Исажон Султон. Олисдаги урушнинг акс-садоси (ҳикоя)

Бу воқеага беш-олти йил бўлди. Аслида, айтишга арзигулик ҳам эмас. Баъзилар кулимсираб қўйишини ҳам сезаётгандайман. Лекин, хаёлимдан кетақолмайди-да. Кўл бўйи, бақақуриллоқ. Тунги самодаги тилларанг ой. Сув ёқасида тимирскиланиб юрган қора шарпа. Шу холос.

Шу холос дейман-у… У манзаралар ортида баҳайбат, ҳаёт деган яшноқ тирикликни сўлдириб, аста-секин бостириб келадиган ғалати бир мусибат сезилгандай бўлаверади.

Пайқагандирсиз, айтишга ҳам тараддудланиб турибман.

Баҳор маҳали элнинг сон-саноқсиз қишлоқларида, ой ҳаволаган тиниқ кечаларда ҳаммаёқни қурбақа нағмаси тутиб кетишини билмайдиган одам бўлмаса керак. Ариқлардаги, кўлмаклару сув ҳавзаларидаги сон-саноқсиз митти яратиқлар нима учундир ой ёғдусига маҳлиё бўлиб сайрайверишади. Зулмат кечаларда эса тек ўтиришади.

Баҳор. Ҳавода, тупроқда илиқлик сезилиб қолган, ўтлар ям-яшил, гуллаган буталар кечасиям оқиш бўлиб кўринади.

Қисқаси, тоққа борган эдик. Мўъжаз кўл олдидаги эски далаҳовлига жойлашдик. Кичкина уйча, айвон, чайла, қозон-товоқ… Кўл жимирлаб турибди. Теграсидаги майсалар қизил, сариқ, яшил, кўкиш гул очибди. Бориб қараб, ҳайрон қолдим: кўкишлари чақиртикан экан. Ҳатто шуям гуллабди! Баъзилари сувга тўкилибди, орасида кичкина яшил бақа тек чайқалади. Аввалига биттасини кўрган эканман, салдан кейин қарасам, сал нарида яна биттаси, кейин яна, яна…

Эрта баҳорда бунақа ҳавзаларда миллионлаб итбалиқлар уруғдан чиқади. Сузиб-сузиб, митти яшил бақаларга айланишади. Буни болалигимдан бери биламан. Ҳатто ёмғир кўлмакларида ҳам пайдо бўлиб қолишади.

Дўстларимиздан бири кафтини қулоқларига босиб олди.

– Сукунатдан қулоғим шанғиллаяпти, – деди жилмайиб.

Қулоқ шанғиллаши босим ўзгаргани туфайли. Ҳар ҳолда, анча-мунча баланддамиз. Денгиз сатҳидан бунчалик юксакликда таом пишириб бўлмайди, дейишади. Тоғликлар шу сабабли овқатларини қайнатиб эмас, қовуриб тайёрлашади.

Қуёш ботиб, жуда нозик қоронғилик пардаси теваракни аста-секин чулғади. Фавқулодда дуркун майсалар, дарахтлар қиёфаси шом деган уммонга чўма борди. Тизза бўйи ўтлар, гуркираган кўк гулли тиканларнинг шаклу шамойили мулойимлашди. Роса узоқларда кичкина уйчаларнинг чироқлари милтиради. Яқингинада эса каттакон қуш овозсиз қанот қоқиб ўтди.

– Тинчлигини қара-я… – деди дўстларимиздан бири.

Теваракни анча кездик. Дарахтлар орасидан улкан қизғиш ой кўтарилди. Кўл сувида аксланиб, шуъла йўлакчаси ҳосил қилди. Унда-бунда сув остидан бош кўтарган ўтлар қорамтир бўлиб кўринди. Ёғду теварак рангларини ҳам ўзгартириб, майин, юмшоқ бўёқларга бўяди.

Салдан кейин, оймомо янада ҳаволагани маҳал тўсатдан бақалар хониши бошланиб кетди. Аввалига бир-иккитаси, кейин қолганлари жўр бўлишди. Теварак вақир-вуқир сасларга тўлди. Чунон сайрашяптики, нарёғи йўқ.

Атай бориб, кўл ёқасига қараб келдим. Ўзи кўринмайди, аммо овози қулоқни ёради.

Кўл қоровули озғин, юзи чўтир-чўтир, бармоқлари қийшиқ киши экан. Тоғ халқини содда-самимий деб ўрганиб қолганмиз. Бу – камгап, қошлари ўсиб кетган, бутун туриш-турмуши шу баҳор манзарасига мос тушмайдиган киши, қўлида болтаси, бултурги қуриган шох-шаббаларни бутаб юрарди.

Агар дўстларимиздан бири хато қилмаганида, у воқеа рўй бермас, менинг ичимда ҳам шу ачинишу ҳайиқишлар бино бўлмасмиди? Афсуски…

– Шуларни овозини ўчиришни иложи йўқми? – деди дўстимиз илжайиб, қўли билан кўлни кўрсатиб.

Қоровул бир кўлга, бир унга қаради. Шунда кўзи совуқ йилт этди.

Ўша йилт этишда ҳам теварак манзарасига мос тушмайдиган бир нима сезилди.

– Бор, – деди паст, бўғиқ овозда. – Неч пул берас?

– Шунгаям пул оласизми?

– Соққасини берсангиз тинчитаман, – деди у, руҳсиз. – Ишонаверинг, то саҳаргача биронтасининг дами чиқмай қолади.

Бор-йўқ гапи шу бўлди.

– Бўпти, сиз айтгандай бўлақолсин, – деди дўстимиз ҳам.

Қоровул пулни олиб, яхшилаб чўнтагига жойлагач, шошмасдан кўл бўйига жўнади.

Ой янада ҳавога кўтарилиб, қизғишлиги билинмай кетди, олтиндай ярақлади. Кейин юлдузлар чарақлаб, осмоннинг узоқ-яқин жойларига тилла чангидай сочилди.

Қолгани бир неча дақиқа ичида рўй берди.

У киши бир қанча вақт соҳилни айланиб юрди. Нималарнидир чамалаётгани билиниб турарди.

Бақалар нағмаси янада авжига чиқди. Енгил шабада эса бошлади. Шунақанги тўлиб-тошиб сайрашардики! Самодаги олтин ой шунча жўштирармикин деб ҳайрон эдим.

Кейин кўл бўйида нимадир рўй берди. Ҳалиги киши эгилиб, сувдан бир нимани олди-да, қулочкашлаб нарироққа отиб юборди.

Отилган нарса ҳўв нарида чўлп этиб сувга тушди. Теварагида кичкина ҳалқалар ҳосил қилиб, қорайиб-қалқиб тураверди.

Шу заҳоти кўл бўйидагиларининг уни ўчди. Сўнг, худди биров атай қилгандай, бошқаларининг саси ҳам тина бошлади, гўё шамол бир эсиб, овозини биз турган жойдан бошлаб узоқларга қадар ўчириб ўтаётгандай эди.

Чирилдоқлар ҳам бор экан, вақиллашлар барҳам топгач, нимагадир чирилдоқлар ҳам жимиб кетишди.

Теварак тинчиб қолди. Ниҳоятда сокин сукунат чўмди.

– Ия, ғалати бўлди-ку, – дедик бир-биримизга қараб.

У киши кўл бўйида типпа-тик, тош қотиб турарди. Ҳар ҳолда яна сас чиқарадими-йўқми деб чамалаётган бўлиши мумкин.

Анчагина вақт ўтгач, бизлар ҳам яқинлашиб бордик.

– Э тавба, нима қилдингиз?

У киши ҳануз ўша руҳсиз овозда жавоб қилди:

– Ой нурида жуда жўшиб сайраётган биттаси бор экан. Тутиб олиб бошидан эзиб ўлдирдим-да, қайтиб сувга отиб юбордим…

Кейин янада руҳсиз оҳангда ғўлдиради:

– Афғонистонда… урушда… шунақа қилардик!

– Қанақа… қилардингиз?

– Шу… ўзингиз кўрдингиз-ку!

Ҳаммамизнинг нафасимиз ичимизга тушиб кетди.

Тасаввурим у митти яшил махлуқларнинг сув бетида оёқ-қўлини тўрт томонга ёйиб, чайқалиб турганини жонлантирди. Жуда сайрагиси келсаям, яқингинадаги ўлим нафасидан ҳайиққани учун сас чиқаролмасмикин? Ким билсин…

Айтдим-ку, баҳор эди. Теварак яралиш-яратилиш жўшқинлиги ичида, ҳар тарафда келажакда мева бўлиб етиладиган куртаклар ниш урган, кўкарган, гул очган, ҳатто юлдузлар ҳам янгидан туғилгандай, ҳамма нарса тозариш палласида эди. Бутун табиатни завқу шавққа тўлдириб юборган эди баҳор.

– Ўлдирса ўлдирибди-да. Бор-йўғи бақа-ку?

Ҳа, тўғри. Агар кўлда эмас, кўлмакда дунёга келсайди, ўз-ўзидан ҳалок бўлиб кетарди. Баҳорда элнинг бепоён кенгликларида бунақа яратиқлар сон минглаб дунёга келади. Қанчаси яшаб, қанчаси ўлиб кетиши ҳам номаълум.

Бироқ, у воқеа менга нима учун шунақа қаттиқ таъсир қилмоқда? Болалигимда ўзим ҳам нечтасини ўлдирганман-ку? Ниначиларнинг қанотини юлиб олганман, хивчин билан уриб қанчадан-қанчасини жонидан жудо қилганман, таъсирланмаганман-ку? Таъсирланиш не, нима қилганимни ўйлаб ҳам кўрмаганман.

Энди эса…

Овқатимиз пишди. Ҳақиқатан ҳам чирилдоғу бақаларнинг саҳаргача дами чиқмади. Бир нимадан қўрқиб-ҳайиқиб, тек ўтиришаверди. Бизлар ҳам ўша жимжитлик аро едик-ичдик, кўл яратиқларининг тутумидан ҳайратланиб, ухлагани ётдик…

Тушимга болалигим кирибди. Бениҳоя кучли порлаган қуёш ҳар тарафни зар билан ўраган, ўзим каби навқирон дарахтлар орасида чопиб юрармишман. Бобом, энам, отам тирик, менга кулиб қараб туришармиш. Шохдаги кўм-кўк хом олмалардан узиб, уларга узатармишман…

Қушлар сайроғидан уйғондим. Қуёш чиқиб, кундуз оламга ёйилибди. Ҳамма ёқни тутиб кетган чуғурларга кулимсираб қулоқ солиб ётарканман, кечаги ҳодиса эсимга тушди.

“Шуларниям биронтасини ўлдириб, дарахтга осиб қўйса, қолганлари чуғурламасмикин?” деган ғалати ўй келди хаёлимга.

Чўмилмоқчи ҳам бўлдик, лекин ҳаво салқин эди, бунинг устига, ўлик бақа бор кўлга тушгимиз келмади. Нонушта қилиб, яна бир оз айланиб, изимизга қайтавердик.

* * *

Орадан йил ўтгач, болалар тоғу тошга оборинг дейишганида, “Хўп” дедиму кейин… боргим келмаётганини пайқаб қолдим. Оёғим ҳеч тортмади. Тоғда нима бор, дала-даштга чиқинглар десам, тушунишмайди. Дала-дашт дейман-у, у ёқда ҳам Худонинг беозор махлуқлари яшаб юришгани кўз олдимга келади. Ўша жойда ҳам бирон нохуш воқеа рўй берса-я, деб ўйлайман.

Хаёлимда ҳали-ҳануз ўша, сокин жимирлаган сув. Ҳаволаб кетган ой, кўл ёқасида шамдай қотиб турган киши ҳамда биргина, бор-йўғи биргина жинсдошининг ўлдирилганидан қўрқиб, то саҳаргача дами ичига тушиб кетган беозор махлуқлар.

Ҳалиги киши ўша жойларни шошилмасдан айланиб юрганга ўхшайди.

У қиёфа яна кўп манзараларни ҳосил қилади. Ўтган жойида майсалар қуриётганини кўриб қоламан. Яшноқ фасл ичра кезган ёвуз шарпа бўлиб туюлади. Туюлиши не, руҳсиз нигоҳи-ю қийшиқ бармоқларигача аниқ-таниқ кўраман.

…Ростдан ҳам, одамнинг айтгиси келмайдиган воқеа. Болаларни ҳеч қаёққа юборгим келмаганининг сабаби шу. Ҳа, ўшандай ҳодисага яна дуч келишмасин, барқ урган ҳаёт жўшқинликлари аро фақат яхшиликлар ичида улғайишсин, митти юраклари некбинликлар билан тўлақолсин дейман…

Бир отанинг истаги яна қанақа бўларди?