Жаҳонгир поезддан тушиб, машинага ўтирганида кун пешиндан ўтганди. Машинанинг очиғ ойнасидан эсган шабада унинг меҳмонлигини билгандек тавозе билан юз-кўзини силаб ўтди. Кейин ўйноқилиги тутиб, унинг сийрак сочини елпитиб, чеҳрасини аёвсиз шапатилашга тушди. Машина шаҳардан чиқиб, оқ сувоқ уйли қишлоқларни ортда қолдирганча елиб борарди. Эсини таниганидан бери шаҳарда яшаган, қишлоқ туриш-турмушидан мутлақо бехабар Жаҳонгир пастак уйларга, йўлдаги гоҳ эшак арава минган, гоҳ қўйларни боқиб юрган одамларга алланечук ачиниб боқарди. Кун ботар маҳал машина тор қиялик йўлдан ўтиб, тоғ бағридаги қишлоққа яқинлашди. Улов ичида бўлса-да, тушида кўрган тоғларни қаршисида кўриб, Жаҳонгирнинг юраги гурсиллаб уриб кетди. Гўё эски қадрдонини кўргандай ҳаяжони чандон ортди. Худди тушидагидай. Оқ чўқмор телпагини кийиб, булутни-да менсимай, адл турган чўққи, кўз илғамас олисларга чўзилиб кетган баланд-дўнгликлардан иборат тоғ. Ўнгида илк марта кўриб турган бўлса-да, Жаҳонгир бу тоғларни неча марталаб тушида кўрган.
— Ака, шу ерда бироз тўхтатиб юборасизми? — деб юборди беихтиёр.
ЙЎл бўйи миқ этмаган ҳайдовчи илкис ортга ўгирилиб, йўловчига ҳайрон бўлиб тикилди.
— Тоғнинг тоза ҳавосидан бироз тўйиб олсам девдим. Кўпга эмас, бир неча дақиқа етарли…
Ҳайдовчи тормозни босди. Машинадан тушган Жаҳонгир қаршисидаги тоққа ишонолмай тикилди. Қарагани сайин кўз олдидан доимги туши худди қайта намойиш этилаётган кинодай ўта бошлади. Бир йилдирки, кунда кунора бу тушни кўради. Худди ҳозир ўнгида кўриб турганидай Оқ чўқмор телпагини кийиб, булут билан ким ўзар ўйнаётган чўғғи, кўз илғамас олисларга чўзилиб кетган баланд-дўнгликлардан иборат тоғ. Қаршисида тоққа ғараганча қўлларини самога кўтарган аёл. Аёлнинг униққан чит кўйлаги, бошидан тушиб, елкасини ёпган рўмоли, ёнгинасидаги темир пақири — барчасини аниқ-тиниқ кўради-ю, унинг юзини кўролмайди. Ҳатто йиғламсираган овози ҳам қулоғига элас-элас чалинади. Аёлга яқинлашмоқчи бўлганида уйғониб кетади. Кўзини очганида жиққа терга ботиб, тўшагида ётган бўлади. “Бу аёл ким бўлди? Нега менинг тушимга кираверади?” деган саволлар аввалига Жаҳонгирнинг хаёлигаям келмади. Босинқираб уйғонган каби юраги ғашланиб юраверди. Отаси вафотидан олдин барчасига иқрор бўлмаганида балки бу туш унинг учун шунчаки босинқираш бўлиб қолаверарди… Ўшанда отасининг тоби қочиб, ётиб қолувди. Қайта-қайта қилинган муолажалар уни соғайтириш ўрнига кун сайин юзи заҳиллашиб, озиб-тузиб кетди. Жаҳонгир ишдан қайтганида отаси ётган хонага кириб, ҳол-аҳвол сўраб чиқарди. Ўша куниям доимгидек ҳол сўрагани кирди. Отасининг юзига қизил югургани, ўзи ҳам алланечук безовталанаётганини кўриб, хавотирга тушди. Тез ёрдам машинасини чақирмоқчи бўлиб ўрнидан қўзғалувди ҳамки отаси муҳим гап айтмоқчидай унинг билагидан ушлаб, жойига ўтирғизди.
— Болам, менга қолса, бу сирни гўримгаям олиб кетардим. Лекин онанг “Сизсиз мен буни қандай айтаман? Шунча пайт яшириб келдик. Энди барчасини айтинг. Кап-катта оилали ўғлимни ортиқ алдашни истамайман. Қачонлардир хабар топса, мендан ранжийди”, деб ҳоли-жонимга қўймаяпти. Онангниям гапида жон бор. Мен ўтиб кетсам, у қўлингга қараб қолади. Мабодо, ҳақиқатни билиб қолиб, ундан юз ўгирсанг, менинг худбинлигим эвазига у азобда қолади. Чунки бу сирни сенга айтишимизни жуда кўп марта айтган. Лекин мен истамагандим.
— Ота, нималар деяпсиз? Қайси сир?.. — сўради Жаҳонгир отасининг мужмал гапларига тушунолмай.
— Ўғлим, ойинг сени туққан эмас! Мен сени отангман. Уч ёшингда ўз онангни бағридан юлиб келганман. Э, тақдир деганлари шу экан. Мен Ҳанифа билан турмуш қуриб, бахтли яшаётгандим. Қилган хатойим— ота-онам норози бўлсаям курсдошимга уйланиб, шаҳарда яшай бошладим. Отам мендан қаттиқ ранжиди. Онам эса токи қишлоқда уйланиб, уларнинг юзини ёруғ қилмагунимча мени кечирмаслигини айтди. Икки ўт орасида қолдим. Бир томонда ота-онам розилиги, иккинчи тарафда менга ишониб, турмушга чиққан аёл шаъни, кўнгли. Ҳанифа тушунган, ақлли аёл, фақат ўзини ўйламади, ота-онамни ҳам рози қилишимга кўндирди. Ўйлай-ўйлай охири қишлоққа қайтиб, улар айтган қизга уйланмоқчилигимни айтдим. Отамнинг ғурурли эди, тўй ўтмагунча юзимга қарамади. Онам эса синглисининг қизини келинликка танлади. Холаваччам билан фотиҳаланиб, шаҳарга қайтдим. Ичим тўла дард. Тўй яқинлашгани сайин бу дард юрагимни тарс ёргудек катталашиб борарди. Холаваччам Гулшан мактабни тамомлаган, оқ-қорани ажратмаган ғўргина қиз эди. Тўй куни унинг ҳеч нарсадан бехабарлигини, менга уялинқираб қараб қўяётганини кўриб, ўз-ўзимдан нафратланиб ўтирдим. Онамнинг қистови билан бир ҳафта қишлоқда қолдим. Кейин ишларим кўплигини баҳона қилиб, шаҳарга қайтдим. Гулшан менга эргашишга ота-онамнинг юзидан ўтолмади. Унинг журъатсизлигидан енгил тортиб, шаҳарга томон учдим. Шу кетганча олти ойдан кейин онамнинг тинимсиз чақириғи билан қайтдим. Гулшан ҳомиладор бўлиб, унинг беғубор юзи доғ босиб, қорайиб кетганди. Уни янаям озиб, кичрайиб қолганини кўриб, ачиниб кетдим. Журъатсизлигим туфайли икки томонда икки аёлни бахтини кемтик қилганим, уларга хиёнат қилаётганим учун ич-ичимдан ўртанардим. Бир неча кун туриб, ортимга қайтдим. Шу кетганимча Сардор ўғлим туғилганида қишлоққа қайтдим. Шундаям Гулшан мендан ўпкаламади. Қишлоқда ўғлим, шаҳарда иккинчи қизим туғилганида мен икки ўт орасида қовурилардим. Энди икки хотинимни ҳам тенг кўришим, фарзандларимга оталик қилишимни ўйлаб, ўзимни қўлга олдим. Икки-уч ойда қишлоққа бориб, аҳволлашиб келардим. Аканг икки ёшга тўлганида сен туғилдинг. Ўшанда онам сизларни менга қўшиб, шаҳарга жўнатмоқчи бўлувди. Мен эса қўрқоқлик қилиб, каллаи саҳардан шаҳарга қочиб кетдим. Бу ерда ўз оилам, шириндан шакар икки қизим бўлишига қарамай, қишлоқдан бирон яқиним келиб, шарманда қилмасин, деган хавотирда кунимни ўтказардим. Бир куни телеграмма орқали онамнинг тоби қочиб, оғирлашиб қолганини ёзиб юборишибди. Мен номард ўғил, онамни шунча қийнаганим етмагандай, энди оқибатсизлик қилиб тамом қилдим, деб юрак ҳовучлаб қишлоққа қайтдим. Эшикдан киришим билан онамнинг менга илҳақ бўлиб ётган кўзларидан дувиллаб ёш қуйилди. Титроқли қўллари билан юзларимни силади. Кейин хириллаганча розилик сўраб, жон берди. Онамни тупроққа топшириб, қишлоққа сиғмай қолдим. Онамнинг ўлимида, беш йилдан бери эр кутиб, эшигимда сарғайган Гулшаннинг кўзларидаги мунгда ўзимнинг айбдорлигимни кўраётгандим. Маъракалари ўтишини ҳам кутмай, шаҳарга қайтдим. Бир йил ўтди. Бошим ғурбатдан чиқмай қолди. Ҳанифа касалланиб, охири туғмас бўлиб қолди. Икки қизимни, севиб уйланган аёлимни қанчалик яхши кўрсам-да, кўз олдимда ўғлим йўқлиги алам қиларди. Шунда қишлоққа бориб, аканг икковингдан бирингни олиб келишни ўйладим. Борганимда Гулшан ўзига йўқ севиниб кетди. “Энди бизни олиб кетасиз-а, қайнонам йўқ, бу уйда ортиқ қолиб нима қиламан”, деб кўзимга умид билан жавдираб тикилди. Мен яна худбинлик қилдим. Эндигина атак-чечак юра бошлаганингни кўриб, сенга меҳрим тушиб қолди ва онангни зор қақшашигаям қарамай, жигарбандини бағридан юлиб олдим. Йўлга отланганимда онанга мен ҳам ўғилларимнинг отаси эканимни унутмаслигини, ҳозирча Жаҳонгирни олиб кетсам, кейинроқ икковингниям олиб кетаман, деб алдадим. Сардорни ҳам ташлаб қўймайман, унга ғамхўрлик қиламан, деганимдагина у йиғлай-йиғлай кўнди. Ҳанифа кундошимнинг боласи демади, сенга ўз боласидай қаради, кўнглингни ўкситмади. Бир неча ой ўтиб, энди кўника бошлаган пайтларинг эди. Тўсатдан қаттиқ шамоллаб қолдинг. Дўхтирга кўрсатгани олиб борсак, текширувлардан кейин юрагинг касаллигини айтишди. Ишонмай, бошқа дўхтирларга кўрсатдим. Туғма юрак пороги, дейишганида кўзимга дунё тор кўриниб кетди. Гулшан нега менга касалманд бола туғиб беради, деб аччиқландим. Шундан кейин сени қайта қишлоққа обормадим, онангга кўрсатмадим. Фикру хаёлим сени соғайтириш эди. Бир йилда икки-уч марталаб онанг касалхонада олиб ётарди. Шукр, соғайдинг, уйланиб, бола-чақа орттирдинг. Ҳаммаси яхшилик билан тугагач, сени қишлоққа, онанг билан акангни ёнига олиб бормоқчи бўлдим. Лекин энди бу онангни ўйладим. Шунча йил сенга ғамхўрлик қилиб, бағрига босгани эвазига ўгайлигини билиб, ундан узоқлашишингни, ўз қондошларинг ёнига кетиб қолишингни истамадим. Ахир у сени деб қанча заҳматларни енгди. Сендан охирги илтимосим, ойингни ёлғиз ташлаб кетма!
— Ота?! — Жаҳонгир эшитганларига ишонолмай, отасига тикилди.
— Биламан, болам мен яна қўрқоқлик қилдим. Ажалим яқинлашганини сезиб, сенга ҳақиқатни айтдим. Бебошлик қилиб Ҳанифага уйланганим, қўрқоқлигимдан Гулшан билан турмуш қуришим — барчаси менинг айбим. Икковининг олдида ҳам айбдорман. Бу азоб мени умрим бўйи қийнади.
Отаси оғир тин олиб, кўзини юмди. Жаҳонгирнинг эса гўё бошига осмон қулаб тушгандек оғир, карахт аҳволда эди. У шаҳд билан ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Чап кўксида бошланган оғриқ бутун вужудини эгаллаб, нафас олиши қийинлашгандек бўлди. Ҳовлидаги устунни маҳкам ушлади. Қулоғи остида бошланган ғув-ғув бироздан кейин ойисининг йиғисига алмашди. Отаси сирни айтиб оламдан ўтганди.
Отасининг вафотидан кейин Жаҳонгир касалхонада даволаниб чиқди. Уйга қайтганида эса онаси унга ғандайдир хавотир билан боқаётганини кўриб, барчасини ичига ютди. Ўзини ҳеч нарса билмагандай тутди.
Ўша кўргиликларгаям бир йилдан ошди. Жаҳонгир ҳар куни тоғни, қаршисида нотаниш аёлни кўришини айтмаса, отасининг гапларини деярли унутганди. Икки кун олдин тўсатдан ойисининг ўзи оғиз очди.
— Шу кунларда тушимга тез-тез отанг киряпти. Сен Жаҳонгирни қишлоққа жўнат, деб тайинлайди. Болам, энди барчасидан хабардорсан. Йигирма беш йилдан бери бағримни тўлдириб, иззатимни қилганинг учун ҳам сендан мингдан минг розиман. Энди онамни, акамни ёнига қайтаман, десанг ҳам олдингни олмайман. Онанг бечораниям йўлингга қарай-қарай кўзи уйилгандир.
— Лекин сиз мени ойимсиз!.. — деди Жаҳонгир нигоҳини олиб қочиб.
— Биламан, болам, биламан. Лекин мен ҳам кексайиб қолдим. Кўзим очиқлигида жигарларингни ёнига қайтганингни кўрсам, кўнглим тинчирди. Ёки ўзим бориб, улардан кечирим сўраб, таништириб келайми?
— Йўғ-е, сиз нима қиласиз? — деди Жаҳонгир.
— Соғлигингни мазаси йўқ. Тағин ҳаяжонланиб, юрагинг хуруж қилиб қоладими, деб қўрқаман-да.
— Мен сизга ёш боламидим, — деди Жаҳонгир кулиб,— соғлигимдан хавотирланиб, доим қўриқлаб юрасиз. Сиз кўнглингизни хотиржам қилинг, ўзимни авайлайман.
Ойисининг гапидан кейин Жаҳонгир ҳам ўйлай-ўйлай, қишлоққа отланди.
— Ака, кеч тушиб қолди, энди қишлоққа кирсак ҳам бўлар, — деган овоздан ўзига келган Жаҳонгир йўл чеккасидаги машинасига суянганча уни кутиб турган ҳайдовчини кўриб, хижолат тортди. Тезда машинага ўтирди.
— Кечирасиз, хаёлга берилиб кетибман, — деди ҳайдовчидан узр сўраб.
— Ҳечқиси йўқ. Шом пайти қишлоқда иш қайнайди. Моллар даладан қайтиб, уларга ем-хашак ташлаш, соғиш дегандай. Мениям ташвишим кўплиги учун сизни чақирдим-да.
Ҳайдовчининг самимийлигидан Жаҳонгирнинг юрагидаги хижолати аригандек бўлди. Бироз юриб, қишлоққа киришди.
— Манави биринчи дарвоза Сардорни уйи. Ўзи даладан қайтмагандир-ов, болалари бордир, — деб ҳайдовчи машинадан тушиб, ичкарига овоз берди.
Бироздан кейин ўттизларни қоралаган, қотмадан келган аёл чиқиб келди.
— Келин, Сардор уйдами? Сизларникига меҳмон олиб келдим.
— Ҳозиргина даладан қайтиб, ичкарига кирувдила. Қани кирингизлар, — деди аёлнинг юзи ёришиб.
Ҳайдовчи нимадир деди чоғи, аёл шошилиб ичкарига кириб кетди. Ҳаял ўтмай, бояги аёлга эргашиб тўладан келган, дўпписи тагидан жингалак сочлари чиқиб турган, қуёшда қорайиб, соч-соқоли ўсган эркак чиқиб келди. Ҳайдовчи билан кўришиб, машинага ажабланиб қаради.
— Қани меҳмон тушинг, мана Сардоржон, — деди ҳайдовчи эшикни очиб.
Жаҳонгирнинг юраги ўйнаб, бўғзини ўтли тиғ куйдириб ўтгандек бўлди. Шу пайт кафтидаги дорини тилининг тагига ташлади. Ич-ичидан қуйилиб келаётган титроқни енгиб, машинадан тушди. Ўзини қўлга олишга урингани сайин оёғидаги титроқ зўрайиб, қалтираб борарди. Бир қадам ташлади.
— Адашмадингизми? — сўради эркак уни танимай.
— Мен Жаҳонгирман, Лазиз акани ўғли!.. — деди у қилт этиб ютиниб.
— Жаҳонгир?! — эркакнинг юзи оқариб, қиёфаси тундлашди. Худди қаршисидаги рақибини енгмоқчидек унга ёвқараш қилди. Жаҳонгир бундай муомалани кутмаганиданми ўзини йўқотаёзди. Турган жойидан қадами илдамламади.
— Вой ўлмасам, отаси меҳмонни ичкарига олиб киринг. Шаҳардай жойдан қайнукам келибди-ю, сизни қоққан қозиқдек туришингизни-чи. Юринг ука, ичкарига киринг. Ҳой, Юлдуз момонгни чақир, — деди аёл ҳовлиқиб.
Сардор шарт бурилиб, ичкарига кириб кетди. Аёл эса Жаҳонгирни бошлади.
— Келинг, ука, тортинманг. Юлдуз дедим, момонгни чақирдингми? — дея аёлнинг овози баландлашди.
Жаҳонгир қўрқув ва ҳаяжон билан дарвозадан кирди. Шу пайт рўпарадаги кичкинагина оқланган эшик очилиб, кекса аёл чиқиб келди. Жаҳонгир тушидаги каби чит кўйлак кийиб, бошига рўмол танғиган аёлни кўриб, эсанкираб қолди. Аёлнинг рўмоли четидан чиққан сочлари қордек оппоқ, нигоҳлари нурсиз, маъносиз боқарди. Унинг озғин, қорамағиз юзидаги ажинлари уни янаям кексароғ кўрсатарди.
— Нимага бунча ҳовлиқасан? Ким келди ўзи? — деди аёл супадан тушаётиб.
— Момоси, қаранг ким келди? Нолаларингиз Худога етибди, қайнукам келди, — деди аёл илдам бориб, қайнонасининг билагидан тутганча.
— Нима?! — аёлнинг овози сукунат бағридан отилиб чиққан вулқондек гумбурлаб тинди. У жойида таққа тўхтаб, нигоҳини қаршисидаги Жаҳонгирга қадади. Кўзларидан дувиллаб қуйилган ёшлар ажинларни ҳам менсимай, яноқларини ювди. У қалтираб икки қадам ташлади. Ҳаяжондан титраётган қўллари Жаҳонгирга талпинганида бошидаги рўмоли сирғалиб, елкасини ёпди. Икки томонга ажратиб, ўрилган сочи қордек оппоқ бўлган аёлни кўриб, Жаҳонгир нима қиларини билолмай турарди.
— Жаҳонгирим келдими?! Чинданми?.. Бир куни у барибир қайтиб келишини юрагим сезувди!.. — деди аёл йиғламсираб ва қаршисидаги эркакнинг бегонасираб турганини кўриб, журъатсизгина тўхтади. Илтижоли, ожиз овозда давом этди.
— Жаҳонгир, Ўзингмисан? Шу кунларни кўрсатганига шукр! Сени кўролмай, дийдорингга туёлмай кетаманми деб қўрқувдим. Минг шукр, қайтганингга шукр!
Аёл Жаҳонгирни бағрига босди. Жаҳонгирнинг димоғига илгари сира туймаган муаттар ис гуп этиб урилди. Юраги ҳаяжондан энтикиб кетди.
— Онажон!.. — деди бўғзидаги йиғини енгиб.
— Болам-а, сени бағримга босишни шунча йил кутдим! Қара, кап-катта бўлиб қолибсан!.. — деди аёл бағридан бўшатиб, унга тикилганча.
— Момоси, қайним йўлда чарчаб келган. Қани ичкарига кирингизлар, бир пиёла чой устида бемалол гаплашасизлар, — деди келин қайнонасининг елкасидан тутиб.
Аёл Жаҳонгирни елкалаб ичкарига кирди. Ортидан Сардор, хотини киришди. Келин тахмондан тоза дастурхон олиб, ўртага ёзди. Кейин каттакон идишга бостирилиб, усти эски чопон билан ёпиб қўйилган нондан тўрттасини олиб, дастурхонга қўйди. Гулшан хола қўлини дуога очди. Сардор тумшайганча нонни синдириб, онаси ва меҳмоннинг олдига қўйди.
— Эсон-омон етиб келдингми, болам? Уй ичиларинг тинчми? Кўрган-билганларинг соғ-саломатми?
— Раҳмат, Ўзларингиз яхши ўтирибсизларми? — дея сўрашди Жаҳонгир унга еб қўйгудек тикилиб турган акасидан ийманиб.
— Шукр, болам. Бир куни шундай кириб келишингни кўнглим сезарди. Онаман-да, барибир сезганман, — деди аёл ўртадаги вазиятни юмшатиш учун Сардорга қараб олганча.
Бироздан кейин уй қариндош-уруғлар билан тўлди. Уларнинг бири олиб, бири қўйиб, Гулшан холанинг сабр-қаноатини, Жаҳонгирнинг кап-катта эркак бўлиб қолганини гапиришарди. Тун яримлаганда меҳмонларни кузатиб қўйган Гулшан хола келинига Жаҳонгирга ўрин солиб беришини тайинлади. Сардор ҳам укаси билан ёнма ён солиб берилган ўринда уйқуга кетди.
Жаҳонгир уйқусираётган бўлса-да, ўтган ишларни ақлига сиғдиролмас, бу ерда уни кутаётган шунча яқинларининг меҳрига кўниколмаётганди. Тонгга яқин кўзи илинибди.
— Жаҳонгир, болам, қани ўрнингдан тур. Бир жойга ўтиб келамиз, — деган овоздан уйғониб кетган Жаҳонгир унга меҳр билан тикилиб турган онасини кўриб, ўрнидан қўзғалди. Гўё барчаси тушида бўлаётгандек ҳалиям ишонқирамай, ҳовлига кўз югуртирди. Чўян офтобадаги муздек сувга юз-қўлини ювганида эти жунжикиб кетди.
— Сени бир жойга обораман! Янганг чойини тайёрлагунча қайтамиз, — деди онаси уни ундаб.
Жаҳонгир молхона тарафдан чиқиладиган кичкина эшикдан бошини эгиб чиқаркан, ям-яшил кенг далани кўриб, юраги ҳаприқди. Айниқса, қўлини чўзса етгудек кўринган, аслида жуда олисдаги тоғларни кўриб, юрагини ажиб ҳислар эгаллади. Тоғнинг этни жунжиктирувчи салқин ҳавоси Жаҳонгирнинг танига хуш ёқар, бу мусаффо ҳаводан кўпроқ симирмоқчидек энтикиб-энтикиб нафас оларди.
— Болам, бу тоғларни кўряпсанми? Сендан айрилган кунимдан бери шу тоғлар мени дардкашимга айланган. Уларни ютиб, шу кунларга етдим! — деди аёл ва унга ҳайрон бўлиб тикилган ўғлига синиқ жилмайиб давом этди, — аниқ эсимда йўқ, беш-олти ёшимдами, энам раҳматли менга шу тоғларни ютишни ўргатган. Энам шу қишлоқдан чиқмаган, жайдари аёл бўлган. У пайтларда болалар касал бўлса, ҳозиргидай дори-уколга тутишмасди. Биз тўққизта жўжабирдай жон эдик. Айниқса, мен нимжонроқ туғилганимгами салқин тушиши билан томоғим оғриб, ҳароратим кўтариларди. Кечаси билан тепамда ухламай чиққан энам эрталаб тонгда мени ҳовлига олиб чиқиб, “Қизим, оғзингни катта очиб, анави тоғларни ют. Оқ тоғни ғанча кўп ютсанг, тезроғ соғаясан” дерди. Мен ҳовлиққанча тоғни ютишга киришардим. Мўъжизангдан айланай, эртасигаёқ ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетардим. Энам ўшанда менга тоғларни ютиб, соғайишни эмас, ҳаёт синовларига чидамли бўлишни ўргатган экан. Қанча кўп тоғ ютсам, шунча дардга чидамли бўлишни… Отангни шаҳарда хотини борлигини сен туғилганингда билганман. Номардлик қилиб, тўйдан олдин айтганида, унга ўлсам ҳам тегмасдим, деб кўп куюндим. Ҳа майли, сен икковингни борлиги мени энг катта бахтим. Олиб кетганидан бир йилми ўтиб, менга хат жўнатибди. Унда сени дардманлигинг, мени айбим билан юрагинг касалга чалинганини ёзибди. Ўшанда олдингга дардингни олгим келди. Лекин отанг уни яхши дўхтирларга кўрсатиб, соғайтиришини, мен эса унга халақит бермаслигимни тайинлабди. Соғайиб кетишинг учун ҳам қаноти синган қушдек рози бўлдим. У номардлик қилиб, икки хотинга уйланган бўлсаям, сўзининг устидан чиқиб, сени соғайтирибди. Шунисигаям шукр. Хотини ёмон аёлга ўхшамайди. Бўлмаса, шунча пайт сени бағрида олиб юрармиди…
— Ойим жуда яхши аёл. Мени ўз боласидай кЎрди. Отамнинг вафотигача унинг ўгайлигини билмагандим.
— Шундай де, — деди Гулшан хола мамнун жилмайиб, — барака топсин.
Кейин олисдаги тоғларга қараб, сўзланди:
— Болам, тоғларни туйиб-туйиб ют. Тананг қувватга тўлиб, дардингни унутасан. Касаллигингни эшитганимда қишлоққа олиб келиб, шу тоғларни юттирсам, соғайиб кетардими, деб ҳам ўйлаганман. Лекин ёнинга боришга чорасиз эдим. Мен шу тоғларни ютиб, сабр-қаноатли бўлдим, сенга етишдим. Сен ҳам ютсанг, муродингга етасан!
Жаҳонгир беихтиёр оғзини катта-катта очиб, тоғ ҳавосидан симирди. Ўзини қаршисидаги азм тоғларни ютиб юбораётгандек, улар унинг жисмига жо бўлаётгандек ҳис этди. Ўзини ҳеч қачон бунчалик тетик, бақувват ҳис этмовди.
Жаҳонгир қишлоқда икки кун турди. Учинчи куни эрталаб қаймоқли юпқани тўйиб егач, шаҳарга отланди. Уни кузатиб, жавдираганча қараб қолган онасига яна қайтиб келишини айтди. Кечга томон йўловчи машинада шаҳарга кириб келди. Бу пайтда ҳовлидаги сўрида Ҳанифа хола ўғлининг йўлига кўз тикиб ўтирарди.