Тошкент, Тошкент!..
Ассалом, эски қадрдоним! Ўн етти йилдан бери кўришмабмиз. Аввало, мени таниганинг учун ташаккур! Сени кўриб, жуда кўп воқеаларни ёдга олдим. Умуман олганда, хотира бу – одамга берилган энг катта яхшилик ва худди шундай ёмонлик ҳам. Чунки хотира – виждон. Азизим, мен фақат беғубор хотираларнигина эсласам, майлими?..
Мен бундан эллик уч йил муқаддам Шайхонтоҳурда, улуғлар мақбарасидан юз қадам нарида жойлашган ва уларнинг шарафли номлари қўйилган маҳаллада дунёга келганман. Ўшанда бизнинг эгнимизда қора шалваргина бор эди, холос, бошимиз тап-тақир қилиб қиртишланган, танимиз эса қуёшда қорайган, битта кулол қўлида пишиб чиққан кўзалардай бир хил эдик. Шу аҳволда тор ва қинғир-қийшиқ кўчаларда ўйнаб юрардик. Маҳалланинг олтин тупроқлари эса товонларимизни куйдирар эди…
Ўша пайтлар ланка – болаларнинг энг севимли ўйини бўлган. У бир тутам қўй жунидан кесилиб, узун ёки калта, хуллас, таъбга қараб ҳар хил бўларди. Ланка оғирроқ бўлиши учун унинг орқа томонидан ўртасига қўрғошин қуймаси сим билан қотириларди. Лекин оёқ билан тепага йўналтирилганда кўтара олмайдиган даражада оғир бўлмасди, албатта. Ланканинг ўзига хос ўнлаб тури бор бўлиб, белгиланган тартиб ва моҳирона услубда бажариш тақозо этиларди. Хуллас, маҳалла биз – яланғоч болакайларни ғалаба сари интилишга ўргатди.
Эслайман: мириқиб ўйнаб бўлгач, тушликка борардик. Емишимиз ҳам оддийгина: суви қўл билан чиқариладиган муслук атрофида қотган нон бурдаларини ивитиб, таърифлаб бўлмас иштаҳа билан пок-покиза туширардик. Нонни оиладаги ўн бир фарзанднинг бири бўлган, менинг маҳалладош дўстим – Ҳамиднинг онаси тандирда ёпарди. Улар оддийгина ҳаёт кечирарди. Лекин уларнинг ҳовлисига кирган ҳар бир инсон борки, хоҳ у бола бўлсин, хоҳ катта ёшли одам, бир пиёла чой билан иссиқ нон емасдан кетмасди. Бизга эса қийшиқ жўмракли муслук олдида сувга ботирилган қаттиқ нон ёқарди.
Худди кечагидай кўз ўнгимда: маҳалламизга тўппа-тўғри бошлаб борувчи Горький номидаги асосий кўчада бир-биридан теппа-тенг узоқликда жойлашган, темир қалпоқли сим ёғочлар, хира чироқлар бўларди. Узанган симларда осилган варрак парчалари ҳам эсимда. Уларнинг баъзилари бу ерга яқинда тушган эса, бошқалари – урушдан олдин. Ҳамда ҳар куни қоғоз, қамиш ва ун елимидан ясалган янги-янги “қушлар” кўкка парвоз қилиб қоларди. “Қуш”ни биз учирардик: бошимизни юқори кўтарганча, қўлимиздаги мослама билан варракларни бошқарар, баланд-баландларга завқ билан йўналтирардик. Ўшанда тўпиғимизгача олтин тупроққа ботиб чопардик ва ўзимизнинг қоғоз қанотларимиз ўсиб чиққанидан юракларимиз қувончга тўларди. Шундай қилиб, маҳалла бизларни парвозга ҳам ўргатди…
Мен маҳалла ҳақида карнай-сурнай садолари остида узоқ-узоқ куйлаган бўлардим. Лекин 1966 йилда қўшиқ бўлиниб қолди. Зилзила!.. У ҳаммасини барбод қилди. Қалъага ўхшаш уй бир неча дақиқада вайронага айланди. Унга етказилган жароҳатни тузатиб бўлмас эди. Биз икки ой давомида оиламизнинг барча аъзолари билан бирга ишком тагида ўрнатилган ҳарбий палаткада жон сақладик. Уйга киришга эса қўрқардик, чунки ер ости силкинишлари ҳали-ҳамон давом этарди. Уй уч қадам нарида, лекин энди яшаб бўлмас аҳволда сўппайиб турарди. Тор, брезент палаткамизда қариндош-уруғларимиз тез-тез йиғилишарди. Мени хатна қилишганда, маҳалламиздаги деярли ҳамма қўшниларимиз бу “улуғ ҳодиса”ни нишонлашгани шундоққина ёдимда: юзлаб шамчироқлар ёнган ва одамлар парвона-капалаклардек, яна савдойилардек ўйнашганди. Ҳа, зўр бўлганди ўшанда… Ниҳоят, базм ўз ниҳоясига етганди. Алвидо, уй! Алвидо, атиргулга кон, чорбоғли улкан ҳовли! Алвидо, афсонавий хазина қидириб, мен “ковлаб” ташлаган болалик макон! Алвидо, қаёққа жўнаб кетаётгани номаълум бўлган дўстларим!..
Маҳалла бузиб ташланди. Биз – бешовлон, бир-бирларига ўхшаган даҳалардан бирига, иккита ёнма-ён жойлашган, шифти паст хонали торгина кулбага кўчиб келдик. Сиқилишиб қолдик. Олтин тупроқли тор кўча ўрнини энди кулранг асфальтли кўча эгаллади ва биз бу ерда бутунлай бошқа қонун-қоидалар асосида яшай бошладик. Мен янги мактабга бордим ва у ерда истараси иссиқ биронта кишини учратмадим. “Келгинди” лақаби менга биринчи кунданоқ ёпиштирилди. Ҳар куни ўз ҳақ-ҳуқуқимни сақлаб қолиш учун курашишга тўғри келарди. Биз маҳаллада ҳеч қачон муштлашмасдик. Тортишардик, аразлашардик, лекин муштлашмасдик. Бу ерда – мен учун янги ва ёввойи бўлган муҳитда, зўравонликка асосланган “муносабат” одатий ҳол эди. Эсласам – муштни қаттиқ қисиб уришни ўргангунимча, анча-мунча калтак еб қўйган эканман.
Икки йилдан кейин биз номарғуб кулбани ташлаб, ўзимизнинг қадрдон уйимизга қайтиб бордик. Маҳалламизнинг илиқ бағрида ленинградликлар томонидан қурилган улкан турар-жой мавзаси қад ростлади…
…Қара, ўн етти йил биз сен билан кўришмабмиз, Тошкент! Бу йиллар мобайнида сен сезиларли даражада ўзгаргансан, янгилангансан! Менинг эса соч-соқолим оқига оқ қўшилди, юрак ҳам безовта бўлиб туради. Нима бўлгандаям, ўзимни сенга тенгдошдек ҳис қилаяпман.
Уйга кела туриб, биринчи кўрган нарсам – ёрқин ранглардаги пештахта бўлди: “Шайхонтоҳур маҳалласи”. Бу бир жуфт сўз мен учун ҳар қандай пояндоз, оркестр ва гулдастадан ортиқроқдир! Албатта, менга пояндозу оркестр қаёқда дейсан. Аммо иккита сўз мен учун ҳам бор бу дунёда – “Шайхонтоҳур маҳалласи”. Мазкур ном шодумонлик нишонаси эди: ахир, мен, ниҳоят, уйдаман! Келган кунимнинг эртасига қўшниларим палов, ширинлигу иссиқ нонлар кўтариб кириб келишди: Ассалому алайкум!..
Кейин мен синглим билан икки кун давомида қабристонни зиёрат қилдик: ўттиз еттита қабр! Бизнинг бир пайтлардаги катта оиламиз. Наҳотки, уларни шундай қолдириш, унутиш мумкин бўлса?!.
Менинг ўғлим – сенинг набиранг, Тошкент, ҳозир Россия армиясида хизмат қилаяпти. У бир неча ойдан сўнг ҳарбий хизматдан қайтади. Аскар ўғлим ўз хатида шундай ёзибди: “Армиядан кейин менга поездга битта бепул чипта берилди. Топинг-чи, ота, мен қаерга бораман?.. Топдингиз – Тошкентга!”.
Мен эса сенинг бағрингга бошлаб қўйган романимни ёзиб тугатиш учун қайтдим. Топ-чи, Тошкент, у нима ҳақида? Топдинг: сенинг битта маҳалланг – мени ўз бағрида катта қилган маҳалланг ҳақида! Бир куни қўшни қизча, олти ёшли қоракўз Жасмина, мени жиддий огоҳлантирди:
– Сиз мактаб ёнидаги футбол майдонидан юрманг!
– Нега?
– У ер тупроқли-да!
Ёқимтойгина Жасмина, мен сенга қулоқ солмадим ва ўша футбол майдонига бордим, бошмоқларимни ечдим ва тўппа-тўғри биринчи дарвозадан иккинчисига қараб йўл олдим. Шунда маҳалланинг олтин тупроқлари товонларимни тағин куйдирди. Баланд осмонда эса варраклар парвоз қиларди. Демак, кичкинтойларнинг биридан “қанот”лар ўсиб чиқибди, қанот!.. Парвоз учун қанот, эшитяпсанми, Тошкент, парвоз учун!..
Рус тилидан С. Комилова ва У.Ҳамдам таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.