Иномжон Абдиев. Оққуш (ҳикоя)

Олти-етти яшар ўйинқароқ болакайман. Кеч куз эди чамаси. Вақт пешиндан оққан. Бобом билан далани қоқ иккига айириб, бетон ариқ бўйлаб то зовургача чўзилган тупроқ йўлдан кетаяпмиз. Ботинкамни қўлимга олволиб, ҳовур кўтарилиб турган тупроқни ҳузур билан босиб бораяпман. Йўлдан устига қамиш ортган мотоциклми, қўйлар сурувими ўтиб қолса, мен икки четини тикон босган, азбаройи сувсизликдан ичидаги тупроғи тарс-тарс ёрилиб кетган ариқнинг ичига яширинаман, бобом пахтазорга кириб турадилар. Кўтарилган қуюқ чанг босилгач, йўлда давом этамиз.
Бувам соқол қўймайдиган, узунчоқ юзли, қўйкўз, қотмадан келган, қишин-ёзин эгнидан кўк беқасам чопон ва қора дўппи тушмайдиган, гапирганда лунжини симириб-симириб гапирадиган, оғир-вазмин киши. Жаҳлдор бўлмасалар ҳам, ўзларига яраша ўжарликлари бор. Бир гал кумуш медальонларини момом лўлиларга японча рўмолга алиштирганларида, бир ойгача ҳаммадан аразлаб юрганлар. Баъзида, эртак айтиб беринг, деб хархаша қилсак, чап қулоқлари остидаги чандиқни кўрсатиб бизни қўрқитардилар. Бу чандиқ бувамга урушдан эсдалик. Сўрасак, момонг тишлаб олган, деб қўядилар.
Урушда қатнашган бўлсалар ҳам қондан қўрқадилар, шунинг учундир уйимизда мол сўйилмайди. Баъзан қатлама қилиб, қон чиқариладиган бўлса, момомнинг ўзи минғирлай-минғирлай хўроз кўтариб далага чиқадилар. Баланд тепалик ёнидаги қуюқ жингил орқасига ўтиб, ўқловга миниб оладилар-да, хўрозни сўйиб қон чиқарадилар. Ўша куни бувам дўстлариникига меҳмонлаб кетадилар.
Ҳар йили куз келди дегунча бувам кунора қўшни қишлоққа, эски танишларини кўриш баҳонасида серқатнов бўлиб қоладилар. Аммо ҳар доим йўлнинг ярмига бормай сафарлари қарийди.
Ҳозир ҳам ўша ёққа кетаяпмиз. Мен ўзимга эрмак топиб олганман — соямдан ўзиб кетишга уринаман. Аммо ҳарчанд чопмай бунинг уддасидан чиқолмайман. Бувам томонга юрсам, соям орқамга яширинади. Олдинга юрсам, соямга эргашаман. Зерикиб олис-олисларга тикиламан. Ён-атроф кенг пахтазор — терим аллақачон тугаган. Кимдир қўй боқаяпти, яна кимдир кўсак, чанғалоқ териб юрибди. Шу пайт кун ботар тарафдаги улкан тепаликка кўзим тушди. Унинг ёнбағри кўҳна Қовчин қишлоғининг қабристони. “Бува, — деб сўрайман катталардан узуқ-юлуқ эшитган ривоятлар эсимга тушиб, — мозорда туянинг елкаси борми?”
— Ўркачи бор дейишади, болам, — хатоимни тузатдилар бувам. — Бунинг тарихи ҳазрати Имом Мўйин ан-Насафийга бориб тақалади. У киши авлиё даражасига етган уламолардан. Маккаи Мукаррамада ҳам бир муддат мударрислик қилганлар…
Бу гаплар қулоқ-қулоғимга сингиб кетган. Бувам айтишдан, мен эшитишдан чарчамайман. Айниқса, авлиёнинг дўсти ҳақидаги ривоят менга жуда ёқади. Ўсмоқчилаб шу ҳақда гап очаман.
Бобом секин-секин одимлаган кўйи давом этадилар: “Ҳазратнинг қабрлари ёнида икки қабр бор. Бири қиз қабр — кимникилиги номаълум. Иккинчиси дўст қабр — ўринларига жон таслим қилган қадрдон дўстларининг қабри. Ривоятларга кўра, Азроил Имом Мўйиннинг жонларини олгани келганда, оналари дод солиб ёлворибди: ўғлимнинг эмас, менинг жонимни ол! Азроил ҳазратнинг волидаи муҳтарамаларининг жонини бир тортган экан, жони киндигига келган онаизор чинқириб юборибди: во-оҳ бўлди, бас қил, жонимни қайтар ўзимга, кимнинг жонини олсанг олавер. Кейин оталари Азроилга ёлворибди: ўғлимнинг эмас, менинг жонимни ол! Азроил у кишининг жонини бир марта тортган экан, жон киндиккача суғирилиб келибди, ота тишини-тишига қўйиб бардош берибди. Иккинчи марта тортганда жони бўғзига тиқилган ота ҳам бақирибди: — Бўлди, бас, ўғлимнинг жонини олавер. Шунда яқин дўстлари Азроилга пешвоз чиқиб, мана менинг жонимни ол, дебди. Азроил бир марта тортибди, дўстдан садо чиқмабди, кейин яна тортибди, дўст миқ этмасмиш. Азроил айтибди: ҳеч бўлмаса бир маротаба “оҳ” де, жонингни ўзингга қайтараман?
— Э, йўқ, — дебди дўст жон аччиғида лаблари титраб, — олавер, мингта жоним бўлганда ҳам, дўстим учун аямайман.
Туғишгандан тутинган азиз, деб шунинг учун айтилган. Имом Мўйин қабрлари ёнидаги қабр ўша жўмард дўстлариники. Энг аввал ўша қабр зиёрат қилинади.
Ичкарида баланд туғ остида авлиёнинг қабри бор. Душманлар ўлдирмоқчи бўлиб, таъқиб қилганида аввал бургутга айланиб, кейин туяга айланиб қочиб, шу ерга келганда еростига кириб кетганлар. Бир ўркачлари ер юзасида қолган…”.
— Бува, одам ҳам туяга айланадими? — ишонқирамай сўрайман.
— Ҳа, бола-ам, иймони бутун, ўз нафсини енгган, авлиё одамлар хоҳлаган қиёфаларига кира олишади.
Бу орада катта йўлга чиқиб, икки қишлоқни бир-биридан ажратиб турувчи зовур ёқалаб юрдик. Қамишларни шитирлатиб, ғийқ-ғийқ қилганча сувга шўнғиётган ёввойи ўрдаклар диққатимни тортди. Сўнг нимадир эсимга тушиб, яна бувамга юзландим:
— Бува зовурда илон борми?
— Ҳа, бор.
— Шоқол-чи?
— …
— Шоқолнинг шохи бўладими?
Бемаъни саволларим жонларига теккан шекилли, бобом гапирмадилар.
Ўзим билан ўзим бўлиб, зовур бўйлаб катта асфалт йўлга олиб чиқувчи ўркачсимон йўлдан югургилаб кетдим. Илиққина эсаётган куз шамоли димоғимга зах ҳидини уради. Қайсидир йили сув омборига бориб, балиқ тутганимиз ёдимга тушиб, ширин энтикиб қўяман. Ниҳоят чопа-чопа кўприкка етиб келдим. Бувам ҳали орқада, пайтдан фойдаланиб пастга тушиб зовур ичига мўралайман. Қурбақалар виж-виж сузиб юрибди. Балиқ йўқ, бўлсаям кўринмайди. Бувам етиб келганларидан кейин икки четидаги темирлари майишиб кетган пилтакўприкдан қўшни қишлоқ ҳудудига ўтдик. Улар негадир тўғри йўлдан юрмай, буғдой экиш учун тайёрлаб қўйилган майдон четига ўтириб олдилар.
Юрамизми, юрмаймизми деб иккиланиб турдим. Сўнг ёнларига чўкиб, елкаларига бош қўйдим. Чопонларига нос ва аччиқ тер ҳиди уриб қолган. Елкаларига бошимни қаттиқроқ босиб, тўйиб-тўйиб нафас симирдим. Бу ҳид менга жуда-жуда таниш ва қадрдон.
— Бува қачон уйга қайтамиз? — дедим кўзимни ишқалаб. Бувам гапимни эшитмадилар. Улар тош қотибдилар. Ҳайрат билан нигоҳлари изидан эргашдим. Диққат-эътиборлари дала ўртасидаги оқ байроқда. Узоқдан у таёққа тиркаб қўйилган оқ матога ўхшайди. Аммо у мато эмас, оққуш. Бобомнинг тилидан тушмайдиган, эртакларидан кетмайдиган оққуш. Ҳар йили кузда уч-тўрт кун қишлоқ осмонида парвоз қилиб, кейин йил бўйи кўринмайди. Баъзида даланинг ўртасига, фақат бир жойга қўниб, соатлаб шу зайлда тураверади.
— Мени яхши кўрасанми, — тўсатдан бувам тилга кирдилар, кўзларини оққушдан бир зум узмай. Кейин жавобимни ҳам кутмай давом этдилар, — мен бобомни жуда-жуда яхши кўрардим. Исмлари мулла Аҳмад эди. Қуръони каримни ёд олгандилар. Уйимиз мана шу пахта даласининг ўрнида эди, кейинчалик кўчдик, эски иморатлар бузилиб кетди. Китоблари жуда кўп эди. Бир куни ҳаммасини кигизга ўраб, ҳовлидаги қудуққа кўмдик. Икки кундан кейин бобомни олиб кетишди. Диндор, намоз ўқийди, деб, буғдой тўкилган омборхонага қамаб қўйишибди. Уч кунгача ҳеч ким хабар олмабди.
Шу пайт чаккамга сув теккандек бўлди. Қарасам бувамнинг ажин босган юзида ёш йилтираяпти. Бир нуқтага термулиб гапираяптилар.
— Бобожоним, одамзод мукаррам қилиб яратилган, деб чарчамасдилар. Сенга айтиб берган ҳикояларнинг барчасини бобомдан эшитганман. Қўли очиқ, закий инсон эдилар. Жонзотларни яхши кўрардилар. Ўсимликларга меҳр-муҳаббатлари баланд эди. Буғдойни азиз билиб, омборхонада қовуқлари ёрилиб, жон таслим қилганлар…
Ғамгин ҳикоядан таъсирланиб кетдим, яна бир муддат шу ҳаяжонда ўтирдик. Улар, мана шу оққуш менинг бобом, деб айтмадилар, лекин ўзлари шундайлигига заррача шубҳа қилмаётганликларини ёш юрагим билан ҳис қилиб турардим. Кўз ўнгимда буғдой устида жон таслим қилган бувамнинг буваси намоён бўлади, гоҳ кигизга ўралиб қудуқ ичида кўмилиб ётган эски китобларга, гоҳ бувамнинг ёшлиги ўтган жойда соатлаб қотиб турадиган оққуш томонга хаёлим кетади… Қуёш уфққа бош қўяётган пайт ўрнимиздан қўзғалдик.
Бир неча кундан сўнг ўртоқларим билан ўрдак тутиш учун қўйларни зовурга олиб бордик. Бир киши қўйларга қараб турадиган бўлди, қолганлар эса зовур ичида ўрдакларни қувлай кетдик. Улар жуда қочқоқ экан, “зип” этиб кўринади-ю, кейин сувга шўнғиб кетади. Қува-қува чарчаб ҳафсаламиз пир бўлди. Шу пайт тепада қолган ўртоғимиз: — Вой, анавини қаранглар, бир киши от чоптириб келаяпти, — деб қолди. Югуриб дўнгликка чиқдик. Отлиқ бизга яқинлашганда секинлашди. Дарров танидим. Раиснинг ўғли Шокир экан. Унинг оёқлари узун, пешонасида қашқаси бор, кишнаганда ўйноқлаб кетадиган отини ўтган йили бир марта миниб кўрганман. Шокир ёнимизга келди-да, отдан сакраб тушди. Биз гижинглаб турган қашқа отни ўраб олдик. Шу пайт кўзим оққушга тушди. Унинг узун жонсиз бўйни отнинг қорнига шалвираб осилиб турибди, оёқлари эгарга чандиб ташланган. Қанотлари қон… Шокирнинг елкасида милтиқ. Сесканиб кетдим. Ичимда нимадир узилгандек бўлди.
Уйга қандай етиб келганимни билмайман. Келсам, бобом кароватга ёнбошлаганча чой ичяптилар. Нафасим бўғзимга тиқилиб, “Оққуш, оққушни Шокир отибди, оққуш ўлди”, деб бақирдим.
— Оққуш, — бобом ўзларига ярашмаган тезликда сапчиб ўринларидан туриб, кароватдан сакраб тушдилар-да, бир зумда ёнимга етиб келдилар. Елкамдан ушлаб, қаттиқ силкитдилар: “Ким у Шокир?” Елкаларим зирқираб кетди. Бобомни ҳеч қачон бу ҳолатда кўрмагандим. “Раиснинг ўғли”, дедим базўр.
Бувам шиддат билан кўчага отилдилар. Раисникига кетдилар, деб ўйладим. Биздан уч уй нарида туради. Келиб қоларлар, деб жойимдан жилмай кутиб турдим. Ҳаял ўтмай дарвозадан қоралари кўринди. Титраб-титраб келаяптилар. Алланечук бўлиб кетдим. Қўлларида бояги оққуш. Узун бўйни осилган, қанотларига лой тегибди. Уни олиб келиб супа устига қўйдилар. Кейин ўзлари ҳам чўк тушдилар. Бобом йиғлаяптилар, мен ҳам… Бобомга ачинаяпманми ёки оққушгами, буни ўзим ҳам билмайман, лекин ичимдан кўпчиб-кўпчиб йиғи келаяпти. Шу пайт дарвоза очилиб дадам кўриндилар. Ёнимизга келиб, ҳолатимиздан донг қотдилар. Менинг ёдимга эса, лоп этиб зовурда қолиб кетган қўйларим тушди, ими-жимида ўша ёққа югургиладим.
Қайтиб келсам, бобом ҳовли тўридаги тут дарахти остини қазиб, оққушни кўмаётган эканлар. Нотаниш туйғу таъсирида ёнларида турдим. Бувам йиғлаб-йиғлаб оққушни тупроққа қўйдилар. Эсимни таниганимдан бери тилларидан тушмайдиган оқ байроқни ерга кўмдилар.
Ўша кундан кейин бувамнинг ғамгинлиги тарқамади. Очилмадилар. Эртакни ҳам онда-сонда эшитадиган бўлиб қолдик. Ярим йил ўтар-ўтмай ўзлари ҳам ёруғ оламни тарк этдилар. Бўзлаб-бўзлаб қолавердик.
Бувамнинг тобути қўлма-қўл ўтиб, мозор томон лапанглаб кетаяпти. Тобутнинг тўрт тарафи оппоқ мато билан ўралган. У майингина эсаётган шамолда оҳиста ҳилпирайди. Ортидан маъюс тикиламан. Кўз ўнгимда оқ байроқ — оққуш гавдаланди. У қишлоқ осмонида қонсиз, лойсиз қанотларини ёйиб Имом Мўйин томонга парвоз қилиб кетаётгандек.