Гулбулоқ каттагина қишлоқ. Серқатнов йўл устида, тоғу чўлга борувчилар шу ердан ўтишади. Ёшроқ йўловчилар қишлоқ оралаганда атрофга аланг-жаланг қарашади. Нега деганда азалдан Гулбулоқнинг қилиқсиган қизларининг донғи кетган. Вақтида бу ерларда вулқон қайнаган дейишади, тупроғи қизил, яшил, кўк. Балки, шу боис заифаларининг ҳам зуваласи унинг лойидан қорилган эмасми, қайноққина, кийикдай ўйноққина, таърифлари Катта ўранинг полвон йигитларига довур етиб борган.
Пирманнинг полвонлик амали йўқ, аммо чапдаст йигит, конда туз чопади. Топиш-тутуши яхши. Фақат қайлиқ бобида омади чопмаган. Дастлаб армиядан бир ўрис қизни етаклаб келганди. Энаси, хеш-ақраболар ранги жуда сариқ экан, дейишди. Яна нуқул “мамаша”, “папаша”деб ўрисчалайди, кийимлариям жуда шийдам. Шундай бўлса-да, қабул қилишди. Аммо бир йил деганда ҳам келинга лозим кийдира олишмади. Наташа қайнота, қайноғалар олдида оппоқ пойчаларини лўмбиллатиб ўтираберарди. Охири бўлмади, Пирман бир ёққа кетганда худди ола мушукни етти қир нарига адаштирган каби шаҳарга элтишди. Вокзалга боргач, қўлига бир даста пул тутқазишди-ю, арининг уясидек гавжум кутиш залида қолдириб хайр-маъзурни нася қилишди. Пирманга: “Ўзи бир томошолаб келайин, деб шаҳарга кетди”, дейишди. У қаллиғининг қайтишини кутди, аммо Наташагинасидан дарак бўлмади. Шундан кейин Пирманни уйлантириш ташвишига тушдилар. Пешонасининг шўрига жўнатган совчилари ҳамма ёқдан қуруқ қайтаверди. Қизлар индамаса ҳам оналари: у лозимсиз хотин кўрган, “дод!” бермаймиз, деб туриб олишди. Эркакларнинг: “Шунинг нимасини ислайсилар, барибир нарса эмасми? Пирман ман-ман деган йигит бўлса”, деганлари ҳам беҳуда кетди. Каттатошдан биттаси битай деган эди, аммо омад келмаса қийин экан, совчиси, кимсан мулла Абдуллонинг уйқуси панд берди. Ул зотнинг ҳар замонда тутадиган қаттиқ уйқулари бор эди. Чин бўлса, ёшлигида ўзиям қаллиққа борганида бўлғуси келинчакнинг ўтовида чошгоҳгача ухлаб қолган экан. Бир пайт қайнота бўлмиш даладан кеб қопти. Бегимиз қачон тураркан, деб тезак териб юрган қиз қараса, отаси тўппа-тўғри ўтовга томон эшакни хиналаяпти. Урди Худо, дея этагидаги тезакни ташлаб югурса-я! Бўсағадан безиллаб қичқираберибди: “Туринг-ча туринг, отам келяпти!” Бошқа пайтда тўп отсаям ўйғонмайдиган мулла бу товушни эшитиб ўриндан даст турибди, имомликка киядиган оқ иштонини қидирибди, аксига олиб пўстак адоғида экан, аранг топиб бўрбойига тортибди-да, боғичидан икки қўллаб тутганча энкайиб эшикка чопибди. Энкайганининг маъниси, етим увуқнинг тизмасига қаймоғи турсин деб сут тўла тол тавоқни деб осиб қўйишган экан. Қиз буни келган пайтидаёқ айтган, эшикка чиқаётганда эмасдан тўкиб юбормаслиги учун бошини паст қилишини тайинлаган, мулла буни унутмаган, аммо қаергача энкайишни билмаган, энди айни товоқ осилган жойдан ўтдим, деб бошини адл кўтарса! Сутни ағдариб юборган. Ташқарида эса… Овлоққа қочаяпман, деб ўйлаб тўппа-тўғри эшакдан тушаётган қайнотасининг қаршисидан борган. Қўлидаги заранг халачўпни кўргач, чаппа бурилиб тиканзор чобирага ўрлапти. Ортидан қайнота уқтирармиш: “Иштонни кўтаринг мулло, анови сабилни чакамик юлмасин!”
Бу сафар Пирманнинг танидан совчиликка бораётган мулла Абдулло Сангразанинг буримидан ошгач, қаттиқ уйқуси келибди. Йўлнинг устидаги якка қайрағочга етиб тўрик ғунондан тушибди, нарироқдаги жинғилнинг тўморига қозиқбов солиб маҳкам боғлабди-да қайрағочнинг соялироқ жойини ўнглаб, саллани бошига қўйиб уйқуни ураберибди. Шу ётишда икки ярим кун ухлаган, дейишади. Бунга ишонмаганларга йўл ўткинчилар: Той боғланган жинғилнинг гирди чанги чиққан, химчароқ шохларини эса тўриқ шипириб еб қўйган”, дея қасам ичишган. Ниҳоят, мулланинг уйқуси қониб ўрнидан турган, роса қорнини тортиб, бўйри бўйрига қавишган ғунонга миниб Каттатошга борса! Фотиҳа тўйининг устидан чиқибди. Тўй у совчиликка бораётган қизникида бўлаётган экан… Келганидан кейин Пирман: “Битдима, мулла ака?” деб сўраса: “Битди, лекин сенга эмас, кўлқамишлик Ҳаққул гажакнинг укасига. Ялоқ қизартар тўйини ҳам еб келдим”, дебди.
Омад келмаса қийин экан-да.
Пирманнинг Дўсмат деган тракторчи ошнаси бор эди. Дўст Худонинг оти, деганлар, у қайишмаса ким қайишади. У қиш бўйи тракторини тариллатиб зинкийганча, унга қаллиқ излади, бироқ топиши қийин бўлди. Ниҳоят, Қорабулоқдан бир заифанинг дарагини топди. Анча ўтириб қолган қиз экан. Пирман: “Келиб-келиб қари қизни оламанми?” деб дўстига гина қилган бўлди.
– Бир кўриб кел. Олма эди-да дарров қўйнингга кирадима?
– Уйига борамизма?
– Баҳорда Келдиёр аканинг нўхатпоясини ҳайдаб бергандим. Шудгор ҳақидан озроқ қарздор эди, шуни сўраб борамиз. Тап-тайёр баҳона.
Ошнаси ичида “жон”, деб турганми, дарров рози бўлди. Қорабулоқ қайдасан, деб жўнашди. Уй эгаси тегирмонга кетган экан, кўликларни 13 ёшли ўғли боғлади. Энаси Холча чеча кўйлаги енгларини ҳалпиллатиб уларга пешвоз юрди. Норгулой ҳам эркак товуши келса анғишлайдиган одат чиқарганми. Айвонга чиқа солиб рўмолини ёя ташлаб, уларга ойдай жамолини кўрсатди. Ўзиям роса етилган, юзи саришиндан келган, лорсиллаган қиз. Пирман унинг лўмбиллаган билакларига боқиб эси оғди, Норгулой хумор кўзларини сузди-да, ошхона томонга юрди. Холча чеча чоққина меҳмонхонага янги кўрпачалардан тўшади, меҳмонларни ўтқазиб ёнларига парқув болишлардан қўйди. Юраги бир нарсанинг дарагини сезгандай серилтифот, икки гапнинг бирида: “Хуш келибсизлар оғажонларим, ёзилиб ўтиринглар, мен ҳозир”, деб югургилаганча дастурхон ёзди, бор ноз-неъматларини олдиларига қўйди. Чойниям келтиргач:
– Узр, оғажонлар. Мен энди ошхонага чиқайин, – деди.
– Ташвишни каттартманг, чеча, биз қайтамиз, – деди Дўсмат сустроқ оҳангда.
– Э, ташвиши бор эканми? Озиб-ёзиб бир кепсизлар, бемалол ўтираберинглар, ҳали акангиз келади. Мен паловга киришай, – деди-да, чиқиб кетди.
Дўсмат ошнасига “қандай” дегандай кўз қисди-да, иссиқ нонга қорин ёғини қалин босиб ея берди. Пирманнинг эса томоғидан ҳеч нарса ўтмайди, икки кўзи қия очиқ эшикда. Зора Норгулой кўриниб қолса, дегандай айвондан кўз узмас эди.
– Намунча аланглаб қолдинг? Олсанг кўраверасан-да. ҳозирча нондан олиб тур, қорнингни тўйғизмайсанми, хумпар, уёғини ўзим боплайман! – деб чандиди ошнаси.
Орада Холча чеча кириб бўсағага чўккалади. Пирман ов кўрмаган тозидай қийпанглади. Дўсмат узоқ ҳомуза тортгач, гап очди:
– Энди чеча-а, келганимиз боиси…
– Айтаверинг, ҳеч айби йўқ. Жоним, қизлик уйимиз, ахир.
– Шу-у десангиз… Акам келмади-да.
– Ўзимиз жавобини айтаверамиз.
– Ундай бўлса-а-а… Аввал иқтисод, кейин сиёсат, деганлар. Баҳорги шудгор хақидан озроқ пул қолган эди, шуни берсангиз…
Ҳафсаласи пир бўлган аёл кўзини чақчайтирди.
– Ҳали шунга келганмидинглар! Э, бор бўлинглар-э. Мен бўлсам…
– Ҳа энди, бизникиям ҳақ-да, жўжабирдай жонмиз чеча.
Аёл бошини сарак-сарак қилди.
– Ҳақингизни акангиздан сўрайсиз, иним. Ишингиз шу бўлса, хайр-хўш!
– Йўғ-э, дарров-а? Ҳали гап кўп, чечажон. Уёғини сўрасангиз, биз…
– Озмон хардорга тобимиз йўқ. Қош қораймасда кетинглар, олди-ортиларингга қоратош!
Шуйтиб иш битмади, ошнаси қарзини ундираман, деб қовун туширди. Пирман унинг трактори узоқдан тарилласа ҳам чаппа буриладиган бўлди. Бир куни кондан туз олиб келаётса, тор жойда дуч келиб қолди. Ноилож жарга қапишиб тракторга йўл бўшатди. Дўсмат эса, тормозни таққа босиб ёнига тушди. Кўришиб сўрашгач, қўярда қўймай кабинага туз-пузи билан чиқариб олди.
– Кечир ошна, мендан ўтди. – Узрхоҳлик қилди у. – Чечаси тушмагур бердисини айтгунча…
– Ўл-э, ҳақингни ундиришга борибедикма?!
– Гапни узоқдан бошламоқчи эдим-да. Нима биламан қувиб солишини. Тракторни эрганак-дарбозага етмай тўхтатди.
– Уйгача ҳайда-да энди, – деди ошнаси тумшайиб.
– Йўқ, гап бор.
– Қандай гап?
– Сенга янги қаллиқ топдим. Тоза кетворган, балнисада ишлайди.
– Анови қорабулоқлик Майнагулни айтаяпсанми?
– Худди ўзи.
Майнагул тегирмончининг қизи, бийдай қорачагина, бўш-баёвгина, тегирмонда супур-сидир қилиб, қош-киприги унга беланиб юрарди. Баъзида итларига арпа уни тортгали келган, мўйлаблари сабза урган чўлиқларга кўз соларди. Ҳечким уни вақти келиб бўз болаларнинг кўкайини кесади, не бир наррашерларни ортидан эргаштиради деб ўйламаган. Бўйга етгач, уни шу ерлик хирмончи Эсон бобо келин қилди. Куёв бўлмиш ҳали ўсмир, хирмонда галагов ҳайдарди. Уста Парда бола фақир янгитўшак, тағин чарчаб қолмасин, деб чапар ясаб берганди. Чапар дегани заранг шохларидан кўндаланг-тикка тўқилган мослама, хирмонга қўшилган ҳўкизларга тиркалади, буғдой пояларини сургаб янчилишини тезлаштиради. Бироқ чапарнинг Санақулга эшак сувга ёзилганча фойдаси йўқ. Кечга довур галагов ҳайдаган боёқиш уйга бурни сўррайиб, оёқлари чалишиб ҳориганча кириб борарди. Чимилдиқда эса уни тўрсалоқдай тирсиллаган келин кутарди.
Майнагул шу хонадонга келин бўлиб тушди-ю, ўзгарди. Санақул ҳардамхаёл ўспирин, ҳуши тутса келин билан чимилдиқ ортида озроқ боболайтака ўйнаб, ҳуши тутмаса кўрпага бошини буркаб уйқуга кетарди. Келиннинг у ер-бу ери баданига тегса: “Э, мунча билқилламай ёт, эрта туриб хирмонга боришим керак” дерди. Майнагулнинг бир эмас икки бўй етган қайинсинглиси бор, улардан иш ортмайди, уйда ўтиравериб зерикади, адоқдаги тупроқ йўлга қарайди. Мотосекилларини тариллатиб ўтаётган бўз болаларга тикилиб қизлик даври эсига тушганиданми ширингина энтикиб қўяди. Кейинчалик эшак, той-тувлоқ минган барваста чўпон йигитлар ўтганда ҳам юраги орзиқадиган бўлди. Хирмоннинг эса кети узилмасди. Эсон бобо келинининг бекор вақти кўплигини пайқаб кампирига маслаҳат солди:
– Шу-у, чоғимда рўзғор юмушларини икки қизинг бинойидек уддалайди. Келинни балнисага супурғич қилиб ишга ўтказсак, нима дейсан?
– Қалай бўларкин? – Ўйланди Ойрўзи момо.
– Беш-олти сўм ишлаб топса тирикчиликка асқатармиди.
– Бўлмасамчи. – Пулнинг дарагини эшитгач, қўшилишди кампир ҳам.
– Бош духтир билан гаплашайин-чи.
Бош дўхтир рози бўлди.
Шундай қилиб Майнагул қишлоқ шифохонасида фаррошлик қила бошлади. Бир йўла келинлик либослариниям навбати билан кияди, сочбоғи, хапаматини кўз-кўз қилади, ўзиям уни-буни кўриб яйраб келади. Супур-сидирни ўрнига қўйгани учун дўхтирлар ундан мамнун, Озроқ бели қадоқланиб келган эркаклар эса тобора чирой очаётган келинга зимдан кўз ташлаб оғриқлариниям унутишар, ора-сира гап ташлашарди. Чиндан Майнагул мойчечакдай очилиб, кундан кун кўзга яқин бўлиб борар, пардоз-андозни маромига етказар, кўча-кўйдаги ўспиринлардан тортиб бўйдоқ эркаклар, олифта хизматчию муаллимчалар кўз қисса нозланиб кулиб қўярди.
Бу орада куз ҳам охирлади, хирмонлар янчилиб бўлди. Ниҳоят, Санақул чапардан бўшаб ёш хотинчаси олдига зинғиллади, ҳуши тутганида билқиллама белидан, момиққина қўлидан ушларди, кўнглини хушларди. Тез орада Санақулни фермага саноқчи қилиб чўлга жўнатишди. Энди то эрта баҳор, яйлов ўриш маҳалигача ўша ёқда улоқиб юриши керак. Тўғри, ҳар икки ойда уйга келиб гулдек хотинчаси билан дийдор кўришади. Лекин кейинги сафар… Кўришолмади. Майнагул отасиникига кетган экан. Ўзи келар, деб кутгунича чўлга кетар вақти етди. Майнагул эса бир қир наридаги Қорабулоқдан пардоз-андозини жойига қўйиб солланиб-солланиб шифохонага қатнайверди, Санақулнинг пешайвонли катта уйига бурилиб қарамайди. Уни кўришга муштоқларга тўзим берсин, ошиқларининг сони кўпайса кўпайдики, асло камаймади.
Эсон бобо келиннинг азмойиши сал бошқачалигини пайқади ва қудасиникига борди. У билан йил серёғин келганидан роса гурунглашиб бўлгач, келинга юзланди:
– Майнагул юр, уйга кетамиз. Куёвинг ҳам 3-4 кунда келиб қолса керак.
– Бова мен… Мен энди бормайдиган бўлдим. – деди келин рўмоли учини ўйнаганча.
– А-а? Гапингни ангсор эшитдимма келин? Қачон бормоқчисан эмаса?
– Қачони йўқ. Бова, бетингизга айтганим учун айб қилманг, ўғлингизам бир экан, менам.
Эсон бобо бу гапни эшитиб силласи сувга кетди. Қудасига қараган эди, у ер чизиб қолди. Дилида, ҳа энди ёш нарса, бироз ёлғизсирабди, ҳадемай ўғлим келса ўзи боради, деган ўй билан уйига кетди.
Баҳор келди. Чорва тоққа яйлов ўришлади. Подалар буқалоч бўлган, жувонлар ғунажинлар ортидан сурдовлашган, совлиқларнинг елинлари сутга тўлган, қўзилари эмиб яйраб диркиллашган, елкаларига офтоб теккан чўлиқлар кебанакларини ташлашган, қўнишга борсак, соғимга келган бўй қизларни кўрармиканмиз, дейишиб қўшиқларини ванг қўйишарди:
Кўккана калабош тўрлама,
Кичкана деб хўрлама.
Кичканалардан ўсарман,
Кўкайгинангди кесарман.
Санақул ҳам бир нарсадан қуруқ қолгандай шошиб-тошиб, хотинчасини соғиниб уйга келди. Аммо қураламиш қолишини ҳали билмаганди. Келса, Майнагул уйда эмас. Катта қизнинг эридай пича дағдаға қилди:
– Нима бу, қачон келсам уйда йўқ, отасиникидан бери келмайди. Келин деган уйда ўтирмайма, мов бўлган пишакдай ҳар жойда юраберама? Шу қилиғига бир кўрсатиб қўяман-а!
– Келса кўрсатасан-да, болам, – деди урчуқни гириллатиб йигираётган энаси.
– Ҳа ака, сиз шуйтиб юраберсангиз янгам мов пишак бўлмай, ойпари бўлармиди – кесатди катта синглиси.
– Мен нима қиппан?
– Гўр қипсан, – деди отаси зиғир ёққа обдон пишган гуппи чопони этагини зарда билан қоқаркан, – даштдан бери келмаган эркакда ёш келин турама!
Бу гапнинг маъносини ўғли билдими-билмадими, жим қолди. Майнагул эса келмади. Олдингидек керилгандан керилиб, хушторларнинг юрагига ўт ёқиб юраберди. Ўзини боши очиқдай, эрдан чиққан жувондай тутарди. Изидан эргашган нечов, оламан деган нечов. Бир одати, ҳеч кимнинг раъйини қайтармас, шаштини синдирмас эди. Эндигина мўйлаби сабза урган йигитчалар олдига зинғиллашар, беватану уйда гулдай хотини борларнинг ҳам унга иссиқ ошдай кўнгли кетарди. Шу боис орадан кўп ўтмай ўртада тойталаш бўлди: мен оламан, мен оламан, деган полвоннинг ҳисоби йўқ.
Пирманнинг ҳам ишқи кетарди-ю, жазман харидорликка журъат этолмасди. Шу боис ошнасининг янги таклифига юраги урмади.
– Э, унинг дори баланд, барибир битказолмайсан.
– Қўрқма, бу сафар ишкал чиқмайди. Қасам ичаман!
– Ҳай билмадим-да, сен аралашган иш битиши қийин
– Гажирлик қилмай гапни эшит. Биласан, тегирмончи тусгана божам бўлади. Майнагулни эрдан чиққан жувон, деб хотинли-хотинсиз йўл ўткинчилар безор қилишаётган экан. Ҳали Эсон аканинг улиминанам ораси пичоқминан кесгандай айрит бўлмаган. Хуллас, божам жойи чиқса, беҳбидроғини топиб бош эгали қил, деб менга ўзи оғиз очди.
Хотинсизлик жонидан ўтганми ё остиртиндан ишқи кетганми, Пирман бўшашди.
– Майлику-я, лекин қайинсинглингнинг ҳаммага рўйхушлиги ёмон-да.
– Э, сенга тушса бирпасда юввош бўб қолади. Сал тулумингни чайқай-сан-да энди. Ҳали икковинг кўришасан, гапни бир жойга қўясан, ана ундан кейин депти-да.
– Қачон?
– Уёғини ўзим айтаман.
Икки кундан кейин Дўсмат тракторини Пирманнинг эрганаги олдига бел қилиб деди:
– Тайёргарлигингни кўр, шу оқшом учрашувга борасан.
Ошнаси Майнагулнинг васлини роса интиқиб кутган эса-да, юраги така-пука бўлди.
– Ошнажон, ҳеч бетлаёлмаяппан-да.
– Нима, умрингда қаллиққа бормаганмисан? Қўрқма, ҳаммаси келишилган, божам билан гапни бир жойга қўйганмиз. Эл оёғи сингач, қоронғилатиб аста овулига ўрлайсан, ҳовли адоғида пойлаб турасан, уй-ичи ухлашга ётганда қиз ошхонага ўтади, шунда устига шартта кириб борасан-да, гаплашаверасан.
Пирман одам-одамни танимайдиган говгумда йўлни чап солиб Қорабулоққа жўнади. Санглоқ билан юриб қалоқдан ошди, ҳаятнинг ичи билан дарахтларни қоралаб бораверди. Ҳовлига яқинлаганида ит ҳурди, лекин боғланганми, ғингшишдан нарига ўтмади. Қоронғуликни тўрт кунлик ойнинг нури хира ёритарди. Ошхонанинг рўпарасидаги қари ўрик орқасига паналади. Анчадан кейин уй томондан шобир келди, эркакнинг дўнғиллагани эшитилди, аёл киши эса баланд овозда гап уқтирди: “Майна қизим, фонусни ол, ошхонани супуриб саранжомла, шошилмасдан идиш-оёқниям юв, эртага уйга меҳмонлар келади”. Бу гапларни айтиб бўлгач, аёл қаттиқ-қаттиқ йўталди. “Энаси, парол қилаяпти, ишинг беш, Пирман!” дея дилидан ўтказди икки кўзи йўлакда бўлган кончи. Ҳаммаси синособ бўлгач, ниҳоят, майда қадамнинг шипиллагани қулоқларига чалинди. Йигитнинг юраги қинидан чиқаёзди.
Қўлида фонус кўтарган Майнагул кўринди, ошхонага ўтавериб тўхтади, бирпас нимагадир ангсариб қулоқ тутгач белини билқиллатганча, ошхонага кириб кетди. Пирман таппа кириб ёш жувоннинг юрагини ёрмаслик, ўзиям дадилланиб олиш учун анча ҳаяллади. Бир пиёла чой ичим вақт ўтгачгина, ўрнидан аста қўзғалди. Оёқ учида бориб эшикка қулоқ берди, аввалига жимликдай туюлди, сўнгра недир саслар эшитилгандай бўлди. Идишнинг шиқирлашига унчалик ўхшамасди. У зарб билан эшикни тортди. Ичкаридан ҳилойи илдирилган эканми дарров очилди. Қараса, Майнагули ёлғиз эмас! Не кўз билан кўрсинки, унга башарасиям, усти-бошиям қоп-қора, қоракуяга беланган пакана кимса канадай ёпишиб олган. Фонуснинг хира ёруғида кимлигини таниб бўлмасди.
– Ҳей, сен кимсан? – деб бақирди Пирман.
Ортига ўгирилганда таниди: у ким-ким, бузуқилиги билан атрофда донг чиқарган “маймун” лақабли Абдал эди. Тунлари бировларнинг ошхонаси мўрисидан тушиб ёш келинларни йўлдан оздиради, дейишарди, рост экан, дея дилидан кечирди Пирман.
– Абдал маймун?
Икковлон унга қараб бақадай қотишди. Ниҳоят, Абдал уни таниб қўрққанидан каловради, қучоғидаги Майнани қўйиб юборди ва ўзини мўрига урди. Пирман ортидан ташланди, аммо оёқ қўллари чайир, ниҳоятда абжир “маймун” ҳаш-паш дегунча мўрига тирмашиб томга чиқди – кетди. Майнагул уятдан қизаринган, қоракуя теккан юз-кўзини яшириб пиқилларди.
– Бу нима қилганларинг? Келиб-келиб Абдал маймун билан-а!
– …
– Ахир, бу оқшом мен сенга харидор бўб келгандим. Дўсмат поччанг билан келишгандик, сени менга олиб бераси эди. Сен бўлсанг… Нима бало, ё маймун билан ваъдалашганмидинг?
– Ўлай агар, тил бириктирганим йўқ. Ўзи кепти, мўридан!
– Қучоқлашганларинг-чи? – Таъна қилди Пирман.
– Ўзи ёпишди, мен нима қилай, – деди Майнагул шўрқиллаб йиғларкан.– Аслида сизни кутгандим…
– Сени энди элансанг ҳам олмайман, – деди ихлоси қайтган кончи.
Кутилмаганда Майнагул бошини адл кўтариб унга қаради, илонниям инидан чиқарадиган мулойим овозда қулоғига пичирлади:
– Ундай деманг, жон ака, мен сиздан бошқани демайман.
– Э, ошиқларинг сон мингта-ку, менга йўл бўлсин!
– Бари ўтаверсин. Аввалдан сизни кўзлаганман, сиздан бошқага тегсам Майна отимни бошқа қўяман.
Жувон кўзларида ёш билан уни оғушлади, Пирман ғужурли йигит, тирсиллаган сийналари кўкрагига текканида кўнгли жуда суст кетган бўлсаям, орияти йўл қўймадими, Майнагулни ўзидан нари итариб, ошхонадан чиқиб кетди…
Эҳ, аттанг! Қушчанинг ўзи қўлига қўнай, деб турганди-я! Яна ишкал чиқиб ўтирибди. Хотинсиз ўтиш пешонасига ёзилганга ўхшайди, шекилли. Аммо батамом эмас экан. Кейинги оқшом айвонда омадсизлигидан ўкиниб ўтирганида… Дўсмат тракторини тариллатиб эрганаги олдида зарб билан тўхтатди-да, сигналини чалди. Пирман жойиданам қўзғалмади. Ошнаси эса варанглатаверди. Охири уйдагилар чиқиб хабар олишди.
– Дўсматнинг трактори-ку, – деди отаси ўғлига. – Нимага кепти, бориб сўрамайсанми?
– Э, нимасини сўрайман, юргандир-да, валдираб. Боринг-да, келган жойига жўнатинг, кўрмайинам-куймайинам, – пўнғиллади Пирман.
– Ҳа, нимага қайтишиб қолдинглар икки ошна? Ораларингдан ола мушук ўтдима?
– Қора мушук ўтган, қорабулоққа тушган, билдингизма, ота!
Бу орада ичкаридагиларнинг бари чиқиб айвонда шовулдай бўлиб туришди. Дўсмат тракторини ўчириб тормозини таққа босди-да, кабинадан оқ рўмолга ўранган, эгнига адрас кўйлак, ироқи жиякли лозим кийган Майнагулни туширди, кетидан кўк кўрпани ташлади, ўзиям тушиб жайнаб кулганча хитоб қилди:
– Ҳей Пирман, қаллиғинг келди, қарши ол! Сиз, ота, Мулло Абдуллога одам юборинг, никоҳни қийсин, келинингизни обкелдим.
Пирман бир нимадан уялгандай ичкарига кириб кетди. Келинни хотин-халаж, бола-бақра қуршаб олди. Энаси Менгсулув момо қучоқ очиб кўришди, бош-адоғига қаранди, ясан-тусанидан кўнгли тўлди шекилли: “хайрият”, дея, ичкаридан кимдир олиб чиққан корсон товоқдаги қанд-қурсларни бошидан соча кетди…
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 6-сон