Ҳалима опа эри билан келишиб олганларидек, тўй ҳақидаги гапни, тушликдан кейин очмоқчи эди. Қараса ўғли овқатни ҳаш-паш дегунча тушириб бўлиб, жуфтакни ростлаяпти. Шунинг учун бирдан ўғлининг қўлидан тутдида: – “Ўтир сенга гап бор”, – деди, кулимсираб. Энди кўчага отланган Салим бир отасига, бир онасига ҳайратомуз қараш қилди-да, гап нимадалигини англаай олмади шекилли, яна боягина овқатланган жойига чўкди.
Она барибир онада, иссиққина ҳовур кўтарилиб, димоқни қитиқлаётган овқатини бир четга суриб, турмуш ўртоғига бир кўз қирини ташлаб қўйдида, гап бошлади: “Ўғлим мана бу йил Университетни ҳам битирдинг. Шу десанг, биз отанг билан келишиб, бошингни иккита қилиб қўймоқчи эдик”, нима дейсан. Шу пайт бир чеккада қимтинибгина овқатланаётган синглиси “пиқ” этиб кулиб юборди. Салимнинг юраги тез-тез уриб кетди. Юзи қизарди: – “Э, қўйсангларчи, ҳали ёшман-ку, уйланиш қочиб кетмас”, деди уялиб.
– Қанақасига ёшсан, – жаврай кетди онаси – йигирма бешга кирдинг. Сен тенгиларнинг ҳозир учта-тўрттадан боласи бор. Қачонгача аммамнинг бузоғидек сўппайиб юрасан.
Орага бир муддат сукунат чўмди. Ота-она нигоҳларини фарзандларига қадади. Ўғилнинг кўзлари эса ер чизиш билан овора эди. Шу пайт гапириш навбати ўзиники эканлигини хотинининг имо-ишорасидан англаган Холмат ака ҳам гапга аралашди: – Ўғлим, нега йўқ дейсан, амакингга ҳам ҳали уйланмайман депсан, ҳа бундай, биз ҳам оёқни чўзиб ётсак, келинимиз хизматимизни қилса, деймиз. Набираларимизни ўйнатсак юрсак. Бизни ҳам боғлаб бермаган ахир.
Салим ич-ичидан зил кетиб, қувончини ичига ютаётган бўлса ҳам ўзини пайсалга соларди. Вазиятдан чиқиш учун, ўрнидан туриб, кетмоқчи бўлди. Аммо Холмат аканинг “ўтир жойингга” деган амирона буйруғи янградию, Салим унга сўзсиз бўйсуниб, яна кўрпачанинг бир четига қисилибгина ўтириб олди.
– Танлаганинг бўлса айт, тортинма, бу ҳар йигитнинг бошида бор савдо, – деди онаси гапини давом эттириб. Салим энди каловланиб туриш ортиқча эканини ҳис қилди. Қизариб-бўзариб “ҳозирча йўқ”, – деди. Ота-она бир-бирига маънодор қараб қўйишди. Салим уларнинг қарашларидан “йигитмисан ўзи” деган маънони уқди.
– Шариф акангнинг қизига нима дейсан, – Холмат ака вазиятдан чиқиб кетиш учун ўғлини ўзига қаратди.
– “Қайси Шариф ака?”, – Салим бир энтикиб тушдида, ўзини билмаганга олди.
– Ҳув муюлишда туради-ку, қизининг исми Дилфуза, бу йил мактабни тугатди, нима бало танимай қолдингми?
Салим энди ўзини ҳақиқий қопқонга тушгандек ҳис қилди. Секингина орқага тисарилиб, хиёл бошини кўтарди. Сўнг ҳаммасини сотибсанда дегандек синглисига ёвқараш қилди.
– Нима дейсан, гапир, мум тишлаб олганмисан, онаси ўғлини ниқтади, турмуш ўртоғига чой узатаркан. Салим юраги гупуриб, ички хурсандлиги юзига тепиб қолишидан қўрқдида, “Ўзингиз биласизлар”, деб шиддат билан кўчага отилди. Кўчага чиқди-ю, тўйиб-тўйиб ҳаво симирди. Шодлигидан бақириб-чақириб осмонга сакрагиси келиб-кетди. Ўзиям ўртоғлари қачон уйланасан деб холи жонига қўймаётганди. Баъзилар: “Бу қиз бола, уйига совчи келишини кутаяпти, шу юриши бўлса яқин орада эрга теголмайди-ёв”,- деб аския қилса, нафсониятига тегиб кетарди. Мана энди ҳаммани тўйга таклиф қилади.
Салим ёшлигидан анча нимжон ҳамда содда бўлиб ўсди. Тинимсиз касал бўлавериши уни шу кўйга солганди. Мана ўша бўш-баёв йигитча эрта-индин уйланаман деб турибди. Қувончдан юраги ҳапқириб кетаман дейди-я.
Салим кечқурун ўртоғлариникидан қайтиб, уйига кираркан, ҳайратдан лол қолди. Худди тўй эртага бўладигандек, амма-холаларидан тортиб, тоға-амакиларигача уларникида тўпланиб туришган экан.
– Э, э, ана куёв тўранинг ҳам ўзлари ҳам келиб қолди-ку, деб Салимни ҳам даврага тортишди.
Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлишгач, биринчи бўлиб Хадича момо неварасига юзланиб гап бошлади.
– Ўғлим, сен менинг бош набирамсан. Мана кўриб турибсан, менинг ҳам бир оёғим шу ерда бўлса, биттаси гўрда бўлаяпти. Қаричиликда энди, нима қилай? Энди, … битта тилагим – сенинг тўйингни ҳам кўриб қолсам, дегандим.
– Йўғ-е, ҳали кўп яшайсиз, – Салим ғўдраниб қўйди.
– Унақа дема, Дилфузага келсак, гапида давом этди онахон, – у сенга муносиб эмас. Биласан. Уни битта холасининг ақли сал заифроқ.
– Қанақасига ақли заифроқ бўлсин, туппа-тузук жиннику, – луқма ташлаб қўйди, шартакироқ аммаси. Бувиси “ножўя гап айтиб юбординг”, – дегандек қизига бир ўқрайиб қарадида, сўзини улаб кетди.
– Шунинг учун бошқа бирор қизни кўз остингга олган бўлсанг айт, биз шунга қараб иш тутамиз. Бугун бу ерга тўпланишимиздан мақсад ҳам шу аслида. Атрофдагилар ҳам, “ҳа-ҳа” деб онахоннинг гапини маъқуллашди. Салим эса ўзини тамоман йўқотиб қўйди. Оёқ-қўли бўшашиб кетди. Танасидаги бор кучини тўплади-да, базўр ғудранди:
– Нима мен холасига уйланаман деяпманми?
Шунда амакилари, аммалари. Ҳатто бувиси ҳам Холмат акага бир назар ташлаб қўйишди. Ота бошини қуйи солганча, қаттиқ ўйга чўмганди.
Жиянининг қизишиб кетганини кўрган амакиси ҳам гапга аралашди.
– Қизишма жиян, ана отангга қара, – ҳамма ялт этиб, яна Холмат акага қаради, – чап юзларида нўхатдай хол бор. Бу хол бобонгда ҳам бор эди, менда ҳам бор, фақат кўринмайдиган жойимда. Сендаям бўлса керак. Бунақа нарсалар авлоддан авлодга ўтади. Бизни тўғри тушун, бўлажак келиннинг етти пушти тоза бўлиши керак. Биз фақат сенинг бахт-саодатингни ўйлаяпмиз.
Салимнинг қулоғига гап кирмади. Бир неча дақиқа олдин ёнгинасида турган севгани, энди ундан тобора узоқлашиб борарди. Алами келиб, “Бўлмаса мен уйланмайман”, – деди-ю, шарт ўрнидан туриб, кўчага отилди. Ҳеч қандай куч уни бу ерда ушлаб қололмасди. Кўчага чиқиб, тўғри келган тарафга юрди. Ичидан изтиробли ўкириқ отилиб чиқди. Ҳалима опа “Ўғлингизга қарасангизчи”, – дея Холмат акани туртганча қолаверди.
Холмат ака бу чоғда ўзининг беқарор ва куракда турмайдиган ёшлиги, гуноҳга ботган, фақат ўзигагина аён бўлган мудҳиш тунни хотирларди. Дилфузанинг ақли заиф холаси аслида унинг синфдоши бўлиб, ёшлигида туппа-тузук эди. Бир куни мактабдан пахтага олиб чиқишди. Холмат ва унинг иккита ўртоғи пахта термай, тарози пайти далада яшриниб, ўтиришганди. Шу пайт улардан бири, аста калласини кўтариб, ўзлари томонга келаётган қизил куйлакли қизни кўриб қолди. Бу шубҳасиз Малика эди. Унинг нимасидир пахта терган агатида қолиб кетган шекилли, пахтасини торттириб бўлиб уни олиб кетгани келарди. Боядан бери беҳаё суратларни томоша қилаётган йигитчаларнинг ҳирси уйғониб кетди. Куйлакларини ниқоб қилиб бошларига ўрашди-да, ўлжани кута бошлашди. Малика ёлғиз ўзи, аллақандай қўшиқни хиргойи қилиб келарди. Йигитчалар Маликага оч бўридек ташланишди. Улар қизнинг номусига тегишмади, бироқ қаттиқ қўрққан қиз шу-шу кечалари йиғлаб чиқадиган, кундузлари тентираб аллақайларгадир кетиб қоладиган бўлди. У бутунлай ақлу-ҳушидан мосуво бўлганди. Қизни жинлар чалиб кетган деб гап тарқалди. Айтишларича аввал ҳам бир аёл билан бир эркак шунақа бўлиб қолган экан. Маликани кўрмаган дўхтир, табиб қолмади. Барча уринишлар бефойда кетди. Жиноятчиларни эса худонинг ўзи жазолади. Холмат ва битта ўртоғи автоҳалокатга учрашди. Ўртоғи вафот этди, Холматнинг оёғи синди, ҳалиям оқсоқланиб юрибди. Яна бирлари эса қилмиши ажрини беоқибат боласидан топди.
Холмат уйланадиган пайти келганда кўп йиллар жинни бўлсаям уйлансам фақат Маликага уйланаман, деб юрди. Лекин бирор киши уни қўлламади. Кимдир уни қизнинг чиройига учаяпди деди, кимдир эса Холматнинг ўзиниям жин чалганга чиқарди. Охири тақдирига кўнишга мажбур бўлди. Холмат бир умр виждон азобида қоврилди. Бугун эса ўғли ўзи томонидан ақлий ногирон қилиб қўйилган қизнинг жиянига уйланмоқчи.
– Уйланасан ўғлим, уйланасан! – деб пичирлади ота, – мен учун ҳам, ўзинг учун ҳам уйланасан. Уни албатта бахтли қилишинг шарт. Ота шундай деб, ўрнидан қўзғалди. Бурчакда турган ҳассасини қўлига олдида, ўғлини қидириб ташқарига чиқди.