Бу ғаройиб ҳикояни бир вақтлар Сангардак тоғларида саёҳат қилиб юрганимда эшитганман.
Буюк Помир билан Ҳисор тизмалари туташган энг баланд чўққида турибман. Атрофни қуршаган маҳобатли зовлар, оппоқ шаршаралар, ям-яшил қўриқлар, зангори зарангзорлар орасидаги кўҳна қишлоқлар, ҳўкиз билан қўш ҳайдаётган кишилар, ўроқ ўраётган қиз-жувонлар. Улоқ-қўзи боқаётган болаларнинг қий-чуви… Нақадар ибтидоий ва сирли! Гўё бунда биз илғай олмайдиган недир оламлар яшириндек. Аниқроғи, айни бокира манзил, инсонлар, биллур шаршаралар, набототу жониворлар ерда эмас, қайлардадир олисларда, само қатларида зоҳирдек. Мен дахлсиз борлиққа маҳлиё бўлиб қуёш аллақачон ботганини сезмай ҳам қолибман.
Пастга энишда йўлдан адашиб Шарғун яқинидаги кончилар қароргоҳи устидан чиқдим. Шу жойда тунаб қолишимга тўғри келди. Ажабки, менга ўз палаткасидан жой берган муҳандис афсонавий таассуротларимга янада тизгинсизлик бахш этди. Бир қарашда унда ҳеч қандай ғойибийлик асари йўқдек, аксинча, содда, тиниқ фикрлайдиган замонавий, ўқимишли одам. Фақат… Зоҳирида ва ботинида бошқаларда учрамайдиган интиҳосиз жозиба бор эди. Ёши элликни қоралаган бўлса-да, қадди расо, навқирон, хушсурат, баайни қадимий Хитой қўлёзмалари саҳифаларига чизилган Лаоцзининг суратига қуйиб қўйгандек ўхшарди. Айни чоғда, болаларча беғубор, ғоят ифодали чеҳраси, бутун борлиғи етти ухлаб тушга кирмаган ҳикмату маъноларни намоён этарди гўё! Тарзини бир кўрган киши яна кўришни, сўзларини бир марта эшитган яна эшитишни орзулашига аминман. Айтишларича, бир умр гўзал аёллар уни севишган, ёш қизлар висолига етишни орзулашган. Энг ҳайратланарлиси, ноёб хислатли бу одам жуда фаол, қизғин ҳаёт кечирганига қарамай, шу дамгача оила қуриб хотин, бола-чақа орттирмаган экан. Боисини ўзгалар тугул, ўзи ҳам англаб етмаган чоғи, сўраганларга: “Кўнглимдаги аёлни ҳануз учратмадим, шекилли“ дея гапни қисқа қиларкан.
Мен унга ўз таассуротларимни гапириб бердим. Нақ булутлар орасидаги тоғ овуллари афсонавий туюлганини, очиғи, сирли ҳаётнинг чинакам намунасини кўриб кечиргандек бўлганимни, уларнинг китобларда тасвирлаган ёндош оламларни эслатишини тўлқинланиб сўзладим.
У менга бироз ҳайратланиб қаради-да, сўнгра зулмат қаърига тикилиб узоқ сукут сақлади. Анчадан кейин менга ўгирилиб бироз ўзгарган овозда сўради:
– Сиз уларга ишонасизми?
Назаримда саволининг асл маъноси сал бошқачароқдай, яъни: ”Тушуна оласизми?” демоқчидек эди. Шу боис бироз тараддудланиб, аммо қатъий жавоб қилдим:
– Ҳа, яралиши сирли бўлган борлиқда нечун сирли дунёлару жонзотлар, биз илғамайдиган ҳодисотлар мавжуд бўлмасин? Ўзга оламларга руҳий ё моддий тарзда кўчиб ўтиш, ёки аксинча, уларнинг бизга, бизнинг англаш доирамизга киришлари каби ҳолатлар…
Сўзларим унга бошқача таъсир қилди.У худди узоқ давом этган летаргия уйқусидан уйғонгандек менга тикилди. Мутаассир чеҳраси, кўзлари ёлқинланар, бутун борлиғи янги воқелик ила юзлашгандек ҳайрат ва ҳаяжон оғушида эди. Унинг ҳолати баайни тушдаги шодликка ўхшаб кетарди. Шундагина мен юраги тубида чўкиб ётган, сўзларимдан қўзғалиб, сиртига тошиб чиққан сўнгсиз армон ва соғинчни илғадим.
Узоқ сукутдан сўнг хитоб қилди:
– Ғойибий маконларга моддий кўчиб ўтиш! Қачонлардир айнан шунга ўхшаш синоатлар бошимдан ўтган. Салкам йигирма йиллик жумбоқ, сўзлаб берсам ишонармикансиз…
– Бажонудил эшитардим, – дедим мен тинглашга шайланар эканман.
* * *
– Асли Боботоғликман, – деб ҳикоясини бошлади у. – Отам машҳур полвон, дўмбирачи, оз-моз бахшилиги ҳам бор эди. Онам диндор оиладан чиққан тақводор аёл бўлган. Отамнинг қизиқиши туфайли уйимиз достону термалар, ривоятлару қадимий қўшиқлар ихлосмандлари билан гавжум бўларди. Улар орасида энг ашаддий мухлис мен – беш ёшли болакай эдим. Кейинчалик мактабга борганимда достон китобларни шариллатиб ўқиб берганимни кўрган биринчи муаллимим тахтадай қотиб қолган ва бирданига икки синф сакратиб учинчи синф ўқувчиларига қўшиб қўйган. Қаҳрамонларнинг деву аждаҳоларни қириб, париларни қутқариши ва бошқа саргузаштлари мени буткул ром этган, кечаю-кундуз мард баҳодирларга ҳамроҳ бўлиб золимларни, ялмоғиз кампирлару жодугарларни маҳв этиб, адолатни қарор топтириш йўлида жавлон урардим. Ҳусни жамоли қоронғу кечани ёруғ қиладиган парилар хотирамда ўчмас из қолдирган. Ўсмирлик чоғимда улар ҳақидаги хаёллару кечинмаларимнинг чеки йўқ эди. Ўз “парим“ ҳам бор эди! Хония! У ҳали ёшгина, тим қора сочларини селпиллатиб зилол булоқ суви каби тошдан-тошга сакраб юрарди. У билан гоҳ уришиб, гоҳ ярашиб капалаклар мисоли қувлашиб ўйнардик. Лекин чечаларимиз уят санайдиган ўйинларни ҳали билмасдик. Бу – армонсиз, таърифга сиғдириб бўлмас масрурлик эди. Шу қадар шууримга жойланган эканки, ўша ўйинқароқ қизнинг шабнамдек тиниқ юзини, шалола сочларини, шўх кулгусини бир умр унута олмадим. “Парим“ нинг муҳаббатига эришиш учун не куйларга тушмадим, дейсиз. Ҳамиша, ҳамма ерда биринчи бўлиш туйғуси ўшанда қонимга сингган бўлса не ажаб!
Бироқ омад мендан юз ўгирди. Рақибларимдан ўзаман деб чиранганларим асар қилдими ё бошқа бўлдими, ҳар нечук бўйим ўсмай паканагина бўлиб қолдим. Аллақачон бўйлари чўзилиб, юзларига ҳуснбузар тошган тенгдошларим овозларини дўриллатиб устимдан кулишарди. “Парим“нинг кўзига кўриниш эса ўлимдан-да оғир. У бўлса паналаб юрганимдан ажабланиб йироқдан ғалати қараш қилади, баъзан учрашиб қолганимизда олдингидек очилиб-сочилиб гаплашгиси келар, аммо менинг қараёлмай нуқул тундланишимдан ҳайратланиб жилмайиб қўярди .
Шу орада қишлоқда туман марказидаги олти ойлик курсларда ўқиб келган муаллимчалар кўпайди. Уларнинг ихчам камзул-шимлари, бўйнидаги гулдор галстуклари, билагига таққан ялтироқ боғичли соатлари, тилларини бураб шаҳарча гапиришлари барчанинг ҳавасини келтирар эди. Шунда мен ҳам ўқишга бориш, пўрим кийиниш, ҳаммани қойил қилиш истаги билан ёна бошладим. Мен ҳатто Хониянинг ишқиниям, паканалигимниям унутган эдим. Мактабни битириб кўм-кўк жилдидан бўёқ ҳиди келиб турган яп-янги аттестатимни қўйнимга солиб юрган орзуманд кезларимда омад қуши бошимга кўнгандек бўлди. Отам қўшни қишлоқдаги бир тўйда институтда дарс берадиган укахонини учратиб қолибди…
Алалхусус, орадан бир йил ўтиб мен ҳақимда қишлоқда: “Райимберди полвоннинг ўғли Азамат ўқишдан таътилга кепти, жуда кетворган, билгир йигит, билагида тилла соати бор эмиш”, деган овоза тарқалди. Бунда муболаға талай, аммо менинг кибри ҳавойим, сахту сумбатим булардан-да баландроқ эди. Рост-да, қандайдир туман марказидаги курс эмас, нақ пойтахту азимдаги институт талабаси! Энг қувонарлиси, бўйим ҳам анча чўзилган, қадди расо, заранг таёқдай йигитга айланганман.
Илгари қизларнинг ҳозиргидек юз-кўзларига бўёқлар, ўсма-ю сурмаларни обдон суриб, кўкраги очиқ, енгсиз кўйлаклар кийиб йигитчалар олдига зинғиллаши одат тусига кирмаган. Никоҳ кечаси “вакил сўратар“га йиғилган қизлар, куёв жўраларнинг қорасини кўришмаган. Ҳатто келин бояқиш ҳам куёвини чимилдиқда таниган, холос. Лекин менинг таърифимни эшитган бўй қизларнинг патагига қурт тушди. Узун енгли адрас кўйлак кийиб, сочларини қирқта ўриб уйимиз олдидан тинмай гузарга, сувга қатнашар, далага ёки мактабга боришда атайин бизнинг кўчадан гурра-гурра ўтишарди. Овулларга борсам, ўтовларининг жапсаридан қарашар, мен эса худди ойпарастдек уларни пайқамасдим. Аёнки, биргина ўзимнинг “парим”ни кўришни истайман. Уйи анча узоқда, атайлаб боришга истиҳола қиламан. Хония ҳам аразлаган шекилли, сира кўриниш бермайди. Ёзган хатларим, синглимдан тайинлаган гапларим жавобсиз қолди. Йироқдан алвон кўйлагини, қуёш нури тушган лаҳзада ярқираган юзини кўрардим, холос. Шунинг ўзиданоқ қувончдан юрагим тошар, ўзимнинг ердами-кўкдами эканимни билолмасдим. Гўё олам лолазорга айлангандек, Хония улар ичра ловуллаб ёниб тургандек. Ажабки, қанчалик тоқатим тоқ бўлмасин, пинҳоний муштоқлик, сирли ҳижрону бўлғуси висол хаёли, шодланиш ва изтироб, – бариси менга бениҳоя масрурлик бағишлар эди.
Шу аснода табиатимда ва феъл-атворимда анчайин ўзгариш юз берди. Энди мен олдингидек ботир ўғлон бўлиб “парим“нинг ёнига чопиб боришдан, жамалагидан тортқилаб ўйнашдан истиҳола қилар эдим.Учрашганда қизариб-бўзариб базўр саломлашардим. У шунчалар афиф, андишали эдики, мен ҳам ўзимни унга муносиб, мард, олижаноб йигитдек тутишим, Авазхондек қаҳрамонликлар кўрсатишим лозим, шунда у мени чинакам сева олади, дея ўйлардим. Бироқ шоирона хаёлларим мени заминдан ҳам, севгилимдан ҳам аста-секин йироқлаштириб тақдири азалим – мангу ҳижрон ва хаёлий ошиқлик сари ҳаволантирди. Мен олам мўъжизаларини кашф этиш, ҳаёт сирларини очиш ва зафарлар қучиш сари ошиқардим. Ўзимни илмга урдим. Самовий севгим ўша-ўша қалбимда-ю, севгилимни буткул унутдим. У аллақачон эрга тегиб кетган бўлса керак, деб ўйлардим. Адашган эканман, охирги курсда ўқиётганимда синглимдан хат келди: Менга Хонияни унаштиришибди! Ҳеч ишонгим келмасди. Отам достонлар айтишнинг пири бўлса-да, ҳардамхаёл одам эди. То у қизга бошқа қишлоқдан совчи келиб фотиҳа тўйи белгилангунича бепарво юрган, кейин эшитиб ҳеч кимдан сўраб-нетиб ўтирмай тўйлик молларни ва бўхчани олиб борган. “Ҳа”, дейишса: “Ўғлим шу қизга болаликдан кўнгил қўйган, уни мен келин қиламан. Наригиларни яхшиликча қайтариб юборинглар”, дея гапни чўрт кесган. Қизнинг отаси ноилож, айтганини қипти. Олдинги қудалар бу гапдан роса дарғазаб бўлишса ҳам отамнинг номини эшитгач, шаштларидан тушиб, ашқол-дашқолларини кўтариб изларига қайтиб кетишибди.
Менинг қувончим чексиз эди. Ахир энди “парим” билан бирга бўламан, интизорликларим, изтиробларим поёнига етади, севгим, севгилим ва мен мангу бахтиёрликда яшайман!
Тўйга ҳали икки йил бор эди: Мен ўқишимни адоқлашим, Хония гиламу бўғжомаларини, ўтовининг боғичу кашталарини, зебу зийнатини тайёрлаши зарур. Ниҳоят тўй бўлди.Тоғли қишлоқларда кўҳна удумлар, ҳар хил ирим-сиримлар ҳали-ҳамон сақланиб қолган. Бир қарашда жўн, эскирган, кераксиздек туюлган айни урф-одатлар аслида теран маъноларни англатади. Болалигимда уларни томоша қилиш жону дилим эди. Буни билган қудағайлар тўй кечаси ўша иримларни бекаму кўст адо этишди. “Вакил сўратар” чоғи икки ўспирин келин ва дугоналари ўтирган ўтовга қатнаб қизнинг инон-ихтиёрини тинглаб, Вакил отага етказишди. У ҳам ризолигини айтгач, мулла никоҳ ўқиди. Шундан кейин мени жўраларим билан ўтов остонасида таъзим қилдиришди, олдимга дастурхон ёзиб беҳисоб қатламалар тузашди, янгалару аммаларга сарупо тарқатдилар. Шу дамгача тўй рисоладагидек, ғоят тантанали ва қизиқарли ўтаётган эди. Ҳамма шод-хуррам, бир ёнда қўшиқ, бир ёнда ўйин-кулги! Дўмбира садолари остида ўтовга қадам қўйдим. Турли-туман рангдор боғичлар, нақшли қурлар, тизмалар, сон-саноқсиз попуклар тақилган ўтов ичи қора чироқнинг хира ёғдусида афсонавий қасрга ўхшарди. Айни таассурот онгимда неларнидир акслантиргандек, бошим айланиб оз-моз замон ва макон ҳиссини йўқотгандек бўлдим. Бу ҳолат кутилмаган синоатларни бошлаб келишини хаёлимга ҳам келтирмагандим, албатта. Жўраларим қуршовида шоду масрур эдим. Ичкари аёлларга лиқ тўла, ёнларида болакайлар ва қизалоқлар тизилишган. Аммаларим бошимдан танга ва ширинликлар сочишди. Шунда ҳаммалари қий-чув билан уймалашиб уларни теришга тушдилар. Завқ-шавқларининг чеки йўқ. Шу пайт бўсағада ўтирган алвастига ўхшаш қари момо беўхшов оғзини катта очганича, яккам-дуккам сўйлоқ тишларини кўрсатиб менга қараб гўё қари итдай ҳура кетди. Мен ҳазарланиб орқага тисланган эдим, орқамдан итаришди:
– Киравер, қўрқма, “ит ириллатар” иримини бажаришаяпти, – дейишди жўраларим.
Улар кампирга пул беришди. У дарҳол ириллашни бас қилиб ортга чекинди. Шунда унинг пайтавадек патак сочлари орасиданми, ғордай оғзиданми, жимитгина қора нарса учиб чиқди-да, чанғороқ атрофида айланиб-айланиб чимилдиқ томонга ўтиб кўздан ғойиб бўлди. Унинг кўршапалаклигиниям, капалаклигиниям, недир шарпалигиниям билолмадим. Мени яна олға бошлашди, аммо кампирнинг жирканч башараси ва ўша қора шарпа қорачиғимда ўрнашиб қолган, аъзойи баданимда номаълум титроқ сезардим. Чиндан ҳам ғалати: ҳеч нарсадан тап тормайдиган бўз бола бўлсам-да, юрагимни аллақандай ваҳима эгаллаган.
– Қўрқма, – дея жўраларим яна далда беришди – ҳали маросим тугагани йўқ, дадил бўлавер, куёв тўра!
Чимилдиққа яқинлашдик.Энди бизни ёш, шўх-шаддод жувонлар ўртага олишди. “Ипак тикиш”, “Ойна кўрсатар”, “Соч сийпатар”, “Қўл ушлатар” каби бир талай удумларни адо этишди. Жўрабоши уларга пул ва рўмолчалар улашиб турди. Аёллар, кам бераяпсизлар, дея талашиб-тортишарди. Мен бу иримларнинг тугашини сабрсизлик билан кутардим. Орадан гўё минг йиллар ўтгандай эди…
Ниҳоят қий-чув тинди, ўтовни тарк этишди. Чимилдиқда ўтирибман, рўпарамда оқ чимматга бурканган келин… Бироқ ўтовда биздан бўлак яна кимдир бордек. Нечундир юрагим шувиллаб кетди: ўша кампир бўлмасин тағин, деган хавотирли ўй кечди хаёлимдан. Назаримда қора шарпаси мени таъқиб этишдан бир зум ҳам тўхтамасди. Айни дамда ўзимни қўлга олишим лозимлигини ҳис этардим, сабр-косам тўлган эди: келиннинг юзидаги чимматни олиб улоқтирдим. Димоғимга гупиллаб ўткир мушки анбар ҳиди урилди. Қора чироқ шуъласи хира бўлишига қарамай “Парим”нинг кўзни қамаштиргудек жамолини кўрдим. Илгари оҳудай тошдан-тошга сакраб юрган шўх қизчалигида ҳам ниҳоятда гўзал эди. Энди! Рухсорида барқ урган чиройни таърифлашга сўз ҳам, хаёл ҳам ожиз. Порлаган кўзларида инсон онги, тасаввури қамрай олмайдиган ҳусн-малоҳат, интизорлик ва шодлик, абадий ишқ ва бахтиёрлик зоҳир. Мен унинг оқ билагига момомдан қолган кумуш билагузукни тақдим. У оҳиста оғушимга кирди. Бўйнимдан қучиб, юзимдан сўнгсиз соғинч ва муҳаббат билан ўпдики, азойи баданим жимирлаб кетди. Балки менга шундай туюлгандиру, эркалашлари, меҳр ва ардоғи буткул шаҳвонийликдан ҳоли, гўё қачонлардир, қайлардадир ошиқ-маъшуқ бўлганмизу узоқ айрилиқдан юрак-бағримиз хун бўлиб минг йиллардан кейин яна топишганмиз. Кўзларидан шашқатор ёш қуйиларди. Мен баҳор ёмғири ювган лола янглиғ тозарган юзидан бўса олардим. Иккимиз ҳам илоҳий бахтдан сархуш эдик. Бора-бора ёввойи, телбавор эҳтирос бизни ўз забтига олди…
Орадан қанча вақт ўтгани номаълум, қаердалигим ҳам… Босинқираётганимни, ёнимдаги зил-замбил гавдани ва хириллаган овозни илғадим. Димоғим кучли бадбўй ҳиддан ёрилар даражада эди. Уйғониб кетдим: чимилдиқ узра қора шарпа чарх урарди. Қўрқиб кетиб, кўзимни катта очдим ва даҳшатдан қичқириб юбордим. Қучоғимда қоқшол қўллари билан менга маҳкам ёпишганча алвасти ётарди. Не кўз билан кўрайки, у ўша “ит ириллатар” иримини бажарган кампир эди! Умримда бунақа жирканч башарани учратмаганман. Ярим-яланғоч бадани шалвираган, патак сочлари қат-қат бўйни ва бўртилган тарам-тарам чаккасига ёйилган. Қўланса ҳид ғордай оғзидан, мўйи оқарган қўлтиғидан анқир эди. Менинг қичқириғимдан уйғониб чағир кўзларини ҳайрат-ла очди-да: “Ҳа, сизга нима бўлди, бегим”, дея хириллади. Ақли ҳушимни йиғиб олгунимча қанча муддат ўтгани менга қоронғу. Ниҳоят юрак ютиб сўрадим: “Сиз?! Ўтовда эдингизми?” “Ҳа, бўлмаса-чи”, деди у менга қаттиқроқ ёпишиб. Мен унинг косовдай билагини бўйнимдан олиб ташлаб ўшқирдим: “Бу ерга нега кирдингиз?” У кўзларини чақчайтирганча менга дашном берди: “Нега бақирасиз, бегим, сизга бир бало бўлдими? Чимилдиққа кирмай қора ерга кирайинми? Никоҳ кечамиз-ку…”
“Келин қани?”, дея гапини шарт кесдим. Сабрим тугаган эди. У чинакам ҳайратланиб суради: “Яна қандай келин?!”
“Хония!” – дея қичқирдим мен.
“Ҳа менман, шу ердаман. Кўзингизни очиб қаранг, бегим”, дея мен томон интилди. Охири, бу аҳмоқона савол-жавобдан фойда йўқлигини англаб етдим-да, алвастини нари итқитиб ўрнимдан сакраб турдим, чимилдиқни кўтариб ўтов ичига қарадим. Ҳеч зоғ йўқ. Ташқарига чиқиб атрофга разм солдим. Жимжитлик. Хония ҳеч қаерда йўқ. Ўтовга қайтиб кирдим. Ярим кўтарилган чимилдиқ ортида исқирт кампир ҳамон ялпайиб ётарди. Шу аснода саросар тураверсам, ақлдан озишим мумкинлигини фаҳмлаб тезгина кийимларимни эгнимга илдим-да ташқарига чиқиб нариги ўтовга йўл олдим. Укаларим энамнинг атрофида тизилишиб ухлашарди. Отам меҳмонлар билан катта ўтовда. Олдинига жигаргўшаларим ёнига чўзилишни, тонг отгач не синоат юз берганини аниқлашни мўлжалладим. Назаримда бу қандайдир ҳазил ёки англашилмовчилик, тез орада ҳаммаси ойдинлашади, деган ўйдан хотиржам эдим. Шунда орқамдан паст, мунгли чорлашга ўхшаш овоз келгандай туюлди. Ўгирилиб қарадим. Чимилдиқли ўтов остонасида эндигина тоғ айрисидан мўралаган ярим ойнинг сўник ёғдуси ичра оқ либосли келинчак турарди.
”Хониям!” – қувониб шивирладим мен.
”Ҳа,“ – дегандай заифгина сас келди.
Қайтипти-да! Юрагим дукурлаганча у томон чопдим. Лекин… Уч қадамча қолганда ҳафсалам пир бўлиб таққа тўхтадим. Не кўз билан кўрайки, исқирт кампир сўйлоқ тишларини иржайтганча менга таънаомуз бақрайиб турарди.
”Сизга нима бўлди, бегим? Қаёққа кетдингиз, мен қўрқаяпман,” деди у гина аралаш ноз билан. Сўзлари ва беўхшов карашмаси Хониямнинг абадий ғойиб бўлганига ишорадек юрагим орқамга тортиб кетди. Қора шарпа тинмай бошимда ғужғон ўйнарди. Ақлу ҳушимни йўқотгандайман, миямда биргина ўй: тонг ёришгунча бу ердан кетиш керак, йўқса ақлдан озишим ҳеч гап эмас, мени асло шу жирканч таъвия билан бирга кўришмасин! У билан бу ерда бир зум ҳам қололмаслигимни ҳис этардим…
Чорак соатлардан сўнг туман марказига элтадиган тош йўлда кетиб борардим. Ортимга бир марта бўлсин қайрилиб қарамадим – оқариб келаётган тонг ҳам қалбимга далда беролмасди. Қора ШАРПА тоғлар узра чарх уриб мени тинмай таъқиб этарди…
* * *
Ўқишни битириб иш фаолиятимни бошлаганимга ҳам анча бўлди. Ҳаёт бамисоли тегирмон чархи, тинимсиз айланаверарди, айланаверарди. У элакдан ўтказмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳатто самовий жисмлар ҳам ўзгаради, вақт уларни тўздиради, рангларни ўнгдиради, садоларни сукунатга айлантиради, борлиқни йўқликка маҳкум этади, янги мавжудлигу моҳиятларни яратади. Мен ҳам шу тахлит ҳаёт тегирмонида тинмай чарх урардим – улкан режалар, орзулару курашлар, ташвишу қувончлар билан андармон бўлиб. Заррадан зар излаб, замину само қатларидан мўъжизалар кашф этиш шавқи билан масрур эдим. Ҳаётим бамисоли пўртана денгизни эслатарди. Гўё мен забт этолмайдиган чўққининг ўзи йўқдек. Аммо ҳамиша, ҳамма ерда ўша қора ШАРПА – азалий ҳамроҳим. У бир умр мени таъқиб этишдан тўхтамайди. Мен эса ҳамон нурларга йўғрилган номаълум оламим сари талпиниб, чимилдиқда йўқотган “парим”ни – бахт қушимни излаб-излаб, соғиниб-соғиниб яшайман…
Қачонлардир бошимдан кечган сирли воқеани даҳшатли туш ё шунчаки бўлмагур саргузаштдек хаёлимдан чиқариб юборган эдим. Бироқ инсон бошқа-ю, қисмати бошқа, деганлари рост экан. Ўша никоҳ кечасидаги ҳодисот хотирамдан кўтарилиб мендан нари бўлди-ю, аммо қолдирган асорати йўқолмаган, таъбир жоиз бўлса, тақдири азалимга айланган эди. Мен бир умр хотин зотидан ирганадиган бўлиб қолгандим. Ҳар сафар уларда гўзаллик ўрнига иркитликни, севги ўрнига нафратни кўрардим. Йигитлик чоғим, чимилдиққа илк қадам қўйганимда йўлиққаним ҳар икки тимсол: соҳибжамол пари ва жирканч алвасти борлиғимда мудом ҳозиру нозир. Мен унутсам-да, улар мени унутмасдилар. Йўлимда учраган гўзал жононларга неча бор шайдо бўлиб уйланишга жазм қилсам-да, сўнгги паллада кўз ўнгимни қора шарпа зулмат каби тўсарди…
Орадан кўп йиллар ўтди. Боботоққа қайтиб қадам босмадим. Киндик қоним тўкилган ота маконимни, ичган булоқларимни, бирга ўйнаган жўраларимни, жигаргўшаларимни тарк этиб кетдим. Анча улғайдим шекилли, хаёлот ва ошуфталикларим, олис болалик хотираларим ҳам энди мендан йироқлашди. Илк муҳаббатим, Хония, тўй оқшоми ўтовда юз берган ҳодиса, чеккан изтиробларимга қайтадан дохил бўлишга менда хоҳиш ҳам, бирор сабабу аломат ҳам йўқ эди. Кунларнинг бирида хизмат сафари билан Ҳисорнинг қуйи тизмаси – Қўйтанга боришимга тўғри келди. Ишдан бўш пайтларимда тоғ манзараларини томоша қилишни хуш кўрардим. Болалигимдан бир ривоят чала-чулпа эсимда қолган. Эмишки, қароқчилар бир чўпонни тутиб ўзлари макон қилган ғорга келтиришипти. Қароқчибоши ундан: “Қўйтантовда нечта дара бор, – деб сўрабди. – Айтсанг қўйиб юбораман, қўйларинг ҳам ўзингга сийлов. Айтолмасанг бошинг кетади.” Чўпон не деярини билолмай таваккалига: “360-та” деб жавоб қилибди. “Буни қандай исботлайсан”, деганда: “Юринг мен билан, ўзингиз биласиз-қўясиз, қизил тулки айтади”, дебди. Бу гапдан ҳайрон қолган қароқчи: “Қани ўрмонга бошла, гапинг ёлғон бўлса ўлдим деявер,” деб қиличини қўлига олганича уни ҳайдаб йўлга тушибди. Ўрмонга боргач чўпон ўзининг ва қароқчининг салла чопонини ечиб икки айри тўнкага яхшилаб кийдирибди. “Бу нима қилганинг” деса: “Бош иккита кўринса тулки тилга киради. Сиз тўнка ортига яшириниб гапларини эшитасиз“ дебди-да, тулкини буёққа жўнатиш учун тоққа йўл олибди. Орадан бир ош пиширим вақт ўтгач, қип-қизил тулки терисини ёпинганча эмаклаб келибди-да “панг-панг”лаб қичқира бошлабди: “Қўйтантовда кўриб эдим 360 дарани, ҳеч кўрганим йўқ эди икки бошли балони!” Қароқчи ўтакаси ёрилиб ура қочибди. Шу-шу буёқларга яқин йўламабди. Мен нечундир кўнглимда ўша тилга кирган тулкини учратиб қоладигандай қизиқсиниб дараларни кезардим.
Бу ерда маҳобатли зовлар ҳам, шарқироқ дарёлар ҳам йўқ, аммо қизил ва кўк тупроқли қирлар, қуюқ чакалакзорлар билан қуршалган дараларнинг адоғи йўқ. Атроф кимсасиз, мени бокира табиатнинг дахлсиз олами сеҳрлаб қўйганди. Қуёш терак бўйи кўтарилгач, заррин нурга чўмилган борлиқ афсонавий рангинлик касб этган. Шуълалар зарангларнинг зангори япроқлари-ю кўм-кўк учқат гулларида аксланиб шудринглардан кўтарилган енгил ҳовурни камалакдек товлантирарди.
Бир пайт шуълалар ва ранглар аро ястанган бўм-бўш даранинг кунгай бетида бир-бирига мингашган пешайвонли уйлар туман пардаси ортидан ғира-шира кўрингандек туюлди. Кўзларимни уқалаб яна қарадим. Ҳа чиндан ҳам ғаройиб! Дарада овул бор эди. Ҳовлилар адоғида пастак молхоналар, томорқалар, уларда ишлаётган одамлар, айвонда дўмбира чалиб ўтирган чоллар, ўрмак тўқиётган аёллар, урчуқ йигираётган момолар, эшак минган ўтинчи болалар, улоқ-қўзи боқиб юрган жамалак сочли қизалоқлар, сочи белида тўлғонган, дўмбоққина бўй етган опалари… Аҳён-аҳёнда қишлоқнинг ўртасидаги чанг йўлдан барзанги чавандозлар от миниб ўтиб қолишар, қизлар оппоқ билакларини лўмбиллатиб уларга қарашарди. Йўловчилар: “Нимага қарайсилар, одам кўрганларинг йўқма?” дея ёлғондакам қамчин ўқталишарди. Қизлар нозланиб: “Боринг-э, сизга қараяпмизма?” дея лаб буришарди.
Бу ибтидоий турмуш, осойишу оройишга боқиб эсим оғиб қолди. Негадир исмсиз ҳаяжон, олис ва қадрдон туйғу ич-ичимдан тошиб келарди. Юрагимни ўртаб юборган бу туйғуни таърифлашга сўз йўқ. Мен олис Боботоғда туғилиб ўсганман. Жонажон қишлоғимни, яқинларимни соғинганим рост, аммо ҳозиргидек жонбахш ҳисларни сира бошдан кечирмаганман. Кўрган нарсаларим ақлимни шошириб, вужудимни ларзага солди. Гўё бу замин қачонлардир яшаган жойларим, одамлар эса менинг қадрдонларим. Юрагим узилиб-узилиб, увишиб-увишиб атрофга боқаман, ҳозир ёнларига чопиб бораману улар билан дийдорлашаман. Энам кенг кўйлагининг узун енги билан кўзларини арта-арта келиб мени бағрига босади. Кейин отам, укаларим, жажжи сингилчаларим, аммаю-холаларим…
Ажабо! Чиндан ҳам ҳаммаси шу тахлит кечди. Мен қирдан эниб улар билан топишдим. Тўдалашиб мени эски пешайвонли уйимизга олиб боришди. Сингилларим сочпопукларини пириллатиб уйма-уй чопқиллаб “акам келди!” дея ҳаммадан суюнчи олишди. Одамлар келиб мен билан қучоқлашиб кўришдилар. Кўзларидан севинч ёшлари оқар эди. Шунда ақлга сиғмас, қизиқ бир ҳолатнинг шоҳиди бўлдим: бу қишлоқ, одамлар, қариндошларим икки томчи сувдек ўхшасалар-да, Боботоғдагидан сал бошқалигини ҳис этиб турардим. Албатта, мен тамоман ўзга макон ва замон, ўзга инсонлар издиҳоми ичра ҳозир эдим. Айни чоғда менга минг карра яқинроқ, аслроқ ва азизроқ! Бошқача айтганда, айнан шулар менинг чин туғишганларимдай эди. Гўё улар билан қачонлардир, Боботоғдан олдин ҳаёт кечирганману кейин тарк этганман. Севинчимни, ҳисларимни таърифлашга сўз йўқ. Улар ҳам чинакамига қувонишар, мени яхши кўришар, берилиб ҳол-аҳвол сўрашар эди. Ҳеч қандай нотабиийлик, англашилмовчилик ёки хатолик сезилмасди. Ҳовлида мол сўйилди, қозон осилди. Янгаларим мен яхши кўрадиган юпқа, ғилминди, патирлардан пишириб беришди. Зиёфат авжига минди. Умримда бу қадар шод ва масрур бўлган эмасдим.
Эртасига ўйнаб ўсган жойларимни кўриш учун қирга йўл олдим. Баландликда қулайроқ ўрнашиб олганча атрофни завқ билан томоша қилдим: номаълум ҳаёт, ғаройиб тафсилотлару манзаралардан иборат кечмишларим худди кинотасмасидай кўз олдимдан ўтарди. Очиғи, бунинг нималигини изоҳлай олмасдим. Наҳотки ҳаммаси Боботоғда кечмаётган бўлса?! Бу қандайин олам, қачон ва қайларда зоҳир: ердами, кўкдами, ўтмишдами, ҳозирми, келажакдами?!
Сайхонликдагилар беихтиёр эътиборимни тортди. Атрофи шох-шабба билан қуршалган ҳаятда гулдўзи қалпоқ кийган думалоқ юзли, қисиқ кўзли паканароқ бола картошка чопиқ қиларди. Кетмони ўзидан катта бўлса ҳам пуштага чапдастлик билан урарди. Ён томондаги чакамуғзорда бир қизча улоқ-қўзи боқарди. Ҳали ўн олтига тўлмаган бўлса-да жуда гўзал, шўх-беғубор, бинафша япроғига қўнган шабнамнинг ўзгинаси. У атрофда чаман бўлиб очилган уюртмакларни териб қушбоши ясарди-да, қоп-қора сочларига тақарди, кулиб-кулиб боланинг ёнига борарди. Иккиси беғам-беармон ўйинларига андармон бўлардилар. Шодликларининг, завқ-шавқларининг чек-чегараси йўқ эди. Улардан нарироқда эса бир бўйчан йигит сайр қилиб юрарди. У жуда келишган, эгнида қимматбаҳо кийим, бўйнида тилла занжир, билагида антиқа соат, оёғида оқ кроссовка! Беғубор чеҳрасидан шижоат, тийрак нигоҳларидан орзумандлик ёғилади. Йигит лолазорда кезаркан, нигоҳини сочлари шалоладек дўмбоқ қизчадан узолмас эди. Гоҳида кўкаламга чўзилиб китоб ўқир, қўл телефонидан мусиқа тинглар, гоҳида тўгарак ойначасига тикилиб сочларини тарарди. Кейин ҳаммасидан безор бўлгандек ҳомуза тортарди-да мушакларини шишириб машқ бажаришга киришарди. Қизча билан бола эса унга сира парво қилишмас, ўз ўйинларига берилиб дунёни унутишган эди.
Бу манзара мени янада сеҳрлар оламига ғарқ этгандек, улар ёнига югуриб боргим, армонсиз ўйнагим, қачонлардир бошимдан кечган завқ-шавқларга тўлгим келарди. Назаримда, мен ҳам уларга эврилгандайман. Гўё булар қишлоқ болалари эмас, менман!
* * *
Қанча хаёл сурганимни билмайман. Бир пайт тиниқ осмонда осуда сузиб юрган оқ булутларга адоқдан қора булутлар ҳамла қилгач, бирдан чақмоқ чақди ва момақалдироқ гумбурлади. Ёмғир шаррос қуйиб юборди. Мен паналаш учун ён томондаги камарга шошилдим. Унинг ичи мен ўйлаганчалик юза ва ёруғ эмас экан. Бамисли тошдан ясалган улкан ўтов, дейсиз. Оғзи бўсаға янглиғ кун чиқарга очилган, гирди керагадек гир айлана, усти ҳам увуқлар қадалган чанғороққа ўхшайди. Мен тўрроққа ўтдим, чунки ташқари ваҳимали ғурумотга айланган, тинимсиз чақаётган чақмоқ қора булутларни ялт-юлт тилимларди. Гўё эртакларда тасвирланган ер ости қасрида ўтиргандайман… Камарга бир талай улоқ-қўзи тапир-тупир ёпирилиб кириб ёндаги бурчакка тўда бўлди. Ҳаял ўтмай уларнинг эгаси – ҳалиги қизча оқ каштали нимчасини бошига соябон қилганча чопиб кирди. Юзини аниқроқ кўролганим йўқ, нозиккина қоматидан, сочига тақилган жамалагидан танидим. Қарийб у билан изма-из, йигит билан бола ҳам келиб камардан жой олишди. Момоқалдироқ тағин кучлироқ гумбурлади…
Назаримда, ҳушимни йўқотгандайман, бир лаҳза кўз олдим қоронғулашиб яна ёришгунича орадан минг йиллар ўтгандек туюлди. Ғор ичи унчалик қоронғу бўлмаса-да, кўзларим фақатгина қизчани илғарди, ўспирин билан бола чиқиб кетишганми,кўринмасди. Ажабо! Қиз ҳам энди тамомила бошқача: анча ёшамол, ҳусндоргина жувонга ўхшайди, лекин ҳамон қизлардек нозик-ниҳол, ҳаракатлари енгил ва нафосатли. Ундан мушк-анбар аралаш қандайдир таниш ҳид таралар эди. Шунда…Аллақайдан пайдо бўлган кўршапалакка ўхшаш қора шарпа тепамизда чарх ура кетди. Навбатдаги яшин чақнаб ғор ичини бир лаҳза ёритганда жувоннинг юзини аниқ-тиниқ кўриб, ҳайратдан қичқириб юбораёздим. Ё алҳазар! Бу – ўша алвасти кампир эди! Никоҳ кечамда “парим”дан жудо этиб ҳаётимни ағдар-тўнтар қилган таъвия! Наҳотки ҳаммаси қайтадан такрорланса! Ажабланарлиси шуки, энди у қари ҳам, жирканч ҳам, хунук ҳам эмас, аксинча қора зулфлари тол-тол эшилган, оқ юзли нозанин. Чеҳраси бироз сўлғин, аммо тенгсиз ҳусн-малоҳат излари яққол сезиларди…
У бир сўз демай, қувончдан порлаган кўзларини мендан узмас эди. Мен эса айни мавриди келгани учун ундан ўша тундаги қилиғи боисини, Хонияни қаерга яширганини сўрашни истардим. Бироқ энди менда унга нисбатан нафрат эмас, недир ғамгусорлик туйғуси қарор топган, гўё яна сеҳру жодуси билан ақлу ҳушимни олиб қўйгандай, нафасимни чиқара олмасдим. Охири ўзи сўз қотди:
– Мени танияпсизми?
– Йў-ў… Ҳа, сал-пал. Сиз ўша…
– Йўқ, яна адашдингиз. Мен Хонияман.
– …
– Ишонмасангиз, мана кўринг. – дея у билагидаги тақинчоқни кўрсатди.
Мен уни дарҳол танидим: илон тасвири туширилган кумуш билагузук! Қачонлар, ким томонидан ишлангани номаълум. Уни менга ҳаётлигида момом берган: “Никоҳ кечаси ёрингнинг билагига тақасан”, деб. Мен унинг васиятини бажарган эдим. Энди эса… Билагузук “алвасти”нинг қўлида! Балки у чинданам…Ҳайратдан тилим калимага келмасди. Наҳотки, мен бир умр йўқотган, излаб-излаб орзулаган хилқат рўпарамда бўлса! Ҳа, у Хония эди.
– Сен? Паривашим!
– Орадан йиллар ўтди, унутгандирсиз… Мен эса унутмадим. Бир лаҳза ҳам сизсиз ўтган куним йўқ.
– Ахир сен… Ўша тунда мен сени йўқотиб қўйдим. Чимилдиқда бошқа биров…Сен эса ғойиб бўлдинг.
– Мен ҳеч қаёққа кетганим йўқ, ёнингизда эдим. Туйқусдан сизга бир бало урди. Мени тарк этдингиз… Бир умрга!
– Ҳалиги қўрқинчли кампир?! Чимилдиқдаги…
– Биламан, ҳаммаси ўша қушночнинг иши.У тўйи қайтган йигитнинг холаси эди. У сизни сеҳр-жоду қилган. Кўзингизни шамғалат тутди. Қушночлар азалдан шу тахлит жодулаш сирини билишади. Ўша тунда мени ўз қиёфасида сизга кўрсатди. Мақсади – сизни мендан бездириш эди, ниятига етди. Сиз жодуни енгишга куч тополмадингиз. Шу боис, бахтингиздан жудо бўлдингиз.
– “ШАМҒАЛАТ” дегани нима?
– Ола-қоронғуда кўзнинг тутилиши. Тумонат йиғилганда, кучли ҳаяжон чоғи жоду кишининг бутун борлиғини эгаллайди.
– Ҳа, демак шамғалат! Бу жодуни очса бўладими?
– Ҳа, фақат ўша кампирнинг ўзи очади. У эса аллақачон нариги дунёда!
– Сен унга ҳозир ҳам ўхшайсан . ..
– Ҳа. Сизга шундай кўриняпти, чунки ҳамон жоду таъсиридасиз. Мен Хониянгизман.
– Шу дамгача… Бошқа эр қилмадингми?
– Йўқ. Бир кун қайтиб келишингизни билардим .
– Анави йигит билан бола…
– Уларни танимадингизми? Иккаласи ҳам ўзингиз-ку!
– Уюртмакзордаги қизча? Бу ерга кирган…
– Менман! Хония! Мана олинг. – У уюртмакли қушбошисини менга узатди. Ҳайратдан донг қотиб қолдим: баҳор чоғи Боботоғ даштларига чечаклар ёйилганда армонсиз ўйнаб юрган кезларимизда терган уюртмакларидан худди шундай чиройли қушбоши тизиб менга берарди. Мен чечаклардан гулчамбар ясаб бошига тақардим.
– Наҳотки, сенсан?! Хония!
У бағримга худди осмонда чақнаган яшин шуъласидай учиб кирди-да бўйнимдан қучиб мислсиз соғинч ва эҳтирос-ла ўпа кетди, кўзларидан оқаётган қайноқ ёшлари юзимни куйдирарди. Ғорни мушк-анбар ҳиди тутиб кетди. Таърифлаб бўлмас, интиҳосиз, мангу висолдан сармаст эдим. Қайси дам, қай манзилда, самодами, ердами эканимиз номаълум…
Шу аснода қанча вақт ўтганини билолмадим. Балки бир неча лаҳза, балки минг йиллар…Кучли момоқалдироқ гумбирлашидан ўзимга келдим. Кўзларим ярқ очилиб кетди. Камар ичи бўм-бўш эди! Ҳамроҳларим аллақачон чиқиб кетишипти, қўзилар ҳам. Камарни тарк этдим. Ёмғир тинган, атроф чароғон, ён бағирлар офтобнинг заррин ёғдуларига чўмилиб минг алвонда товланарди. Момоқалдироқ эса тоғнинг нарёғида гумбирлаб, бу ерга акс-садоларигина келарди, холос. Дарани пуштиранг туман пардаси қоплаган, ортида қандайдир шаффоф манзил элас-элас кўзга чалинарди…
* * *
Тонгга яқин кон қидирувчи ҳикоясини тугатди. Туни билан мижжа қоқмай унинг ғаройиб саргузаштларини тингладим, бироқ минг афсуски, давомини била олмадим.Тўғрироғи, ниҳоясига келганда мени қаттиқ уйқу босди…
У саҳар туриб ишига кетган экан. Мен ҳам шу куни шошилинч шаҳарга қайтишимга туғри келди. Яна кўришмадик. Орадан жуда кўп йиллар ўтди. Балки у ҳамон ҳаётдир, Боботоққа қайтиб узоқ айрилиқдан кейин Хониясини учратгандир, яқинлари билан дийдор кўришгандир. Яна… Қўйтанда кўрганлари! Очиғи, мени бу инсоннинг бошидан аслида не сиру-синоатлар кечгани, буларнинг бариси борлиқнинг қай замон ва маконида, қай йўсинларига кўра содир бўлгани кўпроқ қизиқтирарди. Нечундир уларни уйдирма, “шамғалат” ёки хаёлий нарсалар дейишга ишончим комил эмасди. Балки ғойиб оламлар чиндан-да мавжуддир, сирли воқеликлар бизнинг англаш доирамиздан ташқарида кечиб, биздагидан-да реалроқ бўлса-чи, деган ўй хаёлимда тинмай айланарди. Бундан ташқари муҳандиснинг ҳикоясидаги ғайри-табиий ҳодисотлар ичра унинг ўзи, ажиб севги қиссаси янада сирлироқ ва ғаройиброқ эди…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.