Ҳамид Ғулом. Мушкул савдо (ҳикоя)

Мирвали ўзини куйганлардан ҳисоблайди. Сирдош дўсти Умрзоқ ундан ҳол-аҳвол сўраганда: «Билмайин босдим тиканни, тортадирман дардини», деб лутфан жавоб берди. Бу, унинг: «Салиманн синамай уйланиб қўйдим, энди умрим азобга қолди», — дегани эди. Дўстининг бундай жавоби Умрзоққа эриш туюлди шекилли, кулди-да:
— Қани, бундоқ ўтир, дафтарингни оч! — деди. Улар заводнинг кенг ҳовлиси ўртасидаги шовиллаб турган фонтан ҳовузи бўйида қуюқ яшилга бўялган панжара скамейкага ёнма-ён ўтирдилар. Иккинчи смена ҳозиргина тугаб, ишчилар тарқалишган, бугун тайёрланган сим четанли прицеплар олиб чиқиб кетилган, цехларда навбатчилар ва ремонтчи механикларгина қолган, бир қадар сокин пайт эди. Соат ўн бирга яқинлашган, кундузи қирқ иккига чиққан иссиқнинг дами ярмига қирқилган, тиниқ ҳовузда жўш ураётган сувнинг енгил шабадаси оромбахш.
Умрзоқ скамейка суянчиғига елкасини қўйганча фонтаннинг тик жўмракларидан отилаётган, калта симёғочларга камалак шаклида осилган неон чироқларнинг оқ нурида товланаётган фаввораларни томоша қилади ва бошини кафтлари орасига олганча ўтирган ерида мук тушган Мирвалини юпатишни ҳам, койишни ҳам бплмай ўй суради. У дўстининг шу йил кўкламда бўлган довруқли тўйини эслайди. Мирвалининг Чиғатой Оқтепасидаги обод ҳовлисида зиёфат бўлди. Тўйга мўътабар меҳмонлар — Политехника институтининг домлалари ва завод раҳбарлари ҳам келишди. Келин-куёв тўрдан жой олиб, меҳмонлар боғни тўлдирган эзгу дақиқада ёши етмишдан ошган муҳтарам профессорнинг ҳаяжонланиб сўзлаган нутқи Умрзоқнинг кўнглига чуқур ўрнашиб қолди:
— Бу — янги олам. Бу — орзудай гўзал ҳаёт! Бу, азизларим, озод муҳаббат тантанаси. Мирвали — машинасоз инженер, Салима — архитектор. Сизлар, мажлис аҳли, халқимиз гуллари, умидн, истиқболисиз. Муҳаббат боқий бўлгани, садоқат унинг йўлдоши бўлгани туфайли дунё боқийдир. Келинг, азизларим, ёшлар ишқи, вафоси, келажаги шарафига олқиш айтайлик!
Орадан бор-йўғи икки ой ўтди. Бургут сиёқли куёвтўра севги, бахт уфқларида баланд-баланд парвоз қилиш ўрнига қанотларини куркадай йиғиб мўлтираб ўтирибди.
— Дўстим, зинҳор уилана кўрма! — Мирвали каллласини муштлаб уҳ тортди. — Кирингни ўзинг юв, шимингни ўзинг дазмолла, аммо хотнн отлиғнинг соясини ҳам яқинингга йўлатма!
— Парадоксни қаранг-а! — Умрзоқ мийиғида кулди. — Ўтмишда хотинлар эрларидан шикоят қилишар экан, эндиликда эрлар хотинларидан шикоят қилишяпти.
— Мен то уйлангунча уйқусида ширин туш кўриб ётган гўдак эканман. Умуман, кўзимни парда босиб, ҳамма нарсани чиройли кўриб юрган эканман. Умуман, ҳаёт, мен тасаввур этгандан бошқачароқ экан. Умуман…
— Умуман, — Умрзоқ дўстининг ланж гапларини қирқди, — сен ношукур бандасан!
— Йў-ў-ўқ! — Мирвали Аброр Ҳидоятов Отеллосининг талаффузидан қилди. — Кўнглим чинқиради, уни илонлар таталайди.
«Ораларида бир гап ўтганмикин? — ўйлаб кетди Умрзоқ. — Салима оғиртабиатли, ўта мулоҳазали қиз. Унинг табиатида енгилтакликдан асар ҳам йўқ. Ёпишқоқ йигитлардан бир чақирим нарида юрар, фақат Мирвалини севар, икковининг аҳиллигига студентларнинг ҳаваси келар эди. Нима ҳодиса содир бўлди экан? Ёки учинчи биров чанг солдимикин бу оила оромига?»
— Ёрилсанг-чи, нима гап ўзи?
— Чимилдиққа кирган кечам зилзила бўлди. — Мирвалининг кўзлари оламушукникидай бежо ёнди. — Зилзила еру заминни эмас, менинг бахтимни вайрон қилгаи экан.
— Сабаб?
— Сабабки, Салимага зилзила баҳона бўлиб қолди. Умуман…
— Очиқроқ гапиравер!
— Дўстим! — Мирвали Умрзоққа яқинроқ сурилиб, товушини пасайтириброқ деди: — Умуман, оромим, ҳаловатим шаҳримиз тагидаги Уломов чизиб кўрсатган ўша дарзга тушиб кетди. Умуман…
— Уҳ! — Умрзоқ бўғнлиб ўрнидан туриб кетди. — Ёмон кўрганим мавҳум гап. Сендаги бунақа ўзгаришни шу кунгача кўрмай қолганимга ўзим ҳайронман. Айб мен хомкаллада. Бўшаган мурватингни аллақачон бураб қўйишим керак экан. Гап шу, куёвтўра: ё очиғини айтасан, ёки кечаман бунақа тахминий дўстликдан!
— Умуман, талабинг тўғри, — Мирвали анча бўшашди. — Лекии менинг аҳволимни ҳам тушунгин-да…
— Хўш, сен тасқарага нима бўпти?
Мирвали ҳовуз бўйнга, Умрзоқнинг ённга келди ва синиқ товуш билан:
— Салимадан гумоним бор, — деди.
— А? — Умрзоқ Мирвалининг мажҳул юзига тикилиб сўради: — Гумонинг кимдан?
— Ҳозирча ҳеч кимдан. Умуман…
— Тағнн «умуман» дейди-я! — Умрзоқ дўстининг билагидан қаттиқ ушлаб скамейкага тортди. — Қани, бир чеккадан, ҳовлиқмасдан сўзлаб бер-чи! Гапни ҳалиги зилзиладан бошла!
Мирвали ингичка оёқларини бир-бирига чалиштириб, туртиб чиққан тиззасини ушлаганча бир нафас ўйга толди ва Умрзоққа синашта боқиб сўради:
— Менга ишонасанми?
— Ўзимга ишонгандай.
— Раҳмат, дўстим, — Мирвали енгилгина хўрсинди. — Умуман, яхши йигитсан, тантилигингга борман. Тўйимда куёвнавкарим бўлгансан. Мени чимилдиққа кузата туриб тилаган тилакларинг ҳали ҳам қулоғимда. Умуман…
— Мунча мижғовсан! — Умрзоқ дўстини жеркиб ташлади. — Гапни резинкадай чўзмай, индаллосини айт, қўй!
— Ғазабланма, дўстим. Бошингга тушмаган, билмайсан. Аммо, умуман, ҳақсан. Фақат, илтимос… бу савдонинг мушкуллигини ҳисобга ол. Шунда менга нисбатан тош қалбинг юмшайди. — Умрзоқнинг қалин туташ қошлари яна чимирила бошлаганини кўрган Мирвали гапнинг лўндасини айтди-қўйди: — Салимага ишончим қолмади, дўстим.
— Нега энди?
— Негасини сўрама. Умуман, Салима тўғри қиз, мен уни эгриликда айбламоқчи эмасман. Уй тутиши жойида. Менга муомаласида нуқсон йўқ. Ота-онамга ҳурмати жойида. Укаларимга меҳрибон. Умуман, турмушимизнинг бу томони кўнгилдагидек.
— Қайси томони кўнгилдагидек эмас? — Умрзоқ тоқатсизланиб сўради.
— Нима десам экан? — Мирвали қўлларини кўкрагига чалиштириб, фонтан мавжига тикилиб қолди. — Ҳамма нарса тўғри бўлиши мумкину илиқлик, ҳарорат бўлмаслиги мумкин. Юрак нима? Қайноқ ҳис. Ақл нима? Аниқ тафаккур. Мен Салимада ақлни кўряпман, лекин юракни кўрмаяпман. Иккови ўртасидаги бирликни кўрмаяпман.
— Нодон! — Умрзоқ дўстига ўшқирди. — Мени бир соатдан бери шу суюқ гапни айтишга ушлаб ўтирибсанми?
— Тўхта-тўхта! — Умрзоқнинг кетишга хезланганини кўрган Мирвали унинг елкасидан босиб, изоҳ бера кетди: — Бу ерда бошқа масала бор.
— Масала?! — «Масала» деганда ҳаётдаги, ишлаб чиқаришдаги катта муаммоларни тушунувчи Умрзоқ бу сўзни эшитиб шаштидан қайтди-да, дўстига тикилди: — Хўш?
— Фараз қил, дўстим, — энди Мирвали ҳам босиқ гапирди, — сен дилингда гўзал бир орзуни ардоқлаб келдинг, лекин у орзу сенга чап бериб кетди. Ёки, сен бир ғояга ишондинг, у ғоя эса, шишадай чил-чил синди. Умуман, ҳаёт — машаққатларни енгиш жараёни. Мен буни яхши идрок этаман. Шундай бўлса ҳам…
— Тағиг фалсафа! — Умрзоқнинг гораги тошиб, скамейкадан сапчиб турди. — Бас, кетдим, қорин ҳам бўлганча бўлди.
— Афсус… — Мирвали дўстининг ёнида дарвоза томон аста юриб борар экан, шикоят қилди: — Афсус… Мен сени ягона содиқ дўстим, деб юрибман. Дунё бебақо эмиш, дўстлар бевафо…
— Латта! — Умрзоқ қадамини тезлатди. — Хайф сенга Салимадай бебаҳо қиз! Энди тушундим; эзмалигинг жонига тегиб, ўзини четга тортган. Қол! Эргашма!
— Тушунсанг-чи, ахир… — Мирвали ҳамон дўстининг ёнидан жилмай зинғиллаб борар эди, — ахир, ҳаёт — икки карра икки тўрт эмас-ку. Ҳаёт — мураккаб интеграл ҳисоб. Ё шундай эмасми?
— Тўғри айтдинг, сен учун мураккаб. — Умрзоқ кимсасиз троллейбусга чиқиб, юмшоқ курсига ўтирди. Мирвали унинг ёнига чўкди. — Аммо мен учун, дўстим, ҳаёт — равон йўл, нурли манзил, ҳар қадами кафтдай аён.
— Балки… умуман ҳақсан. — Мирвали сал бўшашди. — Эҳтимол, мен чигал муаммоларни йўқ ердан ўйлаб чиқараётгандирман. Лекин бир нарсага ақлим етмай қолди: нега бошқаларга, шу жумладан, сенга ҳамма нарса равшан, аниқ, осону менга ундай эмас?
— Чунки бошқаларнинг ақли бутун, сеники яримта. — Умрзоқ заҳарханда қилди. — Ҳамма соғ, сен жиннисан.
— Йўғ-эй! — Мирвали совуқ тер чиққан пешанасини кафти билан силади. — Эсим жойида, фикрим қатъий, ҳаёт — жумбоқ, ҳаёт — мушкул калава. Айниқса хотин. Хўш, айт-чи, сен нега уйланмайсан?
— Ҳали вақт эрта.
— А-ҳа! Баҳонасини қаранг! — Мирвали дўстига «оғзингдан илиидинг-ку!» дегандай ғолибона қараш қилди. — Биламан, мен сенинг нима сабабдан уйланмаётгангангни: қўрни босишдан қўрқасан. Уйланиш — қоронғи уйга қўққисдан кириб қолиш эканига кўзинг етади… Қувсан, дўстим!
— Ҳой бола! — Умрзоқ Мирвалини бошдан-оёқ кўздан кечирди. — Мен сўзларингни ҳазил десам, чинга ўхшайди-ку. Қани, тушдик, троллейбус ҳадеганда юрадиганга ўхшамайди. Такси оламиз. Ҳозир тўғри сенинг уйингга борамиз. Овқат топиладими? Яъни, оч қолмаймизми, деяпман?
— Биласан-ку, Салима пазанда.
— Бўпти! Дўстлар троллейбусдан тушишлари билан Чуқурсой томондан келаётган бўш таксининг кўк чироғи кўринди. Умрзоқ йўл ўртасида қўл кўтарди. Такси тўхтади. Машинага чиқдилар. Умрзоқ Чиғатой Оқтепасини, Мирвалининг адресини айтди.
Улар орқа ўриндиққа ёнма-ён ўтирганча, жимиб қолдилар.
Мирвали хотинини, унинг буларни ярим тунда қандай кутиб олишини ўйлаб кетди. Салима ҳар кунгидек, бугун ҳам эрининг ишдан келишини кутиб, ё китоб ўқиб, ёки чизма столи устига мук тушиб ўтирибди. У кам уйқулик, кўп тикилишдан қизарган кўзларини хатдан олади-да, жиддий юзи юмшаб, жилвага тўлади, илтифотни, меҳмоннавозликни жойига қўяди. Лекин у кун ва оқшом бўйи қаерларда бўлди, нималар қилди? Бу Мирвалига қоронғи. Дуруст, Салима ишига борган, кейин уйга қайта туриб магазинларга кирган, уйда эса қайната ва қайнанасининг хизматида бўлган, ниҳоят, ўз уйида чизмасига машғул… Бу томонидан Мирвалининг кўнгли тўқ. Лекин масаланинг кўнгилни ғаш қиладиган бошқа томони ҳам бор. Бу ғашликка сабаб, Мирвалининг ўз таъбири билан айтганда, кейинги ҳафталарда Салимада юз берган «маънавий ўзгариш». У ташқи жиҳатдан ҳамон аввалгидек мамнун, қувноқ кўринса ҳам, Мирвали унинг юраги тубида аллақандай сир, дард, армон ғимирлаб қолганини сезгирлик билан пайқаб олди. Мирвали шуни ўйлайди ва ўйлаган сари ўйи чуқурлашади…
Соддадил Умрзоқ эса, дўстининг «чуқур фалсафий» мулоҳазаларини келин-куёв йўлини кесиб ўтган оламушукни пардалаш учун тўқилган уйдирма деб билади. Одатда ожиз ёки ноҳақ кишилар уз гуноҳларини бекитиш учун бошқалардан ноўрин гумонсирайдилар, ҳатто бўҳтон тошларини отишга қўллари кўтариладн, Хуллас, бу ерда ё бир англашилмовчилик, ёки ноҳақ бўҳтон борлигидан Умрзоқнинг содда ақли далолат бериб турибди…
Чиғатой Оқтепасида, янги уйларнинг деразалари порлаб турган кенггина асфальт кўчада, алифланган сарғиш дарвоза олдида таксидан тушдилар. Мирвали эшик тугмасини уч марта босди. Ҳовлида енгилгина оёқ шарпаси сезилди. Калит буралиб, эшик қиягина очилди. Ёруғ йўлакда Салима кўринди.
— Келинглар, — у ўзини четга олиб йигитларга йўл берди. — Келинг, Умрзоқ ака! Қаёқдан кун чиқа қолди?
— Бевақт йўқлаганимиз учун узр. — Хижолатдан Умрзоқнинг нешонасига тер чиқди.
— Ишларпнгиз шунақа.
Ҳовлига кирдилар. Пешайвон олдидаги кенггина саҳнга зангори панжарали чорбурчак сўри қўйилган, хонтахта атрофига атлас кўрпачалар ташланган, лўла-болишлар тахланган эди. Сўри ёнидан гулзор бошланади. Атиргуллар қийғос очилиб электр нурида айвон товланади. Ҳовли этагидаги баланд ишкомда саноқсиз узум бошлари: қора чиллаки, оқ даройи, энди оқара бошлаган ҳусайни, ҳасайнилар осилиб ётибди. Ҳовлига сув сепиб супурилган. Ҳамма ёқ озода, шинам. Айниқса, гул ҳиди кишини маст қилгудек димоққа урилади.
Салима бўлса бу чаманга айниқса ярашиб тушган. У ҳарир оқ шоҳи кўйлакда, лосдай қора сочлари бошига турмакланган, оёғида жажжигина амиркон кавуш. Келин бўлгандан бери чунонам очилиб кетибдики, Умрзоқ унга тик боқишга журъат эта олмади. Фақат андишали нигоҳнинг сеҳргар пардаси орқали Салиманинг алифдай тик қадди-басти, кўйлак бурмасини туртиб чиққан тўлача кўкраги, лўппи оқ юзи, нафис бурни, табассумга мойил юпқа лаблари ва айниқса ёниб турган кўзлари кўриниб кетиб, ичида: «Алҳазар, ёмон кўздан алҳазар!» деб қўйди.
— Қани, сўрига марҳамат! — Салима келинларга хос тавозе билан, йигитларни таклиф қилди.
— Қариялар ётиб қолишдими? — Умрзоқ сўрига чиқиб ўтирар экан сўради.
— Ҳа, уйғотайми?
— Йўқ! Йўқ! Ором олишсин.
Салима пастгина зинадан айвонга кўтарилиб, уйга кириб кетди.
— Чакки бўлди-да… — Умрзоқ сўрида, дўстининг ёнида тиззалаб ўтирганча ҳамон хижолат чекар эди. — Ташвишга қўйдим.
Мирвали индамади. У атлас кўрпачада чордана қуриб ўтириб олган, оҳорли кўкиш дастурхон попугини ўйнаб, яна бир неча дақиқадан кейин дўстининг гувоҳлигида Салима билан ўрталарида бўладиган гап-сўзни ўйлар эди.
Салима уйдан катта патнис кўтариб чиқди. Гулдор патнис нон, варақи, узум, мураббо, асал, сариёғ, қанд, тағин бошқа анвойи мевалар билан зийнатланган эди, Мирвалининг миқ этмай ўтирганини кўрган Умрзоқ дарҳол ўрнидан туриб, Салиманинг қўлидан патнисни олди. Салима тағин уйга кириб кетди. Бу гал у бир қўлида чойнак, иккинчи қўлида лаганда буғланиб турган қовурдоқ кўтариб чиқди.
Учовлари хонгахта атрофига ўтирганларидан кейин Салима пахта гулли жажжи пиёлаларга чой қуйиб узатди, овқатга таклиф қилди:
— Ишдан келгансизлар, олинглар?
Жимгина овқатландилар. Умрзоқ зиралаб димланган юмшоқ қўзи гўштини иштаҳа билан чайнар, келин-куёв ўртасида нима гап ўтганини ўйлар, дўстининг боягина завод ҳовлисида куйиб-пишиб қилган шикоятига асос топа олмай, обдан боши қотган эди. Овқат асносида Салимадан:
— Ишларингиз яхшими, синглим? — деб сўради.
— Раҳмат, Умрзоқ ака. — Салиманинг чиройли оқ юзи жиддийлашди. — Иш кўп…
— Ҳа, Тошкентни қайта қуриш осон эмас —Умрзоқ қўлини артиб, сўри панжарасига суянди. — Ҳозир нимани лойиҳалаяпсиз?
— Шаҳар марказига тушадиган янги маҳаллалардан бирини. — Салима ҳамон жиддий қиёфада жавоб берди. — Тўққиз, беш қаватли уйлар, мактаб, боғча, ясли, поликлиника, кинотеатр ва магазинлар комплекси. Шарқ услубида қулай, обод, антиқа маҳалла бўлади.
— Катта иш. —Умрзоқ Салимани мароқлаииб кўздан кечирди ва «нодон дўстим бу гўзал, оқила қиздан нима нуқсон топди экан?» — деган савол кўнглидан ўтди-да, синаш мақсадида сўради: — Мирвали ёрдам бериб турса керак?
Салима эрига: «Қани энди ўзинг жавоб бер!» — дегандек қараб қўйди.
— Соҳамиз бошқа-бошқа. — Мирвали дўстининг илмоқли саволини бартараф қилишга шошилди. — Бизники машинасозлик, бу кишиники архитектура.
— Ажойибсан, дўстим! — Умрзоқ кулди. — Мен сендан Салимахоннинг лойиҳасини чизиб беришни талаб қилаётганим йўқ. Мен маънавий ёрдамни айтяпман. Яъни, сен ўз ёрингга ишда, турмушда мададкормисан? Ахир, яқин кишилар орасида энг оддий, энг табиий муносабатлар бор-ку, масалан, ҳамдардлик, кўнгил сўраш, ширин сўз…
— Ҳой дўстим, сен умуман нималар деяпсан? — Ишнинг ўзи учун чаппасига кета бошлаганидан ташвишланган Мирвали қовоғини уюб олди. — Нега келдинг ўзинг?
— Мен сени мужмал десам, дурустгина қўрқоқ ҳам экансан. — Умрзоқ чўнтагидан «Самарқанд» сигаретасини олиб тутатди. — Салимахондан яширадиган гапим йўқ. Мени уйингга сенинг ҳасратинг етаклаб келди. Сен вафоли хотинингнинг парвосизлигидан нолидинг. Аммо мен уйингга келиб, Салиманинг сенга парвосизлигини эмас, аксинча, сенинг Салимага парвосизлигингни кўриб турибман. Исботлаб берайми?
— Исботла! — Мирвали ўтирган ерида бир сапчиб тушди. — Умуман… исботлаб бўпсанку-я!.. Аммо уриниб кўр! Умуман…
— Умуман-пумумани йўқ! — Умрзоқ ҳам силтаниб олди. — Келдик. Тун соат ўн икки. Салима уйғоқ. Сени кутиб ўтирибди. У ҳам ишдан толиб келган. Ҳаммаёқни ёғ тушса ялагудек тозалаган. Қарияларни овқатлантириб ухлатган. Сенга жой, чой, овқат тайёр. Қўнғироқ чалишинг билан эшикни очди. Ўтирмасингдан дастурхон ёзди. Сен-чи? Сен нодон, нима қилдинг? Салом бериш у ёқда турсин, саломига алик ҳам олмадинг. Бу бир. Севимли хотинингга кулиб боқиш, уни эркалаш ўрнига қовоғингни соласан. Бу икки. У бечора югуриб-елиб хизмат қиляпти, сен бўлсанг ёрдамлашиш у ёқда турсин, сўрида чордана қуриб ўтириб олдинг. Бу уч. Энди айт-чи, дўстим, сен ўзинг кимсан: кечаги студент, бугунги инженер, кечагина Салимага муҳаббатингдан лоф урган йигитмисан ёки Худоёрхоннинг этагидан тушиб қолган бекзодамисан?
— Ҳақорат қилма! — Мирвали бўғилиб ўшқирди.
— Бу ҳақорат эмас, аччиқ ҳақиқат, дўстнинг адолатли танбеҳи! — Умрзоқ ўрнидан турди. — Салимахон, ширин таом учун ташаккур, энди менга рухсат. Аммо Мирвалига ҳам бир соатгина ижозат берасиз. Икки дўст шаҳар кезиб, йигитчасига гаплашамиз. — Умрзоқ дўстининг билагидан тортди. — Тур, кетдик!
Салима индамайгина ўрнидан турди-да, эрига юмшоқ жилмайди:
— Бора қолинг, кўнглингизни ёзиб келасиз, ҳар кунгидек хуноб бўлавермайсиз.
— Умуман, майли…
Мирвали истар-истамас ўрнидан туриб ҳовлига тушди. Икки дўст кўчага чиқдилар.
Янги очилган бу узун кўча одамлардан холи, жимжит, симёғочлардаги чироқлардан, деразалардан сочилиб турган шуълалардан чароғон эдн. Йўл устидаги ойнабанд магазин эшиги тагидаги курсида қоровул чол мудраб ўтирибди. Аллақайси ҳовлида тўй бўлаётган бўлса керак, ноғора янграйди, ашула эшитилади.
Улар ўн дақиқача жим бордилар.
Бир қаватли участкалар, сердарахт боғлар тугаб, беш қаватли янги бино ярқираб кўринди.
— Ажойиб иморат! — деди Умрзоқ завқланиб. — Пештоқидаги нақшларни, кенг айвонларини қара? Биласанми, архитектори ким?
— Салима… — Мирвали нечундир бўшашиброқ жавоб берди. — Лойиҳасини икки ой босим чизди.
— Офарин! — Умрзоқ йўл ўртасида турганча нигоҳ базўр қамраб оладиган зўр бинони томоша қилди, — Қанча талант, ақл, меҳнат меваси бу! Шундай хотининг билан фахрлансанг арзийди!
— Ҳм… — Мирвали энди кўз очган бузоқдай химради. — Бу бино билан унда турувчилар фахрлансинлар. Мен бўлсам, хотинимнинг менга ишқи, садоқати, меҳри, илтифоти билан фахрланишни истайман. У меники, ҳа, фақат меники! Тушунасанми сен шу туйғуни? Унинг бўлса, хаёли чизмада, ишқи ишида, вақти бутунлай лойиҳаларга сарф бўлади. Мен унинг учун сояман, ҳа, жонсиз соя!..
— Ёлғон!!! — Умрзоқ бақириб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. — Сен шахсиятпарастсан! Сен кўрсан, кўзларинг гўзалликни, ҳаётни кўрмайди. Бас, ҳафсалам пир бўлди. Қол! Мен кетдим.
Умрзоқ қадамини тезлатиб, шаҳар марказига олиб борадиган янги йўлдан, трамвай изи бўйлаб юриб кетди. Ярим соатча юрганидан кейин орқасидан, қунғироғини жиринглатиб трамвай етиб келди. Умрзоқ унга юриб кетаётган ерида чиқиб олди. Бу – сўнгги трамвай бўм-бўш эди. Курсилардан бирига ўзини ташлади. У бугун жуда толган, айниқса Мирвалининг мижғовлиги уни эзиб юборган эди. У Салиманинг лойиҳаси билан қурилган бино олдида ёлғиз қолган дўстини ўйлар экан, беихтиёр уфлаб:
— Оғир савдо! — деб қўйди…
Чиндан ҳам бу — ҳаёт муаммоларидан бири, мушкул савдо эди.