Ҳамиджон Икромов. Ҳаётни жанговарона фош этган поэзия (Герхард Гауптман)

Герхард Гауптман ХIХ аср охири ва ХХ асрнинг биринчи ярмида Германиянинг энг кўзга кўринган драматурги эди.

Унинг ижодида ўша давр немис ёзувчиларининг изланишларини ўзида мужассам қилган характерли хусусиятлар ёрқин акс этган. Гауптманнинг серқирра ижоди турли адабий жанр ва йўналишларнинг ўзига хос хусусиятларини қамраб олган. Унинг ижодига баҳо берар экан, Томас Манн шундай дейди: “Гауптманнинг ҳаёти давомида яратган ишларида ўша даврнинг жуда кўп адабий-бадиий оқимлари бирлашди, натурализм, символизм, неоромантизм охир-оқибат реализмга айланди, борлиқ ҳаётни жанговарона фош этиш поэзия билан чирмашиб кетди”. Шу боис, Гауптман драматургиясини даврлаштириш осон эмас. Чунки, адабий-бадиий оқимлар унинг ижодида кетма-кет келмайди. Гауптман ижодининг илк даврида кўпроқ натуралистик пьесалар яратилган. Унинг бирмунча кейин ёзган асарларида эса натурализмнинг айрим хусусиятлари эпизодик тарздагина учрайди. Кейинчалик Гауптман пьесаларининг бадиий йўналишлари маълум хронологик шаклга сиғмайди, улар кўпинча бир асарда бирга (ҳамоҳанг) келади. Бунга 1893 йилдаги ижоди ёрқин мисол бўла олади. Ўшанда Гауптман бирин-кетин ижтимоий мавзудаги сатира – “Қундуз пўстин”, реализм элементлари мавжуд мистика – “Ганнеленинг арши аълога кўтарилиши”дек турли характердаги пьесаларни яратган бўлса, 1898 йили фантастик мазмундаги “Пастароль” ва реалистик пьеса “Аравакаш Геншель”, 1911 йилда эса “Каламушлар” ижтимоий драмаси, яна бир йил ўтиб символик-пессимистик драма “Габриэл Шиллингсанинг қочиши” ва ниҳоят 1932 йили “Ҳаёт шоми” реалистик пьесасини яратган. 1933 йилда эса ўрта аср сюжети асосида “Олтин арфа” мистикасини ёзган.

Гауптман умрининг охирларида антик сюжетларга мурожаат қилади. Бу ҳол драматургнинг фашистлар режимига нисбатан ўзига хос норозилиги бўлган. Ижодкор бу даврда замонавийликдан қочиб, антик мавзуга мурожаат этиш орқали нацистлар ғояларини қабул қилмаслигини намоён этган.

Драматургнинг у ёки бу бадиий оқимлар орасида доимо иккиланиши, оғишларга йўл қўйиши адабиётшунослик ҳамда санъатшуносликда ўша давр немис зиёлиларининг ҳаёт қарама-қаршиликларини илғаш ва тушуниш учун олиб борган доимий, азобли изланишлари билан изоҳланади.

“Инсон ва муҳит” муаммоси Гауптман ижодининг энг аввалидан бошлаб мавжуд бўлган ва у ўзининг илк пьесаларида бу масалани айни натуралистик позициядан туриб ҳал этган. Унда инсон ўзини қуршаб турган шарт-шароит қурбони, унинг бу ҳолатдан қутилиб чиқишга кучи етмайди, шунинг учун ҳаёт шартларига итоаткорона бўйсунади. У қийинчиликларга қарши бошқача йўл билан курашишни билмайди, ҳатто курашишни истамайди. Зеро “собит натуралистларнинг” талаби шундай бўлгани сабабли Гауптманнинг илк пьесаларидаги образлар ҳам шундай эди.

Реалистик пьесаларида драматургнинг ушбу масалага муносабати анча ўзгарди. Уларда қаҳрамонлар шарт-шароит ва табиий муҳитга пассив бўйсунмайдилар, аксинча, уларга қарши курашадилар, исён қиладилар. Бу ҳолат инсон ва уни қуршаб турган дунё ўртасида тиғиз конфликтни келтириб чиқаради. Айни шу жиҳатлар Гауптман ижодининг етук палласи асосларини ташкил этади Ушбу мавзу унинг импрессионистик ранг берилган “Ғариблар” пьесасидан то охирги реалистик драмаси “Ҳаёт шоми”гача бўлган барча пьесаларида намоён бўлади. Гауптман драматургиясининг ижтимоий аҳамияти ҳам худди шундадир.

Гауптман 1862 йили 15 ноябрда Силезиянинг Оберзальцбрунн курорт шаҳарчасидаги меҳмонхона эгаси оиласида дунёга келади. Қишлоқ хўжалиги мактабига кириш мақсадида гимназияни тарк этади. Кўп ўтмай, Бреславдаги рассомлик билим юртига ўқишга киради. Лекин бу ерда ҳам ўқишни охирига етказмайди. Шундан кейин у Иен университетининг тарих факультетида ўқишга муваффақ бўлади. Сўнгра Римга бориб, ҳайкал ясаш билан машғул бўлади-ю, бу фаолияти ҳам узоқ давом этмайди. 1880 йилнинг ўрталарида ватанига қайтиб, Берлин шаҳридаги турли адабий кеча ва анжуманларда қатнаша бошлайди. Аввалига шеърлар, кичик ҳикоялар машқ қилган Гауптман учун бу жараён унинг ёзувчи ва драматург бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Энди у профессор А.Форель қўл остида “ирсият назарияси” билан шуғуллана бошлайди. Ҳар куни ишга қатнар экан, тўқув устахонаси ёнидан ўтаётиб, дастгоҳ устига мук тушиб, ҳолдан тойгунча, чанг ютиб ип йигираётган ишчиларни кузатар, уларга ич-ичидан раҳми келар, лекин уларга қандай ёрдам беришни билмасди. Бу ҳол кейинчалик унинг машҳур “Тўқувчилар” пьесасининг пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Берлинга қайтгач, адабиёт, хусусан драматургия билан жиддий шуғуллана бошлаган. Айниқса, Ибсен драматургиясини ўрганиш унинг ижодига катта таъсир кўрсатади. 1889 йилда Гауптманнинг биринчи йирик пъесаси – “Тонг олдида” эълон қилинади. Асар Отто Брамнинг “Эркин саҳна” театрида муваффақиятли саҳналаштирилади. “Тонг олдида” пьесаси маиший турмуш тарзини чуқур тасвир этиш орқали немис драматургиясида янги усулдаги асар пайдо бўлганлигидан дарак берарди. Лекин, ушбу драмада натурализм услубининг ожиз томонлари ҳам намоён бўлган. Пьеса аввалида асосий ўринда турган ижтимоий адолатсизлик муаммоси охирида четга сурилиб, ўрнини ирсий хасталик муаммоси эгаллаган. Оила бошлиғи Краузенинг ичкиликбозлиги, бадхулқлиги унинг хонадонини барбод қилган. Гарчи натурализмнинг алоҳида элементлари унинг охирги драмаларига ҳам хос бўлса-да, Гауптман кейинги асарларида воқеликни бундай бирёқлама, тор натуралистик концепцияда ифодалаш усулидан воз кечишга уринган. Бу унинг кейинги “Ғариблар” пьесасидаёқ намоён бўлади. Асарда қаҳрамоннинг драматик тақдири ирсий нобоплик билан эмас, балки ижтимоий-психологик характердаги сабаблар билан изоҳланган.

Гауптман қаҳрамонларининг деярли барчасини фожиавий интиҳо кутади. Олим Фокерат ҳам (“Ғариблар”), рассом Арнольд Крамер (“Михаил Крамер”, 1900) ҳам, қишлоқ қизи Роза Бренд (“Роза Бренд”, 1903) ҳам, аравакаш Геншель (“Аравакаш Геншель”, 1898) ҳам худди шундай. Гауптман дунёни оптимистик ҳис этишдан йироқ бўлган, чунки у ўз даври иллатларини кўрган, аммо ўша иллатлардан қандай қутилиш йўлини билмай курашган.

Агар “Ғариблар” зиёлилар драмаси бўлса, 1892 йилда ёзилган “Тўқувчилар” пьесасида эзилган ва охир-оқибат исён кўтарган оддий халқ вакилларининг умумлашма образини яратади. Пьеса 1893 йили О.Брамнинг “Эркин саҳна” театрида ҳамда шу йилнинг ўзидаёқ Францияда А.Антуаннинг “Эркин театр”ида саҳналаштирилиб, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинади. Лекин, инқилобий руҳ Гауптманнинг ижодига хос бўлмаган.

“Тўқувчилар” билан деярли баравар ёзилган “Ҳамкасб Крамптон” (1891) ва “Қундуз пўстин” (1893) комедиялари ҳам илғор ижтимоий характерга эга бўлган. Уларнинг биринчисида немис зиёлиларининг маънавий қашшоқлашган қисми фош қилувчи кулгига учраса, иккинчисида димоғдор, ўзига бино қўйган амалдорлар ўткир сатира остига олинган.

Гауптман ўз ижодий фаолияти давомида маиший ҳаётни, турмуш икир-чикирларини тасвирловчи натуралистик услубдан ташқари рамзий-фантастик, афсонавий ва тарихий образларга ҳам мурожаат қила бошлаган. “Чўкиб кетган қўнғироқ” (1896), “Шлюк ва Яу” (1901), “Бечора Генрих” (1902) пьесалари шулар жумласидандир. “Чўкиб кетган қўнғироқ” фалсафий эртак пьесасининг қаҳрамони инсофли, диёнатли темирчи уста Генрих. У улкан қўнғироқ ясаб, қишлоқ яқинидаги баланд тоғ чўққисига ўрнатиб қўймоқчи бўлади. Шу йўл билан қишлоғининг зерикарли, тўпори ҳаётини ўзгартириб, файз киритишни орзу қилади. Лекин, қўнғироқни тоғ тепасига олиб чиқишаётганда, у қулаб кетиб, кўлга ғарқ бўлади. Бу ҳолатдан таъсирланган уста, қишлоқнинг худбин муҳитида ясалган қўнғироқ тоғнинг беғараз, беғубор бағрига бегоналик қилди, деб тушунади. Шунинг учун ҳам пастга қайтиб тушишни истамайди, шу ерда фаришталар кўмагида қайтадан, янги қўнғироқ ясашга аҳд қилади.

Гауптман 1932 йили ўзининг энг машҳур асари “Ҳаёт шоми” драмасини ёзади. Пьеса марказида Маттиас Клаузен образи туради. 70 ёшли бу инсон махфий тижорат маслаҳатчиси, каттакон шаҳарнинг фахрий фуқароси, йирик китоб нашриётининг эгаси. Гауптман ушбу драмасини дастлаб “Янги Лир” деган ном билан атамоқчи бўлган. Чунки, ўз фарзандлари томонидан таъқиб остига олинган Клаузен тарихи унга ХХ аср Лирининг тарихи бўлиб кўринган. Фақат бу ерда ”Қирол”ни “мол-мулкидан” зўравонлик билан маҳрум этадилар холос. Асарда воқеалар ривожи бир томондан ёш ва покиза қиз Инкен Петерсни севиб қолган Клаузен, иккинчи томондан ота меросини қўлдан чиқиб кетишидан ташвишга тушган болалар ўртасидаги тўқнашувлар орқали юзага келади. Клаузен оиласи Гауптман учун ички курашлар авж олиб бораётган ўша давр Германиясининг ўзига хос моделидир. Муаллиф пьесада Маттиас болалари “Ит, мушук, бўри ва тулкиларга айланиши”, оталарини таъқиб этиб, охир-оқибат уни “тилка-пора этишлари”нинг ижтимоий-психологик сабабларини диққат билан таҳлил этади, маънавий қадриятларнинг, чин инсоний туйғуларнинг бостириб келаётган маънавий тубанлик, жоҳиллик, зулм ва жаҳолат билан муросасиз тўқнашувини кўрсатади. Аслида, пьеса воқеалари Германия бўйлаб тобора ёйилиб бораётган фашизм шарпасининг аянчли оқибатларига ишора эди.

“Ҳаёт шоми” драмаси 1974 йили Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрида саҳналаштирилган. (Ҳамид Ғулом таржимаси, саҳналаштирувчи режиссёр Ф.Шейн). Бош қаҳрамон Клаузен ролини Олим Хўжаев, Инкен ролини эса Ойдин Норбоева ижро этган.

Гауптман ижодининг сўнгги даврларида миф ва афсонавий воқеалар асосида қатор драматик асарлар яратиб, ўз замонасининг долзарб воқеликларини рамзий ишоралар орқали намоён этишга ҳаракат қилади. 1940-1944 йилларда яратилган “Ифегения Авлидада”, “Ифегения Дельфада”, “Агомемноннинг ўлими”, “Электра” номли асарлар шулар жумласидандир.

Герхард Гауптман 1946 йил 6 июнь куни ватани Силезиядаги Агнетендорф шаҳарчасида вафот этган.

Герхард Гауптманнинг немис адабиёти ва санъати соҳасидаги хизматлари беқиёс. Инчунин, унга адабиёт соҳасида Нобель мукофотининг берилиши (1912 йил) ҳам бежиз эмас. Унинг кенг миқёсли, серқирра ижоди XIX ва ХХ аср немис театри тараққиёти йўлини кўп жиҳатдан белгилаб берганлиги билан, умумевропа драматургияси ва театри ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган. Шунинг учун ҳам, унинг сермазмун ижоди ва мураккаб ҳаёт йўли жуда кўп мутахассислар томонидан шу кунгача ҳам ўрганилиб, тадқиқ этиб келинмоқда.

Ҳамиджон Икромов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор.

 “Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 11-сон