Исажон Султон. Мен, Онам ва Ўрта Ер денгизи (ҳикоя)

Онам билан Ўрта Ер денгизи соҳилидамиз.

Поёни кўринмас яшилтоб сувлар тинмай долғаланади. Чағалайлар чийиллаб учишади. Узоқларда оппоқ яхта кўпикли из қолдириб сузиб бормоқда.

Чап томонимизда сув қаъридан бош кўтарган кичик тоғлар кўзга ташланади. Устида сийрак арчалар ўсган, ораларида оқиш қоялар кўриниб турибди. Бу ерларнинг ҳавоси тоза, чанг йўқ, балки намлик кўплиги туфайлимикин? Қизғиш йўлкалар йилтирайди, бахтиёр сайёҳлар тўда-тўда кезишади. Биронтасининг юзида ташвиш кўрмайсиз.

Бошига қизил қалпоқча кийган йигитча патнисда чой опкелади.

– Sorry, do you want a cup of tea or maybe drink some?

– Ҳа, яхшимисиз, болам, – дейди онам. Кейин савол назари билан менга қарайди:

– Чой-шарбат ичасизми деб сўраяпти.

– Қанақа чой экан?

– Аччиқ, қора.

– Сўра-чи, кўк чойи йўқмикин?

Куламан. Бу ердагилар унақасини ичишмайди.

– Ростданми? – ҳайрон бўлади онам.

Ўтган-кетганлар она-болага қизиқсиниб тикилишади.

Ўтирибмиз икковлон, тош устида.

– Роса чуқур бўлса кераг-а? – дейди онам, сув шовуллашига, оқ чағалайларга маҳлиё бўлиб. – Қара-я, қанақа экан денгиз деганлари?

– Ҳа, жуда чуқур.

– Тавба, худойим шунча сувни яратибди-ю ичиб бўлмайдиган қилиб қўйганини кўр!

Бу маконларга уни қўярда-қўймай олиб келганман. Шу гўзалликларни, шу оромни жуда илинганман. Кўрса завқланади, қалби қувнайди деганман. Саҳролару тоғ-тошлар оша уча-уча, ниҳоят, манзилимизга қўндик. Улкан аэропорт, одам қайнайди, ҳар турли кишилар оломони бир лаҳза бўлсин тинмайди. Тизилишиб кетган ялтир-юлтир дўконлар, охири кўринмас ўзиюрар зиналар…

– Your attention, please! Flyght Air France number five five two to Paris is boarding now. Passangers are requested to proceed to gate number two two one[1].

Бегона тиллардаги мана шу шовқин-сурон аро онам ҳар ёнга аланглайди.

– Роса сув ичким келди-я. Боядан бери излайман, бирор жойда кўрмадим?

– Бу ерларда сиз билган шарқираб оқиб ётган сувлар йўқ-да, – дейман кулиб. – Сотиб олиш керак.

– Йўғ-э? – ҳайрон бўлади онам. – Сувни-я?

– Сиз ўтириб туринг, мен ҳозир…

Бориб сув опкеламан. Одамлар сувни тўғридан-тўғри идиш оғзидан ичишаверади. Онам эса ўйланиб туриб “Пиёласи йўқмикин” деб атрофига аланглайди.

– Шундоқ ичаверинг, қаранг, ҳамма шунақа қиляпти.

– Э йўқ, қўйсанг-чи, уят бўлади.

Қайтиб бориб, қоғоз финжон олиб келиб, қуйиб узатаман.

– Бу ернинг суви ичишга ярамайди, – деб тушунтираман. – Шу сабабли тозаланганини ичишади.

– Вой, бечоралар…

Бир соатча вақт ўтгач, ўз учоғимизга чиқамизу кўзлаган манзилимизга етиб келамиз.

Бу – денгизнинг шимолий соҳили. Субтропик иқлимнинг нам ҳавоси бетга уради. Қайдандир шабада шўр исини олиб келади. Биз отини билмайдиган анвойи дарахтлар барқ урган, ҳар тараф озода, топ-тоза.

Сайёҳларни кутиб олиш хизмати аллақачон шай турган экан, тез орада сароймонанд муҳташам масканга етиб келамиз. Олтинкори нақшлар кўзни қамаштиради. Тўхташимиз билан хизматчилар чопиб келиб, юкларимизни олишади.

– Вой, қўйинг, болам, – дейди онаизор, бўхчасини олган йигитчага. – Енгилгина-ку, ўзим оборавераман. Сиз овора бўлманг.

Йигитча ҳайрон бўлиб қарайди, кейин аравасини ғилдиратиб бир дунё юк билан кутиб турган бошқа кишилар ёнига кетади.

– Одобли бола экан, таълим берган ота-онасига раҳмат, – дейди онам.

– Она, буларни вазифаси шу.

– Вазифаси шу бўлсаям-да, – дейди она. – Кулиб туришини қара. Хўмрайса нима қилардинг?

Икковлон “Оилавий” дейилган бир хонага жойлашамиз.

Бунақа хоналарга бир эшикдан кирилади, аммо ичкарисида ёнма-ён иккита хонаси бўлади. Ҳар тараф ораста, сочиқлар оққуш шаклида ўраб-тахлаб қўйилибди. Ётоқларни кўздан кечираман.

– Ҳой бола, – дейди онам. – Кап-катта бўлсанг ҳам эсинг кирмапти-я? Еч оёғингдагини!

Қарасам, ўзи оёқяланг бўлиб олибди.

– Бу ерда бўлаверади, она, – дейман. – Ҳар куни икки мартадан тозаланади.

– Бекор айтибсан, – дейди онам. – Тозалашар экан деб оёқ ости қилаверасанми? Ўша фаррошлар ҳам бировни боласи, меҳнатини қадрламайсанми?

– Хўп-хўп, – дейман кулиб.

* * *

Саҳарлаб онам мени уйғотади.

Эҳ-ҳе, қанчалар соғинганман шу сасни, шу уйғотишни. Жилмайиб уйқудан кўз очиш саодати қанақа бўлишини билсайдингиз! Онангиз койиб уйғотишининг фароғатини туйсайдингиз!

– Ҳой бола, тур! Мусича кукулаяпти, кун ёйилиб кетди.

Мусича? Бу ерда мусича бор эканми?

Ростдан ҳам қайдандир – баҳайбат япроқли пальмалар, тўп-тўп шамшодгуллар орасидан ўша қадрдон сас эшитиляпти. Кўз ўнгимга айвонимиз, тоб ташлаган устунлар, михга илиб қўйилган чўпсават, хас-чўп ташиб кукулаган қушлар, барқ уриб гуллаган бодом келади.

Онам хушҳол, жилмайиб турибди.

Ўзимча ҳазиллашаман, онаизор эса қувнаб кулади. Бундай қувнашини кўп йиллардан бери энди кўрмоқдаман.

Мен университетга кирганимда шунақа қувнаган эди. Қизим туғилганида ҳам… Баъзан байрамларда, ҳайитларда кўйлак олиб берсам шунақа суюнарди.

Мана, узоқ эллардамизу аммо кўзида ўша, ўзим яхши кўрадиган севинч учқунлари.

Юради, аланглайди. Теваракка разм солади.

Арчалардаги олмахонлар шохдан-шохга чопишади. Онам уларни кўриб, боладай суюнади. Олмахонлар одамлардан ҳайиқишмайди, биттаси олд панжаларида бужурини тутиб, кичкина қора кўзларини бизга тикиб турибди.

– Вой, айланай, – дейди онам. – Мунчоқ кўзчаларини қара! Ҳай, жонивор келақол, ўргилай сендан!

…Овқат маҳали ресторанга кирамиз.

– Вой-бўй, – дейди онам, у ердаги неъматларни кўриб.

Ҳақиқатан ҳам, дунё миқёсидаги кўнгилочар масканларнинг мижозларга хизмат тизими беҳисоб егуликларни қалаштириб ташлаган. Тўртта ресторанда одам ғужғон. Кишилар қўлларида товоқчалари билан айланиб, кўнгиллари тусаган нарсани олишяпти. Таомларни саноғига етолмайсиз. Бир томонда тўп-тўп ширинликлару мевалар, турли халқларнинг тансиқ таомлари, итальянларнинг ҳар хил пиццасидан японларнинг “суши”сигача бор. Олавер, дейди замонавий маркетинг. Истаганингча завқлан, лаззатлан! Биз фақат сенинг ороминг учун хизмат қиламиз! Нарироқда анча-мунча киши қовурилаётган тухумга навбатга туришибди. Булар – эрталаблари қуймоқ еб ўрганган кишилар. Баъзилари бола-чақаси, оиласи билан келган, калта шим кийган чол-кампирларгача бор. Аммо онаси билан келган ўғил кўринмайди.

Онам озгина овқат олди. Бориб, гилос шарбати опкелиб бердим.

– Шу холосми? – дедим кам еганини кўриб. – Мўл-кўл-ку, тўйиб еб олмайсизми?

– Қўйсанг-чи, – деди онам. – Қорним озгина нарсага тўяди. Исроф бўлмасин…

* * *

Теваракни айланамиз. Пальмалар типпа-тик бўй чўзган, хитой атиргуллари бутадай бўлиб ўсиб кетган. Ҳавода чучмал ис бор. Дарахтлар орасидаги ғалати чирилдоқлар қаттиқ овоз чиқариб чириллашади.

– Мунча бақирмаса? – деб сўрайди онам. – Ўзимизнинг чирилдоқларми шулар?

– Йўқ, бошқача, – дейман. – Бор-йўғи икки кун яшайди. Жуда қаттиқ чириллаб, бақира-бақира ёрилиб кетади.

– Э тавба, ўзимизникилар эслироқ экан-да, – деб кулиб юборади.

Оқшом қўнган.

– Тавба, кечалариям бир бошқача-я, – дейди онам. – Худо кечаниям ҳар турли қилиб яратиб қўйганини кўрмайсанми?

– Нимаси бошқача экан?

– Билмадим. Чиройлию аммо бошқача-да… Одамлари-чи? Биров билан бировни иши йўғ-а…

Тунги кафелар атрофида оломон зич. Кайфу сафо масканларида ҳавога мушаклар отилади. Салдан кейин ёнгинамизда бир нима қаттиқ гумбурлайди: мусиқий кўнгилхушлик бошланади. “Оборайми?” деб сўрайман онаизордан.

– Йўқ, – дейди онам. – Ундан кўра юр, денгизга борамиз…

Сарин кечада она-бола қўл ушлашиб, соҳил томон кетамиз.

Чароғон чироқлар ёғдусида қорамтир тўлқинлар йилтирайди. Кечки шамол турган, уни “бриз” дейдилар. Соҳил тинч, ҳеч ким йўқ. Сал нарироқда, пальмалар остида севишган жуфт кўзга ташланади.

Онам ўйчан.

– Она, нималарни ўйлаяпсиз?

Индамайди.

Ҳавога булут чиқади. Биз билгандай эмас, паға-паға, қорамтир-кулранг. Уни денгиз ичкарисидан шамол суриб келади. Шамол сувни ҳам, булутларни ҳам бирдай суради.

Денгиз долғалана бошлайди.

– Балиқлари ҳам бўлса керак?

– Ҳа, албатта.

– Бўлади-да, – дейди онам. – Ҳовлимизни этак томонидаги кичкина ариқча бор-ку, баҳорда қарасанг, ўшани сувидаям минглаб майда балиқ милтиллаб сузиб юрарди. Шундай катта денгизда бўлмасинми?

Яна термилади.

– Она, бир жойингиз оғримаяптими?

– Йўқ, болам.

– Нимага бошқача бўлиб қолдингиз?

– Ўзим…

Икковлон жим қоламиз.

“Онам… ўзгариб қолибди-ку?” деб ўйлайман билдирмасдан разм солиб.

Қаддини тик тутиб, мағрур юришлари ўша-ўша, бироқ… аввалги шиддати сезилмайди. Секинроқ, авайлаброқ қадам босади. Мен олдин кўрмаган, пайқамаган кўп хавотирлар бор бу қиёфада.

Шу маҳалгача онам ҳали тетик, ўзини олдирмаган деб ўйлар эканман. Бир оз юрса тинкаси қуриётгани, оғзи қуруқшаб “Сув йўқмикин” дейишлари, салдан кейин ўтиргани жой излаб аланглашлари… Қўлини кўзларига соябон қилиб узоқ-узоқларга қийналиб термилишлари… кексалик деган бир куз фасли онамнинг умр боғига етиб келганини кўрсата бошлабди.

Ҳа, онам ўзгарибди. Менга боладай итоат қилиши-чи? Бошқа йўлакка қараб кетаверса “У ёққа борманг” десам, “Хўп” деб ортига қайтишлари, қайга борсам эргашишлари, худди боламдай итоаткор бўлса-да, бу ҳам етмагандай, чиройли манзаралару хуштаъм егуликларни илинишлари… бир завқимни келтирса, бир хавотиримни оширади. Ҳар дийдор онида ёнида бўлиб, шуларни сезмаганимни қаранг.

Қуш товуши яна хаёлимни бўлади.

“Тавба”, дейди онам.

– Ўзимизда Зуҳра ая деган бир хотин бор, – дейди кейин. – Тошкентга келаётганида томоғига нон увоғи тиқилиб қолибди. Сув ичсаям кетмасмиш, йўталсаям чиқмасмиш. Тошкентга етиб келиб, энди дўхтирга оборамиз деб туришса, ўғли елкасига бир урган экан, отилиб чиқиб кетибди дегин. Бир мусича нон увоғини шундоқ чўқибдию пир этиб учиб кетибди. Худойим ўша қушчани ризқини шунча жойдан томоғимнинг ичида олиб келди-я, битта мусичани ризқи деб жоним қанча қийналганинини айтмайсизми, дейди. Биз ҳам эл-юртдан узилиб шунча олисга келганимизнинг бир ҳикмати бордир, йўлимизни бежиз шу ёққа бурмагандир?

* * *

Онам ҳардамхаёл, қошларини чимириб-чимириб, бир нималарни ўйлаяпти.

Тик қадли шамшодларга, улкан чинни атиргулларга термилади, ям-яшил барқут япроқларини силаб кўрадию хаёли ўзида эмас.

Тағин денгиз бўйига чиқамиз, ўша ердаги тахта ўриндиқлардан бирига ўтирамиз.

– Яна нималарни ўйлаяпсиз, она?

Тириш юзларига, ўзим яхши кўрадиган ғадир-будир қўлларига тўйиб-тўйиб қарайман. Онам узоқларга тикилади, ўйларини билиб бўлмайди.

Бир маҳал кўзидан ёши дув этиб оқиб кетади.

– Она? Нима бўлди?

– Билмасам, – дейди ўзини тўхтатолмай. – Ўпкам тўлиб кетди, жон болам.

Теваракка термилади, рўмолининг учи билан мижжаларини артадию ҳеч ўзини босолмайди.

– Нима бўлди, ахир?

– Энанг… – дейди ёш боладай ҳиқиллаб. – Келишимизда дунёда шунақа чиройли жойлар бор, сизга илиндим девдинг-ку? Мен ҳам энангга илиниб кетяпман…

Елкалари силкиниб-силкиниб, ўпкаси тўлиб-тўлиб йиғлайди. Не қиларимни билмайман.

Бир гапиради, бир ўксинади.

– Болам-чақам деб сира тинмасди бояқиш. Иссиқлардаю совуқларда жонини жабборга бериб уринарди. Далаларда ишларди, етмаганига сигирга емиш бўлсин деб тутқатор ораларида ўт ўриб, ўшанча жойдан бошига қўйиб кўтариб ҳам келарди. Шом қўниб-қўнмай овқатга уриниб кетарди, эрталаблари аллақачон сут соғиб, ҳовлини супуриб, ўчоқда чой қайнатиб улгурган бўларди. Шу жойларга қараганим сайин эсимга энанг келяпти…

Денгиз шовуллайди, тўлқинлари кўпикланиб оёқлари остига бош уради-да, ортига қайтади.

– Меҳнатлар, заҳматлар, қанчадан қанча қийин-машаққатли кунлар, ўйласам, ичим тўлиб кетяпти. Отанг, сингилларинг, қўни-қўшниларим… бари кўз олдимга келиб туришибди. Болажон, бу жойлар ниҳоятда ажойиб экан… Умрим бино бўлиб кўрганим дастурхонда бир бурда нон-чой, нонпалов, ёвғон бўлди. Етти пуштим етти ухлаб тушига кирмаган жойларга опкеб қўйдинг-у… Мана, эртага тонг ҳам отади. Шу чиройли сувлар адоғидан қуёш чиқиб келади…

Ўксинишларини кўриб, меҳр билан бағримга босаман, уммонларнинг эркин шамоли юлқилаётган рўмолини тузатаман. Муштдайгина, ёш боладай бўлиб бир нималарни гапираётган онаизоримни юпатолмай ҳалакман.

– Жон болам, кетайлик ўзимизни юртларга, – дейди она. – Сен сира хафа бўлма, аммо мен бунақа жойларда юролмас эканман.

* * *

Саҳарлаб яна соҳилга чиқамиз.

– Вой, тўлқинланишини! – деди онам, соҳилга шовуллаб урилаётган катта-катта долғаларга боқиб. Кейин худди одамдай ҳол-аҳвол сўрайди. – Ҳай, яхши ётиб турдингми сен ҳам?

Онаизорнинг кайфияти яхши.

– Денгиздан ҳам ҳол-аҳвол сўрайдими?

– Сўрамайдими? Шу бечораям худойимни махлуғи…

Тўлқинлар келиб, яна оёғига бош уришади.

Онам денгизга қарата шундай дейди:

– Бўпти, биз кетяпмиз. Яхши қол.

Қирмизи йўлаклардан бораётсак, онаизор бирданига тўхтайди. Дарахт шохида бир нимани кўриб, жилмаяди. Қарасам – олмахон! Қўлида ҳануз бужури, мунчоқ кўзларини тикиб турибди.

– Сен ҳам боргин биз томонларга, хўпми? – дейди онам, олмахонга.

Юкларимизни тартибга келтираман. Ҳа, онаизорнинг кайфияти яхши, ҳужжатларни тўғрилагунимча бўхчасини тиззасига қўйиб, шоҳлар саройидан қолишмайдиган ором ўриндиқларининг бир четида ўтирибди.

Бепоён денгиз соҳиллари шу тариқа ортда қолиб кетади.

Эҳ она, дейман. Қадимий шаҳарларни, сув устидаги манзилгоҳларни, ғор-қишлоқларни, шоҳ саройларинию кўҳна ибодатхоналарнинг улуғворлигини, бепоён уммонлардаги улкан юнусбалиқларни, кечалари ўзидан нур таратиб сузадиган денгиз ажойиботларини кўрсатаман деган эдим. Ҳақиқатан ҳам узоқ йиллар сира тиним билмадингиз, томорқалардаю далаларда жонингизни жабборга бериб меҳнат қилдингиз. Иссиқ қайта бошлаган ёз оқшомларида оила жамулжам, кўнглингиз қониқиш ила тўлиб-тўлиб овқатлар пиширдингиз, шунча болани вояга етказаман деб уриниб-тиришдингиз. Ажойиб елканли кемаларни, куй чаладиган қоятошларни кўрсатаман деган эдим-ку? Ҳа, дунё шунақа кенг, ажойиб, шуларга маҳлиё бўлиб, қалбингиз бир дам яйрайди, деган эдим…

Бўлмади-ку?

* * *

…Аэропортга келамиз. Сафар қариди.

Нотаниш тиллардаги турли туман эълонлар орасидан бирданига иссиқ, қайноқ бир сўз янграйди:

– Your attention, please! Flyght Uzbekistan Airlines number two seven two to Tashkent is boarding now. Passangers are requested to proceed to gate number two two five[2].

– Вой, Ўзбекистон дедими? – атрофига аланглаб сўради онам.

– Ҳа она. Тошкентга учадиганлар фалон жойга борсин, деяпти.

– Отингдан айланиб кетай, қулоғимга бирам иссиқ эшитилди-я, – дейди онам. – Юрақол, болам.

Онам менга хушҳол қараб турар, нигоҳида севинч балқирди. Ўша, мен университетга ўқишга кирганимдаги, қизалоғим туғилганидаги, янги кўйлак олиб берганимдаги севинч…

– Умрим бино бўлиб денгизни кўрмаган эдим, – дейди онам, ўйчан. – Қара-я, ниҳоятда бепоён, шовуллайдиган бўлар экан. Халқини шу боқар экан-да…

– Тавба, кимдир шунақа жойларга келиб маҳлиё бўлиб, маза қилиб дам олиб кетса, мени ўйлаганларимни қара, – деб хушҳол кулади. – Энди, шунақаман-да, болам. Эл-юртсиз денгизиям, тоғиям татирмиди?

– Мана, шунча кун юрдигу еганим ичимга тушмади. Худо яратиб қўйган шу мўъжизаларни бир ўзим кўраётганимдан иймандим. Сингилларинг, амма-холаларинг, тоғаю амакиларинг, тумонат халқ турибди у ёқда. Қўшни тўй бошлаб қўювди, тоғанг қиз чиқармоқчийди…

Кейин чиғаноқ парчасини кўрсатди.

– Шуни олволдим, – деди. – Сувда чиройли кўринади дединг-ку? Обориб кўрсатай, қулоғига тутиб шовуллашиниям эшитишсин. Худо хоҳласа, кейинги гал ҳаммамиз келамиз, ўшанда маза қилиб яйраймиз.

Нимаям дердим? Ўҳ-ҳў, шунча одамни олиб келиш осонми? Лекин онамнинг сўзлари қалбимга қувват бахш этди. Ҳа, албатта келамиз. Ахир, бир ўзим учун эмас, яқинларим, жигарларим учун тер тўкаман-ку? Шуларнинг қувнаши, яйрашини истайман-ку? Бир менгина эмас, юртда ҳеч ким ёлғиз ўзи учун уринмайди. Кўпчилик учун, рўзғорим, болам-чақам, отам-онам, қавму қариндошим деб заҳмат чекади-ку?

– Албатта келамиз, – дедим онаизорга. – Дунё гўзалликларини кўриш учун, ажойиботларни ҳайрат ила томоша қилиш учун, яқинларимиз, жигарларимиз, меҳрибонларимиз, бола-чақамиз билан келамиз.

– Ҳаммамиз биргалашиб-а? – сўради онаизор.

– Ҳаммамиз биргалашиб, ўзимизнинг одамлар билан!

– Ҳа-а, яхши бола бўпсан, – деб алқаб қўяди мени…

Текширувлардан ўтарканмиз, хизматчи қизлардан бири онамга қарай-қарай, ниҳоят ёнимизга келиб сўради:

– Sorry, where do you fly? Er-Riyadh? Paris? Jeddah?

– Кечирасиз, қаёққа кетяпсизлар, Ар-Риёдгами, Парижгами, Жиддагами деб сўраяпти, – деб тушунтирдим онамга.

– Уйга! – деб жавоб қилди онам менга бир қараб, ёйилиб жилмайиб. – Уйимизга-да, болам…

(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, №5, 4352. 29.01.2016).

______________________________________________

[1] Диққат қилингиз! 552-рейс билан учувчи “Эйр Франс” Париж учоғига чиқиш эълон қилинади. Йўловчилар 221-учиш йўлагидан самолётга чиқишлари мумкин.

[2] Диққат қилингиз! “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”нинг 272-рейс билан Тошкентга учадиган учоғига чиқиш эълон қилинади. Йўловчилар 225-учиш йўлагидан самолётга чиқишлари мумкин.