Ҳамид Ғулом. Ҳаёт сўқмоқлари (ҳикоя)

Қўлдош ота боғида ивирсиб юриб почтага кечикишига сал қолди. Почта бошлиғи пўлат сейфни қулфлаб энди сурғучламоқчи бўлиб турганда ҳаллослаб кириб келган чолни кўриб ишини тўхтатди.
— Ҳайтовур, кетиб қолмапсизлар, — деди Қўлдош ота, пенсия берадиган рангпаргина татар қиз Салиманинг столи ёнига келаркан. — Маошни бер, қизим, тўй бошлаб юбордим.
Бу хабарни эшитган почта ходимлари отани табриклашди:
— Муборак бўлсин!
— Тўйингиз яхши ўтсин.
— Хизматда бўлайлик.
Салима Қўлдош отанинг пенсия варақасини тўлдира туриб сўради:
— Темиржон кимга уйланяпти?
— Юлдузга.
Отанинг бу жавобини эшитган почта бошлиғи, қувноқ табиатли Ўктам ака ҳазил қилди:
— Нега юлдузга уйланади, ерда қиз топилмадими?
— Оббо сен-эй! — чол қийқириб кулди. — Чеварам ердаги қизларнинг юлдузига уйланяпти. Мен сизларни тўйга айтгани кирдим, Ўктамвой. Шу якшанба оқшом. Уқтингми?
— Уқтим, — Ўктам ака Қўлдош отага янги ўнталикларни санаб бериб, уни эшиккача кузатиб қўйди. — Албатта борамиз.
Ноябрнинг охирги кунлари. Кўкни булут қоплаган, табиат хомуш. Тунда шивалаб ёққан ёмғирдан яланғоч дарахтлар ҳўл. Соат энди олти бўлишига қарамай, қоронғи туша бошлаган, симёғочдаги чироқ туман қўйнидаги ойдай хира нур сочади. Қўлдош ота нам асфальт йўлкадан аста юриб бораркан, кўкрагига зах ўтиб, тўнига ўралиброқ олди. У тўйнинг кечикиб шу маҳалга қолганини, якшанба куни ҳавонинг қанақа бўлишини ўйлар, агар чарақлаб очилмаса, тўй чинакам тўй бўлмай қолишидан ташвишланар эди.
Қўлдош ота катта иморат муюлишидан боғ кўчага бурила туриб шу ерда, автобус тўхтайдиган жойда турган йигитни танигандай бўлди, бетартиб ўсган қалин қошини чимириб қуш боқиш қилди. Ҳа, бу ўша — маҳаллада «одамови» деб донг чиқарган Дониёр.
Бу йигит бир вақтлар унинг чевараси Темир билан қалин ўртоқ эди. Улар ўқишга бирга боришар, дарсларини бирга тайёрлашар, имтиҳон кезлари бобонинг боғида ҳафталаб қолиб кетишар эди. Дониёрнинг отаси урушда ҳалок бўлганда, у онасининг қўлида уч яшар бола эди. Унинг онаси — у вақтда энди йигирма бешга кирган, сухсургина муаллима уруш тугамасданоқ қирқлардан ошган, басавлат, пулдор бир кишига турмушга чиқди. Бу кишининг аллақаерда хотини, бола-чақаси бўлса керак, маҳаллада гоҳ пайдо бўлар, гоҳ кетиб қолар, бу ердалигида эса, юртнинг маърака-маросимларига аралашмас, на тўйга чиқар, на тобутга елкасини тутар эди. Дониёрнинг онаси бу иккинчи эридан беш бола кўриб, ишини ташлаб уйнга қамалиб қолди.
Орадан йигирма йилдан ортиқ вақт ўтиб, Дониёр кўркамгина йигит бўлиб етишди. Лекин унинг ўқишида тайин бўлмади. Электротехника техникумини битирмасдан ташлаб кетди. Кечки мактабни тамомлаб, аллақайси институтга кирган экан, ундан ҳам кетиб қолди. Ўпкасида иллати бўлгани учун армияга ҳам олинмади. Ўгай отаси уни шаҳар марказида катта магазинлардан бирига ишга жойлаштирди. Бироқ растрат қилиб қўйди. Она бечора тақинчоқларини сотиб, ўғлини қутқариб қолди.
Темирнинг Дониёр билан дўстлигидан, у электротехника техникумидан кетиб қолган кунларда путур кетган эди. Бунга сабаб шу бўлдики, Дониёр Темирнинг сўзига қулоқ солмади, дарсларни ташлаб қўйди, бобо боғидан қадамини узди, четдан дўстлар топиб, маҳалла ёшларини оёқ учи билан кўрсата бошлади. Унинг четдан топган дўстлари кўпинча қизлар бўлар, учрашадиган жойлари — танца майдонлари, кафе, ресторан… Бора-бора Дониёр маҳаллада бутунлай кўринмай қолди. Кечалари алламаҳалда, гузар сув сепгандай жимжит, одамлар бир уйқуни олиб бўлган паллада боғ кўча оромини такси моторининг вағиллаши, кетма-кет чалинган қўнғироқ жаранги бузар, бу шовқиндан уйғонган кишилар «Оббо, «одамови» келди!» деб қўяр эдилар.
Қўлдош ота Дониёрга яқинроқ келиб, янглишмадиммикан, деб уни синчиклаб кўздан кечирди. Ўша новча, озғин, пўрим йигит: тор шим, қушбурун туфли, калта пальто, ингичка галстук, ясси шляпа. Бурни тагида капалакдай нозик мўйлов.
— Дониёрмисан? — ота ҳамон ундан кўзларини олмай сўради. — Ёлғиз нима қилиб турибсан бу ерда? — Шундоқ… ўзим… — Дониёр калта енги тагидан кўриниб турган қўл соатига тоқатсизланиб қараб қўйди. — Бир ошнамни кутяпман.
— Ҳа, дуруст. Нега бизникига келмай қўйдинг? Темирвойни кўриб турасанми?
— Гоҳо…
— Бу ишинг чакки. Бухор тангасидай қорангни кўрсатмай кетдинг. Ўртоқ деган бунақа бўлмайди. Темирвойнинг уйланаётганидан хабаринг борми?
— Эшитдим…
— Ўзи айтдими?
— Айтди… Аммо ишим кўп, тўйга келолмасам керак.
— Ҳа, ҳа! — Ота Дониёрга тағин бошдан-оёқ қараб чиқди. — Ишим кўп дегин? Хизмат қаерда ўзи?
Дониёр: «Бу сассиқ чолдан қутуламанми, йўқми?» дегандай ёвқараш қилди.
— Хизмат катта идорада, эртаю кеч югур-югур…
— Даромади ҳам чакки бўлмаса керак? — чол яна ўсмоқчилаб сўради.
— Чакки эмас… — Дониёр бир йўлда кўринган автобусга, бир қўлидаги соатга қаради. — Хайр, ота, мен ошнамни кутиб олай.
— Бирга кутаверамиз, маошни опчиқдим, меҳмон қиламан.
— Ҳожати йўқ, — Дониёр йўл ёқасига келиб тўхтаган автобусга интилди.
Ундан ҳафсаласи пир бўлган Қўлдош ота этагини қоқиб кетмоқчи бўлди-ю, бироқ «одамови»нинг ошна-сини бир кўриб қўяй деган умидда, турган жойида туриб қолди.
Автобус тиқин бўлса ҳам, бу ерда ундан уч-тўрт кишигина тушди. Булар Трактор заводининг ишчилари бўлиб, шу маҳаллалик таниш кишилар эди. Улар қадрдон ота билан саломлашдилар ва чолни «одамови» билан ёнма-ён кўриб ажабландилар. Улардан бири:
— Баҳай, ота? — деб сўраб қолди.
— Дониёрвой билан меҳмон кутяпмиз… — Қўлдош ота парвосизгина жавоб қилди.
Автобус жўнади. Қўшнилар боғ кўчага кириб кетишди.
— Ота, сиз энди кутманг, — Дониёр чолга ёвқараш қилди. — Ошнам навбатдаги автобусда келади.
— Ишим, қолаётгани йўқ, болам. — Чол ёйиқ соқолини силади, кўзлари кулимсиради.
— Қизиқ экансиз! — Дониёрнинг бевақт ажин тушган пешонасига совуқ тер чиқди. — Мен билан нима ишингиз бор?
— Одамнинг одам билан иши бўлиши керак, болам. Одам одам билан тирик. Ахир, сен ҳам чеварам қатори ўз тирноғимсан. Отанг раҳматлик билан ёнма-ён боғ қилганмиз. Кўнгли нур, қўли гул йигит эди, барака топгур!
— Яхши, яхши… — йўл бўш бўлса ҳам устма-уст сигнал бериб келаётган ҳаворанг таксини кўрган Дониёрнинг кўзлари чақнади. — Боринг энди, ота, ошнам машинада кепқолди.
Ҳўл асфальтда шивиллаб келган такси Дониёрнинг ёнгинасида тўхтади, олдинги эшиги очилиб, қизғиш, саватдай сочи ҳурпайган, бўйдоргина жувоннинг боши кўринди.
— Кетдик, жонгинам! — деди у, олтин узуклар порлаган семиз бармоқлари билан Дониёрни имлаб.
Дониёр Қўлдош отага хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, машинанинг орқа эшигини тарақлатиб очиб, икки букилиб кириб олди. Машина жиларкан, тасқара жувон чолга қўл силкитиб қолди:
— Салют, бобой!
Қўлдош бобо боғига кириб келганда монтёр Оқил ака кенг саҳннинг ҳар томонига сим тортиб, катта чироқларни ёқиб юборган, ҳамма ҳаракатда: чоллар айвонда сабзи тўғрар, Темир ҳовлида тўнка ёрар, қассоб Йўлдошвой янгигина сўйилган бўрдоқи нимталарини ўрик шохига осар, новвой тандирга ўт қалар, хуллас, якшанбага қадар ҳали икки кун бўлишига қарамай, боғ ҳозирданоқ чинакам тўйхонага айланган эди. Маҳалла чойхонасининг самоварчиси паканагина Меливой бўйи ўзига баробар қўш мис самоварни аллақачон ўрнатиб бўлиб, беш-ўн чойнакка чой ҳам дамлаб юборибди.
Қўлдош ота гоҳ айвон пешига келиб, оғайнилари билан бир дам отамлашади, гоҳ тандир алангасида қип-қизарган новвойга чой қуйиб узатади, гоҳ эса, тўнка ёраётган чеварасининг тепасига келиб: «Ҳай, куёв бола, белингга эҳтиёт бўл!» деб ҳазиллашади.
Ишидан қайтиб, оҳорли кийимларини кийиб чиққан қўни-қўшни, ҳаммаҳаллалар очиқ эшикдан бирин-кетин кириб кела беришди. Қўлдош отанинг тенгдошларидан Халил ота, Маҳкам партизан, Саид оталар, Темирнинг трактор заводидаги ҳамкасблари ва кечки институтдаги курсдошлари, маҳалланинг тўйбоши корчалон аёллари, хуллас, тўйдан хабар топганларнинг ҳаммаси муборакбод этгани, тўйнинг кам-кўстларига қарашворишга киришар, ёши тўқсонни қоралаб, чеварасини уйлантириш бахтига муяссар бўлган табаррук бобо хонадонига файз бағишлашар эди.
Жамоат жам, фақат маҳалладаги биргина хонадон кишилари — Дониёр, унинг онаси ва яқинда улар уйига буткул кўчиб келган ўгай отаси йўқ эди, холос.
— Ўртоғингни кўрдим, — деди Қўлдош ота, чайир тўнка ёриш машаққатидан қора терга ботган чеварасининг ёнига келиб. — Посонидан от ҳуркади. Бамисоли жибилажибон. Сассиқ попишакка ўхшаган бир ажина билан таксада равона бўлди. Тўйга айтсам, ишим кўп, дейди.
— Ҳа, у шунақа. — Бобоси ким ҳақида гапираётганини дарров пайқаб олган Темир мийиғида кулди. — Ишёқмас, бекорчихўжа. Гапирсак, сиркаси сув кўтармайди.
Эшикдан кириб келган юзи япалоқ, қориндор, басавлат одамни — маҳалла комиссиясининг раисини кўриши билан Қўлдош ота яйраб кетди:
— Келинг, Мирзаабдулла, келинг! Қани, сиз ечиб беринг бизга шу жумбоқни…
Мирзаабдулланинг кенг юзига кулги тўлиб, ота билан қучоқлашиб кўришди:
— Қани-қанн, нима жумбоқ экан? — деб сўради.
— Анави, — Қўлдош бобо кўрсатгич бармоғини қўшни боққа бигиз қилди, — муаллим қизимиз Насиба масаласи. Ҳай, кейинги эри нобоп чиқди. Аммо ўғли Дониёр ҳам кўзимга олароқ кўринади. Нечук сиз, Мирзаабдулла, маҳаллага ота бўла туриб, битта болани тўғри йўлга солиб юбориш қўлингиздан келмайди.
Бу савол Мирзаабдулланинг ҳам бошини кўпдан бери қотириб келаётган бўлса керак, юзидаги шодлик сўнди, кўзлари тиниб, кенг пешонаси тиришди.
— Бу оғир савдо, — деди у катта, қалин кафтларини бир-бирига ишқаб, — Насиба опа мактабга ишга кирмоқчи. Ёрдам беряпмиз. Эри Мамат ака пенсияда, аммо уни уйидан топиш қийин: қаерга кетганини хотинига ҳам айтмас эмиш.
— Аввалги оиласи нима бўлган?
— Хотини бултур вафот қилган. Уч боласи бор, ҳаммаси уй-жойли, ўзидан тинчиб кетган. Дониёрга келсак… Ўзингизга маълум, отахон, тарбияси яхши бўлмади.
— Э, аттанг, тухуми асил эди…
— Тўғрику-я… Мамат ака болани бузди: пулга, ичкиликка ўргатди, ўқишига зомин бўлди, дўстларидан бездирди, хуллас, оқибатда унинг қолипидан бир такасалтанг чиқди.
— Астағфирулло! — Қўлдош бобо бўғилиб соқолини тутамлади. — Болани ўртага олинглар, насиҳат қилинглар, ишга солинглар.
— Қараб турганимиз йўқ, отахон. Заводга ишга жойладик, тўрт кунга чидамади. Муштлашиб қамалган экан, кафилга олиб чиқдик, насиҳат қилдик, фойда бермади, начора?
— Қаттиқ ушлаш керак. Кўпчиликка бўйсунмай кўрсин-чи!
— Хўп, отахон, — Мирзаабдулла Темирнинг болта зарби билан тўнкани иккига ажратиб юборганидан завқланиб кулди. — Қойил, азамат! Хўш, бизга нима хизмат бор?
— Хизмат кўп. Қани, айвонга чиқайлик!

* * *

Қўлдош отанинг ўз санъати билан қурилган нақшин айвонда маҳалла оқсоқоллари тўй тартибини муҳокама қилаётган бир пайтда Дониёр Чилонзордаги уйларнинг бирида, шифтини тамаки тутуни қоплаган торгина, дим хонада бугун уни таксида олиб кетган тасқара хоним билан танца тушар, кайфи баландлигидан музикани ҳам англамас, оёғи тез-тез чалишиб, қалқиб гандираклар, аёлнинг атир ҳиди гуркираб турган йўғон, оқ бўйнига лабини босар эди.
Бетартиб стол атрофида яна икки жуфт «ошиқ-маъшуқлар» тизза-батизза ўтиришибди. Дониёр ўз хониммининг кимлигини яхши билмагандай, уларнинг ҳам кимлигини яхши билмайди. У растират қилиб базўр қутулган магазини ёнидаги сартарошхонага кирганда Зюзи билан танишган. Дониёрдан ўн ёш катта бўлган, уч эр кўрган, болаларини бачадондаёқ йўқотиб келган бу маникюрчи устомон хотин пардоз-андоз билан ўзини ёш қилиб кўрсатар, хушсурат ўспиринларнн ноз-фироқ тузоғига илинтириб маишат қилар эди. У Дониёрни бир кўришданоқ кўз остига олиб қўйди, иккинчи кўрганда илиб кетди. Мана, олти ойдирки, ҳар кун, кун ора Дониёр қаерда бўлса ҳам, уни топади, уйига олиб келади, янги-янги улфатлари билан таништиради, эркалайди, ҳатто: «Фақат таксида юринг», — деб чўнтагига пул ҳам солиб қўяди.
Зюзи Дониёрни бугун ҳам тун оққандан кейин таксига тушириб юбора туриб, бўйнига осилиб йиғлади:
— Севаман! Севаман! Севаман! Мени доим ўйла, жонгинам! Бу дунёда сендан бошқа ҳеч кимим йўқ!..
Дониёр таксининг орқа ўриндиғида мудраб ўтирар экан, ўз кўзларининг совиб қолганини дафъатан сезди, гўё унинг кўзларини биров ситиб олгану, косасига муз парчаси жойлаб қўйган эди. Баданидаги ҳарорат ҳам совиган, оёқлари ёғочга айланган, фақат тиззаларининг зирқираб оғриши жони борлигидан далолат бериб турар эди. Ўтирган ерида керишиб, кенг йўл ёқасидаги баланд бетон симёғочларга қўндирилган эгик неон чироқларни, нурда камалакдай йилтираётган ёмғирни лоқайд кузатиб борди. Дониёр Зюзининг севги, соғиниш ҳақидаги куйиб-пишиб, ҳатто йиғлаб айтган сўзларига чиндан ишонар, унинг қилиқлари ўртага тушавериб кўп марта чўқиланган, пати тўзиган, тумшуғи пачақ туллакнинг ўйини эканини хаёлига ҳам келтирмас эди.
— Хўш, йигит, маишат зўр бўлдими?
Нотаниш шофернинг кутилмаган саволи Дониёрни ҳушёр торттириб юборди. У қалтироқ бармоқлари билан сигарета тутатар экан, таажжубланиб:
— Бу нима деганингиз, амаки? — деб сўради.
— Қалай, Зеби яхши кутдими?
— Қанақа Зеби? Ҳеч қанақа Зебини танимайман!
— Зюзи…
— Зюзи?! Сиз уни биласизми?
— Мен, жиян, Зебининг биринчи эри бўламан, — шофернинг йўлга тикилган кўзларида совуқ ўт йилтиллади. — Бундан ўн беш йил бурун ковушини тўғрилаб қўйганман.
— У бошқа Зеби, — Дониёрнинг таранглашиб келаётган асаблари бўшашди. — Зюзи энди йигирма тўртга кирган.
— Ғўрсиз, жиян, — Шофёр заҳарханда кулди. — Зеби яна ўн йилдан кейин бошқатдан ўн саккизга киради. Мендан кейин тағин иккита эр қилди. Сиз, ҳисобда тўртинчиси…
Дониёр Зюзининг боягина унинг бўйнига осилиб йиғлаганини, мушукникидай ёниб турган йирик кулранг кўзларини, киприкларининг бўёғидан оппоқ лўппи юзига чўзилган кўкимтир изларни эслади.
— Зеби — йигитлар бахтининг ўғриси. Шайтонга дарс беради. Қўлга тушибсиз, жиян.
— Йўғ-э, Зюзи мени севади.
— У ҳаммани севади. Тўйгунча, жонига теккунча севади.
Комсомол майдони, ёмғир тагида шовиллаб қайнаётган фонтан орқада қолди. Машина Калинин майдонидан ўтиб, Қорасаройга бурилгач, тор кўчада юришини секинлатди.
— Ота-онангиз борми, жиян?
— Отам урушда ҳалок бўлган, ўгай отам бор, пенсионер. Онам муаллима. Бешта укам бор.
— Жўжабирдай жон экансизлар, — шофёр ачиинб бош чайқади. — Қаерда ишлайсиз?
— Ҳозирча бекорчиман.
— Э, аттанг… — Машина Қумлоқнинг ўнқир-чўнқир йўлида туртиниб борар экан, шофер пассажирига насиҳат қилди: — Вақтида этагингизни ёпиб олинг, ука. Зеби — қутурган ит, ҳали сиздайларнинг кўпини ғажийди. Қадамингизни қирқинг унинг ҳаром эшигидан. Ёш экансиз, ишланг, ўқинг. Ҳойнаҳой, онангиз сизни йўлда кутаётгандир…
Машина Дониёр яшайдиган боғкўчага кирганда шу ердаги ҳовлилардан бири устида катта чироқларнипг шуъласи кўринди, йигитлар ялласи эшитилди.
— Маҳаллада тўй борми? — шофернинг чеҳраси ёришиб кетди. — Ана, жиян, сиз тенгилар тўй қилишади, уйланишади, меҳнатлари роҳатини суришади. Сиз бўлсангиз…
— Энди, амаки, биз янгича…
Бу мужмал гапни эшитган шофер машинани таққа тўхтатиб, орқа эшигини тарақлатиб очди.
— Туш! Ҳе, ўша сени!..
Дониёр машинадан тушиб чўнтагини ковлаётганда шофёр ўшқирди:
— Зебининг ҳаром пулини ачангга бер! Эсиз одам!..
Машина зарда билан вағиллаб бурилиб кетди. Дониёр турган ерида сурат бўлиб қолди. Шофернинг сўзларидан Зюзининг кимлиги аён бўлса ҳам, Дониёр унинг ҳақидаги фикрида иккиланар, унинг ширали қалин лаблари майидан ҳамон чала маст, ҳамон қулоқларида надомат билан айтган: «Севаман! Севаман! Севаман!» хитоби жаранглар, боши айланиб, оёқлари чалишар эди.
Эшик олдидаги кекса тол тагидан бир соя ажралиб чиқди-да, Дониёр томонга кела бошлади.
«Оббо… — Дониёр онасини таниб, юраги шувиллади. — Ўлганнинг устига чиқиб тепади энди».
Бошига дока рўмол ўраган, озғин, новча Насиба опа ўғлининг рўпарасига келиб тўхтади ва ёшли кўзлари билан термилди.
— Қаёқларда санқиб юрибсан, болам? — Унинг серажин юзида қон йўқ, товуши синиқ эди. — Сенга ҳам эс кирадими ўзи? Уйга кир.
Дониёр онасишшг кетидан ҳовлига кирди, айвонга чмқиб, қушбурун янги туфлисини тартибсиз улоқтирди, калта пальтосини вешалкага отди-да, деразаси айвонга қараган ўз хонасига гандираклаб кириб кетди.
Насиба опа ўғлининг кетидан соядай жимгина кирди.
Дониёр узун, нимжон гавдасини креслога ташлади ва қаршисида маъюс термилиб турган онасига совуқ қаради:
— Гапиринг гапингизни!
— Қаерда эдинг?
— Ўртоғимникида!
— Қайси ўртоғингникида? Оти борми?
— Нима, сўроқми?! — Дониёр ўшқирди.
— Онангга бақирма! — Насиба опа ўғлининг қаршисидаги стулга оҳистагина ўтирди ва қўшни машъала боғдан эшитилаётган ашулага қулоқ солиб бир нафас жим қолди. — Агар мендан камчилик ўтган бўлса кечир, — деди у синиқ товуш билан, — лекин мен сени бунақа тарбияламаган эдим. Одамларнинг бахтини кўриб, сенинг бахтсизлигингдан эзиламан. Ҳа, болам, сен бахтсизсан. Бу дайдилигинг, сени ичирадиган шубҳали ўртоқларинг — бахтсизлик. Бугун менга Қўлдош ота айтиб берди. Номусдан ер ёрилмади, кириб кетмадим. Сени лақиллатиб юрган танноз бахтингни жувонмарг қилади. Қайт бу йўлдан!.. Бу йўл фалокатга, ҳалокатга олиб боради, болам!..
Дониёр силлиқ таралган сочини чангаллаганча ерга қараб қолди, у энди онасининг юзига қарашга ботинолмас, унга сўз ҳам қайтара олмас, асаби ўта бузилган, дод деб юбориш даражасига етган эди.
— Бугун сени кўп одам йўқлади, — Насиба опа ҳамон босиқ гапирар эди. — Маҳалламизнинг раиси Мирзаабдулла ака келди. «Дониёр менга учрасин, ишга киритиб қўяман», деди. Бу сенга катта марҳамат, болам. Ўртоғинг Темиржон қайлиғи Юлдузхон билан келишди, тўйларига айтишди. Бу ҳам сен учун катта обрў. Ишга кир, ўқишингни давом эттир, одамларга қўшил, йўқотган дўстларингни топиб ол.
— Хўп, ойижон.
— Энди ётиб ухла.
Насиба опа ҳовлига чиқиб кетди. У дарахтзор боғннинг кенг саҳнида кезиб юрар экан, Дониёрнинг ёруғ деразасидан кўзини олмади. Унинг юраги санчди. Ўрикка суянганча туриб қолди. Дониёрнинг чироғи эса алламаҳалгача ўчмади. Унинг нима қилаётгани, нималарни ўйлаётгани, қандан қарорга келгани онага қоронғи эди. Лекин она шуни яхши билар эдики, ўғли қанчалик қийналмасин, қандай азоблар чекмасин, шу безовта тун ҳаётида бурилиш ясайди, қалбида умид ўтини ёқади…
Унинг чироғи тонг ғира-ширасида ўчди. Шундан кейингина Насиба опа енгил тин олиб уйига, пишиллаб ухлаётган болалари ёнига кириб кетди…