлдими? Ё уришдингизми?
Акалар бир кўз уриштириб олишди. Кичкина ҳануз уларга қарамас, лекин онасининг олдига бормас ҳам эди.
– Ҳеч нима дедим-ку, сўрайверасизми? – деди катта ака. – Собир, бор, ўтинни саржинла, ҳозир ўзим ҳам бораман. Катта болтани топиб қўй.
– Нодир, юр, – деди ўртанча, кичигига қараб.
Катта ака бостирма томон кетаркан, онага деди:
– Хавотир олманг, она. Ҳеч нима бўлгани йўқ… Ўғлингиз бизга қўшилиб ўтин қилиб келди, холос. Бор-йўғи шу.
Ҳа, бор-йўғи шу…
Лекин имкон бўлсайди, учовининг ҳам оналарига атадиган бир дунё гаплари борийди. Ҳаммасидан ҳар хил гап чиқиши ҳам тайин эди. Ўтин ёриш, уйга опкириш, олов ёқиш керак эди-да. Рўзғорда олов ёниб турмаса кун ўтармиди? Ҳар хил гапларни кўпайтиришдан нима наф? Булар ҳаётда рўй берадиган воқеалар-ку, вақт-соати келиб ҳаммаси жойига тушиб кетади.
Тушмай қолармиди…
Ҳаёт қанча нарсаларни ўз ўрнига қўйиб, саранжомлаб қўяди, бу нима бўпти? Ҳар нарсанинг ўз вақт-соати бор. У вақт-соат албатта келади.
Келмай қолармиди…
Ўшанда шу йигитчалар кап-катта, росмана эркакларга айланишади. Она янада кексаяди, акалар бирин-кетин иморат солиб, рўзғорини бўлак қилиб чиқиб кетишади, онаизор кенжатойи билан қолади. Кенжатой эса, акалари истаганидай, кўнгли қаттиқ, шафқатсиз эркак бўлиб вояга етади.
Етмай қолармиди…
Ҳаётнинг бешафқат қонуни шу: ҳамма нарса ўзгаради. Бу совуқлар ўтиб, ёмғирлар ерга сингиб, қорлар эриб, ўрнида ям-яшил ўтлоқлар кўкариб чиқади.
Шундай… Вақти келиб, ўзи ҳам бола-чақали бўлганида, катталар кексайиб, болалар улғайиб келаётганини идрок қилиб кўриб, ҳали суяги қотмаган ўғилчасига ҳар турли қийин юмушларни буюриб, синаб кўриши ҳам тайин. Чунки, келажак олис, олдинда уни ҳам турли хатарлар, бўри қиёфасидаги инсонлар, дашту далаларнинг ваҳшийлари каби ҳар нарсага ташланишга ҳозиру нозир қанча одамлар кутиб турибди. Тоза қалбли, мусаффо болакай келажакда ўшалар орасидан ҳақини айириб олиб, топганини тишида тишлаб кўтариб келиб, рўзғорини бир амаллаб тебратишни ўрганиши ҳам керак-ку?
Умр поёни кўрина бошлаганида эса, яшаб ўтилган ҳаётни мулоҳаза қилиб, кечалари олис хотиротнинг совуқ туманлари, ёмғиру қорлари орасидан ғира-шира намоён бўладиган манзаралар аро, боласига бир маҳаллар бўлиб ўтган ўша воқеани сўзлаб бериши ҳам тайин, албатта. “Мен ҳам сендай ишонувчан, юраги яхшилик билан лиммо-лим тўлган бола эдим. У маҳаллар даштларга ўтин тўплагани чиқардик. Отам ўтиб кетган, тўрт ака-уканинг елкасига рўзғор деган жуда оғир юк тушиб қолган эди. Уй-жойимни, рўзғоримни бут қилгунимча етти суягим эзилиб, қирқ сўнгагим майишиб кетди. Энди менинг умрим сизларга ибрат бўлсин” дея, барини бирма-бир айтиб ҳам беради, албатта.
…Айтмай қўярмиди?