Ҳамрохон Мусурмонова. Дийдор қўшиғи (ҳикоя)

Бу атрофда унинг олдига тушадиган тулпор йўқ эди. Уни етаклаб, кўчадан савлат билан бораётган Бахтиёр чавандозга ҳамманинг ҳаваси келарди. Чунки Оққашқа улоқ-кўпкариларга тулпорларнинг сардори бўлиб кирарди. Қоп-қора ёлларини ҳилпиратиб, майдонга чопиб кирганда ҳар қандай зўр чавандознинг ҳам юраги алғов-далғов бўлмай қолмасди. Бахтиёрни Оққашқанинг чавандози дейишарди.
Бахтиёр эса тулпорини «Дўстим, қадрдоним» деб эркаларди. Фақат кўпкарига киргандагина: «Олға, тулпорим, олға», дея меҳр билан қулоғига шивирларди.

* * *

Одатдагидек, саҳарда отхонага кирган Бахтиёр бир зум серрайиб туриб қолди. Ҳеч нимага тушунмагандек анграйиб, Оққашқанинг қозиғи ёнига борди. «Бўшроқ боғлаган бўлсам, ечилиб кетганмикан?» деган ўйда тулпорнинг арқонини қидирди. Қозиқда арқон кўринмасди.
Бахтиёрнинг ич-ичидан бир овоз: «Тулпорни ўғирлашган», дея таъкидлагандек бўлди. Оғилхонадан шошиб чиқиб, ҳовлини айланди, кўчага югурди. Гъира-ширада кўчанинг икки юзидаги тераклар қилт этмай турарди. Юраги бўм-бўш бўлиб қайтиб кириб, яна тулпорнинг қозиғи ёнига борди. Ерга тикилиб, ўзича бирор аломат, нишон излади. Ерда тулпорнинг туёқ излари кўринмасди. Шундагина ич-ичидан тошиб келаётган ғалаён тилига кўчди:
− Аҳ-ҳ, ярамаслар! Ўғирлашибди! Оққашқани олиб кетишибди!
Ичкаридан хотини, ўғли ва қизи югуриб чиқди:
− Нима гап, отаси?
− Оққашқа… Оққашқа йўқ, Ҳанифа.
− Балки, арқони бўшалиб кетгандир? Эҳтимол, кўча-пўчага чиқиб…
− Йўқ! − деди Бахтиёр Ҳанифанинг гапини бўлиб. − Уни ўғирлашган…
Бахтиёр бошини чангаллаб, Оққашқанинг охури ёнига ўтириб қолди. Ҳанифа ўн тўрт ёшли ўғли Шаҳобиддинга юзланди:
− Бор, болам, Эшпўлат амакингни чақириб кел.
Дадасининг дўстини чақириб келса, Оққашқа топиладигандек, Шаҳобиддин кўча тарафга югурди.

* * *

− Нима гап? Тинчликми, келин? − дея эшикдан ҳовлиқиб кириб келди Эшпўлат.
Ҳанифа унга салом беришни ҳам унутиб, отхона тарафга ишора қилди:
− Ошнангизнинг оти… Оққашқа йўқолиб қолди.
− Ваҳима қилмасаларинг-чи, арқони ечилган бўлса, дала-палага йўрғалаб кетгандир. Ҳозир биргалашиб қидирамиз, − деб Эшпўлат, Бахтиёрнинг ёнига бориб, елкасига қўлини қўйди. − Оғайни, бу нима ўтириш?.. Қараш керак, эҳтимол, бедапояга кетгандир…
− Кўнглим сезиб турибди. Уни ўғирлашган, − деди Бахтиёр тишларини ғижирлатиб. − Лекин бу ишни ким қилганига ақлим етмаяпти.
− Аввал мундоқ дала-палани айланиб кўрайлик-чи, топилмаса, кейин ваҳима қиласан. Тур энди. Тулпоринг йўқолиши мумкинмас-э… Топамиз. Сенинг уйингга ҳадди сиғиб, биров ўғриликка киролармиди? Тур, ошна…
Бахтиёрнинг кўзида алланечук умид учқунлади.
− Шу пайтгача сира бундай бўлмаган, бегонани яқинига йўлатмасди. Жуда бўлмаса, кишнаб, ишора берарди, − деди дўстига жавдираб қараб.
− Кўрдингми, унга биров даф қилганда, Оққашқанг ҳаммани оёққа турғазган бўларди. Вақтни ўтказмай, қидириш керак, − Эшпўлат ғайратли қиёфада Шаҳобиддинга юзланди: − Шаҳоб, бор, Ойбек акангни чақир. Дадангиз айтяпти, иккаламиз бедапояни кўриб келарканмиз, деб айт унга… Келин, сизлар уйдан чиқмай ўтиринглар, нима хабар бўлса, шу ерга келамиз.
− Яхшиям сен бор экансан, оғайни, бўлмаса, шу пайт нима қилардим? − деди Бахтиёр унинг елкасига қўл ташлаб.
Эшпўлат ошнасига қараб кулимсиради:
− Бунақа ўтирма, топамиз тулпорингни.

* * *

Ҳанифа сўрида бошини эгиб ўтирган Бахтиёрнинг ёнига келиб, қўлидаги чойнак-пиёлани эрининг ёнига қўйди.
− Отаси, топилар ўша жонивор… Одамлар ўтиб кетяпти бу дунёдан, у-ку бир от экан…
− Гап отнинг йўқолганида эмас, онаси, − деди Бахтиёр бир нуқтадан кўз узмай. − Оққашқани ўғирлаган нокас уйимни оёқ ости қилди. Энди эл-юрт олдида нима деган одам бўламан? Бахтиёрнинг уйига ит ҳам, бит ҳам бемалол кириб, истаган нарсасини олиб кетаверади, деб одамлар устимдан кулмайдими, ахир?!
− Қўйсангиз-чи. Бир отнинг йўқолгани Бахтиёр чавандозни синдирибди, қаддини букибди, деган таъна ёмон, отаси. Бошингизни кўтаринг. Одамлар қайғунгизни сезмасин.
Хотинининг гаплари Бахтиёрга маъқул кўринди.
− Сенга гап бўлса, бас, жуда чечансан, − деди у оғир хўрсиниб. − Лекин гапингда жон бор. Мен Бахтиёр чавандозман. Элнинг ичида юрган одамман. Ҳар қанча ташвишим бўлса ҳам бошимни эгмаслигим керак.
Чавандоз хотини узатган чойни иссиқ-иссиқ ҳўплади.
− Ана, Эшпўлат ошнангиз, сизни деб куйиб-пишиб юрибди. Шу от ўлгурни қидиртириб ўғли Ойбекниям тиндирмаяпти.
− Унинг бунақа жонкуярлигини авваллари сира сезмагандим. Ичида бир ғайирлиги бор, деб юрардим.
− Ҳа, энди дўст дегани синовда билинади-да, отаси…

* * *

Оққашқанинг димоғига зах ҳиди урилди. Кўнгли алланечук нохушликни сезиб, безовта депсинди. Бошини илкис силтаб, туёқларига солинган занжир-кишандан озод бўлишга уринди. Қаэрда турганини англамоқчи бўлгандек бошини сарак-сарак қилди. Аммо ҳеч нарсани илғамади. Бироздан кейин димоғига қуриган беданинг иси урилиб, кўнгли хотиржам тортди. Чунки бу ис унга қадрдон отхонасини эслатганди.
− Энди шу ерда яшайсан, тулпорларнинг сардори, − деган овоз қулоғига кирди.
Овоз ҳам, унинг атрофида ўралашаётган одамнинг иси ҳам унга жуда таниш эди.
Сўнг кўзини тўсиб турган нарсани олиб ташлашди. Туйнукдан хира нур ёғилар, ғира-шира хонада Эшпўлат тиржайиб турарди. Уни кўриб, тулпорнинг кўнглидаги нохушлик тарқалди. Ахир бу Бахтиёрнинг дўсти-ку. Демак, Оққашқанинг ҳам дўсти. Дўстнинг дўстидан ёмонлик келмайди.
− Гъиринг деб, овозингни чиқара кўрма, − деди Эшпўлат, унга ғалати ўшшайиб. − Бахтиёр ўпкасини босиб олгунча шу ерда яшайсан, кейин… − Эшпўлатнинг юзига заҳарханда кулги ёйилди. − Қази-пазига ярарсан.
Эшпўлат ёғоч эшикни ғичирлатиб очиб, ташқарига чиқиб кетди.
Унинг гапини англамаган Оққашқа қуриган бедани курт-курт қилиб, эринибгина кавшай бошлади…
У ички ботиний сезги билан тонг отганини пайқади. Туйнукдан тушаётган ёруғлик тиниқлашди. Оққашқанинг оғзи қуруқшаб, сув ичгиси келди. Ҳар куни бу маҳалда Бахтиёр ундан икки марта хабар оларди. Гъира-шира тонг отаётган паллада келиб, олдига бир боғ қуриган беда ташлар, сўнг ёлини силаб:
− Яхшимисан, ошна, омонмисан? Иккимизни соғ-саломат кўриштирган Аллоҳга шукрлар бўлсин, − деб у билан сўрашарди.
Офтоб оламни ёритган пайтда эса бўйнига арпа солинган халтани илиб қўярди-да, дағаллашган кенг кафтлари билан баданини ишқалаб, силаб-сийпалаб эркаларди. «Иккимиз дўст бўлиш учун яралганмиз: сен ва мен, икки дўст», − дерди Бахтиёр унинг кўзларига термилиб. Бу гапдан яйраб кетган Оққашқа думини у ёқ-бу ёққа ташлаб, ер депсиниб, бошини сарак-сарак қилиб, дўстига муҳаббатини изҳор этарди.
− Ҳамма гапимга тушунасан-а, жонивор? − деб унинг юзига шапатилаб урарди Бахтиёр. − Одамлар бир-бирини тушунмайдиган замонда, сенинг ақлингга беш кетаман. Зуккосан, дўстим.
Оққашқа Бахтиёрни одамларнинг энг кўрками, энг саховатлиси ва энг яхшиси деб билади. Уни кўриши билан беихтиёр куйлагиси келади, туёқлари билан ер депсиниб, думини кериб, ўйинга туша бошлайди. Бахтиёр эса кўзлари қувончдан порлаб: «Ҳа, жонивор-а, менинг тулпорим. Гижинглаб туришингга борман-да», деб унинг бўйнидан қучоқлайди. Оққашқа яйраб кетади. Шу асно Бахтиёрнинг ҳам юраги муҳаббатга лиммо-лим тўлганини ҳис этади.
Лекин нимага бугун у келмаяпти? Оққашқа туёқлари билан ер депсиниб, бошини силкиди. Тунги воқеалар элас-элас эсига тушди: Эшпўлат уни бу ёққа бошлаб келаётганда, қулоғига: «Тинчлан, дўстимнинг дўсти, сени Бахтиёр чақиряпти, дўстинг сени кутяпти», деганди. Ҳа, аниқ шундай деган эди. Сўнг негадир туёқларига ва кўзига юмшоқ мато боғлаб, уни отхонадан етаклаб чиқди…
Энди эса Бахтиёрдан дарак йўқ.
Оққашқа туйнукдан тушаётган нурга термилди. Чанқоғи кучайди, қорни очди. Яна ер депсиниб, безовталаниб, уч-тўрт марта кишнади. Бахтиёрни чақирди. Аммо ундан Бахтиёр ҳам, Эшпўлат ҳам хабар олмади.

* * *

Бир ҳафта, ўн кун ўтса ҳам, Оққашқа топилмагач, Бахтиёр кўча-кўйга ҳам чиқмай қўйди. Унга алам қилаётгани Бахтиёр чавандозни назар-писанд қилмай, уйига ўғриликка киришгани эди. Ҳамма унга ачиниб қараётгандек, «Бунинг ҳовлиси бир марта оёқ ости бўлди», дея калака қилаётгандек туюларди. Оққашқани ўғирлаган одам чавандознинг ори, ғурурини ҳам топтаб кетганди. Кимсан − Бахтиёр чавандоз, Бахтиёр фермер бўлса… Унча-мунча одам ҳадди сиғиб, юзига гапиролмасди. Тўртта сигирни парваришлаб, боқиб, кўпайтириб, ферма барпо қилди. Қўлида ишлаётган йигитларнинг оёғидан ўт чақнайди. Лекин Оққашқасиз унинг обрўси кемтик эди.

* * *

Тулпорнинг туёқларига кишан солиб қўйишганди. У ер депсиниб толиқди. Очлик, чанқоқ азоб бера бошлади. Охурга тумшуғини тиқиб, кеча солинган беда қолдиқларини қидирди. Охурнинг бир бурчагида тўрт-бешта япроқ қолган экан, шуни топиб кавшанди.
Туйнукдан тушаётган нур хиралашаётган паллада эшик ғичирлаб очилиб, Эшпўлат кириб келди ва отнинг олдига бир боғлам қуриган беда ташлади. Тулпор шоша-пиша кавшанишга тушди.
− Ҳа, ётибсанми?.. − деди Эшпўлат.
Тулпор унинг товушидан заррача меҳрни ҳис этмади. Бирдан кавшанишдан тўхтаб, Эшпўлатга тикилди: «Мени нега бу ерга олиб келдинг?»
− Нимага ўшшаясан? − деб унинг яғринига шапалоқлади Эшпўлат. − Ҳе, эгангга ўхшамай ўл!
«У сенинг дўстинг эмасмиди?!»
− Икковинг ёмон жонимга тегдиларинг! Ана, томошасини кўряпман, чавандозинг ётибди сулайиб… Энди нима қилсам экан? − Эшпўлат ўйчан нигоҳ билан Оққашқага тикилди. − Бозорга обориб сотиб бўлмаса… Сени ҳамма танийди. Сўйиб, қази-қарта қилай десам, уйимда от йўқлигини одамлар яхши билади. Дарров мендан шубҳаланишади. Шу ерда ёта тур-чи, бир гап бўлар… Аммо маишатда бўламан, деб ўйлама, сенга йиғиб қўйган бир ғарам бедам йўқ менинг…
«Сен Бахтиёрга дўст эмасмисан?!»
− Намунча ҳамма гапни уққандай тикиласан менга?.. Ҳе… − Эшпўлат оғзини қийшайтириб кулди. − Ўзим ҳам ғалатиман, сен бор-йўғи бир от бўлсанг… Гапга тушунармидинг?.. Эгангни муштдайлигидан биламан. Тепишиб катта бўлганмиз. Болалигимиздан бери менга саховатпешалик қилади. Ҳамма нарсасини бўлишишни истарди мен билан. Ҳар доим омад уники бўлди. Бир парча ер олиб фермерлик қилаётувдим, аммо уни ўзиникига қўшиб олди. Тағин кўзини лўқ қилиб, айб мендамас, қоидаси шунақа бўп қолди, дейди ярамас. Яна менга саховатпешалик қилмоқчи бўлади. “Еримда ишлаб, деҳқончилик қилсанг, косанг оқарармиди”, деб ўтирибди. Вой, ерлик бойвачча бўлган-эй… Токайгача унинг соясида юраман? Ўзича сенга бино қўярди. Мана, иккалангни айирдим. Қани бир-бирингга ёрдам бериб кўр-чи… Қани, чақир Бахтиёрни, чавандозингни чақир!
Эшпўлат қамчи билан тулпорни аямай савалади. Сўнг ҳиринглаб кулди. Ўзича ғудраниб-ғудраниб, ёғоч эшикни ғижирлатиб, очиб чиқиб кетди.
Қамчи зарбидан Оққашқанинг аъзойи бадани зирқираб кетди. Бағрига ўт тушгандек бўлди. У нафрат, ҳасад деган тушунчанинг нималигини билмасди. Ҳозир негадир юраги ёмон ўртанди. Туёқлари билан ерни тепиб-тепкилаб, ўртаниб-ўртаниб кишнади. Эшик ортидан ҳиринглаган кулги эшитилди. Сўнг Эшпўлат минғирлади:
− Ҳадеб кишнайверма, барибир, овозингни ҳеч ким эшитмайди…
Тулпор ярим тунгача бошини силкиб, думини гажак қилиб, ер депсинди. Ўзича «Дўстим, дўстингдан эҳтиёт бўл… Уни ўзингга яқинлаштирма», деб Бахтиёрни огоҳлантирмоқчи бўлди. Уни Эшпўлатдан ҳимоя қилишни истади.
Юрагида бир қатъият уйғонди. Туйнукдан тушаётган нурга термиларкан, ич-ичидан бир кишноқ келди, ўзини учиб кетаётгандек ҳис этди. Бошини ерга эгиб, ҳолсизгина кўзини юмди… Сўнг тик туриб мулгий бошлади. Қалби нинадеккина ёруғлик тўкилаётган туйнукка қараб интилди…

* * *

Эшпўлат ярим тунда отнинг кишнашидан чўчиб уйғонди. Кўзини очиши билан ширингина ухлаётган Зубайдани кўриб: «Хайрият, тушим экан», деган ўйда тўшаги ёнидаги чойнакка қўл чўзди-ю, бақадек қотиб қолди: унинг тепасида катта, жуда катта бир от кўзларидан ўт чақнатиб турарди. От туёқларини кўтарди ва бутун савлати билан ўзини Эшпўлатнинг устига ташлади.
− А-а-а-а!!! − дея бақириб юборди у.
− Ҳай-ҳай, тинчликми? Нима бўлди? Ҳай, дейман… − Зубайда ўрнидан туриб, эрининг елкасига туртди. − Ёмон туш кўрдингизми?
− От, аллақандай от… − талмовсираб жавоб қайтарди Эшпўлат.
− Ўлсин, шу ошнангизнинг оти йўқолди-ю, сизнинг уйқунгиз ҳам ҳаром бўлди. Икковингиз от дардига мубтало бўлгансизлар. Кўзингизга отнинг девлари кўриниши етмай турувди энди, − деб Зубайда пиёлага совуқ чой қуйиб, Эшпўлатга тутқазди.
Сўнг оғир уф тортиб, тескари ўгирилиб ётди.
Эшпўлат эрталаб уйғонганда лабларининг атрофига учуқ тошиб кетганди. Унинг аҳволини кўрган Зубайда Сарви кинначиникига отланди.
− Қаэрга кетяпсан? − деди Эшпўлат хотинининг муддаосини англаб.
− Сизни ўқитиб, кинна солдириб ташлаш керак.
− Ирим-сиримларингни энангга қиласан, ўтир уйда! − дея жеркиб берди у хотинини.
Орадан икки кун ўтиб, Бахтиёрникига бориб, уйига кеч қайтаётган Эшпўлат тутқаторлар орасидан ўтаётганда отнинг кишнашини эшитиб, тахтадек қотиб қолди. Унинг рўпарасида бир эмас, бир қанча отлар тизилиб туришар, ҳаммаси баравар кишнаётганди. Эшпўлатнинг оёғидан мадори кетиб, беихтиёр чўкка тушди. Шу пайт рўпарасидаги йўлдан унга қараб бир от шитоб билан чопиб кела бошлади ва шундоққина тепасига келганда туёқларини кўтариб, кишнаб юборди. Эшпўлат қўлларини бошига пана қилиб, мук тушиб ётиб олди.
Қанча ётганини билмайди, бир пайт кимдир унинг елкасига қўлини қўйди. Дир-дир титраб ўгирилди. Ўғли Ойбек экан.
− Кечаси саёқ юрма, деб уришасиз, ота. Мана, тунда юришнинг ҳам фойдаси бор эканми? − деди у тиржайиб.
Сўнг отасининг қўлтиғидан олиб, уйига етаклади.
Эшпўлат бошқа ҳеч нарсани эслай олмайди. Эрталаб турганида, боши лўқиллаб оғрир, аъзойи бадани калтаклангандек зирқирарди.
− Йўқ, бугун мени йўлимдан қайтарманг, сизни ўқитвориш керак, отнинг жинлари ёмон бўлади, − деди Зубайда енг шимариб.
Эшпўлат хотинининг орқасидан ҳайҳайлаб қолаверди.
− Эрингизга инс-жинслар дориган. Қон чиқарвориш керак, − деди Сарви кинначи.
Зубайда шу куниёқ Бахтиёрникига қараб йўрғалади.
− Сизнинг отингиз йўқолганини эшитгандан буён ғалати бўп қолган. Кечаси ўзиям ухламайди, менгаям уйқу бермайди, − деди у йиғламсираб.
Бахтиёр шаҳардан дўхтир чақиртирди.
− Чинакам дўстингиз бор экан, − деди Эшпўлатни текширган дўхтир. − Қайғунгизни юрагига яқин олибди. Шунга асаблари анча толиққан. Мен дори-дармон ёзиб бераман.
− Мени кечир, дўстим, − деди Бахтиёр дўхтирни кузатиб қайтгач. − Авваллари ичингда бир хусуматинг бўлса керак, деб ўйлардим. Энди чинакам дўстим эканингга ишондим. Отим йўқолди, лекин бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди-ку… Мен чавандозман, фермерман, юрагимдан ўтаётганини бировга билдирмаслигим керак. Дўст-душманнинг олдида бошимизни тик тутиб яшайлик, дўстим.

* * *

Оққашқанинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмай қўйди. Ташналикдан тулпорнинг тили танглайига ёпишди. Очликка чидолмай, депсина-депсина чарчади. Ҳаммасидан ҳам у Бахтиёрни жуда соғинди. Туйнукдан тушаётган нурга термиларкан, «Дўстим, дўстингдан ҳушёр бўл», дерди у ички овоз билан.
Ниҳоят, ёғоч эшик ғижирлаб очилди. Нохуш бир сезгидан тулпорнинг юраги увишди. Оғзининг атрофига яра чиққан, кўзлари чақчайган Эшпўлат кириб келди. Унинг бир қўлида челакда сув, бир қўлида бир боғлам беда бор эди.
− Мени қўрқитаман деб ўйладингми? Сен мени қўрқитмоқчи бўлдингми?! − дея Эшпўлат тулпорни қамчилай бошлади.
Оққашқа ҳолдан тойди. Эшпўлат қўлидагиларни эшик олдида қолдириб, ташқарига чиқиб кетди ва шу бўйи қайтиб кирмади.
Тулпорнинг димоғига сув ва беда ҳиди урилар, очликдан ичаклари ағдарилиб кетгудек бўлар, аммо егуликка етолмасди. Бошини ерга солинтириб турган Оққашқанинг кўз олдига Бахтиёр келди: «Қани, тулпорим, кел ўзимга», дерди у жилмайиб. Оққашқа егулик томонга интилди. Бахтиёр: «Қани, қани, яна озгина…» деб унга далда бераётгандек бўларди. Тулпорнинг юрагига қувват кириб, егулик сари интилаверди.
Ниҳоят, неча кундан буён темир қозиққа ишқаланиб, нозиклашиб бораётган арқон узилиб, тулпор егуликка етди. Қониб сув ичди. Кумир-кумир қилиб беда кавшади. Сўнг бошини солинтириб, эшикка кўз тикиб туриб қолди. Туйнукдан тушаётган нур ёришди… хира тортди… Тулпорнинг тағин қорни очқади.
Бир маҳал эшик ғичирлаб очилди ва Эшпўлатнинг тиржайган башараси кўринди. Унинг қўлида нимадир ярқираб турарди.
− Бугун кунинг битади, Оққашқа. Сенинг бу ердалигингни билиб қолишларини истамайман. Гўштингни қази-қарта қилиб, Бахтиёрга едирсам, манави еримдаги, − Эшпўлат кўксига муштлади, − аламларим дорийди, − деб вишиллади у. − Сенинг ҳолдан тойишингни кутдим. Ҳаром ўлмаслигинг учун икки кунда бир маҳал олдингга хашак ташлаб турдим. Энди кунинг битди, Оққашқа…
Эшпўлат енг шимариб, девордаги қозиқда осилиб турган арқонни қўлига олиб, Оққашқага яқинлашди. Шунда тулпор шитоб билан туёқларини баланд кўтарди. Эшпўлат ўзини ўнглолмай ўтириб қолди. Оққашқа қаттиқ кишнади. Эшпўлат сесканиб, бошини қўли билан яширди… Тулпор ёғоч эшикка ўзини урди… Эшпўлатнинг юзига отнинг орқа туёғи тегиб кетди. Атроф қоронғи эди. Тулпорнинг кўксига тоза ҳаво, димоғига намчил беда иси урилди. Шамол, майса ва ўт-ўланлар ҳиди, озодлик ифори қалбини ларзага солди. Сувнинг салқинини ҳис этиб энтикди. Тўйиб сув ичгач, шамол билан қувлашмачоқ ўйнаётгандек югуриб кетди. Узоқ югурди. Кўз олдида Бахтиёрнинг сиймоси турар, у Оққашқани имлар, унга озодлик ваъда қиларди. Тонгга яқин қадрдон ерларга яқинлашганини сезди, атроф кўзига таниш кўринди…

* * *

− Ота, отажон! − дарвозадан югуриб кирган Шаҳобиддин нафаси бўғзига тиқилиб, гапиролмай қолди.
− Ҳай, каллайи саҳарлаб яна нима шовқин? − деди ошхонадан ранги оқариб чиқиб келган Ҳанифа. − Нима бало, отанг икковинг мени ажалимдан беш кун бурун ўлдирасанларми?
− Бедапояга боргандим, отимиз… отимизни кўриб қолдим. Ота, юринг, тезроқ юринг, − деб Бахтиёрнинг енгидан тортқилади Шаҳобиддин.
Бахтиёр ўғлига ишониб-ишонмай қаради:
− Чинми, чиндан кўрдингми?
− Ҳа, ота, Оққашқани кўрдим. Ўзингиз юринг…
Оёғига бир этигини кийган Бахтиёр иккинчисига калиш илиб, ўғли билан кўчага қараб югурди. Ҳанифа эса ошхона остонасига ҳолсизгина ўтириб қолди.
Оққашқа бедапояда зўр бериб кавшанарди.
Бахтиёр уни кўриши билан:
− Тулпорим… менинг тулпорим, − деб пичирлади.
Бошини кўтариб силкиган Оққашқа Бахтиёрни кўрди-ю, кавшанишдан тўхтаб, туёқларини баланд кўтариб, бор овозда кишнаб юборди. Шу тобда унинг куйлагиси келар, ич-ичидан бир қўшиқ отилиб чиқаётганди. У туёқлари билан ер депсиниб, думини гажак қилиб, ўйинга туша бошлади. Тулпор дийдор қўшиғини куйлаётганди. Бахтиёр эса кўзлари қувончдан порлаб:
− Ҳа, жонивор-а, менинг тулпорим, гижинглаб туришингга борман-да, − деб унинг бўйнидан қучоқлаб олди. − Бормисан, қадрдоним?.. Оққашқа… дўстим…
Оққашқа яйраб кетди ва бор овозда кишнаб юборди.

* * *

Бахтиёр яна қаддини ғоз тутган, аввалгидек салобатли фермерга, мағрур чавондозга айланганди.
− Бахтиёрбой, тулпорингиз асл зотли-да, қаранг, ўғриларни доғда қолдириб, қочиб келибди, − дейишди «қуллуқ бўлсин»га кирган қўшнилар.
− Шаҳоб, бор, Эшпўлат амакингни чақириб кел, − деди Бахтиёр одамларнинг оёғи тингач. − Афтидан, уйида эмасга ўхшайди, ҳалигача дараги йўқ.
Орадан чорак соат ўтиб, изига қайтган Шаҳобиддин нохуш хабар билан қайтди:
− Амаким бетоб экан.
− Ундай бўлса, бориб кўриш керак, − дея ўрнидан қўзғалди Бахтиёр.
Дарвозадан кираверишдаги қозиққа боғланган Оққашқа унинг йўлини тўсди: «Дўстим, дўстингдан ҳушёр бўл».
− Мен дарров келаман, ошнамиз бетобмиш, кўриб келай, − дея Бахтиёр тулпорнинг ёлини силаб, кўчага йўл олди.
Тулпор аччиқ алам билан кишнаб юборди. Бахтиёр ортига ўгирилди: Оққашқа бошини хам қилиб, ерга кўз тикиб турар, унинг кўзлари ёшланганди.
− Сен хафа бўлма, ошна, мен дарров келаман. Ҳали сен билан гаплашадиган гапларимиз бор.
Тулпор кипригини пирпиратиб қўйди.
Бахтиёр Эшпўлатнинг уйига кириб борганда, у айвон четидаги сўрида ёнбошлаб ётганди. Юзининг бир тарафи кўкариб кетган, кўзлари бежо боқарди.
− Тузукмисан, оғайни? − деди Бахтиёр унинг ёнига ўтириб.
− Отинг топилибди, қуллуқ бўлсин… − дея кўзини олиб қочди Эшпўлат.
− Сенгаям катта раҳмат, биз учун жон куйдирдинг, − деб Бахтиёр унинг юз-кўзларига синовчан боқди… − Юзингга нима бўлди, ошна?
− Шу… шу десанг, деворга уриб олдим, − деди Эшпўлат кўзи билан ер чизиб.
Бахтиёр яхшилаб разм солди. Эшпўлатнинг юзида отнинг туёғидан қолган из борлигини илғади. Бахтиёрнинг кўнгли алланечук ғаш тортиб, Эшпўлатнинг кўзларига тикилди. Дўсти кўзини олиб қочди. Бахтиёрнинг кўнглидаги хижиллик кучайди. Ерга қараб ўй суриб қолди. Кўз олдига дарвозадан чиқаётганда Оққашқанинг норози кишнагани келди. Шунда беихтиёр фотиҳага қўл очди:
− Дардингга шифо берсин.
У негадир «дўстим» дея олмади. Шитоб билан ўрнидан туриб, Эшпўлатнинг ҳовлисидан чиқиб кетди.