(Маъруфжонга)
Болам, қишнинг изғиринли кечаларида кимсасиз далаларда гала-гала бўлиб изғиган дайди итларни бўри деб ўйлаганингни гапириб бердинг-а? Ҳа, дала-тузнинг тупроғу кесакларини ҳам музлатадиган совуқларда кучуклар ўшанақа тўпланиб олишади.
Аммо сен кўрганинг оддий гала холос-да. Истасанг, сенга бўри ҳақида гапириб берақолай.
Мен умрим мобайнида бўрига бир неча марта дуч келганман.
Дунёда ваҳший ҳайвонлар тўлиб-тошиб ётибди. Куч-қудрати, виқори, одамни ҳайиқтирадиган ҳайбати билан қайлардадир арслонлар, сиртлонлар, айиқлару тимсоҳлар умр кечирмоқда. Ваҳший деганда кўз олдимизга ақлни қўрқитадиган куч-қудрат ила инсон вужудини пийпалаб-мижиғлаб, тишлари билан парчалаб-узиб ейдиган этхўр ҳайвонлар кўз олдингга келади.
Бўриям шундай.
Уни ақлли дейдилар. Ҳайвонлар орасида шугина бир марта жуфт танлаб, умрининг охиригача ўша жуфти билан ҳаёт кечиради. Ўз маконининг чегараларини эринмай белгилаб чиқиб, биронта жонзот киришига йўл қўймайди.
Унга илк дуч келганимда ёш бола эдим. Далада кетмон чопаётган отамга овқат олиб кетаётганимда, қишлоғимизнинг тепа томонидаги тўқай ёнида ғалати кучук боласини кўриб қолдим. Қамишлар орасидан менга қизиқиш билан анграйиб қараб турарди. Бир маҳал бурнининг учига капалак қўниб олди. Кучукбола капалакни қувишга қанча уринса ҳам кетмас, айланиб учаверар эди.
Кулгим қистаган, ҳатто завқланган бўлсам керак. Тугунимни ўт устига қўйиб, яқин бордим. У тўлпоқ, оёқлари бақувват, бўйнидаги ёли типпатик, кулранг бўри боласи эди. Мени кўриб сира ҳайиқмасдан ёнимга югуриб келди, сакраб атрофимда айланди, кейин шимимнинг почасидан тишлаб-тортиб, ўйнай бошлади.
Ўйинга қизиқар эдим-да, унга қўшилиб тупроқлар, ўтлар оралаб роса чопдим. Кейин чарчаб, ўт устига ётиб олдим, бўри боласи устимга чиқиб-тушар, яна ўйнамаймизми дегандай чопиб нари борар,ўша жойдан туриб менга бошини буриб қарар ҳам эди.
Кўп ўйнагани вақтим йўқ, отамнинг олдига боришим керак. “Э, кўрмайсанми, иш кўп-да” деб ўрнимдан турганимда, сал нарида қоядай қотиб турган ота бўрини ҳам кўрдим.
У виқорли, кўкраги кенг, панжалари пайдор, одам боласи билан ўйнашаётган зурёдига индамай қараб турарди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам ҳайбатли эди, аммо туришида таҳдид сезмадим. Шундай бўлса-да,қўрққаним эсимда. Салдан кейин паст овозда ириллаган эди, боласи талпанглай-талпанглай қошига чопиб борди. Сўнг икковлон бамайлихотир ортга бурилишиб. ўз йўлларига кетишди.
Яна эсимда қолгани шуки, қуёш нурида булутлар тарам-тарам, алвон-алвон, оралари очиқ-очиқ, бепоён кўкни шу тарз энлаб олган, яшил дарахтларнинг баланд учлари ҳам алвон тусга бўялган эди.
Тугунчамни олдиму мен ҳам ўша йўлдан отам қошига ошиғич чопиб кетдим.
Чопонининг ўнгирини қайириб, кетмон чопаётган отамга бўлган воқеани ҳовлиқа-ҳовлиқа айтиб берганимда, қошлари чимирилиб “Қани, юр-чи” дея кетмонини кўтариб, мен келган йўлга қараб юрди. Узоқларда қишлоқ тераклари кўзга ташланар эди. “Чўл ичкарисидан келган бўлса керак”, деди отам тусмоллаб. Икковлон бўри турган жойгача келдик. Отам теваракни бир айланиб чиқди, йўқ, ваҳший кўринмасди.
– Асли онанг аҳмоқ, – деди отам, жаҳли чиқиб. – Тўқайга ёш болани ҳам жўнатадими?
– Йўқ, ота, индамай қараб тураверди. Боласи мен билан роса ўйнади.
– Қўй-қўзиларни бўғизлаб ўнгариб кетиши мумкин, – деди отам. – Хайриятки, қорни тўқ экан, сенга тегмабди.
Кейин уйга етгунимизча бўрилар ҳақида гапириб борди. Йўлда ҳам атрофига аланглар эди.
– Эркак бўри боласини ўйнатгани олиб чиқмайди, балки овга ўргатади, – деди. – Бошқа болалари ҳам бордиру сен кўрмагандирсан. Ишқилиб, нима бўлганда ҳам даф қилмабди, худога шукр.
Уйга қайтгач, отам атрофдаги кишиларга хабар беришга кетди. Шу-шу, бир неча кун қишлоқ эркакларининг бири милтиқ, бири болта, бири калтак олиб, қўраларини қўриқлаб ётишди, аммо бўри қайтиб кўринмади.
* * *
Кейинчалик ҳам қишлоққа бўри даф қилгани ҳақида гап-сўзлар гоҳ-гоҳ оралаб қолса-да, уни биров кўрмас эди.Табиийки, ҳар хил гаплар урчирди. Ҳамманинг уйида мол-қўйи бор, чорва-ку ўз йўлига, аммо болачалар хавотир уйғотади. Ўйнаб экинлару оғочлар орасига кириб кетса, оч ваҳший биронтасини бўғизлаб ташлаши мумкин. Ҳар ҳолда кишилар орасидан бўри ваҳми анчагача кетмаса-да, менинг дилимда у қўрқув ўрнига ўша маҳалдаги хотиржам қиёфаси ва боласининг беозор ўйнаши қолаверди.
Йиллар ўтди, отам қартайди, мен эса эр етилдим. Ҳаёт шавқи қонимни қиздирар бўлди.
Ўша маҳаллар, вақт-соати келиб бир рўзғор қураман, бир-биридан шўх болаларим бўлади, эл-юрт қатори бировдан кам, бировдан кўп, аммо бахтиёр ҳаёт кечираман деган ишончим дилимда мустаҳкам эди. Вақти келиб, ҳаётимда бир тартиб ўрнатаман, отам қилган хатоларни мен такрорламайман деб ўйлардим-да. Балки отам ҳам мен сингари турли-туман хаёлий режалар тузгандиру ҳаёт машаққатлари у режаларнинг амалга ошишига йўл қўймагандир? Кимдир озорлаганида уйимизнинг айвонида ҳаммамизни чақириб бағрига босганлари, “шу болаларимдан бошқа ҳеч кимим йўқ” деб ўксинганлари эсимда. Эсимда нимаси, гоҳ-гоҳ тўсатдан шууримга қалқиб чиқади, бот-бот шуни ўйлаб ҳам кетаман. Теграда одам кўп, қавму қариндошлар ҳам ўзига ҳолларича келиб хабар олиб туришибди, нимага отам “Болаларимдан бошқа суянчиғим йўқ” деб озорланган экан дея, сабабини топишга уринаман.
Уйланиб, бола-чақали бўлдим, ҳаёт гирдоблари мени ҳам ўз домига аста-секин тортиб кетаверди.
У маҳаллар қиш қаттиқ келарди.Ҳар йили ўтин ғамлайман, аммо барибирам етмай қолади. Сабаби, сандалга қалаймиз ёки тандирга ишлатамиз. Қолаверса, қишнинг узун кечаларида узоқ ёнадиган, чўғи тезда ўчиб қолмайдиган ўтин керак бўлади. Бу сафар эрта куздаёқ совуқлар бошланиб кетди. Маккапояларни бир кечадаёқ ушук урди, эртасига узун-узун япроқлари сарғайиб, палахса-палахса бўлиб илвираб осилиб тушди. Ғамлаб қўяқолай дея тўқайга ўтин кесгани бордим. Ичкари қисмида саксовуллар ер бағирлаб ўсган, ўшаларнинг қуриган шохларидан уйга олиб келиб босиб қўйсам, қишга яхши ўтин бўлади деб ўйладим.
Шохларни тўплагунимча кеч кирди. Уйга қайтаётганимда чўл адоғидан улкан ой самога кўтарилган, шабада эсар, ҳаммаёқ шитирлаган сасларга тўлиб кетган эди.
Уни иккинчи бор ана ўшанда кўриб қолдим. Тўқайдан чиқаверишда, йўлим устида кулранг соя каби, чўнқайиб ўтирар эди.
Кучли, пайдор панжалари шундоқ кўз ўнгимда. Ойга қараб увиллади, кейин нигоҳини менга тикди.
Ундан ҳайиқдим.
Айтмоқчи, ўтин кесгани чиққан, қўлимда ўткир ойболтам бор-ку?
Бўрилар тиғида ой нури аксланган ойболтадан қўрқади деганлари ростмикин?
Йўқ, ёлғон бўлса керак,чунки мендан сира ҳайиқмаётган эди.
Тавба, кеч шом маҳали, ой бўм-бўш кенгликларда танҳо сузган шу кечада мен ва бўри, бир-биримизга қараб турардик.
У ўша, болалигимда кўрганим бўримиди, ё бошқасими, айтолмайман. У кўрганим бўрининг нигоҳи ўз қудратига ишонган, хотиржам нигоҳ эди. Қаршимдагининг нигоҳида эса таҳдид сезилмоқда!
Яна, кўксида чуқур жароҳат изи ҳам бор. Кулранг ёллари орасидан қорамтир ўйиқ бўлиб кўриниб турибди. Макон ёки ўлжа талашиб уришганида қай бир ваҳшийнинг тиши қолдирган бўлиши мумкин.
Олдинга қадам боссам, бир ҳамла билан бўғзимга ташланиши турган гап.
Аммо мен ҳам кучга тўлган, шаҳду шиддатла ундан қолишмайдиган эр кишиман! Ойболтамни қисимлаб, олдинга бир оз эгилиб, бир-икки ҳушёрона қадам ташладим.
Бўри қимир этмади.
Шу тариқа сўқмоқдан жуда секинлик билан, кўзимни ундан узмасдан аста-секин илгарилай бошладим.
Ойболтам жуда ўткир эди-да. Ханжардан ҳам, қиличдан ҳам ўткир эди! Дарахтнинг майда шохчасини ҳавога отиб, тушаётган маҳали бир урсам, иккига бўлиб ташлайдиган даражада кескир эди.
Сўқмоқ четидан унга юзланиб, олдга хиёл энкайиб, сурила-сурила ўтиб олишни кўзлаганим аниқ. У эса чўнқайганича, шиддат тўла нигоҳини мендан узмасди.
Милтиқ олмаганимни қара! Милтиғим бўлса, тўнғиз ўқи билан бир отишда жонини жаҳаннамга жўнатардим.Тўнғиз ўқи теккан жойини йиртиб-куйдириб ўтади. Яқинроқдан отилса суякларини ҳам синдириб, баҳайбат бўлса-да, бир неча қулоч нарига улоқтириб юборади.
Бўрининг ёллари янада ҳурпайди, олд панжалари билан ерни тимдалади.
Ҳозир ташланса-чи!
Шу маҳал анча наридан,тўқай ичкарисидан увиллаган бошқа бир товуш эшитилди.
Сўқмоқ четидаги рақибимнинг ёллари пасайди, кўзини мендан узиб, товуш келган томонга бир қараб қўйди. Шунда нигоҳидаги шиддатнинг ғойиб бўлганини пайқадим. Ортига тисарилди, аммо сира шошмасдан, виқор ила ўгирилдию ўша томонга йўртиб кета бошлади.
Э, тушундим! Бўрилар оила бўлиб яшайдилар. Унинг ҳам оиласи бор-ку?
Ҳа, бўри оила қуради.Нарироқда, тўқай ичкарисида ини бўлсаям ажабмас.
Бўри болалари қанақа бўлишини биламан, болалигимда кўрганман-ку? Кулранг тумшуқларининг учи қоп-қора, гоҳ ҳавони искаб, гоҳ бир-бирига суйканиб лапанглаб чопадиган, тўлпоқлигидан гоҳо йиқилиб-ағанаб ҳам тушадиган уч-тўртта жўжиқлари бўлса эҳтимол.
Ҳар ҳолда, у ерда бир оила яшар, эркак бўри эса менинг, яъни чўл бағрида ўзича куймаланиб ўтин тўплаб юрган одамнинг қиёфасидаги хатарни сезиб, йўл ёқасига бола-чақасини ҳимоя қилгани чиққанга ўхшайди.
Ким билсин, балки қишлоқ томон йўл олгандиру аммо мени кўриб, ниятидан қайтгандир?
Ажабо, мени ёв хаёл қилдимикин?
Мен ҳам уни ёв хаёл қилдим-ку?
Ортимга чекинсам, ҳамла қилмаслиги мумкинмиди?
Аммо, мендаям бола-чақа бор-ку?
Ортимга қайтсам ҳам бўларди,албатта. Лекин, олдинда – қишлоқда менинг ҳам болаларим бор. Ортимга чекинсам, шу бўри ёки тўдадагилари қишлоққа даф қилсалар нима бўлади? Мол-ҳол, қўйлар-ку майли, болаларимга чанг солса-чи?
* * *
Қишлоқда одам кўп, ҳаммамиз бир жамоа кабимиз.
Тўй-маросимларда баримиз тўпланамиз. Катта қозонларда ошлар пишади.
Бекорчилар қозонга ўтин ёқилмасиданоқ кўча базмини бошлаб юборишади. Уст-боши анчайин тўзган кишилар шунақа маросимларда бироз яйрашади.
Ёмғирлару қорлар ёққанида ҳам шу манзара ўзгармайди. Бизнинг тарафлар фақат баҳор ва ёз ойларида жонланади, холос. Кузда ҳаммаёқ лой-балчиққа айланади, қиш келиши билан ҳаракат, дарахтлар уйқуга кетгани каби сусаяди. Мўрилардан кўк ва қора тутун ҳовур аралаш чиқа бошлайди. Ерларда ғўзапоя ва макка поялари қорайиб, илвираб ётганини кўрасиз.
Уй ишлари билан машғул эдим. Кўча тарафдан биров чақирди.
Қарасам, қўшним экан.
– Ҳа, киравермайсизми? – дедим саломлашиб.
– Гап бор, – деди. – Айтиб қўяй дедим, кеча тунда қишлоққа бўри оралабди.
– Йўғ-э!? Бировга зарари тегмабдими ишқилиб?
– Тегмабди. Қишлоқ четидаги уйнинг томорқасигача кириб келибди. Уй эгаси хавотирланиб ташқарига чиқса, дўнгга чўнқайиб ўтириб, ойга қараб увиллаётган экан. Кучукларнинг овози ўчиб кетганмиш. Қўйлар ҳам қўрққанидан қўранинг бир четига ғуж бўлиб олишибди.
– Гузарда кишилар тўпланяпти, – деди кейин. – Бу йил ҳам қиш оғир келади шекилли. Маслаҳатлашиб олайлик, сиз ҳам чиқарсиз?
– Ҳозир бораман, – дедиму тўнимни кийиб, ортидан эргашдим.
Ҳақиқатан ҳам, гузарда ўн-ўн беш чоғли эркак тўпланган, яна бўри келиб қолса нима қилиш кераклигини гаплашиб туришарди.
Қишлоқнинг уч-тўрт хонадонида милтиқ бор экан. Қолганлар болта, кетмон, болға каби анжомларини тайёрлаб қўядиган бўлишди. Кимдир дашт тарафга бориб тузоқ қўйиб келадиган бўлди. Яна, кимки бўри кўрса сас чиқарсин дейилди. Ҳамма ҳушёр ётсин, тиқ этган товуш эшитишса, чопиб чиқишсин. Қўй-қўзи-ку майли, аммо одамга ташланиб қолса борми? Шу сабаб, ҳушёр турган тузук.
Қайтаётганимда ҳаво очиқ, совуқ бўлса-да, осмон кўм-кўк, уйлар ортидан, икки-уч жойдан тутун ўрлар эди. Ғўзапоя тутунимикин?
Ғўзапоя тутуни кўк бўлади.Тут ўтини эса яшилтоб аланга чиқаради. Тутунларга қараб, ким нима қилаётганини билиб олса бўлаверади. Қорамтир тутун тандирга нам ғўзапоя ёқилганини билдиради. Кимдир нон ёпмоқчи. Оч-кулранг тутун хазон ёқилганининг аломати. Ҳа, қайдадир нон ёпиляпти. Ана, шабада исини ҳам олиб келди: ёнган ўтиннинг ва пишаётган ноннинг иси.
Тумов-пучқоқ болакайлар кўчада ўйнаб юришибди.
Тунда қўшнилар билан қишлоқнинг шимол томонига чиқдик.
Кимдир капа тикди. Капа ичида ётибмиз.
Ҳаво совуқ, осмон тўла тўнғиган юлдуз. Гоҳо ёруғ из қолдириб учади. Ҳар тарафдан чириган хас-хазон иси келади.
Дашт адоғидан улкан ой самога кўтарилди. Ҳаял ўтиб, ҳаволагани сайин кичрая борди.
Ёғдуси тунги даштни ёритди. Теваракни ўзгартириб кўрсатди.
Туриб, атрофни диққат билан кузатаман. Буталар орасида ҳаракат сезилгандай бўлади. Лип этиб бир нима ўтади. Йўқ, бўри эмас. Бўри бунақа лип этиб келмайди. У хотиржам, ақл билан иш тутади.
Уч-тўрт кун шу тарз қўриқлаб ётдик, аммо бўридан дарак бўлмади. Ёшроқ йигит-яланглар от суриб, атрофни кезиб чиқишди. Ҳар ҳолда ўлжа излаб ёки ўзича айланиб бир келгану қишлоқда жонига зуғум қила оладиган кишилар борлигини сезгач, болаларини олиб узоқроққа – эмин-эркин дашт қўйнига, емиши оз, аммо хавфсиз маконларга кетган бўлиши мумкин.
Қиш қаттиқ келса чўлда емиш қолмайди, дейишади. Ўшанда қишлоққача тушиб келиши мумкин. Йўқса, ҳатто шундай кучли ҳайвон ҳам инсон кўзидан қўрқади, тик қарай олмайди, одамлардан нари юришга уринади.
* * *
Кунлар-ойлар ўтар, болалар улғаяр эдилар. Турмуш қийин, уриниб-тиришмасанг сира бўлмайди. Бола-чақа боқиш, катта қилиш осонми? Ота оламдан ўтган, она касал, болалар улғайган, ёлғиз ўзим уриниб-тиришаман. Ёнимга кирадиган, ҳамдард бўладиган бирон кимса йўқ. Ташвишим шу қадар кўпки, қайларгадир бош олиб кетгим келади. Ҳа, қайлардадир, узоқ-узоқларда бепоён даштлар бор. Ҳозир у ерлардаги буталарни ҳам оппоқ булдуруқлар қоплагандир?
Дашту далалар, буталар уйқуга кетган. Ҳавода тўлғин булутлар оғир сузади.
Ичимда ёввойи бир ҳаяжон бош кўтаради. Ой ёғдуси остида ястаниб ётган ўша кенгликларга боргим келади.
Аммо, болалар катта бўлишяпти-ку? Уларни ўқитишим, уйлаб-жойлашим керак…
Ҳа, ташвишларим мўл. Уларни адо этиш менинг оталик бурчим, бажармасам бўлармиди? Аммо бир нафасга бўлса-да, тин олгим келади-да. Миямни чирсиллатар даражада оғир ташвишлар чарчатганида, бир нафас, атиги бир нафасгагина ўша ёқларга кетсам… бепоён кенгликларда кўксимни тўлдириб бир ҳайқирсам, озод-озод, сарбаст-сарбаст чопсам дейман… Ким билсин, буталар остида нигоҳини менга хотиржам тикиб турган ўша бўрини яна кўрсам ҳам ажабмас.
Негадир уни ваҳший деб ўйламаслигим ўзимни ҳайратга солади. Балки, болалигимда беозор ўйнаганим учунми? Ёхуд қай бир жиҳатларимда ўзимни шу ваҳшийга тенглаштирганим учунми? Мен ҳам ҳудудимни белгилаб олганман, бегона биров кириб келишига сира йўл қўймайман. Мен ҳам гўё овга чиқаман, емиш топиб келаман, у ризқимга биров чанг солса ғажиб ташлар алфозим бор. Шуни деб гоҳ кимлар биландир уришганман ҳам, кимлардир мени ҳам жароҳатлаган, у жароҳатлардан анчагача ўзимга келолмай юрган маҳалларим ҳам бўлган.
Бута остидаги бўри нигоҳини мендан олади, бошини бошқа ёққа буради, бўйнини кўкка чўзиб, пастак, ҳомила булутларга қарайди.
Ўзимни абгор, абжағи чиқиб кетган, аммо иродаси букилмас қаҳрамондай ҳис қилганим ғалат.
Инида болалари бўлса, эҳтимол.
Тўлпоқ, юнглари қорамтир, кучукболаларга ўхшаб кетадиган болалари.
Бир-бирига суйканиб-ғингшиб, ташқарига чиқишга уринаётган бўлишлари ҳам мумкин.
Бу сафар ҳам у менга даф қилмаслигини биламан.
Яна дуч келсак, у томон одимлайман, нигоҳларимиз яна тўқнашади. Бу сафар қўлимда ойболтам йўқ, аммо ўзимга ишончим кучли.
Бўри менга жим қараб туради.
Икки оила бошлиғи шу тариқа дуч келамиз.
…Бепоён дашту далаларда бўри тўдалари кезиб юрадилар. Ўзларига тўдабоши сайлаб оладилар. Қолган бўрилару тўдабошига мутлақо бўйсунадилар. Ҳудуд ҳам бепоён, у ҳудудга бошқа бирор ваҳший киришига йўл қўймайдилар.
Баъзиларининг кўксида, елкаларида жароҳат излари бўлсаям ажабмас.
Ажабо, менинг ҳудудларим қайда эди, қайдан бошланиб, қайда тугаган эди?
Ҳаёт деб аталган дашту биёбоннинг қай ерида эди менинг маконим?
Бўри-ку ўз йўлига, аммо мен инсонман-ку? Теграмдагилар ҳам инсонлар-ку? Нима учун ҳудудимни белгилаб олишим, бегона кириб келишига йўл қўймаслигим, нима учун ризқимни талашиб-тортишиб топишим керак?
Уйим, дастурхоним доимо очиқ, биров кириб келса хушҳоллик билан олдига топган-тутганимни қўяман, гоҳ мўл-кўл, гоҳ оз бўлади. Шу одам мени йўқлаб келганидан бошим кўкка етади. Ҳа, бир қарашда ғарибонман, бир қарашда кичиккўнгилман, эл қатори ризқини топиб-тутиб, эл қатори бола-чақасини катта қилаётган бир мардуми мусулмонман.
Шу дард ила турли юмушларга уринганман, кимлардир ризқимга чанг солиб ҳам кўрган, чангалидан юлиб олган маҳалларим бўлган. Ҳаёт мени ҳам яралаган, у яраларни гоҳо мен ҳам ярадор каби ялаб-юлқайман, фақат бундан беозор ухлаб ётган болаларим бехабар, болаликнинг мусаффо тушлари аро гоҳо жилмайиб, гоҳ тамшаниб ухлайдилар.
Гоҳо тўнимни елкамга ташлаб ҳовлига тушаман.
Жуда юксакларда, бениҳоя олисларда кичкина ой сузади.
Ой, мен орзу қилган ўша чексиз ҳудудларни эсимга солади.
Кичкина шу маконимда бир-бир одимлайман.
Бедорлик азоб беради.
Шу тоб, мана, умрнинг аллақанча қисми ўтиб, шиддатлар илғар-илғанмас сусайиб борар экан, унутилиб кетган ёввойи бир шавқ ҳам ичимда уйғонади.
У шавқ аро ҳудудимдан чиқолмай типирчилайман.
Бир силтаниб, занжирларимни узиб, бепоён дашту далаларга ошиғич чопиб кетгим келади.
У ёқларда ҳозир ҳам совуқлар ўйнаётган бўлса эҳтимол. Кузги буталарни қировлар қоплаган бўлиши хам мумкин.
Ўша ерда болалигимдаги виқорли ва мағрур ҳайвонни кўрсам ажабмас.
Унинг ҳам отаси аллақачон оламни тарк этгандир? Мен кўрган ўша тўлпоқ бўри боласи аллақачон улғайиб, бир оиланинг бошига келгандир? Унинг ҳам мен сингари зурёдлари бордир, ҳозир, инида бир-бирларига суйканиб, ғингшиб ухлашаётгандир?
Оила бошлиғининг бедору ҳушёр эканига шубҳа йўқ.
Мени пайқаб, ўша хотиржам ва совуқ нигоҳи билан ҳаракатларимни чамаласа, бу ёлғиз одам боласи тунда, ой ҳаволаган маҳалда дашту тузга не учун келди деган ўй ила ҳушёр-ҳушёр боқса ҳам ажабмас.
Мен эса, йиллардир хаёлимда гавдалантириб юрганим шу манзаранинг рўёбга чиққанидан ўзимча суюнаман.
У мени ҳушёр кузатади. Мен эса истиқболига одим отаман.
* * *
Қишлоғим жуда четда, электр ҳам тузук-қуруқ келмаган, шамолларда, ёмғирларда ўчиб қолади. Ёзда ҳамма ўз ташвиши билан овора, қишда эса юмушлар бир оз камаяди, шунда тўн кийган, белбоғ ўраган кишилар кўчаларда тўп-тўп тўпланишади.
Анча нарида, бир киши томда антенна тузатади, шабада овозини олиб келади:
– Бўлдими?
– Йўқ, ўнгга бура!
– Кўрсатдими?
– Кўрсатмай қолди, орқага бура!
Узун терак ёғочини учига маҳкамланган иккита катта мис лаппак лопиллайди.
– Э, бугун кино бўлади! – деб илжайишади кишилар.
У кино урушда фашистлар қўлига тушиб қолган киши ҳақида. Ҳар йили икки-уч марта кўрсатилади, воқеа Польшада рўй беради, нимагадир қишлоғимнинг кишиларига ўша кинонинг воқеалари маъқул келиб қолган.
Фашист зобити асирга бир стакан тўлдириб ароқ қуйиб беради. Асир оч, аммо мағрур. Ароқни бир симиришда ичади, устига-устак “Мен биринчисидан кейин газак қилмайман” дейди хўмрайиб.
Қишлоқдагиларга мана шу жойи маъқул.
– Қуй!
Қуйилади.
– Мен биринчисидан кейин газак қилмайман, – дейди илжайиб қўшним.
Бу ҳаммага ёқиб тушади.
Бу гал ҳам дўкон олдида эдик. Чироқ аллақачон ўчиб қолган. Паст тарафдан шовур кела бошлади. Беш-олти киши ҳовлиқиб, бақириб-чақириб келар эдилар:
– Бўри! Бўри!
Зиёфат ҳисси шамол учиргандай бадар кетди. Ҳамма ўша томонга чопди.
– Яна бўри оралабдими?
– Қайда экан?
– Ҳеч нима қилмабдими?
Келгувчилар қопда бир нимани орқалаб келмоқда эдилар.
Етиб келишгач, норғул, давангирдай йигит:
– Жаҳаннамга жўнатдик, энди қишлоқ тинч бўлади, – деди илжайиб.
Кейин қопни остидан кўтариб бир силтаган эди, ичидаги бўри танаси шалоп этиб лой устига тушди.
Унга қарадиму ичим бир қалқиб олди.
У кучли, бақувват бўри эмас эди. Суяги эндигина қотган, эндигина кучга тўлиб-етилиб келаётган бўри боласи эди у.
Юнглари тўқлашиб улгурмаган, тумшуғидаги ҳалқаси кетмаган, биқинида тўнғиз ўқининг жароҳати қорайиб турган, кўзи қотиб қолган… хуллас, ўлиб ётар эди.
* * *
– Қуй!– деди қўшним, шодон. – Биз иккинчисидан кейин ҳам газак қилмаймиз!
– Менга қара, – деди кейин. – Буни терисини шилиб олинглар-да, тирноғини кесиб, уйга осиб қўйинглар.
– Нимага?
– Эскилардан қолган бир гап бор, – деди ғолибона. Кейин кўрсаткич бармоғини нуқиб, уқтирди:
– Бўрининг тирноғи омад келтиради. Унутма!
* * *
Ўша тун ухлолмай чиққанимни болаларим айтиб беришди.
Самода ниҳоятда тўлин ой сузгани эсимда. Уйга келибману ҳовлида, сўрида ойга қараб ўтираверибман. Кўзимдан ёшим дув-дув оқар эмиш. Хотиним келсаям, болаларим келсаям қарамабман, “Нимага бунақа ўтирибсиз, уйга кирсангиз-чи” дейишса, тўнғиллаб шундай жавоб қилибман:
– Кирмайман уйингга!
– Кирақолинг,чарчабсиз, ахир.
– Кирмайман дедим-ку?
– Вой, нима қиласиз бу ерда?
– Ойга қараб увиллагим келяпти, хотин, – дебман.
Шундан кейин тўлиқиб-тўлиқиб роса гапирибман. Биласанми, ичимда бир бўри бор, дебман. Мени кўча-кўйда индамас, ювош бир одам бўлиб юришимга қарама. Умрим бўйи ўша бўри ташқарига чиқиб кетмасин деб уриниб келдим. Энди эса, ҳеч бўлмаса шу кеча қоронғисида, ҳамма ухлаб донг қотиб ётган маҳалда ойга қараб бир мартагина бўлсин чўзиб-чўзиб увилласам бўлмайдими ахир, дермишман…
Эртасига хотиним, болаларим ўзларича илжайишиб “Яхши ётиб турдингизми” дея ҳар доимгидай ҳол сўрашганида кўзларига қарадиму бир нимани биладигандай кулимсираб туришганини кўрдим. Нонушта маҳали хотин ҳар доимги одатини қилиб, ўсмоқчилаб “Кеча ғалати-ғалати гапларни гапирдиларми, хўжайин” деб сўради. Тунги воқеалар эсимда эди, албатта. Аммо ўзимни унутгандай кўрсатиб:
– Бекорларни айтибсан! Тез-тез бўл, ишга кеч қоляпман, – дедим тўнғиллаб.
Бўримиш?! Бор-йўғи бир ваҳший-да. Иши одамларга нуқул зарар келтиришдан иборат. Бизлар инсонлармиз-ку?
Бир хўмрайган эдим, хотиннинг дами ичига тушиб кетди. Аммо шундаям кўзининг бир четидаги кулимсираш ифодаси кетмаганини пайқадим. Билмаганга олиб, тўнимни кийдим-да:
– Келишимда гўшт олиб келаман, кечқурун ўзим сизларга бир палов дамлаб берай, – деб,чопонимни этагини қоқиб кўчага чиқиб кетаётсам, хотин ортимдан гапирди:
– Унда манавини нима қилайлик?
Ўгирилиб қарасам, қўлида узун оқиш бир нима. Бўрининг тирноғи!
– Ташлаб юбор, – дедим энсам қотиб. – Омад келтиради деб қайси аҳмоқ айтди сенга?
– Ўзингиз айтдингиз-ку?
– Ҳамма гапимгаям ишонаверасанми, ҳазиллашдим-ку? – дедим-да, ҳар кунги ишимга-ташвишимга йўл олдим.
Шу тонг чоғида, кимдир даласига, кимдир хизматига, кимдир ўқишига, кимдир қариндошиникига кетаётган, ҳар кунги ташвишлари билан андармон юзлаб-минглаб кишилар каби.
Яъни, эл қатори…
2014