Исажон Султон. Қисматга қарата ҳайқириқ (ҳикоя)

Ёши катта одамнинг ҳайқирганини биров кўрганми?

Йўқ, суюниб ёки кимнидир чақириб қичқиришини назарда тутмаяпман. Ғалаба ҳайқириғи ҳам эмас, чунки умрим давомида зафар ҳайқириқларини эшитмадим. Кўзлаган мақсадига эришган инсонлар эса… тўсатдан кўзларидан ёши дувиллаб оқиб, “Ўзингга шукр” дея пичирлашларинию дуога қўл очишларини биламан, холос Қичқириқларни ҳам эшитганман, улар боласи ўйнаб кетиб қолса ёки узоқроқда бўлса исмини айтиб ёхуд койиниб чақирган оналарнинг овозлари эди. Экинлари йиғиштириб олинган далаларда болалар нимагадир алаҳсиб кетишса, шундай қичқириқлар янграб қоларди:

– Бола бўлмай ўлгур, қайдасан?

Тақдиридан норози бўлиб куйинган кишилар ҳам топиларди, албатта. Хотинлар нимагадир ўзларини қарғар эдилар:

– Дунёга келмай мен ўлай.

– Сени туғмай ҳар нарса бўлай.

– Вой, пешанамни шўри…

Ёки аллақачон дунёдан ўтиб кетган она шаънига ҳам айтилиб қоларди:

– Онам ўлсин, мени туғмай…

Одам беҳуда ўтган умридан афсусланиб, қўлидан ҳеч нима келмасдан, бўлар иш бўлиб бўёғи синггач, ортга қайтишнинг сира иложи йўқлигидан, қачонлардир учган қушлар само уфқида аллақачон ғойиб бўлиб кетишганидан, сувларни ер ютганидан, мевалари хазон бўлиб, гуллари қуриганидан хуноби чиқиб, бениҳоя чорасизлик ичида, тийиқсиз армону изтироблар қалб деб аталмиш макон аро чир-чир айланаётган ҳайбатли гирдоб шаклини олиб, инсон бўғзидан тўфондай отилиб чиқадиган ҳайқириқни айтмоқчиман.

Назаримда, ичимда ана ўшандай исёнкор ҳайқириқ етилиб келаётгандай. Ҳеч қаерга сиғмайман. На ўтирган еримда оромим бор, на турган жойимда… Тасаввур аро болалигимнинг манзаралари қалқиб жонланади. Болаликдан ўсмирликкача қадар давр мобайнида содир бўлган турли-туман воқеалар, кишилар, дўсту биродарлар ўзларининг ўша маҳалдаги қиёфаларида кўриниш берадилар. Ахир, бениҳоя қийматли гавҳарим бор эди, йўқотиб қўйдим. Жуда азиз дўстим бор эди, айрилдим. Севар ёрим борийди, жудо бўлдим. Энди қайга борай, қайга сиғай, дегим келади.

Дегим келади-ю…

* * *

У маҳалларнинг манзараси ўлароқ, баҳор, ёз ҳамда эрта кузнинг кўм-кўк осмонида оқ из қолдириб учган митти, кумушранг учоқлар қолибди. Нимагадир у учоқлар булутли кунларда учмас эдилар. Яна, далаларда қолиб кетган маккапоялар, ердан тиғдай чиқиб турган кесик илдизлар, қиров босган оқтерак шохлари, совуқда қорайиб илвираган жухори япроқлари, сигирга терт қориб бериладиган тунука тоғорадаги қирмизи тусли музлаган сув… шулар қолибди. У сув тарам-тарам, нақшли бўлар эди, аёз бута шохларига ўхшатиб сурат чизиб қўярди.

“Кузги ўтлоқларда ўйнар совуқлар…”

Наққош аёз онгимда мана шу мисрани ҳосил қилган. Совуқлар ҳам кўзга кўринмай, қиров босган далаларда ўйнармикин деган тасаввурдан ҳосил бўлган бўлса бордир. У мисранинг пайдо бўлиш сабаби қайда эканини билмайман.

Манзара аниқ бўлиши учун яна аллақанча нарсаларга эҳтиёж бор. У маҳалларнинг пальтолари ҳозиргидай эмас, кийсангиз нимагадир қийшайиб қоладиган, одамнинг эгнида текис турмайдиган, қўполроқ эди. Қулоқчинли телпаклар бўларди, ипини ияк тагидан ўтказиб бойлаб олардингиз. Гоҳо, ўзаро муштлашувларда у иплар узилиб кетса, онаси боласини койий-койий, ўнинчи ғалтак ипидан бир неча қават қилиб бошқа боғ тикиб берарди. Баъзилар ҳарбий телпак кийиб юришарди, мўйнаси кўкиш бўларди. Қишда оёққа этик кийиларди, кирза этик, уни “тош этик” дейишарди. Совуқда тошдай қотиб қоларди-да. Қулайроқ бўлсин учун қўнжини пастроққа қайириб қўйсангиз, қўнжли ботинкага ўхшаб қоларди.

Кўчалар лой-балчиқ, яна эсда қолгани – симёғочлар экан. Одам бўйи келадиган бетон устун ерга чуқур қоқилиб, ёғочи қалин сим билан ўраб маҳкамланар, у сим ходага ботиб кетган бўлар, қорамойга тўйинтирилган ўша ёғоч учида электр оқарди. Оқ чинни косачаларга бойланган симлар шамолда ғувиллаб-чийилларди, ёз жазирамаларидаю қиш совуқларида косачалари синиб кетарди.

Яна, йўл белгилари ҳам бўларди: нимани уқтиришини биров билмайдиган, болалар тош-кесак отавериб қийшайтириб ташлаган учбурчак, тўртбурчак, юмалоқ тунука кўрсаткичлар шамолларда тарақлаб силкинарди.

Уй ишлари эсни таниб-танимасдан бошланарди. Беш-олти яшар болалар ҳам меҳнат қилиб юрганини кўрардингиз. Юмушнинг адоғи кўринмасди, ер чопиш, текислаш, эгат олиш, экин экиш, суғориш, ўтоқ қилиш, мол-ҳолга қараш кабилар тинимсиз давом этаверарди. Табиийки, у заҳматларнинг маҳсули гоҳида бирон янги кийим ёхуд кундалик ейиш-ичиш бўлгани учун ишлагимиз келмасди, меҳнатдан бўйин товлаб қочиб кетардик. Онаизорларнинг қарғиши хавфлимас, лекин отамиздан қўрқардик, жаҳли чиқса ёмон бўлишини ҳаммамиз билардик. Гоҳида эса “Жуда қаттиқ уради” деб бир-биримизга мақтанар ҳам эдик.

Мактаб – мана шу болаларнинг бирдан-бир нажот жойи, ўзи билан ўзи бўладиган манзили, меҳнатдан қочишнинг ягона макони эди.

…Бугун ораста синфларда таҳсил олаётган болаларга қарасам, ўша маҳаллар кўз олдимга келади. Эрталаб тўп-тўп бўлиб ўқишга жўнаётган болаларни кўриб қоламан, дазмолланган ораста кийимда, бўйнида галстуги, елкасида бежирим сумкаси, йўл четидаги тошларни тепа-тепа кетаётган бўлади. Тўсатдан у манзара хаёлимда ўзгаради: текис йўлаклар ўйдим-чуқур қишлоқ йўлига айланади, ёмғир сувлари кўлмак ҳосил қилган, у кўлмак қизғиш тус олган, ўша йўл четидан қўпол пальто кийган, қулоқчинини ияги остидан ўтказиб бойлаган, оёғидаги тош этиги аллақачон сув ўтказиб юборган, юз-қўллари совуқдан тарс-тарс ёрилиб кетган болаларни кўра бошлайман.

У болалар юрагимга азиз, қадрдондай туюлади. Чунки… ўзим ҳам ўшаларнинг биттасиман.

Ҳа, хаёлим ўтмишга бот-бот етаклайди. У даврларнинг ҳар лаҳзаси бир манзара чизаверади. Фанлар бағрини очади, аммо асл моҳиятини эмас, бошқа хулосалар берганига ақлим шошади.

Эй дўст! Ўша маҳалларнинг синфхонасига бир мўралашни истамайсанми? Сенсираганимга хафа бўлма, ахир, энг яқинимсан-ку? Улар барчамизга таниш манзаралар, ортимдан эргашсанг-чи? Фақат, жўжиқларинг келишмасин, у манзарани кўришдан болаларга сира наф йўқ. Нега деб ҳайрон бўлма, тўғри, отаси ўқиган кезлар балки қизиқ туюлар… Аммо, авлодлар нигоҳи ортга эмас, олдинга, келажакка тикилгани маъқул.

Мен сенга физика, кимё, математика, жўғрофия, зоология, тарих хоналаримизни кўрсатай. Диққат билан разм солсанг, балки у ерда ўзингни ҳам кўрарсан? Гапларимни бир сен тушуна оласан, бошқалар англашга балки қодир эмаслар. Хуллас, юрақол мен билан, эски ва қадрдон синфхоналаримизга, бугун мункиллаган қарияга айланган устозларимиз қошига… биргалашиб, худди ўша маҳаллардаги каби, бир-биримизнинг елкамизга қўлларимизни ташлаб, тенгма-тенг, ёнма-ён…

* * *

Тахталари ёрилиб кетган, деразалари тоб ташлаган шифти баланд хонани кўряпсанми? Шу хонада физика фанини ўқиганмиз. Анави бурчакда бақалок печка бўларди, гоҳ муаллимимиз, гоҳ ўзимиз ўша печкага тошкўмир ёқардик.

Физика муаллимимизни Абдуназар домла дер эдилар. Уйи қишлоқнинг этакроғида, эл қатори бир иморат, кўча тарафдан пастак гувалак девор олинган, ҳовлисида анорларию беҳилари бор, ёғоч валишли ҳовли эди. Ҳовли адоғи далаларга туташган, ўша ерда икки туп баҳайбат ёнғоқ ҳам ўсган, орқа томондан бориб меваларини терганларимиз эсимда. “Териш” деган гап тўғри эмас, гоҳо тош-кесак отиб шохда қолган-қутганини уриб туширсак, гоҳ ердаги катта жигарранг япроқлар орасидан топиб олардик-да. У ёнғоқнинг номи “Абдуш” бўлиб, уриштирганда ҳар қандай ёнғоқни синдирадиган даражада қалин-қаттиқ қобиқли эди.

Ёнғоқ қобиғи икки паллали бўлади. Бизлар учун эса уч паллалиси зўр ҳисобланарди, чунки уриштирганингизда чақилмасди.

Синфда экан, салобати ҳамда дўриллаган овози ҳаммани партага михлаб қўядиган у киши ўз томорқасида белини бойлаб кетмон чопишларини кўрганимиздаям ҳайбати кетақолмасди. Ҳа, муаллимлар ҳам эл қатори ризқини томорқасидан чиқарадиган замон эди-да.

Илк дарсимизни модда тузилишидан бошлаганимиз эсимда. Мутлақо тушунарсиз у фан атрофдаги ҳар қандай нарсанинг митти зарралардан таркиб топганини илк бор онгимизга қуйди. Ёш, саркаш ақл буни қамраб ололмас, қабул қилмасди. Темир қаттиқ, ёғоч бўш, сув оқувчан, буғ енгил… буларнинг бари бир хилдаги зарралардан ҳосил бўлганига ишонмасдик. Фан билан ҳаёт ўртасидаги зиддият илк дарсданоқ бошланган эди.

Ҳафтасига икки кун физика дарси бўларди. Синф совуқ, парталар муз, қулоқчинлар ечилмас, модданинг агрегат ҳолатлари, суюқликларнинг хусусиятларини ўрганардик.

Сувнинг турли-туманлигидан хабар берарди бошланғич синфлар физикаси. Дунё бўйлаб айланишини, ўсимликлар бағрида қуйидан юқорига оқишини, турли мевалар таркибида турфа таъм ҳосил қилишини, буғланиб самоларга кўтарилишини ва жуда олисларда уммонлар узра ёғилишини, у ерда қайтиб булутга айланиб, яна дунё кезишини айтса-да, тасаввур қамраб олармиди? Сираям!

Физика тобора мутлақо кераксиз янгиликларга рўпара қиларди. Кунда бир-икки марта зўрға келадиган электр токи билан Гальвани деган олим кашфиёти орасида ҳеч қанақа боғлиқлик йўқдай туюлар, биз учун электр бутунлай бошқа нарса эди.

– Симга тегма, ўласан!

– Фалончини тўк урибди.

Тамом-вассалом.

Архимед, Ньютон қонунлари ҳам қизиқиш уйғотмади. Сувга солинган жисм ўз ҳажми миқдоридаги суюқликни сиқиб чиқаради. Хўш, нима бўпти? Буни муштдайлигимиздан биламиз, масалан, тоғорага бир пақир сув қуйиб, бир пақир кунжара солиш керак. Икки пақир солса тошиб кетади, шугинани Архимед деган, бизнинг қишлоқлардан жуда олисдаги юнон чол кашф этганига кулгимиз ҳам келарди. Қонунлар хаётга зид бўлса, нима қилайлик? Ернинг тортиш кучи қисми бешбаттар кулгили эди. Ақл бовар қилмас, ишонмас эдик: бизни Ер тортиб турармиш. Йўқса, оёғимиз осмондан бўлиб кетадими? Ер юмалоқ деган гап ҳам шунга ўхшаш: юмалоқ бўлса нариги қисмидагиларнинг аҳволи қанақа экан? Биз турган жойдан тиккасига кавласак, Америкадан чиқамиз деган гаплар ҳам бўларди. Буларнинг бари ишонарсиз ёлғон, физиканинг турган-битгани кераксиз, бўлмағур ва бемаъни билимлардай туюлгани бор гап.

Физика деган фан ҳурматини шу тарз йўқотиб, номигагина бориш лозим бўлган дарсга айланиб кетди. Абдуназар домланинг ҳайбатидан ҳайиққанимиз учунгина борсак-да, вақти келиб у фанлар тамом бўлишини, шу билан ярамас машғулотлардан қутулишимизни билардик. Ўша боис бизнинг билимларимиз мана шу бир неча қонундан нарига ўтмади, кейинчалик орт-ортдан келган бошқа қонуниятларнинг биронтаси аҳамият берилмагани учун эсда қолмади. Лекин, физика ўзи бериши лозим бўлган билимлар қолиб, бутунлай бошқа нарсаларни онгимизга қуйди. Бу ҳақда сал кейинроқ батафсил ҳикоя қилиб бераман.

Кимё фанига келсак, бу фандан аввалига қаҳриям, қўлиям қаттиқ инсон Назиржон домла, кейинчалик Тўхтасин акалар дарс ўтишди

Назиржон домланинг уйи Ўрта маҳаллага яқин, Йигитали домла эса Юқори маҳаллада яшар, ҳар иккови ҳам ажойиб кишилар эдилар. Назиржон домла зуғумлироқ бўлгани учун кўпроқ қўрқардик, Йигитали ака эса кўнгилчан киши эди.

Кимё бизга яна моддалар таркибидан хабар бера бошлади. Сувнинг тузилишини ўргандик, билсак, икки газсимон модданинг қўшилувидан иборат экан. У бизларни тупроқ, ҳаво ва минглаб биз билмайдиган унсурлар ичига олиб кириб кетди. Анорганик кимё қизиқарлироқ эди, органик кимёга келгач, ақлимиз тамомила оқсаб қолди. Кимё хонаси бадбўй исларга тўла, шиша идишларда ҳар турли нарсалар сақланар, кислоталар борийди. Шишадан бошқа ҳар қандай жисмни ўйиб-эритиб юборадиган у ғалати моддаларга ҳайрон бўлиб термилганимиз эсимда. Сирка кислотаси ўз-ўзидан муз билан қопланиб турарди. Энг қизиғи чумоли кислотаси эди, чумолилар ҳаётини ҳаммамиз яхши билар, у чиқарадиган ачимсиқ ис димоғимизга ўрнашиб қолган, энди ушбу кислотадан ҳам шунақа ҳид келиши қизиқ туюлар, кимё деган фан минглаб чумолилардан шу ғалати суюқликни тўплаб оладигандай туюларди-да. Кислород олишни тажриба қилиб кўрганимиз ҳам эсимда, шиша пробиркадаги қоришма кислород ҳосил қилганида гугурт чўпи учидаги олов бирданига яллиғланиб кетганини кўриб, ақлимиз лол қолган эди.

Тез орада умумий билимлар ниҳоя топиб, моддаларнинг хусусиятларига кириб кетдик, Менделеев даврий жадвалини ўргана бошладик. Симоб жуда оғир бўлишини, ундан ташқари, баъзи моддалар ўзидан ҳалокатли буғ ёки нурлар чиқаришини, лекин худога шукрки, унақа моддалар сунъий равишда ҳосил қилинишини билиб олдик.

Шу билан кимё фани ҳам бадар кетди. Ҳозир ўйлаб қарасам, мактабда яхши баҳоларга ўқиган бўлсам-да, онгимда шу айтганларимдан бошқа нарса қолмабди. Бироқ, кимё ҳам мутлақо бошқа хулосаларни менга рўпара қилди.

Бир физика ёки кимёгина бўлса майлийди… Ўша маҳаллар сира ўйлармидим, у фанлар ҳаётимда улкан эврилишлар содир қилиш қудратига эга эканини?

Йиллар давомида ботаника ўсимликлардан, биология тирик мавжудотларнинг тузилиш ва ҳаёт тарзи қонуниятларидан, зоология ҳайвонот дунёси деб аталган оламнинг хусусиятларидан дарак берган бўлса-да, на ботаника, на биология, на зоологиянинг ҳаётда ўрни борлигини бола ақлимиз билан очиқ-ойдин кўриб турардик.

Бепоён далаларда экинлар экиларди, уларни ҳамма қатори мен ҳам жуда яхши биламан. Маккажухори билан жухорини ниҳолига қарабоқ ажрата оламан, қай бири неча кунда униб чиқиши-ю неча кунда сут бойлаб ҳосилга киришигача хабарим бор. Теграмиздаги ўнтача тур ҳайвоннинг барча хусусиятлари аён, сигиру қўй нима еб ичишидан кучукларнинг табиатигача… Бироқ қадим замонларда яшаб ҳаёт кечирган птеродактилларни ёки сув тубларида яшайдиган ваҳший балиқларни билишимдан нима наф топишимни ҳануз тушунолмайман. Ҳозиргача япалоқбалиқнинг бир тури ўзидан электр токи чиқаришини, саккизоёқнинг юраги учта бўлишини билсам-да, қишнинг узун кечаларида, эртаклар қаторида шу гапларни айтиб ўтиришнинг гаштидан бўлак қизиқарли жиҳати йўқлиги ажаб. Болалар хаёлида у ғаройиб махлуқлар ривоятлардаги деву ажиналар билан бирлашиб кетгандай, теваракдаги жон эгалари ўзимиз каби оддий, жўн ҳаёт кечираётгандай туюлган-да.

* * *

– Ўқиб одам бўлармидинг, қўшиш-айиришни билиб олсанг бўлди-да!

– Ўқиганлар одам бўптими? Ўқиди-ўқиди, мойга ботиб юрибди энди!

Агар ўқиганлар муаллимлар бўлишса, уларнинг ҳаёти ҳам бошқалардан ортиқ эмас эди. Ҳамма тирикчилик дардида овора, одамларда кун кечириш заҳмати кўпроқ, у муҳит аро фанларга сира ўрин йўқ эди.

“Фалончи мактабга сира бормаган, аммо қара, қанақа бойиб кетди” деган мисоллар эшитилиб турарди. “Мен ўқимаган бўлсам ҳам туппа-тузук яшаяпман. Сен ҳаёт дарсини ўрган” дейишарди баъзи катталар.

Математика борасида катталарнинг айтгани бўлди. Энг оддий ҳисоблару карра жадвалидан сўнг, тенгламалар қисмига ўтганимизда яна ора йўлда қолиб кетдик. Кейинги бўлимларни қанақа ўқиганимиз ёдимда йўқ. Эсимда логарифмлар, тангенслар, кўп номаълумли, жуда мураккаб тенгламалар ҳамда “Пи” сони қолган, аммо улар нима учун керак бўлишини айтолмайман.

Математиканинг аҳволи шу эса, геометрия ёки чизмачиликнинг тақдирини ўзингиз билиб олаверинг. Тасвирий санъат деган фан ҳам бўларди, бироқ у санъатнинг нима эканини болалар тугул, муаллима опамизнинг ўзиям билмасди. Мушук чизсак, кучукка ўхшаб қоларди, кучук чизсак, тушунарсиз бир жонзот пайдо бўларди, тасвирий санъат оламни ҳиссий идрок этишнинг бир шакли эканидан на ўқитувчиларнинг хабари бор эди, на бизларнинг.

Фақат Одил деган синфдошимиз нима чизса, ўзига ўхшатиб чизарди.

– Қара, Комил бувани расмини чизибди.

– Вой қурмағур, худди ўзидай-а?

– Шу боладан бир нима чиқади шекилли…

– Э, катта бўлса расмчи бўлармиди?

* * *

Гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқлигини биламану лекин яна бир нечта фанимиз қолди. Уларниям айтмасам бўлмайди.

Энг қадимги халқлар тарихидан то дунёда рўй берган урушларгача бениҳоя зерикарли тарзда ҳикоя қилиб берадиган тарих ҳам ёқтирмайдиган фанларимиздан бири эди. Балки, муаллимимиз Султон аканинг бир хилда, оҳангини ўзгартирмасдан дераза тарафдаги номаълум нуқтага тикилиб сўзлаб берган тинишсиз ҳикоялари зериктирганмикин? Дунёнинг қаерларидадир, қачонлардир турли воқеалар рўй берганидан ҳикоя қиларди Султон ака. Ҳикоя ҳам жуда ўзига хос, ўзбекона бўлганини кўрасиз.

– Шундан кейин Византия подшоҳининг ғазаби қўзғабди. Финикияликларга “Аччиғимни чиқарманглар, ёмон бўлади” дебди. Финикияликлар ҳам кулиб “Қўлингдан келганини қилавер” дейишгач, Византия подшоҳи “Мана бўлмасам сенларга” деб…

Шунақа, қишлоққа хос, қишлоққа мос бир тарих.

Жўғрофия билан тарих бир бирига ўхшар эди назаримда. Ҳар иккиси ҳам етти ухлаб тушга кирмаган нарсалардан ҳикоя қиларди-да. Тийиқсиз тасаввур денгиз ўйиқларини, уммонларнинг тубларинию тоғ чўққиларининг юксаклигини ақлга рўпара қиларди, мана шу муаллимнинг қизиқарли ҳикояларини қулоқ қоқмай эшитардик. Австралия сувларида сузиб юрадиган одамхўр акулалар, ёввойи қабилалар, юнусбалиқлар, болғабалиқлар, найзабалиқлар ҳақида шу киши айтиб берган. Жўғрофия ер юзини кездирган, тарих воқеаларнинг қаерларда рўй берганини кўрсатган, мамлакатлар барпо этилгани ёки кули кўкларга совурилиб кетганининг мисолларини онгимизга қуйган, адабиёт севги-муҳаббатнинг энг ажойиб намуналарини намоён қилган, одамийликнинг гўзал чўққиларини кўрсатган, олам аро инсон бўлиб яшашнинг қонуниятларини билдирганмиди?

Сираям!

– Мажнун Лайлига айтибдики, сенсиз яшай олмайман!

Болалар онгида бу гап ўзгариб аксланарди. Яъни, Мажнун деган бир бола Лайли деган бир қизни севар экан. Лекин икки қабила ёвлашгани учун Лайлини отаси қизини Мажнунга бермабди.

Шундан кейин Мажнун ақлдан озибди.

Қайғули халқ достонлари ҳам шу тарз бадар кетаверарди. Катта-катта Алпомиш, Гўрўғли достонлари тугул, Эр Тўнга марсиясининг ўзиёқ нотаниш бўлиб, муаллимимиз уни тушунтириб беришга қийналарди-да.

Алп Эр Тўнга ўлдими?
Эсиз азин қолдими?
Оғлақ ўчин олдими,
Эмди юрак йиртилур…

Алп Эр Тўнга ким? Беруний, ибн Сино, Хоразмий ким? Юрак нега йиртилади?

Улар қачонлардир яшаб ўтиб, исмлари китобларда қолиб кетган ғоят олисдаги кишилардай, ўзларини ҳам асрлар чанги қоплаб олгандай туюлгани бор гап. Сабаби, қишлоқдаги ҳаётимизга Алп Эр Тўнга-ю Алпомиш ҳам, Беруний-у Хоразмийлар ҳам етти ёт бегона эдилар. Улар кўрсатган ибрату қаҳрамонликларнинг бизларга заррача алоқаси йўқ эди.

– Омон!

– Ҳа?

– Сигирга ўт бердингми?

– Ҳозир!

– Ўтираверасанми ялпайиб? Тур ўрнингдан, бола бўлмай ҳар бало бўлгур! Ҳамма иш битта ўзимгами?

Мана шулар аро кеч кирар, гоҳ тенгдошлар билан кўча санқир эканмиз, гоҳ бедазорларда осмонга қараб гаплашиб ётар, олисларда живирлаган юлдузларнинг номаълум сирлари бордай, уларга етиш мушкулдай, бодроқдай сочилган Сомон йўли, Етти оғайни, Катта ва Кичик Чўмич, Олтинқозиқ ярақлаган болалик оқшомларида, беда иси ва қайлардандир келаётган қишлоқ садолари остида, умримиз аро мавжланган илм дарёларидан бехабар, мана шу тарз улғаяр эдик.

Вақти келиб балоғат ёшига етгач, синфдош қизлар узатилиб кетишди, ўғил болалар йигит етилиб, бирин-кейин уйланишди. Мактаб – ўзга дунёлардан хабар берган, аммо англанмаган мактаб ўша ерларда қолиб кетаверди.

* * *

Ёши катта одамнинг ҳайқирганини биров кўрганми дедим-а?

Айтдим-ку, суюниб ёки кимнидир чақириб ҳайқиришни назарда тутмаяпман. Ғалаба ҳайқириғи дейишингизнинг сира ҳожати йўқ, чунки ундай ҳайқириқни мен тугул, ота-бобом ҳам эшитмаган. Мақсадига эришган инсонлар эса… кўзидан дув ёши оқиб, “шукр” дея пичирлашларинию дуога қўл очишларини биламан, холос.

Ҳа, мен ва мен кабиларнинг шарҳи ҳолимиз мана шундай. Шу тақдир, шу қисматни бошдан кечирганмиз, у ҳаётимнинг парчаси, бой берилган бўлаги ўлароқ умримнинг бир қисмига айланган, ортимга назар ташласам, фанларни сира кўрмайман, аммо улар менга тамомила бошқа мазмунлардан таълим берганига ҳайрон қоламан.

Физика фани модда хусусиятларидан, механиканинг олтин қоидаларидан, Ньютон ва Архимед қонунларидан баҳс эта-эта, ўша эски мактабнинг зах синфхоналарида қолиб кетган бўлса-да, энди ҳаётнинг олтин қоидаларини биламан.

Кимё кислоталарнинг хусусиятлари ила ақлларни лол қолдирган эса, эндиликда ғам, қайғу, афсус-пушаймонлик деган ўювчи унсурлар ҳам мавжудлигини, одам қалбини омонсиз ўйишини, фақат шиша қалбларгина турғун эканини, тирик қалбларни кул қилиб юборишини ҳам биламан.

Ботаника, зоология, биология, тасвирий санъат, адабиёт-чи?

Астрономия шууримга ҳеч нима бермаган бўлса-да, дунёдан ўтиб кетган улуғларим умрим осмонида юлдуздай чақнаб туришганини биламан. Само илми олимларининг ақли етмаган хулосаларим бор. Дунёдан ўтган кишилар юлдузларга айланиб қолишига ишонаман. Масалан, ой деса ойдай, кун деса кундай Доно холам бўларди, айни ўн саккизга кирганида, даладан қайтаётган трактор сувга ағдарилиб кетганида ўлиб қолган эди. Доно холам энг ёруғ юлдузга айлангандай, назаримда. Ўша маҳаллар бир юлдузни танлаб, уни хаёлан Доно холамнинг сиймоси билан бирлаштириб қўйганман. У юлдуз ҳалиям бирдай чарақлаб туради. Кимга қанақа, билмадим, аммо водийнинг сўлим тунларида юлдузлар сочилган самога қарасам, Доно холам ҳануз ўша юлдуз бўлиб балқийди.

Яна, ҳаммадан бекитиқча севгилим ҳам бўларди, ўша эски синфхонаю мактаб йўлакларида, далаларда узоқдан кўрсам ҳам ичимни ёқимли ҳисларга тўлдирган бир қизалоқ… У ҳозир оламда йўқ, вужудига илашган бир дарднинг нималигини билмасдан дунёдан ўтиб кетган, аммо олис болалик уни ўз осмонида кичкина, бироқ, жуда ёруғ юлдузча қилиб чақнатиб қўйган…

Эй воҳ! Ахир, юрагимда бир титроқ ҳосил бўлмаяптими?

Ҳа, эй дўст, эй биродар, ичимда бир тўфон бино бўлмоқда. Ақлим “Ўзингни бос, кап-катта одамсан-ку” десаям, бу кичик қалб аро жуда ҳайбатли бир нима етилиб келаётгандай.

Ҳозир, шу онда ҳайқиргим келяпти. Ахир, нега? Илмларга энг чанқоқ маҳалимда мени улардан жудо қилган ким? Энг зийрак маҳалимда мени далаларга судраган ким? Ахир, кўзи эндигина очилган ғўр болакай эдим-ку? Ҳаммани илмдан узоқлаштириб қўйган ким? “Эл қатори бир бурда нон топсанг бас, ўқиб одам бўлармидинг?” деган ўгитларга етаклаган ким?

Ҳа, пушаймон бўлиб, афсусу надомат ила бор овозим билан ҳайқиргим келяпти, аммо кимга? Қисматгами? Тақдиру қисматларни Худо яратади, ҳайқириб бўлармиди? Бениҳоя тадбирли у зот менинг шу ғалати тақдиримни ҳам беҳикмат яратмагандир?

* * *

Боя айтдим-ку, бугунги ораста синфларда таҳсил олаётган болаларга қарасам, ўша маҳаллар кўз олдимга келади, дея? Гоҳида эрталаб ўқишга жўнаётган ўсмирларни кўриб қоламан, дазмолланган топ-тоза кийимда, бўйнида галстуги, елкасида бежирим сумкаси, йўл четидаги тошчаларни тепа-тепа кетаётган бўлишади. Тўсатдан у манзара хаёлимда ўзгаришини ҳам айтмадимми? Текис йўлак тўсатдан ўйдим-чуқур қишлоқ йўлига айланади, ёмғир сувлари кўлмак ҳосил қилган, у кўлмак вақт ўтиб қизғиш тус олган, ўша йўл четидан акасининг қўпол пальтосини кийиб, қулоқчинини ияги остидан ўтказиб бойлаган, оёғидаги кирза этиги аллақачон сув ўтказиб юборган, қўллари совуқдан тарс-тарс ёрилиб етган болаларни кўра бошлайман-ку?

Найлайин, у болалар юрагимга азиз, қадрдондай туюлаверади-да. Чунки… ўзим ҳам ўшаларнинг биттасиман…

– Ада, бугун қора туйнук нималигини ўтдик.

– Нима экан?

– Фазодаги вақт ҳамда макон бирлиги аро жуда катта гравитация қудратига эга ҳудуд бўлиб, тортиш қуввати шу қадар зўрмишки, ёруғлик тезлигида ҳаракатланаётган жисм ҳам ундан чиқиб кетолмасмиш. Атрофида неки бор, барини ўзига омонсиз тортармиш…

Шунақа эканми?

Айтганингдай бўлса бордир, ўғлим. Мен ўқиган маҳалларимда буни қайдан билардим? Ахир, меҳнат қилишим керак эди. Тирикчилик, йўқчилик деган қилич бошимизда осилиб турарди. Тўққиз бола, тўққиз жон эдик, бир еганда тўққизта нон ердик. Ўғилу қизлар биргалашиб ерлар чопардик, эгатлар олардик, экин-тикинга қарашардик, муштдай-муштдай болалар далаларда ўт ўрардик, қишларда ўтин тўплардик… шу орада мактабга ҳам бир-икки бориб келардик. Орзулар сари қанчалар шиддатлансак ҳам, турмуш деган қора туйнук ўз домига аёвсиз тортиб кетган эди-да.

– Э, ҳеч нимани билмас экансиз-ку? Механиканинг олтин қоидасини-чи?

– Биламан, болам. Бир нимадан ютсанг, бошқа нарсадан ютқазасан…

– Сираям унақа эмас. Кучдан ютсангиз, масофадан ютқазасиз!

Шошма… Олтин қоидадан гапирдингми?

Менинг олтин қоидам ўзингсан-ку, жон болам?

Мен фурсатдан ютқизган бўлсам, ютуғим сен-ку?

Мусаффо кўзларига қараб юрагим ҳасратга тўлиб кетади, ўзимни қўйгани жой тополмайман. Болалар дарс қилгани киришади, мен эса ҳовлига чиқаман. Олисларда юлдузлар живирлайди. Ўзимнинг ўсмир ҳақиқатларим эсимга келади. Ахир, Доно холам ростдан ҳам ўша юлдуз билан бирлашиб кетмаганми? Хотирам осмонидаги юлдузларим живирлаб туришмаяптими? Энг қатъий ҳаёт ҳақиқатларини юрагимга жо қилган, элнинг ўзи каби жуда оддий, жуда содда, меҳнатдан боши чиқмаган устозларимнинг ҳар бири менинг юлдузларим эмасмиди? Мана шу заҳмат аро ой-у қуёшим бўлмиш онам, отам-чи?

Ҳа, ўғлим, менинг фанларим сеникидан жуда фарқ қилади. Сен моддалар тубига, юлдузлар оламининг теранликларига назар ташлайдиган палладасан. Мен эса… фақат ортимга назар ташлайман, холос. Чунки… олдинда ҳеч нима кўрмайман.

Истасам ҳам кўролмайман.

Кечагина айтдинг-ку, қанийди тезроқ сиздай бўлиб қолсам деб?

Мен эса бўғзимда турган гапимни айтолмай қийналаман:

“Қанийди, сендай бўлиб қолсам, болам…”

   (“Китоб дунёси” газетаси, 24.02.2016)