Бир неча кундан бери сафардаман. Ҳаво исиб кетди. Юмушларимни битириб бугун уйимга қайтмоқдаман. Тонг саҳардан ёмғир ёғиб, теваракни топ-тоза қилиб ювиб қўйди. Гилос билан ўрикнинг етилмаган оч-яшил мевалари йилтираб товланади.
Уйимни, болаларимни соғинганман. Ҳар куни телефонда гаплашамизу бир нимамни йўқотиб қўйгандай, ораста шаҳарда ўзимни қўярга жой тополмайман.
Ниҳоят, бугун эртароқ йўлга чиқақолай дея қарор қилдим.
– Худога шукр… Узоқ йўлда зерикиб қолмайсизми? – деб сўрайди аёлим телефонда.
– Зериксам, “Вики” билан гаплашиб кетарман.
– Жа-а қадрдон бўпкетяпсизми “Вики”нгиз билан? – гўё ранжийди у.
“Вики”нгиз билан дегани – ҳушёр торттирадиган гап. “Вики”нгиз – сизнинг “Вики”нгиз, бизга унинг мутлақо алоқаси йўқ дегани. Қолаверса, “Қайдан топақолдингиз у тасқарани” дегандай иддао ҳам бор.
Сирасини айтсам, “Вики” – ҳар қандай саволга жавоб бера оладиган тизим. Уни мега-интеллект ҳам дейдилар. У билмайдиган бирор нарса йўқ.
“Вики” турли тилларда гаплаша олади. Лекин ҳали ўзбекча гаплашадиган даражада эмас. Дунёнинг асосий олти тилида суҳбатлашсангиз бўлаверади. Оғзаки савол берсангиз ҳам тушунади, сўровингизни матнга айлантириб, юзлаб манбалардан жавоб топиб рўпара қилади.
Инсоният бугунга қадар эришган билимлар дедим-ку? Ҳақиқатан ҳам шундай. Унинг бунёдга келишида сон-саноқсиз одамларнинг меҳнати бор.
“Вики”ни ўзингиз созлаб олишингиз, истаган қиёфангизни бахш этишингиз, истаган овоз оҳангида сўзлашини белгилашингиз мумкин. Мен Викини созлаш мобайнида анча ўйландим. Ниҳоят, ёқимли аёл товушини танлай қолдим. Турли созловлар сўнгида ниҳоят “Вики” мен истаган қиёфада намоён бўлди. Оқ юзли, чўзинчоқ юзли, майин овозли сўлим бир қиёфа қалқиб чиқди.
Аёлимнинг ғаши келгани шундан. Унинг ғаши келса, менинг завқим келади.
– “Вики”, салом.
– Салом.
– Кайфиятинг яхшими?
– Сўраганингиз учун миннатдорман.
– “Вики”, навигация тизимини ёқиб, борадиган манзилимизни белгила. У ердаги об-ҳаво маълумотини айтиб юбор-чи.
“Вики” бир муддат жим қолади.
– Манзил белгиланди. Асосий йўл билан борилганида уч соату қирқ беш дақиқа вақт сарфланади. Об-ҳаво маълумотида қайси метеохизмат тахминларига асосланай?
– Марказий метеохизматдан олақол.
– Бугун ўттиз-ўттиз беш даража иссиқ бўлади. Ёғингарчилик эҳтимоли ўн фоиз. Намлик ўттиз саккиз фоиз. Шимоли-шарқдан сонияда икки-етти метр тезликда шамол эсади. Ҳаво босими мўътадил, кўриш узоқлиги ўн километр. Ультрафиолет нурланиш даражаси – бирга тенг.
– Раҳмат.
– Арзимайди.
“Вики” жим бўлади.
Ер юзининг исталган жойидаги ҳаво ҳароратинигина эмас, ўша ерда содир бўлаётган воқеларни ҳам била оламан. Бепоён маълумот кенгликларидан мен истаган нарсани топиши учун бор-йўғи бир неча сония кифоя. Катта шаҳарлардаги йўлларнинг тиқилинчлигидан тортиб учоқларнинг учиш-қўниш вақтигача айтиб беради.
Шу сабабли уйдаги компьютеримда ҳам, планшетимда ҳам, қўл телефонимдаю уловимда ҳам бор.
– “Вики”?
– Лаббай.
– Дунёда қанақа янгиликлар?
– Инсоният учирган фазо кемаси Қуёш тизимининг саккизинчи сайёрасига яқинлашиб бормоқда. Жанубий Африкада қурғоқчилик давом этаётир. Арабистон ярим оролида уруш ҳаракатлари тинчимаяпти… Яна маълумотлар керакми?
– Йўқ, керак эмас.
Хуллас, ажойиб бир ёрдамчи. Ҳазиллашишни ҳам билади.
– “Вики”, ёшинг нечада?
– Мен сизга ёрдамчилик қила оладиган даражада ёшман.
– Кайфиятинг қанақа?
– Менда кайфият бўлмайди. Мен инсон овози ва мантиқий фикрлаши имитация қилинган электрон қиёфаман. Менинг шахсиятим йўқ.
– Майли, саломат бўл.
– Раҳмат.
Боя айтмадимми, тонгда шивалаб ёққан ёмғир гилосу ўрикларнинг яшил баргларини топ-тоза қилиб ювиб ўтди деб? Эсимга ўз ҳовлимдаги ўрик билан гилос келди. Қадаганимга тўрт йил бўлди, ҳали мева қилай демайди. Эрта баҳор зуғум қилиб, илдизидан тепароққа битта мих ҳам қоқиб қўйган эдим, тунов куни қарасам, ўша жой дўмпайиб қолибди. Жони оғриган шекилли, михни чиқариб ташлашга уринибди.
– “Вики”, гилосни қанақа қилиб мева тугишга мажбурласа бўлади?
– Бунинг иложи йўқ. Гилос – ўқилдизлилар тифасига мансуб кўп йиллик дарахт бўлиб…
– “Вики”!
* * *
Йўлдаман. Тоғларга яқинлашиб қолдим.
Табиат ўзгармоқда. Чўққиларнинг учларида ғуж дарахтлар кўзга ташланади. Ҳаво саринлашади.
Қўнғироқ жиринглайди, қизим “Ота, йўлдамисиз? Келишингизга нима овқат пишириб қўяй?” деб сўрайди.
– “Вики”, етиб боргунимизча шом бўлади. Нима овқат тавсия қилсак экан?
– Итальян, француз, инглиз кечки таомлари. Стейк, барбекю… Қай бири маъқул?
– Уларга йўл бўлсин, – деб кулимсирайман. – Уй рақамини тер-чи.
Қизим гўшакни кўтаради:
– Ой қизим, жамбил-райҳон солиб аччиққина мастава қилақол.
– Хўп бўлади.
– “Вики”, мастава тайёрлаш йўриқномаси борми?
– Албатта бор. Дўлмали, гўштли, жазли, қиймали, қайси бири зарур? Эрон, афғон, туркман халқ таомлари орасидан…
Хаёлим ўтмишга етаклаб кетади.
Энам жуда ширин маставалар пиширарди. Қўрадан эски ўтинларни опкелсам, қорайган чўян қозон тагига олов ёқиб, бирпасда ажойиб таом тайёрлаб қўярди. Ўзим неча марталаб ўшандай мастава қилишга уриндим, қанийди ўхшаса! Тандирга сиғмай қолган бир-иккита хомни “пушти” деб ёпарди, яъни олови сўна бошлаган тандир четига, пуштасига ёпилган деган маънони билдирарди. У нон зич, берч бўлиб, тўқ-қизил тусда роса сингиб пишарди. Ўшандан қуёшда қуритиб қўйганларини дастурхонга опкеларди. “Маставага қўшиб еяқолинглар, худойимни неъмати, исроф бўлмасин”, дерди.
– Сен у маставани билсайдинг… – дейман “Вики”га. – Биронта миллат таомига ўхшамайди.
– Қанақа хусусиятлари бор экан?
– Болаларимнинг ризқи деб пиширарди, ўшан-чун озгина меҳрини ҳам қўшворарди.
“Вики” жим қолади. Маставага қўшиладиган нарсалар ҳақидаги маълумотлар орасидан меҳр деган масаллиқни тополмаган бўлиши мумкин.
– Йўриқномалар орасида сиз айтган модда топилмади. Умумжаҳон энциклопедиясидан қараб кўрайми?
– Қарайқол.
Салдан кейин “Вики”нинг овози келади:
– Энциклопедияда меҳр деган мезон топилмади. Бошқа тиллардаги маълумотларга ўтаман. Инглиз, испан, француз манбаларидан изланди. Синонимлари: севги, муҳаббат, ишқ.
– Йўқ, “Вики”. Меҳр бошқа нарса.
Афсус, ўзбек тилини билмайсан-да.
Севги дединг, севги инсонга, юртга, элга бўлади. Ишқ-муҳаббат аёлга нисбатан бўлади, меҳр эса…
Меҳр деганлари жуда беғараз, тоза туйғу. Она боласига шунақа меҳр қўяди. Уни ҳеч нима билан қиёслаб бўлмайди. Меҳр-оқибатли кишилар деб бекорга айтилмайди.
Йўлларга қараб ўй суриб боряпман. Довон йўли теп-текис, кўк-сариқ иш кийимидаги кишилар юмушларига уриниб юришибди. Ўнг томонда чўққилар томон чўзилиб кетган янги темирйўл битай деб қолибди.
– Навигация тизими маълумоти: сел хавфи бор. Айланиб ўтиш йўлларини кўрсатайми?
– Йўқ, “Вики”, керакмас. Мен бу йўлларни жуда яхши биламан. Кўзимни юмиб ҳам топиб бора оламан.
– “Вики”, оқибат нима?
– Бир сония… Содир этилган бирор ҳаракат, воқеа-ҳодисанинг натижаси оқибатдир.
– Оқибатли киши-чи?
– Оқибатли киши деган жумла топилмади. “Натижали киши” бўлиши мумкинми?
– Йўқ, бўлмайди. Меҳрга жавобан кўрсатилган меҳрни оқибат дейдилар. Бир-бирингизга оқибатли бўлинг деган гапнинг маъноси шу.
– Менинг луғатимда унақа сўз йўқ. Ўхшаш сўзлар бўлимида “уқубат” бор экан, мос келмайдими? Араб тилидан келиб чиққан, жуда узоқ давом этадиган азобли, машаққатли меҳнатни билдиради.
“Уқубат” дедингми?
Дунёда шунақа нарсалар бор-ки, ақл қамраб ололмайди. Ҳар сўз ўзи билан манзара ташийди. У манзаралар ўша сўзни билган кишининг кимлигига қараб ўзгаради.
Менинг луғатимда “уқубат” – қишнинг заҳматли меҳнатлари, эшик тирқишидан ичкарига кириб уйилиб қолган қор зарралари, совуқ уйлар, устига кўрпа ёпилган сандал ва шунга ўхшаган анча тасвирларни ҳосил қилади. Қўллари қизариб кетган отамнинг куҳ-куҳлаб ўтин ёришларини, қорга беланган ўтинларни уйга олиб киришларини эслаб кетаман. Музлоқ ерларда палахса-палахса бўлиб қорайган маккапоялар кўз олдимга келади, совқотмасин деб эски тўшакларни сигир-бузоқлар устига дийдираб ёпганларимизни эслайман. Яна, қайноқ нонлар, қишнинг қировли кунларида бениҳоя ширин татиган тўй шўрваларию паловлари ёдимга тушади. Уқубат деган сўз онгимда шунақа манзаралар ҳосил қилади.
“Вики” сандал нималигини, тўй шўрваси қанақа бўлишини қайдан билсин?
Мега-интеллект жимиб қолади. Нимаям дерди? Мен унга айтаётган гап-сўзлар ҳеч қайси қомусда йўқлигини ўзим ҳам яхши биламан.
* * *
Йўл четида ўт-ўлан гул очибди, ҳатто тиканлар ҳам кўк-сариқ гуллабди.
Равон йўл тобора тепага кўтарилади. Кўксой шарқираб оқади. Ёқасида мажнунтол ўсган, сув кўпайгани учун танаси оқим ичида қолибди, эгик шохлари оқимда солланяпти. Сувчумчуқ пириллаб учади. Жуда юксакда бир қуш қанотларини қоқмасдан тек айланади.
Ҳар тош, ҳар гиёҳ бир тимсол ҳосил қилаётганини биламан. Ҳар бири бир воқеадан дарак беради. Шу боис кўзимга азиз, қадрдон кўринади.
Бирдан димоғимга тоғрайҳон иси урилади.
– “Вики”, райҳон нималигини биласанми?
Мега-интеллект жавоб қилади:
– Ҳа, биламан. Жанубий ўлкаларда учрайдиган ярим бутасимон, раъногулдошлар оиласига мансуб ўсимлик, баъзи турлари ёқимли ис манбаи сифатида, шунингдек, атир саноатида ва тиббиётда ишлатилади. Таркибида селен моддаси бўлади, у аслида радиоактив модда, бироқ, райҳон таркибида шифобахш унсурга айланади…
Раъногулдошлар оиласига мансуб бўлса бордир. Лекин у аллақачон менинг оиламга мансуб ўсимлик бўлиб улгурган. Энам раҳматлик райҳонни жуда яхши кўрарди. Жаннатдан тушган деб шохчасини узиб, кўйлагига тақиб ҳам оларди.
– “Вики”, райҳон жаннатдан тушганми?
– Бу ҳақда маълумот йўқ. Жаннат ҳақидаги қомусий маълумотлар керакми?
Кексаларимиз ёмғирни ҳам жаннатдан ёғади дейишмасмиди? Ҳа, жаннатдан ёққани учун ҳам барака олиб келади дейишарди.
– “Вики”, баракот нима?
– Арабча сўз бўлиб, мўл-кўллик, файз маъносини англатади.
Ҳа, шундай. Аммо бизнинг тилда у бир маромда етилиб турган ҳосилнинг ўз-ўзидан бир неча мисли кўпайишини билдиради. Масалан, ҳар йили икки пақир мева берадиган кичкина гилос бир дуодан кейин чунон мева тугадики, ақлинг шошади. Ёки бир маҳаллар, бундан анча йиллар бурун дастурхон атрофига етти бола қалдирғочдай тизилганимизда, “Рўзғорда нон оз қолибди, болаларим, “бисмилло” деб енглар” деган онаизорим, ўша озгина нонга тўйган еттита бола кўз ўнгимда жонланади. Бугун далаларда ҳосил мўл, сап-сариқ бўлиқ буғдойзорлар шабадада чайқалиб ётибди, ҳар тарафда мўл-кўлчилик, эл тупроққа неки қадаса, баракасини берсин деб ният қилгани учун шундоқ.
Викининг соддалигига кулгим келади. Уни яна анча довдиратишим мумкин. Бир томондан, эл орасидаги тугал маънолар унинг билим заҳираларида акс этмаганига ҳайрон бўламан. Аслида бу тизим жуда кўп нарсалардан хабардор. Моддаларнинг молекуляр тузилишлари, фотон тезланишларидан то “қуёш шамоли”гача, ер тубларидаю сув остларидаги инсон ақли етиб бориши мушкул ҳаёт шаклларигача билади. Булутлар ер юзининг қай қисмидан қайгача қай тезликда сурилиб боришидан тортиб қайларда шаррос жала қуйишию қайларда жазирама қурғоқчилик содир бўлишигача, кемаларнинг улкан елканларини қарсиллатиб, мачталарни синдириб эсадиган довул ва қасирғаларгача хабардор, тарих қоронғиликлари аро ер юзидаги энг кўркам қасрни бунёд этиб, сўнг кўкка қараб “Мен сендан ғолиб чиқдим, эй Сулаймон” деб қичқирган императоргача хотирасида бор, лекин…
Лекин, жуда кўп нарсалардан бехабар ҳам.
Ёш болалар қўлларини кўксига қўйиб салом берганида катталар қалбида бўй чўзадиган қувончу севинчдан бехабарсан, “Вики”. Салдан кейин етиб борсам, ўғлим қаршимга чиқади. Луғатингни излаб кўр-чи, ота қувончи деган жумла бормикин? Бўйи чўзилиб, мўйлови сабза урган ўғилчасига қараб бирдан кўнгли ўсган ота туйғуларининг изҳори ёзилганмикин? Бирон бир файласуф шуни таҳлил қилганмикин? Райҳонлар иси анқиган ҳовлига кириб келганида, бўй етиб дастёр бўлиб қолган, рўзғор ишларининг анча-мунчасини зиммасига беминнат олган қизчаси пиширган овқатдан татиб, мижжасига қалқиган ёшини бировга билдирмай ичига ютган ота шукронасини-чи? “Фалончиникига ёппасига тўйга-а-а” дея чақириб ўтган қишлоқ жарчисининг овозидаги фаровонликни, эл-юртимни паноҳингда сақлагин деб тинмай дуо қиладиган кексаларни, баҳор келганида, янги ой ўроғи ҳавога кўтарилганида “Етказганингга шукр” деб қўлини юзига суртадиган кишиларни билмайсан, жала қуйганида, қаттиқ шамол эсганида, “Парвардигоро, неъматингни комил қилиб бергин, эл бошида фалокат айлантирмагин” дейишларидан ҳам бехабарсан. Ҳатто тандирда янги ёпилган ноннинг қайноқ тафти аро ёнган ғўзапоя иси, куйган буғдой ҳидидан ҳам бехабарсан. Шуларнинг бари юрт деган ғоят улкан бир неъматнинг зарралари эканини ҳам билмайсан.
– “Вики”, юрт нима?
– Турли тилларда турлича маъно англатади. Қайси тилдагисини айтай?
– Ўзбекчасини айтақол.
– Луғатимда унинг ўзбекча маъноси топилмади. Узр сўрайман.
Кулимсирайман. Ҳозир “Вики”дан “Ўзбекчилик нима” деб сўрасам ҳам жавоб беролмаслиги аниқ. Қарангки, инсоният эришган барча фан ютуқларини ўзида жамлаган мега-интеллект инсонни инсон айлаб турган қанча нарсалардан бехабар, уларни изоҳлашга ожиз.
– “Вики”, ота ким?
– Бир қанча турлари бор. Генетик, биологик, ижтимоий… Қайси бири?
– Генетик ота – бир фарзандни пуштикамаридан бунёд этган кишидир. Нобиологик ота турлари бир қанча, масалан, ижтимоий ота – ота вазифасини бажарувчи бошқа шахс, тутинган ота… Замонавий дунёда фарзанд отани ўз ихтиёри билан танлай олмайди. Шу сабабли, агар ота уни қониқтирмаса, ҳуқуқларига тажовуз қилинмаслиги учун воз кечиши ҳам мумкин.
– Шунақами? Бошқа маънолари йўқми?
Бизнинг тилда “генетик ота” деган сўз йўқ. Ўрнига “Қиблагоҳ” ишлатилади. “Кўзимнинг нури”, “пуштипаноҳим” деган сўзлар ҳам бор.
– Вики, қиблагоҳ нима?
– Замонавий тилда компас дейилади. Икки қутбни кўрсатиб турадиган, Ернинг табиий магнит майдони асосида ишлайдиган асбоб.
Ҳа, бироқ ота – умрини болаларига, ота-онасига фидо қилиб юборадиган, оилам-рўзғорим дея ўзини ўтга-чўққа урадиган, шу фароғат масканини ҳар турли хатарлардан асрайдиган бениҳоя улуғ зот. Отага тик боқилмайди, гап қайтариб бўлмайди, унинг ҳурматини бажо келтирган ўғил эл-юртда ҳам иззат-эҳтиромга сазовор бўлади.
– “Вики”, она ким?
– Социал типлардан бири. Биологик, суррогат, генетик, ижтимоий турлари бор. Изоҳларга ўтайми?
– Йўқ, ўтмай қўяқол.
Онанинг нақадар улуғворлигини, муқаддаслигини, жаннат у зотнинг оёқлари остида эканини болалигимдан бери биламан.
Ака-ука, опа-сингил, яқин қариндош, севикли ёр, фарзанд ҳақида сўрамай қўяқолдим. “Вики” деганлари ҳозир бирор бўлмағур тахминини айтиб юбориши ҳам ҳеч гапмас…
* * *
Ота маконимга, она уйимга етиб борганимда шом қўна бошлаган эди. Бизнинг юртларга яқинлашаверсангиз, энг аввало типпа-тик тераклар кўзга ташланади. Ғуж мевали дарахт шохлари девордан кўча тарафга осилиб тушган. Дарвозалар очиқ, сувлар сепилган, пиёздоғ иси анқиган маҳал.
– “Вики”, мана, етиб ҳам келдик.
– Хурсандман.
– Эртага ҳаво қанақа бўлишини айтиб юбор.
– Эртага ҳаво очиқ бўлади. Шарқдан сонияда етти метр тезликда шамол эсади, ҳаво намлиги ўттиз саккиз фоиз, ҳарорат ўттиз олти даражагача кўтарилади…
Уйда бутун бошли бир халқ тўпланибди. “Акам сафардан қайтяпти” деб сингилларим жиянларимни етаклаб етиб келишибди. Ҳаммаёқ бола-чақанинг қий-чувига тўлган.
– Навигация тизимининг маълумоти: белгиланган манзилингизга етиб келдингиз. Бошқа маълумотларга зарурат борми?
– Йўқ, Вики, керакмас…
Ўйнаб юрган жиянларим “Вики”нинг сасини эшитиб, қизиқиб қарашади. Ҳамма билан бир-бир кўришаман. Аввал катталар, кейин кичикроқлар билан. Болакайлар ўзларига навбат етишини кутиб одоб сақлаб туришибди. Навбат уларга етгач, сўрашади:
– Анови кимнинг овози, тоға?
– У-ми? Мега-интеллект деган ўйинчоқ, болам. Кейинги гал сафарга борсам, кичкина компьютер олиб келаман, ўшанга ўрнатиб берсам, ўқишингда фойдаси тегади.
– Гапирар экан-ку? – деб ҳайрон бўлади жияним.
– Ҳа, бир нечта тилда сўзлаша олади, – дейман сочини тўзғитиб. – Жуда кўп нарсаларни билади.
– Ҳамма нарсани-я?
– Ҳамма нарсани, болам, – дейману ичимдан ўтган ўйларимни айтмайман.
Айтиб нимаям қилдим, вақт-соати келганида ўзи билиб олар деб ўйлайман…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 31-сон