Мақсуд ишдан ҳар кунгидек кеч чиқди. У ёш — энди йигирма уч баҳорни кўрган бўлса ҳам, қурилишда икки сменалик «ҳа, ҳа бўл!» уни толдирар, айниқса ҳафтанинг сўнгги куни зўр келар эди. Гарчи у қурилишга ўз ихтиёри билан борган ва икки сменалик ишга ҳам ўз ихтиёри билан рози бўлган эса-да, дастлабки, кунлари иккинчи сменадан воз кечишни ўйлаб қолди. Ўйлаб қолди-ю… бу қарорини ҳам ўзи тезликда рад этди: шаҳар зилзиладан чала вайрон, бутун-бутун маҳаллалар бузилиб ётибди, минг-минг одамлар боши берк кўчалар, парклар, чекка майдонларда, чодирларда яшаяпти, кун эса исигандан исиб, осмондан олов ёғаётгандай: ҳавозаларга тизилиб ғишт тераётган ишчиларнинг елкалари аллақачон куйиб, пўст ташлаб бўлди. Сувдан фойда йўқ, ичганинг сари тер бўлиб қуяди-ю, лекин чанқоқни босмайди.
Мақсуд Политехника институти қурилиш факультетининг учинчи курсида ўқийди. Бундан уч йил бурун шу курсдан армияга кетиб, бу йил яна шу курсга кириб келди. Армиядан гвардиячи сержант бўлиб қайтди. Ўқиш айни қизғин пайтда, 26-апрелда бошланган зилзилалар силсиласи студентлар ҳаётига ҳам жиддий таҳрир киритди. Улар ёзги имтиҳонларни жадал топшириб, қурилишларда ишлай бошладилар. Бунинг устига, ётоқхоналарини бошпанасиз қолган оилаларга топшириб, ўзлари маҳаллаларга — хонадонларга кўчиб кирдилар. Мақсуднинг курсидаги бошқа шаҳарлардан келиб ўқувчи ўн етти студентни Тешикқопқа маҳалласи хонадонларига бир-икки, ҳатто уч-тўрт кишидан қабул қилиб олди. Мақсуд шу маҳалла қарияларидан Ҳайдар отанинг уйига жойлашди.
Чилонзордаги қурилишлардан бирида ишлаётган Мақсуд ҳар кунгидек кеч соат ўнда ҳавозадан тушиб, яйдоқ далада тахта билан ўралган душхонага кирди, коржомасини ечиб, қатор душлар тагида чўмилаётган йигитлар орасига суқилди-да, шариллаб оқаётган салқин сувга бошини тутиб бир сесканди-ю, кейин ҳузур қилиб чўмилди.
У ҳўл сочини силлиқ тараб, калта енг оқ кўйлак, каламинка шим ва оқ брезент туфлида еттинчи троллейбус айланадиган майдонга келганда, жилай деб турган троллейбус эшигидан таниш бир йигит қичқирди.
— Чоп! Қоласан!
Мақсуд чиқиб олишн билан троллейбус юриб кетди.
— Бугун қанча тердинг? — таниш йигит бетон қорувчи Никос Мақсуд билан ёнма-ён ўтираркан, қизиқиб сўради.
— Икки минг уч юз.
— Қойил!
— Нимаси қойил! Кўтарма кран ғиштни ҳам, қоришмани ҳам ҳавозага опчиқиб беради, тераверасан…
— Камтарсан.
— Шаҳарни кўраяпсан-ку. Ник, ҳар қанча ишласак ҳам оз!
Грек тилидаги газетасини ўқишга берилган Никосни кўрган Мақсуд чўнтагидан бир варақ букланган қоғоз олди-да, қатларини ёзиб, ундаги чизма устида ўйлаб кетди. Бу — ўзи чизган ва ўзи қурмоқчи бўлган кўприк лойиҳаси, тўғрироғи, пиёдалар ўтадиган узун, тор кўприк схемаси эди.
Никос газетадан бошини кўтариб:
— Шу ерда ҳам дарсми? — деб сўради.
— Йўқ. — Мақсуд зирқираб оғриётган елкасини кресло суянчиғига тираб, ўйчан жавоб берди: — Маҳалламиз чеккасидан Қичқириқ анҳори ўтади. Пиёдаларга кўприк қурмоқчиман. Тез ва арзон битиши керак.
— Ҳашарга айт.
— Албатта.
Троллейбус Тўқимачилар комбинати ёнида тўхтади.
Никос хайрлашиб тушиб кетди. Мақсуд шаҳарча чироқларини, магазинларнинг ёрқин ойнабанд витриналарини бир оз кузатиб ўтирганидан к-йин нигоҳи, хаёли яна чизмага кўчди…
Мақсуд Трактор заводи майдонида троллейбусдан тушиб, Шимолий Олмазор кўчасидан Қичқириқ бўйига келди. Анҳорнинг икки томони асфальт йўл, фақат унда кўприк йўқ. Шу сабабдан транспорт ўта олмайди, одамлар эса, Шимолий Олмазордаги тўрт қаватли янги иморатлар орқасидан анҳор бўйига тушиб, пасқам чуқурликдаги сув тепасида лопиллаб турган омонат осма кўприкдан юрадилар. Унинг тепасида биттагина симёғоч қўққайган. Бироқ ундаги чироқ кўпинча ёнмайди: болалар тош отиб синдириб кетган бўлади. Қоронғи тушди дегунча бу ердан ёлғиз ўтишга қўрқадилар.
Мақсуд Тешикқопқада яшаб, ҳар куни кечаси шу омонат осма кўприкдан ўтаётгани сайин кўприк қуриш хаёли унинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолди. Шаҳар ташкилотларига бориб, тайёр иккита катта йўлни бирлаштирадиган асосий кўприк қачон қурилишини ҳам суриштирди. Лойиҳа тайёр экан. Лекин зилзила унинг амалга оширилишини кечиктирибди. Шу жавобни олгандан кейин Мақсуд маҳалланинг кучи, ҳашар йўли билан Қичқириқ устига пиёдалар учун вақтинча бўлса ҳам янги, арзон кўприк қуриш, шу билан ҳам одамларнинг йўлини қисқартириш, ҳам йўловчиларни хавф-хатардан қутқариш режасини тузди ва бу режани Ҳайдар отага айтиб, маъқуллаб олгандан кейин қоғозга ҳам туширди.
Мақсуд шу ўйлар билан банд экан, кеча кечаси кутилмаган ғалати ҳодиса юз берди.
Мана, ўша омонат эски кўприк. Мақсуд унинг қоқ белида турибди. Ҳар кунгидек бу кеча ҳам симёғочдаги чироқ ўчиқ. Тўлин ой тепаликдаги Тешикқопқа қабристонининг азим бақатераклари ёнбошида порлаб, ям-яшил қирғоқларга, баланд-паст томларга, чуқурликда ҳайқириб оқаётган анҳор сатҳига кумуш пур сочиб турибди. Лекин бу нурда кўприкнннг у ер-бу еридан кимдир суғуриб олган тахталар яхши кўринмайди, йўловчи эҳтиёт билан қадам босмаса, туйқусдан йиқилиши, сувга тушмаганда ҳам, майиб бўлиши ҳеч гап эмас. Кимга ҳам керак бўлиб қолди экан бу эски тахталар? Ўтин мўл, тахта, ёғоч кўп…
У худди шу маҳалда, яъни соат ўн бирга яқин осма кўприкка қадам қўйди. Кўприк лопиллади, унинг ойдиндаги узун сояси ҳам сув сатҳида бесўнақай лопиллади. Кўчирилган тахталар оша эҳтиёт билан одимлар экан, қаршисида пакана бир йигит пайдо бўлиб, унга тўппонча ўқталди:
— Кўтар қўлингнн!
Мақсуд тўхтади ва тўппонча ўқталиб турган йигитга бошдан-оёқ разм солди: ола-була кўйлак, кўкиш шим, янги қора туфли ва сал пучуқ бурни тагида қўнғиздай мўйлов… Ёши ўн еттиларда.
— Кўтар қўлингни! — пакана йигит қаттиқроқ бақирса ҳам Мақсуд унинг овози қалтираётганини сезиб, кулди:
— Тўппончанг ўқланмаган, ташла, нодон!
Шу пайт Мақсуднинг орқасида шарпа сезилди. У ўгирилиб ҳам улгурмаган эди, пичоқ ушлаган новча йигит ўзини унга отди. Мақсуд чаққонлик билан пичоққа чап берди ва новчанинг тўпиғидан қаттиқ ушлаб баланд кўтарди-да, анҳорга отди. Кейин паканага буюрди:
— Тўппончани бер!
Тўппонча пакананинг қўлидан тахтага тап этиб тушди.
— Менга бер, деяпман!!
Пакана бир анҳорнинг шериги қулаган олачалпоқ сатҳига, бир кўприк устида қорайиб турган тўппончага қарар, иккиланар, «эгилсам мени ҳам анҳорга отади» деб қўрқар, бироқ Мақсуднинг товушидаги шиддатга бўйсунмай иложи йўқ эди. У тўппончани олиб Мақсудга узатди.
— Сўтак! — Мақсуд ёғоч тўппончани сувга отди. — «Олабўжи»лар сенлармидинг? Бу кунларингдан ўлганинг яхши эмасми?!
— А-а-нов… а-а-нов б-ош-лади… — қалтираб гапирди пакана. — Ме-е-ен ээ-э-мас…
— Қани, юр! — Мақсуд йигитчанинг ингичка билагидан маҳкам ушлаб тортди. — Юр, безори!
— То-о-вба қилдим… — Пакана ёлборди.
— Юр!
Мақсуд уни қабристоннинг темир панжарали ғишт-девори ёнлаб кетган йўлкага судради.
— Жон ака, қўйворинг, ўртоғимдан хабар олай, чўкиб кетган бўлмасин…
Мақсуд безорини қабристоннинг ёруғ дарвозахонасигача судраб келди ва шу ердаги скамейкага силтаб ўтказди.
— Ҳужжатингни чиқар!
Безори скамейкада омонат ўтирганча моматалоқ билагини силар, эгаси калтаклаган итдай олазарак боқар, чаппасидан келган ишнинг аламини тортаётганини ҳам ўзидан кучли йигитнинг қўлидан омон чиқиб кетиш учун найранг тўқиётганини ҳам билиб бўлмас эди.
— Паспорт олмаганман, — деди у ниҳоят тупугини ютиб. Аммо Мақсуднинг қаттиқ тикилиб турган кўзлари юмшаганини пайқаб: — Гувоҳномам бор, — деб қўшиб қўйди.
Мақсуд унинг «гувоҳнома»сини кўздан кечирди. Бу — Трактор заводининг Зокир Қодиров номига берилган пропуски бўлиб, муддати ўтиб кетган эди.
— Ишдан ҳайдалганмиеан?
— Йў-ў-ўқ… Ҳа-а…
— Ўртоғинг-чи?
— Уям…
— Қаерда турасан?
— Чувалачида, 31-уй.
Мақсуд Зокирга бир варақ қоғоз билан авторучка берди.
— Ёз! «Мен Зокир Қодиров, ўртоғим…» Оти нима?
— Муҳсин Алиев…
— «Муҳсин Алиев билан 1966 йил 27 июль кечаси соат 11 да…» Ёздингми?
— Ҳа… — Зокирнинг қўли титрар, Мақсуд милицияга судрамаганидан, ишнинг осон кўчаётганидан енгил тортиб, тез-тез ёзар эди.
«Қичқириқдаги осма кўприк устида ўғирлик мақсадида йўл тўсдим. Лекин йўловчи бизни қуролсизлантирди. Мен ўзим ва шеригим номидан сўз бериб айтаманки, бу ишни иккинчи қилмайман. Эртага эрталаб соат 8 да Чилонзордаги 16-секторга 31-уй қурилишига шеригим билан етиб бораман ва ҳалол меҳнатим билан гуноҳнмни юваман». Қўл қўй!
Зокир қўл қўйди. Мақсуд қоғозни буклаб чўнтагига соларкан, ундан сўради:
— Сенга ишонсам бўладими?
— Онт ичаман.
— Кераги йўқ. Жўна энди!
Зокир дарвозахонадан чиқиб, ойдинда гувиллаётган Қичқириқ томонга илдам юриб кетди.
Мақсуд осма кўприк устида кечаги воқеа юз берган жойнинг нақ ўзида турибди. У бугун эрталаб қурилишда Зокирни шериги билан кутди. Улар келишмади.
Мақсуд ҳар хил хаёлларга борди: «Муҳсин сувга чўкиб кетдимикан?», «Ўғрилар жуфтакни ростлаб қочворишдимикан?», «Зокир уй адресини нотўғри айтиб, алдаб кетдимикан? Ёки Муҳсин Зокирни қўрқитиб, айнитдимикан?», «Балки улар кўприкда бугун ҳам пайдо бўлишар?»
Шу каби поёнсиз ўйлар уни толдирди-да, кеча Зокирни жўнгина қўйиб юборганидан ўкиниб, Ҳайдар отанинг уйига йўл олди.
Ҳар кун эрта ётиб, эрта турадиган бобой бугун эшиги олдидаги азим туп ўрик тагида, пастгина супачада мудраб ўтирар эди. Шарпа сезиб, ўсиқ қошлари тагидаги уйқу босган ҳорғин кўзларини аста очди.
— Келдингми, бўтам? Йўлингни пойлаб ўтирувдим.
— Тинчликми, отахон?
— Не билай, домкомимиз қоровулни юбориб қўймаётибди, сен керак бўпқопсан чоғи.
— Эртага учрайман.
— Бе! — Ҳайдар ота инқиллаб вазмин гавдасини супадан базўр узиб олди. — Қачон келсанг ҳам, оёғингни ерга тегизмай етказишимиз даркор экан. У юртнинг отаси бўлгандан кейин итоат этмай иложимиз йўқ. Юр, бора қолайлик.
Мақсуд Ҳайдар отани қўлтиқлаб олиб, маҳалла гузарига бошладн. Йўл-йўлакай ташвишланиб сўради:
— Қоровул учини чиқармадими, нима гап экан?
— Қоровул Меливой ҳам домкомимиз Мирзасолиҳдан қолишмайдиган қув. «Мақсуд домовойдан ўтган, юриш-туриши бажо», десам ҳам индамайди, нуқул қўйи эгиз туққандай тиржаяди.
— Гапга зўрсиз, отахон! — Мақсуд мийиғида кулиб қўйди. — Солиҳ аканинг чақиргани яхши бўпти, кўприкни сўзлашволамиз.
Тун яримлаганига қарамай, гузар гавжум эди: йўл бўйидаги сердарахт майдон чароғон. Қатор сўриларни чойхўрлар тўлдиришган, радиода ака-ука Сўфихоновлар қадимги усуллардан бирини янгратишяпти. Идора деразаси ҳам ёруғ: ичкарида хумкалла Солиҳ ака ва секретарь қиз Омилахон кўринади.
Ҳайдар ота билан Мақсуд чойхўрлар билан саломлашиб, идорага киришди. Солиҳ ака буларни ўрнидан туриб қаршилади, қўл бериб кўришди-да, қизил алвон ёзилган узун стол ёнидаги стулларга таклиф қилди.
— Баҳай, бевақт йўқлатибсан? — Ҳайдар ота домком раисига ўсиқ қошлари тагидан қушбоқиш қилди.
Солиҳ ака стол тортмасидан қоғоз олиб Мақсудга узатди:
— Мана буни ўқинг-чи, полвон йигит!
Катак дафтар варағига йирик эгри ҳарфлар билан домком номпга ёзилган ариза Муҳсиннинг отаси Али акадан бўлиб, у ўғлини тунда анҳорга отиб, қўлини чиқаргани учун Мақсудга даъвогарлигини билдирар, жазога тортишни талаб қилар эди.
Мақсуд аризани шошмасдан ўқиб чиқди ва Зокирнинг хати билан пропускасини олиб, Солиҳ аканинг олдига қўйди. Солиҳ ака ўз навбатида бу қоғозларни кўздан кечирар экан, сал чўтир, жиддий юзи юмшаб:
— О, падар лаънатилар-эй! — деб ёқасини ушлади. — Хўш, қурилишга боришдими?
— Йўқ.
— Такасалтанглар! — Солиҳ ака катта муштини столга урди. — Биз ҳам кўп уринганмиз, фойда чиқмаган. Ёпирай!
Юз берган ҳодисадан, домком раиси билан Мақсуд нима тўғрида сўзлашаётганидан бехабар Ҳайдар ота сийрак кулранг соқолини тутамлаганча ҳайратланиб сўради:
— Мушук-сичқон ўйинидан биз ҳам огоҳ бўлайлик!
— Хўп, бобой, — Солиҳ ака бақувват тирсакларини столга тираб ўтираркан, кеча Қичқириқнинг осма кўпригида содир бўлган ҳодисани, ҳар иккала қоғознинг мазмунини батафсил ҳикоя қилиб чиқди-да, йирик қўй кўзларини чолга тикди. — Безориларни нима қиламиз, бобой?
— Мақсудвойнинг режаси менга маъқул, — деди Ҳайдар ота серажин манглайи тиришиб. — Суягпни меҳнатда қотириш керак. Меҳнат ақл киргизади. Хўп десангиз, Мирсолиҳвой, мен ҳозироқ уйларига борай. Чувалачи қочиб кетгани йўқ, оталари бнлан сўзлашай, болаларини ўз қўллари билан қурилишга обориб топширишсин. У ёғини Мақсудвой ўзи эплайди.
— Дуруст, — Солиҳ ака эркин тин олиб, стулга суянди-да, Мақсудга мулойим тикилди, — Хўш, кўприкни нима қиламиз?
Мақсуд чизмасини столга ёзиб:
— Лойиҳа тайёр, — деди. — Энди бошлаш керак. Солиҳ ака бу лойиҳанинг қораламасини илгари ҳам кўрган, кўприкнинг қимматга тушишидан чўчиб, харажатни енгиллаштириш томонига баъзи бир ўзгаришлар киритишни сўраган эди. Чизмани, материаллар миқдорини, нархинн яна бир марта синчиклаб кўздан кечирди.
— Демак, маҳалладан етти юз сўм ажратсак, бўлар экан-да?
— Ҳа. Кўприкнинг устунларига йигирмата симёғоч оламиз. Бизнинг қурилишимизга ностандарт темир-бетон балкалар келиб қолди, сўзлашдим, давлат нархида беришадиган бўлди. Темир йўлнинг брак шпалларидан оламиз. Мих топилади. Ҳашарни уюштириб берсангиз бас.
— Бўпти! — Солиҳ ака картонни ўраб Мақсудга берди. — Материалларни якшанбагача келтириш керак, дам олиш куни — ҳашар.
— Раҳмат, раис ака, — Мақсуд ўрнидан қушдай енгил турди.
— Сизга раҳмат, ошнам, — Солиҳ ака ўрнидан туриб қалин зил кафтини Мақсуднинг елкасига қўйди. — Биз сизни маҳалладан кетказмаймиз энди. — У шу гапни айтаркан, Ҳайдар отага кўз қисди. — А, лаббай, бобой?
— Айни муддао, — чолнинг митти кўзлари кулди. — Қани, кетиб кўрсин-чи!
Бобосининг бу сўзини эшитган Омилахон нечундир ерга қараб қизарди.
— Омилани сизга ёрдамчи қилиб берамиз, — деди Солиҳ ака Мақсудга. — Ишни эртадан бошланглар. Пул нақд. Бўпти, сизларга жавоб энди. Омила қизим, сен ҳам бора қол!
Раис уларни эшиккача кузатиб қўйди.
* * *
Кўприк қурилиши, бу ишга Мақсуд муттасадди қилиб қўйилгани ҳақидаги хабар маҳаллага бир зумда ёйилди. Мақсуднинг тунда, эски осма кўприкда кўрсатган жасорати, безориларни жазолаш ўрнига ўзи ишлаётган қурилишга олиб кетганлигининг довруғи бунга қўшилиб, ҳаммаҳаллаларнинг «студент бола»га ҳурмати тобора ошди. Аввало, Зокир билан Муҳсиннинг оталари келиб раҳмат айтишди. Кўприкка қурилиш материалларини хиллаб олиб келадиган дастёрлар — шоферлар, усталар ҳам ўз оёқлари билан келишди. Хуллас, Мақсуд билан Омиланинг иши енгиллашди. Натижада, мўлжалланган нарсаларнинг ҳаммаси жума куниёқ Қичқириқ бўйида тахт қилиб қўйилди. Ҳатто, Абдураҳмон исмли эпчил шофер йигит уч-тўрт машина қум, шағал ҳам келтириб ташлади. Маҳалла усталарининг пири Обид ота якшанба куни саҳар паллада пойтешасини ҳаммадан аввал кўтариб келди. Унинг кенг асфальт йўлдан Қичқириқ томонга лопиллаб ўтиб кетаётганини деразаларидан кўрганлар нонушталарини чала ташлаб чиқабердилар. «Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради» деганларидек, серноз монтёр Оқил ака ҳам кўприк қурилиши бошланмасданоқ, унинг икки томонига симёғоч тиклаб сим торта бошлади. Кекса гулчи Акбар ота бўлса, қирғоқдаги узун саҳнни қадамлаб, бўлажак гулзорни мўлжаллаб юрарди…
Мақсуд Қичқириқ тепасидаги темир тўғондан сувни бекитиб келганда ҳашарга чиққан одамларни кўриб, беихтиёр, «кўпдан ёв қочиб қутулмас» деган мақолни эслади. Солиҳ ака ҳашарчиларни ишга солиб, темир-бетон балкалар, симёғочларни тепаликдан сув бўйига йўғон арқонларда судратиб туширар, Обид ота бошлиқ усталар симёғочларнинг тагини қозиқ қилиб йўнар, йигитлар қорамой сингдирилган балкаларни текис саҳнга тахлар эдилар, Меливой аллақачон самовар қўйиб юборибди. Йўлдошвой катта қозонни осиб, тагига ўт қалаяпти.
Мақсуд билан Омила чизмани тахта ғарами устига ёзиб кнопкаладилар. Буларни кўрган Обид ота пешана терини белбоғига артганча лопиллаб етиб келди.
— Сув тинди, — деди уста. — Энди устунларни ташлай берсак бўлади.
— Боғладингизми?
— Қани кўр-чи!
Мақсуд Обид ота борган ерга — сув бўйидаги қияликка тушди. Таги қозиқланган симёғочлар, бетон балкалар, тахта белбоғлар, темир трослар билан тор учбурчак шаклида иккитадан боғланган, шу белбоғларга арқонлар боғланиб анҳор тагига туширишга тайёр қилиб қўйилган эди.
— Яшанг, отахон! — Мақсуд устанинг тадбиркорлигидан мароқланди. — Энди сувга тушадиган азаматлар керак.
— Азаматлар кўп-ку… — уста ўйланиброқ қолди. Ўзим тушмасам бўлмайди. — У этигини еча бошлади. — Куч тепада керак бўлади, мўлжалдан хато қилмайлик. Сен, болам, орасини газлаб турсанг бас.
Устанинг ғайратга кирганини кўрган йигитлардан уч-тўрттаси дарҳол ботинка, этикларини ечиб, шимларини шимардилар-да, унинг ёнида анҳорнинг лойига тушдилар. Тепадагилар қўшалоқ боғланган симёғочларни арқонларидан тортиб тушира бошладилар. Мақсуд устунлар оралиғини кўрсатиб турди. Ҳа-ҳу дегунча дастлабкилари икки қатордан тикланди ва бу тикланганларининг учлари бир-бирига қалин тахталар билан боғлаб борилди. Ишнинг бу тахлит юришаётганини кўрган Солиҳ ака терисига сиғмай қувонар, ҳашарчиларга:
— Ҳа, шерлар! Бўшашманглар! — деб далда берар эди.
Эллик метр масофага икки қатор қўш устунлар тушгача ўрнатиб чиқилди. Уларнинг устига тахталар боғлангандан кейин Ҳайдар ота йигитларга бош бўлиб, тепадан гурзи уриб маҳкам ўрнатиб текислашди, кейин шпалларни тера бошладилар. Чўяндай пишиқ бу вазмин шпаллар эни икки метрли кўприкни қоплади. Шпалларни йўғон темир-терсаклар билан боғлашга Мақсуднинг ўзи бошчилик қилди. Анҳорнинг икки қирғоғи бир-бирига бирлашди дегунча, ҳали кўприк чала бўлса ҳам, маҳалла болалари у томонидан-бу томонига чопқиллаб ўта бошлашди.
* * *
Одамларнинг: «Қўйинг, бобой, беҳуда чираниш бел синдиради», дейишларига қарамай гурзи урган Ҳайдар ота эртаси кун кечқурун ўз ҳужрасида ёстиқ қучоқлаганча инқиллаб ётар, набираси Омилага белини тептирарди.
— Бирам жонсараксиз-ей, буважон, нима қилардингиз гурзи уриб! — бувасини койиган бўлди Омила.
— Ғайратга минвордим, опош, ёшлигимни эсладим. — Набирасининг оёқ зарблари хуш ёқиб, — бай-бай! — деворди чол. — Босавер, қаттиқроқ бос!
— Саксон бешга кирдингиз, буважон, энди ўзингизни эҳтиёт қилинг.
— Эҳтиёт қилиб гўрга олиб кетаманми кучимни? — Ҳайдар ота тўнғиллади. — Ҳарна нафим теккани!
— Ёшларга маслаҳат берсангиз — нафингиз теккани шу, — бидиллади Омила. — Одамнинг шарти кетиб, парти қолгандан кейин сал ўйлаб иш қилади.
— Бўлди! Бўлди! Чойдан қуй!
Омила бобосини турғазиб, деворга суяб ўтқазди, бир пиёла қайноқ чой қуйиб берди.
— Аммо Мақсудвойга балли! — Чол чойни пуфлаб ҳўплар экан, тик турганча токчадаги аллақайси китобни варақлаётган набирасига муғамбирона қараб қўйди. — Соатинг қанча бўлди, опоч?
— Ўн ярим.
— Кепқолар. Бугун уни бир сийлайлик. Сабзи-пиёз бостирганмисан?
— Ҳа.
— Дамлайвер!
— Хўп, буважон.
Омила сердарахт ҳовли бурчагидаги ўчоқбошида ош дамлар экан, эшикка ўқтин-ўқтин қараб қўяр, Мақсуднинг келишига ҳали ярим соатча вақт бўлса ҳам, у гўё ҳозир кириб келаётгандай, кўнгли ҳовлиқар, уни, фақат уни ўйлар, айниқса қаҳри қаттиқ бобосининг бу йигитга боғланиб қолганидан ҳузурланар эди.
Тувоқни ёпиб, қўрни тортди, самовар сувини янгилаб, чўғ ташлади. Бобосининг ҳужрасига кираётган ерида остонадан қайтди. Кўчага чиқди.
Кундузги иссиқ қайтган, Қичқириқ томондан енгил шабада эса бошлаган дилхуш пайт. Тўлин ой, кечаги тўлин ой бу тун ҳам юксак бақатераклар ёнбошида беозоргина сузади. Мевазор боғлар кумушранг сирли шуълага чулғанган. Гузар тарафдан майин куй эшитилади.
Омила Қичқириқ томонга юрди. У кеча ва аввалги кунларда анҳор бўйига бормас, боришга журъат эта олмас, омонат осма кўприкда аҳён-аҳён бўлиб турган кўнгилсиз ҳодисаларнинг миш-мишидан қўрқар эди.
Қичқириқ устидаги янги кўприк анча бериданоқ дафъатан кўзга ташланди. Янги симёғочларда электр чироқлари чарақлаб турибди. Кўприк нурда ярақлайди.
Ундан бир тўда жувонлар гуриллаб ўтишди — трикотаж фабрикасидан — ишдан қайтишаётган бўлса керак.
Омила кўприкнинг қоқ ўртасига келиб тўхтадн. Сувга қаради: анҳорнинг ёрқин сатҳида ой баркаши сузиб боряпти.
Трактор заводи шаҳарчаси томондан йигитлар гурунги эшитилди. Омила ўша томонга қаради — уч киши кўринди; иккитаси новчароқ, бири пакана. Ўртадагисини қиз дарҳол таниди: Мақсуд. Уни ёлғиз келади, кутиб оламан, деб ўйлаган эди. Ҳамроҳлари борлигини кўриб, тезда бу ердан кетмоқчи, ўзини панага олмоқчи бўлди. Лекин кечикди: улар яқинлашиб қолдилар. Турган еридан жилишга мадори етмади.
Мақсуд Зокир билан Муҳсиннинг ўртасида келар эди. Кўприкда Омилани ёлғиз кўриб ҳайрон бўлди. Йўлдошларига жавоб берди:
— Сизлар бораверинглар. Эрталаб ишга кечикманглар.
Зокир билан Муҳсин Омилани таниб, елкаларини қисганча кўприк тахталарини тақирлатиб ўтиб кетдилар.
Мақсуд Омиланннг ёнига келди.
— Баҳай?
Омила ҳамон кўзларини сув сатҳидаги ой баркашидан олмай, ўпкаланиб деди:
— Ош ланж бўлиб кетди…
— Ош? — Мақсуд ҳеч нарсага тушунмай, мийиғида кулди. — Ош ланж бўлган бўлса, тезроқ борайлик.
Лекин Омила ҳамон жойида қимирламай турар, тўлқинлар қўйнида жавлон ураётган гўзалликдан нигоҳини уза олмас эди.
— Юрмайсизми? — Мақсуд қизнинг оппоқ билагидан аста ушлади. — Нимани ўйлаяпсиз?
— Сизни. — Қизнинг юпқа лаблари титради. — Кўприк битди, энди кетарсиз?..
— Нега энди? Ҳали, омон бўлсак, катта кўприкни ҳам қурамиз.
— Ростми? — қиз тиниқ кўзларини ой аксидан олиб, Мақсудга умидвор боқди.
— Рост.
— Кўприк… — Омила Мақсуднинг ёнида енгилгина юриб келар экан, завқланиб деди: — Кўприк яхши нарса, одамларнинг мушкулини осон қилади…